Норбой Худойберганов. Дарднинг давосини излайлик (1989)

Яқинда Тошкент давлат университетининг рус тили ва адабиёти факультети битирувчиларига ҳозирги ўзбек адабиёти ҳақида маъруза қилишга тўғри келди. Гапнинг очиғи, маъруза олдидан бир оз ҳаяжонландим. Ўзингиз ўйланг: рус тили ва адабиётидан бўлғуси мутахассислар ўзлари ўқиб, яшаб турган жойга мансуб ёзувчиларнинг ижодини, умуман миллий адабиётни ўқиб, ўргансалар дўстлик, байналмилалчилик алоқаларининг мустаҳкамланишига қулай шароит туғилмайдими? Ахир, олий ўқув юртларидагина эмас, балки ўрта мактабларда меҳнат қилаётган илғор ўзбек тилчилари, адабиётчилари рус адабиётининг «таржимаи ҳоли», унинг етакчи намояндалари ижоди билан кенг танишгандирлар, шундай экан, нега, республикамиздаги рус филологлари ўзбек адабиётини, унинг йирик вакиллари асарларини билмасликлари керак?

Тўғри, рус филологияси факультетида ҳозирги ўзбек адабиёти курсининг ўқитилиши муҳим янгилик, бундан қувондик, лекин бевосита ишга киришган пайтимизда ҳафсаламиз пир бўлди: лекцияларга талабаларнинг бор-йўғи тўртдан бир қисми қатнашди, қатнашганларнинг ҳам кўпчилиги республикамиз мактабларини битириб, биз билан бирга яшаётганига қарамасдан бирорта ўзбек адибининг номини айтолмади, абхаз ёзувчиси Фозил Искандар ўзбек адиби бўлса керак, деган тахминларгача ўртага ташланди. Ҳатто Одил Ёқубов ёки Пиримқул Қодировнинг мамлакат миқёсида эътироф этилган, тақдирланган романларидан бирортасини ўқиган талаба топилмади!

Бамисоли бир оила бўлиб яшаётган, меҳнат қилаётган халқлар биринчи галда тиллашишга, ҳамкорлик қилишга мажбурдир. Бироқ, таассуфки, сўзимизнинг амалий ишлар билан мустаҳкамланишига беферқ қараганмиз, нуқул улуғ дўстлик ҳақида бонг урганмиз — оқибатда бир биримиздан узоқлашганмиз. Шундай аҳвол вужудга келдики, Лениннинг барча миллатлар тенг ҳуқуқли, уларнинг бирортасига имтиёз берилмаслиги даркор, давлатни барча халқлар биргаликда бошқариши керак, деган фикрларини гўё асосий дастур сифатида эътироф этдигу, аслида ўзимиз сезиб-сезмаган ҳолда рус тили, рус адабиётига кенг имкониятлар яратдик. Натижада миллий тиллар, маданиятлар, анъаналар ҳаётнинг барча соҳаларидан аста-секин сиқиб чиқарила бошланди. Ҳатто шу даражага бориб етдики, рус тили, фани, маданиятини ўзлаштирсанг ошиғинг олчи, ўз она тилингни, адабиёт ва санъатингни билишинг шарт эмас, деган ақида пайдо бўлди. У албатта, бой анъаналарга эга бўлган рус халқининг тили, адабиёти, маданияти тажрибаларини ижодий ўрганиш онгу тафаккуримизни, турмушимизни ҳар томонлама тараққий эттириш учун бизга сув билан ҳаводек зарур эди. Бусиз чинакам дўстлик, байналмилал бирликнинг юзага келиши мумкин эмас. Аммо биз бу ҳодисанинг реал заминига жиддий эътибор бермай фақат ташқи омилларгагина таяндик. Кўп ҳолларда эса рус қизи ўзбек йигитини ёки ўзбек қизи рус йигитини севиб турмуш қурса — мана сизга интернационализмнинг намунаси, деб жар солдик. Бунга қарши бўлганларни миллатчи дедик, қўллаб-қувватлаганларни эса интернационалист, деб улуғладик. Ҳатто бадиий асарларда, кинофильмларда бундай никоҳларни ҳозирги тараққиётнинг марказий муаммоси сифатида талқин этдик.

