Юрак хасталиклари бўлимидан “терапия” томон ўтиб бораётган Эшдавлатовни кимдир чақиргандай бўлди. Тўхтади. Малол келди.
Тиббиёт аҳлининг далолат қилишича, икки курагининг ўртасидан “туз кони очилган”. Ана кашфиёт! Эллик йилдан бери қўли қаламдан оғир нарса кўтармаган заҳматкаш муҳаррирнинг хўккайган елкасига туз эмас, нуқра йиғилсинми? Энди шу “бойлик”ни эритишнинг ягона йўли – оби-тобида уқалашу марваридли ванна эмиш. Бугун – “кон”ни истифода этишга шиддат билан киришилганининг иккинчи куни.
Ирғай ҳассадай ингичка ва теп-текис Гулсара хонимнинг қўллари омбурдай. Эркак зотида қасди борми нима бало, елкасини аввал шудгорнинг кесагини эзгандай молалаб, кейин хамирдай қилиб қориб ташлайди. Аёл кишининг бундай “эркалашлари”дан кейин фил ҳам ўрнидан туролмай қолиши тайин. Аммо етмишни қоралаб бораётган Эшдавлатов торгина катдан дадил тушади ва гандираклаётганини сездирмасликка тиришганича, ваннахонага етиб боради. Сўнг обзаннинг илиққина сувида чўзилиб, нос отган кашандадай сўлжайишини кўринг.
Шу топда янаям бўшашиб, тиззалари букилиб кетаётир. Эгнидаги пахмоқ халат, хотини пахта калавадан тўқиб берган тақя танасига тошдай осилиб турган пайт. Тезроқ палатасига етса-ю ўзини каравотга таппа ташласа.
– Тўйчи ака!
У орқасига бурилди. Ўгирилмади. Бутун гавдаси билан бурилди. Кифтинию бўйнини “олов куйдираётган” одам қандай ўгирилсин? У ёқ-бу ёққа аланглади: “Қайси укагинам мени соғинди экан?” Ҳеч зоғ йўқ. Қулоғим шанғиллади, шекилли, деб ўйлади. Ялтираган паркет узра манзил-макони сари икки одим ташлаши билан яна ўша сас келди. Хаста-ҳорғин одамнинг овози:
– Бурчакдаман, ака.
Эшдавлатов халта кўчага кириб қолган машинадай ортига тисланди. Кунжакдаги очиқ турган эшик. Оппоқ кўрпадан қўлини чиқариб ётган озғин йигит. Билагига найчадан дори томиб турибди. Кўзлари, юзлари иссиқ кўринади. Эслай олмади. “Туз кони” нинг иши – хотираси сусайган.
Ҳар қалай, ҳол-аҳвол сўрашгунларича суроблаб олди: ўзимизнинг эски таниш, Собит-ку! Шифохонага тушганига олти ойдан ошибди.
– Олти о-ой? – Эшдавлатовнинг дилида пайдо бўлган таажжуб тилидан чиқиб кетди. – Тинчликми? Нима бўлди, укажон?
Ука бўлмиш синиқ жилмайди:
– Илтимос, ака, бир соатлардан кейин ҳовлидаги айвончага чиқинг. Гурунгларингизни соғиниб кетдим!
Собит – санъатшунос. Илмий тадқиқот институтида бўлим мудири. Журналга мақола кўтариб келса, қаймоқлашиб қолишади. Четдан қараганда, даққироқ, жўнроқ, ҳатто нимғирмароқдай. Юзида заъфаронликка мойил недир бор. Лекин икки оғиз гаплашганингиздан кейин олдингиздан шундай бир гўзал олам очилади. Энтикиб кетасиз. Гурунгчи. Кўнглида кири йўқ. Ўқимаган китоби, кўрмаган фильми, томоша қилмаган спектакли йўқ бўлса керак, деб ўйлайсиз.
Чойхўр. Қаҳвага новвот солиб ичишни Эшдавлатов ўргатган: “Юрак тўқималарини чопондай қилиб қавиб ташлайди!” Қалами ўткир. Театрда саҳналаштирилган одмироқ пьесани ҳам, ҳай-ҳайламасангиз, оламшумул воқеага айлантириб юбориши мумкин. Худо эҳтиросу ҳаяжондан қарашган. Қизи борлар, қани энди куёвимиз Собитжондай палаги тоза йигит бўлса, дейди. Бесадоқ йигитларнинг оталари ўғли Собитбойдай ақлли ва омадли чиқмаганидан андуҳда.
Эшдавлатов унинг этдор ва дағал кафтига қараб, ҳовлида турса керак, деб тахмин қиларди. Кетмон билан ер чопиб, лой қориб, яна экин-тикин қилиб юрган одамнинг қўли. Йўқ, кейин билса – “қароргоҳи” кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватидаги квартирада экан. “Тош-пош кўтариб турасизми?” деб сўраса, турник билан футболга ишқи тушганини айтган.
Ҳут ёмғири тунларни кунларга улаётган дамлар. Салқин. Қуёш кулиб турганига қарамай, ўқтин-ўқтин эсиб қолаётган шабадада қорнинг заҳри бор. Бундай кезларда Абдулла Ориповнинг қаламидан маъюс сатрлар тўкилган: “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси”.
Собит тўқсон ёшли чолдай қийшайиб-майишайиб, инқиллаб-синқиллаб чиқиб келди. Қоқсуяк елкасида халатнусха қора пальто, бўйнида қизил шарф. Оёғида ялтираган қора калиш. Не-не қиз-жувонларнинг кўзини ўйнатган навқироннинг ўзи йўқ, бемажолу беумид сояси…
Боғ-ҳовлидаги айвоннинг тароқи курсисига чўкиб, елкасини суянчиққа ташлар экан, узоқ-узоқлардан югуриб келган марафончидай ҳансирарди.
– Кўрмайсизми, ака, – деди. – Касал кун бермай қўйди!
–Қўйинг, укам, инжиманг, – деди Эшдавлатов ва гапни ҳазилга бурди. –Зерикиб қолмаслик учун ёшликда тумовраб ҳам туриш керак.
Бошқа нима десин? Термосининг таркаши – ғилофидан иккита бежиримгина чинни бордоқ чиқариб, қайноқ чой узатди. Балдоқли бордоқни авайлаб кафтлари орасига олган бемор ундан ютоқиб ҳўплади.
–Шундай ишларингизга борман-да, устоз! – деди яйраб. – Чой кўтариб чиққанингизни қаранг. Танглайим тушмагур тез қурийди.
Эшдавлатов сезди, ажал шарпаси йигитнинг ихтиёрини олиб қўйган. Мунгдошга ташна. Тезроқ ёрилсаю, енгил тортса. Ёрилди.
–Отам, икки амаким, аммам – бирортаси ёшини яшаб, ошини ошамаган, – деди Собит чуқур хўрсинар экан. Эшдавлатов унинг отасини – “Ўрол Тансиқбоевнинг шогирдиман”, деб юрадиган серсалом рассомни бир пайтлар яхши танирди. Бундан чиқади, шўрлик мусаввир қирқ бешгаям кирмаган.
Жигарлари билан бирин-кетин бу оламни тарк этиб, ўсмир ўғлига хавотиру ҳадикни ташлаб кетган. Шу-шу Собит эрталаб босинқираб уйғонади ва кун бўйи кўнгли хира тортиб юради. Кўп нарсадан парҳезланиб, ўзини авайлаб яшайди. Ичиш, чекишдан йироқ. Нажотни спортдан излаган. Ҳар йили дўхтирларга обдон кўринган. Лекин бирор марта юрагидан нуқсон топилмаган. Бирор марта! “Отдайсиз!” деган гапдан кўнгли тўқ, вақти хуш. Ваҳима деган бало гўё чекинган.
Ўтган кузнинг адоғида ишдан эртароқ чиқиб, футболсевар тенгқурлар одатдагидек атрофи сим тўр билан баланд ўралган чоғроқ стадионда йиғиладилар. Майдонга тушганларида, стадион хўжайини узрхоҳлик қилади: “Окалар, айбга буюрмайсилар. Бугун мусобақамиз бор”.
Йигитлар бошқа жойда ўйинни давом эттиришга келишадилар. Машинага ўтириб, ўн метрча юрар-юрмасидан Собит гўё шиддат билан келаётган “бульдозернинг тагига кириб кетгандай бўлади”. Кўкраги аралаш қорнида, елкасида, жағида – бутун танасида азоби беқиёс оғриқ туради. Тўлғоқ тутган аёллар шундай азоб чекса, эҳтимол. У ёнидаги телефонини ҳайдовчи жўрасига узатади: “Дадушга айт, Дадушга!”
– Дадуш билан бир синфда ўқиганмиз, – деб изоҳ беради у энди Эшдавлатовга. – Балки кўзингиз тушгандир, шу касалхонанинг бош врачи.
Эшдавлатов бош ирғайди: танийман.
Даврон-Дадуш шофёр бўлмишга буюрадики, тўғри касалхонага ҳайда. Айтаман, кутиб олишади. Ўзим бир пасда етиб бораман.
Кўксидаги оғриқ кучайиб, беморни совуқ тер босади. Кўнгли айний бошлайди. Хаёлида бир гап: “Тамом бўлдим!” Кўзини очолмайди. Очса, атроф чириллаб айланади.
Ҳар қалай, кутиб туришган экан. Машинадан авайлаб тушириб, замбиларавага чалқанча ётқизишаётганида…
– Биласизми, нима бўлди? – деб сўради Собит.
Лабини чирт қимтиганча беморга жим тикилиб турган Эшдавлатов тумансиган кўзойнаги ортида киприклари пир-пираётганини сезади. Жавобини хастанинг ўзи айтади:
– Охирги марта осмонга қарагим келди, ака. Тип-тиниқ мовий осмонни яна кўраманми-йўқми, деб ўйлаган бўлсам керак. Боя стадионнинг устида енгилгина сузиб юрган оқ булутлар бир пасда қонталаш – қизил рангга кирганди. Худди театр саҳнасидаги чироқни кимдир қизилига алмаштириб қўйгандай. Фақат томошабиннинг кўнглига ғулғула соладиган жарангос мусиқа йўқ. Тавба, шуларнинг ҳаммаси ёдимда қолганини қаранг, Тўйчи ака. Майда-чуйдасигача. Ҳаммаси!..
Касалхонада унинг димоғига қандайдир дори ҳидлатишади. Юрагини текширишади. Чопа чопда эркак кишининг: “Обширный инфаркт”, деган ҳукми Собитнинг қулоғига чалинади. Демак, юрагим дарз кетибди, деб ўйлайди хаста. Дарз катта. “Обширный”!
Томиридан қандайдир дори юборишади. Нина санчган одам аввал хамирни кўпчитмоқчи бўлгандай, билагига қўлининг учи билан икки-уч марта уради. Ишқалайди. Бармоқларининг мулойимлигидан, тафтидан сезадики, аёл киши. Беморнинг нафас олиши қийинлаша бошлайди. Гўё кўкрагига бир қоп ун ташлаб қўйилгандай. Узоқ-узоқлардан эркак кишининг ҳовлиқиб ҳайқиргани эшитилади: “Пульс! У него пульс пропал!..”
Чап кўкрагига дазмолдай оғир, муздай совуқ нарса қўйилганини сезишга улгуриб-улгурмайди. Бутун гавдаси билан кўтарилиб тушади. Гўё танасини пичоқ тилкалаб ўтади. Бояги эркак энди ўзбекчалаб ҳайқиради: “Яна!.. Яна бир марта!”
Оғриқни ҳис қилишга ҳам ҳоли қолмаган Собит тағин кўтарилиб тушади. Оёғидан бошланган муз вужудига ёйилиб бораверади. Димоғига эпкин урилгандай бўлади. Кислород юборадиган ниқоб! Ўзича енгил тортиб, тўйиб-тўйиб нафас олиш илинжида жонининг борича кучанади. Қани энди ўпкасига ҳаво кирса. Кўкрагини кўтара олса!
– Бу йигит телевизорда чиқиб турадиган анаву олим бола эмасми? – дейди овози дағал аёл.
– Ўша, – жавоб қилади овози майинроғи. – “Саҳна сирлари” кўрсатувини олиб борадиган чиройли йигит.
Бирдан жимлик чўкади. Бемор тушунолмайди: менга шундай туюляпти, чоғи, деб ўйлайди. Лекин тепасида уч-тўрт киши унга қараб, кузатиб турганини сезади.
– Бўлди, – дейди овози нохуш аёл. – Фойдаси йўқ. Жони узилди.
“Нима?! – Собит жон-жаҳди билан ўрнидан турмоқчи бўлиб бақиради. – Жоним узилгани йўқ! Мен тирикман! Тирикма-ан деяпман!”
Ўзини тубсиз қудуққа отиб юборилгандай сезади. Кўзи очиғу, ҳеч нарсани илғамайди. Кўрмайди. Зулмат. Гўё росту рўё ўртасида муаллақ қолган. Лоши – каравотда, руҳи – кўкда. Зор қақшаб чирқиллайди.
“Қаёққа шошяпсилар! – деб бақиради. – Касални ташлаб, тўйга кетасиларми?! Сатта бераҳим!..”
Лекин овози чиқмаётганини, унга бири ачиниб, бошқаси бепарво қараб турган одамлар сезмаётганини англайди. Ажабки, Собитга уларнинг хўрсингани, ҳатто нафас олишигача эшитилиб туради. Бемор каравотнинг канорига икки қўли билан гурсиллатиб уради. Тинимсиз тепинади. Ўзини у ёқдан – бу ёққа ташлайди. Бошини буради. Силкитади. Айиқдай ўкиради.
– Бояқиш, ёш кетди, – дейди овози мулойим аёл. – Ҳали яшаса бўларди… Кийим-бошига қараганда, стадиондан опкелишган.
Бу гапларни эшитиб Собитнинг кўзларидан ёш отилади: “Мен тирикман, опажон! Тирикман деяпман! Ўлганим йўқ! Ўтинаман, ташлаб кетманглар!..”
Кимдир унинг қовоқларини навбати билан очиб кўради. Бемор қорачиқлари очилганини сезади-ю, ҳеч нарсани кўрмайди. Кўролмайди.
– Бўпти, – дейди кейин эркак киши. – Қўлимиздан келганини қилдик. Нима ҳам дердик… Аллоҳнинг иродаси.
Собит бақиришдан тўхтамайди. Томоқлари қақраб, овози чиқмай қолгунича бақираверади.
Эшикнинг ғийқиллагани эшитилади. Чамаси, врачу ҳамширалар бирин-кетин чиқиб кета бошлайди. Беморнинг силкиниб-силкиниб, ўксиниб-ўксиниб йиғлаётганини ҳеч ким эшитмайди. Эшитишни истамайди. Қирқ бешгаям етмадим, деб ўксинади йигит. Демак, энди қизим ҳам, қизимнинг фарзандлари ҳам ўзимдай жувонмарг кетади!
Унга алам қилади. Собитдай навқирон йигит мана шундай, дов йўқ, ғов йўқ, жон таслим қилиб кетаверадими? Ҳаёт шунчалар маънисиз, жўн нарсами? Ажалнинг келиши, инсоннинг нобуд бўлиши шунчалар осонми? Осон экан-да!.. Сендай шўрлик билан бу бевафо дунёда кимнинг қанчалик иши бор?
Падарини эслайди. Отаси ҳам шу беморхонада, шу палатада жон берган. Патологанатом врач унинг тўшини ёриб, чала-чулпа тикиб қўйган жасадини мурдахонадан олиб кетишгани ёдида. Навбат энди ўзига – Собитга келибди. Бирпасдан кейин соч-соқоли патакдан баттар, оғзида тиши қолмаган, иркит чол – мурдашўй келади. Майитнинг оёғи учига каноп ип ўтказилган бир парча картон қоғозни – ўлимтик рақамини боғлайди. У ёғи – совуқдан-совуқ мурдахона. Йиғи-сиғи. Ота-онасининг ёнига қўйишади. Суяк эгаси – йиғлайвериб кўзлари қизариб, қовоқлари шишиб кетган ўн икки ёшли мўртгина қизи Собитнинг изидан бўзлаб қолади. Шугина гўдакка қийин бўлади. Ўғил бола бўлсаям майли эди. Кейин марҳумни ким эслайди? Жанжалга баҳона тополмай юрган дўзанда хотиними?
Отасининг жанозасидан сўнг қавму қариндоши, ҳамкасблари, таниш-билишлари – ҳамма ўз ташвиши билан ўзи андармон бўлиб кетган. Ёлғиз она етим ўғли билан ҳувиллаган уйда зор қақшаб қолаверган. Кўпнинг бошини бириктириб, йўқлаб турадиган жонсарак одам энди йўқ. Биров бировга бурилиб қарамайди. Авлод-аждодининг пешонасига битилгани шу экан-да…
* * *
Кимдир томоқ қиргандай бўлди. Иккаласи баравар ўгирилди. Оқ халати барваста қоматига ярашиб тушган, чеҳраси очиқ йигит – Дадуш айвончага қараб келарди.
– Устоз-шогирд топишиб олдик, – деди Собит. – Гурунглашиб ўтирибмиз.
Таништирган бўлди: Даврон Валиевич – бош врач. Тўйчи ака – устозим.
– Танийман, танийман, – деди Даврон-Дадуш ва кулди. – Домлажон, Гулсара опа сизни қийнаб қўймаяптиларми?
– Тоққа чиқмасак, дўлана қайда.
Врач мамнун жилмаяр экан, собиқ синфдошига ташвишланиб қаради:
– Ҳамшира кўринмайди? Бирга чиқмадими?
Бемор бош ирғади: “Тинч қўй, шу бечораларни. Шукр, анча тетикман. Хавотир олма”.
– Эҳтиёт бўл. Тағин ўзингни уринтириб қўйма.
* * *
Дадуш кетганидан кейин у Эшдавлатовга қаради:
– Жуда оқибатли йигит. Шу бўлмаганида аллақачон ўлиб кетардим! Ҳозир ернинг тагида, қурт-қумурсқаларга ем бўлиб ётардим. Қабримдан чечаклар униб чиқарди.
– Оббо! Қўйинг, шу гапларни. Худо сақласин… Биров бировга сабабчи бўлади.
Жонлантириш бўлими шифокорлари палатани тарк этганидан кейин умиди буткул узилганини эслади.
– Бирдан Худо эсимга тушиб кетди! – дейди энди Собит. – Оҳ, Тўйчи ака! Бу оламда Аллоҳни таниш нақадар катта бахт экан! Илтижо қилганим сари енгил тортиб боравердим. Енгил тортганим сари зори таваллом, ихлосим ошаверди! Парвардигоримга, тавба қилдим! Билиб-билмай қилган гуноҳларимни Ўзинг кечир! Ўзинг раҳм қил! Кўзимнинг оқу қорасига раҳм қил! Мен етимликда ўксиниб ўсдим! Онажоним кун кўрмади!.. Яратганга юкиниб ётсам, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, мўъжиза рўй берди!
– Келинглар, яна бир марта уриниб кўрайлик, — деб қолсами кимдир. Ҳамма тапир-тупур изига қайтганди. Дарҳол танидим: гапирган Дадуш! Ўзимнинг қадрдоним, жон дўстим Дадушжон етиб келганди.
– Биздан нима кетди, – деди Дадуш. – Яна бир марта уриниб кўрайлик. Зора, кунидан қолган бўлса!..
Тилларингдан айланай, Дадуш! Ётган жойимда “Лазги”га тушиб кетишимга сал қолди. Парвардигор оҳимни эшитди! Тараҳҳум айлади! Тараҳҳум! Ўзингга шукр! Ўзингга шукр, Аллоҳим!
Собитнинг кўксига яна “дазмол” босишади. Яна аёвсиз оғриқ аъзойи баданини тилкалаб ўтади. Майли, оғрисин! Азобласин! Жон ато этса бўлгани!
– Собит, мен шу ердаман, ошна! – деб ҳайқиради энди бош шифокор. – Қўрқма, мен етиб келдим!.. Қаранглар, қаранглар! Юраги ура бошлади! Бўшашма, ошна, бўшашма! Нафас ол! Чуқурроқ нафас ол!..
– Айланибгина кетай, Яратган Эгам! – деб ёлворишга тушади овози мулойим аёл. – Шугина укамизнинг жонгинасини қайтариб бер! Шўрликкинанинг жонгинасини қайтариб бер! Бола-чақасининг пешонасига қайтариб бер!..
Опам йўқ, деб ўксиниб юрган беморнинг энди кўзларидан қувонч ёшлари отилади! Бағрини эзиб ётган зилдай қопни кимдир олиб ташлагандай бўлади.
– Нафас оляпти! – деб ҳайқиради овози дўриллаган аёл. – Аллоҳимнинг даргоҳи кенг!..
* * *
Эртаси куни у кўзини очганида тепасида Дадушни кўради. Човут солган ажалга чап берган гўё бемор эмас, дўхтирнинг ўзидай – оғзи қулоғида.
– Кўнглинг тўқ бўлсин, ошна, – дейди у қурдошининг бошини силаб. – Кеча Аллоҳимиз сенга яна қирқ беш йил умр қўшиб берди! Қирқ беш йил! Энди камида тўқсонга кирасан!
“Омин!” дейди ичида бемор. Умид уйғонади: демак, дардим ўткинчи. Қўрқмасам бўлади. Ёнимда Дадуш бор! Қани энди ўрнингдан туролсангу халоскорларингни бирма-бир бағрингга боссанг. Пойларида тиз чўкиб, қўлларидан ўпсанг!..
Сўнг уни Республика кардиология марказига ўтказишиб, жарроҳлар қўлига топширишади. Марказда бир ойча ётганидан кейин уйига жавоб берилади.
Собит термосга қаради. Эшдавлатов узатган чойни яна ҳузурланиб ичди.
– Уйимга кириб, этигимни ечиш учун энгашганимда яна мазам қочди, – деди у. – Бўсағамда йиқилдим.
Изига қайтариб келишади. Ёруғ оламни яна икки ой деразадан томоша қилади. Қизчасини, уйини, хотинини соғинади! Ўйнаб-кулиб юрган дамларини қўмсайди. Ўзининг жони кўзига кўринмайди. Яна уйига жавоб сўраб, ялинади. Шифокорларнинг раҳми келадими ё тузукроқ бўлиб қолганмикин, ишқилиб, розилик берадилар. Тағин хасталик хуружи. “Тез ёрдам” олиб келган йигит кўзини энди бу ерда, Дадушнинг олдида очади.
