Екатерина Серова (1919-2008)

Екатерина Серова — рус болалар ёзувчиси. 1919 йили Вологда шаҳрида туғилган. 40 дан ортиқ китоб муаллифи.

ОДОБЛИ БОЛА

Уйга қайтарди говмиш,
Елинлари тирсиллаб.
Рўпарадан Никита
Чиқиб келди ҳарсиллаб.
Сўқмоқ йўли тор эди,
Никита бош қашлади.
Четга сакраб ўзини
Ариқчага ташлади.
Буни кўриб бир қизча,
Чопиб келди узоқдан.
– Қўрқма, – деди, – говмишим
Юввош ҳатто бузоқдан.
Дадилланди Никита:
– Қўрққаним йўқ ҳалиям!
Сигирингга йўл бердим,
Шундай менинг тарбиям!

ЗАРПЕЧАК

– Ёрдам бергин, Мойчечак, –
Деб зорланар Зарпечак.
– Мен жуда бечораман,
Туролмай оввораман.
Сўнг чечакка тирмашиб,
Ўраб олди чирмашиб.
Яна дейди: – Ким бор, ҳой,
Мен етимга беринг жой!

НИЛУФАР

Сувда қалқар Нилуфар,
Япроқлари оқ укпар.
Қанийди бандни узиб,
Борса меҳмонга сузиб.
Бироқ жилмас жойидан,
Сувга ботган пойидан.

ПАЛАНГ ВА ҚИСҚИЧБАҚА

Чиғаноқли уйчада
Яшайди паланг.
Танишларга бош силкиб
Сўрашар қаранг.
Балиқчага бош эгиб,
Кулиб сўрашар.
Чавоқчага шох эгиб,
Қуюқ сўрашар.
Мана, яқинлашмоқда
Шум қисқичбақа.
У – палангнинг душмани,
Дейди: – Чиқ баққа!
Келган эдим атайлаб
Сени кўргани.
Уйча қарс-қурс ёпилар,
Йўл йўқ киргани.
Паланг қисқичбақага,
– Сарсон бўлма, – дер.
– Сенга жой йўқ уйимдан,
Бор, тошингни тер!

МОЙЧЕЧАК

Хўп олибди ясаниб,
Бошида тилла жиға.
Қулоғига шабнамдан
Тақиб олган исирға.
Дала-қирни қоплабди.
Беҳисоб қуёшчалар,
Силкинишиб шодланар
Боладай бебошчалар.

АЖДАРГУЛ

Шер эснаса, қўрқувдан.
Титроққа тушар ҳар гул.
Аммо чечаклар ичра
Унинг номи Аждаргул.
Қандай чиройли улар –
Ёқимли аждаргуллар!

ҚЎРИҚЧИЛАР

Деразамиз ёнига
Чумчуқ қурди ин.
Полапонлар чирқирар –
Тўйдирмоқ қийин.
Чумчуғойим пириллаб
Емиш келтирар.
Кўрсаки, инин пойлаб
Мушук мўлтирар.
Чумчуғой чирқиради:
– Қутқаринг, ким бор?
Келмоқда айёр мушук,
Кўзи нақ светофор!
Тирноқлари бигиздай,
Ўткир, бир қулоч!
Чопиб келди Мишавой,
Деди: – Тегма, қоч!
Пахмоқ Шурик югуриб
Келди изма-из.
Деди: – Қушлар инини
Биз қўриқлаймиз!
Кейин деди мушукка:
– Дахл қилмайсан!
Полапонлар инига
Яқин келмайсан!
Қўлда тахта тўппонча,
Шурик ғоз турар,
Аланг-жаланг миёвлаб
Мушук ёзғирар.
– Миёв-миёв, қушларда,
Менинг ишим йўқ.
Чумчуқлар ҳам керакмас,
Асли қорним тўқ!
Очқаб қолсам, ейишга
Овқатим тайёр.
Яхшиси, хуррак отиб,
Айтаман алёр!

ЁПИШҚОҚ ЭЧКИМИЯ

Кўриниши беозор,
Феъли ёмон, билсангиз.
Бир ёпишса, қўймайди,
Яқинлашиб келсангиз.
Тегажаклик қилмиши,
Кимга ёқар бу иши?

ЧУМОЛИЛАР ПОЕЗДИ

Ким кўрган бундай изни,
Тирик, жонли поездни?
Отлиқ ёки пиёда,
Одам юрмас маконлар
Ичра қатнар тинмасдан,
Митти, чопқир вагонлар.
Улар не қилар ахир,
Мазут ё темир ташир?
Билсанг, вагонлар тўп-тўп,
Инига ташир хас-чўп.
Бир вагон оқсаб қолди,
Нима гап?
Нима бўлди?
Дарди аён кўзидан,
Юки оғир ўзидан.
Барча ёрдамга шошди,
Юки қўлма-қўл ошди.
Эҳ, вагонлар, мўрчалар,
Оқибатли бунчалар.
Бир-бирига қарашар,
Ачомлашиб сўрашар!

ҚИЗИЛБАРГ

Полвон оға-инилар,
Бири-биридан ўктам.
Ловуллар адирларда
Адл қоматли, кўркам.
Либослари алвондир,
Ҳар биттаси полвондир!

ҚЎНҒИРОҚГУЛ

Мовий қўнғироқгуллар,
Мудом таъзимда турар.
Шодон дилларга элчи,
Жуда мулойим…
сен-чи?

Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаcи