Семён Островский (1938)

Семён Михайлович Островский 1938 йили Киевда туғилган. Киев давлат университетини тамомлаган. Семён Островский – “Нева”, “Костёр”, “Мурзилка”, “Кукумбер”, “Познайка” каби журналларнинг муаллифи. Унинг «Сахий мандарин» ва «Арслон билан учрашув» китоблари машҳур.

СОҒ БЎЛИНГ!

Сен қирмизи қуёш-ла дўстсан,
Шод бўласан совуқ мавжлардан,
Ёмғирлар ҳам қўрқита олмас,
Қорбўрон ҳам ваҳима солмас.
Шамол солмас кўнглингга қутқу,
Чарчамайсан ўйнаб ҳам сира,
Ва уйқуга эрта ётасан,
Қуёш билан эрта турасан.
Хўб еласан қишда чанғида,
Яхмалакда учиш қасдида.
Ёзда эса нурда тобланиб
Чўмиласан сувда лойланиб.
Чарчамайсан югуриб-елиб,
Тинмай сира хўп копток тепиб.
Улғаясан сен соғлом бўлиб,
Тенги йўқ бир баҳодир бўлиб.

Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси