Симон Кармиггелт. Қайиқ (ҳикоя)

Мўъжазгина қаҳвахонанинг деразаси олдидан оқиб ўтган анҳорда дид билан бўялган “Сюзи” номли моторли қайиқча сузиб юрарди. Қайиқчани бошига денгизчиларнинг хос фуражкасини қўндирган ўрта ёшлардаги ғўлабир киши мағрур бошқариб борарди. Бежирим соябон остида, устига қавима ғилоф ёпилган чойнак ёнида, офтоб шувоққа чиққан мушук сингари кўҳлик бир аёл, чамаси, Сюзининг ўзи нозланиб чўзилган.
Ушбу фусункор манзара кўздан ғойиб бўлгач, дераза олдида ўтирган башанг кийимли ёши улуғроқ жаноб менга сўз қотди:
— Қалай? Ёқдими? Мен бир умр шундай қайиғим бўлишини орзу қилганман. Балки сал каттароғинидир. Иккита йиғма каравоти-ю мўъжазгина ошхонаси бўлса, бас. Бошинг оққан томонга сузсанг. Биров мушугингни пишт демаса. Инсон боласига яна нима керак, жин урсин!
У қадаҳини бўшатиб, қаҳвахона хўжайинига имо қилди.
— Бир қўлгина олмайсизми? — деди менга қараб.
— Ҳали эртароқ, — дедим мен.
— Ҳай, майли. Қайиқ олиш учун жуда ёшлигимдан пул йиға бошлаган эдим, — гапида давом этди у, хўжайин қадаҳини тўлдирганидан сўнг. — Газ компаниясида ишлардим. Топган-тутганим олтин тоққа тортмасди-ю, лекин ҳар ҳолда, озми-кўпми, чой-чақани четга ташлаб қўйсам бўларди. Ниятимга етишим осон бўлмаган. Қайиқ қиммат бўлгани учун эмас. Маошни қўл учида тўлашарди. У пайтлар бир гульденни ёстиқ остига ташлаб қўйиш ҳозирги ўнидан машаққатлироқ эди. Шундай бўлсаям, энди қайиқ оламан деб турганимда, режам чиппакка чиқди. Бир қиз юрагимдан урса денг. Фотиҳа, уйланиш, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиришга тўғри келди. Шундай қилиб, топган-тутганим қулоғини ушлаб кетди. Лекин, аёнки, кўкрагимни захга бериб қолганим йўқ. Негаки, қайиқсиз ҳам бахтиёр эдим.
У яна хўжайин томон ўгирилди:
— Пиводан опкелсангиз-чи, ахир!
Ҳаял ўтмасдан, у мўйловини пивонинг кўпигига шундай иштаҳа билан ботирдики, беихтиёр хаёлимдан: “У ҳозир ҳам жуда бахтиёр!” деган фикр ўтди.
— Ўғилчали бўлдик, — деди суҳбатдошим. — Бундан бошимиз қанчалик осмонга етганини сўраманг. Биз уни жуда истеъдодли бола, деб ўйлаган эди. Кейин билсак, эл қатори экан. Лекин ўша пайтда бунга қаттиқ ишонганмиз. Ҳамма ўзининг боласини шундай деб ўйлайди-да. Қайиқ деган нарса хаёлимдан ҳам кўтарилиб кетди. Орадан анча йиллар ўтгандан сўнг эсладим. Эсимга тушишига ҳам ўғлим сабабчи бўлди. Ўша йиллари газеталарда Капитан Робнинг саргузаштлари ҳақида кўп ёзишган эди. Сиз ҳам эшитган чиқарсиз?
— Бўласам-чи.
— Сўнг ўша саргузаштномани китоб қилиб чиқаришди. Ҳар оқшом ўғлимга ўқиб берардим. Нодонлик, албатта. Болаларга аталган китоб. Лекин чиройли расмларини кўриб, ўзим ҳам шайдо бўлиб қолгандим… Капитан Робни қайиқда тасаввур қилишимни айтинг. Айнан мен бир умр орзу қилгандай моторли қайиқчада. Капитан ёнида ити билан ёлғиз ўзи очиқ денгизга чиқар, қуёшнинг уфқдан кўтарилиши-ю, ботишини томоша қилар эди. Эркин қуш дегани шу эмасми? Қайиқ яна менинг оромимни ўғирлади. Яна пул йиға бошладим. Ўзим ҳали ҳам газ компаниясида, энди каттароқ лавозимда ишлардим. Аммо берадиган маошини отнинг калласидек деб бўлмасди. Бу вақтга келиб, қайиқ деганимизнинг нархи осмонга кўтарилиб кетди. Шундай бўлса-да, тома-тома кўл бўлур деганларидек, ишим секин-аста юриша бошлади. Лекин бирдан…
У стаканни сипқариб, хўжайинга яна имо қилди. Хўжайин дарҳол қўлида шиша билан келди.
— Ростанам ичмайсизми? — деб сўради қўшним.
— Ҳазили йўқ, — деб жавоб бердим.
— Тўйқусдан хотиним касал бўп қолди, — дея ҳикоясини давом эттирди суҳбатдошим. — Жиддий. Биз, албатта, ўзимизни суғурталатган эдик. Лекин барибир, сарф-харажат катта бўлди. Чунки аёлим шаҳарда шифохонада ётар, мен эса, ҳар куни ҳолидан хабар олиб турардим. Биласиз, бемор кўргани қуруқ қўл билан бориш ноқулай. Аёлим тузалганидан кейин чет элга кетдик. Шундай қилиб, бор пулим билан яна хайрлашдик. Дарвоқе, кетганига ачинганим ҳам йўқ. Қайиқни яна миямдан чиқариб ташладим. Қайиқ деганингиз газ компаниясида ишлайдиганларнинг ҳамёнига тўғри келмайди. Лотерея сотиб олишдан бирор маъни чиқармикин деб уриниб ҳам кўрдим. Зора, ол қулим деса-ю, бир этак пул чиқиб қолса… Лекин икки марта сотиб олганим аранг лотереяга кетган пулимни қоплади.
У бирпас жим қолиб, сўнг яна давом этди:
— Уч йил бурун хотиним оламдан ўтди. Ўғлим эса, Канадага кўчиб кетди. Бутунлай. Саксон бешинчи йили газ компанияси мени пенсияга чиқарди. Қарилик пенсиясига. Гап ўртамизда қолсин-у, омадим келиб, шаҳарнинг марказидан, мана шундай майхоналар қалашиб кетган кўчадан, ижарага арзон-гаровга хона олдим. Ўзингиз биласиз, марказдан турар-жой топиш амри маҳол. Лекин квартирамнинг эгаси бамаъни одам. Ўзи ҳам кексайиб қолган. Шунинг учун раҳми келди, чамаси. Раҳмдил одам нариги дунёга риҳлат қилса, ўғли нима дейди, кўрамиз. Ишдан қутулганимдан кейин яна моторли қайиқ хаёлимдан кетмай қолди. Яна уриниб кўрмоқчи бўлдим. Табиийки, энди менга кичкинагина, оқсоқол одамга мўлжалланган қайиқча бўлса, бас эди. Тежаб-тергаб яшашга ўрганганман. Чунки умримда ҳашамату тўкинлик кўрмадим. Ҳатто, болалигимда ҳам. Отам раҳматлик: “Муҳтожлик бизни доим ўзининг чангалида эзғилаб туради”, дегич эди. Шундай қилиб, нафсимни ҳамма нарсадан тия бошладим. Ейиш-ичиш дейсизми, кийим-кечак дейсизми. Ҳаммасидан. Оз эмас, кўп эмас, уч йил тийдим. Янги кийим харид қилишни-ку, хотиним ўлмасидан анча аввал тўхтатган эдим. Тўхтатганим менга заррача таъсир қилмаган. Чекишни ҳам – сигарани яхши кўраман – бас қилдим. Гўшт – икки ҳафтага бир луқма. Кафе-мафеларга йўламай қўйдим. Тарки дунё қилганга ўхшаб қолдим. Иш, қийинчилик билан бўлса-да, жойидан силжий бошлади. Лекин яна…
У аламли жилмайди:
— Бу кўчада қайси эшикни қоқсангиз, кафега дуч келасиз. Ўтган ҳафта кечқурун шаҳарнинг нариги буржида турадиган синглимникидан қайтаётгандим. Трамвайнинг чипта пулини тежаш учун яёв бориб келаётгандим. Йўл узоқ эмасми, юришга ҳолим қолмади. Уйга етай деганимда, ҳилват кўчада, чироқ тагида нафасимни ростлай деб тўхтадим. Ёнимдан чайқалганча бир одам ўтиб қолди. Дурустгина отиб олгани кўриниб турарди. У менга бир хиёл қараб турди-да, чўнтагини пайпаслади ва қўлимга рейксдалдер — чақа тутқазди: “Ма, ол, бечора чол”. Орқасидан нимадир деб қичқирдим, лекин эшитмади. Нега десангиз, қандайдир ашулани хиргойи қилиб кетаётганди. Ўзим ҳам қачонлардир ана шундай ичиб юрардим. Пулни чўнтагимга солдим. Уйда ойнага — қачонлардир хотиним сепига қўшиб олиб келган каттакон ойнага қарадим. Ўзимга узоқ тикилиб турдим. Турдиму овозимни чиқариб: “Бечора чол, — дедим. — Тан ол. Тиланчидан фарқинг қолмапти”. Йиққан-терганимнинг ҳаммасини олиб, наҳорда шаҳарга тушдим. Иштон-кўйлакдан костюм-шимгача — ҳаммасининг янгисини сотиб олдим. Рангли телевизорнинг ҳам, сигаранинг ҳам энг зўридан олдим. Бир хирмон пиво. “Алвидо, маторли қайиқча”, деб бўкирдим. Қайиқчанг бўлганига нима етсин, лекин, газ компаниясида ишлаганларнинг пешонасига бундай бахт битилмаган, чамаси.

Рус тилидан Қулман Очил таржимаси.
“Гулистон” журнали, 2021 йил 2-сон.