Ҳерманн Ҳессе. Бир иш туни (эссе)

Бу шанба оқшоми мен[1] учун жуда муҳим, чунки ҳафта давомида бир неча кечаларни бой бердим: икки оқшомни мусиқага бағишладим, биттасини – жўраларга, бир куни кечқурун тобим қочиб қолди. Мен учун тунни бой бериш бутун бошли кундузни бенаф ўтказишдай гап, чунки кечаси ижод қилишни бошқа ҳар қандай ишлардан афзал биламан. Шу кунларда икки йилдан буён фикримни банд этиб келаётган кенг кўламли асарим[2] устидаги ижодий ишларим ҳал қилувчи паллага чиқди. Икки йил аввал (ўшанда ҳам қишнинг бошлари эди) “Чўл бўриси”нинг ёзилиши мана шундай кескин, авж нуқтага чиққанини икир-чикирларигача эслайман. Янги асар устида ишларканман, моҳиятан, мен учун ақлга тобе, зўрма-зўраки ғайрат, эркинлик ёки меҳнатсеварликка боғлиқ ҳолатларнинг аҳамияти йўқ. Янги асарнинг қаҳрамони ички кечинмаларим, фикр-ўйларим, муаммоларим тимсоли ҳамда эгаси бўлиб, Петер Каменцинд, Кнульп, Демиан, Сиддхартх, Гарри Галлерда бўлгани сингари тасаввуримда пухта, шахс қиёфасида қуйилиб кела бошлайди. Деярли барча насрий асарларим – маънан таржимаи ҳолим бўлиб, ҳаётий воқеалар, зиддият ва қарама-қаршиликлар қиссаси эмас, балки, моҳиятан, ягона бир шахс монологи, айнан ўша шахснинг Мени ва унинг дунёга бўлган муносабатлари мундарижаси ҳисобланади. Бу каби асарларни “роман” дейишади. Аслида, менга ёшлигимдан қадрли бўлган Новалиснинг “Генрих фон Офтердинген” ёки, масалан, Гёльдерлиннинг “Гиперион” асарларини роман деб аташ камлик қилади.

Мана, яна мен қисқа, ажойиб, машаққатли ва завқли лаҳзаларни ­бошдан кечирмоқдаман, ёзувчи “тўқима” қаҳрамони билан боғлиқ инқирозларни енгиб ўтганда, қалбда ҳис-туйғулар кучайиб, фикрлар ўткирлик, ёрқинлик ва самимийлик касб этади. Туғилаётган китобдаги бирталай материаллар, бир қатор таассурот ва мушоҳадалар ягона қиёфада жам бўладиган (жуда узоқ давом этмайдиган) лаҳзалар ўткинчи ва ўзгарувчандир – қиёфани ўша лаҳзада тутиб қолиш ва тавсифлаш лозим, йўқса, бу иш ҳеч қачон амалга ошмайди, кейин кеч бўлади. Барча китобларим, ҳатто якунига етмаган ва нашр қилинмаган асарларимнинг туғилишида ҳам худди шундай лаҳзалар кечган. Агар ўз вақтида улгурмасам, пишиб етилган ҳосилни йиғиб олиш мавсумини ўтказиб юбораман ва кутилмаганда шундай онлар келадики, асар қаҳрамони мендан узоқлашиб, долзарблиги ва аҳамиятини йўқотади; масалан, ҳозирга келиб, мен учун Каменцинд, Кнульп, Демиан ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолган. Меҳнатларим неча бор шу тариқа чиппакка чиққан, охир-оқибат, ойлар давомида қилган ишларим самарасиз қолиб кетган.

Шундай қилиб, бу шанба оқшомини ўзимга, ўз ишларимга бағишладим ва кундузнинг катта қисмини эса тунги тараддудга бағишладим. Соат саккизда қўшни хонадан кечки овқатимни олиб чиқиб қўйдим, – кичкина ликопчадаги бўтқа билан банан, – сўнгра стол чироғи қаршисига ўтириб, қўлимга қалам олдим.

Зарур бўлишига қарамай, бу юмушларни истаб-истамай бажараман. Кечадан буён олдимда турган ишнинг бошида қувонч эмас, қўрқувни ҳис этяпман. Чунки романим (Нотиқ ҳақидаги) шундай қалтис жойига келдики, китобда деярли ягона бўлган бу нуқтада, воқеалар ўз-ўзидан ривожланиб боради ва асарнинг давомига қизиқиш уйғотилади. “Қи­зиқарли” ўринларга сира тоқатим йўқ, айниқса, ўзимнинг китобимда ва ҳамиша, имкон қадар уларни айланиб ўтишга ҳаракат қиламан. Аммо бу сафар ундан қочиб қутулиб бўлмайдиган вазият келди, шекилли: Нотиқнинг ҳаётидан ҳикоя қилиш лозим бўлган воқеалар ўйлаб топилмаган, яъни уларни шунчаки ташлаб юбориб бўлмайди, чунки Нотиқ сиймосини, унинг моҳиятини очувчи дастлабки, муҳим ғоялардан бири айнан мана шу.

Иш столимда биргина “қизиқарли” саҳифа устида уч соат бош қотириб,  имкон қадар холис, қисқа, иложи борича қизиқарсиз ҳикоя ёзишга ҳаракат қилдим, аммо ниятимга етдимми-йўқми, билмадим. Бундай ишлар кейинроқ аниқ-тиниқ кўринади. Ҳолдан тойиб, нохуш кайфиятда қоғозга туширганларимга узоқ термилдим ва ўзимга яхши таниш бўлган ёқимсиз фикрларни ўқиб, асабийлашдим. Икки йилдан буён хаёлимда шарпадай кўринган қаҳрамонимни шунчалик синчиклаб тасвирлаш, бахт келтирувчи умидсизлик, – ҳолдан  толдирувчи машғулот, – яна ярим тунда бедор ўтириб ёзиш шартмиди? Каменцинд, Кнульп, Верагут, Клингзор, Чўл бўриси ортидан яна бир қалб, яна бир ўзгача мураккаб, сўзга сингган моҳиятим, яна бир қаҳрамон яратиш керакмиди?

Бу тунда мени банд этган юмуш, – бутун умр машғул бўлганим, – бир замонлар ёзувчилик деб аталган ва ҳозиргача ҳеч ким уни Африка бўйлаб саёҳат ёки теннис ўйиничалик қизиқарли ҳамда маънили эмаслигига шубҳа қилмаган. Бугунга келиб уни “романтизм” деб аташмоқда, устига-устак, ўта эътиборсиз оҳангда талаффуз қилишади. Наҳотки, романтизм бирон-бир қимматга эга бўлмаса? Наҳотки, Германиянинг ўткир ақл эгалари – Новалис, Гёльдерлин, Брентано, Мёрике ёки Бетховен ва Шубертдан тортиб Хуго Вольфга қадар немис композиторлари яратган дурдоналар романтизмга алоқадор бўлмаса? Айрим танқидчилар авваллари адабиёт ва романтизм деб аталмиш тушунчани ифодалаш учун одамнинг тили қовушмайдиган, беўхшов, бунинг устига кинояли оҳангда эшитиладиган “бидермайеровчилик”[3] атамасини таомилга киритишган. Улар бу атама замирида қандайдир “бюргерона”, эскича, чучмал эсипастликни англашарди, бу эса, бизнинг ажойиб, жўшқин замонамизда аҳмоқона эрмакдай маъно касб этади. Улар ақл ва қалб кучи билан даврнинг муҳим вазифалари доирасидан ташқарига чиқишга уринган барча нарсалар ҳақида шундай фикрлашади. Гўё улар учун Шлегель, Шопенгауэр ва Ницшенинг дардли туйғулари, Шуман ва Вебер орзулари, Эйхендорф ва Штифтер асарлари ўткинчи ҳамда кулгилидир, ва омадни қарангки, уларнинг барчаси боболар сулукати билан ўтмишда қолгандай! Аммо бу орзу-хаёллар на ўткинчи сукунат, на ҳузур-ҳаловат, на усти ялтироқ этиб яратилмаган, улар икки минг йиллик насронийлик, минг йиллик олмонийлик, абадий инсонийлик анъаналарининг мужас­самидир. Нега энди уларга етарлича ҳурмат кўрсатилмаяпти, нега энди уларга жамиятимиз қатламлари ва ҳокимият тегишлича аҳамият бермаяпти? Нега танамизни “чиниқтириш”га миллионлаб, онгимизни машиналаштиришга ундан кам бўлмаган миқдорда маблағ сарфланади-ю, қалбимизни маърифат нури билан ёритишга эса, нафрат, истеҳзодан бошқа ҳеч вақо йўқ?

Аслини олганда, “Инсон бутун дунёни тасарруф этиб, ўз қалбини жароҳатлашдан қандай наф топади?”[4] деган Руҳ бормиди – у романтизм эдими ёки “бидермайеровчилик”, у бекор қилиндими ёки тугатилдими, ёки унинг ўрнини бирон бошқа яхшироқ ғоя эгалладими? Наҳотки, унга бошқача ишлов бериб, кулгили аҳволга солиб қўйишган бўлса? Наҳотки, катта шаҳарларнинг завод, биржа, стадион, аукцион, қаҳвахона, рақс майдончаларидаги “замонавий ҳаёт” готик услубда ибодатхоналар бунёд этган ва “Бхагавадгита”ни яратган одамлар ҳаётидан нимаси биландир тўкисроқ, яхшироқ, жозибалироқ, оқилроқ бўлса?

Шубҳасиз, бугунги ҳаёт, замонавий “мода”лар ёмон эмас, яшашга ҳақли, улар ўзгариш ҳамда янгиликларга ўч, аммо бутун ўтмишни – Исо Масиҳдан тортиб Шуберт ёки Корогача бўлган ўтмишни аждодларнинг онгсиз, кулгили ўтган даври деб қараш мумкинми? Чинданам, янги даврнинг ўтган замонга нисбатан жазавали, ёввойи, дунёни барбод қилувчи нафрати янги даврнинг қудратли эканини исботлайдими? Бундай ҳимояга эҳтиёж сезганлар кучсиз эмасмикин, руҳан тушкун эмасмикин?

Ярим тунда, кўнглимда шундай саволлар пайдо қилдим, уларга жавоб топиш учун эмас, албатта, чунки мен дунёга келганда бу саволларга жавоб берилган эди, аммо уларнинг қайғу-ташвишини ҳис этиш, уларнинг аламини босиш учун яна қаршимда Кнульп, Сиддхартх, Чўл бўриси ва Нотиқни, – барча оғайниларни, ўхшашларини эмас, – барча мунгли посбонларни, яъни ҳаёт менга ҳадя этган эзгуликларни кўраман. Уларга ўзимнинг қайсарлигим ва эҳтиросларимни бағишлайман, уларни қутлайман, уларнинг яшашга ҳақли эканини яна бир бор тасдиқлайман, яна бир бор барча бахтлиларнинг бахти, спортчиларнинг кучи ва натижалари, молиячи корчалонларнинг бор бисоти ва боксчиларнинг шон-шуҳрати менинг машғулотим олдида аҳамиятсиз, майда бўлиб кўринади. Яна шуни англайманки, “романтиклигим”нинг маъниси унинг тарихий-фалсафий жиҳатдан юксак аҳамиятида эмас, балки оламдаги барча ақл, ахлоқ ва ҳикматлар қурол кўтариб қарши чиққанда ҳам ўз ишимни давом эттириш, ўз қаҳрамонларимни яратишга бўлган ишончимдадир.

Мана шундай ишонч билан ўзимни паҳлавондай қудратли ҳис этганимдан сўнг ухлашга чоғланаман.

1928

Эссе Ҳерман Ҳессенинг “Китоб сеҳри”(“Магия книги” Москва, “Книга” 1990 г.) номли тўпламидан олинган.

Рус тилидан Ҳумоюн таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 10-сон

___________________

[1] Ҳерман Ҳессе (1977-1962) – олмон адиби, философ, рассом. ХХ аср модернизм оқими вакили.

[2] Эссе 1928 йил 2 декабрда ёзувчи “Наргис ва Нотиқ” романи устида ишлаётганда ёзилган.

[3] Бидермайер – 1815-1848 йилларда герман ва австрия санъатида пайдо бўлган услубий оқим бўлиб, Л. Эйхродт шеърларига сарлавҳа учун ўйлаб топган, тирикчиликдан бошқани билмайдиган соддадил немис кишиси исми-шарифидан олинган. Бидермайерда шаҳарликлар ва деҳқонлар ҳаётини бирлаштириш, кузатиш ва идеаллаштириш, айрим кишиларга қизиқишнинг ортиши, оилавий шинамлик билан романтизмга бўлган қизиқиш доираси торайиб борган; йирик немис буржуа идеологлари тасаввурида капитал ва саноат ривожини сусайтирилиши  бидермейерга тенглаштирилган.

[4] Инжил, Матфей 16, 26.