Жорж Оруэлл. Филнинг отилиши (ҳикоя)

Қуйи Бирманинг Моламяйн қишлоғидаги кўпчилик мендан нафратланарди ва бундан баъзан ғурурланиб қўярдим, чунки ўша пайтлари ҳаётимда бир марта бўлсаям эътибор марказида бўлгандим. Мен шаҳарча полициясида офицер бўлиб ишлардим, мамлакатда эса аксилевропа қарашлар анча илдиз отган пайтлар эди. Тўғри, ҳеч кимнинг ҳам қурол кўтариб, қўзғолон уюштиришга ҳадди сиғмасди, бироқ бирор европалик хонимча ёлғиз ўзи бозор оралаб кетаётган бўлса, нордон пальма шарбати билан кўйлаги бежаб қўйиларди. Полиция ходими сифатида мен ҳам ҳамманинг нишон марказида эдим ва пичинг-у кесатишлардан, табиийки, бебаҳра қолмасдим. Бирор чаққон бирмалик мени футбол майдонида чалиб йиқитса ва бунга бирмалик ҳакам кўз юмса, оломон жуда хунук бақириб устимдан куларди. Бу ҳолат бир неча марта содир бўлди. Охир-оқибат, мени таъқиб қилувчи ва мазах қилувчи сарғиш юзлар-у ортимдан айтиладиган ҳақоратлар қаттиқ асабимга тега бошлади. Энг кўп ҳаддидан ошадиганлари ёш буддавий руҳонийлар эди. Шаҳарда уларнинг бир неча минглагани яшар ва кўча бурчакларида туриб европаликларни масхара қилишдан бошқа ишлари йўқ эди.
Буларнинг барчаси сабр косамнинг тўлишига сабаб бўларди. Ўша пайтда империализмнинг ҳақиқий даҳшатини англаб етгандим, шу сабабли ҳам тезроқ хизматимни якунлашни ўйлардим. Назарий жиҳатдан (яширин, албатта) бирмаликларнинг ёнини олиб, уларга зуғум қилгувчи инглизларга қарши эдим. Қилаётган ишимга келсак, уни сиз тасаввур қилганингиздан-да кўпроқ ёмон кўрардим. Шунга ўхшаш ишда ишлаб кўрсангиз, империянинг ифлос ишларига яққол гувоҳ бўласиз. Бадбўй қафасларда буришиб турган маҳбусларнинг тушкун қиёфалари, узоқ муддатга ҳукм қилинган маҳкумларнинг кўкарган даҳшат тўла қиёфалари, бамбук билан саваланавериб моматалоқ бўлиб кетган думбалари – буларнинг барчаси мени айбдорлик ҳиссига асир қилиб қўярди. Аммо ҳеч нарсанинг ўзгаришига умид қилолмасдим, чунки ёш ва чаласавод эдим, ўзимни қийнаётган муаммолар ҳақида Шарқдаги ҳар бир инглиз онгига мажбуран сингдирилганидек жимгина ўй сурардим. Ҳаттоки, Британия империяси заволга юз тутаётганига, шунингдек, ўрнини эгаллаш иштиёқидаги ёш империячалардан унинг анча яхшироқ эканлигига ҳам ақлим етмасди. Биладиганим шу эдики, ўзим хизмат қилаётган империямга нисбатан нафратим ва ишимни янада мушкуллаштираётган баджаҳл митти махлуқларга қарши ғазабим аросатида қовурилаётган эдим. Гоҳ Британия рожалиги кўзимга мазлум халқни абадий қўрқув остида тутиб турадиган золим ҳокимиятдек кўринар, гоҳида эса мен учун буддавий руҳонийлар қорнига пичоқ тирашдан ортиқ қувонч йўқдек эди гўё. Бу каби ўйлар империализмнинг қўшимча маҳсулотидир, буни исталган инглиз-ҳинд расмийсидан сўраб ишонч ҳосил қилишингиз мумкин, агар уни ишдан бўш пайти учратсангиз албатта.