Аралаш никоҳлар ўтмишда, ҳозирда, бундан кейин ҳам учрайди, бироқ фақат уни интернационализм тимсоли деб баҳолаш чалкаш тасаввурларнинг юзага келишига ҳам сабаб бўлди. Чунончи, кимнинг онаси ё отаси рус бўлса, у чинакам интернационалист сифатида ўсиш-униш учун қулай имкониятлардан фойдаланади, бошқаларга нисбатан юксакроқ мавқени эгаллайди, деган гапнинг туғилишига олиб келди.

Аралаш никоҳни ҳеч ким инкор этаётгани йўқ, лекин у қандай шароитлар тақозосига кўра юзага чиқмасин, барибир бирорта халқ, бирорта миллат равнақи, истиқболининг негизини ташкил этолмайди. Демак, уни сунъий тарзда тарғиб қилиб илоҳийлаштиришга ҳеч бир ҳожат йўқ. Ҳар бир халқ, миллат ўзининг маънавий-руҳий, жисмоний баркамоллиги учун курашишга ҳақли ва бу кураш тенглик, эркинлик асосида ҳалоллик билан олиб борилиши зарур. Бизнинг бу жараёнга муносабат билдираётганимиз боиси ҳам аралаш никоҳ рус халқи, рус тилини илоҳийлаштиришга туртки бўлганлигини айтмоқчимиз. Рус адиби Сергей Баруздин «Ярим ҳақиқатми ё чала ошкоралик?» («Дружба народов», 1988 йил, 12-сон) мақоласида масалага худди шу нуқтаи назардан ёндашиб, сталинча миллий сиёсат натижасида мамлакатимизда руслар ягона даҳо халқ даражасига кўтарилгани, бошқа миллатлар уларни «оғамиз» деб илоҳийлаштирганини алоҳида таъкидлайди. У кейинги ярим аср мобайнида «укалар», «сингиллар», яъни бошқа миллатларнинг тили, анъаналари ҳар жиҳатдан камситилганини кўрсатади. Хусусан, қардош халқлар, миллатлар аста-секин бир-бирларига қўшилиб кетиши орқали равнақ топади, коммунизмда эса ягона бир интернационал миллат, интернационал тил ҳосил бўлади, деган ғоя партиянинг программасига сингдириб юборилганини ошкора танқид қиладики, бунга қўшилмасдан иложимиз йўқ.

Тўғри, Октябрь инқилоби туфайли ижтимоий эркинлик, маънавий озодлик ва тенгликка эришганимизни етмиш йилдан буён алоҳида фахр-ифтихор билан сўзламоқдамиз. Бироқ сўзимиз кўпинча амалий иш, реал фаолиятдан ажралиб қолди. Яъни тенглик, озодлик аксар ҳолларда фақат тилда эътироф этилди, амалда эса фақат русларни, рус тилини бамисоли доғсиз ойдек, дунёдаги ягона қуёшдек тараннум этдик. Бадиий асарларимиздаги ижобий қаҳрамонларнинг энг саралари, ижобийлари рус кишилари, раҳбарларидан танлаб олинди. Бордию уларнинг ичидан бирорта салбий шахс чиқиб қолса, бу рус халқига туҳмат, интернационализмга хиёнат тарзида қабул қилинарди. Аслида бунинг ҳеч қандай хиёнат эмаслиги, аксинча, марксча-ленинча диалектика қонунига мослиги, ҳаётнинг оддий кўриниши эканлигини кўпчилик биларди. Биларди-ю, лекин гўё рус халқига доғ тушириб қўямиз, деб чўчишарди. Ваҳоланки, ҳар қандай халқ — у русми, ўзбекми, ёки грузинми, бундан қатъи назар буюкдир. Шу билан бирга донолару нодонлар, улуғлару малъунлар, зўравону олижаноблар ҳар бир халқ орасида бор. Ахир бу оддий ҳақиқат-ку! Шунга қарамай ҳаётни бўяб-бежаб тасвирлайвердик.

Бундай аҳволнинг келиб чиқишига, аввало, сталинча миллий сиёсат, маъмурий буйруқбозлик, шахсга сиғиниш замин яратди. Иккинчидан, рус халқининг бизларга қараганда ҳар жиҳатдан ривожлангани, бошқа миллатларнинг эса қолоқлиги ҳам сабаб бўлди. Илғорлар ва пешқадамларга қолоқларда ҳам ҳавас, ҳам ҳасад бўлиши табиий, аммо бу нарса ҳақиқатнинг юзига тик қарашга халақит беради. Яъни илғорлик ва пешқадамликка кўп куч ва вақт сарфлаб, муттасил курашиш орқали эришилади. Бундай риёзат чекиб илғорликка эришишдан кўра ўзгаларга сиғиниш эса осонроқ. Буни кураш деб тасаввур қилувчилар, илғорларга тенглашиш йўли деб ўз-ўзини алдовчилар ҳам топилади. Топилганда ҳам озмунча эмас. Масалан, ҳозир радио, телевидение ёки газета, журналларнинг саҳифаларида айрим бюрократ раҳбарларгина эмас, бир қанча оддий ишчилар ва деҳқонлар, ҳатто баъзи зиёлилар ҳамон ҳаётимиз фвровон, ҳамма нарса етарли, инқилобий қайта қуриш, ошкоралик ва демократиялаш жараёнида ажойиб ғалабаларни қўлга киритиб, турғунлик асоратларига барҳам бердик, дея дабдабабозлик руҳида мулоҳаза юритмаяптиларми?! Бундай мулоҳазаларни ўқигач, беш-ўн болали оила 70-80 сўмлик иш ҳақи билан бахтиёр турмуш кечираётганига ишонмай ҳам кўринг-чи?!

Тўғри, тўрт йилдан буён давом этаётган қайта қуриш Москва, Ленинград шаҳарлари ва Болтиқбўйи республикаларида муайян ижобий натижаларга олиб келди. Бизнинг республикамизда ҳам уйғониш, жонланиш бошланди. Бироқ ҳали чинакам инқилобий ўзгариш рўй бермаганини кўпчилик эътироф этмоқда. Айни чоқда буюк пойтахтимизда, инқилоб бешигида, Болтиқбўйи республикаларида миллатчиликнинг ифодаси бўлган айрим нохуш, салбий ҳодисалар авж олаётганидан ҳам кўз юмолмаймиз. Аммо Ўзбекистонда «сўл оғмачилик» кенг қулоч ёзаяпти, русларга, бошқа қардош халқларга душманлик кўзи билан қараш илдиз отмоқда, деб жар солишга ҳеч қайдай асос йўқ.

Шунга қарамай баъзан «Правда Востока» газетасида ўзбек тилига давлат тили ҳуқуқи берилса рус ва бошқа халқларнинг тиллари четга суриб чиқарилади, интернационализмга раҳна солинади, миллатчиликнинг равнақ топишига кенг йўл очилади, деб нотўғри мулоҳазалар юритилаётганлиги кишини ажаблантиради. Ахир, рус тилининг ҳаётимиз тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этиши, унинг халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни юзага чиқарувчи энг зарур восита эканлигини ҳеч ким инкор этаётгани йўқку? Бинобарин, рус халқининг илғор маданияти, техника, санъат ва адабиёт соҳасида эришган ютуқларидан баҳраманд бўлиш учун, рус халқининг ажойиб вакиллари билан тенглик, эркинлик асосида ҳамкорлик қилиш учун жонимизни ҳам аямаймиз. Масалан, Москва давлат университети профессори М. Всеволодова «Тенгҳуқуқли тилларда гапирамиз» («Правда», 1989 йил, 6 март) мақоласида «миллий республикаларнинг тилларига давлат тили статуси берилиши, менингча, ўзини оқлайдиган мантиқан тўғри қадам бўлади» деб ёзди ва биз бундан беҳад хурсандмиз.

Хўш, нима учун, ҳар бир республиканинг миллий тилини давлат тили деб эълон қилиш эҳтиёжи туғилмоқда? Гап шундаки, қардош халқларнинг тиллари, шу жумладан, ўзбек тили ҳам Иттифоқимиздаги бошқа миллий тиллар сингари кенг миқёсда ривожлантирилмади. Аниқроғи, рус тилининг «сояси»да қолиб, турғунликка, қолоқликка маҳкум этилди. Сергей Баруздиннинг юқорида қайд этилган мақоласида бу нарса таъкидлаб ўтилган. Шу сабабли эндиликда миллий тилларнинг, жумладан, ўзбек тилининг ҳам мавқеини кўтариш, унинг ҳар томонлама равнақ топишини таъминлайдиган соғлом муҳит яратиш зарурати туғилди. Мана шу соғлом ижодий муҳитни яратишнинг биринчи шарти она тилимизга давлат тили ҳуқуқини беришдир. Борди-ю, бундан кўз юмиб, республикада рус ва ўзбек тилларини давлат тили даражасига кўтарсак, яна она тилимиз ўз ҳуқуқи ва мавқеига эга бўлмасдан ўша қолоқлигича, турғунлигича қолаверади. Она тилимизни чуқурроқ ўрганиш, риаожлантиришга зарурат ва эҳтиёж йўқолади, унинг қўлланиш миқёси кенгаймайди, аксинча, торайиб, чекланиб бораверади.)

Яқин-яқинларгача тиллар, миллатлар ривожланиб, тараққий этиб, бир-бирларига қўшилиб кетади, ягона умумий тил пайдо бўлади деган гаплар рағбатлантириларди. Бу гапларнинг мағзини чақиш тўғрисида унчалик ҳам бош қотирмасдик: ахир тиллар, миллатлар ривожланса, бир-бирига қўшилиб кетадими? Бу қандай ривожланишки, у бир тил ёки миллатни иккинчисига бирлаштириб, қўшиб юборса? Ахир, бундай «бирлашиш ва қўшилиш» бир тил, бир миллатнинг ҳалокати деган маънони англатади-ку?!

Бундай тарғибот нималарга олиб келганини кўриб, сезиб турибмиз. Фақат кичик миллатлар ва уларнинг тилларигина эмас, катта халқларнинг тиллари ҳам бунинг жабрини тортди. Масалан, украин ёзувчиси Яворивский бу ҳақда ташвишланиб мулоҳаза юритади. Унинг ёзишича, бугун Украинада она тилини ҳимоя қилиш жамияти тузилган. Украин тилининг ижтимоий-маданий жабҳаларда, идораларнинг иш тартибида рус тилига «тобеъ» бўлгани рост. Аммо Яворивский ёзганидек, бунда рус тили, рус халқи айбдор эмас, маҳаллий бюрократ раҳбарлар айбдордир. Рус шоираси Римма Казакова эса нега энди одамлар ўз тили инқирозга учраб, жарлик ёқасига келиб қолганда индамай қўл қовуштириб ўтириши керак. Улар бор овозлари билан жар солишга ҳақлидир. Нега энди Гуржистонда, Ўзбекистонда яшаётган руслар ўша ердаги миллий халқ тилини билмайдилар, нега ўзлаштирмайдилар, деб ёзади.

Гап «Правда» газетасининг шу йил 3 апрель сонида босилган «СССР — бизнинг умумий уйимиз» мавзуидаги давра суҳбати ҳақида кетаяпти. Суҳбатда иштирок этган турли миллатга мансуб ижодкор зиёлиларнинг вакиллари қардош халқларнинг она тилигина эмас, балки рус тили ҳам турғунлик асоратидан зарар кўрганини таъкидлайдилар. Шу суҳбатда айтилганидек, бошқа қардош халқларнинг тиллари каби бизнинг ўзбек тили ҳам чекланган ҳолда ишлатилиб ўзининг кўп имкониятларини бой берди. Турғунлик йилларининг раҳбарлари эса энг юқоридан тортиб то қуйи бўғинларгача фақат нобоп йўллар билан «яширин миллионер» бўлиш учун курашдилар. Уларнинг аксарияти бу курашда «ғалаба» қозондилар. Бироқ бу «ғалаба» иқтисодда, сиёсатдагина эмас, маънавият ва маданият, жумладан, тил соҳасида ҳам катта ўпирилишларга замин ҳозирлади.

Эндиликда бу заминга дарз кетди. Аммо ҳали туб бурилишларга эриша олганимиз йўқ. Негаки, бир йил эмас, икки йил эмас, қарийб ярим асрдан буён ўша иллатлар илдиз отиб келди, кенг кўламда мустаҳкамланди. Уларга бирданига осонлик билан барҳам бериб бўлмайди, албатта. Вазиятнинг мураккаблиги, чигаллиги шундаки, Сталин даврида шаклланган «руслаштириш» сиёсати ҳеч қачон, ҳеч қаерда расман тасдиқланган эмас, тасдиқланиши ҳам мумкин эмасди. Уни барча жабҳалардаги раҳбарлар марксча-ленинча таълимот талабларига, қонун-қоидаларига моҳирона мослаштириб амалга оширдилар. Бу ишга гоҳ тушуниб, гоҳ тушунмасдан ёрдам берганлар ҳам бўлди. Масалан, театр режиссёрларига саҳна асарларини тайёрлашда, репетицияларда ёки киночиларга бадиий фильмларни суратга олиш ва экранга чиқариш жараёнида фақат рус тили қўлланилиб, ўзбек тили четга суриб чиқарилсин, деб ҳеч ким расмий буйруқ бермаган! Рус тилини яхши ўрганиб, ўзлаштириб олган ўз режиссёрларимиз ўз хоҳиши билан она тилига бефарқ қараганлар! Гўё шу йўл билан интернационалист бўламиз, деб ўйлаганлар. Шу тариқа ўзбек тилининг руҳи, характери, моҳиятини чуқур билмасдан, ҳис қилмасдан миллий пьесалар ва кинофильмлар, рақслар ва мусиқавий асарлар, санъат намуналари яратиш оммавий тус олиб кетди. Оқибатда аксари санъат асарларимиз миллий руҳдан мосуво бўлганлиги туфайли ҳеч ерда дурустроқ шуҳрат қозонолмади. Албатта, шу ўринда бир истиснодан кўз юмолмаймиз. Баъзан зўр истеъдод эгаси ўз она тилида эмас, тарихий, ижтимоий зарурат тақозосига кўра бошқа тилда ижод қилиб ҳам етук асарлар ёзиши, ҳатто жаҳон миқёсида шуҳрат қозониши мумкин. Айтайлик, Чингиз Айтматов. Бироқ буюк қирғиз ёзувчиси рус тилида ижод қилиб ҳам ўз халқининг миллий руҳини бебаҳо, нодир истеъдоди орқали ҳаққоний гавдалантира олдики, бунга камдан-кам ижодкор эриша олади.

Гап ижодкорларнинг келиб чиқиши, у ёки бу миллатга мансублиги ҳақида эмас, балки улар қайси халққа хизмат қилаётган бўлса, ўша халқнинг тили ва дилини, маданияти ва фанини чуқур идрок эта олиши зарурлиги ва шу асосда ҳаёт ҳақиқатини мавжуд мураккабликлари билан гавдалантирадиган теран миллий асарлар, бадиий кашфиётлар яратиши тўғрисида кетаяпти. Бу ҳаётий зарурат, давр талабидир.

Яқинда Ўзбекистон Компартияси Маркаэий Комитетининг Идеология комиссияси мана шу эҳтиёжни ҳисобга олиб, ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш лозим деган хулосага келди. Бу ўзига хос тарихий хулоса сифатида баҳоланмоғи керак. Умид қиламизки, бу хулоса республика Олий Совети томонидан маъқулланиб, қонун тусини олади. Бироқ бу ҳали она тилимизнинг ҳар жиҳатдан равнақ топиши масаласи узил-кесил ҳал бўлди, деган маънони англатмайди. Негаки, тил тараққиёти учун қулай шарт-шароит, мустаҳкам замин яратилмаса, ижобий натижалар ўз-ўзидан қўлга киритилавермайди. Таниқли рус адиби В. Кондратьев «Правда» газетасида босилган давра суҳбатида шу ҳақда мулоҳаза юритиб, миллатлар ва уларнинг она тиллари, маданияти, онг-тафаккури равнақига эришиш учун «иттифоқчи республикаларнинг тўла мустақиллигини таъминлаш, уларга маҳаллий ҳукумат раҳбарлик қилишига эришиш лозим», деб ҳисоблайди. У ўз фикрини давом эттириб: «республика раҳбарлари марказнинг буйруқ-кўрсатмаларини бир овоздан ҳеч қандай эътирозсиз «лаббай» деб қабул қилаверса, бу маҳаллий халқнинг норозилигини туғдиради», дейди. Бундай норозиликнинг олдини олиш, унга барҳам бериш учун В. Кондратьевнинг фикрича: «миллий адабиёт ва маданиятнинг эркин, мустақил ривожланиши учун кенг йўл очиб берилиши зарур. Ва яна шуни унутмаслик лозимки, эркин, мустақил фикрлайдиган ижодкорлар қанчалик «калтаклангани»га, ҳар хил таъқибу тазйиқлар, қувғинларга учраганига, туҳматга гирифтор қилинганига қарамасдан ҳозирги инқилобий қайта қуришнинг маънавий заминини ҳозирлади».

Шу давра суҳбатининг бошқа қатнашчилари эса таниқли рус ёзувчисининг фикрларини давом эттириб тил ва маданиятнинг равнақ топиши учун экологик фожиаларга, иқтисоддаги ўпирилишларга ҳам барҳам бериш зарурлиги, бусиз маънавий ва илмий муаммоларни муваффақиятли ҳал қилиш қийинлиги ҳақида мушоҳада юритишган.

Дарҳақиқат, тил қанчалик эркин ва мустақил бўлмасин, ижтимоий-маънавий ва иқтисодий-илмий омилларга суянмасдан ўз ҳолича бор қудратини намоён қилолмайди. Аввал иқтисод, кейин сиёсат деган гап бежиз айтилмаган. Ахир пахтакор деҳқон, қишлоқ аҳли гўшт маҳсулотларини ўртача Иттифоқ даражасига қараганда жон бошига ҳисоблаганда қарийб ўн марта, шаҳарлар аҳли эса уч-тўрт марта кам истеъмол қилса, умуман ҳаётий зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли даражада таъминланмаса, миллий тилу миллий маданият, фан равнақи ҳақида сўз очиш мумкинми?!

Кўраяпсизми, дардга чалинган она тилимизни «даволаш» учун ҳам иқтисодий ҳаётимизни ночорликдан қутқаришимиз зарур экан.

Албатта, бир миллат вакилининг иккинчи миллат тилини, айтайлик, ўзбекнинг русчани яхши билиб олиши осон иш эмас. Негаки, ҳар бир инсон аввало ўз она тилини мукаммал ўрганишга бутун умрини сарфлайди. Шунда ҳам камдан кам одам бу вазифани юз фоиз ўринлатдим, деб айта олади. Ўзга тилни ўрганишга эса бундан ҳам кўп вақт, саъй-ҳаракат сарфланиши керак. Шахсаи ўзимдан мисол оладиган бўлсам чорак асрдан оша бошлаган ҳаётимнинг қарийб учдан икки қисмини рус тилини ўрганишга сарфлаганман. Анча-мунча муваффақиятларга эришдим, шекилли, русча ёзган бир қанча адабий-танқидий, публицистик мақолаларим марказий матбуот саҳифаларида чоп этилаяпти. Русча эркин мулоқотга кириша оламан, аммо ҳали бу бой ва ранг-баранг, мураккаб рус тилини яхши ҳис қиламан, биламан, деб айтишимга асос бўлолмайди. Ҳамон рус тили, маданияти ва адабиётини ўқиб-ўрганишни муттасил давом эттираяпман. Бинобарин, республикамизда бугун ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинса-ю, эртагаёқ бошқа миллатлар, шу жумладан, рус халқи вакиллари ҳам бирданига ўзбекча гаплашсин, ўзбекча ёзсин, шу тилда муомалага киришсин, деб талаб қилишга ҳеч қандай асос йўқ. Қолаверса, руслар ўзбекчани, ўзбеклар русчани бемалол ўзлаштиришлари учун куч-ғайрат сарфлашлари, тил ўрганиш ишига меҳр-муҳаббат билан ёндашишлари талаб этилади. Бунинг учун эса соғлом иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маданий шарт-шароитлар вужудга келтирилиши зарур. Чинакам инқилобий қайта қуриш, ошкоралик ва демократиялаш шуни тақозо этади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 5 май