Собир Ўнар. Алла (ҳикоя)

Мухтасар ака янги уй қуриб олгач, эски уйи қошидаги оғилхонаси узоқлик қилиб қолди. Шундай бўлсаям янги уйга бор бисотини сарфлагани учун бошқа оғил қураман деб роса уч йил тиршанглади. Бульдозер текислаган ўриннинг ҳам тупроғи чириб, нишаблари ўпирилиб, яна бир марта текисланадиган бўлиб қолди. Эски молхонаси уйидан анча йироқ, нақ жарнинг лабидаги жин урган ерда жойлашгани туфайли қизлари совуқ тушган пайтлари сигир соғишда овлоқсирашарди.
Мухтасар ака қизларининг танбеҳларидан безиб, ҳар дакки эшитганида, шу йил албатта қурамиз, деб онт ичиб юрди. “Шу йил, шу йил” билан роса уч йилни ўтказди-ю, мана энди ишга киришмаса бўлмай қолди. Охир тирамоҳ бўлса ёғин-сочиндан қўрқмай, шу йил ёздан турмуш қила бошлаган янги хотинининг эркакча койишлари далдасида ишни бошлади. Мажбур эди-да, илгари бир ёқдан иқтисодни ўйлаб чўчирди, энди бўлса икки эмас, олтита боласи бор. Эси кирганининг ҳаммаси шуни гапиради, биз ҳам ёрдам берамиз, қийналмайсиз, дейди. Хотини бир куни Тўрабек жўрангиз “напармон” деб яхши от қўйган экан, аёл киши бўлгандаям шу ишни аллақачон битирган бўларди, деб қолди. Шундан кейин ўзининг қарамидаги совхўз боғигаям бормай чин дилдан ишлади: “Майли, сен айтгандай бўлсин. Мана уёқниям қўйдик. Молхона битгунча кечдим ўша ишидан!”
– Гап бу бўпти-да, э.
Аввал тагпахтасининг жойини қазиб чиқди. Сўнг терак қирқиш ташвишига тушди. Қишлоқ фельдшери Қурбош аканинг бир сой тераги бор эди. Ўттизтасини илтимос қилди. Бу замонда уй кўпайгани учунми, ёғоч дегани заҳардан қиммат. Элликдан қўл олишиб зўрға кўндирди. Қулатишнинг ўзига ўн кунча имиллади. Якка-ёлғиз ўғли ҳам ўзига тортгани учунми, унча шошилмади. Икковлон ётқизилган теракларни қирга олиб чиқамиз деб адои тамом бўлишди. Охири куёви билан унинг укасини ҳашарга чақиришди. Олиб келинадиган кун машинанинг тайини бўлмади. Дўсан шофёр икки ҳафта алдади. Мухтасар аканинг бўш феъли учун шуям бир баҳона эди. Лекин хотини унинг орқасини ерга қўйдирмади.
Мухтасар ака илгариги хотини қаёққа пуфласа ўша ёққа учарди. Хотини кутилмаган тасодифдан вафот этганидан сўнг эса иш бошқарувчилар бўйи етган қизлари – Муҳаррам ва Мунавварлар бўлиб қолди. Аммо улар тўғри йўлга ундашаётганини биларди. Ўзи эркак бўлиб бир ишни ўз билигича килмасди. Хотинининг буйруқнамо насиҳатларига юзини терс қилишни истайди-ю, лекин жанжалга сира тоби йўқ. Улар кунимда топганим билан яна ажрашиб кейин нима бўламан, деб ўйлайди.
Эски молхонанинг ёғочлари ўнгиб, чириб кетган. Аммо катта қолип билан қўйилган ғиштлар бақувват эди. Тош аралаш қора тупроқли девори темирдай мустаҳкам. У ердаги ғиштларни янги жойга замбилда ташишга тўғри келди.
Мухтасар ака ўша жойнинг ўзидан ғишт қуяверайлик деган эди-ю, ўғли Нурали кўймади – нима қиламиз ташвишни кўпайтириб, кузнинг салқинида қуримайдиям, деди. Хотини бўлса, пичоғингиз қачон ип кесган, нимани хоҳласангиз шуни қилаверинг, дея жеркиди. Эрнинг жон-жонидан ўтиб кетди бу гап. “Пул олсанг ҳам шу тишлаб гапиришингни қўй, хотин” демоқчи бўлди-ю, ҳали хотинига бунақа гап айтиб ўрганмагани учун тилини тийди. Почасини шимарди ва бош-кўзига қарамай ишлайверди. Нурали – якка-ёлғиз ўғли тепада туриб шунги билан ғиштларни бутунисича қўпориб пастга тушираверди. Отаси ва ўгай онаси замбил кўтарди. Сингиллари бўлмиш уч қиз ҳам қараб турмай синиқ ғишт бўлакларини ташиб туришди. Гўё улар ҳам иморат қуришнинг янги ҳаёт қуриш каби қийинлигини сезардилар.
Гулсара янга оқ рўмолини кўзигача тушириб қисиб ўрайди. Келинчаклар каби уятчан кўринади. Яна худди келинчаклардай кичик-кичик қайинлариниям “сиз”лайди. Ҳазил қилса кўтаради. Не бўлса ҳам янги оила, шу эрга тақдирини, ўй-ташвишини бахш этган – кўтармай иложи қанча. Кексаларнинг нақлича оила – бўйнига солинган бўйинтуруқ, то қудратинг тамом бўлгунча тортиб боришга мажбур эмишсан. Асли умрингдаги мазмун ҳам шу экан.
Гулсара янга кўпинча жиддий бўларди. Негадир ҳеч нарсадан кўнгли тўлмагандай кўринарди Мухтасар аканинг кўзига. Мухтасар ака ҳам кўпчилик тенгқурлари каби об-ҳавою нархи-навонинг авзоига қараб иш тутар, етти ўлчаб бир кесишга тиришар, лекин шунда ҳам ўз хотини билан ёзилиб гаплашолмагани учун ич-ичидан зиқ бўлаверарди. Хотини унинг ҳар ишидан нуқсон топавергач, ўралашадиган бўлди. Қараса, у нотўғри гапирмаётир, ишнинг бўларини ўйлаётир. Аммо шу тинчгина кўринган турмушда кўзга ташланиб турмайдиган қандайдир тушов-чигаллик бор эдики, Мухтасар ака буни йўқ қилгиси келарди.
– Сиз олдидан кўтаринг, ҳарна эр одамсиз.
Мухтасар ака бу қадар қитиққа тегадиган ҳар қандай гапни ҳам эшитиб унча ғижиниб ўтирмади, ташийверди. Хотини ҳам баробар, сал ошириб айтганда, пешлик қиламан деб кўтарарди. Танасидаги кучга келганда ҳам эридан чандон устун деса бўларди. Миқтироқ-да, кейин ғўлабир. Мухтасар акага ўхшаб оёғи ҳам чалишмайди, тўппа-тўғри кетаверади. Ақлдан-да бир бўғин пеш, ғайрат кўрсатишда ҳам унга бўй бермасликка қурби етади. Аммо ўзини тияди. Шунинг учун эрини олдинга ўтказди.
– Ўзингни чарчатиб қўйма, хотин, – деб ачинган бўлди Мухтасар ака. Лекин ўзи шу баҳона бир нафас ростлаб олмоқчи бўлди.
– Майли, дам оламиз.
Куз қуёши ҳадемай тепадан қўр тўка бошлади. Кун ҳам бир тутам бўлиб қолган. Мол-ҳоллар-ку ҳозир ангорда, тезроқ молхона битирилмаса ўтлар ҳам ёмғирдан чирийди.
– Қани кўтардик, ҳадемай туш бўлади.
Мўл чангли йўлакда қалин ва этик излари пайдо бўлар, ўғил
эса ғиштларни ўпириб туширар, излар чангда кўмилиб қоларди…
Гулсара янга эрининг имиллашига тоқат килолмайди. Ҳазиллашиб
замбилнинг ортидан итариб-итариб қўяверди. Эри шунда сезди, жуда
чақмоқ эсма экан – эриркан буям. Унинг ҳам ҳазиллашгиси келди. Пайт
тополмай турди. Бир вақт хотини энгашиб, замбилга ғишт солаётганда
тегишди: “Узунроқ кўйлак кийсанг ўласанми?”. Хотини ҳазилни кўтарди.
Ўзи қишлоқи бўлсаям: “Даврингизда посанг бўлиб юрайлик-да”, деди.
Мухтасар ака билди: хотинига ёзилиб гапира оларкан. Аммо ўғилга бу
қилиқлар аллақандай андишасизликдай бўлиб кўринди. Ғижинди. Ғижинди-ю, ғинг деёлмади. Ғинг деёлмасди. Зеро, янги онанинг синашталиги
ҳам худди бугун – янги иморат қурилиши арафасида билинмоқда. Мухтасар акага ишнинг буёғи осондай кўринди. Руҳан кўкка чиқди. Оёқлари ҳам чалкашмади, эҳтимол, ҳозирнинг ўзида тарқалиб кетгандир чарчоғи.
Хотини тушлик тайёрлаш учун уйга кириб кетди. Мухтасар аканинг ўзи ғиштларни девор тагига қалаб қўяверди. Ёнида ғимирлаб юрган
қизчаларини “уйга боринглар” деб дўқлади. Эрмакталаб болалар кетишмади, гўё улар ҳам янги ҳаёт қурилишида иштирок этишаётгандай, ёрдамлашишаётгандай эди… Бир маҳал уларнинг каттаси Гулжаҳоннинг қўлидан девор ёриғидан чиққан чаён чақиб олди. Гўдак эмасми, ҳадеганда чирқираб қолди. Отаси “ҳа-ҳа”лаб югуриб борди, тупроқ устидан ўрмалаётган чаённи кўриб ўлдирди. Қизини кўтариб уйга олиб кирганида хотини худди ўзини чаққандай ранг-рўйи ўзгариб кетди. Заҳрини олади, деб челакда ўсган патакгулдан кесиб босишди. Уни олиб янгисини
босдилар ҳамки, қизча йиғидан тўхтамади. Ранги оқариб кетди. Тепа
овулдаги докторни чақириб келиш керак бўлиб қолди. Мухтасар ака
ўғлига буюрган эди, боргиси келмади шекилли, “Ойдав қушночга кўрсатсаям бўлади-ку”, деди танбаллик билан. Нуралининг онага бегоналиги худди шу ерда билинди.
– Бор бўлмаса ҳақингни оласан, – дўқ қилди ота. Қараса, падарининг авзойи ёмон. Нурали индамай йўлга тушди.
– Эшакни миниб ол, – ортидан қичқирди Мухтасар ака.
Нурали қарамай қистаб кетаверди. Барибир докторни айтиб келди.
…Ўша куни – узум олая бошлаган, ёзнинг ўрталари эди чоғи, Наҳгурддаги қизи Муҳаррам меҳмонга келди. Ўнғайсиз бўлди – қўни-қўшнилар ўгай она ва ўгай қизни бир-бирлари билан таништириб қўйишди. Ўша вақти Муҳаррам опанинг кўзи ёриб келолмаганди тўйга. У суриштириб билса, янги она ўзидан катта эмас, ҳатто бир ёш кичик экан. Урфни бузмаслик фарз – барибир она! Катта фарзанд укаларига ҳам бир-бирларингни ўгай кўрманглар, деб тайинлади. Ҳаммаси гапга кирди, лекин Нурали эл бўлмади.
