Анатолий Алексин. Егоров (ҳикоя)

– Биласанми, беморларимнинг оғриғини танамда ҳис қилиб тураман, – деди менга дадам бир куни. Буни секин, ойим ва бувимга эшиттирмай гапирди. У ҳатто секин гапирганда ҳам бу гапларни улар эшитишини истамайди, чунки бу гаплар унга жуда баландпарвоздек туйилади. Балки шунчаки ойим унинг қанчалик қийналишини билишини истамас.
Менга эса дадам ҳамма нарсани гапириб беради! Ҳатто бутун умр, тўртинчи синфдан буён фақат ойимни яхши кўришини ҳам.
– Баъзи оғайниларим ҳайрон бўлади, – дейди дадам.
– Бўлса бўлар! – деб хитоб қиламан мен. – Бахтсизлар! Улар ойимга ўхшаш аёлни умрида учратмаганда…
Бир сўз билан айтганда, дадам билан ўртада сиримиз йўқ. Менимча, қачондир оғир операцияни бошдан кечирсам, умуман қийналмасам керак. Чунки ўзи ўтказган ҳамма операциялар ҳақида дадам батафсил гапириб беради, мен эса уларга қандайдир ўрганиб қолганман.
Ахир кимгадир кўнглини ёриши керак-ку! Аёлларни хафа қилишни истамайди. Ундан бошқа эркак эса уйда битта. Мен!
Ҳамма оғир касалларни исм-шарифигача биламан. Уларнинг қариндошларини ҳам биламан, чунки доим қўнғироқ қилиб туришади. Дадам уларга маълум қилади: “Бугун сизнинг эрингиз ёнларига ағдарилди!”, “Ўғлингиз юришга ўрганди! Ҳа, яна…Деразагача юриб борди! Табриклайман!”
– Касалхонангларда суриштирув бюроси йўқми, дейман, – дейди бувим.
– Яқинлари операцияни касалдан ҳам кўпроқ қийналиб ўтказишади, – деб жавоб қилади дадам. – Уларга наркоз берилмайдида! Шунинг учун телефон орқали “оғриқ қолдиришга” ҳаракат қиламан.
Дадам ҳар доим беморларнинг қаерда, ким бўлиб ишлаши, нимани орзу қилиши ва нечта боласи борлигини билади.
– Бировнинг ҳаётини билмасдан туриб аралашиб бўлмайди, – дейди дадам. – Айниқса, биз жарроҳлар…
Дадам доим ойим билан бувимни безовта қилмасликка уринади. Шунинг учун эрта тонгда жуда қувноқ бўлиб, баланд овозда қўшиқ куйлаб қолса, биламанки, унинг ҳозир дили хуфтон. Ёки, аниқроқ айтганда, саросимада. Шунда дадамни аста ошхонага чорлайман:
– Нима, бугун мураккаб операция борми? Ҳаяжонланяпсизми?
– Энгил операциялар бўлмайди, – дейди доим дадам. Кейин: – Бўйинга масъулият юклайдиган ҳолатлар кўп…
Жавобан унга ишонишимни айтаман. Дадамнинг қалби анча энгиллайди, қўшиқ куйлашни бас қилади. Кундузи бувимга айтаман:
– Женъкадан хабар олишим керак, геометрияси қалай экан!
Касалхона рақамини териб, гўшакка дадам келганда сўрайман:
– Қалай бўлди? Ҳал бўлдими?
Дадам мени дарров тушунади. Умуман олганда биз бир-биримизни жуда яхши тушунамиз.
Кечқурун уйга келганда унинг юзига қарабоқ аниқ биламан – муаммо борми-йўқми, ҳарорат жуда баландми ёки унчаликмасми…
Лекин бир куни дадамнинг юзи шундай тусда эдики, мен ҳеч нарсани тушунмадим. Дадам на хафа, на хурсанд кўринарди. Умуман ҳеч қандай ҳис кўринмасди. Юришлари ҳам ўзгарган. Аниқроқ айтганда, ҳеч қандай юриш қолмаган…Қўрқиб кетдим.
– Нима бўлди, дада? – дедим шивирлаб.
– У ўлди, – деди дадам.
– Ким?
– Егоров…Иван Павлович.
Авваллари Егоров ҳақида ҳеч нарса эшитмаган эдим. Ўша куни тонгда ҳам дадам ҳаяжонланмаган, қўшиқ куйламаган эди. Тўғри, ойим билан бувим уч кунга шаҳар ташқарисига кетишган. Лекин, мен барибир сезган бўлардим!
– Ёши нечада эди?
– Ҳмм…Шундай вазиятларда биринчи бўлиб шунақа савол берилади. Нима фарқи бор, ёшини?! У яшаши керак эди.
– Унинг касали оғирмиди?
– Умуман ундай эмасди. Ҳамма гап шунда-да! Операция яхши ўтди. Кейин…Сенга қандай тушунтирсам экан? Кичик қон қуйқаси пайдо бўлди. Тромб.
– Демак, сиз айбдор эмассиз? (Дадам менга қараб қўйди) – Яъни сиз ҳаммасини тўғри бажаргансиз-ку, тўғрими?
– У ўлди. Аввалги куни онаси олдимга келганди. Тушуняпсанми?
– Демак, у ёш бўлган эканда?
– Эллик еттида эди.
– Онасичи?
– У етмиш саккиз ёшда. Лекин абжир, кўзлари ҳам чақнаб туради… “Яхши, деганди у, Ванянинг аёли санаторияда, болалари бошқа шаҳарда. Бўлмаса, кечқурун бу хуруж бошланганда жуда қўрқиб кетишар эди!” Мен бўлса ҳазил ҳам қилувдим: бу касаллик бекор биз билан ўйнашяпти. Энасини кўрсатиб қўямиз!
– У биладими?
– Мен операцияни яна беш кундан сўнг бўлади, дедим унга. Егоров шуни сўраганди. Хавотир олмаслиги учун…
“Иван Павлович шунда ҳам онасини ўйлаган эканда” деб ўйладим мен. Сўрадим:
– Энди нима бўлади?
– Энди олдига бориб ўзим гапираман.
– Мен ҳам бораман!
– Кеттик. Узоқда эмас. “Тонг” кинотеатри олдида…У менга “Ваня уйга қайтганда сиз ҳам келинг!” деганди…
Дадамнинг қўлидам тутиб, ўзим йўл бошладим. У ҳайрон бўлмади, қўйиб юбормади. Демак унга керак эдим ўша пайтда! Ёки шунчаки унга ҳаммаси барибир эди.
– Онаси менга Егоров ҳақида гапириб берган эди. Оналар доим шундай қиладилар. Мен болаларини яхши кўришим ва ҳаракат қилишим учун…
Дадам Егоров ҳақида шундай гапирар эдики, гўё у менинг ёшимда, онаси ойимнинг ёшида бўлгандек эди.
– Дунёда оналар ҳаммасидан ҳам кўп ўз болаларидан узоқроқ умр кечиришдан қўрқадилар, – деди дадам. – Улар биз врачлар бунга йўл қўймаймоз, деб ҳисоблашади. Аҳвол эса, мана, кўриб турганингдек…
Мен эса “Қандай қилиб кичкина қон қуйқаси ҳамма нарсадан кучли бўлиб чиқиши мумкин? Нега инсон ҳаёти қандайдир кичкина томирчага боғлиқ бўлиб қолиши керак? Нега?” деб ўйлардим. Бу фикрларимни дадамга айтганимда у шундай жавоб қилди:
– Мана, шу боғлиқ бўлмаслиги учун ҳаракат қиляпмизда!
Дадам жудаям ҳаракат қиляпти Билиб тураман…
– Илтимос, айтингчи: сиз бунинг олдиндан кўра ололармидингиз?
– Врач ҳамма нарсани олдиндан кўра билиши керак, деди у хафалик билан. Мен эса саволдан тўхтамасдим:
– Олдини ололармидингиз?
– Шарт эди!
Англадимки, дадам мендан эмас, ўзидан хафа бўляпти. Мен бунга йўл қўёлмасдим!
– Мажбурмидингиз? Эплай олармидингиз?
– Сен ҳеч қачон врач бўлолмайсан, – деди дадам.
– Нега энди?
– Чунки доим мен ҳақимда ўйлайсан. Яъни ўзинг ҳақингда ҳам! Унинг ўрнига…Е, майли! – деди дадам қўл силтаб.
– Сиз ҳақингизда ҳам кимдир ўйлаши керакку! Ўзингиз ҳақингизда ўйламаганингиздан кейин… – дедим ойимдан кўп эшитган жумлани такрорлаб.
Кинотеатр олдига етганимизда дадам квартира рақамини билмаслиги маълум бўлди. У фақат кинотеатрни эслаб қолган, уй рақамини эса унутган эди.
Сочлари оппоқ бир киши буталар ва ўтларга сув сепиб юрганди. Резина ичакни қандай ушлашидан у боғбон эмаслигини, ўз ихтиёри билан ҳовлини суғориб юрганини тушундим. Ҳар томонга аланглаётганимизни кўриб, у киши сўради:
– Сизларга ким керак?
– Егоровнинг уйи қаерда? – сўради дадам.
– Эй-ҳаа, ўғлингизни тузатишга олиб келяпсизми? Бизнинг маҳаллада кимнинг боласидан шикояти бўлса, Иван Павловичга олиб келишади. Бола тилини билади-да бу одам! Энди бошқа маҳаллалардан ҳам келишяпти эканда? У биринчи подъездда яшайди. Иккинчи қаватда…Уй рақами эсимда йўқ! Лекин ҳозир у касалхонада – деди хўрсиниб. Резина ичакдан чиқаётган сув бир бутанинг устида қуйилиб турарди. – У йўқ, мана, болалар столниям синдирган… Ўзларича жанговар туришни қилишганда. Акробатлар! Иван Павлович қайтмагунча тузатмай турамиз. Қани, юзига қандай қарашар экан! У бўлганда синдиришмасди. Мутлақо! Ҳурмат қилишади. Гулларга, ўсимликларга жонларини бериб меҳрибонлик қилишади. Иван Павлович ўтказганда. Мана бу олма ҳам уники… У биринчи подъездда яшайди… Қайси хонадонда эди? – деб сўради у ёнимиздан сумка кўтариб ўтиб кетаётган аёлга юзланиб.
– Кимни сўраяпсиз?
– Егоровни.
Аёл дарҳол қўлидаги сумкаларни ерга қўйди. Оғирлик билан, тушкунлик билан қўйди.
– У ана у подъездда яшайди, Еттинчи хонадон. Тезроқ қайтақолсайди! Ўғлим математикани ўқиёлмаяпти. У Иван Павловични, у киши сабаб математикани ҳам яхши кўроиб қолган эди. Тўрт олиб кела бошлади. Мен мана шу ўғлим катта бўлмагунча ҳеч қаёққа кетмайман! Келинг, сизни кузатиб қўяман. Онаси уйда бўлса керак…
Дадам “Иван Павлович энди орамизда йўқ” деб қўймаса эди, деб хавотирланар эдим. Лекин дадам сукут сақларди. Менимча, бу инсонлар учун Егоровнинг умрини яна бироз узайтиришни истарди.
Биз қўшнининг ортидан эргашдик. Мен унинг битта сумкасини кўтариб олдим, дадам иккинчисини. У аёл эса гапириб кетар эди:
– Мактабдан ўғлимни ўртоқлари келишувди. Иван Павловичсиз жуда зерикишди. Мен ҳам мактабда ўқиганман. Эслайман… Дарсларимиз қолдирилганда хурсандчиликдан ўзимизни қаерга қўйишни билмас эдик! Булар эса соғинишади. Касалхонага боришмоқчи эди кўргани. Мен шу ерда, биринчи қаватда қоламан. Сизлар тепага кўтариласизлар. Унинг уйи тепада!
У эшик қўнғироғини босди.
Қандайдир норози, тушкун бир аёл эшик очди.
– Нега ўзингиз билан калит олиб юрмайсиз? Шовқинингиз оламни оламан дейди…
– Мана бу одамлар Иван Павловични излаб юришибди, – деди негадир сумкали аёл.
Қўшни худди Иван Павловичнинг уйини излаётган кишиларнинг олдида уялгандек, айбдорона жилмайди.
– Иван Павлович тепамизда яшайди. Шундоққина тепамизда!
Биз тепага кўтарилдик…Аста-секин, зиналарни гўё битта-битта санаётгандек, гўё қандайдир оғир касалликни бошдан ўтказгандек.
“Яшайди…Яшайди…Яшайди!.. – қулоқларим остида тинмай жаранглар эди шу сўз. – Яшайди…”

Рус тилидан Одилхон Орифжонов таржимаси