Собир Ўнар. Шукур аканинг боғлари

Табиатимиз шунақа: рўпарангда, ён-верингда ёки қўшни бўлиб ҳаёт кечираётган қадрдон инсонинг қўққисдан лоп этиб чин дунёга риҳлат қилса ва орадан кун, ой, йиллар ўтаверса, азизлиги яққолроқ билиниб бораркан. Айниқса, у маънавий устозинг бўлса…

Ростдан ҳам Шукур аканинг вафотидан сўнг ёзувчи сифатидаги салоҳияти бўртиброқ намоён бўлди. Бунинг асосий сабабларидан бири – адибимиз узоқ йиллар китоб чоп эттирмай юрганидан балки. Бунинг ҳам боиси аср охири, янги юзйиллик бошларига келиб ёзувчи зотининг ўзи менинг ёзганим бировга керакми, ўқийдиганлар борми, адабиёт аталмиш серҳашам иморат ўзининг хизмат вазифасини ўтаб бўлмадимикин, деган ҳадиксираш, иккиланиш бошланганидан эди. Ахир, Шукур ака “Адабиёт ўладими?” деб бонг урганида 1993-йил эди, адашмасам. “Йўқ, адабиёт ўлмайди”, деб ёппасига эътироз билдирдик. Аслида адиб чуқур истеҳзо қилган эди. “Ўлмаслигини ўзим ҳам яхши биламан”, дегандек шарта “Динозавр”ни ёзди.

“Динозавр” ўша кунларнинг замонавий биринчи романи эди. Ушбу фикрни биринчи марта айтаётганим йўқ. Шукур ака прозада биринчи бўлиб замонавий образни яратди. Фақат бу одам зиёли – санъаткор образ эди. Талаб этилаётган “мустақиллик бунёдкори” эмасди, холос. Аслида-ку, адабиётнинг илғорлиги бу билан ҳам белгиланмайди ва белгиланмаслиги ҳам керак. Ёзувчи ўзининг қалб призмасидан ўтказа олган одамнигина ярата олади. Ўзи қамровли наср журналистика, шеъриятдан орқароқда келади. Ҳолбуки, “Динозавр” яратилганда ўзбек ҳикояси ва қиссачилигида ҳали “райком”, “комсомол”, “партия” деган нарсалар чувалашиб юрар эди. Шу маънода оғиркарвон жанрга баҳо берилганда қаҳрамоннинг “долзарблиги” масаласида баҳолашга шошмаган маъқул, аксинча, асарнинг ўз табиатидан келиб чиқиб хулоса қилган яхшироқ.

“Адабиётнинг ўлими” борасида бундан саксон йил муқаддам, Томас Манн тирик пайтда, айнан немис ёзувчилари биринчи бўлиб бонг уришган.

Бундан эллик йил олдин гватемалалик адиб, Нобел мукофоти соҳиби Мигел Анхел Астуриас қуйидагича фикр юритган: “Адабиётни ҳеч ким ўз-ўзидан англай олмайди. Зеро, улуғ ижодкорлар қуриб кетган бинони бир, ўн, борингки, юз кишилашиб ҳам қулатолмайсиз. Биз адабиётга мустақил механизм сифатида қарашимиз керак ва шундагина у ўзини ўзи англай олишини тушунамиз. Биз унга нимадир янгилик киритамиз деб қўлга қалам олмаймиз. Аксинча, адабиёт бизнинг қўлимиз билан ўзини янгилайди. Айнан ўша қўлни тополмаган кундагина адабиёт ўзини йўқликка маҳкум этади”.

Мана шу ақидага кўра Холмирзаев прозаси Қаҳҳор прозасига таққослаганда янгидир. Адиб кейинги йилларда ёзган катта-кичик асарлари ва ҳатто эсселари билан адабиётнинг софлигини, миллийлигини, баён этиш йўсинининг ўзбекона эканини таъкидлаб қўйди. Биз маҳлиё бўлаётган модерн ёки ваҳима адабиёт Шукур ака учун “чепуха” эди, парво ҳам қилмасди.

Бу – Шукур аканинг ёзувчи сифатидаги принсипи.

Мероси эса – биз ҳали кўп ўрганишга арзийдиган муносиб адабий бойликдир.

Шукур Хол­мирзаев ҳикоя қилиш усулида “инқилобий” йўлдан бормади, айни замонда ўзигача бўлган устозларининг солган анъанавий қолипига ҳам тушмади. “Қотириб қўйиш”, “михлаб қўйиш”, “михлаб ташлаш” тамойили ҳам адиб ижодига унча мос эмас.

Шукур аканинг ҳикояларини ўқий бошлаган кезларимдаёқ бир нарсани – профессионализмни ҳис қилганман. Бу нарсани балки моҳир назариячи бир неча жумла воситасида асослаб тушунтириб қўяқолар, камина бундай қобилиятга эга эмаслиги боис бошқа нарсаларни кўз олдингизга келтиришга уринади. Олдиндан айтиб қўяй: оҳанжамага уста адибларимиз ҳам бор, уларни профессионал деб айтмайман.

Шукур Холмирзаев, масалан, “Ўзбек бобо”, “Бодом қишда гуллади”, “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, “Банди бургут”, “Қадимда бўлган экан” асарларида, гарчи ўқиш жараёнида адибнинг айтар муддаоси бизга аёнлашиб бораётган бўлса-да, деталларга, ҳолатларга, гап-сўз табиийлигига, қаҳрамон ясама эмас, жудаям жонли чиқишига тамом бериладики, бунинг замирида тагингдаги стул ёки кўрпача ҳам суягингга ботиб жисмоний оғриқлар ҳам берувчи узоқ ўйлов, кашф, илҳомий, уни бошқариб турган узоқ ва заҳматли ақлий меҳнат ётганлигини ғўр тажрибам туфайли ҳис этаман. Хаёл, хотира, сўз, ибора, мақоллар, кенг тафаккур, кичкина, кўримсиз детални ҳам жонлантириб юборувчи ўзигагина хос адабий приём, манёвр, истеҳзо – булар барини юзага олиб чиқадиган устакорлик. Ҳали бу ёқда ёзувчи илгари сураётган ғоя, маънавий принсиплар бор. Мана шу чўнг “лашкар”ни майдонга ёйиб юбориб, сўнг уни тўрига илинтириб йиғиштириб, “ов маҳсулоти”ни сиз томошабинга, мана, деб чиройли кўрсата олиш ва ундан кейин юрагингизда узоқ вақт кезиниб юрадиган таъсир туйғусини – ҳамма-ҳаммасини умумлаштириб, мен профессионаллик демоқчи бўламан. Бу таърифнинг тўлиқ эканига даъво қилмайман. Мурод Муҳаммад Дўст бир мақоласида Шукур ака оёғи ердан узилган прозани ерга тушириб қўйди, деб ёзибди. Бу ҳам хос-у мос эмас, ўзигагина мансуб. Мени маъзур тутсангиз, яна айтай: фақат буларгина профессионаллик кўриниши эмас. Бу – Шукур Холмирзаевнинг профессионаллиги.

Бир гал, Шукур аканинг олтмиш ёшлик юбилейи эди чоғи, Абдулла ака Орипов мени чақириб:

– Шу, Шукурвой билан ош-қатиқсан, биламан, айт-чи, унинг ўзига хослиги нимада ўзи? – деб сўради.

– Профессионаллиги, – дедим дангал. Ва шу сўзнинг ортидан пича изоҳлаган бўлдим. – Шукур акадан бошқа бу хусусиятга эга ёзувчини билмайман, деб қўшиб қўйдим.

Кейин эшитсам, Абдулла ака ўша ўтган тадбирда ёзувчини уюшма раҳбари, ўзининг яқин қадрдони сифатида табриклаб, ёшлар Шукур ҳақида деб – мен айтган фазилатни алоҳида таъкидлабди. Абдулла аканинг ўзи ҳам буни биларди, албатта. У кишининг ҳам худди Шукур ака каби мени яқин олганидан беҳад севинганман ўшанда…

Аслида-ку, профессионаллик Ш.Холмир­заевнинг ёзувчи аталмиш улкан салоҳиятини кўтариб ё тушириб қўймайди. “Эна қизим Сайёра!” деб бошланувчи хат-мақоласида ўзига муносиб баҳони ўзи бериб қўйибди. Дарҳақиқат, жаҳон адабиётининг биз “даҳо” деб танийдиган мумтоз ёзувчиларининг ҳеч биридан кам эмаслигини, ўз ижод маҳсули, хусусан, ҳикоялари эмас, бадиий сифатини чамалаб шундай жасоратли, иқрорли тўхтамга келган.

Биз ва адабиётчилар бўлсак, энди-энди иягимизни қашлаб: “ҳа, дарвоқе, шундай”, деяпмиз. Гумроҳлигимиздан, рўпарамиздаги даҳо ёзувчининг қадрини билмаганимиздан бугун озгина уялиб қўяяпмиз.

Киши ҳақида мақола ёзиш лозим бўлса, дабдурустдан каловланиб қоласан. Бошқани билмадим-у, менда шундай. Илгари бир сафар Шукур ака ҳақида хотира ёзишни айтишганида, ўйлаб қолганман. Тўғриси, нимани ёзаман деб чўчиганман, ака тўғрисида замондошлари хотиралари китоб бўлиб чиққанда эса тонг қолганман: асарлари билан унча яқин танишмай, ўзи билан кўп мулоқот қилмай ҳам кўп тафсилотларни шишириб баён қилса бўларкан-ку, шу гапларни мен билмасмидим?

Ўйласам, Шукур акани эслагулик, арзигулик хотираларим етарли экан. Ўтириб, ҳафсала қилиш керак экан, холос.

Шукур ака Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони учун уюшмадан оз миқдорда нафақа оларди. “Ёшлик” журнали таҳририяти уюшма биносида. Уюшмадан ўша пулини олса, албатта, бизнинг эшигимизни қоқарди, сахийлиги тутиб бизни меҳмон қилгиси келарди. Аксарият пайтларда қуруқ қўл билан қайтса ҳам заррача ўкинганини кўрган эмасман. “Пхх” этиб ўзининг устидан кулгандек, бўлган гапни айтиб, сарсон бўлганини билдирарди.

Ака доимо башанг, худди йигирма ёшли аскардек қадди тик, шляпа жойида, туфлисига гард юқмаган бўларди. Маломатланганидан, бу ердан Дўрмонга такси борадими, борса неча сўмга бориши мумкинлигини сўраётганидан билардимки, адибнинг қўли юпқа. Шодиқул Ҳамро билан келишиб, вазиятга чора излардик. Табиийки, кўпинча ўзимиз ҳам Шукур акадан нари-бери аҳволда бўлар, аммо астойдил киришилганда, уюшма ташқарисидаги ошхонанинг сўрисига чиқиб, аканинг дилтортар суҳбатини олишга, бир пиёла чой устида гурунглашишга ҳам имкон топилиб қоларди, шом тушганда акани Дўрмонга кузатаётганимизда ўта хижолатпазлик билан бу яхшилигимизни келгуси сафар албатта қайтаражаклигини такрорларди. У кишининг хижолат бўлганини кўриб биз баттар хижолат тортардик. Чунки Шукур ака чин маънода ўз оғамиз бўлиб қолган эди.

Ҳаммани ҳам ити суявермас эди.

Ўзининг адабиётга, ҳаётга қарашлари ҳақида дуч келган одамга ёрилавермас эди. Биз ҳам бу асарни ўқиб беринг, фалонга сўз ёзиб беринг, деб тиқилинч қилмас эдик. Балки шунинг учун суҳбатимиз сунъийликдан холи, яъниким ўтириб олиб бир-биримизни алқашдан иборат бўлмасди. Бировга ихлос қилса, табиий суяр эдики, бундай инсонларнинг саноғи унча кўп эмас, аксарини эсселарида меҳр билан ифода этган. Суҳбат давомида қулфи дили очилса, ана, бор-э, деб ижодий режаси, ёзилаётган асарнинг воқеаларини ҳам тўлиқ ҳикоя қила бошлар, тугун, кулминатсия, ечим, хулосаларигача айтиб қўя қоларди. Ўзимизча бу сир тутилиши лозим бўлган “махфий” юмушни бекор айтдиёв деб Шоди билан кўз уриштирардик, мавзу, воқеанинг ўғрисига айланиши мумкин-да ҳар одам. Шукур ака чўчимасди. Ҳозирлар ўйласам, ака ҳамманинг олдида “чечилавермагани” ҳолда биз шогирдлари олдида “гуллагани” билан қаерга ҳам борардик. Боз устига бой тажрибаси орқасидан ўзига яраша “шумлик” билан айни ўзидан бошқа биров бу ижодий ишни эплаб маромига етказа олмаслигини савқи табиий англаб тураркан билсам.

Ака “дом”да ҳам қўшни сифатида гоҳ-гоҳ кириб турар, бир кирганида ёнида совғаси йўқлиги учун фарзандларим ва хотиним олдида ўнғайсизланган, шунда келини вазиятни тўғирлаб, ичкаридан Шукур аканинг “Бодом қишда гуллади” деган қалин, аммо юпқа муқовали китобини олиб чиққан, ака зўр эҳтиром билан китобга дастхат ёзиб берган эди. Кейинчалик “Шарқ” нашриётида аканинг томликлари қаторлашиб чиққанида қизларим, “э, бу одам дадамнинг устози, бизникида бўлган” деб эслаб қолишарди.

Ўз навбатида, Шукур ака ҳам “дом”имиздаги беш хонали уйига таклиф қилган, Саида опанинг хуштаъм овқатларидан тановул қилганман. Бир физика ўқитувчиси, акамнинг синфдоши, қадрдонимиз Шавкат ака Сувонқулов кўп кунлар бизникида яшаган, кечқурун Шукур аканикига чиқиб кетиб, ярим тунда қайтарди. Бир куни қарасам, Шавкат ака менга ғаройиб сюжетни гапириб бераётибди. Босмачилар ҳаётидан ссенарий ёзмоқчи эмиш.

– Зўр-ку, – дедим ҳайратланиб.

“Шукур аканинг таъсирига тушибди-да”.

Сўнг шубҳаланиб сўрадим:

– Шукур ака айтиб бермадими мабодо?

– Йўқ, – деди кўзларини пирпиратиб. – Ўзи­миз­даям босмачилар бўлган-ку.

Физик одамнинг ёзувчига айланиб қолишига ажабланиб юрдим.

Иттифоқо, кунларнинг бирида, Шавкат ака кетгач, сюжетни қисқа қилиб ўзига сўзладим.

– Во, уккағар, – деб пихиллаб кулди ака. – Мен айтиб эдим. Ссенарий ёзарканми?

Сўнг ёнига қараб нашъа қилиб кулди-да:

– Ялчитмайди, – деди. – Тамом ёзолмайди, ҳм, ёзолмайди. Тўғри, адабиётни севади, кўп ўқибди, аммо физик-ку қадрдонингиз. Кети ер искамайдигандан бир гап чиқмайди.

– Тўғри, – деб тасдиқладим мен. Дарҳақиқат, шошма-шошар одам бу ишни эплаёлмайди. Шукур ака шунинг учун хотиржам эди.

Шукур акани меҳмон қилувчилар кўп бўларди. Бироқ ака бир бурда нон-у икки тишлам гўштдан нарига ўтган эмас. Қайсидир йили экан, эрталаб ишга кетгунимча машинада Дўрмон боғига ташлаб ўтишимни сўради. Борсак, ака ён-верини қараб симтўр девор эшикчасининг калитини сира тополмайди-да. Охири икковимиз ҳам девор ошиб тушдик. Тиниқ сув оқадиган ариқ устига кичик тапчан қўйилган. Дастурхонда нон, помидор, пиёз қолдиқлари. Қозон… ариқда турибди. Нонинг қотиб кетганига қараганда “меҳмонлар” бугунги эмас, камида икки кун олдин дастурхонни “саранжом” қилишган.

– Қани, қозоннинг қопқоғини кўтаринг-чи, иним.

Тушиб қозон қопқоғини очсам, майда гўшт бўлаклари, икки тақсимча келадиган картошкалар.

– Бўлди, имзосидан маълум. Сурхоннинг дарвешлари бўлиши керак, – деди ака. Сўнг улар кимлиги ҳақида чуқур хаёлга берилди. Мен ёнимдан йўлда қозоқ савдогардан олган “Астра” сигарети қутиларини чиқариб қўйдим-да, узр сўрадим.

Менга ташаккур билдиргач:

– Оғангиз ўтириб олиб ишлайди энди, – деди.

Шукур аканинг боғини кўрганмисиз? Билмадим, балки ҳозир ҳам яшнаб турган чиқар. У ерда турфа гуллар барқ уриб ўсиб, гуллаб ётади. Меваларнинг ҳам ғаройиб навлари бор. Адиб ўз қўли билан парваришлаган. Навлар, уларнинг етилиш жараёни, мевалари, таъми, шакл-шамойили ҳақида мароқланиб гапиради.

Шукур ака – уста боғбон эди. Боғи ўзига хос эди. Катта бўлмаса ҳам ҳавас қиларлик чорбоғ.

Аммо ака адабиётда катта боғ яратди. Одам боласи, адабиёт мухлиси уни бир-икки кунда кезиб чиқолмайди. Бу боғ тароват ва таъмини асрда ҳам кўрсата оладиган, сайрибоғ қилганларни ҳайратлантира оладиган гўзал гулзор, мевазордир.

Бу боққа ҳавас қилсанг, суқлансанг арзийди.

Эски “Жигули”мга ўтириб хаёл суриб кетдим: ёпиқ девор, кичкина кулба, шинам ҳовлича, гуллар, мевалар ўсиб, пишиб ётибди, тип-тиниқ сув оқиб ётган ариқ, хўп, икки кунлик егулик, чой. Мен эсам, шу бугун нима ейишим ҳақида ўйлайман, кечқурун оч қолишимнинг қайғусини қиламан. Акам эса шаҳарда димиқиб, озодликка чиққан жайрондай хурсанд. Биламан, ижодий режалари кўп. Ҳозирнинг ўзида бояги кичик машинкасини чиқиллата бошлайди. Ёзади, ўйлайди, тузатади, кеч бўлади, яна ёзади, ўйлайди, тузатади – ижод қилади. Бирон жойга ёзганини чиқаришга иштиёқ билдирмайди. Қизиқ. Адабиёт шундай яратиларкан-да, йўқ, бизнинг қўлимиздан келмайди – турмуш ташвишлари, иш. Рўзғорга тушовланиб қолганмиз…

Шукур ака соғлигидан нолимас эди. Назаримда, ўтириб ишласа, Балзакдан ҳам бардошли эди. Доим режа ва илҳом билан юрарди. Сўнгги пайтлардагина бир нарсадан нолиди:

– Ёзадиганим аниқ, иштиёқ, илҳом ҳам бор, бироқ куч йўқ. Собирвой, куч йўқ.

Энди-энди шуларни эсласам, ака уззу кун ва тунлари емай-ичмай, ижод деб соғликни ҳам бой берган экан-да… Ахир, Одил ака, Айтматов, Маркес… саксон ёшида ҳам ёзишдан тўхтамадилар-ку.

Ошқозони хаста эканини ҳам аслида дунёдан ўтгач, китобидан, қизи Сайёра Холмирзаевага битган мактубидан билдим. Ҳайқирмай, муҳтожлигини, ҳатто очлигини билдирмай яшаш, ҳеч миннатсиз ватан адабиёти равнақига дадил ҳисса қўшиб кетиш, кетавериш мумкин экан-да.

Тавба, тавбалар дейсан. Шу Шукур акам… нақадар улуғ экан!..

Холмирзаевдан катта ижодий мерос қолди. Шуниси одамга таскин беради. Ҳикояларида дарж этилган, муҳрланиб қолган маҳорат изларини тўхтовсиз таърифлайвериш мумкин. Яқингинада ўқиганим “Чўлоқ турна”ни ёзмоқ учун илғор зоология билимдони бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Сетон-Томпсоннинг “Қўнғир тулки Домино”, “Ёввойи йўрға” қиссаларини бошқача шавқ билан ўқиган эдим. Худди одам ҳаётидай мукаммал тасвирлардан ҳайратланганман. Шу ихчам ҳикояда ҳам адиб қушлар, жумладан, турналар тақдирининг ғаройиб билимдони эканини кўрсата олган. Турналар нима учун “гилам” ва қайси пайтда “арғамчи” бўлиб учиши сабаби ҳақида ёки улар айнан буталар орасига эмас, ердаги ўйиққа тухум қўйиши, ёнига атайлаб бир уюм от тезакларини тўплаб қўйиши сабабларини ўқиб, бу нозикмижоз қушларнинг савқи табиий “ақли”га тан берасиз. Турналар бола парваришлашида “ота-она” баравар ҳисса қўшишини Шукур ака қаердан ўрганди экан, ахир, Бойсунда турна яшамайди-ку!?

Каминада бир талай ғайри саволлар туғилган бўлса-да, “От йили” қиссасида адиб от ва обрўталаб одам омухталигини ажойиб ифода этиб берган.

Умуман, Шукур ака ёзмоқчи бўлган объектни доим ойнадай тасаввур қилган, билган, қайси жойини бўрттириш, қайсидир қисмида умумий таъриф билан чекланишни обдон ҳисобга олган. Қайси асарини олманг, барчасида ҳам охир оқибат бир учидан тарбияга тааллуқли жиҳат ўрмалаб чиқиб кетади.

Атайлаб мисолларга кўп тўхталмадим. Адабиётшуносларнинг иши деб ўйладим. Кўп йиллар “Ёшлик” журналида фаолият юритдим. Табиийки, ёш ёзувчилар билан кўп тўқнаш келдим. Аксарият бошловчилар бадиий маҳорат масаласида бошлари қотади. Рус тилидаги китобга тушунмайди, ўзбек тилида эса шов-шув бўлганларни ўқишади. Йўқ, ука, сен дўппингни ерга қўйиб, Шукур Холмирзаев ҳикояларини ўқи, кам бўлмайсан, дейман. Бу маслаҳат баъзиларга асқатганини ҳам сезаман…

Шукур ака, ўзи ғурурланиб таъкидлаганидек, бирор даҳодан кам жойи йўқ адиб. Биргина истак шуки, асарлари чоп этилганда кичик эмас, катта ададларда чоп этиш лозим. Адиб ҳаётлиги чоғида йигирма йиллаб нашриётлар эшигини қоқмагани ўзининг айби эмас, албатта. Биз энди ўқувчилар учун шунинг ҳиссасини чиқарсак кифоя. Қолганини китобхон ҳал қилсин.

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 3-4-сон