Нилуфар Бекмуродова. Оқ олмалар (ҳикоя)

Тонг. Сигир-бузоқларнинг жағи очилиб, мени тинмай ўз тилида чақираётгандек. “Демак, бугун ухлаб қолибман” дедим ўзимга. Ёзги таътил бўлгани учунми эрталаб ухлаб қолиш, сигирларни кун ёйил­ганда боқиш ҳам айб эмасдек туюлади. Таътилнинг тўқсон куни тўққиллаб ўтгани сайин эса уй ишлари, ўйинлар ҳам бироз зериктираётгандек гўё.
Айтганча, бу йил тўққизга тўламан. Момомнинг айтишича, «одам сонига» кирар эмишман. Ҳозир-чи, нима одаммасманми? Момомга шунча ёрдамлашганим билан ҳар доим менга: «Боласан-да, билмайсан, бу дунёнинг ишлари кўп ғалат… Ҳеч кимнинг оиласи бузилмасин. Онанг ҳам қизиққон бўлиб қолган… Мен куймай, ким куйсин?! Онанг­ни эслатиб турган қош-кўзларингдан ўргилай. Бахтинг ўхшамасин ишқилиб”, – деб пешонамдан ўпади.
– Лобар! – деди момом, – пешин бўлди-ёв қизим. Молларнинг қобирғаси қобирғасига ёпишиб кетди. Ширчойингни сузиб қўйдим. Тургин энди.
– Ҳали саккиз бўлгани йўқ-ку, энажон, – дедим бир кўзимни зўрға очиб деразадан мўралаб.
– Кунни қарагин, эрталабдан қиздиради-я. Дугоналаринг аллақачон Шўртандан ўтиб, ҳу, ям-яшил зовур четларига молларини боқиб, тўйғазиб ҳам бўлишгандир.
Ичимда мол баҳона ўйиндан ҳам қолиб кетганимни фаҳмлаб: “Ўзи кетганини кўрдингизми?” – дедим эшик томонга юриб.
– Кўрганимга анча бўлди, болам.
– Эртароқ уйғотмабсиз-да, момо, – дейман яна айбимни тан олгим келмай.
– Қанча чақирдим, ўзинг эринчоқсан, қизим, – деди момом. Юзимни чала-чулпа ювиб, шошиб молларни бўшатгани йўл олдим.
Юмшоқ нонни яшириб қўйган қаймоғимга ботириб-ботириб едим-да, сигир-бузоқларни йўлга солиб ҳайдаб далага йўл олдим.
Буёғи энди бепоён пахтазор ва экин майдонлари. Ундан сал нарироғи эса дарё қирғоғи – дайровот. Мен-ку у ерларга деярли бормаганман. Чунки тоғам у ерга боришимни тақиқлаган. Дугоналаримнинг айтишича, дарёнинг нариги қирғоғи ям-яшил бедазор эмиш. Шу боис айрим сигирлар у томонга сузиб ўтаман деб дарёда оқиб кетган.
Сигир анча қариб қолган. Кечгача бош кўтармай ўтласа ҳам, негадир, уни тўйдиролмайман. Уйга кетар чоғда тўйгунича сув ичираман. Меш қорни шишиб тўйгани билиниб турсин дейман-да.
Бу ерда ҳамма мени “шаҳарлик” дейди. Лекин бу гапни ёмон кўраман. Отам-онам ажрашиб кетишганида онам бечора тўрт болани боқаман деб қийналиб қолган. Мен эса отамни ҳам онамни ҳам эмас, момом билан яшашни танладим. Тоғаларимнинг бири кўчиб кетгани, бири ўқиш учун шаҳарга кетгани сабабли момом катта ҳовлида ёлғиз қолганди.
– Катта тоғангни бекор кўчириб чиқарган эканман. Каттаси кўчиб чиқса, кичигини уйлантираман дегандим-да. Қайда, кичкина тоғанг ўқийман деб оёқ тираб туриб олди. Омадини бир синаб кўрсин, кейин ўз-ўзидан кўнгли қолади, деб ўйлагандим. Лекин тоғангнинг омади чопиб ўқишга кириб кетди, – дея зорлана бошлайди момом. – Бобонг раҳматли эрта кетди. Болаларимнинг катта бўлишини қанча кутганимни билсайдинг. Мана, катта бўлишди ҳам. Аммо энди ўқишини битириб қайтишини кутяпман. Кўзим йўлда. Одамзот ниманидир кутиб яшаркан. Кутиб-кутиб, умринг ўтиб кетганини ҳам билмай қоларкансан.
Момомнинг гапларига баъзан тушуниб, баъзан тушунмай бош ирғаб тинглаган бўламан. Аммо тинглаганим сайин негадир кўнглим кўчада – дугоналаримнинг олдига чопмоқчи бўлаверади…
Қишлоқда ҳар бир далаларнинг, қирларнинг, тепанинг ўз номи бор. Мана, қадамларимни тезлатиб, сигирларни югуртириб Шўртанга ҳам келдим. Жониворлар ҳам бу ерга ўрганиб қолган. Пахта даласига сира кирмайди. Ариқ ёқалаб бир текисда ажриқларни еб кетаверади. Мен дугоналарим Озода ва Гулрух билан кўришганимдек сигирларимиз ҳам бир-бири билан ер чимдишдан бош кўтариб “мў-мў”лашиб саломлашиб қўяди.
Озода узоқдан мени кўриши биланоқ қўлидаги маккажўхорини кўтариб кўз-кўз қилди. Бирдан хаёлимда чақин ургандек нимадир ялт этди-ю, ичимда хўрсиниб қўйдим. “Ана, кўп ухлашнинг оқибати, кеча келишганимиздек томорқадан макка сўтасини узиб олиш эсимдан чиқибди, эсиз”.
– Сочини қарагин, Лобар, – деди Озода маккажўхори попугини ўйнаркан.
– Менинг қўғирчоғим чўпдан бўлади, – дедим.
– Ўйнаймизми?
– Ўйнаймиз!
Молларни галма-гал қайтариб келамиз. Ҳар доим қуёш тик келганда, бошимиз қизиб қорнимиз очганини сезамиз. Шунда Болибек бобонинг дала четидаги тарвузларига секин яқинлашардик. Болибек бобо оиласи билан ҳар баҳор мана шу кенг­ликка жойлашиб қовун-тарвуз экади. Ўғрилардан қўриш учун узун дурбини билан атрофни кузатиб ўтиради.
Аслида, полизга пусиб борсак ҳам бўлади. Шунда сўрашга ҳам ҳожат қолмайди. Аммо бизни отнинг қашқасидек таниб қолган, билиб қолса уят бўлади-да. Кейин билсам, Болибек бобо раҳматли бобомнинг ўртоғи экан. Ёдидан чиқиб кетгандир деб ҳар гал тарвуз сўраб борганимда “Омоннинг неварасимисан?” дейди негадир ўйчан хаёлга берилиб. Сўнг қўлимга битта тарвуз тутиб, “келиб туринглар” дейди. “Раҳмат!” деймизу, тезроқ тарвузни паққос тушириш пайида бўламиз.
Чанқоқдан ўлаёзиб турганимиз етмагандай дугонам Озода тарвузни муздай оқар сувга қў­йиб, бирпас кутишимизни айтади. Кейин рўмолимизни тўшаб, тарвузни ерга уриб, ёриб еймиз. Айни пишиқчилик мавсуми бўлгани учун ичи қизариб чиқади. Ярмини еб, қолганини сабзи ўтоқ қилаётган аёлларга элтиб берамиз.
Қуёш ботар маҳал уфқ қизарганда далалар салқин бўлиб колади. Ўйин ўйнаб кеч қолганимиз сабаб қорни тўйган сигирларни югуртирамиз. Яна қош қораяр маҳал момом йўлга чиқиб, кутиб турган бўлади…
Деворга бошимни суяб мудрай бошлайман, шунда момом:
– Эртага Шўртанданми, тепалик ёнлариданми шўра териб келсаларинг пичак қилиб бераман, – деди. Бошим қиялаб бораётганига ҳам эътибор бермай мастава тўла косани олдимга суриб қўяди.
