Анатолий Алексин. Энг бахтиёр кун (ҳикоя)

Ўқитувчимиз Валентина Георгиевна шундай деди:
– Эртага қишки таътил бошланади. Ишонаманки, ҳар кунингиз бахтли бўлади. Сизни кўргазмалар, музейлар кутиб турибди! Лекин яна қандайдир алоҳида, энг бахтли кунингиз ҳам бўлади. Мен бунга аминман! Ана шу кун ҳақида уйда иншо ёзиб келасизлар. Энг яхши иншони синфда ўқиб бераман. Демак, “Менинг энг бахтли куним” мавзусида иншо.
Шунга эътибор бердим-ки, Валентина Георгиевна иншоларда албатта “энг” бўлган нимадир ҳақида ёзишимизни истар экан: “Энг яқин дўстим”, “Энг севимли китобим”, “Энг бахтли куним”.
Янги йил кечаси дадам билан ойим урушиб қолишди.
Негалигини билмайман, чунки Янги йилни қайсидир танишлариникида кутишган ва уйга жуда кеч қайтишган эди. Тонгда эса бир-бирлари билан гаплашмай қўйишди…
Энг ёмони шу! Ундан кўра шовқин-сурон, уруш-жанжал қилиб, ярашиб олишгани яхши эди. Йўқ, қандайдир бошқача, сокин юришибди, менгаям худди ҳеч нарса бўлмагандек, қандайдир сокин гапиришяпти. Бундай вазиятда дарҳол англайман: нимадир бўлган. Бу “нимадир” қачон тугашиниям билиб бўлмайди! Ахир улар гаплашишмаяпти! Худди касаллик давридек…Агар бирдан ҳарорат кўтарилса, қирққа чиқиб кетса ҳам хавотирга ўрин йўқ – дори-дармонлар билан уни туширса бўлади. Умуман, менинг фикримча, ҳарорат қанча баланд бўлса, касалликни аниқлаш шунчалик осон. Даволаш ҳам…Бир куни доктор менга ўйчан тикилиб, ойимга “Ҳарорати ўртача…” деганида бўлса, ўзимни ёмон ҳис қила бошлаган эдим.
Умуман олганда, қишки таътилнинг биринчи куни шу қадар тинч ва сокин ўтдики, арчани кўргим келиб кетди.
Ойим билан дадам урушиб қолишса, ҳар доим жуда хавотирланаман. Бўлмаса шу кунларда улардан истаган нарсамни сўрашим мумкин! Масалан, агар арчадан воз кечсам, дадам Планетарийга олиб боришни таклиф қилди. Ойим эса музда учишга олиб боришга тайёрлигини айтди. Бунақа вазиятларда улар доим уларнинг жанжали менинг ҳаётимга таъсир қилмаслигини исботлашга интилишади. Умуман менга алоқаси йўқлигини билдиргилари келади…
Мен жуда хавотирландим. Айниқса, нонуштада дадам:
– Ойингни Янги йил билан табриклашни унутмадингми? – деганида, хафа бўлиб кетдим.
Кейин ойим:
– Отангга газета олиб кел. Ҳозиргина қутига ташлашди, ўзим эшитдим, – деди дадам томонга қарамасдан.
Ойим дадамни камдан-кам ҳолларда “Отанг” дерди. Бу – биринчидан. Иккинчидан, икковлари ҳам “Нимаи-ки бўлмасин, бу фақат бизнинг ўртамиздаги нарса, сенга алоқаси йўқ” дейишга уринишарди.
Асида эса менга ҳам алоқаси бор эди. Бўлганда қандоқ! Планетарийдан воз кечдим. Музда учишниям истамадим… “Яхшиси ажралишмасин. Ҳар томонга кетиб қолишмасин! – хулоса қилдим мен. – Балки кечгача ҳаммаси яхши бўлиб кетар”.
Барибир улар бир-бирларига лом-мим дейишмади.
Агар бувим уйимизга келганда ота-онам ярашиб олишарди, чунки улар бувимни хафа қилишни хоҳлашмасди. Аммо бувим ўн кунга бошқа шаҳарга “мактабдаги дугоналарини” кўргани кетганди.
Бувим негадир ҳар доим таътил кунлари шу дугоналариникига борар эди, гўёки улар ҳали ҳам мактаб ўқувчиси-ю, бошқа вақтда мутлақо кўришолмайдигандек.
Мен бир дақиқага ҳам ота-онамни кўздан қочирмасликка уринардим. Улар ишдан қайтишлари билан уларга икковлари ҳам хонада бўлишлари талаб этиладиган илтимослар қилар эдим. Улар менинг тилакларимни сўзсиз бажо келтирар эдилар. Бу масалада худди мусобақалашаётгандек эдилар! Нуқул бошимни силаб қўйишарди. “Раҳмлари келяпти, ачиняптилар…Демак, масала жуда жиддий экан” деб ўйлардим мен.
Ўқитувчимиз Валентина Георгиевна қишки таътилдаги ҳар бир куним хурсандчилик билан ўтишига ишончи комил эди. “Мен бунга шубҳа қилмайман!” деганди у. Аммо беш кун ўтса ҳам-ки, хурсандчиликдан дарак йўқ эди.
“Бир-бирлари билан гаплашмасликка ўрганиб қолишади, – ўйлардим мен. – Кейин эса…” Қўрқа бошладим. Ва дадам билан ойимни яраштиришга қаттиқ аҳд қилдим.
Тез ва қатъият билан иш қилиш керак эди. Аммо қандай қилиб? … Қаердадир ўқиганмидим, ё радиода эшитувдимми, ишқилиб, айтишларича қувонч ва ғам одамларни бирлаштиради экан. Албатта, хурсандчилик улашиш бирор кўргулик қилиб қўйишдан қийинроқ. Кишини хурсанд қилиш учун меҳнат қилиш керак, изланиш керак, тер тўкиш керак. Кайфиятни бузиш эса ҳамирдан қил суғуришдек гап! Аммо буни истамайман…Шундай қилиб, хурсандчилик улашишга қарор қилдим.
Мактаб пайти бўлганда имконсиз ишни қилган бўлардим: геометриядан тўрт олардим. Математика устозимиз айтишича, менда ҳеч қандай “макон тасаввури” йўқ экан. Ҳатто дадамга хат ёзганда шуниям қўшган. Мен эса бирдан тўрт олиб келиб турсам! Ота-онам мени ўпиб қўйишади, кейин ўзлариям…
Аммо бу ушалмас орзу эди: шу кунгача ҳеч ким таътил вақтида баҳо олган эмас!
Бўлмаса дадам билан ойимга қанақа хурсандчилик улашиш мумкин?
Уйни тозалаб қўяман! Латта-ю чўткаларни кўтариб узоқ айланиб юрдим. Аммо Янги йилдан олдин ойимнинг ўзи ҳаммаёқни чиннидек қилиб қўйган эди. Аллақачон ювилган полни яна ювган билан ёки чанги йўқ шкафни минг артганинг билан сенинг ишинг кимнинг ҳам кўзига кўринарди?! Кечқурун ойим билан дадам уйга қайтиб, полларнинг тозалигига эмас, менинг кирлигимга эътибор беришди.
– Тозалов қилдим! – маълум қилдим мен.
– Ойингга ёрдам бераётганинг жуда яхши, – деди дадам, ойим томонга қарамай.
Ойим худди қанақадир чин етимни эркалагандек, бошимни силаб қўйди.
Эртасига эрталаб таътилда бўлсам ҳам соат еттида туриб, радиони ёқдим ва деярли ҳеч қачон қилмаган ишимни қилдим: бадантарбияни бошладим. Уйни дупурлатиб, ҳарсиллаб нафас олиб бўлсаям машқ қилардим.
– Отангга ҳам шу машқлар билан шуғулланиш зарар қилмасди, деди ойим дадамга қарамай.
Дадам эса бўйнимни силаб қўйди…Йиғлаворай дедим!
Қисқаси, хурсандчилик уларни муросага олиб келмади. Яраштирмади… Улар биргаликда эмас, қандайдир битта-биттадан, алоҳида қувонишди.
Ана шунда мен таваккал қилдим: ғам билан уларни бирлаштиришга қарор қилдим!
Албатта, энг зўр йўли касал бўлиб қолиш эди. Мен бутун таътилни тўшакда ағанаб ўтказишгаям, бўмағур дориларни ичишгаям тайёр эдим, фақат ойим билан дадам яна гаплашишса бўлди эди. Шунда ҳаммаси олдингидек бўлиб кетарди… Айниқса оғир, деярли тузалмас касал билан оғригандек кўриниш қандай соз иш бўларди-я, афсуски, дунёда термометр ва дўхтирлар борда.
Фақатгина вақтинча уйдан “йўқолиб қолиш” танлови қолаётган эди.
Кечқурун ҳаммага маълум қилдим:
– Қабрнинг олдига бораман. Муҳим ишим бор!
Қабр – ўртоғим Женканинг лақаби. Нима демасин, “Сўз бер, ҳеч кимга айтмайсан!” деб бошларди у. Мен сўз берардим. “Қабрми?” дерди у. “Қабр” дердим.
