Хуршид Даврон. Маърифат шижоатдир (1989)

Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асаридаги манқурт ҳақидаги ривоят эсингиздами? Ўзининг кимлигини унутган, аждодлари тарихидан бехабар йигит ўзини излаб келган онасини ўлдиради. Бу ривоят замирида “Ўз халқи ўтмишини унутган, юрагида аждодлар ёди ўчган одам маънавий таназзулга, маънавий ўлимга маҳкумдир”, деган буюк ҳикмат бор.

Ҳар бир инсон ўз халқини севиши табиий. Ўз онасига, ўз юртига хиёнат қилган фарзанд ҳамма замонларда оналар қарғишига учраган. Ҳамма замонларда оталар ўз халқига хиёнат қилганларни оқ қилган, лаънатлаган. Ҳамма замонлардаям Ватан устида хавф-хатар пайдо бўлганида уни жонидан ортиқ кўрган Широқ, Тўмарис, Спитамен, Мавлонозода, Маҳмуд Торобий, Темурмалик, Бобон, Қурбонжон, Номозга ўхшаган халқнинг номусли фарзандлари юрт муҳофазасига, қонли жанггоҳларга чиқиб борганлар. Ҳамма замонларда Ватан дарахти бу олижаноб кишиларнинг тарих йўлларида, озодлик жанггоҳларида тўккан муқаддас қонларини ичиб ўсган ва қувватга тўлган.

Ушбу мулоҳазалар орқали миллат ҳақида, унинг асоси бўлмиш тарих, тил, уларга қувват бағишловчи маърифат хусусидаги фикрларга, бу фикрлардан келиб чиқиб айрим талабларга диққатингизни тортмоқчиман.

* * *

Тил – миллат ижодининг кўринишларидан бири. Яна аниқроқ айтадиган бўлсак, тил миллат моҳияти, миллат дили, миллат устунидир. Тил фақат сўз ёки сўзнинг шакли эмас, Тил – ижтимоий ҳаёт, фалсафа, аҳлоқ, руҳ, ҳаяжон. Миллат ижодидаги, яъни унинг адабиёти, санъати, илм-фанидаги ҳар қандай тўсиқ ёки инқироз энг аввало тилда акс этади. Тилга нисбатан қилинган ҳар қандай зуғум ҳам ўз навбатида миллатнинг ижодкор тафаккурида намоён бўлади, уни турғунликка бошлайди. Турғунлик эса бугун ҳаммамиз англаб етганимиздек, таназзулдир. Таназзул бор жойда эса ўлим ҳукмрондир. Демак, ўзбек тилининг келажаги шу тилда сўзловчи халқ ижодий тафаккурининг қувватига боғлиқ. Бу тафаккур ҳаракатда бўлгандагина муваффақиятга эришади.

Тил ишлатиладиган ўн учта соҳа мавжуд: хўжалик ишлари, сиёсий-ижтимоий соҳа, бадиий адабиёт, фан, ҳужжатларни юритиш, ахборот, эстетик таъсир воситалари (театр, кино…), халқ ижоди, маориф, турмуш, ўзаро ёзишмалар, диний маросимлар, ҳарбий соҳа. Мана шу соҳаларнинг ҳаммасида тил ҳаракатда бўлгандагина унинг келажаги ҳақида гапириш мумкин.

Ўзбек тилининг бугунги аҳволи инобат бўлиб, унга давлат тили ҳуқуқи берилиши шарт. Зеро, биринчидан, туб аҳоли тилининг давлат тили деб қабул қилиниши Совет Республикаси бўлиш принципларидан бири; иккинчидан, ўзбек тилининг давлат тили деб эълон қилиниши унинг ўз имкониятларини тўла намоён этиши учун шароит яратади; учинчидан, Конституцияга биноан ҳар бир одам қонун ҳимоясига олингани каби, инсонликнинг биринчи фазилати бўлмиш тил ҳам қонун ҳимоясида бўлиши керак. Бунинг учун бир жумла: “Ўзбекистон ССРнинг давлат тили ўзбек тилидир” деб ёзилиши кифоя эмас, албатта. Энг аввало, ўзбек тили равнақи ҳақида узоқ йилларга мўлжалланган давлат программасини ишлаб чиқиш зарур.

Одам гўдаклигиданоқ она тили таъсирида бўлиши муҳим ижодий омилдир. Бу муайян шароит таъсирида гўдак дунёни тўла ва аниқ қабул қилиши, буюмлар хусусида ҳар томонлама пухта тасаввурга эга бўлиши мумкин. Агар гўдак икки тил таъсирида тарбияланса, албатта унда сўз бойлиги бир тил таъсирида шаклланган гўдакка нисбатан кўп бўлиши мумкин. Бироқ, икки тил воситасида вояга етган боланинг маълум тушунчалар ва бу тушунчаларни англашдаги имкониятлари жуда паст савияда бўлади. Бу эса оқибатда чала билимга эга кишини тарбиялашга хизмат қилади.

Мутахассислар эътирофича, гўдак 10-12 ёшга етгандагина чет тилни ўрганишга киришса маълум муваффақиятларга эришиши, энг муҳими дунёқараши шаклланишига салбий таъсир етмаслиги мумкин. Буни яқинда халқаро симпозиумда нутқ сўзлаган москвалик олим Л.Извеков олиб борган тадқиқотлар тасдиқлайди. Унинг ёзишича, икки тил таъсирида тарбияланган гўдаклар дунёқараши бир тилда шаклланган болалар дунёқарашидан орқада қолади, ҳатто баъзан салбий оқибатларга, жумладан, унинг дудуқланишига сабаб бўларкан. Ёки икки тиллилик масаласини давлат программаси сифатида ўрганган швед олимлари тадқиқоти натижалари “Икки тиллилик? Чала тиллилик!” деб номланган тўпламдаги мақолаларнинг қисқача шарҳида ёзилганидек,гўдак энг аввало она тилида тарбияланса, тилнинг бутун хусусиятларини эгаллаб, иккинчи тилни ўргана бошласа, етук натижаларга эришиши мумкин экан. Швед олимларининг бу масалага бўлган муносабати тўплам номида ўз аксини топгани диққатга сазовор. Ҳатто ЮНЕСКО эълон қилган маданий программалардаям замонавий психолингвистика ва педагогика талабларидан келиб чиққан ҳолда боланинг она тилида савод чиқариши жуда муҳим деб таъкидланади.

Қадим битикларда “ҳифзи лисон” деган ажиб бир сўз учрашига эътибор берганмисиз? Ҳифз – сақлаш, қўриқлаш, лисон – тил маъносини билдиришини ҳам биласиз. Бу сўзни ХХ аср мутафаккири Абдулла Авлоний шундай шарҳ этади: “Ҳифзи лисон ҳар бир миллат ўз она тил ва адабиётининг сақламагини айтилур. Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурғон оинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир. Ҳайҳот, биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярмига арабий, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз. Дуруст, бизларга ҳукуматимиз бўлғон рус лисонин билмоқ ҳаёт ва саодатимиз учун ош ва нон каби кераклик нарсадур. Лекин, ўз еринда ишлатмак ва сўзламак лозимдур. Зиғир ёғи солуб, мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак, тилнинг руҳини бузадур”.

Тил мустақиллигини сақловчи воситаларнинг бири таржимадир. Бегона маданиятга мансуб асар таржима йўли билан миллий маданиятимиз қатламига сингади. Лекин бу ўриндаям ҳақиқий ижодкор таржимонгина бу вазифани уддалай олиши мумкинлигини таъкидлаш лозим. Чаласавод таржимон бажарган иш тилимизга, демак, маданиятимизга фақат зарар келтиради. Агар Макс Фришни саводсиз, тилбилмас одам таржима қилса, бизга Макс Фришниям саводсиз қилиб кўрсатиши мумкин. Агар тилимиз фақат бошқа тилда пайдо бўлаётган янги сўзларнинг таржимаси билан тўлар экан, тилимиз бойимоқда деб гапириш ҳақиқатга зид бўлади. Тараққиёт давомида янги сўзлар (неологизмлар) табиий равишда пайдо бўлиши учун тил ҳаётимиз учун хизмат қилаётган ҳамма соҳаларда фаол ҳаракат қилиши шарт.

