Хайриддин Султонов. Ҳаёт дарахти (1989)

1. Сизнингча социал-сиёсий ислоҳотлар шароитида миллий муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболлари қандай?

2. Кўпмиллатли давлатимизда миллий тилларнинг ўрни ва аҳамияти сизнингча қандай бўлиши керак?

3. Миллий маданиятларнинг бойиш йўллари ҳақида сизнинг тасаввурингиз?

Мен бу мавзу юзасидан «назариётчилик» қилиб, турли-туман манбалардан иқтибос келтириш билан машғул бўлмоқчи эмасман. Масаланинг бу жиҳатини шу соҳа билимдонларига — зукко олимларимизга қолдирсак. Оддий бир қаламкаш сифатида мен баъзи кузатишларим, ўйлаганларим, кўрган-билганларим билан ўртоқлашсам.

Умуман, кўпмиллатли мамлакатимизда миллий тилларнинг ўрни ва тақдири муаммоси назарий жиҳатдан биз университетда ўқиб юрган чоғларимизда, яъни турғунлик йилларининг авж пардасида бутунлай ҳал этилгандек туюларди. Жуда мўътабар домлаларимиз, жуда мўътабар дарсликлар бизга истиқболда барча миллат ва тилларнинг ихтиёрий равишда қўшилиб, ягона тил ва ягона миллатни ташкил этишидан таълим берардилар. Кўплар қатори мен ҳам ўшанда бу таълимотга беҳад ҳайрон бўлган эдим. Чунки унинг чок-чокидан сўкилиб тургани жиндек зеҳн ва фаросати бор одамга кундай равшан эди. Бу назарияга асосан ривожланган социализм даврида миллатларнинг тараққий топа бориб, шу негизда яхлит бирликка айланиб кетиши каромат қилинарди. Ёш ақлим билан таажжуб қилардимки, ахир, бу қандоқ бўлди, миллат ва тиллар тараққий этиб, гуллаб яшнаб борса-да, кейин бирданига… Қисқаси, ундан у ёғига жавоб топиш амримаҳол эди. Аммо, яшириб нима қилдим, ўша пайтда шу таълимотни тўтиқушдай такрорлаб, синовдан синовга, имтиҳондан имтиҳонга ўтаверганмиз. Мана, энди демократия деган тушунча таъсирида кўзимизни очиб қарасак, ҳақиқий имтиҳон, ҳақиқий синовлар ҳали олдинда экан. Энг ачинарлиси, биз уларга асло тайёр эмас эканмиз.

Шу сабабли айни кунларда республикамиз шаҳар-қишлоқларида барчанинг ўю хаёлларини банд этиб олган муаммо — она тилимиз ва унинг тақдири, бошқа қардошларимизнинг миллий тиллари ҳақидаги гоҳида вазмин, гоҳо қизғин баҳсу мунозараларни кузатар эканман, улуғ Гёте «Фауст»да айтган доно ҳикмат қайта-қайта ёдимга тушади:

Назария қуруқ ёғочдир, дўстим,
Аммо яшнар ҳаёт дарахти.

Чиндан ҳам, агар ўшандоқ тезпишар назарияларга ишониладиган бўлса, совет кишиларининг ҳозирги авлоди аллақачон коммунизмда яшаши керак эди. Ҳолбуки, тарихчи ва жамиятшунослар бугун мамлакатимизда социализм қурилганмиди ўзи йўқми, деган масалани муҳокама қилиб ўтиришибди.

Хуллас, келишганимиз бўйича, назарий хулосалар ҳақида эмас, ҳаётий масалалар ҳақида сўзлашсак. Яна шуни айтиб ўтишни истар эдимки, мен фикр юритмоқчи бўлаётган воқеа-ҳодисалар хусусий ҳоллардир, умумлаштириш балки шарт эмасдир. Лекин, назаримда, ҳар қандай умумийлик ҳам шу сингари хусусий ҳоллардан ташкил топади.

Бу воқеага кўп бўлгани йўқ. «Ёшлик» журналида масъул котиб эдим. Журналнинг навбатдаги сони макет бўлиб, босмахонага берилаётган эди. Бир саҳифанинг бурчагида «Келгуси сонда қрим-татар адиби Эрвин Умеровнинг «Эчкиқоя тошчалари» номли ҳикоясини ўқийсиз» деган кичик эълон бор эди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, жума куни, иш тугашига яқин журналнинг «тандирдан янги узилган» нусхаси келди. Синчиклаб кўриб чиққач, босилишига рухсат этиб, қўл қўйдик. Хотиржам тортиб, уй-уйимизга отланиб турганимизда, бирданига қўнғироқ бўлди. Бош муҳаррир ўринбосари ва мени зудлик билан чақиришди. Бирпасда ваҳима бўлиб кетди: «Журналда сиёсий хато ўтиб кетибди!» Нима гаплигини билолмай ҳайрон эдик, у ердаги ўртоқлар кўрсатишди: «қрим-татар» деган сўз ўтиб кетибди. Таажжубланиб сўрадик: «Бунинг нимаси хато?» Маълум бўлишича, ўша пайтда юқори ташкилотнинг ёпиқ кўрсатмаси бўлиб, унга асосан республика матбуотида бояги сўзни ишлатиб бўлмас экан. «Афсуски, биз бу ёпиқ кўрсатмадан бехабармиз», дедик ва хасга тирмашган одамдек, шу бинода чиқадиган «Ленин байрағы» қрим-татар газетасини эсладик. Ўртоқлар бизга бу газета ҳозир қрим-татар эмас, татар газетаси ҳисобланишини айтдилар. Бутун бошли халқнинг номи бундоқ ўзгартириб юборилганлиги айниқса ҳайратомуз эди. Шунда мен кабинетимдан «Литературная газета»нинг икки ҳафта олдинги сонини олиб келиб кўрсатдим. Ўша сонда Москвада, СССР Ёзувчилар союзида қрим-татар адабиётининг муҳокамаси ҳақида ҳисобот босилган ва бу сўз ўнларча марта зикр этилган эди. Аммо бу далилим ҳам инобатга ўтмади. «Москвада мумкин, — деб жавоб беришди ўртоқлар — бизда мумкин эмас…» Қисқаси, бу можаро уч кунча давом этди. Биттагина сўз учун қарийб икки юз минг нусхадаги журналнинг босилиши тўхтатиб қўйилди. Охири, «тепа»дан ижозат бўлиб, журнал босилиб чиқди. Бу ҳодиса редакцияда фавқулодда ҳол каби муҳокама қилинди. Ҳаммамиз бунинг бемаъни, мантиқсиз гап эканини сезиб турардик. Бироқ «юқори»га кўрилган чоралар ҳақида қоғоз керак эди. Оқибат шу бўлдики, мен ва техник редактор ҳайфсан билан «тақдирландик». Бугун у гаплар кулгили туюлади. Ўшанда ҳозир марҳум бўлиб кетган бир раҳбарнинг: «Ким қилган?! Атай қилганми? Бутун тиражнинг баҳосини айбдорлардан ундириб олиш керак!» деган важоҳатли сўзлари ҳануз қулоғимда…

«Кимда-ким миллатлар ва тилларнинг тенглигини тан олмаса ва ҳимоя қилмаса, у марксист эмас, ҳатто демократ ҳам эмас» (В, И. Ленин).

Мен ўша пайтда ҳам шу фикрда эдим. Аммо, минг афсуски, баъзан Лениннинг фикридан кўра оддий бир инструкторнинг фикри инобатлироқ бўлиб чиқади.

