Симон Кармиггелт. Бошпана (ҳикоя)

Ҳафтанинг худо берган куни чол бу гўшага келади. Уни танимаган одам йўқ. Аёли билан бир умр шу кўчадаги пастқамгина уйда умргузаронлик қилган. Гўё, шу икки нуроний қария бутун кўча, маҳаллага нур улашиб тургандай, йиллар югуриклаб ўтгани сари бу файзга барака қўшилиб бораётгандай туюлар эди.
Уларнинг фарзандлари шу кўчада ўйнаб-кулиб ўсган, улғайгач, турфа йўлларга шу ердан учирма бўлган. Шундай қилиб, улар – сочларига аллақачон оппоқ қиров қўниб, юзларидан нур ёғилиб турган, садоқатли икки қариянинг уйи ҳувиллаб қолди.
Бир куни чолнинг мазаси қочди. Хасталиги жиддий экан, беморхонага олиб боришди. Касалхонада ётганида аёли бандаликни бажо келтирди. Бироқ чолнинг аҳвол-руҳияти шу даражада оғир эдики, бошига тушган жудолик — мусибат унинг онгу шуурини четлаб ўтди.
Шунга ҳам тўрт йил бўлди. Онахонни кўмдилар. Отанинг оёққа туриб кетишига ҳам деярли умид қолмаган эди. Фарзандлар кенгаш чақирди.
— Узоққа бориши қийин, — дея мулоҳаза юритишди улар. — Борганида ҳам, бировнинг ёрдамисиз кун кўролмайди.
Улар уйни сотмоққа қарор қилдилар. Қарорни жўясиз деб бўлмасди. Қолаверса, харидорлар тинимсиз эшик қоқиб турарди.
Кунидан бор экан, чол ўзига келиб, беморхонани тарк этадиган бўлди. Фарзандлари излаб-излаб топгани — қариялар уйига олиб бордилар.
Қария турмушидан нолимайди. Қариб-қартайиб қолмаганми, ўзганинг кўмагисиз яшаши қийин. Аммо бир умр яшаган қадрдон бошпанасидан айрилганига асло кўниколмади. Титраб-қақшаган оёқлари уни ҳадеганда шу кўчага бошлаб келаверади.
Мана, ўша қадрдон гўша. У уйи олдига келиб, тўрт йилдан бери яшаётган одамларнинг эшиги ёнидаги қўнғироқ тугмачасини босади. Улар етти ёт бегона, бирортасини танимайди. Уй эса чол умрининг тотли дамларини эслатаверади.
У ичкарига киргиси, дераза олдида ўтган-кетганни томоша қилиб, илгаргидек жимгина ўтиргиси келади.
Аввалига уйнинг янги эгалари унга анча дуруст, ҳурматини жойига қўйиб муомала қилишди. Бироқ чол яна ва яна келавергач, тоқатлари тоқ бўлди.
Бу оқшом у яна келди. Ҳорғин, лекин ўжар бир алпозда. Яна қўнғироқни жиринглатди. Эшикни биров очай демади.
— Уйда ҳеч ким йўқ, — деди қўшни. – Дам олишга кетишган.
Бу тўғри эди. Аммо чол қўнғироқ тугмачасини ҳадеб босаверди, чақираверди, эшикни тақиллатаверди.
— Ҳув қария, йўлингиздан қолманг! — деб бақирди қандайдир аёл деразадан бошини чиқариб. — Уйингиз сотилиб кетганига минг йил бўлди.
— Хотинингиз тўрт йил бурун ўлган, — деб қўшимча қилди қўшни.
— Аввалроқ шундай демайсизларми, — деб минғирлади чол.
У зинага чўкди-ю, шу ўтиришда қолди. Болалар уни ўраб олиб, томоша қилишга тушди. Қўшнилардан кимдир раҳми келгандик, ўхтин-ўхтин уни чақириб қўяр, чол эса, хаёллар гирдобида қимир этмай ўтирарди.
Болаларни оналари уйларига чақириб олди.
Кўча секин-аста чироғини ўчириб, уйқуга кетди.
Чолни гўё ҳамма унутди.
Фақат наҳорда, бошқалардан кўра эртароқ турган қўшни ҳали-ҳамон ўша жойда, зинада ўтирган чолга кўзи тушиб, полиция чақирди.
Кўп ўтмай, полиция машинаси келди:
— Юринг, отахон, чой ичамиз!
Қария ўрнидан туриб, уларга имиллаб эргашди.
Қадрдон кўчасидан узоқлаб кетди.

Рус тилидан Қулман Очил таржимаси.
“Гулистон” журнали, 2021 йил 2-сон.