Таржима ҳар бир миллий маданиятнинг ўз-ўзини чет таъсиридан ҳимоя қилиш қуроли эканини унутмаган тарзда, бугунга келиб республикамизда 50 га яқин қардош ва чет тиллардан таржима қилувчи мутаржимлар мактаби шаклланганини тан олган ҳолда таржима асарлари босиладиган “Ер юзи” номли журнални ташкил қилиш керак. Бугун жамиятимизда миллатлараро муносабатлар ва алоқалар бош масала бўлиб қолганини тан олмасдан иложи йўқ. Шундай экан, бўлажак журнал халқлар дўстлиги иши учун хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

Агар тилимиз бугунга келиб ҳимояга муҳтож бўлиб қолган экан, бу, энг аввало, дилимиз ҳимояга муҳтож бўлганидан келиб чиққан ҳодисадир.

Тил равнақини адабиётнинг қудрати белгилайди. Ҳар бир истеъдод – тил ижодкори. Тил кучини уйғотувчи қудрат ижодкор юрагидадир. Ижодкор – халқ яратувчилик қудратининг элчиси, халқ юрагидаги рангин қирраларни дунёга намоён этувчи, асрлар давомида йиғилган маърифат хазинасини бойитувчи хизматчидир. Далада тер тўкаётган деҳқон, пода ортидан юрган чўпон, бино тиклаётган қурувчи, нон дўкони сотувчиси, масжидда ваъз айтаётган имом, талабаларга илм бераётган ўқитувчи ҳам тил ривожи учун хизмат қиладиган ижодкор бўлиши учун уларнинг дили маърифат билан бойиши шарт.

Маърифат – узоқ ўтмишдан то бугунгача бўлган мутараққий ғоялар замирида бунёд бўлган маънавий бойлик. Асарлар юкига елкасини тутган одамга фақат маърифат қанот бағишлай олади. Ҳар қандай инқилоб, шу жумладан, қайта қуриш ҳам фақат маърифат билан йўғрилган тақдирда ғалаба қозона олади.

Инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликдан қайтаргувчи маърифатдир. У инсоннинг шарофатлик, ғайратлик бўлишига сабаб бўлади, инсон эътиқодини маҳкам қилади. Инсон маърифат соясида ўзига келадиган зарар ва зулмдан паноҳ топади.

Маърифатли деҳқон ҳеч қачон тепадан қанча зуғум бўлмасин, ерни заҳарламайди, у бу иши билан ўз келажагини ва юрагини заҳарлашини англайди.

Маърифатли ўқитувчи болалар дилига фақат эзгулик уруғини сочади. Зеро, у биладики, эртага бу уруғлар кўкарса, ниҳоллар улкан дарахтларга айланса, Ватан қудрати яна юксалади.

Маърифатли сиёсатчи ўз халқини алдаш йўлидан бормайди. У алданган халқ қалбида фақат қаҳр-ғазаб тўпланишини, ишончи топталган халқда олдга ҳаракат қилиш завқи сўниб боришини, унинг ижодкорлик қуввати сусайишини билади.

Маърифатдан йироқ амалдор ҳеч қачон халқ дилидаги дардни тушунмайди. Қолаверса, у буни заррачалик тушунишни истамайди. Маърифатсиз раҳбар ҳамиша ўз теварагида маърифатсиз раҳбарчаларни йиғиш билан шуғулланади. У куч ишлатишга, зўрликка, дўқ-пўписага, ҳур фикрдаги кишиларни қатағон қилишга мойил бўлади.

Ҳозир матбуотда жуда кенг ёритилаётган Сталин шахсини олайлик. Сталин партиядаги олий мансабни эгаллаб олгач, Лениннинг сафдоши бўлган жуда кўп зиёлилар жонига қасд қилди, ўз атрофига Жданов, Ворошилов, Каганович, Берияга ўхшаган маърифатсиз кимсаларни йиғиш билан шуғулланди. Бу ҳодисани ўрганган жуда кўп мутахассислар буни турли сабаблар: бировлар Сталлиннинг яккаҳокимликка ўчлиги, бировлар унинг руҳий касаллиги, баъзилар эса давр зарурати билан изоҳлайдилар. Менингча, бу даҳшатли қатағонларнинг барчасига Сталиннинг жоҳиллиги, у яратган жаҳолат сиёсати сабабчи, деб ўйлайман.

Сталинча жаҳолат халқ маънавий камолотининг асоси бўлмиш тилимизга нисбатан 1929 ва 1940 йилда имло ўзгариши баҳонаси билан қилинган икки даҳшатли қатағонда янада ёрқин кўринади. Фозил халқ сталинча шовинизм тазйиқи натижасида ўзининг минг йилдан зиёд вақт билан ўлчанадиган хазинасидан бемалол фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Минг йилликлар давомида бемалол оққан Нил дарёси Асвон тўғони билан тўсилгандан сўнг Мисрда қурғоқчилик бошланганидек, имло ўзгаришидан асрлар давомида шаклланган ўзбек тили табиатидаям жиддий салбий ўзгаришлар юз берганини ҳеч ким инкор этолмаса керак.

Сталин 1929, 1940 йилларда ўзбек тилининг асосига зарба берган бўлса, 1950 йилда уни бошқа тиллар қатори ўлимга маҳкум этди. Халқлар отасининг “Правда” газетасидаги ҳукмномасида шундай сўзлар бор: “Икки тилнинг бир-бирига қўшилуви оқибатида янги учинчи бир тил пайдо бўлади, деб ўйлаш мутлақо хатодир… Аслида эса қўшилув натижасида бир тил ғолиб келиб, ўз сўз бойлигини сақлаб қолади ва келажакда ўзининг табиий оқими билан ривожланади, иккинчи тил эса аста-секин ўз сифатини йўқотиб бориб, охир-оқибатда ўлишга маҳкум бўлади”. Доҳий ўз ҳукмини: “Рус тили ҳамиша ғалаба қозониб келган”, деб тугатади.

Жаҳолатдан жаҳолат туғилади. Сталинча жоҳиллик давлат сиёсатига айланди. Сталинча жаҳолатпарастлар жон-жаҳдлари билан буюк доҳий ғояларини амалга оширишга киришиб, “улкан ғалаба” ва баланд мансабларга эришдилар. Масалан, ўша пайтдаги автоном республикаларнинг бирида район маориф бўлимини бошқарган бир жоҳил ўз районидаги барча миллий тилдаги мактабларни бекитиб ташлагани эвазига республика Маориф министри этиб тайинлангани маълум. Кимдир Сталин маърифатли эди деб, исботи учун унинг шеър ёзганини мисол қилиб кўрсатиши мумкин. Лекин ҳақиқат шундаки, одам жуда кўп китоб ўқиши, бир неча тилни билиши, бадиий ижод билан шуғулланиши, бироқ у шу билан бирга ўта жоҳил, маърифат кушандаси бўлишиям мумкин. Масалан, Искандар Мақдунийга ўз даврининг буюк олимлари, шу жумладан буюк Аристотель ҳам сабоқ берган. Искандар ўша давр учун жуда юксак билим эгаси бўлган. Бироқ, у дунёни забт этиши йўлида неча-неча халқларнинг бошига кулфат бошлаб борганиниям яхши биламиз.

Ёки машҳур рус мусаввири В.Верешчагиннни олиб кўрайлик. Ўша даврнинг буюк кишилари қаторида саналган бу истеъдодли рассом Чор Россияси Ўрта Осиё халқлари устига юриш бошлаганда бир қўлида мўйқалам ушлаб қонли жанггоҳларни чизгани, иккинчи қўлида милтиқ ушлаб бегуноҳ одамларни отгани маълум. Ижоди қанчалик пеш қилинмасин, унинг жоҳил босқинчи бўлгани ҳақидаги ҳақиқатга шак келтира олмаймиз. Мана шу юриш давомида гўдакларга ўқ узишдан бош тортган оддий рус аскарлари отиб ташлангани ҳам тарихий ҳужжатларда акс этган ойдин ҳақиқатдир.

Жаҳолат ҳукмрон давр ҳамиша инқироз давридир.

Бугун Орол фожиаси ҳақида сўз юритганда, энг аввало, пахта монокультураси сабаб қилиб кўрсатилади. Буни инкор қилмаган ҳолда, бу фожиани келиб чиқишигаям маърифатсизлик сабабчи деб таъкидлашни истардим. Ахир, монокультура ер кушандаси эканини англамаган кишиларни қандай қилиб фозил, деб аташ мумкин.

Агар боболаримизнинг фалсафий дунёсига бағишланган ноёб илмий тадқиқотларни ўқиган бўлсангиз, улар ўша даврдаги турли фалсафий мактаблар билан яхши таниш бўлганлари, ўз асарларида бошқа фалсафий оқимлардан ижобий фойдаланиб, бу илмда катта ўзгаришлар қилишгани атрофлича ёзилади. Биз бўлсак, ўтган етмиш йил ичида бирор-бир фалсафий асар – на қадим, на замонавий файласуф асари оммабоп тарзда ўзбек тилига таржима бўлганини биламиз. Ўзбек зиёлиси бугунгача дунёнинг жуда кўп буюк файласуфлари асарларини она тилида ўқиш бахтидан маҳрум. Шу пайтгача уларнинг асарларидан бир саҳифаям таржима қилинмаганини нима билан изоҳлаш мумкин? Наҳотки, В. И. Ленин «эски жамиятдан бизга мерос қолган материаллар» деганда мана шу хазинани назарда тутганини англамаган бўлсак.

Кинофильмларимиз, адабий асарларимиздан маърифат нури тобора узоқлашиб кетаётгани мана шу фоижанинг оқибати эмасми? Қаҳрамонларимиз тобора жоҳил, бешафқат бўлиб бораётганини сезяпсизми? Яқинда мен бир япон киношуносининг совет фильмлари ҳақида билдирган мулоҳазасини ўқиб даҳшатга тушдим, аммо унинг сўзлари ҳаққоний эканлигига ишондим.

“Сизлардаги кино бешафқат, ўта бешафқат, — деб ёзади у. – Бу эса япон томошабинига нақадар ёқмаслигини билмайсиз. Сизлар бутун фильм давомида бошқа халқларга хос бўлмаган тарзда бақириб гаплашасиз. Суҳбатларингиз ҳамиша эътирозга ўрин қолдирмайдиган қатъият билан айтиладиган “Йўқ!” сўзи билан бошланади. Сизларда ҳатто эру хотин ҳам бақириб-чақириб, бутун фильм давомида ўзаро келишмовчиликлари устида тортишадилар. Биз сизлар қачон жаҳл билан, қачон ақл билан фикр юритишингизни билолмай қийналамиз. Биз японлар эса ўзаро суҳбатлашганда, ҳатто бир-биримизнинг кўзимизга қарамасликка ҳаракат қиламиз, токим нигоҳимизда бирор йилт этиб ўтган шубҳа билан суҳбатдошимизнинг дилини оғритиб қўймайлик, деймиз. Суҳбатдошингизни тинглашни ўрганинг. Биз ҳам баъзан бир-биримизни тушунмаймиз, лекин суҳбатдошимизни эшитишга, уни англашга ҳаракат қиламиз. Сиз эса умуман бир-бирларингизни эшитмайсиз, фақат таъкидлайсиз, таъкид бўлгандаям бақириқ билан, демак зўравонлик билан таъкидлайсиз”.

Япон киношуноси аслида Фозил ва Жоҳил одам ҳақида гапиргандек туюлди менга.