Кунлардан бир куни озгина бўлса ҳам ўйларимни равшанлаштирадиган битта воқеа юз берди. Бу кичик бир воқеа бўлишига қарамасдан, империализмнинг асл моҳиятини тўлақонли ошкор этиб, мустабид ҳокимият манзараларига гувоҳ бўлишимга имкон берди. Бир куни эрта тонгда шаҳарнинг нариги чеккасидаги полиция бўлимининг участка инспектори қўнғироқ қилиб, битта фил бозорни тит-питини чиқараётганини айтди. “Илтимос, келиб бир нарса қилинг”миш, мен нимаям қила олардим? Лекин нима бўлаётганини ўз кўзим билан кўриш истагида отимга миниб дарров йўлга тушдим. Йўл-йўлакай филни отиш учун анча кичиклик қиладиган, аммо шовқини ҳечқурса уни қўрқитиб қўяр деган ўйда эски 44 калибрли Винчестер милтиғимни олдим. Йўлда кетаётганимда бирмаликлар тўхтатиб, филнинг қилмишлари ҳақида куйиб-ёниб гапириб беришди. У, албатта, ёввойи эмас, аксинча, қўлга ўргатилган маст фил экан. Қутурган пайти занжирлаб қўйишган экан-у, лекин ўтган кеча занжирни синдириб қочиб кетибди. Филни бундай ҳолатда фақат унинг маҳаватигина назорат қила оларди, у эса ўн икки соат олдин аллақачон филнинг изидан тушиб нотўғри йўналишга кетиб қолган ва фил шаҳарда тўсатдан яна пайдо бўлиб қолганди. Бирма аҳолиси фил қаршисида қуролсиз ва ожиз эдилар. Таъқибдаги фил эса аллақачон бировларнинг бамбук кулбасини вайрон қилишга, сигирини босиб кетишга ва мева дўконларига бостириб кириб, маҳсулотларни паққос туширишга улгурибди; булар ҳам етмагандек, олдидан шаҳарча ахлат ташиш машинаси чиқиб қолиб, филнинг оёқлари остида ерпарчин бўлибди.
Бирма инспектори ўринбосари ва бир нечта ҳинд миршаблари мени филни кўрган жойларида кутиб туришган экан. У ер шаҳарчанинг жуда ғариб қисми бўлиб, тикка тоғ ёнбағридан пастга қараб кетган, томи пальма барглари билан ёпилган бамбук кулбалардан иборат лабиринт экан. Эсимда, ёмғирлар мавсуми бошланишидан дарак бераётган булутли бўғиқ тонглардан бири эди. Йўлда учраган одамлардан филнинг қай томонга кетганлиги ҳақида суриштириб, одатдагидек, жўяли жавоб ололмадик. Шарқда доим шундай; бирон-бир воқеа дастлабки эшитган пайтингиз анча равшандек туюлади, бироқ воқеа манзараларига яқинлашганингиз сари у мавҳум бўлиб бораверади. Баъзилар фил бу ёққа қараб кетди деса, бошқалари у ёққа кетди, деб қўлларини бигиз қилиб йўл кўрсатарди, учинчи тоифа одамлари эса ҳеч қанақа фил ҳақида эшитмаганини уқтирарди. Сал нарироқдаги бақир-чақирни эшитиб қолмагунимизча фил тўғрисидаги бутун ҳикоя ғирт уйдирма экан-ку, деган қарорга келаёзгандик. “Йўқолларинг бу ердан зудлик билан, ҳой болалар!”, дея ғазабнок оҳангда бақирганча битта қари кампир қўлидаги қамчи билан кулбасидан чиқиб келиб, бир тўда ярим-яланғоч болаларни шафқатсизларча ҳайдай бошлади. Худди ўша ерда ёш болалар кўриши мумкин бўлмаган нимадир бордек, бир неча аёл ҳам кампирга қўшилиб, уларни нари итара бошлашди. Кулбани айланиб ўтиб лойга чапишиб ётган қип яланғоч бир кишининг мурдасини кўрдим. У жанубий ҳиндистонлик қора ишчи экан, ўлганига ҳам унча кўп вақт бўлмапти. Атрофдагиларнинг айтиши бўйича, фил кулба ёнида марҳумнинг олдидан