Темур Пўлатов. Мен иккитиллиликни қандай тушунаман? (1989)

Тил ҳақидаги мулоҳазаларимга сарлавҳани бежиз юқоридагича қўймадим. Рости гап, иккитиллилик ҳақида ҳаммамиз — ёзувчилар ҳам, давлат арбоблари ҳам, тарбиячилар, мухбирлар ва шунчаки оддий фуқаролар ҳам кўп гапирамиз, аммо ҳеч ким бу борада аниқ тасаввурга эга эмас. Амалдаги иккитиллилик нима ўзи? Ҳали бирор-бир тилшунос олимимиз бу муаммога астойдил қўл урганича йўқ. Бу мавзуда биронта жўяли илмий иш ҳам йўқ, борлари ҳам «Иккитиллилик — халқлар дўстлиги йўлидир!» қабилидаги шиорбоп, ташвиқотбоп ишлар. Тўғри, булар ҳам керакдир. Аммо ишонтирарли илмий тадқиқотлар ҳам зарур-да. Жазоир, Марокаш, Ҳиндистон, Финландия каби «иккитилли» мамлакатларда назариётдан аллақачон амалиётга ўтганлар. Тасодиф эмас, бизнинг тилчиларимиз адабий иккитиллилик ҳақида мулоҳаза юритаётиб, хорижий адабиётлар тажрибасига мурожаат қиладилар, ўзимизнинг хусусий миллий муаммоларимизга панжа орасидан қарайдилар. Эқтимол, шунинг учуи бирорта амалиётчи ёзувчимиз ҳам иккитиллилик жумбоқларини ечишга уринмади, ҳатто Ч. Айтматов каби нуфузли киши ҳам СССР Ёзувчилар союзи правлениесининг пленумида иккитиллиликни қўллаб-қувватлади-ю, унинг ўзи нима эканини тузукроқ тушунтира олмади, калавани баттар чувалаштириб юборди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида республика телевидениеси орқали чиқиш қилганда, мен шу муаммони англаб кўришга ҳаракат қилдим, муаммо ростдан ҳам мураккаб ва кўпқиррали бўлгани учуи унинг бир қирраси — кундалик турмушдаги томонини олдим. Бу, айтайлик, фикр юритишга ҳам қулай томони. Бу — иш юритишнинг икки тилда — ўзбекча ва русча олиб борилиши зарурлиги, мажлис ва йиғинларда изчил таржима қилиб туриш, шаҳар, кўча ва майдонлар, қишлоқлар ва ҳоказолар номланишиии тартибга солиш эҳтиёжидир. Бусиз ҳеч қайси кўпмиллатли жамият мўътадил кун кечира олмайди.

Аммо бу ҳали етарли эмас, бу иккитиллилик муаммосининг бир қирраси, республика давлат маҳкамаларининг ташкилий қобилияти ва ҳаракати билан ечиладиган томони, холос.

Ҳаётий иккитиллилик муаммоси — фақат маҳкамачилик муаммоси эмас, бу маънавият, маданиятга ҳам боғлиқ, уни безак-бежашларни ўзгартириш билангина ечиб бўлмайди.

Тил муаммоси — бу миллатнинг маънавий соғлиғи масаласидир. Бизда бир талай турли-туман қонунлар мавжуд, ҳатто маҳкамачиликнинг ҳимоясига хизмат қиладиган паспорт ва прописка ҳақидаги қонун кабилари ҳам бор, аммо энг зарури — тил ҳақидаги қонун йўқ. Мулоқаза юрита бориб, мен республиканинг давлат тили қилиб ўзбек ва рус тилини қонунлаштиришни таклиф қилдим, шу жумладан, Ўзбекистондаги бошқа ҳаракатдаги тилларнинг ҳам тенг ҳуқуқли қўлланишига шароит яратишни назарда тутдим. Гўёки мураккаб муаммони шу билан ечгандай, маънавий ҳаётимиз ва идоравий фаолиятнинг эркин ривожига асос топгандай эдим.

Аммо юқоридаги фикрим шошиб чиқарилганини англадим. Ахир, бу билан биз республикамиздаги тилга боғлиқ аҳволни баттар чувалаштириб қўймаймизми? У ҳолда қорақалпоқлар нима қилади? Автоном республиканинг давлат тили сифатида қорақалпоқ ва рус тилиии эълон қилиш керакдир? Ўзбек тили-чи? Эҳтимол, Қорақалпоғистон АССР Ўзбекистон ССР таркибига киргани учун қорақалпоқча ва ўзбекчани давлат тили этармиз? Рус тили-чи? Ёхуд автоном республикада уч асосий тилни — қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларини давлат тили деб танишимиз лозимдир? Бу миллатлараро муносабатларни, маданият ва маҳкамачилик фаолиятини янада мураккаблаштириб юбормайдими?

Менга шундай туюладики, реал иккитиллилик, кўпмиллийлик шароитида бир тил иккинчи тилга тенг бўлиш учун бошқа тилнинг хизматига тақлид қилиши шарт эмас. Тенглик рақамларда — дейлик, элликка эллик қилиб — қурилмайди. Биз, ўзбеклар учун она тилимизни йўқотиш ўта фожиадир — ахир, биз тилни ўз миллий муҳитимизда йўқотаётиб, унинг бошқа ҳеч қаерда, Ўзбекистондан ташқарида тирилмаслигини биламиз-ку.

Ўзбекистонда яшаётган русларнинг сезгиси бошқачароқ кечади. Эҳтимол, у ёки бу маҳаллий рус ёзувчиси асари тилининг қашшоқлиги унинг ғашини келтирар, аммо у унинг она тили Россияда тўлақонли ҳаракат қилаётганини билади.

Россиядаги классик ва ҳозирги замон рус адабиёти Россиядан ташқарида яшовчи русларни ҳам маънавий озиқлантириб туради. Шунинг учун бизнинг рус дўстларимиз ўз тилларининг ўзбек тили билан тенглигини, аввало, унинг ишчи функциясида — ишлаб чиқариш, илмий, педагогик ва бошқа соҳалардаги мавқеида кўрадилар.

Шунга кўра, у ёхуд бу тилнинг мавқеи биринчи галда маҳаллий ва муҳожир аҳолининг миллий, тарихий ва маданий ўзига хослиги ва жамиятдаги ҳозирги сиёсий ва иқтисодий аҳволи билан белгиланади.

Шунинг учун, Ўзбекистон ССРнинг келгуси тил ҳақидаги қонунида ўзбек тили республикага ном берган маҳаллий аҳоли тили сифатида давлат тили деб эълон қилиниши керак.

Рус тили эса қонуний тарзда нафақат миллатлараро алоқа воситаси сифатида — бу бизнинг кўпмиллатли давлатимизда ўз-ўзидан аён — балки ўзбек тили билан бирга иш юритиш тили, деб белгиланиши керак. Бу нафақат рус тилли аҳоли, балки республикада яшаётган бошқа халқлар учун ҳам лозим. Тил ҳақида қонунда, табиийки, Ўзбекистондаги ҳамма халқлар тилларинииг эркин ривожи ва қўлланиши ҳуқуқи ҳам айтилган бўлиши зарур.

Менинг миллий — рус иккитиллилиги каби мураккаб муаммонинг баъзи йўналишлари ҳақидаги мулоҳазаларим шундай. Балки, бу фикрлар баҳсталабдир..

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 21 апрель