Собир Ўнар. Кибрсиз одам

http://n.ziyouz.com/images/muhammad-yusuf1.jpg

Муҳаммад Юсуф ҳақида гап кетганда ким биров эрка шоир, яна ким куйчи эди, яна ким нимадир деб таъриф беради ва ҳар ким бу борада ўзича ҳақдир.

Адашмасам, ака билан биз Президент Академиясига кирмасдан хиёл бурун Дўрмонда, раҳматли Шавкат Раҳмон ҳузурида танишган эдик ва шундан сўнг қуюқроқ саломлашадиган бўлдик. Шавкат ака ўшанда бетоб, озғин гавдаси тағин ҳам ичга тортиб, кўзлари хийла ботган, Муҳаммад ака негадир дастурхондаги майизни мақтаган, Абдулла акам буни қора қуёш деб айтади дея алқай бошлаган эди. Шоир ошириб юборяптимикин деб ўйладим. Лекин икки кўзим Шавкат Раҳмонда. Биқинида Набижон Боқий, тез-тез бир нарсалар деб қолади, эсимда йўқ, ҳар қалай ўшанда Шавкат ака ярим коса лағмон ичгани ёдимда. Шоир худди шу сафар иштаҳаси очилиб, энди соғайиб кетадигандай туюлган менга.

Аммо…

“Осмон тўла ҳаволар

фақат менга етмайди…”, деб юрган кунлари экан.

Уюшмадан Муҳаммвд Юсуф билан менга Президент Академиясининг ўн ойлик катта курсида ўқиш учун тавсия берилди. Энди эл қатори кириб ўқиб ётибмиз-у, битта нарсадан ака бир оз хижолат тортади. Сафимизда ўттиз ёшга етганлар бор эди, аммо акага ўхшаб қирқни уриб, бир-икки поғона ошиб ҳам улгурганлари йўқ эди. Чамамда ўқишга қабул қилинувчиларнинг ёшини чекловчи низомга ҳам аканинг “стандарти” чандон тўғри келмас эди.

Сабаби, у – Муҳаммад Юсуф эди.

Гап тамом.

Ўзи Муҳаммад Юсуф адабиётга кеч кириб келди. Эсингиздадир, ўша “Ёшлик” журналида “танк­лар ҳам пахта теради, Замбараклар буғдой ўради ҳали” деган мазмундаги шеъри чиққанда бир кунда машҳур бўлиб кетувди. Биз талабалар ҳайрон бўлганмиз: ёши Сирожиддин Саййиддан ҳам катта, қаерда биқиниб юрди экан, тавба…

Назаримда Муҳаммад Юсуф ростдан ҳам адабиётга бир кунда кириб келиб, ўзининг муқим ўрнини топиб олгандек…

Муҳаммад ака биров билан узоқ эзилиб, эмранишиб ўтиришни хоҳламас эди. Кутилмаганда туриб жўнаб қолар эди. Академиядалигида ҳам кўзга кўринмай панада бечорасиниб юрганлар билан қалин дўст бўлиб олар, бу ҳолат ҳар қандай вазиятда шоирнинг иззатини жойига қўя оладиган казо-казо ва бадавлат талабаларнинг ғашини келтирарди.

Эсимда, 1997 йилнинг баҳори эди. Муҳаммад ака Жиззахнинг Даштободидан Маъруфжон деган йигитнинг туғилган куни эканини билиб қолибди. Академияда ҳам ҳар турли қавм одамлар, тингловчилар бор, ҳамма маълум бир жойда ўз вазифасидан озод этилмаган ҳолда маош олиб ўқиб юради, лавозимдагилар ҳам анча-мунча бор, кўп ўтмай вазир, вилоят ҳокими даражасига кўтарилганлар ҳам бўлди. Аммо Маъруфжон чўлдаги қурилишлардан бирида оддий вазифада ишлар, кейинчалик ҳам карьера қилмай оддийлигича қолди, лекин, кузатишимча, Муҳаммад аканинг умри охиригача қадрдон укаси бўлиб юрди.

Ака вазифадаги кишилар билан мутлақо саломлашмас эди, десам ёлғон бўлади. Улар билан яхши муносабатда бўлар, аммо эшигига бориб ётиб олмас, бир иш битса битди, битмаса афсусланиб ўтирмай, қўл силтаб кетаверар эди.

Қисқаси, Муҳаммад Юсуф кибрдан холи инсон эди.

