Хуршид Дўстмуҳаммад: “Китобни англаб, тушуниб мутолаа қилиш лозим” (2020)

Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ва ёшларнинг онлайн суҳбати

– Хуршид ака, “Жажман” ҳикоянгиз ўз пайтида адабий жараёнда воқеа бўлган эди. Ўзига хос рамзий услубда ёзилган бу асарни ҳар бир китобхон ўзича тушунди, ўзича идрок қилди.

– “Жажман” ҳикоясининг туғилиш тарихи бор. Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорини кўпчилик яхши билади. Бизнинг уйимиз шунга яқин бўлганлиги учун “Чорсу”га кўп қатнаганман. У ерда бир “Тим” деган жой бўларди. У “Тим”лар ҳозир бузилиб кетди. Баланд, тепаси ойнаванд. Икки томонида катта-катта дарвозаси бўларди. Бу “Тим”нинг ичида туршак, майиз, жийда, ёнғоқ – шунга ўхшаш қуритилган мевалар сотилган. Ҳар сафар бозорга келганимда биринчи бўлиб китоб дўконига, ундан кейин, албатта ўша “Тим”га кирардим. “Тим” қандайдир сеҳрли маскандек туюлган менга. Шу ерда тирикчилик қилаётган, савдо қилаётган одамлар, назаримда, бошқача кўринарди-да.
Бир кун кўзим тушиб қолди. Бир аёл туршак сотаётган экан, бир одам қўлидаги қоғоз халтани тўлдириб туршак олди-да, пулини тўламай кетди. Аёл йиғлаб юборди. “Болаларининг ризқини қирқиб олиб келгандим, рўзғоримга ишлатармиканман дегандим”, деб йиғлади. Менга шу нарса жуда оғир ботди. Бозорда бундай манзаралар учраб туради. Орадан йиллар ўтди, ўша хотира турткисида “Жажман” образи пайдо бўлди. Ҳикоя “Шарқ юлдузи” журналининг йиллик мукофотига сазовор бўлди. Кўпчиликка маъқул тушди ва ҳали-ҳануз ҳикоя ҳақида кўп саволлар туғилади.

– “Чаёнгул ёхуд қуйи қишлоқда қотиллик қиссаси” ўзгача услубдаги асар. Асар суд ва тергов ҳужжатлари асосида ёзилган. Ҳар бир ҳолатни тафтиш қилгансиз.

– “Чаёнгул” қиссасининг номи бир неча марта ўзгарди. Биринчи марта ёзганимда “Соф ўзбекча қотиллик” эди. Кейин “Жаҳолат” бўлди, уч серияли телефильм (режиссёр Нуриддин Қосимов), охири бадиий фильм (режиссёр Собир Назармуҳамедов) бўлди. Ва ниҳоят, “Чаёнгул” номи билан қиссалар қаторидан ўрин олди. Дастлаб “Сирли олам” журналида “Соф ўзбекча қотиллик” бўлиб чиқди. Нима учун “Соф ўзбекча қотиллик”? Унда озгина киноя бор, аччиқ кесатиқ бор.
Китобхонлар кўришган, “Чистой англиской убийство” деган фильмни. Каттақўрғонда одамлар ўла бошлайди. Тиқ этган шовқин чиқмайди, тўс-тўполон бўлмайди. Мен ёзган қиссада эса… воқеа олис вилоятлардан бирида юз берган. Ўзим бориб кўрганман, суҳбатлашганман. Қотиллик қилган аёл билан қамоқхонага бориб суҳбатлашганман. Аёл қандай тарзда қотилликка отланганини сўзлаб берган.
Уйига жуда оғир руҳий изтироб ҳолатда келган. Тандирнинг ёнида турган эски пичоққа кўзи тушган. Ўша пичоқни кўтарганча “ўлдираман, ўлдираман” деб икки кўча нарига боради. Наҳотки сизнинг йўлингизни бирор одам тўсмади?” деб сўрадим. “Ҳеч ким йўлимни тўсмади” деди у. Мана бу жаҳолат билан бировнинг жонига тажовуз қилиш бўлган учун шундай атадим. Кейин “Чаёнгул” номи топилди. Бунда ҳам қамоқхонадаги суҳбат асқатди. “Бизнинг уйимизда эркак киши йўқ, – деди маҳкума аёл. – Эркак киши йўқ жойда, тажовуз бўлган жойда аёл киши эркакка айланади”. Ана шу гап менга жуда оғир ботди, ларзага солди ва аёл чаёнга айланишини ифодалаш мақсадида “Чаёнгул” деб қўйдим. Буни яна бошқа сабаблари бор. Туш билан боғлиқ сабаблари, уни кейинчалик гаплашсак бўлади.

– Мени анчадан бери бир нарса ўйлантириб келади. Адабий дид масаласи. Асар фақат хос ўқувчилар учун ёзиладиган бўлса, кўпчилик асар ўқимасликка тўғри келади. Агар асар омма дидига мослаштирилса, у ҳолда “хос”лар омма даражасига тушиб қолади. Умуман олганда, хос ва омма ўртасидаги муносабатлар қандай кечади? Бундан қандай чиқиб кетиш мумкин?

– Бу оғир ва мураккаб савол. Кўпдан буён ечимини топмаётган савол. Мен ечим топиб бераман деб даъво қилмайман, албатта. Лекин хулосам шуки, ёза бошлаганимиздан буёғига одамлар оммадан “хос”га айланиб боради деб ҳисоблар эдим, лекин на омма ўзгарди, на “хос”. “Хос”ни омма даражасига тушириб бўлмайди, оммани “хос” даражасига кўтариб бўлмайди. Фақат ўзбек адабиёти, ўзбек китобхонларига хос эмас бу ҳол. Мен жуда кўп хориж мамлакатларига борганман. Кутубхоналарга, китоб дўконларига кириб суҳбатлашаман. Китобларни кўраман. Ўша ерларда ҳам яққол ажралиб туради. Хос адабиётни ўқийдиган қавм ниҳоятда оз, ниҳоятда кам. Лекин савол туғилади, бу асарларни омма тушунадиган қилиб ёзиш керакми ёки хос китобхон тушунадиган қилиб ёзиш керакми? Даражани нима белгилайди? Буни аниқлаш қийин, бор ёзувчи мен бир мураккаб асар ёзиб қўяй деб ёзмайди ахир. Масалан, ўзим бир неча бор ҳаракат қилганман жуда оммабоп қилиб ёзаман деб. Оммабоп, одамлар қизиқиб ўқийдиган қилиб. Менда воқеа кўп бўлмайди, қизиқарли воқеалар кам бўлади. Ташқи воқеалардан кўра ички руҳий воқеаларга берилиб кетаман. Ички руҳий таҳлилга берилган жараёнда омма ўқишдан зерика бошлайди. Мен яхши кўрадиган Достоевский “Воқеалар тугаб, ана шу воқеалар ҳақидаги изтироблар бошланадиган жойда бадиий адабиёт бошланади”, – деган. Афсус, мен мана шу ақидага мойиллик сезаман. Кўпгина асарларимизда бадиий асар бошланадиган жойда асар тугайди, воқеа тугайди. “Жиноят ва жазо”ни ҳаммамиз ўқиганмиз. Бир талаба йигит боши айланиб, гангиб икки аёлни ўлдириб қўйди. Энди ёстиқдай китоб шу қотилликнинг мулоҳазасига бағишланган. “Тўғри қилдимми? Нотўғри қилдимми? Мен ҳақми? Бошқалар ҳақми?”. Ана шу саволга асарнинг охиригача жавоб излайди. Изтироб чекади, қайғу чекади. Лекин асарда саволга тугал жавоб чиқмайди, асар тугайди. “Жиноят ва жазо” хос ўқувчиларга қарашлими? Ёки оммагами? “Жиноят ва жазо”ни қўйиб турайлик, “Ўтган кунлар” романи кенг омманинг асарими ёки хос китобхонларникими? “Ўтган кунлар”ни, “Жиноят ва жазо”ни кенг омма ҳам, хослар ҳам қизиқиб ўқийди. Эҳтимол, уларнинг буюклиги мана шунда бўлса керак. Лекин омма мен шу китобни ўқидим, фалон жойидан таъсирландим деган гапни эшитганим йўқ шу пайтгача. Хос ўқувчилар уни жўн, эртакнамо жойларига унчалик эътибор қаратмасдан ўқишади. Яна бир марта айтаман, бу саволга тугал жавоб йўқ, лекин ҳамиша ўйлатиб келади, ҳамиша кўндаланг туради бу савол.

– Асарларингиз метафораларга яширинган, секин ўқиладиган асарлардек туюлди. Бу балки эҳтиёткорлик ёки бўлмаса инсон ўзини-ўзи цензура қилиш оқибатида юзага келган услубмасмикин, деган фикр уйғонди.

– Яхши. Бу аввалги саволнинг давоми. Қийин ўқиш, осон ўқиш, енгил ўқиш. Бадиий асар шавқ-завқ билан ўқилиши керак деган машҳур гап бор. Тўғри гап, лекин савол туғилади: Марсел Прустнинг асарларини кенг омма шавқ-завқ билан ўқийдими? Мен, масалан, бу адиб асарларини завқ билан ўқийман. Озгина ўқийман, қийналиб ўқийман, лекин роҳат қиламан. Такрор-такрор ўқийман. Ёдимдан чиқиб кетади, яна ўқийман. Гап шундаки, Прустнинг феъл-атвори, характери, сийрати шундай бўлган, услуби ҳам шундан келиб чиққан.
Ўзимизнинг Темур Пўлатов бор. Темур Пўлатов ҳавас қилган ёзувчилардан бири Марсел Пруст. Бу икки адиб оҳиста, шошмай мутолаага, фикрчан мутолаага даъват қилади китобхонни. Нима учун? Сабаби бор. Шахсан ўзим бир китобхон сифатида шундай асарларга мойиллигим кучли. Менинг концерт, тўй, ноғора-базмга унчалик ҳушим йўқ. Мен ёлғизликка, сокинликка, тинчликка мойил одамман. Қий-чув ўйин-кулги, байрам, шодиёна бўлаётган жойда ақл ишламайди, эҳтирос ишлайди. Дунё, тараққиёт нима демоқда? Дунё тезликнинг, шиддатнинг қурбонига айланиб бормоқда. Ҳозирги коронавирус ҳам инсоният тезликнинг қурбонига айланганининг бир аломати. Пруст, Пўлатов ва шунга ўхшаган ёзувчилар нима қилмоқчи эди? Замон шиддатининг “этаги”дан тутиб қолмоқчи эди! Тасаввур қилинг, катта бир тоғдай машинами, танкми, тепловозми тортиб кетаяпти, улар қўли билан, қаламнинг учи билан, “Ҳой, секин, қаёққа шошаяпсан инсоният?!” демоқда. Темур Пўлатов, англанган дақиқаларгина умр, демоқда. Тушунаяпсизми, англанган лаҳзаларгина умр. Англанмагани сенинг умринг эмас. Айтмоқчиманки, ўқилиши оғир, кимларгадир зерикарли туюладиган асарлар моҳиятида мана шунга ўхшаш фалсафа ётади. Мисол учун, “Бозор” романимда ёки “Бугун эрталаб” деган ҳикоямда айрим жойлари мураккаблашиб кетган, ўқиш қийин деб айтишди устозларимиз, ўртоқларимиз. Мен эса янаям мураккаблаштириб ёзмаганимга афсусланаман. Яна қайта ёзаман Худо хоҳласа. Ўшанда янаям мураккаблаштириб ёзиш йўлини излайман.

– Бугунги мутолаа борасида фикрингиз қандай? Бугунги китобхонликдан кўнглингиз тўладими?

– Аввало, китоб ўқийдиган одам шу халқнинг мулки ҳисобланади, маънавий мулки. Китобхонлик шахсий иш, лекин китобхон кўпайса халқнинг сифат даражаси ўзгаради. Китоб кўп чиқяпти, тарқаляпти, сотиляпти, ўқиляпти, лекин кўнглим тўлди деб айтишга тил бормайди. Китобни сотиб олиш бир, ўқиш икки, ўқиганини тушуниш уч, тушунганини ифода қилиб бериш тўрт. Лекин бутун жаҳонда оммабоп, енгил тушуниладиган китоблар жуда кўп. Миллион-миллион тиражда чиқаётган асарлар бестселлер ёзиб миллионер бўлиб юрган ёзувчилар ҳаммаси енгил ўқиладиган асарлар. Ана шу енгил ўқиладиган асарларнинг ҳам оғир юкини ҳис қилиб ўқиш тарафдориман ва мураккаб деб ҳисобланадиган асарлар оммалашувини жуда-жуда истайман.

– “Умид гули” ҳикоясининг яратилишига нима сабаб бўлган? Тарихий шахс Абдурауф Фитрат тимсолини тасвирлашда нима назарда тутилган? Бевосита ҳикоянинг сўнгида “Инқилоб” жаридасига “Менинг кечам” шеъри ва Ботунинг “Менинг кундузим” шеърини чоп этиш билан боғлиқ хат ёзиш билан тугалланган. Бу ҳолат келгуси ёруғ кунларимизга ишорами? Шеър номлари менинг назаримда мана шундай хулосага келишга сабаб бўлади?

– Таниқли адабиётшунос Ҳамидулла Болтабоев Абдурауф Фитратнинг беш жилдлигини босмага тайёрлаган. Бир дунё иш қилган. Шу беш жилдли асарларини ўқидим. Савол туғилади: нима сабабдан шу беш жилд нега оммалашмади? Фитрат, Чўлпон, Беҳбудий, Қодирий, Ҳамза, Усмон Носир деймиз, лекин улар оммалашмайди. Нима сабабдан одамлар Абдурауф Фитрат мана шундай одам экан, бундай бўлган экан деб айтмайди. Мен куйиб кетаман. Бир олим умрини сарфлаб беш жилдлик китоб чиқарибди, олтинга топилмайдиган гаплар бор у ерда. Фитратнинг асарларини ўқисангиз бутун тасаввурларингизни ўзгартириб юборади. Нафақат ХХ аср бошланиши, ХХИ аср бошланишидаги воқеаларга ҳам муносабатингизни ўзгартириб юборади. Шуни ўқиб туриб ва таъсирланиб юриб, Москвада бўлган эпизод (лавҳа деса ҳам бўлади) мени ҳикоя қилгин дегандек бўлиб қолди. Ўша эпизоднинг ўзи мени ҳикоя ёзишга мажбур қилди. Мақсад Абдурауф Фитрат сингари инсонларнинг бадиий образини яратиш. Мисол учун, Беҳбудий ҳақида “Ёшлик” журналида бир қисса чиқди. Хурсанд бўлдим. Чунки бадиий образ орқали ўша улуғ инсонни, улуғ зотни кенг оммага яхшироқ, чуқурроқ ва таъсирлироқ таништирамиз. Раҳматли Тоҳир Малик Абдулла Авлоний ҳақида қисса ёзган. Яна ва яна муаммо китобхонларимизнинг савиясига, қизиқиш доирасига келиб тақалади. Бир сўз билан айтганда, Ҳамидулла Болтабоев тайёрлаган китоблардан, яна қўшимча маълумотларни архив материалларидан ўрганиб “Умид гули”ни ёздим. Фитратнинг бағрикенглигини, улуғлигини қарангки, журналга хат ёзиб ўзи ва Ботунинг шеърини ёнма-ён босинглар деб илтимос қилади. Ундан хулоса чиқариб олиш сизга, менга бошқа ўқувчиларга ҳавола. Менинг ёзганларимда, эътибор берган бўлсангиз, тугал хулоса бўлмайди. Тугал хулоса ўқувчи ихтиёрига қолдирилади.

– “Бозор” романида ҳам, “Жажман” ҳикоянгизда ҳам бозордан чиққан махлуққа тўхталгансиз. Нега айнан иккита асарингизда ушбу образни олиб чиққансиз. Айнан қайта-қайта мурожаат қилишингизнинг боиси нимада?

– “Жажман” инсон феълидаги барча салбий иллатларнинг, салбий туйғуларнинг, салбий кечинмаларнинг, умумлашма образи. У суллоҳ, босқинчи, ёвуз, бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган, иймонсиз, унинг шакл-шамойили йўқ. Жажман қандай жондор эканлигини мен ўзим ҳам билмайман. Кимгадир олабўжи бўлиб кўринади, кимгадир ажина бўлиб кўринади. Ноинсоф одамларнинг қиёфасини ўзида мужассам қилган. Исталган салбий феълни унга тадбиқ қилишингиз мумкин. Шунда унинг моҳияти очилади. Метафорадан кутилган маъно-мақсад очилади.

– Сизнингча, санъат қачон маънавий дунёни ўлдиришга, хароб қилишга хизмат қилади? Қачон содир бўлади ва қандай ҳолатларда?

– Санъат ҳаёт, кайфият, руҳ бахш этади ва айни вақтда ўлдиради. Яратувчи, жонлантирувчи, жон бахш этувчи санъат бор. Ўқувчининг бадиий дид масаласи келиб чиқмоқда. Санъатнинг таъсир кучи ниҳоятда катта, чеки йўқ. Санъат дейдиган бўлсак, қанчаси сизга жон бағишлайди, қанчаси жонингизга азоб беради, зулум қилади. Унинг барчаси ўзингизга ҳавола. Мисол учун, кимдир жонини бериб қайта-қайта ўн марталаб эшитадиган қўшиғини мен бир марта ҳам охиригача тингламайман.
Кенг омма орасида мусиқани берилиб тинглайдиганлари кўп эмас. Нега? Енгил-елпи ашулани эшитади. Шуни ашула деб айтаётганига, унга мусиқа басталаганига, шуни қўшиқ қилиб айтганига, радиода телевизорда бераётганига ақл бовар қилмайди. Ва шуни жон-жон деб эшитадиган одамлар борлиги мени ажаблантиради. Ақлимга сиғдиролмайман. Нима бу ўзи? На мусиқа бор, на сўз бор, на ижро бор. Нима бўлди? Одамларимизнинг диди шунчалик пасайиб кетдими?
Ҳатто анчагина машҳур бастакорлари­миз­нинг мусиқасини тингланг, тепа сочингиз тикка бўлади. Ўлдиргани шу-да! Менинг дидимни ҳақорат қиляпти. Уларни катта-катта пул эвазига тўйга айтамиз, концертига борамиз. Беш минг одам концертига кириб ўтиради. Уч соат концерт томоша қилади. У ерда айтилган йигирма-ўттизта қўшиқдан нечтаси чинакам эстетик завқ берадиган қўшиқ? Қизлар, йигитлар тинмасдан рақсга тушади. Кечирасиз-у, бу қандай томоша?!
Зулайҳо Бойхонованинг айрим қўшиқларини тинглайман. Эркин Воҳидовнинг “Бир қадам” номли шеърига Абдуҳошим Исмоилов мусиқа басталаган. Ўшани берилиб айтади. Савол туғилади: бизда ҳеч замонда “Мен томонга бир қадам қўй!” деб қиз бола йигитга айтадими? Йигит қизга айтиши мумкин. Эркин ака жуда бир нозик лутф қилган. Зулайҳо Бойхонова эса жонини жабборга бериб, “Бир қадам, бир қадам”лаб оламни бошига кўтаради. Қани бу ерда дид, қани эстетика, қани гўзаллик?! Бу томонларини тингловчилар ўйлаши керак-да! “Ҳой, ойим, нималарни деб аюҳаннос солаяпсан?” дея саволга тутмоғи керак-да!

– Шу мулоҳазаларни бадиий адабиётга вобаста қилиб айтганда-чи?

– Худди шундай саёзлик ашула, мусиқа, театр, кинога ҳам тарқаган. Миллий театрга тушиб, келин-куёв, қайнона-келин можароларини кўриб ўтирган томошабинларни томоша қиламан. Тушуняпсизми, саҳнага қаролмай атрофимдагиларни томоша қиламан.
Оммавий адабиёт, оммабоп адабиёт қўполроқ қилиб айтганда оломон адабиёт, оломон театри, оломонбоп фильмлар, оломон мусиқалар дидни ўлдиради. Мен театр кўряпман, фильм томоша қиляпман, қўшиқдан завқ оляпман, мен китоб ўқияпман деган фикрга олиб келади, оқибати эса дидни ўтмаслаштириш, ўлдиришдан бошқа гап йўқ. Савол замиридаги тагмаънодан келиб чиқилса, дидни ўлдирдими, одамни ўлдирган бўлади.

– Ёзувчи бўлиб шаклланишингиз давомида дастлаб ёзганларингиз ҳам матбуотда эълон қилинганми ва уларга ўқувчиларнинг муносабати қандай бўлган?

– Табиий, ҳаваскордан ёзувчига ёки шоирга айланиш осон кўчмайди. Бу қийинчилик чиғириғидан ўтиш машаққатини бошдан кечирганман. Газета ё журналда бирорта ҳикоям чоп этилармикан, деган орзу тушларимга кириб чиқарди.
Мен бешинчи-олтинчи синфда ўқиган кезларимдан кундалик тутганман. Учрашувларда талабаларга кўп айтаман, ана шу кундалик тутиш ёзувчиликка ўргатади. Мени ҳеч ким мажбур қилмаган. Қайтага мени одобсизга чиқариб, ёмон болага чиқариб, муҳокамалар қилишган, изза қилишган. Дастлабки ҳикояларим “Фан ва турмуш” ва “Гулистон” журналларида эълон қилинган. Ва у пайтларда нафақат ҳикоя, бир кичкина мақолангиз чиқса ҳам одамлар ўқир эди. Ёзилган икки энлик ахборотни ҳам ўқиб телефонда табриклашарди. Мен шу вақтгача очиғини айтадиган бўлсам ўзимни тилимдан қониқиш ҳосил қилмайман. Эркин Аъзамга ўхшаган, Назар Эшонқулга ўхшаган тилим жуда ўйноқи деб айтмайман. Мен тошкентликман дедим-ку, вилоятда яшаган ўртоқларимга ҳавасим келади. Хуршид Даврон дўстимизга кўп айтардим, сен форс тилини биласан. Форс тилини билсам яхши бўларди деб. Нега дейди? Форс тилида сўзлар бойроқ туюлади, оҳангдор. Мусиқавийлик кучли. Бизнинг Тошкент шевасида ёзиб бўлмайди. Хоразм, Наманган, борингки, Фарғона шевасида ёзсангиз жуда бошқача чиқади. Одамга ёқимли эшитилади. Шеваларни жуда яхши кўраман. Лекин мен ўзим Бухоро шеваси билан Хоразм шевасини аралаштириб юбораман. Мана шу нарсалар ёзганимда ҳамон сезилади. Дастлабки “Киёва қуёши” ҳикоямни Эркин Аъзам таҳрир қилиб берган. Жуда жиддий таҳрир қилиб “Гулистон” журналида эълон бўлган. Асқад Мухтор даври эди, жуда овоза бўлиб кетган. “Фан ва турмуш” журналида чиққан ҳикоямни Тоҳир Малик таҳрир қилган. Ана шу таҳрирларни ўрганиб кейин-кейин бир қанча ёзганларимни тили ёмон, жўн, талабга жавоб бермайди деб таҳририятдан қайтаришган. “Шарқ юдузи”га иккита ҳикояни қўлтиқлаб йиллар давомида қатнаганман. Устозларимиз ўқиб беришмасди. Бўшашиб бориб, бўшашиб келаверар эдим. Чиқаришмаган, лекин қайтмаганман. Ўн марталаб қайта ёзаман, барибир чиқараман, деганман. Маъқул эмас, деб ёзиб берилган ёзувларни ҳозиргача сақлайман. Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Носир Фозиловларнинг “Бу машқингиз ярамайди, олиб кетинг” деган мазмундаги ёзувларини олиб қўйибман. Бир кун шуларни чиқараман. Буларни иддао маъносида айтаётганим йўқ. Шахсан менга сабоқ бўлганлигини айтмоқчиман. Хуллас, шу сингари машаққатлардан қочмадим, ишлайвердим. Ҳозир ҳам ёзганларимни кимдир қўлимга қайтариб беришса, индамайман, ўйлаб кўраман, қайта ишлайман. Чунки ҳар битта ёзган асарингиз янги бир синов. Мен тажрибали ёзувчиман, боплаб қўяман деган даъвоим йўқ. Сизга ёқса, бошқасига ёқмайди. Ўнта одам ўқиса, бир овоздан маъқул, демайдику! Бештаси маъқул дейди, учтаси ўртача дейди, иккитаси номаъқул дейди. Мақтовдан хурсанд бўлмайман. Ичимдан севинаман, лекин дўппимни осмонга отмайман. Танқиддан ерга кириб кетмайман. Иккаловининг мувозанатини тенг ушлаб қабул қилишга ҳаракат қиламан.

– Ёзувчи учун ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Ёзувчи учун умуман ёза олмаслик бу нима? Сиз ҳам шундай ҳолатга тушганмисиз?

– Эҳтиёжга айланишини ҳозир қисман айтиб ўтдим. Ўзим кўриб, билиб юрган нарсаларни ўн уч ёшимдан ён дафтаримга ёзиб юра бошладим. Ёзишнинг нима кераги бор? Мисол учун, ойни кўрдим, тўлин ой чарақлаб турибди. Дунёда ҳамма кўради, лекин жуда камдан-кам одам ёзади. Болалигимизда Фахриддин Умаровнинг “Онам дерман” деган жуда машҳур қўшиғи бўлар эди. Онам раҳматли билан бирга қайта-қайта тинглаганимиз ёдимда. Беихтиёр ўша таассуротларни ёза бошлаганман.
Кўраяпсизми, ёзиш эҳтиёжи, ёзишга мубталолик камдан-кам одамга насиб этади. Шунинг учун ҳам ижодкор кам бўлади. Энди ёзишга мубталолик бошқа, яхши ёзиш бошқа, боплаб ёзиш бошқа, ўрнига қўйиб ёзиш бошқа. Ана шу майл шакллана-шакллана профессионал мақомга кўтарилади. Ёзолмай қолиш алоҳида ҳолат. Ёзолмай қолиш оғир, лекин ҳолат ҳар хил бўлади, кайфият ҳар хил бўлади, саломатлик ҳар хил бўлади. Ёзолмай қолишдан ҳам қўрқмайман. Дунё кўзингизга қоронғи кўринган ҳар қандай кайфиятдан ҳам қўрқмайман. Чунки ундан кейин ёзиш кайфияти пайдо бўлади. Ёмон кайфиятдан кейин, албатта, яхши, чароғон кайфият пайдо бўлади. Мен шунга ишонаман.

– Асарни ёзишдан олдин дастлаб унинг мусиқаси яралади деб эшитгандим. Атоқли адиб Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар” романининг ёзилишида дарахт шохидан узилган битта барг туртки бўлган экан. Шу ўринда сизнинг асарларингиз туғилишига нима туртки бўлади? Масалан, айнан “Ёлғиз” асарингиз ҳақида айтсангиз.

– Абдулла Қодирий 1926-йилнинг февралида “Йиғинди гаплар” мақоласи учун қамоққа олинган. “Ёлғиз” қиссасида айни шу воқеа билан ҳолатлар тасвирланган. Ёзиш асносида архив ҳужжатлари ўрганилди, бадиий тўқима ҳам бор, албатта. Мусиқага келсак. Нафақат катта бадиий асарнинг, нафақат шеър ё достоннинг, оддий бир мақоланинг ҳам ўзига яраша мусиқаси бўлади, оҳанги бўлади. Масалан, сиз билан суҳбатлашяпмиз, ушбу суҳбатга яраша сўз, жумла, гап қурилади, шундайми. Мана шу сўзлар, иборалар, гап тузилишлари, жумлаларда оҳанг бўлади. Кўп ҳолларда биринчи жумлани топиш қийин кечади. Чунки биринчи жумла бамисоли калаванинг учи. Калавани учини тутиб олсангиз у ёғи осон кўчади. Кейинги жараёнда, эҳтимол, у ўзгариб кетар ё ўзгармас. Мисол учун, ҳикояларимдан бирини “Чўли ироқ” мусиқасига ҳамоҳанг бўлармикан деб ёзганман. Жаҳон адабиётининг забардаст вакиллари мумтоз мусиқани, мумтоз ғарб мусиқасини жуда яхши эгаллашган, болалигидан ўрганишган. Катта армонларимдан бири бирор чолғу асбобини чалишни ўрганмаганман. Ёшлигимда чалганман, лекин давом эттирмаганман. Мусиқа – мўъжиза ахир! Мусиқани ҳамма билиши керак, ҳис қилиши керак. Мусиқа дидни тарбиялайди, кўнгилга осойишталик беради, ором беради, жунбушга келтиради.
Машҳур турк бастакори Жон Атилла 1453-йили Истанбулнинг фатҳ этилишига бағишланган сим­фониясини яратган. Ўнлаб марта эшитаман. Ана шу мусиқага насрий асар ёзгим келади. У мусиқани эшитсангиз юзга киргингиз келади. Юзга кириб ҳам жавлон ургингиз келади. Мана мусиқанинг кучи, таъсири, аҳамияти!

– Журналистлик фаолияти билан ёзувчилик бир-бирига қанчалик яқин ва айни пайтда бир-биридан қанчалар узоқ?

– Журналистика реал ҳаёт билан ишлайди. Аниқ, конкрет фактларга асосланиб, бўлган воқеаларни ёзади. Бадиий адабиёт тўқима. Журналист кўрган нарсаларни бадиий тўқималар билан қўшиб, бадиийлаштиради. У воқеаликни хусусийлаштиради. Хусусийлаштириш деган сўз бор. Давлат мулки бор, хусусий мулк бор. Журналистика давлат мулки, халқ мулки, ёзувчи ўз меҳнати билан хусусий мулк яратади. Эпласа, дунёни ўз мулки қилиб олади. Гўзалликни, қадриятни, эътиқодни – ҳамма-ҳаммасини ўзиники қилиб олади. Шу маънода ёзувчининг, шоирнинг имконияти кўп, баланд, юксак.

– Бир суҳбатингизда айтгансизки, бугунги кун китобхони учун асар ёзиш жуда қийин дегансиз. Замон шиддатини назарда тутгансиз шекилли. Тажрибали адиб сифатида ёш ёзувчиларга маслаҳат берсангиз!

– Ёзувчилар уюшмаси орқали вилоятларга чиқамиз, ёшлар билан учрашувлар қиламиз. Кўп асарларни ўқийман. Асосан насрий асарларни ўқийман. Ёшлигида насрий асар, мисол учун ҳикоя, қиссани жуда пухта ёзадиганлар жуда кўп эмас, оз, лекин йўқ ҳам эмас. Шунга интиладиганлар бор. Мен ундай ёзма, бундай ёз деб айтолмайман. Доимий айтиладиган гап – кўпроқ ўқиш. Тушуниб ўқиш керак. Алоҳида таъкидлаб айтаманки, у ёзувчи, бу ёзувчи асарини чўқиб-чўқиб ўқимасдан, бирор бир адибнинг бутун ижодини бир бошдан тўлиқ ўқишда самара катта. Шундай ўқилса, адиб ижодининг ривожини, шаклланишини, паст-баландини ўрганасиз ва ўзлаштирасиз. Бир ёзувчи ижодини тугал ўрганинг, сўнг иккинчисига ўтинг. Ўткир Ҳошимовни ўқидингизми, ҳамма асарини ўқиб чиқинг. Олдин бу ҳикоя, бу роман, бу қиссани эмас, қайси бирини олдин ёзган бўлса, шу тартибда ўқиш керак. Ҳаётининг охиригача ёзганларини ўқинг ва Ўткир Ҳошимов ҳақида яхлит тушунчага эга бўлинг. Шукур Холмирзаев асарларини ўқинг. Ҳикоялари, эсселари, романлари, қиссалари борми, ўқинг ва яхлит тасаввурга эга бўлинг. Асқад Мухторни ўқинг, яхлит тасаввурга эга бўлинг. Ана шунинг ўзи мактаб вазифасини ўтайди. Ўқувчи сифатида ўқийсиз ва ёзувчи сифатида кўнглингизга ўтиради. Бировга Ғафур Ғулом ёқади, кимгадир Ойбек ёқади, кимгадир Толстой ёқади. Ўзига ёққанини олиб яна ўқиш, яна ўрганиш керак. Яна бир чеккадан ўқиб, образларини, диалогларини, сўз ўйинларини, кинояларини, метафораларини алоҳида ўрганиб чиқиш керак. Нима демоқчи? Нега бундай демади? Нега бундай деди? Масалан, мен ҳозир Пушкинни ўқияпман. Пушкинни талабалик давримда ўқиганман. Мутлақо уқмаган эканман. Билмаган эканман. Имтиҳондан ўтиш учун ўқиган эканман. Энди ҳозир бошқа кўз билан ўқийман. Мисол учун, “Ўтган кунлар”ни йигирма марта ўқиганман. Ҳозир ўқисам, мутлақо бошқача. Ваҳоланки, “Ўтган кунлар” ўша-ўша, ҳеч нарса ўзгармаган, лекин мен ўзгарганман. Менинг қабул қилиш қобилиятим ўзгарган. Мутлақо бошқача хулосалар чиқа бошлайди. Аймоқчиманки, ўрганиб ўқиш, мактабга боргандек ўқиш керак. Чеховнинг ҳолатлар яратиш маҳоратини ўрганса, ёзувчига, албатта, асқотади.

Дўстбек Сулаймонов оққа кўчирган

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 9-10-сон