– Шундан бери… Мана, ётибман. Куёвга чиқолмаган шумшук қиздай. Яхшиям, Дадуш бор экан…
Эшдавлатов ерга қаради. Англадики, беморни йўқлаб келувчиларнинг оёғи узилган. Ёнида биргина Дадуш қолган. Дадушга эса аён, Собит кунжакдаги палатани тарк этган куни ўлади!
* * *
Бемор қўлидаги чойни охиригача ичди. Эшдавлатов гурунг узилиб қолишидан чўчиб турганди. Йўқ, яна ўша маҳзун ўзанида давом этди. Энди мунгдоши ўзи билан ўзи гаплашаётганга ўхшарди. Юракни эзадиган узундан-узоқ кечаларда деразадан фақат ойга қараб ётади. Янги ой чумак нилдайгина бўлиб кўринади. Кўринади-ю, совуқ еган қизчадай тезда пастга тушиб кетади. Сўнг куннинг кўпи билан олтин рангга кириб, тўлишиб, чирой очиб бораверади. Хўрлигингиз келади!..
Кеча оқшом ой кўринмади. Кўкдан дераза рахидаги тунукага тинимсиз нуқра сочилиб турди. Эрталаб шифохона равзаси уч кунлик келинчакдай яшнаб кетганини кўриб, Собит ҳузур қилиб керишганини билмай қолади. Яна бир туннинг тузоғидан омон чиққанидан қувонади.
Хиёл ўтмай арзанда қувонч эски қайғуга жойини бой беради. Қайтанга, ўша ноябрь ойида “кетворганим” дуруст бўларкан, деб ўйлайди йигит. Уқубатга айланган умримдан неча кун қолди, билмайман. Барибир бошим касалдан чиқмайди. Мени деб қанча одам овора. Қанча харажат. Қанча ташвиш. Сезади: аслида ҳамманинг умиди узилган. Кутяпти. Ўлишини кутяпти. Лекин ўлиб – ўлмасанг, тирилиб яшамасанг – қийин.
– Рўзғор қалай? – дея сўрайди Эшдавлатов. – Уй ичингиз тинч-омонми? Қийналиб қолмадингларми?
– Қийналиб-ку қолганимиз йўқ… – Кўнгли вайрон йигитнинг овозидаги титроқ ҳиққиллаган йиғига айланади. – Келинингиз қизимни олиб, онасиникига ими-жимида кетиб қолган. Телефон қилсам, олмайди. Бугун йигирма олти кун бўлди. Тўғри-да. Энди мени бошига урадими…
Эшдавлатов тилини тишлади. Бу ғарибу нотавонга қандай таскин-тасалли беришни билмас, ўзининг ҳам ичи изтиробга тўлиб бўлган эди. Одам ўзи айтадиган арзон-гаров гапларига ўзи ишонмаса, тилини тийгани дуруст.
– Тўйчи ака, сизга яна бир гап айтайми?
– Айтинг, Собитжон, айтинг. Қисинманг.
– Жуда чарчадим. Тўйиб кетдим! Хонамда ҳоли қолганимда уч-тўрт марта ўтириб турсам, бас. Қия тортаман-кетаман. Осонгина!.. Ҳамма қутилади.
Иккиси ҳам гўё тилдан қолди.
– Хасталик югуриб келади-ю, судралиб кетади, – деди ниҳоят Эшдавлатов бисотидан таскинбоп сўз чиқиб қолганидан қувониб.–Ҳар ишда сабр керак, ука. Шошмай туринг, ҳали кўрмагандай бўпкетасиз!..
Шундай деди-ю дилига асов бир ғулғула тушганини англай бошлади. Собитни хонасигача кузатиб қўйиб, изига – боққа қайтди. Ўй ўйлагинг келганида ёлғизликдан яхши халфа борми?
* * *
Бу кунига гапни Эшдавлатов ўзи бошлади. Асабларингиз доим таранг, деди. Умидингиз баргдай узилган. Бундай аҳволда соппа-соғ одам ҳам чўзилиб қолади. Аслан олганда, бебақо дунёда юраги бутун одам борми, ўзи? Кўрганмисиз? Йўқ. Кўрмайсиз ҳам. Ҳамма дард камюримликдан…
Авжи зўрроқ келдими ё буткул ҳаволаниб кетдими, ишқилиб, гапдан гап чиқиб, сўзининг кавшарига бошидан ўтган воқеани айтиб юборди. Дедики, ана, холангиз, яъни бизнинг хотинпошшо, беш-олти йил аввал ўмганини кўтаролмай, эмаклаб қолган эди. Юраги қаттиқ дарз кетган. “Обширный”! Эшик-орадан қадами узилганини кўриб, битта-ярим қариндошлар таҳликага тушиб қолганини айтмайсизми: “Фалончи ая ана кетди-мана кетди бўпётибди. Ўлиб-нетиб қолмасидан тўйимизни тезроқ ўтказиб юборайлик”.