Еттинчи синфда ўқийди – кирадиган эси кириб бўлган. Афтидан унга она даркор эмас, аммо…
Мухтасар ака юввош одам-да. Бир вақтлар жўраси Тўрабек акага ёрилиб, ўз орзусини сўзлаган эди: “Ўлсанг, кампирингдан аввал ўлсанг. Қарилигингда – мункайиб кириб-чиқишга ярамай қолганингда биргина кампиринг ёрдамчи бўлади, ҳа, жўра. Ўғлинг – ўғил, қизинг – ўзганики, келин – ўғлингники, ақлинг кириб, эсингни таниб ҳидлашганинг – биргина хотининг. Шунинг учун у сенинг ўлигингни кўтаради. Охирги кунинггача парвона бўлади. Шуларни ўйласам, юрагим зирқирайди, Тўрабек”. Жўраси унга тасалли берибми, чинданми Оқмўлада эридан ажралиб тўрт қизи билан қолган, жувон бор экан, ҳамуруғинг Ҳолдор сенинг ташвишингда совчиликка бориб юрибди, деди. Холдор ака ишни обдон пишитиб бўлгандагина Мухтасар акага шипшиди. Мухтасар ака рози бўлди.
Ими-жимида тўй ҳам бўлиб ўтди.
Одамзотга аталгани бир тўй экан-да. Ҳа, бир мартаси тузук экан. Сепсиз-несиз, тўрт болани қўзичоқлардай маъратиб, бечимилдиқ биров келди. Айни пишиқчилик – ёз эди, бортли машинада келишганди. Лекин Мухтасар ака хотинга ёлчиди. Тетик эди, тинмасди. Мухтасар ака қувонарди ичида. Жувон ҳам янги эр билан тез элакишди. У ўгай қизи Улбўсин билан ангор бўлган томорқалару адирлардан бир қишнинг тезагини қоплаб ташиб келди. Улбўсин оиладаги унинг энг яқин суянчиғи бўлди: аёл киши бошқалардан сўраб билолмайдиган сирлару танимайдиган қариндошларини сўраб-суриштирди.
Нурали тўрт қиздан кейин гўё нур бўлиб дунёга келган, унинг отини расм билан қўйганди онаси. Кичик қизидан кейин “Ул-ўғил бўлсайди”, деб орзу қилдилар. Аммо қиз туғилди. “Ул бўлсин энди, ул!” дея Улбўсин қўйишди отини. Кейин ул – ўғил бўлди. Ҳаттоки, ундан кейингиси Нуралининг укаси ҳам ўғил эди. Аммо у онасини нариги дунёга олиб кетиб қолди; бунинг гувоҳи – уруғнинг кайвониси Момогул момо. “Оймомо, агар ўғил туғсанг, исмини Жамол қўямиз, оламнинг жамолини кўришга қийналяпти”, деганди у. Чақалоқ дунёга тескари йўлдан келди. Шунинг учун дунё унга насиб бўлмади. Онасига ҳам. Юзини кўрсатмади, дунё жамолини кўрмади ўзи.
…Ҳаммага элакишган, ҳамма унга маъқул бўлган келинчак Нуралини бағрига ололмади. Нурали унинг қучоғига сиғмади. Унга энди бошқа она керак эмас, отасини ўйлайди, отамга керак, дейди. Агар Нуралининг индамас бўлиб қолганини ҳисобга олмаса, бу оилани бемалол тотув, деб айтса бўларди. Мухтасар ака қизларини ўгай демади, қурби етганча кийдириб-ичира бошлади. Бўйинсалари: “Энди болаларингнинг бошини бошмоқлаёлмай қолсанг керак, а?” дейишганида, у мардона туриб: “Нима қипти, ҳаммаси қиз – бир бошдан сотиб ейман, ҳозирча боқиб турай”, деб қўярди. Ва шу билан ўзининг ҳам кўнгли таскин топгандай бўларди…
Нурали онасини “Гулжаҳоннинг опаси”, дерди. Ўзига эса сира гапирмасди. Она ҳам унга тирғалайверишни эп кўрмади. Нурали уйидагилар билан уришмас, хафалашмас, лекин боя айтганимиздай индамас эди. Бу отасига ҳам ноқулайлик туғдира бошлади. Ота кимни устун қўйиши керак бу хонадонда: янги хотин ва ўгай қизлариними ёки ўз зурёдиними? Йўқ, у холис бўлади, бу ҳақда куйинади. Ўғлининг кейинги пайтларда умуман камгап бўлиб қолганлиги уни ўйлантирарди. Шунинг учун ўғилнинг ҳам ўгай она билан унча элакишмаслиги унинг айби эмасди.