Халқ фақат сон билан эмас, балки сифат билан қадрланишини унутмайлик. Халқ сифати эса унинг маънавиятидир. Маърифатли халқни кичик деб бўлмайди. Агар кичик халқ дунёга Чингиз Айтматовни ёки Манасни берган бўлса, бундай халқни буюк халқ деймиз. Маърифатли халқнинг виждони тийрак бўлади. Виждон эса, Абу Али ибн Сино айтганидек, руҳ ва фикримизни туйғун қилмоққа биринчи воситадир.

“Ҳар бир миллатнинг тараққий ва тоолийси ёшларнинг илм ва маърифатига, ҳунар ва санъатига боғлидир» «Илм ўқимоқ ҳар бир мўъмин эру-хотинга фарздир», демишлар. Донишмандларимиз “Олим бўл, илм талаб қилувчи бўл ёки илм эшитувчи бўл. Ҳеч бўлмаганда, шуларга муҳаббат қилувчи бўл, бешинчиси бўлма, ҳалок бўлурсан” демадиларми?

Ҳа, маърифатли халқ шижоатли бўлур. Шижоат қалбнинг мантонатидан, руҳнинг саломатлигидан иборатдир. Маорифдан, фунундан ва маданиятдан маҳрум қолган халқ жаҳолат панжаларининг орасида ҳамир каби эзилгандек, афъоли замимадан ҳам ўз нафсининг ёқасини бўшатолмас… Зероки, жаҳолат энг қўрқинч, фақир ва муҳтожликдан зиёда даҳшатлироқ бир мусибатдур”, деб ёзади Авлоний.

Тарих асосида халқ хотираси ётади. Д.С.Лихачев айтганидек, одамнинг одамлигини кўрсатувчи ягона бисот хотирадир. Хотира эса вақтни енгувчи, ўлимни тан олмовчи кучдир. Хотира вақтнинг барбод этувчи кучига бас келадиган ёлғиз воситадир. Хотира бор экан, ўтмиш бугун билан ҳамнафас бўлади ва бу ҳамдамлик натижаси ўлароқ келажакнинг ҳали унча аниқ бўлмаса-да, бўртиб чиқаётган хира қиёфаси кўрина бошланади.

“Агар ўтмишга бўлган муносабатингни айтсанг, келажагинг қандай бўлишини айтиб бераман”, — дейди шарқ донишманди. Демак, халқнинг ўтмишга бўлган муносабати унинг келажагини белгилайди.

Нега одамлар тарих билан қизиқади? Бунинг жуда кўп изоҳи бор. Лекин энг муҳими, одамлар тарих битикларидан ўзларининг бугунги сўроқларига жавоб топишга уринади. Одамлар бунга онгли интиладиларми, йўқми, албатта, бу муҳим эмас. Муҳими, тарих йўлларидан ўтган одамлар ҳаётимиз, юртимиз ва инсоният бугуни ҳақида ўйлашга мажбур бўладилар, улар бугунги кун жуда қадим замонларда бошланган жараённинг давоми эканини яхши англайдилар.

Тарихга бўлган қизиқиш хусусан жамиятнинг оқими қаёққа кетаётгани номаълум бўлганда янада ортади. Ўз даври идеалларидан кўнгли қолган, ижтимоий турғунликка маҳкум бўлган, аммо ҳаётини бойитишни истаган одам дилидаги шубҳа-ю-гумонларга жавоб топиш учун тарихга мурожаат қилади. Жамият буҳрони даврида, инсон ўзининг омма билан уйғунсизлигини сезар экан, у мана шу маънавий уйғунликни ўтмишдан топишга уринади.

“Ёлғон айтиш – қулнинг қисмати, озод одам қисмати эса ҳақиқатни айтишдир”, дейди Тианли Аполлон.