Аяси қурмағур, қасдма қасдига жойидан туриб кетса, денг! Сизга ёлғон, менга чин. Ҳозир эрталаб шаҳарни бир айланиб чиқади. Оёғида кроссовка. Бошида оқ рўмол. Айтганча, шу ҳолига у кишим Ҳажгаям бориб келдилар. Кампиршо лўмбиллаб йўлга тушса, қувиб етолмайсиз. “Не-не орзу-умидларим бор эди, онаси, деб ҳазиллашади энди Эшдавлатов. Дўхтирлигингга бориб, тузалдинг-кетдинг!” Хотини хино қўйилган муштини ёлғондакам дўлайтиради: “Ажаб бўпти! Бировга бериб қўядиган бойим йўқ!” Эшдавлатов эса кўзгу олдида силлиқ сочларини тарар экан, жавоб қилади: “Уккағарнинг қизи, эрдан солган экан сенга. Қайтанга, қариганингда қутурдинг!”
Собит кулди. Бу унинг ётиб қолганидан бери биринчи марта қиқирлаб кулиши бўлса керак.
– Ростан-а? – деди ишонқирамай.
– Ҳа-да! – деди оқсоқол. – Шундан қиёс олаверинг. Сиз ҳам дардга бўйин берманг, ука. Бўлар иш бўлибди. Ҳаммасини яхшиликка йўйинг. Тушкунликнинг думини тугинг. Шундай тугунгки, қайтиб қорасини кўрсатмасин!
Собит суҳбатдошига қаради. Киртайган кўзларида ҳам ажабланиш, ҳам умид, ҳам илтижо. Салқи тортган пажмурда юзи ёришиб кетган: “Қандай, Тўйчи ака? Йўли борми?”
Тўйчи акаси ўрнидан шахдам туради ва сўрайди:
– Юрак хуружидан кейин атак-чечак юришни неча қадамдан бошлагансиз, Собитжон?
– Икки-уч қадамдан.
– Бугун бу ергача неча қадам босиб келдингиз?
– Билмадим. Юзта чиқар.
– Балли! Камида юз қадам юрган йигитга икки юз чўт бўптими! Демак, гап бундай, иним. Мен сизни шатакка оламан. Юрамиз! – Эшдавлатов қаддини биланд кўтаради ва хитоб қилди: – Ҳар бир қадам, ҳар бир қарич ер учун биргаликда жангга кирамиз!..
Завқи ошиб, тантанавор такрорлайди:
– Биргаликда жангга кирурмиз ва офият қалъасин ишғол қилурмиз!
Собит шароб ичмай маст бўлган одамдай шодланади:
– Розиман, ака!
Эшдавлатов энди гўё саҳнадаги донишманд Шукур Бурхонга айланади. Овози гулдираб кетади:
– Балли, йигитнинг гули, балли! Укол-доридан тузалса, ер юзида на бемор қоларди, на касаллик. Сизнинг шифоингиз, укам, оёғингизда. Ботқоқдаги филни фақат фил қутқара олади!
Унинг қўлтиғидан олади. Юринг, дейди, ҳозироқ босдик!
– Келинг, эртадан бошлай қолайлик. Илтимос!
– Эртадани нимаси? Ҳозир бошлаймиз.
– Дидим қочиб қолган-да.
– Дидингизга айтинг, қайтиб келсин! Секин-аста-а, кўнглингизни буткул тиндири-иб қадам ташланг. Яхши нарсаларни ўйланг. Букчайманг. Қаддингизни минг қўйли бойлардай ғоз тутинг, лекин ғағалашингиз шарт эмас!
Гангур-гунгур гурунг. Ҳангома. Боғ кезадилар. Эрталаб, баъзан пешину кечқурун ҳам. Бошида йигирма қадамдан қўшдилар. Бора-бора қўшилма элликка, юзга чиқади. Ҳамроҳи толиққандай бўлса, Эшдавлатов азза-базза уйидан опкелтириб, елкасига осиб олгани – буклама курсини очади: “Марҳамат, ўтиринг!”
