Бойўғлилар кечаси кўра оладими?

Минг йиллардан бери бойўғлилар одамлар онгида алоҳида аҳамият касб этиб келади. Ибтидоий одамлар бойўғлиларга, асосан уларнинг аллақандай овоз чиқариши билан боғлиқ хурофий бидъатларни ўйлаб топишган. Европанинг кўп мамлакатларида бойўғлининг сайрашини ўлимдан дарак бериш, деб тушунишган. Қадим Юнонистонда эса у донишмандлик рамзи саналган.

Дунёда унинг бир қанча турлари яшайди. Совуқ қутб минтақаларида бойўғли оқиш патли бўлади ва бу унинг атроф муҳит рангига қоришиб кетиши ва душманларидан омон қолишига имкон беради. Техаснинг қайсидир бурчакларида чумчуқдан каттароқ бойўғлилар яшайди ва капалак ва қўнғизчаларни еб кун кўради.

Бойўғли ростакамига тунга жон бериб туради ва унинг бутун аъзолари айнан шундай ҳаёт кечиришга мослашган. Аввало, унинг сайроғига эътибор берайлик. У товуш чиқарганда, унга яқин бўлган мавжудотлар қўрқувга тушади. Бордию улар бирор ҳаракат қилса ёки товуш чиқарса, бойўғли уни ўзининг ўткир қулоқлари билан дарров эшитади.

Бойўғлининг қулоқларида очилиб-ёпиладиган ташқи пардалар мавжуд ва бу унинг бошқа қушлардан ажралиб турадиган айрича хусусияти ҳамдир. Айрим бойўғлилар қулоқлари ёнида патли «кенгайтирилган оғизга» ўхшаш нарсаси бўлади ва у эшитишига ёрдам беради.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бойўғлиларнинг ҳаммаси ҳам бир хил эшитиш қобилиятига эга эмас. Ботқоқлик бойўғлиси энг ўткир қулоқлидир, унинг бош миясида жойлашган эшитиш марказларида 46 010 та нейрон мавжуд, ундан кейингиси патли япалоққуш (40 360 нейрон), сўнг неясит (39 279 нейрон), шалпангқулоқ бойўғли (35 870 нейрон) туради. Бунинг қанчалик кўп эканини тасаввур этиш учун кўк каптарни мисолга олайлик. Унинг эшитиш марказида 8 минг нейрон бор. Бойўғли ўлжасини қўрқитса ёки унинг ҳаракатини сезса, ҳатто қоронғиликда бўлсин, дарров кўра олади ҳам! Унинг бу хусусияти қуйидагича изоҳланади: бойўғлининг кўз соққаси жуда эгилувчан. У нигоҳини кўз очиб-юмгунча истаган масофада бир жойга йиға олади. Бойўғлиларнинг қорачиғи жуда кенг очилади ва бу унинг хира тунги чироқдан ҳам фойдаланишига имкон беради. Унинг кўзлари шундай жойлашганки, бошини тўла айлантирса бас, нигоҳи йўналишини ўзгартиради.

Унинг туллаш даври овда қўл келади. Патлари бениҳоя енгил, овоз чиқармасдан учиб кетиши ва ўлжасига кутилмаганда ҳамла қилиши мумкин. Бойўғлиларнинг айрим турлари фермерларга фойдали, чунки у каламушларга, ҳашаротларга қирон келтиради. Шу баробарда айрим турлари хонаки паррандалар ва жўжаларни еб, фермерларга анча зарар ҳам етказади.

Ўхшаш мақолалар: