Ўттиз йиллик уруш нима сабабдан бошланган?

Реформация давридан бошлаб Европани парчалаб ташлаган диний ва сиёсий можаролар, айниқса ўттиз йиллик уруш даврида янада кескинлашди. Ушбу уруш 1618 йилда богемиялик (ҳозирги Чехия) протестант дворянлар икки нафар католик губернаторни Прагадаги қасрларнинг бири деразасидан улоқтиришгач бошланган эди. Шундан сўнг дворянлар протестант Фридрих Пфалсскийни Богемиянинг қироли этиб сайладилар. Аммо Фридрихга тож кийдириш маросимидан кейин орадан 1 йил ҳам ўтмасдан Муқаддас Рим империясининг императори Фердинанд 2 (1619— 1637) бўлди. Фердинанд 2 ўз империясини бутунича католиклар динига ўтказишга орзуманд эди.

1620-йили Фердинанднинг армияси Богемияни ишғол қилди. Прага остоналарида мазкур армия Фридрихнинг лашкарини тор-мор қилиб улкан зафар билан шаҳарга кириб борди. Фридрих Нидерландга қочиб кетди. Фердинанднинг ғалабаси шу қадар узил-кесил бўлдики, оқибатда 1627 йилга келибоқ бутун Богемияда католицизм қайтадан тикланди.

Уруш тез орада бир неча мамлакатларни қамраб олди. Испания Муқаддас Рим империяси тарафдори эди ва шу боисдан 1621 йилда Рейнландда испанлар ва голландлар ўртасида жанглар авж олиб кетди. Испанлар армияси муваффақиятли ҳаракат қилганлиги сабабли 1625 йили голландлар Дания ва Англияга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Уруш асосан данияликлар кучи билан олиб борилаётган эди, бироқ улар ҳам 1629 йилда мағлубиятга юз тутдилар.

Дания мағлубиятга учрагач швед қироли Густав Адолф (1611—1632), яъни Шимолий Шер, протестантлар дини хавф-хатар остида қолганлигини англаб етди. Шведларнинг савдо-сотиқ ишларига Испания бош вазири Оливареснинг Болтиқ денгизида испанлар таъсирини кучайтиришни кўзлаб қилган ҳаракатлари жуда панд берарди. Ўз навбатида бу ҳол 1630 йилда Густав Аделфнинг Испанияга ва Муқаддас Рим империясига қарши уруш очишига сабаб бўлди. 1635 йилда Франция қироллик кенгашининг раҳнамоси Ришеле ҳам ўз мамлакатининг Испания ва Муқаддас Рим империясига қарши урушга киражаги ҳақидаги қарорни қабул қилди. 1636 йилда Испания армиясининг бир қисми деярли Парижгача кириб борди, аммо 1637 йилдан бошлаб Франция ва унинг протестант иттифоқчилари Испания аскарлари устидан бирин-кетин ғалабаларни қўлга кирита бошлади. 1643 йил Рокруа ёнида бўлган жангларда Испания мағлубиятга учрагач Оливарес тахтдан олиб ташланди, бироқ ҳали узил-кесил тинчлик қарор топишига яна 5 йил бор эди.