Сокин боғ настарин ифорига тўлган. Туни билан ёмғирда чўмилиб чиққан ям-яшил дарахтларга, майса ҳиди анқиб турган кўкаламзорга қараб тўймайсиз. Қалдирғочлар вижирлаган. Олмахонлар шохдан шохга сакраган. Кўклам қуёши майин нурларини олам узра саҳиёна сочган. Юришни айтасиз, қанот боғлаб учгингиз келади! Тўрт юз метр белгиси қўйилган сўлим йўлакнинг адоғига етиб, тин олмасдан ортларига қайтган куни шогирд устозининг бақувват билагига маҳкам ёпишади: “Шамолингиз соз келди, ака!”
Эшдавлатов айтадики, тўғри, Собитжон, соз келди. Яратганга ёққан недир фазилатингиз бор эканки, ҳутнинг шамоли чеҳрангизни очди. Баҳри-дили очилиб кетган бемор ҳайратини яширолмайди. Иштаҳамни айтинг, устоз, иштаҳамни! Ажабтовургина бўпқолди! Илгари уч ёшли бола бир ўтиришда паққос туширадиган емакни уч кун чўқилардим. Уйқугиналарим майинлашгани-чи! Оҳ, ваҳимали ўй-хаёллар ичимни еб ётувди. Ҳаммасидан алаҳсидим-а!
Эшдавлатов уни икки кунча суяган бўлиб, кейин ўзига қўйиб берди. Бир-бирига эш бўлиб қадам ташлайвердилар. Эш юришлари ҳамманинг оғзида. Ён-атрофдан ўтган-қайтган борки, тетапоя қила бошлаган “икки гўдакка” кўзи тушса, қўлини хуррам силкийди. Таҳсин-тасанно айтган каби меҳри товланиб, ёруғ табассум билан салом беради. Улар ҳам жавобан қўлларини шодмон силкийдилар. Силкир эканлар, кўҳна касалдан фориғланиб, бу ёруғ оламдан нуру қувват олаётгандай бўладилар. Руҳлари равшан тортиб, юришлари дадиллашаётганини, нафас олишлари равонлашиб, ўмганлари кўтарилиб бораётганини сезадилар. Сезганлари сари завқлари ошиб, қадамлари енгиллашаверади…
* * *
Эшдавлатов, муолижаси якунига етгач, Гулсара хонимга чин ихлос билан миннатдорлик билдирар экан, таъзим-тавозени-да унутмади. “Туз кони” тозаланган, қариянинг қиртиллаб ётган умуртқаларига мойланган ошиқ-мошиқларнинг энди ҳаваси келарди.
Бемор қавмининг айни илтифотига кўникмаган чоғи, Гулсара хоним ийиб кетдилар: “Илоё, бошингиз гард, танингиз дард кўрмасин, домлажон! Молу давлатингиз зиёда бўлсин!”
Бундай ширин тилаклардан, айниқса, эрка нигоҳу бахмалдай мулойим овоздан “домлажон”нинг хаёли қочади. Ёдига Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сидаги қаландарбоши тушади: “Бошқа ерларда бу дуога битта от берар экан”.
Инчунин, Эшдавлатов ҳам назри ниёзни зиёда қилгач, марваридли обзанга охирги марта шўнғиб чиқади-да, уйига отланади. Отланиш олдидан бош врачнинг хонаси томон юради.
Хона соҳиби уни кўриб, сал саросимага тушгандай бўлди.
– Бир масалада маслаҳатингиз, иложи бўлса, ёрдамингиз керак, Давронжон.
– Хўп, Тўйчи ака, хўп. Қўлимдан келса, бош устига.
Эшдавлатов суянчиғига оппоқ сурп сирилган қатор курсиларга виқор билан бир зум тикилиб турди-да, Дадушнинг кўзига тик қаради:
– Биз Собитжон билан боғ сайрини давом эттирсак, дегандим. Бугун уни уйимга олиб кетмоқчиман. Нима дейсиз?
Даврон Валиевичнинг қошлари кўтарилиб тушди. Хўрсинди.
– Ҳовлида чол-кампир турамиз. Болаларимиз ўзи билан ўзи бўпкетган. Худога шукр, жойимиз мўл. Бемалол етади.
– Оғирлиги тушмасмикин?
– Тушмайди. Уч-тўрт ой нима деган гап? Бу фикр ўзимнинг калламга келмаган экан. Холангиздан чиқди.
– Ёпирай! Холамиз баракат топсинлар! Лекин Собитнинг ўзи нима деркин? Кўнармикин?
Эшдавлатов дадиллашди.
– Икковлашиб тушунтирсак, йўқ демас. Қувватга кириб, ишга чиқиб кетгунича, қизчаси билан аёлиям кепқолар. Бир иложини қилиб кўндирайлик…
Ўша куни ҳожи она машинасида келиб, устоз-шогирдни “Зиёлилар” маҳалласидаги уйига олиб кетди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2023 йил 11-сон.