Академияда гуруҳлар қўшилган катта ауди­тория­да ҳам, кичик аудиторияда ҳам шоир охирги партага ўтиришни одат қилган эди. Бир талай шеърлар, жумладан, ўша “Бир ўғли, бир қизи бор Озоданинг, мен барибир севаман Озодани” деган сатрларини даставвал Академиядаги тингловчилар эшитишган.

1997 – янги йилни кутиб олиш арафасидамиз. Ака­демия ҳовлисида бир нозик, гўё учиб бораётган қизнинг, тошдан шекилли, ҳайкали бор, бироқ у ялангоёқ ҳолда ишланган эди. Қитмирроқ йигитлар тунда, одамлардан бекитиқча қиз тушгурнинг оёғини пойчасига узун қизил пайпоқ кийгизиб қўйишибди. Муҳаммад ака эртаси куни қиз ҳайкали қошидан кетолмай, Европа гўзалига ҳам ибо ярашади, буни тушунган ўзбек ошиқ йигитларига раҳмат айт, мазмунидаги ҳазил шеърни битиб ташлади.

Даштободдаги Маъруфжоннинг одмигина уйи­га “Виллис” деган микроавтобусда 7-8 киши кириб борганимизда йигитнинг дадаси хурсандлигидан қайта-қайта кўз ёши қилган. Роса мириқиб суҳбат қурганмиз.

Вазиятдан гўё ори қўзиган гулистонлик баъзи курс­дошларимиз эртаси куни машина ташкил этишиб, барчамизни Зомин тоғларига саёҳатга олиб чиқишган. Муҳаммад ака Зоминда Бобурга ўхшаб ялангоёқ ҳол­да, оёқларини кериб шеърлар ўқигани ҳамон ёдимда.

Академияда Н.Комилов, Ғайбулла ас-Салом, Ш.Ризаев, Н.Жумахўжа, сингари адабиётшунос домлалар ҳам сабоқ беришарди. Ғайбулла ака турли мавзу, турли жанрларда қалин-қалин китоблар ёзиб чоп этар, академия ректори у одамга хайрихоҳ ва ҳомий эди. Ғайбулла ака менинг “Ҳадисларда давлат қурилиши ва ҳокимиятга муносабат” деб номланган диплом ишимга оппонент, Нажмиддин Комилов раҳбар эди. Диплом иши ёзилмаса, республика нашрларида мавзуга доир уч дона мақола чиқариш ҳам кифоя қилар эди. Камина газета-журналларда 8-9 та мақола чиқарганман, ўзимча керилиб юрибман, бироқ раҳбарим Нажмиддин Комилов мен чиқарган мақолалар билан мавзу орасида ҳеч боғлиқлик тополмай обдон энсаси қотар эди.

Муҳаммад ака бир маҳал орқадан туриб:

– Нажмиддин ака, шу Собирнинг ҳафсаласига беш кетиш керак, – деди. – Биров газетада бир парча хабар чиқарса дунёни бузади, буники саккизта экан-ку, яна ҳаммаси ўқиладиган материаллар…

Нажмиддин Комилов бошқалар нима деркин, деган маънода залга қараган эди, бухоролик курсдошим ўрнидан туриб “Бу йигит нафақат журналист, балки “Ёшлик” деган журналга ҳам муҳаррир, фалон йили бухороликлардан бир неча киши қамалиб кетаётганда журнал ўртага тушиб, жонбозлиги туфайли одамлар ноҳақ қамоқдан қутулиб қолишган”, деб қолса бўладими?

Бу гап ғирт ёлғон эканидан аввало мен уялиб кетдим. Ахир, бизнинг журнал ҳуқуқий нашр эмас, қамалганларга алоқаси йўқлигини ҳамма билади-ку, билмаганларга ҳам йил давомида обуна ҳақида гапиравериб отнинг қашқасидек қилиб қўйганман.

Орқароқда жим ўтирган Ғайбулла ака шарт ўрнидан туриб доска ёнига келди. Аста-секин гапни узоқдан бошлади. Мени, М.Юсуфни уриб ташлади. Мавзуга алоқасизликда айблади. Ер ёрилмайди, мен кириб кетмаяпман, шунчалик ҳам тупроққа булайдими одамни, куёвини, катта шоир М.Юсуфниям аямади-я.

Бироқ Ғайбулла ас-Саломнинг худди ёзганларидаги сингари нутқида ҳам ажойиб манёврлари бор эди.

– Бир қарашда шундоқ, – дея кўрсаткич бар­моғини тепага қарата таъкидлаганнамо қотириб, ўзи ҳам қотиб, кўзларини йирик очиб, тўхтаб, ўйчан ҳолда давом эттирди.