Биз ўқиган китоблардаги назарий таълимотларга кўра, миллий тилларнинг ўрганилиши ва қўлланилиши борасида ҳеч қандай муаммолар бўлиши мумкин эмас. Бироқ ҳаёт деган тушунча шу қадар кенг, шу қадар теран ва ранг-барангки, ҳатто энг мукаммал назариялар ҳам уни бутун борлиғича, бутун жилвалари билан қамраб олиши маҳол. Назарий ақидаларимиз ҳаётга, амалиётга кўчганда кўпинча ҳеч қаерда кўзда тутилмаган зиддиятлар юзага чиқади. Айтайлик, назарий жиҳатдан республикамизда ўзбек тилида бемалол ўқиш-ўқитиш, идора ишларини олиб бориш мумкин, бунга ҳеч бир монелик йўқ. Лекин ҳамиша ҳам шундай бўладими? Ҳамиша ҳам шундай бўляптими? Яқиндагина бошимиздан кечган бир воқеани сўзлаб берай.

Хотиним аввал педагогика билим юртини, сўнгра университетни тугатган, уйимизнинг ёнгинасидаги боғчада беш йилдан буён тарбиячи бўлиб ишлайди. Шу пайтгача ишидан, ишхонасидан ҳеч қандай шикояти йўқ эди. Бир ойлар чамаси бурун кичкина қизчамиз шамоллаб, хотиним уч-тўрт кун уйда қолишга мажбур бўлди. Қиэча соғайгач, ишга чиқди-ю, хомушроқ бўлиб қайтди. Сабабини суриштирсам, ишда бўлмаган пайтида ундан розилик сўрамай бошқа жойга — тайёрлов группасига ўтказиб юборишибди. Боғчанинг методистига кириб, ўз жойига — кичкинтойлар группасига қўйишни сўрабди. Методист кўнмаган экан, очиғини айтиб, менинг русча нутқим унчалик яхши эмас, тайёрлов группасидаги машғулотлар мураккаб, ишлаёлмасам керак дебди. Методист бунга жавобан, агар нутқинг яхши бўлмаса, унда, бошланғич группада ишлашинг айниқса мумкин эмас, чунки бу ёшда боланинг айни нутқи ривожланадиган пайт бўлади, деб жавоб қайтарибди. Эртага аттестация қиламиз, ўтолмасанг ўзингдан кўр, дебди. Мен бошда бу гапга жилла эътибор бермадим. Лекин хотиним эртасига баттар ранжиб қайтди. Методист аёл, энди сен битта-яримта тарбиячи бетоб бўлиб қолса, шуларнинг ўрнида вақтинча ишлайсан, йўқса, бошқа иш қидираверишинг ҳам мумкин, деб шама қилибди. Албатта, бу гапни эшитиб ҳайрон қолдик. Педагог учун йилнинг ўртасида дабдурустдан иш топиш осон эмас. Хотиним анча сиқилди, ўзини қандайдир камситилгандек сезиб юрди. Боғча мудираси отпускада экан, ким билан гаплашишни билмай боши қотди. Ноилож менинг ҳам аралашишимга тўғри келди. Мен борган куним методист тоби қочиб, ишга чиқмаган экан. Бошқа тарбиячилар ва иш юритувчи ходима билан суҳбатлашиб, ростдан ҳам шундай гап бўлганини аниқладик. Маҳаллий комитет раиси ўктамгина жувон экан, бу гапларга ишонмади. «Афсуски, шундай бўлибди, — деб эътироз билдирдим мен. — Бунинг тарбия ўчоғида, педагогик коллективда рўй бергани айниқса ачинарли…» «Йўғ-э, — деди у, — ишонинг, сира бундай бўлмаган. Бизда барча миллат вакилларига, жумладан, ўзбекларга ҳам ҳурмат эътибор жойида. Мана, мен ўзим ўзбечкаман, биламан, ахир…» «Жуда яхши-да, опажон, — дедим мен ўзбекчалаб (суҳбатимиз шу пайтгача рус тилида бораётган эди), — ҳақиқатан ҳам, келинингиз рус тилини мукаммал билмайди, лекин…» У бирпас юзимга тараддудланиб тикилиб турди-да, кейин русчалаб: «Илтимос, русча гапирсангиз, мен тушунмайман», деди. Менинг ўрнимда бошқа одам ҳам табиийки, бир