Тарихни сохталаштириш касаллиги фақат бугун кўзга ташланаётгани йўқ. Жуда узоқ вақтдан буён Геродот, Мела, Плиний асарларида учрайдиган ва Танаис (Дон) дарёси ортида яшаган халқ номи сифатида келтирилган “торки” атамаси рус тарихчи олимлари томонидан “иирки” ёки “июрки” деб таржима қилингани атоқли олим Аброр Каримуллиннинг “Татарлар “Этнос ва этноним” (Қозон. 1988 й) асарида “тарихни бузишга уриниш” сифатида қайд этилади. Бундай чалкашликлар бир қатор ғарб, рус, арман тарихчиларининг китобларидаям учрайди. Тарих фани халқдан узоқроқ тутилгани бундай чалкашликларни кўпайтирди ва бу ҳамиша салбий оқибатларда намоён бўлади.

Тарихимиздаги янгича мушоҳада билан қараш зарур бўлган масалалардан бири – Ўрта Осиёнинг, хусусан, бугунги Ўзбекистон территориясига кирган ерларнинг Чор Россияси томонидан забт этилганига оид илмий ишларда, дарсликларда учрайдиган “оқ доғ”лар ва сохта хулосалардир. Чор Россиясининг босқинчилик сиёсатини оқлаш учун баъзи олимлар шу қадар ёлғон ва тўқима мулоҳазаларни айтишадики, бу одамлар кўнглида равшанлик эмас, фақат шубҳа уруғи униб чиқиши учун замин тайёрлайди, холос. Масалан, 1986 йили Москвада рус тилида нашр этилган “Ўзбекистон ССР педагогик илми антологияси”га кириш сўзи ёзган С.Ражабов, М.Хайруллаевнинг ушбу фикрларига нима дейсиз: “Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олиниши… билан эрон, араб, афғон, турк феодаллари истилосига барҳам берилди”. Наҳотки, бир босқин бошқа босқинни йўққа чиқаргани мутараққий ҳодиса бўлса? Демак, мўғул истилоси Россияни швед, поляк, турк, тевтон босқинларидан сақлаб қолди, деб айтиш мумкин экан-да?!

Бугун мерос ҳақидаги ҳар қандай суҳбат йўналиши узоқ давом этган лоқайдлик натижаси ўлароқ юзага чиққан камчиликларга, келажак авлодлар олдида жавобгар эканимизга бориб тақалади. Бугун “Бу воқеаларга ким сабабчи?” деб берилаётган сўроқларга жавоб бериш, тавба-тазарруга қодир одамларни, мутасадди ташкилотларни кутиш вақти эмас, балки қадимий қўлёзмаларни тезроқ халққа етказиш, вайрон обидаларни тиклаш, халқдан яширилган тарих ҳақиқатларини айтиш билан шуғулланиш мавсумидир.

Ўзбек халқининг бой маданий меросига нисбатан узоқ йиллик лоқайдликни тезроқ бартараф этиш пайти келди. Ҳар бир халқнинг маданий мероси – халқ даҳосининг бутун қудрати жо бўлган бойлик, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маънавий хазинадир. Минг йиллар давомида яратилган ва келажакда яратиладиган мерос халқнинг яшаш ҳуқуқини таъминлайди, унинг ижодкорлик руҳини белгилайди.

Халқнинг маданий мероси – хоҳ обида, хоҳ қўриқхона, хоҳ муайян урф бўлсин – уларни барбод этувчи ташқи кучлар; эрозия, нам, ифлосланган ҳаво, одамнинг жоҳилона хатти-ҳаракати, урбанизация, ёлғон таъсирида қолиб кетмаслиги керак. Ҳар бир инсон мана шу даҳшатли зуғумлар олдини олиш учун ўзини масъулиятли деб билиши керак. Худди шу мақсадда ташкил қилинган СССР Маданият фондининг “Наше наследие”, “Правда” газетаси қошида нашр этилаётган “Родина” журналлари каби халқимизнинг моддий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, бу хазинани фаол ўрганиш ва халққа етказиш учун хизмат қилувчи “Мерос” номли журнал нашрини амалга ошириш шарт. Ҳар қандай кечикиш халқимизнинг маърифат ва маданият йўлидаги интилишларига оғир зарар етказади.

