Римма Казакова (1932-2008)

Таниқли рус шоираси Римма Казакова 1932 йил 27 январда Севастополда ҳарбий оилада таваллуд топди. Унинг болалиги Белоруссияда, ўқувчилик йиллари – Петербургда ўтди. Ленинград Давлат университети тарих факультетини тугаллади.
Кўп йиллар Узоқ Шарқ  —  Хабаровскда яшади, ижод қилди.  Ўтган асрнинг 60 – йилларида шеърият майдонига Евтушенко, Окуджава, Белла Ахмадуллина, Вознесенский, Рождественскийлар билан ҳамқадам кириб келган шоиранинг илк китоби – «Шарқда учрашамиз» 1958 йилда чоп этилди. 1964 йилда Москвада Адабиёт институти қошидаги Олий курсда таҳсил олди. 1976 – 1981 йиллар собиқ Иттифоқ Ёзувчилар Уюшмаси бошқарувчи котиби сифатида фаолият юритди. Умрининг охирига қадар Москва шаҳар Ёзувчилар Уюшмаси биринчи котиби вазифасини бажарди.
Шоиранинг «Тайгада кўз ёш тўкмайдилар» (1965), «Эслайман» (1974), «Оққа кўчирилган шеърлар»(1977), «Ўзан» (1979), шунингдек, «Сайланма» (1979), «Севги ўлкаси»(1980), «Синов тоши» (1982), «Қирлардан кел» (1984) сингари китоблари шеърият мухлислари орасида катта эътибор қозонди. Унинг шеъриятида тжтимлий туйғулар ва айни пайтда муҳаббат лирикаси устувордир. Шеърларида қатъиятли шахс туйғулари, ишқ изтироблари, ҳаёт тўлқинлари ва орзу — умид кенгликлари ярқираб, ястаниб, нафасида курашчанлик уфуриб туради. Унинг ижодидаги муҳим жиҳатлардан бири – таржима. Шоира чет эл адабиёти намуналари, шеъриятидан ажойиб таржималар қилди. Айниқса, ўзбек шеърияти, шоирлари билан ижодий ҳамкорлиги қизғин кечди. У Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия каби забардаст шоирларнинг шеърларини маҳорат билан рус тилига ўгирди.
«Римма Казакованинг онам Зулфия ва Зарифа Саидносирова, Ойбек устоз билан суҳбатларини кўп гувоҳи бўлганман,  —  дейди адабиётшунос олима Ҳулкар Олимжонова.  — Уларнинг ҳар бир суҳбати адабиёт, шеъриятнинг янги қирралари, нуқталари ва сирларини очиб борарди. У кўп бора қадрдон меҳмонимиз бўлган. Табиатан вазмин, қайноқ фикрли, мулоҳазалари теран, ўқимишли эди. Ўзбек шеъриятига, тилига ихлоси ва эҳтироми баланд эди».
Римма Казакова 2008 йил 19 майда Москвада вафот этди. Унинг тили тиниқ, гўзал адабий мероси ўзига хослиги билан ажралиб туради.

ҲАМИД ОЛИМЖОН ХОТИРАСИГА

Эрта кетган улуғ шоирлар ҳар вақт
Эл – юрти қалбида битмас жароҳат.
…Давр руҳи, замон ғайрати ила
Маҳкам тутган эди шоир қўллари
Орзу – умидларга тўлуғ йўлларни.
Ташналикнинг ажиб ҳарорати-ла
Бирга туғиларди Ҳамид Олимжон!
Ундан сўнг дунёга келдиму, шу чоқ
Мени қарши олди шиддат, ҳаяжон.
Меҳрли кунлару, бахт куйи қайноқ,
Лаҳзалар кечарди гўё беармон!
Буларнинг боиси – нафақат шоир
Умри давомчиси – фарзандларидир.
Вафоли аёлдай дилбар, беназир
Машаққатли йўлнинг баландларидир.
Гарчанд ушлаб кўрса бўлар мармарни,
Гарчанд майин  —  майин силашинг мумкин.
Лекин учраштирди мени у билан
Ўзбек шоирининг ғурури монанд
Уфқларга туташ далалар, йўллар!
Оддийгина ҳайкал ёнида бу дам
Сукунат ҳукмрон, кенглик муаззам.
Шоир шеърларидан ёд ўқир бола
Овозида титроқ, кўз ўнгимизда
Сатрлар қад керди залворли, чақноқ.
Улкан ҳақиқатлар очдилар бағир –
Ҳамиша тирикдир Ҳамид Олимжон!
Сингиб борар бола ҳар битта сўзга,
Бу шунчаки эслаш, хотирлаш эмас.
Уни тинглардилар чулғониб ҳисга,
Ҳайкал тирилгандай кўз илғай олмас
Ҳар бир томирига жон кирган сари
Эшитилди ҳатто юрак зарблари!
Эрта кетган шоир тилга олинса
Таърифи мушкулдай, сўз айтмоқ оғир…
Десалар ишонма, бари – уйдирма!
Улар яшаётир сатрма – сатр,
Улар қолдирмиши – дилларни кечиб,
Дилларга қуйилмиш дарё – дарё сўз.
Энди сеникидир  —  бу юрак, бу Сўз!
Шоирлар ўлмайди, содиқ дўст каби
Кўкламда гуллаган ўрикни кутар.
Дунёларга сиғмас бебаҳо қалби
Энг узун муҳаббат йўлини тутар.
Муҳаббатки, қувонч, қайғуларида
Дунёнинг энг гўзал, пок аёлини
Бошида кўтариб, мукаррам этар.
Ҳар онда, ҳар бир кун, ҳар бир байрамда
Шоир шеърларида уйғотиб тонгни
Ёниқ кўнгулларни ларзага солиб,
Меҳри – ла ардоқлаб, қучмиш Ватанни!…
Изтиробдан куйиб кетса — да юрак
Шоирдан сўз очгум ҳеч ўлим билмас –
Яшаб ўтди шундай Ҳамид Олимжон!

***

Отам бор эди менинг
Меҳрли — ю, қаҳрли андак.
Аяб ўтирмасди кези келганда!
Тиллашарди даври билан жим.
Лек
Қани ўша отам?
Кексалик. Касаллик.
Сўнг – ўлим.

Онам бор эди менинг
Гўзаллардан гўзал, навқирон.
Яйраб кулганини кўрмадим бошқа–
Тоши оғир қайғу,
Сўлдирди армон.
Ҳали ҳам оёқда юргани –
Тақдир тутган энг аччиқ эҳсон.

Дугонам бўларди туғишганимдай.
Турмушга чиқди — ю, мени унутди.
Мен ҳам унга ортиқ қилмадим парво,
Балки унутдим…
Шунчаки дугонам бор эди, аммо…
Севганим бор эди беқиёс, ўктам,
Куёв бўлди бой хонадонга.
Мансаб зинасидан кўтарилган дам
Йўллари айрилди икки томонга.
Унга дуч келаман гоҳи – гоҳида,
Қолгани – бўлмағур арзимас гаплар!

Вақт ўтди.
Изтироб сўнгандай сокин.
Юрак кўтаради энди барини .
…Аслида, йўқ эди қатъий қиёфам,
Туғилди у ҳам.

***

Уйғондим. Ўрнимдан турдим. Кийиндим.
Уйим  —  азиз ватан, азиз ҳаётим.
Чуқур нафас олдим, бир қур кўз солдим,
Бекаман, ҳар қалай. Оилам – отим.

Кундалик юмушлар билан оҳиста
Кезиндим уй ичра хаёл тингунча.
Кимнидир мактабга, кимнидир ишга
Кузатдим тонг нури қўлга қўнгунча.

Уйни тозаладим. Уюм кир ювдим.
(Вақт эса учарди. Маънисиздай кун.)
Бир – бир силаб кўрдим – юмшоқмикан нон,
Ортидан навбатга турдим сут учун.

Тушлик ҳозирладим. Сўнг – мутолаа.
Онам билан пича гурунглашдик ҳам.
Ахир, яхши қизман, одобли, доно,
Муҳими, бу – менинг бурч ва вазифам.

Узун – узун шеърлар таржима қилдим,
Ёзиб тугалланди икки мақола.
Муюлишда– кийим тозалаш цеҳи,
Қайтдим уйга ундан кийимлар ола.

Саргушт китобни варақладим жим,
Ақлимни шошириб қўйгандай бироз
Ундан чиқиб келди юзи ёришиб,
О, биринчи дўстим, о қувноқ шоввоз!…

Тегирмон тошида майдаланди ун,
Учган – учаётган сўзми, сукунат…
…Сездирмайин ўтди ёшлик чоғлари,
Яшамоқлик надир?  —  У зўр машаққат!