зум гангиб қоларди. Бирпасдан сўнг гапимни русчалаб давом эттирдим: «Албатта, русчани мукаммал билмайди, чунки ўзбек мактабида, ўзбек филологиясида ўқиган, русчани етарлича ўрганишга фурсати бўлмаган, биринчи синфдан тортиб университетни тугатгунича пахта терган, лекин фақат шунинг учунгина шунча йил ишлаган қадрдон даргоҳидан кетса, қандоқ бўларкин?» Опа ҳам ўйланиб қолди, кейин менга боқиб: «Хўш, нима қилгин дейсиз, бўлмаса? — деди. — биз унинг группасини декрет отпускасидан қайтгач бошқа тарбиячимизга бердик. У тарбиячимиз эски жойида ишлашга кўнмаяпти, чунки навбатдоши билан қаттиқ уришиб қолган…» «Майли, аммо нега бунинг жабрини бошқа одам тортиши керак?» дедим мен. Опа елка қисди: «Маъмурият ходимни қаерда ишлатса, ўзининг ихтиёри…» «Тўғри, лекин ходимнинг розилигини олиб, — деб қўшимча қилдим мен. — Хўп, айтайлик, буни ўз группасига қайтаришнинг имкони бўлмаса, ўзбекча группа очилса-чи? Менимча, болалар етиб ортади». Опа бош чайқади: «Бунинг учун махсус («специализированный») боғчалар бор, — деди у. — Бизнинг боғчамизда эса таълим-тарбия ишлари европа тилларида (у айнан шундай деб айтди) олиб борилади». «Қанақа европа тилларида? — деб астойдил таажубландим, чунки бу мен учун янгилик эди. — Французми, немисми, инглизми?» Опа ҳам менинг нодонлигимга таассуф билан қаради. «Қанақа бўларди, — деди жиддий, — рус тилида-да». «Кечирасиз, мен адабиётчиман, — дедим қимтиниб, — назаримда, рус тили славян тиллари группасига кирса керак». «Бунинг аҳамияти йўқ, — деди опа бепарво, — муҳими шундаки, бизнинг боғчамиз шунга мослаштирилган. Кейин, ўзбекча группа очиш ишини биз ҳал қилмаймиз». «Ким ҳал қилади?» «Бунақа масалалар юқорида ҳал этилади», деди опа салмоқдор қилиб. «Юқори деганингиз қаер? Район, шаҳар, маориф бўлимими, Маориф министрлигими?» Бундай хираликдан энди опанинг жаҳли чиқди. «Қизиқ одам экансиз, — деди қизишиб, — хоҳламасангиз, оборинг болангизни ўшанақа боғчага. Ана, фалон жойнинг ёнида…» Шундай деб, беш километр наридаги бир жойнинг номини айтди. «Кечирасиз, — дедим, — нега энди уйимнинг ёнида боғча туриб, боламни беш километр нарига судраб юришим керак экан? Умуман, менга тушунтириб берсангиз: фарзандимнинг қайси тилда таълим-тарбия олишини нега энди мен учун қандайдир бир идора ҳал қилиши керак?» «Чунки… чунки… — опа шундай деб бир зум тутилиб қолди, чамаси, жаҳл ғолиблик қилмоқда эди, — ота-оналарнинг ўзи буни истамайди. Сизга ўхшаган битта-иккитасини ҳисобга олмаганда, аксарият кўпчилик боласини европа тилларида ўқишини истайди. Биз халқ иродасига қарши боролмаймиз!» «Халқ иродаси…» Нақадар таниш, нақадар ҳужумкор қурол! «Маъзур тутинг, — дедим яна, — аммо халқдан бирор марта сўраб кўрган эмассизлар-ку! Менинг учта болам шу боғчада, мен ҳам халққа кираман, лекин лоақал кўнгил учун ҳам биров мендан бу хусусда бир оғиз сўрамади-ку?» «Билмадим, — деди опа пинак бузмай, — сиздан сўрамаса сўрамагандир, эҳтимол бошқалардан сўрагандир. Ғалати экансиз, қайси ота-она сўраб ўтиради, ўзи боласини боғчага зўрға жойлаштиради-ку. Қолаверса, бунинг нима фарқи бор?»