Сўнг қулоғимга яна момомнинг зорлангани эшитилади…
Кўзимни очганимда тонг ёришган экан.
– Лобар! Қизим, турақол, дугоналаринг кутиб турибди.
Очиқ деразадан бошларини суқиб пиқир-пиқир кулаётган дугоналарим бу сафар момомга қўшилиб:
– Ҳеч уйқучилигинг қолмади-да, дугонажон! – дейишди.
Баҳорий кўкатлар қотишиб, ялпизлар ҳам ачимсиқ таъмга кирган. Доим шифобахш таомлар тайёрлашга иштиёқманд момом:
– Энди пешингача мол ҳайдаш йўқ. Шўра териб келинглар, маза қилиб пичак ейсизлар, – деди.
Яна ҳар ишни ўйинга айлантириб, бир-биримизни турткилаб ўйинқароқлигимиз тутади. Момом айтган тепалик ёнига етиб борганимизда хушхўр ям-яшил шўралар ғуж-ғуж ўсиб ётарди. Ҳар қалай оёқ остида эмас тепалик ёнида ўсгани учунми, момом бизни шу ерга жўнатарди. Гоҳ шўранинг баргқулоқчасини узиб, гоҳ томири билан суғуриб челакчаларимизни тўлдириб уйга қайтардик. Момом аллақачон пичак хамирини муштлаб қўйган экан.
Биз териб келган шўрани эски дастурхон устига ёя туриб: – Ие, бу ёввойи шўра-ку, қизим, – деб қолди момом. Нафасим қайтиб кетаёзди. Шунча меҳнатимиз, бунинг устига энам хамирини ҳам қориб қўйган экан-а!
– Қайсиси чин шўра унда? – сўрадим. Энам челакни ағдариб ичидан япалоқ баргининг орқаси оқимтир шўрани қўлимга тутқазиб:
– Мана бунисини еса бўлади, – деди.
Дугоналарим ҳам аллақачон уйларига кетганини фаҳмлаб яна оёғимни қўлга олиб ортимга югурдим. Челагимни тўлдириб қизғиш баргли шўраларни териб, уйга қайтдим.
Уйда кундачани айвонга олиб чиқиб ўтирган момом ҳам мени шошиб қаршилади. Ғайратим жўшиб кундачада шўраларни чопиб ҳам бердим. Момом бичакларни букишга ўтирганида югуриб тандирни қиздирдим.
Тандир ичи жуда катта. Бир марта олов ёқиб оқартириш камлик қилади. Икки марта тандир ичини оқартириб рапида ва енгчани қоқиб-қоқиб тайёрлаб қўйдим. Момом қизиган тандир ичининг икки томонига сув сепиб ҳовуридан тушуриб қўяди. Ке­йин енгчани билагига кийиб, бирин-кетин пичакларни ёпиб тандир оғзини бироз беркитади. Кўп ўтмай, пичакнинг ҳиди димоғимни қитиқлай бошлади. Кейин энам пичакларни узиб тоғорани тўлдирди.
– Бирпас дамини олса, мулойим бўлади, – деди момом. Пичакни еб бир кўча нарида бўлак бўлиб чиқиб кетган тоғамнинг уйига дастурхонга ўралган бичакни олиб югураман.
Тоғамникидан қайтиб келаётсам, аёллар кетмончаларини тутганча пахта чопиғидан қайтишаётган экан. Уларни кўриб ҳавасим келди.
Момомга: “Мен ҳам пахта чопиғига чиқай? То­ғамни қизлари чиқишяпти-ку” дедим. Момом мени кичкиналигим учун аядими, ишқилиб ортига қараб ҳам қўймай, “молларни ким боқади унда?” – деди.
– Мен, мен ҳаммасига улгураман. Фақат хўп десангиз бўлгани! – дедим ўзимни худди катта одамдай тутиб.
– Ўзинг биласан. Лекин чарчаб қоласан-да, ўйлаб кўр, болам, – дейди бу сафар ортига бурилиб худди менинг бўйимни чопиқ кетмоннинг бўйига таққослаб ўлчаётгандек тикилиб.
– Чарчамайман, – дедим.
Энди бу гапни дугоналаримга ҳам айтиб уларни ҳам ўзим билан бирга далага олиб боришим ва чопиқ масаласида бригадирдан рухсат олиш керак эди.
Раим бригадир аввал бўйимизни, кейии шаштимизни синадими, бизни анчайин сўроққа тутди:
– Қурмагурлар-эй, майли, кичикдан катта бўлади-да одам, яна пахтани илдиз-пилдизи билан чопиб бошимни балога қолдирмайсизларми? – деб шоп мўйловини бураганча учаламизни кетмончалар билан учта эгат бошига олиб борди.
Пахтазорнинг узундан-узун эгатларида кун қизиб боргани сайин дам-бадам ўтириб ўйинга берилиб қолганимизии айтмаса, Раим биргад айтгандай эндигина барг чиқара бошлаган ғўзаларни чопмадик. Чопган бўлсак ҳам энди сўлиганда сезилади. Хуллас, бир сигирларга, бир пахта эгатга чопиб кунни кеч қилдик. Бир кунда ўзимизни катта одам чоғлаб кетмончага суяниб олиб бир-биримизга «маслаҳатгўйлик» қилишимизда ҳам, назаримда, тезроқ катта бўлиш умиди бор эди.
Уйга қайтганимда, сигир-бузоқнинг у ёқ-бу ёғидан ўтиб, кўздан кечириб келган момом менинг ранг-рўйимга боқиб: “Чарчаб қолдингми, қизим?” деди. Сўнг яна алқаб: “Баракалла, яхшиям сен борсан”, деб елкамга секингина уриб, сўнг хўрсинди.
Мен эса чарчоқдан елкамни деворга суяб муд­раганча энамни кузатаман. Бундай пайтларда энам ҳар куни оз-оздан кечқурунлари пахта чигитлаб ўтиради. Мен уларни кузата туриб, уйқуга кетаман. Эртасига эртароқ уйғониб, пахта даласига чопиққа отландим. Тушларига чопиқ кириб чиққандай Гулрух билан Озода ҳам аллақачон сигирларини олдиларига солиб йўлга чиқишганди. Этагимиз тўла оқ олма. Болаликнинг оқ олмалари ҳам ширин бўларкан. Биз ўша оқ олмаларни ҳам далада ейишни яхши кўрардик. Ҳарқалай чарчаганда чанқоқни босади. Пахта даласига етиб боришимиз билан дала айланиб юрган Раим бригадир бизга:
– Ҳа, баракалла! – дейди.
Шунда учаламиз ҳам бир-биримизга қараб эшкириб кетамиз ва чопиқни бошлаймиз.
Бу кенг далаларнинг сира адоғи йўқдек эди, назаримизда. Биз учун ҳар бир нарса қизиқ, ҳар кун саргузаштга тўла эди. Аммо тезроқ катта бўлишни, тезроқ бу ҳаётнинг ўзимиз билмаган жумбоқларини ечишни истардик. Пешинда чарчаганимиздан сигирларни олдимизга солиб оқ олмаларни бир-бир тишлаб уйга қайтдик. Оқ олмани тишласанг, бош­қа олмалардек қарсилламайди-ю, лекин барибир ширин. Кейин уни пахта олма ҳам дейишади. Нега унақа дейишар экан-а?.. Тиш ботгани учундир балки… Балки оқлиги учундир. Балки пахта чопиқда пахта далага олиб чиқиб ейиш учун шундай номлашгандир. Билмадим, аммо одамнинг кўнгли оқ бўлсин экан. Шу оқ олмалардек…

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 11-сон