Суюн Қораев. Ўрта Осиёнинг қадимий ўлчов бирликлари (1990)

Ҳозирги ўлчов бирликлари қабул қилинмасдан олдин Шарқда, жумладан, Ўрта Осиёда хилма-хил ўлчов бирликлари бўлганки, қуйида келтирилган атамалар буларнинг бир қисми, холос. «Бир пиёла чой ичими», «бир гўшт пишими», «бир чой қайнами», «бир сут пишими» (вақт ўтди), «бир тегирмон сув», «бир сиқим», «бир ҳовуч», «бир коса», «бир тутам», «арқон бўйи», «бир юмалоқ» (чой) каби сўзлар яқин вақтларгача ҳам муомалада бўлган. Руслар 50 г чойни осъмушка (қадоқнинг саккиздан бири) дейишган, бу сўз Ўрта Осиёнинг бир қанча жойларида «ашмишка» деб юритилган. Жуссаси кичик одамларга нисбатан «ашмишка» деган лақаб ҳам ишлатилган.

Мамлакатимизда ҳозирги ўлчов бирликлари 1918 йилда жорий қилинган. 1927 йилдан эътиборан бошқа ҳар қандай ўлчов бирликларидан фойдаланиш бутунлай ман этилган. Шундан сўнг узунлик учун метр, оғирлик учун килограмм, ҳажм учун кубометр, суюқлик учун литр, вақт учун секунд ва уларнинг ҳосилалари қабул қилинди.

Шунга қарамасдан ёзма адабиётда ва халқ орасида ботмон, мисқол, тош, олчин, газ, қари, таноб, чакса каби ўлчов бирликлари ҳамон тилга олинади.

Ўрта Осиёдаги қадимий ўлчов бирликлари ҳақида бир қанча тарихчилар, шарқшунослар, этнографлар, тилшунослар сўз юритганлар. Бу мақола ана шу мутахассисларнинг фикрлари асосида ёзилди.

Оғирлик (вазн) ўлчовлари

Ботмон-манн — Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида, жумладан, Ўрта Осиёда ишлатилиб келинган оғирлик ўлчови. Ёзма адабиётда манн, халқ оғзида кўпроқ ботмон деб юритилган. Турли жойда турлича вазнни билдирган; XIX асрда Хоразмда 20,16-40,95 килограммга, Бухоро ва Самарқандда, асосан, 8 пуд (131 кг)га, Фарғона водийсида 8 — 10 пуд (131 — 163 кг)га, Тошкентда 10,5 пуд (171,9 кг)га тенг бўлган. Айни вақтда ботмон майдон ўлчови ҳам ҳисобланган: бир ботмон уруғ (буғдой) кетадиган жой «бир ботмон ер» деб аталган.

Ботмон сўзи ёзма адабиётда дастлаб Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит турк» асарида қайд қилинган. Бир қанча олимлар ботмон туркий «ботмоқ» (ботиб кетмоқ, чўкмоқ) ва арабча «манн» сўзларидан келиб чиққан деб ҳисоблайдилар.

Дахсари (дахсар-дахсер) — бу ўлчов бирлиги Ўрта Осиё шаҳарларида, жумладан, Самарқанд ва Бухорода маннинг (ботмоннинг) чорак қисмига тенг бўлган.

Дирҳам — қадимги Юнонистондаги кумуш пул бирлиги — драхма (4,25-4,33 г) сўзининг арабча талаффузидир. Бухорода 3,36 — 3,5 г, Хоразмда 3,185 г ҳисобланган.

Йўхча (юхча) — XIX асрда Тошкентда чоракнинг 1/4 қисми (671,8 г)га, Хўжанд атрофларида 4 килограммга, Бухорода 2 нимчага баравар эди.

Мисқол — 4 граммдан 5 граммгача бўлган вазнни билдирган. Ўрта Осиёга араблардан ўтган; араблар эса уни румликлардан қабул қилганлар. Самарқандда 4,46 г, Хоразмда 4,53 — 4,55 г. Бухорода 4,8 — 5,0 г бир мисқол ҳисобланган. Фарғона водийсида бир мисқол 4,55 г, XIX асрда эса 100 дона арпа вазнига тенг бўлган.

Нимхурд (нимча) — Бухоро амирлигининг кўпгина мавзеларида ишлатилган. Пуднинг ўн олтидан бири, яъни бир килограммдан сал ортиқ оғирлик ўлчови (1,024 кг). Нимхурднинг ярми (512 г) ятимак (ёки етмак), ятимакнинг ярми (256 г) ясирак (есирак), ясиракнинг ярми (128 г) ғарибак деб юритилган.

Бу ўлчов бирликлари тожикча ва ўзбекча сўзлардан иборат бўлиб, ним — ярим, хурд — кичик, ятимак — етмак — етим (бола), ясирак — есирак — есир, бева (хотин), ғарибак эса ғариб (киши) сўзларидан олинган.

Пайса — Фарғона водийсида кенг ишлатилган. XIX асрда Хўжанд, Наманган, Қўқон атрофларида бир пайса 25,6 г, баъзи жойларда 23 г, яна бир хил жойларда 31,85 г, Тошкентда эса 33,3 граммга баравар бўлган.

Сер (сир) — Мовароуннаҳрда кенг тарқалган ўлчов бирликларидан. Ҳамма жойда ботмон (манн)нинг 1 /40 қисмига тенг ҳисобланган.

Чакса — Фарғона водийсида кенг қўлланилган. Хўжанд атрофида 2,5 қадоқ, яъни 1,024 кг, Наманганда 5,3 кг, Қўқонда 4,6 кг ёки 5,1 кг бир чакса ҳисобланган. «Чумчуқ семирса, чакса бўлмас» деган матал бор.

Чоряк — чорак (чайрак). Бирон нарсанинг 1/4 қисми деган маънони англатган. Самарқанд-Бухоро томонларда бир пуднинг 1/4 қисми — 4,1088 кг — бир чорак ёки катта чорак дейилган, кичик чорак эса 2 кг чамасида бўлган.

Қирот-қарат — бу сўз асли юнончадир. Арабларга қирот, итальянларга карато, русларга карат шаклида ўтган. Одатда жавоҳирлар, жумладан, олмос қирот-карат билан ўлчанган. Халқаро келишувга кўра, бир карат 200 мг (бир граммнинг бешдан бирига)га тенг.

Булардан ташқари Ўрта Осиёда арпа — (0,05 г), қадоқ (409,5 г) қоп (4 пуд ёки 8 пуд), нахуд-нўхат (0,2 г), пиёла, тобоқ-товоқ (4 — 16 кг), тоқи — тўпи (1,3 — 2,5 кг) каби вазн ўлчовлари ҳам амалда бўлган.

Узунлик (масофа) ўлчовлари

Газ — Турли жойларда турлича узунликни билдирган. Кўпинча, ўрта бўйли кишининг бармоғи учидан бурнигача (ярим қулоч) ёки бир қўлнинг учидан иккинчи қўлнинг қўлтиғигача бир газ ҳисобланган. Газ аксари жойларда 1 метрдан узун, аниқроғи, 106 смга тенг бўлган.

Жариб — ҳажм, вазн ва майдон (юза) ўлчов бирлиги. Юза ўлчови сифатида танобга тенг. Профессор А А. Семёнов жариб 3,600 квадрат газга баравар, деб ёзган.

Мил — илмий адабиётда мил (миля) икки хил учрайди: жуғрофий мил — 7 240 м, денгиз мили — 1 852 м. Араб мили эса булардан бир оз фарқ қилган. Ўрта Осиёда мил қадимдан маълум. Милни Заҳириддин Бобур шундай таърифлаган:

Тўрт мингдур қадам била бир мил
Бир куруҳ они Ҳинд эли дер, бил.
Дедилар, бир ярим қари — бир қадам
Ҳар қари, билки, бордир, олти тутам.
Ҳар тутам тўрт элик, яна бир элик —
Олти жав арзи бўлди, бил бу билик.

Яъни бир мил 4 000 қадам (милни ҳиндлар қуруҳ дейишади), ярим қари бир қадамга тенг, бир қари эса — олти тутам, бир тутам тўрт элик, бир элик эса — олтита арпа энига тенг.

Шундай қилиб, бир мил Шарқда, тахминан 2 кмга баравар бўлган.

Олчин — русча «аршин» сўзининг бузилган шакли. 71 сантиметрга тенг бўлган. Баъзан олчин билан газни тенг деб ҳисоблайдилар. Лекин бу тўғри эмас.

Фарсах-фарсанг — санг, тош. «Фарсах» арабча сўз бўлиб 12000 қадамга яқин. Форс тили таъсирида бўлса керак, фарсанг деб ҳам юритилган. Ўрта Осиёда тожикча санг, туркийча тош сўзлари ўша маънода ишлатилган. Бир фарсах (фарсанг) 8 чақирим ёки 8,5—9,5 км га тенг. Ўзбекчада тош ўрнига йиғоч сўзи ҳам қўлланган. Масалан, Бобур Бухоро билан Самарқанд ораси 25 йиғоч келади деб ёзган.

Қари — қадимий турк тилида ва мўғул тилида қари «қўл, билак» маъносини беради. Бобур бир қари 6 тутамга тенг деб ёзган.

XIX асрда бир қари Хоразмда 148,94 см, Тошкентда 177,8 см, Фарғонада 164,45 смга баравар бўлган. Ўрта Осиёда яна катта қари ҳам ишлатилган бўлиб у икки қулоч (355,6 ёки 365,76 см) ҳисобланган.

Бундан ташқари, ангушт (бармоқ) — олти дона арпа эни (2,18 — 2,28 см), бўғин (бош бармоқнинг биринчи бўғинига тенг ўлчов), жав — арпа (6 дона от қили энига баравар), қадам (одим), қулоч (166 — 170 см), қарич (қариш), суям — бош бармоқ билан кўрсаткич бармоқ ораси (18 см) каби узунлик ўлчовлари ишлатилган.

Майдон ўлчовлари

Таноб — (маъноси — «чизим ип», «каноп ип») Ўрта Осиёда кенг тарқалган юза ўлчови бирлиги. Кўпинча тўрт томони 60 газ бўлган майдон (3600 квадрат газ ер) тушунилган.

Таноб Хоразмда 4037—4097 м2, Бухоро ва Самарқандда 4097 м2, Фарғонада 1820 м2, Тошкент атрофларида 1820,9 м2, Қашқадарёда 1820,9 м2, — 3641,8 м2, Сурхондарёда 2733 м2 га тенг бўлганлиги тарихий манбалардан маълум.

Бундан ташқари бир чорак, бир ботмон, бир қоп уруғлик кетадиган ер «бир чорак ер», «бир ботмон ер», «бир қоп ер» деб аталган ва ҳоказо.

Суюн Қораев, филология фанлари номзоди
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 1-сон