Анатолий Алексин. “Катталар” оқшоми (ҳикоя)

Менимча, ҳар бир кишини эрталабки йиғинлар ўрнига турли кечаларга таклиф қила бошлашган пайтдан бошлаб “катта” деб ҳисобласа бўлади.
Бир куни дадам мени касалхонадаги байрам кечасига таклиф қилди, яъни ўз ишхонасига… Мен рози бўлдим – ўша онда ўзимни қандайдир кучлироқ ва каттароқдек ҳис қилдим.
Хайрлашгач, ортимиздан қараб қолган ойим ва бувим мендан касалхонада ҳеч қандай аҳмоқона гап гапириб қўймасликни ва ҳар доим мен аллақачон олтинчи синфга кўчганимни доимо ёдда сақлашни қаттиқ илтимос қилган эдилар. Ўша куни буни ўзим истасам ҳам унутолмаган бўлар эдим, чунки дадамнинг ҳар бир ҳамкасби мендан:
– Хўш, нечанчи синфдасан? – деб сўрарди.
– Олтинчида, – дердим мен.
– Қўйсангчи! Бўлиши мумкин эмас!
Кейин ҳар бири албатта дадамга қараб:
– Ўғлинг катта бўлиб қолибди-ку! Ишониш қийин…Лекин жуда ўхшаб турибди! Жуда! – дерди.
Ойимгаям доим унга ўхшашимни айтишарди. Шунинг учун мен ўз ташқи кўринишим борасида аниқ бир фикрга кела олмас эдим.
Ойим чиройли эди, дадам ҳақида эса бувим бир гал:
– Энди, албатта, уни кўркам йигит, деб бўлмайди…
– Демай қўяқолинг! – деган эдим мен. Илтимос…Уни барибир ҳамма яхши кўради!
– Мен буни тан оламан, – деди бувим. – Бунча асабийлашдинг? Эркаклар учун ташқи кўриниш умуман катта аҳамият касб қилмайди.
“Ростдан ҳам, касб этмайди” – деб ўйладим мен залдаги аёллар навбати билан дадамнинг олдига келиб, унга хушомад қилиш мақсадида мен унга жудаям ўхшашимни айтишаётганини кўриб.
Ўша кунги кечада ҳам ҳамма менга эътибор берди. Дадам билан бирга келганим учунгина эмас… Адабиёт ўқитувчимиз доим ҳаммамиз ўз имкониятимиздан келиб чиқиб “ёрқин шахс” бўлишимизни сўрайди. Ўша плакатлар ва гуллар билан безалган залда биринчи бор ўзимни шундай ҳис қилдим: мендан бошқа бирорта олтинчи синф боласи йўқ эди залда. Шунинг учун мен ўзимни ҳақиқий ёрқин шахс деб ҳис қилар эдим.
Ниҳоят ҳамма ўз ўрнига жойлашди… Мен ўз фамилиямни эшитиб, худди дарсда ўтиргандек, ўрнимдан туриб кетишимга сал қолди. Лекин маълум бўлишича, дадамни президиумга сайлашган экан.
– Тўғри… – деди ёнимда ўтирган кампир. Юзлари тажанг, кўзлари киртайган эди. Бунақа одамлардан мақтов эшитиш бошқача ёқимли бўлар экан. Бошқалар дадам иккимизнинг фамилиямизни эшитиб ҳеч нарса гапиришмади, лекин қаттиқ қарсак чалишди. Тушундимки, улар кампирнинг фикрига қўшилади.
“Еҳ, ойим билан бувим шуни кўришгандами! – деб ўйлардим мен. – Албатта, ўзим айтиб бераман… Аммо биринчидан, дадам албатта сўзимни инкор қилади. Ҳатто ниманидир камайтириб айтсам ҳам, ошириб юборяпсан, дейди. Иккинчидан, юз марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши. Буни ҳамма билади!”
Умримда биринчи марта нутқ эшитдим! Қисқа нутқ.
– Баракалла! – деди ёнимда ўтирган тажанг кампир. Нотиқ тарк этган минбарга қараб: – Ўзини тез ўнглаб олди, – деб қўйди.
Мен эса яна эшитишга тайёр эдим!
– Ҳозир биз касалхонамизнинг энг яхши одамлари ҳақида гаплашамиз, – деди раис.
Залда ҳамма бирдан жим бўлиб, сергак тортди. Мен ҳам ҳаяжонланиб турар эдим. Ўзим учун эмас, албатта…Дадам учун.
– Биз бу ерга собиқ беморларимизни таклиф қилдик, – давом этди раис. – Ўзлари айтсин…
Мен яхшилаб разм солиб ҳам собиқ беморларни шунчаки соғлом инсонлардан ажрата олмадим.
– Бу ерда ким…бемор эди? – сўрадим ёнимдаги кампирдан.
– Ажратолмаяпсанми?
– Ажратолмаяпман.
– Ҳамма гап шунда-да! – деди у. Жимиб қолди. Кейин лаблари бироз ёйилди: бу унинг кулгани бўлса керак.