чиқиб қолиб, уни хартуми билан ўраб олиб ерга урган. Ўша пайтлар айни ёмғир мавсуми бўлганлиги учун ер ҳам анча юмшаб қолганди, мурданинг юзи эса бир фут чуқурликдаги ва бир неча ярд узунликдаги ариққа ботиб кетганди. У қўлларини қовуштирганча бағрини ерга бериб ётарди, боши эса бир томонга кескин қайрилган эди. Мурданинг юзи лой билан қопланган, кўзлари катта-катта очилган, тишлари тўкилиб, лабларида чидаб бўлмас азобдан аччиқ табассум ифодаси қотиб қолганди. (Айтганча, ҳеч қачон менга марҳумлар гўзаллашиб қолади деманг. Мен кўрган жасадларнинг кўпи шайтонга ўхшаб кўринарди.) Баҳайбат ҳайвоннинг оёғи терини худди қуён терисига ўхшаб силлиққина шилиб кетганди. Ўлган одамни кўришим билан фил отадиган милтиқ олиб келиш учун яқин атрофдаги бир дўстимнинг уйига аскар жўнатдим. Отимни эса аллақачон қайтариб юборган эдим, чунки у филнинг ҳидини олса, чўчиб кетиши ва мени улоқтириб юбориши турган гап эди.
Бир неча дақиқадан сўнг аскар милтиқ ва бешта патрон билан қайтиб келди, бу орада маҳаллий бирмаликлар келиб, фил бир неча юз ярд наридаги шоли далаларида эканлигини айтишди. Олдинга қадам қўйишим билан кварталнинг деярли барча аҳолиси уйларидан чиқиб, ортимдан юра бошлашди. Улар милтиқни кўриб бўлишганди ва мени филни отишга чоғланяпти деб ўйлаб ҳаяжонланиб бақиришарди. Фил ўз уйларини бузиб ташлаётганида ҳам бунчалик жунбушга келишмаган халқ энди унинг отилиши арафасида ўзларини тамоман бошқача тутишаётган эдилар. Бўлажак ҳодиса инглиз оломонини қизиқтиргани каби улар учун ҳам жуда қизиқарли эди; бундан ташқари улар гўшт олишни хоҳлашарди. Бу мени жуда ноқулай аҳволга солиб қўйган эди, чунки филни отиш ниятим йўқ эди – ўзимни ҳимоя қилиш зарурияти юзасидан милтиқни олдиргандим, орқамдан оломоннинг эргашиб юришидан эса асабийлашиб кетдим. Елкамдаги милтиқ ва олдинга итараётган саноқсиз халқ лашкари билан ўзимни худди аҳмоқдек ҳис қилиб тепаликдан тушдим. Тепаликдан пастда, кулбалардан бироз йироқлашган ҳудуддан асфальт йўл ўтган бўлиб, ундан қуйироқда ҳали шудгор қилинмаган бўлса-да, биринчи ёмғирдан кейин ивиган ва майсалар билан қопланган минглаб ярдларга чўзилган бўм-бўш шоли далалари бор эди. Йўлдан саккиз ярд нарида фил чап томонини бизга қаратиб турарди. У ўтларни юлиб, тиззасига уриб тозалаб, оғзига солиш билан банд бўлиб, оломон яқинлашаётганини пайқамасди.
Йўл ўртасида дафъатан туриб қолдим, чунки филни кўришим билан уни отмаслигим кераклигини аниқ ҳис қилдим. Ҳаракатланаётган филни отиш жуда мушкул – бу улкан ва қимматбаҳо техникани йўқ қилиш билан баробар эди ва бу ишнинг иложи борича олди олингани маъқул. Бир қараганда у тинчгина кавш қайтараётган сигирчалик ҳам хавф туғдирмасди. Ўшанда ва ҳозир ҳам филнинг мастлик даври аллақачон поёнига етганига амин эдим; токи маҳавати келиб уни тутиб олиб кетмагунча шунчаки тентираб юрсаям бўларди. Устига-устак, уни отишни зиғирчаям хоҳламаётгандим, шунинг учун ҳам бошқа ҳеч кимга зарар етказмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун уни бироз кузатиб кейин уйга қайтмоқчи бўлдим.
Бироқ шу лаҳза ортимдан эргашиб келувчиларга қарадим. Йўлда камида икки мингтача одам йиғилган бўлиб, бу миқдор дақиқа сайин кўпайиб борарди. Уларнинг шарофати билан йўлнинг иккала томони ҳам тўсилиб қолганди. Филнинг отиб ташланишидан шодланиб, томошани интиқлик ила кутаётган ялтир-юлтур кийимларга чулғанган сарғиш башаралар денгизига боқдим. Улар ҳийла ишлатмоқчи бўлган кўзбойлоғични томоша қилгандай, мени диққат билан кузатиб туришарди. Оломон мени ёқтирмаса-да, қўлимдаги сеҳрли милтиқ шарофати билан томоша қилинишга арзирдим. Тўсатдан филни барибир отишим кераклигини англадим. Одамлар мендан шуни кутишарди ва уни амалга оширишим лозим эди; икки мингта хоҳиш мени рад этиб бўлмас куч билан олдинга силжитаётганини ҳис қилдим. Айнан шу дақиқада қўлимда милтиқ билан турган ҳолимда, илк маротаба Шарқдаги оқ танлилар ҳукмронлигининг нақадар бўш ва самарасиз эканлигини идрок этдим. Мен ташқаридан қараганда қурол-аслаҳасиз маҳаллий аҳоли олдида қуролланган оқ танли сифатида бош ролни ижро этаётган актёр бўлиб кўринсамда, аслида ўша орқамда турган сарғиш башараларнинг иродаси билан дам у ёққа, дам бу ёққа туртилаётган бемаъни бир қўғирчоқ эдим, холос. Шу лаҳзада англаб етдимки, оқ танли одам золим бўлганида, бу ўз эркинлигини йўққа чиқаради. У “соҳиб”нинг қандайдир ичи бўш, сирти ялтироғ-у ичи қалтироқ анъанавий нушасига айланиб қолади. Ҳукмронлигининг шарти ўлароқ, у умрини “тубжой аҳоли”га таъсир ўтказишга сарфлаши ва ҳар бир инқироз ҳолатида “маҳаллий аҳоли” кутган ишни бажариши керак. У ниқоб кияди ва юзини ўша ниқобга мослаштириб олади. Филни отишим лозим эди, буни милтиқ олиб келишни буюрганимда зиммамга олиб қўйгандим. Соҳиб худди соҳиб сингари йўл тутиши жоиз; у қатъиятли кўриниши, ўз фикрини билиши ва аниқ ҳаракат қилиши лозим. Шу боис ҳам қўлда милтиқ, орқамда икки минг одам бўлатуриб, ҳеч нарса қилмасдан серрайиб туравериш имконсиз эди. Оломон устимдан куларди. Бутун ҳаётим, Шарқдаги ҳар бир оқ танли киши ҳаёти – бу мазах қилинмайдиган узоқ давом этувчи бир кураш эди.
Аммо филни отишни истамасдим. Унинг бир тутам майсани филларга хос паришонхотирлик билан тиззаларига уришини томоша қилиб турдим. Уни отиш худди қотиллик содир этишдек бўлиб туюлди. Ўша пайтда ҳайвонларни ўлдиришдан унчалик таъсирланмасдим, лекин ҳеч қачон фил отиб кўрмагандим ва отишни истамаганман ҳам. (Улкан ҳайвонни ўлдириш доим бироз нохушдек туюлади.) Бундан ташқари, маҳлуқнинг эгасини ҳам инобатга олиш керак эди. Тириклигида камида юз фунтга баҳоланадиган фил ўлик ҳолатида, эҳтимол, тишлари учунгина беш фунтга арзир. Аммо тезда бирор нима қилмасам бўлмасди. Биз етиб борганимизда шу атрофда турган баъзи тажрибали кўринувчи бирмаликларга мурожаат қилиб, филнинг ўзини қандай тутганлигини сўрадим. Уларнинг барчаси битта гапни айтишди: агар уни ёлғиз қолдирсангиз, сизни пайқамайди, мабодо унга жуда яқин келсангиз, ташланиши мумкин.
