Бобомурод Даминов. Тил равнақи (1989)

Иттифоқимизга бирлашган миллатларнинг ҳаммаси тенг ҳуқуққа эга. Бироқ шахсга сиғиниш ва турғунлик даврида ленинча миллий сиёсатимиз принциплари бузилди. Уруш йиллари Қрим татарлари, Волга бўйи немислари, қалмоқ, Кавказ туркий халқларига нисбатан зўравонлик ишлатилди. «Дўстлик», «байналмилал» деган тушунчалар ҳам кўпинча бир ёқлама талқин этилди. Мажлисларда она тилимизда гапиришдан ҳам чўчидик.

Тасаввур этинг — бир йиғилишда юз киши ўтирибди Улардан фақат 5—6 кишигина ўзбекчани тушунмайди. Шунга қарамай мажлис ўзбек тилида олиб борилмасди.

Аслида ҳамма иллат ўзимизда. Она тилимизни камситаётган ҳам ўзимиз. Зиёлиларимиз орасида шунақа тоифадагилари ҳам борки, оилада болалари билан ўз тилида гапиришни эп қўришмайди. Бундай оилаларда улғайган болалар она тилимизни менсимайдиган, камситадиган бўлиб ўсишади. Улар Она тилимизни билмасликларидан мағрурланишдан ҳам тоймайдилар.

Ҳолбуки, тил халқнинг руҳи, жони: халқнинг халқ бўлиб қолиши асосий шартларидан бири. Тилини йўқотган халқ миллатини ҳам, тарихи ва маданиятини ҳам йўқотиши турган гап. Шу боис халқимиз асрлар бўйи она тилимиз равнақи йўлида мардонавор курашиб келди. Не-не истилочиларнинг алангаларида ёнса-да, жонажон она тилимизни сақлаб қолди ва уни миллий маданиятимизнинг энг қимматли мероси сифатида бизга етказди. Бинобарин биз ҳам тилимизни кўз қорачиғидай асраб, келажак авлодларга мерос қолдиришимиз шарт. Бу зиммамиздаги тарихий бурч, қарз! Бунинг учун имкониятларимиз етарли.

Эндиликда тилимиз, маданиятимиз, халқимиз тақдири ҳақида жиддий ўйлайдиган, миллий ғуруримизни қадрлайдиган замон келди. Қайта қуришнинг ҳаётбахш шабадаси ўзининг тарихий моҳияти билан бир бутун социал инқилобга тенг улуғвор ишларни бошлаб юборди. Энди дардларимизни рўй-рост айтаверайлик — ўзбек тили давлат тили ҳуқуқига эга бўлиши керак. Тарихий жараён, қайта қуриш — социал инқилобнинг бизга инъом этган ҳукми шу! Тилимизнинг ҳуқуқлари қонуний кучга кирмас экан, миллий тил эркинлиги, тенглиги ҳақидаги баландпарвоз сўзлар ҳеч нарса бермайди, шунчаки гаплигича қолаверади.

Икки тиллилик ҳақида сўз борганида, аввало шуни аниқлаб олиш лозимки, икки тиллиликни маъқуллаётганлар ростдан ҳам тилимизнинг равнақини, сиёсий мавқеини амалда тиклашмоқчими ёки халқимизнинг тақдирига алоқадор жуда ўткир бу муаммони шунчаки, хаспўшлаб, ҳаммасини аввалгидай қолдириш ниятидаларми?

Икки тиллилик қонун кучига кирса, тилимизнинг мавқеи фойдасига нималар ўзгариши мумкин? Пардозламай, тўғрисини айтганда, бу ҳозирги мавжуд тилимиз мақеининг айнан ўзи, яъни ўзбек тилини республикамиз доирасида иккинчи тил бўлиб қолаверишини қонунлаштириш эмасми? Давр руҳи, халқимизнинг обрў эътибори, тилимиз мавқеи шуни тақозо этадими?

Ва ниҳоят, ўзбек тилининг давлат тили ҳуқуқини олишини бутун ёзув-чизувларимизнинг ёппасига ўзбек тилига кўчиши деб талқин этиш, масалани ўринсиз бўрттириб, ҳисларни қайраш эмасми?!

Шамол қайси томондан эсишига қараб одим ташлайдиганлар доим бўлган, ҳозир ҳам бор. Улар ҳамма нарсадан воз кечишлари мумкин, фақат бир нарсадан — таъмагирликдан асло умид узишолмайди. Тилимиз тақдири ҳам улар учун иккинчи даражали иш. Уларнинг мустақил фикрлари йўқ, фақат тарозининг палласини кузатиб туришади. Худди шундайларнинг қилмиши ўлароқ она тилимиз узоқ йиллар камситилди. Ҳатто, уни кундалик оддий муомалаларимиздан ҳам сиқиб чиқара бошладик. Ҳозир «русча гапиринг, ўзбекчага тушунмайман» дейдиганларни ҳам учратиб турамиз. Бу гапни бошқа миллат кишиси гапирса, алам қилмасди. Афсуски, бу сўзларни чўнтагида «Ўзбек» деган паспорти бор кишилардан эшитиш…

Тил халқнинг энг нодир бойлиги, руҳи, қанотидир. Халқ нимаки яратган бўлса, фақат она тили туфайли муяссар бўлган. Ахир, Ал-Хоразмий «Ал-жабр»ни араб тилида ёза туриб, олдин ўз она тилида тафаккур юритмадимикан?.. Фоний тахаллусида ҳам жўшиб асарлар яратган Навоий олдин ҳаммасиии ўз она тилида миясида пишириб кейин форсчага кўчирмадимикан?..

Зеро, қалбимиздаги ҳисларни, миямиздаги фикрларни биз аввало она тилимизда ифодалаймиз. Она алласи жисмимизга сингган соатлардан бошлаб фикрлашга ўрганамиз. Лекин, минг афсуски, ҳозирги ёш оналаримизнинг аксарияти алла айтишни билишмайди. Қандай бидъат, қандай кўргулик бу? Бу ҳақда Ойдин Ҳожиева «Руҳимизга ёнғин тушмасин» деган мақоласида жуда тўғри ёзди. Менимча ҳам инсон ҳаётидаги талайгина нарсалар «Алла»дан бошланади. Аммо ўзлари саводсиз бўлса ҳам эртадан кечгача алла айтиб, бешикдаги гўдагини эркалайдиган, азиз кишисидан жудо бўлганида жилд-жилд китобларга тенг мерсияларни айта оладиган оналаримиз қани? Нега энди улар йил сайин камайиб кетаётир? Ҳисларимиз нечук бунчалик қашшоқлашиб қолаётир? Ҳислар қашшоқлигининг маънавий қашшоқликка дахли йўқмикан?..

Ҳисларга бой оналаримиз бўлмаганида Навоий бизга насиб этармиди? Улуғбекдек даҳо осмонимизни ёритармиди? Шундай она, момо «алла»ларини, эртакларини эшитмаганида Ҳамид Олимжондек истеъдод вояга етармиди? Даҳоларнинг дунёга келишига оддийгина «Алла» ҳам дахлдор эмасмикан?

Она тили қудратли мўъжиза — уни ардоқламоқ бизнинг фарзандлик бурчимиз. Ўзимиз ҳам она тилимиз туфайли саноқда бормиз. Она тилимиз, санъатимиз нафосатидан завқ-шавққа тўлиб-тошиш бахтига муяссар бўлолмайдиган кишилар ҳақида ўйлаганингда кўз ўнгиигда ниҳоятда маънавий қашшоқ, бахтсиз инсон намоён бўлади..

Шаҳарларимизни кезган чет эллик сайёҳ боғ-хиёбонларимизни, майдон кўчаларимизни кўриб «Европанинг бирор шаҳрига келиб қолдимми?» деса, ҳайратланманг. Бизнинг тарихимизга алоқаси борми, йўқми, қатъий назар, шаҳарларимизда қанақа номларни учратмайсиз. Аммо, бу номлар ичида халқимизнинг кекса ўтмишига, гражданлар уруши ва совет ҳокимияти йилларига алоқадор қаҳрамонларимизнинг, фан, маданият арбобларининг номларини қарийб учратмайсиз. Тарихий жойларимизнинг номлари ҳам, шаҳарларимизнинг миллий қиёфаси ҳам йил сайин йўқолиб бораётир. Булар ҳам тарихимизга, миллий маданиятмизга бепарволигимизнинг асоратидир.

Тилимизга бепарволигимиз ёзувимизда ҳам ўз ифодасини топди. Менинг ёшимдаги авлод ўз умрида уч марта саводсиз қолди. Араб алифбоси — сал аввал ислоҳ қилинган ўзбек араб алифбоси, лотин ва ниҳоят славян алифбоси.

Шубҳасиз, араб алифбосидан воз кечиш бизнинг миллий маданиятимиз учун оғир йўқотиш бўлди. Биз қарийб бир ярим минг йиллик даврни ичига олган миллий бойлигимиздан бирдан маҳрум бўлдик. Бу масалалар ҳал бўлаётганида бизда миллий онг етишмади. Миллий онгни халққа ташийдиган зиёлиларимиз ва халқ ваколатига эга бўлган кишиларимиз узоқни кўришолмади ёки «миллатчи»га чиқиш хавфидан чўчишди. Бошқалар ўз миллий маданияти ҳақида рўй-рост фикр билдиришга журъат этишди, биз журъат этолмадик. Бундан ташқари, бизда донишмандлик ҳам етишмади. Халқимиз яратган не-не асарлар гулханларда ёнди, тупроқ тагида, дарё, қўллар сувида чириди. Булар миллий фожиаларимиз.

Биз эндиликда араб алифбосида яратилган кўп асрлик меросимизга эга бўлишни истаймиз. Фақат бунинг учун мазкур алифбони мукаммал эгаллашимиз лозим. Бу ўринда «Яна бир авлодни саводсиз колдирмаймизми? Етмиш йиллик меросимиз нима бўлади?» деган шубҳа-гумонларга, иккиланишларга ҳожат йўқ. Биз саводсиз бўлиб қолмаймиз. Рус алифбосида ўқиш-ёзиш ҳуқуқимизни ҳеч ким чегараламайди. Етмиш йиллик меросимиз ҳам ўзимизники, ҳеч ерга кетмайди. Биз фақат унутилган кўп асрлик миллий бойлигимизга эга бўлмоқчимиз, холос. Бу тадбир маданиятимизни янада бойитади, деган фикрдамиз.

Бироқ бу енгил иш эмас. Боз устига араб алифбосининг лотин ва рус алифбосига нисбатан анча мураккаблиги, ҳагтто консервативлиги ҳам бизни ўйлатади. Лекин бир нарсани унутмайлмк. Грузин, арман ёзувлари ҳам осонмас. Нега улар осон йўлдан кетишмади? Сабаби шундаки, бу қардошларимиз кўп асрлик миллий меросларидан воз кечишни исташмади. Биз эса енгил йўлни танладик, оқибатда тубсиз ғорга қулаб тушгандай бўлдик. Ахир, ҳазилакам мерос ҳақида сўз кетаяптими? Миллий маданиятимизнанг фахри бўлган қанча-қанча даҳо асарлар шу алифбода ёзилмаганми?

Оддий кишиларни қўя турайлик, ҳатто, ўз соҳасининг пирлари — математиклар, физик ва астрономлар, медиклар, тарихчи ва адабиётшунослар, адиблар, файласуфлар ҳам ўтмиш меросимиздан яхши хабардор эмаслар. Шу боисдан Шарафиддин Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир, Абулғози Баҳодирхонлардан қолган қўлёзмаларни ўқий олмаймиз. Ҳатто Бедил, Алишер Навоий боболаримизни англашимиз учун бизга қўшимча изоҳли луғатлар керак. Қадимги ўзбек тилини умуман билмаймиз. Билиш учун уринаётганимиз ҳам йўқ. Нашриётларимизда минг бир хил асарлар босилаяпти. Лекин тарихимизга оид асарларга навбат келмаётир. Миллий меросимизнинг чанг босиб ётиши фақат бизни эмас, бошқа халқларни ҳам ундан бебаҳра қилиб қўймаяптими?