Елкангга ортқилаб ҳар бир юмушни
Югурдингми қадр топмай беҳуда?
Ҳолбуки, курашар вужуд ва юрак,
Ҳайрат ва ҳаяжон кўп эди жуда!…

Наҳот ўтган бахтли кунлар нафаси
Кўкка учди ёки ер ютди? Ахир,
Заҳматлари ҳамон юракда сизар,
Ҳаёт мушкул кечди юклари оғир…

***

Сўзинг керак экан болангга ҳар вақт,
Шудир  —  тилаганинг, бергани ҳаёт.
Оналикдан ўтар ҳавас йўқ, бахт йўқ,
Оналик , бу – севинч тутган ҳарорат.

Онанг сенга сабоқ беради бот – бот,
Улғайган эсанг — да, асал таъмин тот.
Билки, бола бўлмоқ  —  фасли саодат,
Билки, бола бўлмоқ  —  фасли фароғат.

***

Шеърларимда алдамадим ҳеч! –
Нақадар соз! – Шифокордай тинч
Ташҳис қўйдим – сочар атрлар –
Йўқ, шунчаки эмас сатрлар.

Дафтарларим бир – бир очар тонг,
У – дилимдан тўкилган достон.
Тўлиб борар саҳифаларим  —
Кафтга қушдай қўнган зарларим.

Бу – осилиб ўйнаш машқидай,
Ё юракнинг зарби, шаштидай.
Кўпни кўрган кўз қарочиғим
Ҳайратлардан сўз очади жим .

Қават  —  қават осмон, чакалак,
Тўлқин – тўлқин қумликлар ҳалак.

Покистоннинг қақроқ йўллари
Бўйлаб хаёл сочилган сари
Қоришади катта — ю кичик,
Қиёфалар ва тиллар буюк.

Яшаяпман дунёни суйиб,
Кетса ҳамки юрагим куйиб.
Ўтганимни сезмас майсалар,
Бола қувнар, еллар эркалар.

Шукроналик тўлар бағримга,
Мени босар илиқ бағрига –
Уй  —  Москвам!  Тун, иш столим,
Чироқ ёғду сочади жим  —  жим.

***

Йўлим узоқ бўлди, бошим эса тош,
Мени не кўйларга солди ёш шиддат!
Видо ва умиднинг йўлагида бош
Кўтарди  —  Русь ва Мен  —  эгизак суврат.
Ўтаётган куну кетаётган тун
Ичра қайдан келган бўлса, ул томон
Сингиб бораётир дилдаги туғён.

***

Ортга қайтмаслиги бебош, ғўр ёшлик
Ҳақиқат бўлдими, аён бўлдими…
Прадо музейи, Париж ёки Рим,
Қиши қаттиқ келар тоғлар йўлида
Уйга шошилганда кўнглинг тўлдими…

Менга ёш боладай қилишар ҳавас,
Сеҳргар сафарлар шайдо қилади.
Қашшоқлик ва жилва ичида дунё
Очиқ ва дангали савдо қилади.
Лекин кўринмайди меҳроб дўкони…

Буюмларни суриб қўйиб бир четга,
Тунлари менга жим боқди юлдузлар.
Бу олам, бу борлиқ сири нимада?
Сочиб юборишди бир ҳовуч сўзлар.

Қуёшли соатда кетмадим оқиб,
Туйғуларим недир ёхуд кимлардир
Тўхтатиб қолса –да кутилмаган чоқ
Ҳеч эриб битмадим. Йўл ҳамон йироқ…

***

Сени сендан узоқларда туриб севаман,
Минтақалар, юртлар аро сарсари.
Сен – менинг биринчи муҳаббат сатрим,
Афсона сўйлайди йўллар дафтари.

Сени сендан узоқларда туриб севаман,
Гарчанд бегонасан, гарчанд кетасан…
Ишқингда телбавор қалбим зарби — ла
Улкан ер шарини ёриб ўтаман!

***

Кўз илғамас денгиз ортида қирғоқ,
Шовуллаб урилар юракка уйғоқ.
Менга ишондингми, ишонолмадинг,
Мени эсладингми, ё эслолмадинг?

Денгиз, улканимсан қирғоқдан, шиддат
Билан кесиб ўтар кўксимни ҳайрат.
Менга ишондингми, ишонолмадинг,
Мени севолдингми, ё севолмадинг?

