Илҳом Алиев: “Дунё озарбайжонлари тарихий ватанидан узилмаслиги керак”

Жорий йил 3-4 июнь кунлари Бокуда дунё озарбайжонларининг IV машварати бўлиб ўтди. Озарбайжон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, анжуманда президент Илҳом Алиев қатнашиб маъруза сўзлади.

И.Алиев дунёнинг турли мамлакатларида истиқомат қилаётган озарбайжон миллатига мансуб инсонлар тарихий ватанидан узилмаслиги лозимлигини таъкидлади.

“Хорижда яшаётган озарбайжонликларнинг ҳаёти, тақдири ва ишлари мудом эътиборимизда. Уларга кўмак кўрсатишга интиламиз. Улар ўз мамлакатида осойишта ҳаёт кечириши, муносиб лавозимларда фаолият юритиши, кенг имкониятларга эга бўлиши, айни чоқда ўз ватанига хизмат қилишини истаймиз”, – деди Озарбайжон етакчиси.

Президент И.Алиев дунё мамлакатларидаги озарбайжон диаспорасининг бошини қовуштириш йўлида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталди.

“2001 йил озарбайжон диаспораси ташкилотларини шакллантиришда муҳим йил бўлди. Негаки, 2002 йили – биринчи машваратдан кейин Ҳайдар Алиевнинг фармони билан Хорижда яшаётган озарбайжонликлар иши бўйича давлат қўмитаси таъсис этилди. Айни пайтда у Диаспоралар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси деб номланади… Ўша вақтда дунёда 200 дан зиёд диаспоралар ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 462 тага етди.  Озарбайжон диаспора ташкилотлари ҳам сифат, ҳам сон жиҳатидан такомил йўлини босиб ўтди. Айни пайтда озарбайжонлар ва улар мансуб ташкилотлар дунё миқёсида муҳим рол ўйнамоқда”, – дея қайд этди И.Алиев.

Таъкидланишича, Озарбайжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиев Совет Иттифоқи давридаёқ бошқа мамлакатларда яшаган озарбайжонларга катта эътибор берган. Унинг ташаббуси билан озарбайжон ёшлари Россия ва бошқа иттифоқчи давлатлар олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилинган. 1991 йили унинг таклифи билан 31 декабрь санаси Дунё озарбайжонлари бирдамлиги ва бирлиги куни деб эълон қилинган. Дунё озарбайжонларининг 2001 йилги биринчи машварати ҳам Ҳ.Алиев томонидан ўтказилган.

Айни пайтда дунё бўйлаб озарбайжон миллатига мансуб миллионлаб инсонлар истиқомат қилмоқда. И.Алиев уларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилишини таъкидлади.

“Ўсиб келаётган ёш авлоднинг илдизи Озарбайжондан узилмасин. Аввало, улар озарбайжон тилини пухта билсин. Айни пайтда дунё бўйлаб 160 дан ошиқ якшанбалик мактаблар фаолият юритаётганидан хурсандман. Бизнингча, бундай мактаблар сонини ошириш лозим. Озарбайжон давлати ушбу йўналишда саъй-ҳаракатларни давом эттиради”, – деди президент И.Алиев.

Мамлакат раҳбари дунёдаги озарбайжон миллий ташкилотлари фаолиятини янада жонлантириш, бирликни мустаҳкамлаш лозимлигига урғу берди.

Анжуман қатнашчилари президент Илҳом Алиевга мурожаат ҳам йўллади. Мурожаатда Озарбайжоннинг халқаро майдондаги нуфузи ошиб бораётгани, бу эса ўзаро жипсликни янада мустаҳкамлаш омили экани таъкидланади.

Дунё озарбайжонларининг IV машваратида 49 мамлакатдан вакиллар қатнашди.  Бунга қадар дунё озарбайжонларининг машваратлари 2001, 2006 ва 2011 йилларда ўтказилган.

Собир Салим