Хулласи калом, матбуотда эълон қилинган ҳар бир мақоланинг айнан фалон ёки пистон ҳадисга мос ёки “худди шундан келиб чиқиб ёзилган мақолалар” эканини Ғайбулла домла шу даражада усталик ва зукколик билан исботладики, ё тавба, муаллиф бўлсам ҳам камина бунақа алоқадорликни сира билмаган эдим…

Диплом иши эгаси, Нажмиддин Комилов, М.Юсуф, хуллас, ҳамма ағрайиб қолган. Нажмиддин акадан ташқари тағин икки проректор ҳам ўтирибди. Улар олдида домлаларим хижолат чекмасликлари учун дос­кага чиқиб Имом Ғаззолийдан бирор соат “маъруза” ўқидим. Жуда қизиқ гаплар эди. Ҳамма қотиб турибди. Лекин бу сафар ҳам мавзуга умуман алоқаси йўқ гап­лар.

Аканг қарағай бошқаларнинг зерикарли ва ўта расмий, сиёсий, китобий мавзуларига қараганда му­ваффақиятлироқ ёқладим диплом ишимни. Лекин қаёқларда ўтлаб юрганимни биргина Шоир билар эди. Шунинг учун ташқарига чиққач, Шоир одатдагидек бурнини ушлаб қотиб, буришиб кулиб, елкамга шап этказиб ураркан:

– Собир, ўлай агар, одам-подаммассан, одам бўл­майсан ўзи сан! – деди.

Ака кам одамларни “сан”сирарди. Лекин самимияти чексизлигини билдириб турарди.

Нажмиддин Жиянов, Сапарбой Очилов, Элмурод Холбозоров, Ғулом Мирзо, сирдарёлик икки раис дўстимиз, Маъруфжон, Жиззахлик Самариддин Тилавов…

Кунлар ўтди. Не бир кунлар ўтди? Сапар қайда, Элмурод қайда? Самариддин дўстимиз икки фарзанд билан бўйдоқ, янга бахтсиз бир тасодиф туфайли оламдан ўтган. Шоир ака унга кўпинча далда бўлишга ҳаракат қилади, тасалли беради. Фалончи, пистончилар ҳам ёмон эмас, деб “номзодлар” тавсия қилади.

Самариддин Худо ёрлақаган йигит экан, шундоқ кўз ўнгимиздаги Давлат ва Жамият қурилиши факультети декани Фатхулла аканинг қабулхонасида ўтирган Зулфия исмли қизни танлади. Гоҳ мен, гоҳ Муҳаммад ака кино, концерт, театрларга патта олиб келиб йигитга берамиз, йигит не кўйда қизнинг кўнглини олишга шошади. Ахир, Зулфияхоним ҳали бўй қиз…

Шоирнинг таъсирими, Самар жўранинг ўзи ҳам чакки эмасмиди, ишқилиб ўқиш адоқлаётган май ойлари сўнгида Сирғалидаги “Бахт” тўйхонасида Самариддин билан Зулфиянинг никоҳ базмини ўтказганмиз. Ғаллаоролдан Самарнинг отаси Ўрол бобо етовида бир автобус одам етиб келган. Бу ёқда шоир ҳофиз халқини қаторлаштириб ташлаган, ҳар замон ўзиям енгил ўйнаб давра кезиб қолади…

Самарни, арбоб Самариддин Ўроловични шундай уйлантириб эдик. Муҳаммад ака бош бўлган эди.

М.Юсуф гарчи жуда машҳур бўлиб кетган бўлса-да, нуфузли нашриётларга қўлёзма кўтариб боришни ўзига эп кўрмасди. Хусусий нашрлар қалам ҳақи бермаса-да 50-100 та китобни ўзига ортиқча чиқариб беришни ваъда қилса, шоир розилик бераверарди. Ўқишни тугатиш арафасида сарғайган газета қоғозига босилган китобчаси бир нашриётда чоп этилди.

Дўкондан бир дона сотиб олдим-да, акага дастхат ёздириш учун бордим. Ака менга кулиб қараб тураверди.

– Сан кичкина ижодкормассан, ўғлингнинг номини айт, – деди сўнг.

Китобга эса “Оловиддинжон! Яхши одам бўл!” деб ёзиб қўйди…

Шунда мен талабалик давримиз, ўшанда матбуотда тез-тез кўринадиган шоирлар М.Кенжабек, С.Саййид, М.Юсуфларнинг биринчи китоблари чи­қишини кутганимиз, “Мактубларим”, “Руҳим харитаси”, “Таниш тераклар” нашр этилганида ўнлаб шеър­ларни ёд олиб, пахта далаларида байтбарак қилганларимизни эсладим. У вақтларда шеър, китоб шу тахлит байрам қилинганини акага айтдим. Энди шеърларингиз қўшиқчилар тилидан тушмайди, шоирларнинг ватанпарварисиз, дедим. У одам менинг икки елкамдан ушлаб, тикилиб қолди.