Ва ким нима демасин Женка доим: “Ҳеч кимга! Ҳеч қачон! Шу ерда кўмамиз. Мен қабрман!” дерди. Ҳаммага шундай деяверганидан “Қабр” деган лақаб орттириб олган.
Ўша куни менга сир сақлай оладиган киши керак эди!
– Кўп қоласанми? – сўради дадам.
– Йўқ, йигирма дақиқаларга. Кўп эмас! – дедим мен. Ва дадамни қаттиқ ўпиб қўйдим.
Кейин онамни шунда ўпдимки, худди фронтга ёки Шимолий Қутбга кетаётгандек эдим. Ойим билан дадам қараб қолишди. Ҳали хафагарчилик содир бўлгани йўқ, лекин хавф учқунлари пайдо бўла бошлади. Мен буни ҳис қилиб турардим. Женканинг олдига кетдим.
Унинг олдига етиб борганда шундай аҳволда эдимки, мени кўриб дарров “Уйдан қочдингми?” деб сўради.
– Ҳа…
– Боплабсан! Аллақачон қочиш керак эди! Хавотир олма: ҳеч ким билмайди. Қабр!
Женка ҳеч нарсага ақли етмаса ҳам қочиб кетишларни, беркиниб олишларни яхши кўрар эди.
– Ҳар беш дақиқада менинг уйдагиларимга қўнғироқ қилиб, мени кутаётганингни, мен эса келавермаётганимни айтасан. Тушундингми? Хавотирдан эслари чиқиб кетмагунча шундай қил. Мажозий маънода, албатта.
– Ие, нега энди? Мени биласан-ку. Мен қабрман!
Ҳатто Қабр бўлганда ҳам, бор гапни айтиб беролармидим? Женка қўнғироқ қила бошлади. Бир ойим, бир дадам – ким йўлакдаги телефонга яқинроқ бўлса, шу келиб жавоб бера бошлади.
Бешинчи қўнғироқдан сўнг улар йўлакдан кетмай ҳам қолишди.
Кейин ўзлари қўнғироқ қила бошлашди…
– Ҳали келмадими? – сўрарди онам. – Бўлиши мумкин эмас! Демак, нимадир бўлган…
– Мен ҳам хавотирдаман, – дерди Женка. Биз муҳим иш юзасидан кўришмоқчи эдик!
– Қанақа иш?
– Бу сир! Айтолмайман, қасам ичганман. Лекин жуда шошятувди…Нимадир бўлган!
– Жа қаттиқ оворма, – дедим Қабрга. Ойимни овози қалтираяптими?
– Қалтираяпти.
– Жуда қалтираяптими?
– Ҳозирча унчаликмас. Лекин ҳали жуда қаттиқ қалтирайди! Хотиржам бўл. Мен…
– Асло!
Ота-онамга раҳмим кела бошлади. Аммо мен улкан мақсад учун интилаётгандим. Мен оиламизни сақлаб қолаётган эдим. Бу вазиятда раҳм-шафқатга кўз юмиб туриш керак бўларди. Бир соат чидадим.
– Нима дедилар? – дедим навбатдаги қўнғироқдан сўнг.
– “Есимиз чиқиб кетяпти!” – тантанавор эълон қилди Женка. У хурсанд эди.
– Ойим “..миз” дедими? Айнан – миз? Аниқ эслаб қолдингми?
– Э, алдасам шу ерда тил тортмай ўлай! Лекин уларни яна озгина эсларини киритиб қўйиш керак, – деди Женка. – Ана, милицияга қўнғироқ қилишсин, ўликхонага…
– Йўқол-э!
Уйга ўқдек учдим.
Эшикни ўз калитим билан аста очдим. Оёқ учида йўлаккача кириб бордим.
Дадам билан ойим телефоннинг икки томонида, оқариб-бўзариб ўтиришарди. Бир-бирларининг кўзларига қараб…Улар биргаликда, икки киши бўлиб азият чекишар эди. Бу жуда ажойиб эди!
Бирдан ўринларидан туриб кетишди. Мени қучоқлаб, ўпиб, эркалашга тушиб кетишди, кейин бир-бирларини…
Бу менинг таътилимдаги энг бахтиёр кун эди.
Кўнглим таскин топгач, эртасига иншо ёздим. Иншода энг бахтиёр куним Третяков галереясига борган куним, деб ёздим. Аслида бир ярим йил аввал борган бўлсам ҳам.

Рус тилидан Одилхон Орифжонов таржимаси