Мен унга: «Фарқи шундаки, опажон, шу фарқни билган одам бутун қалби, имони билан ҳақиқий интернационалист бўлиб етишади, билмаган одам эса ғирт манқурт бўлиб қолиши мумкин», деб айтмоқчи эдим-у, бир оз мулоҳаза қилиб тургач, фикримдан қайтдим. Биз иккаламиз ҳам ўзбек эдик, бир тилда — рус тилида гаплашиб турардиг-у, лекин аслида бутунлай бошқа-бошқа тилда сўзлашаётган эдик. Хуллас, анча сулҳу музокаралардан сўнг бу масала ижобий ҳал этилди. Хайриятки, боғча коллективи фақат мана шундоқ опалардан иборат эмас экан. Агар бу ҳодиса ёлғиз мен гувоҳ бўлган ягона ҳол бўлса, беҳад қувонган бўлурдим, афсуски…

Ҳозир республикамизда ўзбек тилига давлат тили мақомини (статуси) бериш ҳақида ҳар турли фикрлар мунозара қилинмоқда. Назаримда, бунга қаршилик билдираётганларнинг аксарияти ўз она тилини билмайдиган, қандайдир сабабларга кўра бу тилда оғзаки ва ёзма фикрини равон баён қилолмайдиган кишилардир. Чингиз Айтматов бунақа кимсаларни «миллий нигилистлар» деб атаган эди. Бундай кишилар ҳозирги кунда каттагина бир қатламни ташкил этади. Биз бундай шахсларни нуқул танқид қилиш билан чекланмасдан, уларга ҳамдардлик билан, уларнинг аҳволини тўғри англаб муносабатда бўлишимиз керак. Бу тоифа кишилар айниқса бошқарув идораларида, ўрта ва юқори бўғиндаги мансабдор шахслар орасида кўплаб учрайди. Улар ҳам ижтимоий ҳаётимиздаги маълум бир иллат — сталинизм даври туғдирган ва турғунлик замони авж олдирган иллатдан билиб-билмай энг кўп жабр кўрган кимсалардир. Тарихий илдизларидан узилган, она тилига, миллий ўзига хосликка беписанд муносабат билан умри ўтаётган бу одамлар шафқатга сазовор, қайта тарбияга муҳтождирлар.

Бояги боғча опамизнинг гапида жон бор: республикамиз амалий ҳаётида ўзбек тилининг қадри тушиб кетгани бежиз эмас. Бу тилда амалда диссертациялар ёзилмайди, ёқланмайди, меҳмонхона, касса, банк, транспорт, медицина, техника ҳужжатлари юритилмайди, телеграф машиналари, ёзув машинкалари ишлаб чиқарилмайди. Аллақандай ёзилмаган қонунга кўра, хизмат поғоналаридан илгарилашнинг асосий шартларидан бири — рус тилини билиш қилиб қўйилган. Оқибатда жуда кўп ота-оналар бунга кўр-кўрона эргашдилар. Ўзбек тили ва адабиётига эътибор сусайди. Лекин русчани биламан, дея кўкрагига урган аксарият мансабдор акаларимизнинг ҳам луғат бойлиги Ильф ва Петровнинг «одамхўр Эллочка»си сингари «ўттизта сўз»дан ортиқ эмас эди: «во главе», «под личным руководством», «принимать меры», «вести борьбу», «горячо поддерживаем», «огромные успехи», «дадим больше», «уважаемый для всех нас». Шу тариқа беш-ўнта сўз тилдан тилга, докладдан докладга, қоғоздан қоғозга кўчавериб, маъно ва мазмунини йўқотган, гўзал ва бой рус тилини фақат сийқалаштиришгагина хизмат қилар эди. Катта илмий-маданий аижуманларда, ҳеч ким тақиқламаган бўлса-да, ўзбек тилида деярли сўзланилмас эди. Шоир Эркин Воқидовнинг гувоҳлик беришича, Алишер Навоий юбилейида ёлғиз бир киши ўзбек тилида гапирган, у ҳам бўлса ленинградлик олим ва таржимон Сергей Иванов экан. Рус тилига ҳам, ўзбек тилию бошқа тилларга ҳам бирдек нўноқ ва бепарво, хаёлида нуқул амал ва пора васвасаси ҳукмрон бўлган мансабдорларнинг «фаолияти» кўп ҳолларда бошқарув аппаратларидаги зарур мутахассислик ўринларини ҳам русча қаламга эга котиб ва котибалар билан банд қилинишига олиб келди. Республика Маданият институтида ўзбек тили ўқитилиши тўхтатиб қўйилди — гўё тил ва маданиятнинг бир-бирига алоқаси йўқдек. Ўрта мактабларда рус тили ва адабиёти фани группаларга ажратилган ҳолда, ўзбек тили ва адабиёти дарслари эса қўшиб ўқитиладиган бўлди. Оқибатда ўн бешта болага дарс бериб, ўн бешта дафтар текширадиган ўқитувчи ҳам, ўттизта болага дарс бериб, ўттизта дафтар текширадиган ўқитувчи ҳам бир хил маош ола бошлади. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг маълум қатламида социал адолатсизлик кайфиятининг кучайишига олиб келди. Республикамизнинг асосий маданият марказлари — Маданият министрлиги ва Нашриётлар, полиграфия ва китоб савдоси Давлат комитетида ўзбекча машинка ҳам, ўзбек тилида ёзадиган машинистка ҳам йўқлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Миллий тилга бундай муносабат миллий маданиятга ҳам беписанд муносабатни вужудга келтирди. Ўзбек тилининг аҳволи, она тили ва адабиёти фанларини ўқитиш-ўрганиш билан боғлиқ муаммолар кейинги ўттиз йил ичида бирор марта республика миқёсида муқокама қилиимади. Умумий лоқайдлик матбуот тилига, бадиий тилга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатди. Юрак кучи билан эмас, билак кучи билан ёзилган талай семиз китоблар тилимиз қабристонига айланди. Буларнинг барчаси аҳолининг аксарият қисмида ўзбек тилининг истиқболсизлиги, унинг фақат уй-рўзғор тилига айланиб қолиши ҳақида нотўғри тасаввурлар туғдирди.

Демократия ва ошкоралик шарофати туфайли биз ниҳоят бу проблемалар ҳақида ўйлай ва сўзлай бошладик. Шунда бу муаммолар бошқа қардошларимиз бошида ҳам борлиги аён бўлди. Бутун мамлакат бўйлаб қизғин, кескин муҳокамалар бошланиб кетди. Агар биз яқин ўтмишимизга бир назар солсак, миллий тилимиз, тарихимиз, маданиятимиз ривожи йўлида биздан кўра кўпроқ хизмат ва жасорат кўрсатган юзлаб қардошларимизнинг номларини кўрамиз. Ўзбек тарихини ўрганишда Бартольд, Бертельс, Толстов, Якубовский сингари рус алломалари чеккан заҳматларни, ўзбек тилшунослиги тараққиётида Юдахин, Поливанов, Боровков, Решетов каби заршунослар фидойилигини, кўҳна маданиятимиз ва замонавий адабиётимизни иттифоқ майдонига чиқишида мустақкам кўприк бўлган Салье, Бать, Липкин, Пеньковскийдек моҳир таржимонларнинг матонат ва меҳнатларини миннатдор халқимиз асло унутмагай. Тамарахоним ва Гавҳархоним, Галия Измайлоаа ва Мақсуд Шайхзода, Берта Давидоаа ва Чингиз Аҳмаров, Галина Пугаченкова ва Сулаймон Юдаков сингари мумтоз санъаткорлар ижодидан ҳайратга тушганимизда, уларнинг паспортига қараб ўтирмаганмиз, албатта. Афсуски, турғунлик йилларида бу эзгу ишларимиз ҳам турғунлик сари юз тутди. Ўзимиз ўз тилимизга бефарқ, беписанд муносабатда бўлганимиз учун ўзгалар ҳам бу тилни, бу адабиётни чуқурроқ ўрганишга энди у қадар рағбат кўрсатмадилар. Шу боисдан ҳам бугун адабиётимиз таржимонлари орасида Н. Владимирова, Н. Гацунаев каби икки-уч кишини истисно этганда, ўзбекчадан рус тилига бевосита таржима қила оладиган ижодкорлар камлигини таассуф билан эътироф этишимиз лозим. Фақатгина бу эмас. Миллий тилларга эътибор сусайганидан бўлса керакким, Н. Фозиловдан сўнг қозоқ ва қорақалпоқ, С. Раҳимдаи сўнг тожик, Т. Адашбоевдан сўнг қирғиз тилларидан бевосита ўзбекчага таржима қиладиган ёш қаламкашлар деярли етишиб чиқмаяпти. Агар мазкур адиб-таржимонларнинг ёшлари бир жойга бориб қолганини назарда тутсак, бу хусусда ҳозирданоқ жиддий қайғуриш даркор.

Яна бир хусусий мулоҳаза. Бизда нима кўп — тўгарак кўп, илму ҳунар ўргатадиган клуб кўп. Ит-мушук ишқибозларининг жамиятидан тортиб марка йиғадиганларнинг уюшмаларигача мунтазам ишлаб туради. Лекин шу пайтгача СССР халқларининг тилларини ўргатадиган бирорта ҳам тўгарак йўқ эди. Энди-энди бунга интилишлар бўлаяпти. Масалан, мен қадим грузин маданиятига, унинг бугунги юксак савиясига ҳамиша кўнгилда бир муҳаббат сақлайман. Имкон топилса, бажонидил шу тилни ўрганган, фарзандларимга ҳам ўргатган бўлур эдим. Лекин Грузияга бормай туриб бу истагимни амалга ошира оламанми? Йўқ, албатта. Ҳолбуки, республикамизда «халқлар дўстлиги» номи билан аталган ўнлаб даргоҳлар бор. Уларда фақат дабдабали мажлислару ҳар турли концертлар ўтказиш билангина чекланмай, қардошларимизнинг тилларини, урф-одатларини, тарих ва маданиятларини ўргатадиган, бир-биримизни яқиндан билишга кўмак берадиган чинакам дўстлик саройларига айлантирсак бўлмайдими? Бу соҳада қўйилган ҳар бир янги қутлуғ қадамни сидқидилдан олқиш этсак арзимайдими? Айтайлик, биз ҳозир бу масалаларни мунозара қилиш билан овора бўлиб турганимизда жойларда халқ ташаббуси билан бу борада ээгу амалий ҳаракатлар бошлаб юборилди. Таассуфки, матбуотимиз бундай ибратли ҳаракатларни етарлича ёритмаяпти. Қандайдир манфур ёки тентак кимсалар пана-пасқам жойларга илган имзосиз варақалар ҳақида шов-шув соламизу, жиддий таҳлилга, ўрганишга сазовор бундай мисолларга айтарли эътибор қилмаймиз. Яқинда «Ахборот» программаси ўзбек ва рус тилларида бир эълон берди: Рассомлар союзи салонида мушуклар кўргазмаси ва кимошди савдоси ўтказилар экан. Кўргазма программаси, савдога қўйилажак сиём, форс мушуклари, зотдор бароқлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Эқтимол, бу савдо кимларгадир қизиқ ва фойдалидир, аммо тил ўргатадиган, бинобарин, дилларни бирлаштирадигаи боягидай тўгаракларга ҳам телевидениенинг нигоҳи бир тушса, зиён қилмасди.

Тил масаласи — жиддий масала. Демак, уни ҳовлиқмасдан, томоққа зўр бермасдан, столга муштламасдан чинакам маъруф кишиларга хос ақл-заковат ва янгича тафаккур билан ҳал этиш лозим. Бунда барча манфаатдор томонлардан аваало юксак одоб, андиша, пухта илмий асослар талаб этилади, Бу борадаги мунозаралар ҳам бизнинг маданий-маънавий савиямизни, гражданлик камолотимизни, дилимиздаги интернационализм туйғусининг қай даражада эканини равшан кўрсатиб турибди. Шу ўринда иккита кўчирма келтиришга изн бергайсизлар. Биринчи фикр Молдавияда яшаб ижод қиладиган рус адиби Николай Савостинга тегишли: «Шахсан менинг назаримда, на руслар, на украинлар ва на бошқа миллат кишилари Молдавияда молдаван тили давлат тили ҳуқуқини олса, асло хафа бўлмайдилар. Қардошларимизнинг тили ўз юртида яна ҳам ривож топиб, яна ҳам бойиб, қудрат касб этмоғи учун давлат томонидан ҳуқуқий кафолат олар экан, биз бундан фақат қувонамиз» («ЛГ», 1989 йил, 8 февраль). Иккинчи фикр Тошкентда яшайдиган ўзбек конструктори А. Абулқосимовга тегишли: «Шахсан мен Эстонияда эстон тили давлат тили деб эълон этилганини эшитиб, мамлакат граждани сифатида ҳуқуқларимни камситилгандек сездим» («Праада Востока», 1989 йил, 3 февраль).

Ўйлайманки, республикамизда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилишига Ўзбекистондаги қалбан интернационалист бўлган барча кишилар хайрихоҳ бўладилар. Рус тили эса кўпмиллатли юртимизда миллатлараро алоқа воситаси сифатидаги эзгу вазифасини бундан буён ҳам шараф билаи адо этиши шубҳасиздир. Шунингдек, республикамиздаги бошқа биродарларимизнинг она тиллари ривожи ҳақида ҳам биргалашиб ўйлашимиз даркор. Бу борада ҳам муаммолар йўқ эмас. Биргина мисол: қрим-татар адибларининг китоблари жуда оз нусхада — 3-5 минг нусха атрофида босилади. Чунки китоб савдосига тахминан шунча миқдорда буюртма тушади. Маълумки, асосий китобхонни мактаб, олий ўқуа юрти тайёрлайди. Республикамизда эса қрим-татар тилида мактаблар деярли йўқ, мактаб очиш учун эса дарслик ва ўқитувчилар йўқ, дарслик ёзиш учун эса тилни илмий жиҳатдан пухта биладиган мутахассислар йўқ… Бир-бирига занжир каби боғланиб кетган бу муаммолар ғоят мураккаб, албатта, бироқ уларни ҳал этмай туриб, тўла маънодаги миллий тенглик ҳақида гапириш мумкии эмас. Масаланинг маънавий томонлари билан бирга моддий жиҳатини ҳам назардан қочирмаслигимиз керак. Айтайлик, ўзбек ва қрим-татар адиби баравар ижодий меҳнат қилса-ю, бири китобининг тиражи учун қўшимча қалам ҳақи олса-да, иккинчиси бундай ҳуқуқдан маҳрум бўлса… Бундай ҳол, ҳуқуқий давлат тузиш учун ҳаракат қилаётган улкан бир давлат шаънига албатта муносиб бўлмаса керак. Демак, қрим-татар ёзувчиларининг ўзига хос аҳволини ҳисобга олган ҳолда тираж нормативларини ҳам шунга қараб белгилаш, бу борада социал адолатни қарор топтириш керак. Бутун бир халқ ярим асрдан буён ҳануз саргашта экан, бунга ҳаммамиз — жамиятнинг барча аъзолари биргаликда жавобгармиз.

Сўз сўнгида тилагим шуки, партиямизнинг миллий муносабатларга бағишлаб ўтказилажак пленумида бу каби проблемалар чинакам гуманизм билан, одил демократия йўли билан ҳал этилиб, кўпларнинг дилини қийнаб турган мушкуллар осон бўлса… Шундагина халқлар дўстлиги деган улуғ бойлигимиз — ҳаётимиз дарахти янада ям-яшил бўлиб, она заминга теран томирлар отиб барқ уриб ўсиши тайин.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 24 февраль