Ҳадемай Улбўсин ҳам отасининг палахмонидан учди – Оқсойга келин бўлиб тушди. Тушган жойининг тупроғини ялаб, майсасини гуллатиб, ўзи илдизлаб кетди. Шунда у Нуралининг энг якин кишиси эканлиги билинди. Назарида отаси ҳам энди уники эмас, мана шу арзандаларники, мана шу хотинники эди.
Ўгай онанинг ниятлари эса бошқа: Нуралига ҳам севимли она бўлишни хоҳлар, ўз фарзандлари ўрнида кўришга ҳаракат қилар, гирдикапалак бўларди. Бу ҳаракатлар эса ўгай ўғилга ботмас, аллақандай сунъий, сунъий бўлмаса ҳам кўп нарса етишмаётгандек бўлиб туюлар, бунинг учун онани ҳам айблай олмасди.
– Агар оғирёоқ бўлмаганимда ўзимоқ бориб келардим-ов ўша дўхтурига, – деганди ўгай она ўшанда.
– Жаҳлинг чиқмасин, ана боряпти-ку, – тасалли берган эди Мухтасар ака.
– Э, кетмай кетувсиз қолсин, шунчалик ҳам тескари бўладими одам? Қачонгача ўгайлигимни эсга солиб туради?
Машариф духтур келиб икки марта укол берганди қизга. Яна патакгулни маҳкам босишганди. Қизча соғайиб ўйнаб кетди. У шўх, онасига ўхшарди.
Мухтасар ака молхонани нақ қишнинг тумшуғига бориб битирди. Сал бўлмаса моллари совуқда қолиб кетаёзди. Агар хотинининг тергови бўлмаганда шунга ҳам улгуролмасди. Ўзи ҳам хотинига эҳтимол, бир кунлари миннатдорчилик билан айтгандир.
Оиладаги биринчи ўзгариш оғил қуриш бўлса, иккинчиси ундан ҳам катта бўлди: қишда фарзанд – ўғил кўришди. “Яхши бўлди, Нуралига жўра туғилди”, деб қувонишди. Болага ирим билан Жамол деб исм қўйишди. Лекин буни бошқа ирим билан – Нурали билан жам бўлиб юрсин, деб қўйишди. Момогул момо – отам замондан қолган кампир гирди-балони билади-да, бу гал ҳам у киши ўзининг аввалги тадбиркорлигини кўрсатди. Ким билсин, Нуралининг аввалги укасини эслагандир, эҳтимол.
Дунёнинг янги жамоли Нуралига ёқди. У оилада биргина шу Жамолдан тортинмай “суҳбатлашарди” – уни кўрганда яйраб кетар, эркалатар, кулдирар, сўрғич сўрдирарди. Онаси ҳам бемалол иш тайинлайдиган бўлди. Она бунга ўзини ҳақли деб биларди… Жамолни ҳамма яхши кўрарди. Нуралининг Жамолни эркалатгани унинг бошқаларни ҳам яхши кўрганидан аломат берарди.
Ёз келиб Жамолни ҳовлига, зардоли остидаги елбешикка беладилар. Кечаси Нурали каравотда, бошқалар эса супа устидаги кўрпачаларда ухлашарди. Бир куни кўзи илинаётганда Жамол бирдан йиғлаб қолди. Онаси уни овунтириш учун алла айта бошлади. Нурали ҳали ўгай онасининг оғзидан алла эшитмаган эди.
Алла… Дунёдаги энг соф, энг оҳангдор, эрка туйғули, калб қўри билан куйланадиган оналик қўшиғи. Бу қўшиқни куйлаётганларнинг меҳри қанчалик иссиқ бўлади. О, ҳаммага ҳам насиб этсайди бу қўшиқ!
Нурали бирдан ўзининг онасини эслади. Кечалари мойчироқ атрофида қўй жунини титиб ўтиришарди. Онаси, гарчи Нурали ҳали гўдак бўлса ҳам “Нуралига гиламлик, хотини иккови ҳали шунинг устида думалайди” дер эди. Нурали эса бу гапни уят деб билгани учун қиқирлаб куларди. Онаси ҳам ҳазиллашишини қўймасди. Гўё шу билан бутун оналик меҳрини қондириб олар, ҳатто айтаётган эртакларига ҳам болаларининг исмини қўйиб айтарди. Нурали кўпинча Алпомиш, Рустам Муродхонларнинг ўрнида бўлар, ҳар бало-қазоларни енгиб юрар, шу қадар ғурури тошиб кетар эдики. Ахир у бутун бошли катта халқини, Ватанини қутқарар, гоҳида қонхўр подшоларни қилич билан чопиб ташлар, минглаб душманларни бирма-бир ўлдириб чиқарди. Бир гал онасининг эртаги тугаб қолиб: “Бўлди, ётинглар энди” деди. Қизлар билан қўшилиб Нурали ҳам “айтинг-айтинг” деявергач, бўлмаса чақалоқликларингда эшитган аллани айтаман, деб куйлаб кетди. Нурали тўрт ёшлар чамаси ёшгина, аммо опалари катта – эсайиб қолганликлари учун бир-бирларини туртишиб кулардилар. Ўшанда мутаассир бўлиб тинглагани учунми, эсида қолганди.
Аллага ҳам Нуралининг отини қўшган эди онаси:

– Чамбилбелнинг ой даласи даладур,
Ой далада бир қўй ётиб қолодур.
Қўй жонворни Нурали билан,
Улбус ҳайдаб келодур-эй-эй.

Ўгай она ўша қўшиқнинг куйини хиргойи қиляпти. Сўзи йўқ, куйи бор. “Майли, бари бир алла жуда ёқимли қўшиқ” – Нурали ясланиб ётиб олди-да, берилиб тинглай бошлади. “Бу онам ҳам билар экана, қизиқ, овозлари ҳам ўхшайдими?” Нурали онасини эслади: “Ҳа, унинг овози худди шунақа эди!” Кўкраги тўлиб ҳаприқиб кетди, йиғлаб юборай деди. Онасининг жуссасини тўлиқ – аниқ-тиниқ эслай олганида эҳтимол, йиғлаб юборган бўларди. Афсуски, эслаёлмайди. Ёстиққа бошини буркади…
Ўгай она ҳамон хиргойи қилар, сўз айтмасди. Нурали тиниқ, тип-тиниқ осмонга, осмондаги ёп-ёруғ йўлга, йўлда сочилган юлдузларга нон юзли ойга боқиб туриб ўша аллани қайта эслади. Кутилмаганда бирдан овозини қўйиб айтиб юборди. Отаси ва онасининг эшитиб қолишидан чўчимади.

Чамбилбелнинг ой даласи даладур,
Ой далада бир қўй ётиб қолодур,
Қўй жонворни Нурали билан,
Жамол ҳайдаб келодур-э-э-эй…

Ухлаётганлар чўчиб-чўчиб уйғондилар, лекин оҳангга тўла осмон остидаги бу ҳолат ҳеч кимга эриш туюлмади.

1988