Маданий меросимизнинг узвий қисмларидан бири – миллий анъаналар, халқ феъл-атвори, асрлар давомида шаклланган одоб доирасидир. Уларни англаш ва ўрганиш масаласи маданиятимизнинг умуминсоний мазмунидан келиб чиқиб, бу миллий хусусиятлар шаклланиши – узилмас бир жараён бўлганини унутмагандагина амалга ошиши мумкин.

Ҳар бир халқ ўзига хослиги билан ажралиб туриши исботсиз ҳақиқатдир. Мана шу хослик халқнинг инсоният маданиятига қўшган моддий ва маънавий бойликларнинг қийматини белгилайди.

Ўзбек халқи урф-одати, феъл-атворига хос хусусиятлар ҳам олис боболаримиздан қолган маданий мерос эканини англаш, тилимизни ҳимоя қилгандек, дилимизни ҳам бегона таъсирдан, лоқайдликдан ҳифз этишни ўйлайлик.

Ҳар бир халқ этикети, яъни одоб-русуми у яшаётган жамиятнинг ижтимоий тузилишига боғлиқ ва ундаги ижтимоий вазият таъсирида шаклланади ёки бузилади. Асрлар давомида шаклланган аҳлоқ тушунчаларининг унутилиши миллий хосликнинг, халқ юзининг йўқолишига сабаб бўлади. Муайян воқеага ҳар бир халқ ўз одоб-русумидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдиради: ё маъқуллайди, ё рад қилади. Бу халқимизнинг аёл кишига нисбатан муносабатида ҳам аён кўринади.

Асрлар давомида аёлни улуғлаш адабиёт ва санъатнинг мангу мавзуси бўлди. Аёл бадани ҳар қандай либосдан гўзалдир, деб билган қадимий юнонлар уни яланғоч тасвир этдилар.

“Аёлга муҳаббат туйғуси ҳар қандай ҳирсий иштиёқлардан мустасно бўлиши керак, чунки у ўз бағрида тирик мўъжизани – гўдакни авайлаб юради” (Межелайтис). Шарқ учун, демак, ўзбек учун қўлидаги гўдакни бағрида босиб турган аёл – нафосат, гўзаллик, шу билан бирга фалсафий моҳиятга эга бўлган муқаддаслик рамзидир.

Айнан мана шу фалсафий моҳият, ўзбек урф-одати, феъл-атвори моҳиятидан келиб чиққан ҳолда республика ҳукумати олдида кейинги пайтда киноэкранларни тобора эгаллаб олаётган фаҳшга қарши тадбирлар ишлаб чиқиш масаласини қўйиш шарт, деб ўйлайман. “Кичкина Вера” фильмига ўхшаш бадиий ленталар, Тошкент циркида болаларга намойиш қилинаётган эротик мазмунли рақс шоулари, Навоий шаҳридаги Марказий универмаг олдида олти нафар яланғоч аёллар ҳайкалларининг ўрнатилиши ўзбек халқи турмуш тарзига, унинг руҳий дунёсига раҳна солишини, унга қаратилган кучли зарба бўлишини қачон англаймиз? Бу масалани мутасадди ташкилотлар ўйлаб кўришлари зарур.

Бу мулоҳазаларни кино санъатига, тилга олинган фильмга, ҳайкалтарошликка қарши қаратилган деб тушунмасдан, халқимиз аҳлоқ тушунчаларига, ҳали шаклланмаган мурғак дилларга асорат қолдириши мумкин бўлган салбий ҳодисага қарши қаратилган, деб қабул қилинишини истардим.

* * *

Тарихий шароит ўзбек ёзувчисидан фақат адабий иш билан шуғулланмай, балки ҳаётимиздаги сталинча қатағон, брежневча турғунликнинг бугунги кўринишларига қарши курашишни, халқ манфаати, тил ва дил ҳуқуқига оид ҳар бир масалага фаол аралашишни, она халқини янги йўлга – маърифат ва ҳуррият йўлига чиқариш учун чидам билан меҳнат қилишни тақозо этади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 16 июнь