Симон Кармиггелт. Аёл кишининг овози (ҳикоя)

Ишқим тушиб қолган икки сувратни суқланиб-суқланиб томоша қилиш илинжида яна Гаагадаги музейга бордим. Сувратлар ўша-ўша, жойи ҳам, ўзи ҳам ўзгармаган. Кўнглим жойига тушиб, боя кираётганимда — бир соатгина бурун кийимхона мулозими – ғоят сертакаллуф йигитга топшириб кетган портфелим, ёмғирпўшим ва шамсиямни олиш учун эшик томон юрдим.
Йигит жойида кўринмади.
Пештахта ортида аллақачон камида олтмиш бешни уриб қўйган, отам замонларда харид қилинган торроқ камзул кийган одамга дуч келдим. У олдидаги мўъжазгина радионинг мурватини беўхшов бармоқлари билан бураб, не бир хириллаган товушларни эшитмоққа уринарди.
Пештахтага рақамномани қўйганимни кўриб, бошини кўтарди ва сўради:
— Нимани излаётганимни биласизми, менеер?
Гаага аҳли ҳали-ҳамон “менеерлайди”. Амстердамда бундай гаплар аллақачон урфдан қолган.
— Ҳайноҳой, янгиликларни бўлса керак? – деб ҳазиллашдим.
— Йўқ, — деди у. — Мен аёл кишининг овозини топмоқчиман.
Радио сокин хирилларди. Мулозим рақамномамни олиб, кийимилгичлар томон юрди.
— Сизга қанақаси кўпроқ ёқади? — деб сўрадим.
— Асл аёл кишининг ширин овози бўлиши керак, — деди мулозим. —Қўшиқ айтаётган аёлнинг асл овози.
У изига қайтиб, нарсаларимни пештахта устига қўйди ва изоҳ берди:
— Аёл кишининг овози мен учун етти иқлим мулкидан ҳам азизроқ.
У радио ёнига ўтириб, гапини давом эттирди:
— Уруш пайтида… эҳ-ҳе… Қанча сувлар оқиб кетди. Мен билан тенгдошга ўхшайсиз. Бошингиздан ўтган бўлса керак, менеер. Уруш йиллари Фрисландияда яшириниб юрганман. Қишлоқларда, янаям тўғрироғи, тупканинг тубида. Ўшанда ёлғизлик дарди суяк-суягимдан ўтган. Радио дегалари бутунлай душманнинг ихтиёрида эди. Буни ҳаммамиз билардик. Фашистлар баъзан кўй-қўшиқ қўйиб туришарди. Унда-бунда аёл кишининг ашула айтгани ҳам, ширали овозда демоқчиман, эшитилиб қоларди. Бундай пайтларда менга бошпана берган деҳқоннинг уйидаги радионинг олдида тошдай қотардим. Ўша овоздан вужудимга янги куч, янги ғайрат ингандай бўларди.
У менга қараб жилмайди.
Унинг юзлари болта билан тарашлангандай дағал, бироқ кўзларидаги кишини ийдирадиган дўлворлик майин ва ширали овози каби дарҳол кўнгилга хуш ёқарди. Пештахтадан портфелим билан ёмғирпўшимни олгач, у кийимилгичда шамсиямни унутиб қолдирганини англадим. Бинобарин қандайдир шамсияни деб шундай нафис суҳбатни бўлиб қўйишнинг мавриди эмасди. Портфель билан ёмғирпўшимни яна пештахтага қўйдим ва дедим:
— Ҳа-а, нимасини айтасиз…
Гапимдан маъно-матра жуда уфуриб турмаган бўлса-да, суҳбатимизга монелик қилмасди.
— Отам раҳматлик жуда донишманд одам эди, — деб шошилмасдан гапирарди гардеробчи. — У бир куни менга шундай деган: “Билиб қўйки, ўғлим, бу дунёда ҳамма нарса аёл зоти учун яратилган”. Кейинчалик бу гапнинг мағзини чақишга кўп уриндим, менеер. Ўйласам, отам ҳақ экан…
Мен бош ирғадим. Хаёлимдан эса шу топда: “Шамсиямни олиб беринг”, деб асло айта олмайман деган ўй ўтди. Бу сурбетлик бўларди. Кутиб туравердим.
— Фикримизнинг бир жойдан чиқишини сезмаганимда, бу гапларимни дастурхон қилиб ўтирмасдим, — деди у. — Буни юз-кўзингиз айтиб турибди. Кўпни кўрган одамман, ахир. Сиздан бошқа бўлса, аллақачон жуфтагини ростлаб қоларди. Тўғрими? Аёл зоти — ажойиб ҳилқат, менеер. Дунёга жар солмаса ҳам, дунё аёллар қўлида. Улар бўлмаганида, музейимизнинг ҳам бўм-бўш иморатдан фарқи қолмасди. Бу ердаги жамики гўзал сувратлар, ҳайкаллар мусаввирларни қачонлардир ошиғу беқарор қилган аёлларга атаб яратилган.
— Шак-шубҳа йўқ, — дедим ройишлик билан.
Мен энди шамсиямга эмас, гардеробчининг ўта жиддий қиёфа касб этган юз-кўзига тикилиб турардим.
— Биласизми, мен хотинимни нима учун бошимга кўтараман? — деб хитоб қилди у. — У мени ҳозиргача еру кўкка ишонмагани учун. Мени! Мен эса, менеер, оддий одамман.
У тўхтади.
Мен тилга кирдим:
— Ажойиб суҳбатингизга шерик қилганингиздан ғоят мамнунман. Энди мени маъзур тутинг ва омон бўлинг.
Мен эшик томон юрдим ва бирдан қўлларимни ҳавода силкитган киши бўлиб, ортимга бурилдим:
— Шошганимни қаранг. Шамсиямни эсдан чиқаришимга сал қопти.
Негаки, менер, мен бор-йўғи бир оддий одамман-да.

Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Гулистон” журнали, 2021 йил 2-сон.