– Қўяверасиз-да энди, Собирвой, – деди-ю, тез ортига ўгирилди.

Мақтовни унча хушламас эди…

Кейин Муҳаммад ака ўзи тез орада арбобга айланди. “Халқ шоири” бўлди, кўп ўтмай “сенатор” бўлиб олди. Шогирдлари жудаям кўп эди. Шуларнинг ичидан камтарроғини танлаб, юр, дея бирга кетаверар эди. У билан ҳам аслида эмранишиб ётмас эди.

Бир куни иккаламиз Мустақиллик метросига тушсак, шоир Ислом Аҳадни кўриб қолдик. Ислом ака шоирнинг курсдоши экан. Шоирнинг озгина “даража”си бор эди, аввал ўртоғидан ўпкалади, “отам ўлди – келмадинг, ундан аввал катта қизимнинг тўйига келмадинг, одамгарчилик борми?” деди. Ислом Аҳад кулиб ҳазилга бурган эди, ака қўполлашиб уни шунақа сўкиб ташладики, ҳеч нари-бериси йўқ, Ислом Аҳад ҳам ўртоғидан буни кутмаган эканми, шартта жуфтакни ростлаб қолди.

Одамлар, айниқса қўшиқчиларнинг тез маш­ҳурлик касаллигига йўлиққанини кўрамиз. Ижодкорлар орасида ҳам учрайди. Агар шоир зотида шу касаллик урчиса, М.Юсуфга биринчи галда ёпишиши керак эди, ўйлайманки, шунда тантиқлик қилиш ҳам шоиримизга ярашиб туриши мумкин эди. Лекин шоир машҳурликка бепарво эди. Чиндан ҳам унда кибр-ҳаво йўқ эди.

Устозларига, айниқса Абдулла Ориповга ни­ҳоятда содиқ эканини кузатганман.

Бир гал ўша Мустақиллик майдонидаги уюшма биносида раисимиз Абдулла аканинг кабинетида суҳбат қуриб ўтирардик. Раис ижодий фаолликни кучайтириш ҳақида гапириб, иккимизга ҳам танбеҳ берди. Барнохон ҳар замон кириб памил чой дамлаб беради. Кеч тушиб, қош қорая бошлади. Ҳанифа янга чамаси Дўрмондан акага телефон қилиб қолди. Бир пайт: “Нима? Отам! Отамми?” деб ўрнидан туриб кетди. Кўзлари катта очилиб, юзи шундай ваҳимали тус олдики, бунақа ҳолатни биринчи кўриб туришим эди.

Муҳаммад акаям, мен ҳам раиснинг отаси Ориф бобо вафот этганини сезиб турардик. Ориф бобонинг узоқ умр кўрганини ҳам билардик. Бироқ шоир ўзи олт­мишдан ошиб ҳам худди гўдак фарзанддек ув тортиб юборишини кутмаган эдик. Раис жуда кўп одамларга қўнғироқ қилди. Боладай ўксиб йиғлади. Биз қандай тасалли беришни билмаймиз. Кўп ўтмай Девон, Вазирлар Маҳкамасининг масъул одамлари ҳам акага қўнғироқ қилиб ҳамдардлик билдира бошлашди.

Муҳаммад ака Ориф бобонинг узоқ яшаганини назарда тутди, шекилли:

– Тўй-да энди бу, ака, кўп ҳам эзилаверманг, – деди.

Бироқ Абдулла ака тўсатдан бошқача тутоқиб кетди:

– Нима? Тўй? Бу сенга тўй, менга тўй эмас!

Муҳаммад ака тўй деб чакки гапирганини дарҳол тушунди. Ўтиниб кечирим сўрай бошлади. Раисимиз эса ҳовридан тушай демасди. У ёғидан ўтдик, бу ёғидан ўтдик, шоир пича босилгандек бўлди. Ҳанифа янгага телефон қилиб, фалон ердаги мен ҳаждан опкелган замзам сувини олинглар, отамни шу сувда ювдираман, деди.

Раис уйига бориб ҳам ўтирмай учта машинада фарзандлари, рафиқаси, ўринбосари, жумладан Му­ҳаммад Юсуф ҳам қўшилиб Косонга жўнаб кетди. Муҳаммад ака то маъракалари ўтгунча ўша ёқда бўлди.