Аслида-ку, ҳеч ким бизга «Алифбонгдан воз кеч!» деб тазйиқ ўтказмаган. Уни ўзимиз рад этганмиз ва хотирасиз, миллий мероссиз қашшоқ оломонга айланиб қўя қолганмиз. Хўш, бу «ҳиммат»имизни нима деб таърифлаш мумкин? Калтабинлик дебми ёки ўринсиз ҳотамтойлик дебми? Биз лоақал минг офатлардан сақланиб қолган асарларимиздан ҳам фойдаланмаяпмиз. Улар кутубхоналарда «фонд»лигича турибди. Уларга «тиши ўтадиган» кекса авлодларимиз эса йил сайин сийраклашаётир. Афсуски, бу аҳвол бизни ташвишга солмаётир.

Мана, бир мисол: Самарқанд Давлат дорилфунуни кутубхонасининг «Шарқ қўлёзмалар фонди»да ажойиб тарихий асарлар сақланмоқда. Бу ерда ўз ишини жон-дилдан севган, на илмий даражаси, на унвони бор — нуроний отахон Абдуҳамид Пўлотий ишлайди. У ширимсухан, доим чеҳраси очиқ, бағри кенг, дилкаш одам. Баъзан суҳбатини тусаб олдига кириб тураман. Фонддаги нодир қўлёзмаларнинг қарийб ҳаммаси ягона нусхада. А. Пўлотий уларнинг талайгинасини одамлардан сотиб олиб, гард юқтмрмай кўз қорачиғидай асраб келаяпти. Фақат уни бир савол изтиробга солади. «Мендан кейин бу асарларнинг ҳоли нима кечади», деган хаёл мудом қийнайди. Ахир хавотирланмай бўладими — қўлида шунча бебаҳо бойлик сақланса-ю, фойдаланадиганлар бўлмаса…

Бу аҳвол фақат Самарқанд Давлат дорилфунунигагина хос бўлса кошки эди…

Хўш, нима қилмоқ керак? Эски алифбони ўрганмасак, масаланинг бу томони нима бўлади? Асрлар давомида халқимиз яратган миллий меросимиздан маҳрум бўлиб қолаверамизми?

Араб алифбоси асосида мактаб ўқув программалари бутунлай қайта кўриб чиқилса-чи? Яъни, ўзбек ўрта мактабини битирган ҳар бир киши бемалол араб алифбосида ўқиш, ёзишни билиб, меросимизнинг эгаси бўлса-чи?

Рус алифбоси, рус тили маданиятимизнинг ажралмас бўлагидир. Рус тили ҳамиша бир-биримизни англатадиган халқаро тил бўлиб қолаверади. Бу тилни ўрганаверамиз, шу алифбода ёзаверамиз. У бизнинг ҳаётимиздан чиқиб кетмайди. Айни пайтда барчанинг араб алифбосини эгаллаши биз учун номаълум бўлган дунё эшигини очиб қўйган бўлур эди. Кўп асрлик миллий маданиятимизнинг «фонд»ларда чанг босиб ётган хазинасига ҳақиқий эга, меросхўр топиларди. Бунинг устига маданиятларимиз, анъаналаримиз бир-бирларига яқин бўлган, бир-бирларини бойитган қадимги Шарқ маданиятига, Шарқ халқлари қалбига сеҳрли калит топган бўлардик. Дунёни идрок этиш уфқларимиз ҳам кенгаярди.

Табиий, эски тилимизни ўрганиш ё ўрганмаслик бу халқ иродасига боғлиқ масала. Бундай катта ишни бурунгилардай ура-урасига ҳал қилиб бўлмайди. Нимага азму қарор қилаётганимиз халқ онгига бориб етиши керак. Бу эса зиёлиларимизнинг, жамоат ташкилотларининг зиммасига катта масъулият юклайди.

Энг муҳими, қайта қуришни халқ ҳал этади. Халқ тақдирига дахлдор масалаларни халқнинг ўзига, иродасига қўйиб берайлик. Халқимиз тарихий жараёнда ўзлигини кўрсатиши учун миллий онгимиз ҳам давр талаблари даражасида бўлиши керак. Бунинг учун миллий онгни ривожлантириш, ўз ўзини англаш, қадрлаш, қайта қуришда актив иштирок этиш лозим. Бутун умидимиз шунда.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 26 май