Нима қилишим кераклигини тушуниб етдим. Мен ундан, айтайлик, йигирма беш ярд берироқда туриб, унинг феъл-атворини синаб кўришим керак. Ташланадиган бўлса, отиб ташлайман; агар мени пайқамаса, маҳавати қайтиб келгунча ундан нари кетиш хавфсизроқ бўлади. Бироқ бундай қилмаслигимга кўзим етарди. Қўлида милтиқ тутган нўноқ бир ўт очувчи эдим, замин эса юмшоқ лойга айланган, ҳар қадамда ботиб кетиш мумкин эди. Агар фил ташланиб қолса-ю, қулай пайтни бой берсам, у ҳолда худди асфальт текисловчи машина остига тушиб қолган бақада тирик қолишга қанча имкон бўлса, менинг ҳам шунча имконим қолар эди. Шунга қарамай, ўзим ҳақимда эмас, балки орқамда турган сарғиш юзлар тақдиринигина ўйлардим, чунки ўша пайтда оломон мени кузатиб турарди, агар ёлғиз бўлганимда муқаррар қўрқувни умуман ҳис қилмасмидим. Оқ танлилар маҳаллий аҳоли олдида қўрқмаслиги керак ва шу боис у умуман қўрқмайди. Хаёлимга келган ягона ўй агар бирон нохушлик юз берса, икки минг бирмалик таъқиб қилинаётганимни, оёқ ости бўлганимни ва тепаликда қолган ҳинд сингари янчилиб, жилмайган жасадга айланишимни кўришларидан иборат эди. Мабодо шундай воқеа содир бўлса, уларнинг баъзилари устимдан кулиши аниқ эди. Бу ҳеч қачон юз бермайди. Фақат битта йўл қолганди.
Патронларни стволга жойлаб, яхшироқ ғоя ўйлаб топиш учун йўлда ётиб олдим. Оломон сукутга чўмди ва ахийри театр пардаси кўтарилганини кўрган томошабинлар сингари сон-саноқсиз томоқлардан чуқур ва паст товушда, лекин хурсанд хўрсиниқлар эшитилди. Ва ниҳоят, улар ўз хурсандчилигига эришмоқда эдилар. Қўлимда оптик мўлжаллагичли ажойиб немис милтиғи бор эди. Ўшанда филни бир қулоқ тешигидан иккинчисигача бўлган хаёлий чизиққа йўналтириб отиш кераклигини билмасдим. Шу боис, фил ёнламасига тургани учун, тўппа-тўғри унинг қулоқ тешигини мўлжалга олишим лозим эди, бироқ мия сал олдинроқда деб ўйлаб, қулоғидан бир неча дюйм берироқ жойни нишонга олиб юборибман.
Тепкини босганимда, на ўқ овозини эшитдим, на зарбани ҳис қилдим – аниқ нишонга текканда шунақа бўлади, лекин оломон орасида хурсанд бақир-чақирлар кўтарилганини эшитдим. Шу лаҳзада, жуда қисқа вақт ичида, фил ўққа дучор бўлган бўлса ҳам, унда сирли ва даҳшатли ўзгариш юз берди. У қимирламади ва йиқилмади, лекин танасининг ҳар бир чизиғи ўзгарган эди. У бирдан қотиб олган, бурушган, жуда қариб кетганга ўхшарди, ўқнинг даҳшатли зарбаси уни шол қилиб қўйгандек эди гўё. Ниҳоят, жуда узоқ туюлган беш сониядан сўнг, у тиз чўкиб эгилиб қолди. Оғзидан сўлаги оқди. Маъшум қарилик бутун танасига ўз ҳукмини шунчалик кучли ўтказгандики, уни минг ёшларда деб тасаввур қилиш мумкин эди. Мен яна ўша жойга қарата ўқ уздим. Иккинчи зарбада ҳам у йиқилмади, аммо умидсиз ва заиф аҳволда – оёқлари солиниб, боши ҳам бўлганча зўрға оёққа туриб, текисланди. Учинчи марта ўқ уздим. Бу сафарги ўқ уни йиқитди. Қаттиқ оғриқ қай тарзда филнинг бутун вужудини ларзага келтириб, оёқларидаги сўнгги кучни қирққанига гувоҳ бўлдим. Лекин йиқилаётганида танаси хиёл кўтарилгандай туюлди, чунки фил орқа оёқлари устига ўтириб қолганида, гавдаси улкан қоя сингари, хартуми эса дарахт сингари осмонга кўтарилгандай бўлди. У биринчи ва охирги марта наъра тортди. Кейин қорнини мен томонга қаратиб гурсиллаб шундай қаттиқ йиқилдики, гўё ётган жойим қимирлаб кетгандай бўлди.
Ўрнимдан турдим. Бирмаликлар аллақачон лой кечиб ёнимдан югуриб ўтиб кетишди. Энди ҳеч қачон бошқа туролмаслиги равшан бўлса-да, фил ҳамон тирик эди. У оғриқдан инграганча бир маромда нафас олиб чиқарар, очиқ оғзидан ҳиқилдоғининг оч пуштиранг чуқурчаси кўриниб турарди. Унинг ўлишини узоқ кутдим, лекин нафас олиши заифлашмасди. Ниҳоят, қолган иккита ўқни юрагини тусмоллаб отдим. Қизил духобадек қуюқ қони отилиб кетса ҳам фил барибир жон бермади. Отган пайтимда танаси ҳатто қимирламади ҳам, азобли нафас олиши эса тўхтовсиз давом этаверди. У жуда секин ва қаттиқ азоб чекиб ўлаётганди, лекин шу билан бирга мендан анча олисга – ўқ азоб бермайдиган жойга кетаётганди. Филнинг азобларига нуқта қўйишим кераклигини англадим. Қимирлай олмайдиган, ўлишга ҳам ожиз ерда ётган улкан махлуққа қараш, айниқса, уни ўлдира олмаслик жуда аянчли ҳол эди. Уйдан кичикроқ милтиғимни олдириб, унинг юрагига ва томоғига қарата ўқ отавердим. Булар ҳеч таъсир қилмаётгандай туюлди, азобли ҳансирашлар соат чиқиллаши сингари узлуксиз давом этаверди.
Охир-оқибат, манзарага ортиқ доц. беролмай у ердан кетдим. Кейинчалик, эшитишим бўйича фил нақ ярим соат ўлим билан олишибди. Кетишимдан олдин бирмаликлар ханжар ва сават олиб келишаётганини кўрувдим, тушгача қолмай филнинг суякларигача шип-шийдам қилиб олиб кетишибди.
Албатта, ўшандан сўнг филнинг отилиши бўйича ниҳоясиз мунозаралар бўлиб ўтди. Эгаси ғазабланди, лекин у бор-йўғи фақат битта ҳинд эди ва табиийки, қўлидан ҳеч нарса келмасди. Бундан ташқари, мен қонунан тўғри иш қилгандим, чунки маст фил, агар эгаси бошқара олмаса, қутурган ит каби ўлдирилиши керак. Бу борада европаликлар икки хил фикр билдиришди: катталар менинг ҳақлигимни таъкидлашса, ёшлар қора ишчини ўлдиргани учун филни отишни шармандалик деб баҳолашди, чунки битта фил ҳар қандай жанублик ялангоёқдан қимматроқ турарди. Сўнгра эса ўша ишчининг ўлдирилганидан жуда хурсанд бўлдим, чунки унинг ҳалокати мени қонуний равишда оқлаб, филни отиш учун ишонарли баҳона вазифасини бажарди. Баъзан ўша ердаги одамлардан кимдир буни аҳмоқдек кўринмаслигим учунгина қилганимни сезиб қолмадимикин, дея ўзимдан сўраб қўярдим.

1936 йил

Инглиз тилидан Сожида Самандарова таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 5-6-сон