Бу уй анчадан буён кимсасиз қолган эди. Шунданми, кенг хоналари бу ҳолдан ҳувуллаб зерикканга ўхшарди. Мен унинг қулфи дилини меҳрим калити билан очиб, кўнгил остонасига чўчибгина қадам қўйдим. Чунки мен ҳали унга бегона эдим. Унинг кўнгил хоналарини ёвқараш қилиб зимдан кузатдим. Уй ҳам мендан ётсираб турар, ёлғизликда қийналганимни айтсамми, йўқми, дея ўйланиб қолганга ўхшарди. Мен уйнинг шкаф, стул, яна аллақанча жиҳозлару ашқол-дашқоллардан ташқари савлат тўкиб турган жавон ва ундаги китоблар билан ҳам сўзлашиб бўлганини, шунинг учун янада мунғайиб қолганини илғадим. Китоблар соддадил уйнинг суҳбатидан безиб ҳам кетган кўринади. Шу лаҳза ёлғизликда эзилаётган бу уй билан дилдан суҳбатлашгим, унинг дардларини тинглагим, имкон бўлса, ундан ўзимга бошпана топгим келди.
– Зерикдингми? – эски танишлардек сўрадим ундан.
– Ҳа-а, – жавоб берди у чўзиб.
– Соҳибларингни қўмсаганга ўхшайсан-а?
– Бўлмасам-чи, – лўнда гап қайтарди у.
– Ёлғизликда кўп қийналдингми?
– Нимасини айтай… Хўш, ўзинг кўп эмас, оз эмас, ёлғизликнинг бир йилини қандай ўтказган бўлардинг?!
– Даҳшат, – пичирлайман ёлғизликнинг 365 кунидаги ютиб юборадиган сукунатни ҳис этиб.
– Ўрганиб ҳам қолдим… Қайтиб кетмоқчимисан? – дабдурустдан мени ўз бағрига таклиф этаёгандек ялинчоқ шивирлайди у.
– Қайдам. Ҳозирча бир қарорга келганим йўқ.
– Агар малол келмаса, мен билан қолсанг бўларди, – энди очиқ айтади кўнглидагини.
Ич-ичимдан севиниб кетдим.
– Бўпти, – дедим мен унга. – Сен билан қоламан. Ёлғизликдан зериккан бу уйнинг мурувватини ҳам у билан қолишга розилик билдириб, ўзимники қилиб қўя қолдим. Мен бор-йўқ ашқол-дашқолим билан уйга кўчиб ўтдим. Хаёлимда унинг кўнгил хоналари равшан тортиб кетгандек бўлди. У энди ҳар куни менинг ишдан қайтишимни интизорлик билан кутар, келганимда соғинчини яширмасдан кенг хоналарни тўлдирганча мени қучарди. Унга нимани сўзлаб бермай, ҳаммасини эътибор билан тинглаб, гоҳи эса эътирозлар ҳам билдириб қўярди. Мен ўрганган хоналар, менга севимли бўлган бу уйда кундалик оддий машғулотларим ҳам энди ўзимга қизиқарли туюларди.
Аммо иккимизнинг ҳам қувончимиз кўпга чўзилмади. Мен тез орада зерикиб қолдим. Уй эса имкони борича кўнглимни топишга уринарди. Кунларнинг бирида эса узоқ сафарга отландим. Бу ҳақда унга миқ этамадим. Сафарим жуда қизиқарли кеча бошлади. Уйни унутиб юборишимга ҳам бир баҳя қолганди. Ишқилиб, унга қайтадиган кунлар ҳам етиб келди… Уй узоқдан кўзга чалинди. Унинг қандайдир маъюслиги сезилиб тургандек эди. Остонадан кирганимни биламан… Эшик ҳам хаёлимда дардчил ғижирлади. Уй менга ҳам севинчли, ҳам кинояли бир ҳолатда қараб турарди. Бутун хоналар шодликдан чапак чалиб юборди. Севимли, лекин менсиз жуда зериккан уйим мени бағрига босиб шодликдан гапира олмай қолди.
– Нега… – деди у, сўнг ўпкаланганнамо йиғламсираб, – нега бир сўз демасдан мени ташлаб кетдинг? Қанчалар қийналганимни биласанми? Бирор фалокатга йўлиқдингми, деган хаёлдан тунлари мижжа қоқмадим-а! Ана келасан, мана келасан деб кўзларимни кенг кўчалардан бир зум узган эмасман. Хавотир билан йўл пойлаб кутиш азобини наҳот билмасдинг?..
– Кечир мени, дўстим, кечир, – дедим мен зўрға овозим чиқиб.
Ростини айтсам, қадрдон мен ҳам кирганда янада равшанлашиб кетадиган кенг хоналарини соғингандим. Қачондир сени тергайдиган, ўпка-гина қилиб соғиниб йўл қарайдиган дўст топганингда меҳр билан қучоғига суйиб босадиганни жуда қўмсаркансан. У уйимга эмас, мени қучоғига меҳр билан босган онага ўхшарди.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 3-4-сон