Бир баҳайбат одам минбар томонга қадам босиб келарди. Залда ундан ҳам соғломроқ одам йўқдек кўринарди менга.
– Бу Андрюша…– деди кампир боягидек кулиб.
Залнинг турли бурчакларидан “Андрюша, Андрюша” деган шивирлар эшитилди.
– Уни бу ерда ҳамма танийдими? – сўрадим кампирдан.
– Бўлмасам-чи! У жудаям заиф эди. Жудаям…
Мен ҳам бу дадамнинг собиқ беморини танир эдим.
“Эҳ, уни оёққа турғизиб юборсак эди! – дерди дадам. – Қани энди уддалолсам…” Уддалади…Собиқ бемор оёққа турди!
Минбар Андрюшанинг белидан келди. У иккала қўли билан гўё минбарни кўтариб отиб юбормоқчидек ушлади.
– Ишлаяпман! – деди саҳнадан туриб Андрюша. Хоккей ўйнаяпман! Ҳаммаси дунёда шундай инсонлар борлигидан…Шундай инсон борлигидан…
Президиумга қараб, ким ҳақида сўз кетаётганини тушундим: дадам кўринмас эди. У олдин ҳам, саҳнада, энг охирги қаторда ўтирган эди, ҳозир эса кимнингдир ортига беркиниб, умуман кўринмай қолибди.
Яна иккита собиқ касал, чиқиб дадамнинг шарофати билан “қайта туғилишганини” айтишди. Бошқа бундай “туғилишни” исташмаслиги аниқ…Лекин ҳаммалари дадамга шундай қарашар эдики, гўё энг яхши хотираларни эслагандек эдилар. У эса уларни операция қилган эди…
Мен ўша ерда ўтириб, турли ақл бовар қилмас ҳаёллар қилардим. “Мана агар фақат бешга ўқиганимда – ҳеч қачон амалга ошмайдиган хомҳаёл! – ва агар мени мактаб мажлисида мақташганда, кўп болаларга бу ёқмаган бўларди. Аниқ биламан…” Бу ерда бўлса ҳамма шифокорлар, ҳамширалар ва энагалар шундай жилмайишди-ки, гўё уларнинг ўзини эътироф этишгандек. “Нега? – деб ўйлардим мен. – Дадамни яхши кўришгани учун бўлса керак…”
Кейин концерт бўлди. Кейин рақслар…Яна дадамнинг олдига аёллар келиб, рақсга таклиф қила бошлашди. Мен эса яна буларнинг ҳаммасини ойим билан бувим кўрмаётганига ачиниб ўтирдим.
– Мен рақсга тушишни билмайман…– дерди дадам айбдорона. Яхшиси Андрюшани таклиф қилинглар!
– Унга етиб бўлмайди ҳозир! – деб жавоб берди бир оқ халатли аёл. Афтидан, у ўша куни навбатчи бўлган-у, бир дақиқага тадбирга бош суққан.
Андрюшага ростдан ҳам етиб бўлмасди. Ҳаммадан кўп ўйнарди, ҳаммадан баланд куларди ва гаплашарди. Гўё буларнинг ҳаммаси қўлидан келишини кўрсатиб қўймоқчидек…
Дадам мени камситмади: бирор марта соатига қарамади, бирор марта ухлаб олишинг ёки дарсларингни тайёрлашинг керак, деб уйга кетишга чақирмади. Биз гардеробга ҳамма билан бирга кириб бордик. Пастга тушиб, дадам номерни узатиши билан бир оқ халатли эркак югуриб келиб, дадамнинг қулоғига нимадир деди.
– Илтимос, ўғлимни кузатиб қўйсангиз…– деб илтимос қилди дадам кимгадир.
Ҳамма мени кузатиб қўйишга рози бўлди.
– Мен қоламан…кўпга эмас, – дедид дадам ва оқ халатли эркакнинг ортидан югуриб кетди.
– У нега…қолди? – деб сўрадим мен.
– Ўз ишини қилиш учун, – деди тажанг кампир.
– Қанақа…иш?!
– Кимнидир қутқаради-да…
Ҳали уч кун бор бўлишига қарамай, аллақачон байрамга тайёр бўлган кўчалардан кетяпман. Дадамнинг собиқ бемори Андрюша ёнимда кетарди. У ранг-баранг безакларга шундай қувонч билан қарадики, худди бир пайтлар уларни бошқа кўришга умид қилмагандек эди.
Уйимизга яқинлашганда, Андрюша ҳам ўзини тутиб туролмади ва:
– Сен дадангга ўхшаркансан! Чин сўзим…Ўхшаркансан! – деди.
Шундай гапирдики, бу билан мени табриклагандек бўлди.
Мен эса у пайтда дадамга фақат бир қарашда ўхшасам керак, деб ўйладим. Ташқи кўриниш тарафдан, дермиди? “Ҳақиқатдан унга ўхшаш учун эса, – ўйладим мен, – менга ҳали анча бор…Осон иш эмас бу – бошқаларни бахтли қилиш!”

Рус тилидан Одилхон Орифжонов таржимаси