Қирғоқ, улканимсан денгизлардан ҳам,
Денгиз, бўйинг кўрсат баланд ва ўктам!
Лекин юволмайсан қийноқларимни –
Юрагимнинг яшил қирғоқларини.

Денгиз улоқтирар тўлқинларини –
Балки изтиробли ёлқинларини…
Яқинлашиб борар, борар тобора
Юрак қирғоқларга урилар, қара!

Денгиз, кичигимсан қирғоқдан, нурли
Ёғдулар яширин сирлидан – сирли…
Менга ишондингми, ишонолмадинг,
Мени кутолдингми, ё кутолмадинг?!…

***

Мусиқа қуйилар, илк варақларим –
Кўкдан тушган ҳайратки, ярақлади.
Бу – ўша эдими, ўзга эдими,
Мен – ўша эдимми, ўзга эдимми?

Сенга ё ачиндим, ёки раҳм этдим,
Баҳслашиш на ҳожат, англадим – етдим.
Бу – не айрилиқки, бу – не музламоқ,
Топсам, топганимга етолсам шу чоқ!

Жиловсиз тубсизлик мусиқа – киминг?
Ларзага туш, ҳайқир, сақлаб қол Риминг!
Билмадим, ким суюк, ким эса ошиқ,
Қалтис уриндингми, о,  ғўргинам ишқ!…

Қалблар энтикади, энтикар олис
Зулматни ёритган узоқ кечки куз.
Танламоқ, аслида – журъатнинг ўзи,
Аслида, бу чорлов – ҳаётнинг сўзи.

***

Дўстларим, жим бўлинг, жиминг бир нафас,
Уни маҳв этмасин мақтов ва ғийбат!
Шарафламанг зарра, бу – ҳасад эмас,
Унинг сўзларига, қадамларига
Бир бепарво ўтинг, бепарво фақат.

Ўрмалаб кирмангиз оловли тил-ла,
Йироқ бўлинг таъма, хушомадлардан.
Айтмасангиз ҳамки яхши биламан,
Асрай олсам эди хиёнатлардан!…

***

Сени кечираман бегумон, албат,
Билки, бош урмадим, қилмадим ҳасрат
Ўзга қирғоқларга гарчанд сарбаланд,
Ёлғизликда ўтган тунларим ҳаққи…

Ҳаётда изига тушгандай изинг,
Уйга шошилганда ортгандай ҳиссинг,
Кечира олдингму ўзингни ўзинг –
Сенсиз ўтган ғариб кунларим ҳаққи…

***

Оғирлик қилмасму елкаларингга –
Бу бир девоналик, бўлмағур сўзмас,
Ҳали ғўр новдалар сингари эмас,
Туйғулар залворли, эмас ўчар сас…

Толиқиб кетмаса эди қўлларинг –
Муқаррар кўринса айрилиқ йўли,
Озорлар,  озорлар чекмасма дилинг,
Қай рангда товланар видонинг гули…

Кўтара оларми экансан мендек
Ортқилаб олганим – бу азиз ҳаёт,
Синдирмай, дилимга солганим баёт.
Бир  нафасда айтдим – кўнглимни тўкдим
Мўъзижа яратган каби табиат!…

***

На бир маломат  —  бу, на бир таъна – бу,
Бу ишқ   —  менинг бахтим, ё дарду ҳасрат.
Энди балким ёруғ ғамларнинг нури
Қўйиб юбормайди қалбимни абад…

Чуқурлашиб кетма тубсиз ўйларга,
Кимсан? Сўрамадим, кўнглинг бўлсин тўқ.
Изоҳ қидирмадим, тушунгин фақат
Юрак оғриётир. Бошқа ҳеч гап йўқ.

***

Айланади йил фасллари,
Ҳаётимда – дил фасллари.
Кириш – чиқиш, Вақт фасллари,
Қайғу фасли, бахт фасллари.

Далаларни буркайди оқ қор,
Июн  —  қайоқ, о июл – рангин!
Қоришади пок ва бетакрор
Туйғуларда ҳаёт оҳанги.

Паст – баландга югуриш фасли,
Сўроқ фасли, қайнайди ҳаёт.
Ёшлик фасли, балоғат фасли,
Оҳ, кексалик – фароғат фасли!

Бу – саодат, сабрлар фасли,
Дўстлик фасли, жабрлар фасли.
Ўтаётир умр ҳавасли,
Тугамайди болалик фасли.

Ойгул Суюндиқова таржимаси