Ҳерманн Ҳессе (1877-1962)

ХХ аср жаҳон адабиётининг улкан намояндаларидан бири, Халқаро Нобель мукофоти совриндори Ҳерманн Ҳессе (Hermann Hesse) асарлари энг кўп мутолаа қилинадиган олмон адибларидан саналади. Унинг қатор роман, қисса, ҳикоялари, шеърлари, сиёсий, адабий-танқидий руҳдаги асарлари чоп этилган. Улар орасида, айниқса, “Чўл бўриси”, “Маржонлар ўйини”, “Демиан” каби китоблари довруғ қозонган. “Ғилдираклар остида” романи, “Нюрнбергга саёҳат” сафарномаси, “Курортдаги киши” қиссаси ва бошқа кўпгина асарлари ҳам машҳур. Адибнинг китоблари дунё миқёсида 55 тилда 100 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган.
Ҳ. Ҳессе 1946 йилда Швеция Қироллик академияси томонидан “инсонпарварликнинг мумтоз ғояларини ўзида тобора яққол намоён этаётган жўшқин ижоди, шунингдек, ёрқин услуби учун” Нобель мукофотига муносиб топилган.

* * *

Кўкнинг нарёғида сузар булутлар,
Кўкнинг нарёғида изиллар шамол.
Кўкнинг нарёғида онамнинг ўғли
Қайга борарини билмай телбаҳол.

Кўчанинг нарёғи хазонга маскан,
Дарахтнинг нарёғи – чирқиллар қушлар.
Бу улкан тоғнинг нарёғида эса
Мен мудом ахтарган ўша уйча бор.

1902 й.

* * *

Ўксинма, бироздан тушар қоронғу…
Саҳронинг беадад осмонида, бил,
Қаҳқаҳа уради яширинча Ой,
Ором ҳужрасида тинчланар кўнгил.

Ўксинма, ўзини аямайди вақт,
Юзма-юзга сукутга чўмган онда биз.
Йўлнинг то энг ёруғ жойига қадар
Қовушиб кетажак сўқмоқларимиз.

Сўнг эса
ёмғирлар ёғади, эланади қор,
Эсади, эсади, тинмас шамоллар…

1911 й.

* * *

Нақадар оғирдир бундай муштоқлик,
Юракни иситар бир олов ҳам йўқ.
Офтоб жилмаймайди юзимга боқиб,
Неки бор, музлаган, неки бор, совуқ.

Азизим, кўзлари пок юлдузларинг,
Қарагин, қандайин паришон боқар.
Неки бор, абасдир – ошкораликда
Бу ишқ ҳам битади аввал ё охир…

1911 й.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси