Николай Гумилёв (1886-1921)

Гумилёв Николай Степанович [1886.3(15).4, Кронштад, — 1921.24.8, Петроград] — рус шоири. Анна Ахматованинг умр йўлдоши. 20-асрнинг 10-йилларидаги акмеизмнинг (юн. акме сўзидан — бирор нарсанинг олий даражаси) йирик вакилларидан.
Асосий асарлари: «Истилочилар йўли» (1905), «Романтик гуллар» (1908), «Марварид» (1910), «Бегона осмон» (1912), «Ўқдон» (1916), «Гулхан» (1918), «Чодир» (1921), «Оловли устун» (1921) шеърий тўпламлари, «Пальма сояси» (1922) ҳикоялар тўплами, «Рус шеърияти ҳақида мактублар» (1923) танқидий мақолалар тўплами.
Вольтер, Т. Готье, С. Колриж, Г. Гейне ва бошқа адибларнинг асарларини рус тилига таржима қилган. Петроградда «Всемирная литература» («Жаҳон адабиёти») нашриётининг ишида қатнашган.
Ритмларнинг равонлиги, ёрқинлиги, оҳангининг мағрур ва кўтаринкилиги Гумилёв шеъриятининг ўзига хос томонидир. Гумилёв 1917 йил октябрдаги давлат тўнтаришини қабул қилмади ва аксилинқилобий фитна иштирокчиси сифатида қатл этилди. 1991 йил Гумилёв иши таркибида жиноят йўқлиги сабабли тўхтатилган.

ФОРСЧАГА НАЗИРА

Сўзинг — булбул, сўзларинг гулдур,
Сўзинг — маржон, сўзларинг дурдир.
Йиртқич эрур менинг сўзларим,
Тишлари бор, шохлари бордир.

Сен деб телба бўлдим, эй, сулув…

Янжқларинг шерозий гулдек,
Уларни деб юзларим сўлди.
Сенинг тилла сочларингни деб
Тиллам адо, зар адо бўлди.

Хонавайрон бўлдим, эй, сулув…

Нигоҳларинг феруза монанд,
Ё қоқ тунда ёқилган чироқ.
Етти кеча-кундуз бедорман,
Остонангдан кетолмай йироқ.

Кўзим қонга тўлди, эй, сулув…

Сен уйингдан чиқмайсан, мен ҳам
Майхонада ҳар шому саҳар.
Сен мағрурсан, шу сабаб алам
Қўлларимда ўйнатар ханжар.

Эл мазахлар мени, эй, сулув…

Токи қуёш, токи худо бор,
Бир кун менга бўлажаксан ёр.

САЖДАГОҲДА ҚАСАМЁД ЭТАР…

Саждагоҳда қасамёд этар
Хочни ўпиб,толиб хаёлга:
«Содиқ қолгум то ўлим қадар
Ул нигоҳи ойдек аёлга».

Лек, унутди тезда онтини,
Ўзга ёрлар дилин маст этди.
Бир кун сўйиб кетдилар уни
Ва у жаннат пойига этди.

«Сен эмасми, — Бир хитоб янграр, —
Қасам ичган ботиб хаёлга,
Содиқ қолгум дем ўлим қадар
Ул нигоҳи ойдек аёлга.

Бор, кўринма кўзга, жаннатдан
Сени қувар Кўк ҳукмрони,
Ким қасамни унутар экан,
Ўлиб кетар кўрмай худони».

У бўлса жим — ғангин, тиз букмай —
Шивирлади толиб хаёлга:
«Учрамаган бўлсам мен нетай.
Ул нигоҳи ойдек аёлга».

Рус тилидан Хуршид Даврон таржималари


СУВ ПАРИСИ

Сув париси бўйнида маржон,
Ёқут лаъллар товланар алвон.
Туш кўради ғаройиб, нолон,
Дунё карахт, ўйлари сарсон.

Сўлгай ярим туннинг жамоли,
Ҳайқиради денгиз шамоли.
Сув париси ёниб қарайди,
Сочларини тўлқин тарайди.

Ул фаришта кўзлари ғамгин.
Мен севаман шу қизни. Туннинг
Сирларига чулғалар чоғи
Мафтункордир ҳар бир нигоҳи.

Ишқ кутаман фақат шу қиздан,
Қарашида шафақ пардози.
Ёқут кўзнинг оловли нози
Мени олиб чиқди денгиздан.


ЎЛИМ

Энгда майин, рангсиз ва кулранг либос.
Пайдо бўлди нозли қарашлар алвон.
Сени кўрмагандим бурун бу алфоз,
Шамшир рақси авжда, карнайлар нолон.

Кўзимга тилларанг, сармаст кўриндинг,
Қучасан кўксимда лов-лов оловни.
Қалин туман ичра кўкка уриндинг,
Ёриб йўлингдаги ҳар қандай ғовни.

Мангулик шайдоси Австрея янглиғ
Нигоҳларда ажиб теранлик қаъри.
Томирларда қонлар шиддатга тўлуғ,
Пишиқроқ эшилди қўл мускуллари.

Лек сени, гарчандки, ўзгасан ҳозир,
Танидим ҳув ўшал орзу-ҳасратда.
Жаннат қўшиғида сеҳрлар зоҳир,
Энди учрашамиз бизлар жаннатда.

ЎЙЛАР

Ўйлар меникига тўпланди нечун,
Тинч зулмат қўйнида ўғридай бехос?
Бадқовоқ, даҳшатли калхатдай беун
Нечун талаблари шафқатсиз қасос?

Умид ва орзулар зумда йўқолди,
Ҳаяжондан кўзим қинидан чиқди.
Хаёлот лавҳаси кўзимни олди,
Сўзим, ишим, фикрим жим ўқиб чиқдим.

Зафар қучганларни сокин нигоҳим
Билан кузатмоққа уринган эдим.
Бегуноҳ лабларга бу қайноқ оҳим
Бокира хис билан суринган эди,

Омоч нелигини билмасдан ўтган
Нозик эди бу қўл, нозик бу бармоқ.
Дарбадар қаландар қўшиғин элтган
Туйғу эзғин эди, аламли, янгроқ.

Қасос олмоқ вақт сабр ҳам тугар,
Кўрлар алдов қасрин бузар машшоқдай.
Ўйлар-сукунатнинг ўғриси бўғар
Мени қоронғуда қолган қашшоқдай.


ҒАЛАБАДАН СЎНГ

Жингалак сочимга қуёш нур тўкар
Шамол-ла тиллашиб, гуллар узаман.
Нечун бахтлимасман шу гўдак қадар?
Нечун ўзни шоҳдай нотинч сезаман?

Ёй иплари таранг, титраб толмайди,
Шивирлайди борлиқ шамшир шивирин.
У телба оролни унутолмайди,
Мовий денгиздаги бемисл қирғин.

Ўлим ҳозирлайди кимларга яна,
Эй, қудратли қилич, эй учқур камон?
Билмайсизки, бизлар бизга дўстона
Эгилган ҳар қарич ерга ҳукмрон.

Не денгизлар кемам ўпдилар тоша,
Қирғоқларни ишғол этдик жанг билан.
Наҳот замин ва кўк сарҳади оша
Сизга аён бўлди биз билмас душман?


АҚЛЛИ ШАЙТОН

Бу қўшиқни менга дўст Шайтон айтди:
У менга қадрдон, содиқ шу тобда:
«–Тун бўйи денгизчи сузди гирдобда
Тонг отарда денгиз қаърига қайтди.

Пасаяр, кўпирар қайта ва қайта,
Тўрт тарафда тўлқин девори қайноқ,
Тўлқин томчисидан ҳам тоза, оппоқ
Буюк ишқи оқди роз айта-айта.

У сузиб кетаркан бонг урилди, бонг:
«Сени алдамайман, о, менга ишон!»
Унутма,-ўтинди ақлли Шайтон,-
У чўккан маҳалда отар эди тонг».

ТУШИМДА

Тушимда иккимиз жон бердик бирга,
Ранглар тонгдан тиниқ, нигоҳлар сокин.
Иккита оқ, оппоқ қабрлар тўрда
Ёнма-ён турибди, шундоқ ёнма-ён.

Қачон жонимизга тегди барчаси,
Қачон аён бўлди бу тилсим туйғу?
Юракдан силжимас музлар парчаси,
На оғриқ,на йиғи, на алам, қайғу.

Бу жонсиз ҳисларнинг жозибаси бор,
Донг қотган бу ўйлар майин, беқадар.
Лабларингга йўқдир менда майл, зор,
Гарчанд улар дилбар, ҳамиша дилбар.

Тақдир буюрибди, жон бердик бирга,
Ётибмиз, ниҳоят, нигоҳлар сокин.
Иккита оқ, оппоқ қабрлар тўрга
Ёнма-ён қўйилган, шундоқ ёнма-ён.

ШОМ

Яна бир бесамар кун,
Кечди, недан умидвор!
Оромбахш соя, келгин,
Қалбга кийдиргин ридо.
Ярашар бу инжу тун,
Сен келдинг… Ўлдириб жим
Ваҳший қуш ғамларини.
Ғолиб қадамларингнинг
Нашидасини бир зум
Енгишга кимда ҳад бор,
О, сен тунги ҳукмдор!
Юлдузлар сукунати.
Ёрқин ой–билакузук.
Орзулар салтанати–
Тушимга кирар нозик
Бахт азалдан азадор.

ЗАҲАРЛАНГАН ОДАМ

«Сен қордайин оппоқ, оппоқ бутунлай,
Бунчалар оқариб кетди ранг-рўйинг.
Не учун титрайсан, менга олтин май
Қўя туриб жомга тўлдими ўйинг?»
Қайрилдинг шу қадар енгил ва маҳзун…
Кўрдим у шаробни, шам ўчар, секин
Сени бўғар ўлим, талваса беун…
Мен эса ёниқиб сўзлайман: «Не тонг,
Азизам, мен ажиб туш кўрибман, туш.
Ҳудудсиз яланглик бўлди номоён,
Бош узра тилларанг осмон олар ҳуш.
На қаҳрим,на заҳрим ва на қатра кек,
Ким билан бўлсанг ҳам бахтли бўлгин, чек
Кўяман қайғуга, ҳасратга, ол,-эрк.
Менга жаннат ичра шаффоф ҳилқатда
Кўринар энг ёруғ кун мисли оҳу.
Йиғлама, жонгинам, жоним роҳатда,
Мени заҳарлади сен берган оғу.»

ҚЎШИҚ

Таратгайсан хушбўй ислар, ислар хушласанг,
Келмоқдасан порлаб-порлаб, чақнаб мисли ой.
Муқаддасдир қўлларингга неки ушласанг,
Уйғонажак, кўринажак энг сирли Чирой.

Сени десам ташвишларнинг кўшклари қулар,
Қадамингда оқар ором ёлқинларими?
Кўзларингда ғами тиниқ осмонми? Қўллар
Афсонага тўлуғ денгиз тўлқинларими?

Бу дунёнинг кўпдир, хўбдир дилбар аёли,
Ёлғиз сени истаб келди кўнглим хаёли.

Ойгул Суюндиқова таржимаси