Кейин ҳам бекор бундай дебман, дея афсусланиб юрди.

На устоз, на шогирд бу танг ҳолатни қайтиб эслаб ўтирмадилар…

Иттифоқо, Шоир кунларнинг бирида сайланма китоб чиқарди. Ҳаммага тарқатди. Адашмасам юбилейига тайёрланаётувдими, билмайман. Ўзи тўсатдан келиб хокисор, ажойиб ёзувчи дўстимиз Абдуқаюм Йўлдошевга “Сиз, Абдуқаюм, “Зарафшон” ресторанида ўтадиган тақдимот сценарийсини ёзиб берасиз”, деб қолди. Абдуқаюм довдираб қолди: “Қандай бўларкин, бунақа нарсага ишим тушмаган”.

– Йўқ, сиз боплайсиз, – деди Муҳаммад ака. – Тамом-вассалом.

Шундай деди-да, Шоир чиқди-кетди.

Абдуқаюм, қўлида “Сайланма”, менга қарайди.

– Аканинг ижодиниям зўр билмайман. Қўшиқ­ларини биламиз-ку, лекин…

– Уриниб кўринг, – дедим мен.

Абдуқаюмдай тезкор ишлайдиган ижодкор Ўз­бекистонда йўқ. Бирор мавзуда мақола буюрсангиз, кун эмас, соатлар ичида айтганингиздан ҳам зўрроқ шаклда компьютерда тап-тайёр қилиб беради. У эртаси куниёқ 20 саҳифалик сценарий ёзиб келди.

– Аканинг шеърлари қиёмат, – деди ҳая­жон­ла­ниб. – Ёнимизда юргани билан барибир ижодини чуқур билмас эканмиз.

У сценарийни Шоирга берди. Бир маҳал ўзи келиб Абдуқаюмни қучиб алқай кетди.

– Зўр, айтмабмидим, ўйлаганимданам зўр! Раҳ­мат, ука! – деди.

Ўша кунлари уюшма раҳбарияти Элликқалъага ёшлар семинарига тайёрланишаётган эди. Тез орада бир қанча шоир ва ёзувчилар раис Абдулла ака бошчилигида Нукусга учиб кетишди. Уюшма раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари сифатида Муҳаммад Юсуф ҳам бирга эди. Ва… ўзимиз билган қисқа тарих – ака қайтиб келмади.

Комада – беҳуш ётганини эшитиб уч кун юрак ҳовучлаб турдик. Тўртинчи куни эса… биз истамаган мудҳиш хабарни эшитдик…

Кеча, кўз ўнгингда ғайрати тошиб турган инсон, куйчи шоир, меҳрибон дўст ва оға… тўсатдан… Ажалга ҳукм йўқ экан!

Абдуқаюм бўлса, аканинг ижодини ўқиб беихтиёр яхши кўриб қолувдим, сценарийни ўзим билмаган бир илҳом билан бир ўтиришда ёзиб ташлаб эдим, деб афсус қилди. Ҳалигача афсус дейди.

Эртаси куни адабиёт газетамизда Президентнинг шоирнинг онаси Энахон опага таъзияномаси эълон қилинди. Халқнинг кўнглини забт этган, меҳрига сазовор бўлолган ижодкорга юрт раҳбарининг чуқур ҳурмат-эҳтироми, ғамхўр оқсоқолнинг куйингани эди бу. Айни пайтда ўзбек шеър ихлосмандларининг иродаси рамзи эди.

…Вақт ўтиб жойларда шоирнинг эллик ёшлигини нишонлаш бошланди. Унинг номида фонд ташкил этилди. Парчадеккина газета ҳам босила бошлади.

Юнусободдаги бир мактабда ўтказилаётган тад­­бирда профессор Қозоқбой Йўлдошев, шоирнинг умр йўлдоши Назира ас-Саломлар бор эди. Жу­да кўтаринки руҳдаги учрашув эди. Назира опага мен бир неча йиллар аввал бир гуруҳ турли ёшдаги, турли вазифадаги одамларни уйига бошлаб бориб, ўшандан бери мухлисларга қўшилиб акани “почча” деб атай бошлаганимни сўзлаган эдим. Опа ҳам:

– Собиржон, шу хотираларингизни ёзиб берсангиз, мен газетада берардим. Очиғи ўша келганларингиз, кимлар билан келганингиз аниқ эсимда йўқ, – деб қолди.

Ўйлаб юрдим-у, бироқ ёзиш фурсати келмади.

Мана, ёзилди ҳам.

Акани, дўстни, Шоирни яхши кўриб юрганимиз шундан ҳам маълум бўлса керак…

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон