Жон Калвин ким?

Жон Калвин 16 асрда Европага ёпирилиб кирган Реформация деб номланувчи диний ҳаракат раҳбаридир. Мазкур ҳаракат насроний дунёсини иккига — католиклар ва протестантларга бўлиб юборди.

Калвин 1509 йил 10 июлда Францияда туғилди. У лотин тили, фалсафа ва мантиқдан сабоқ олгач, янги протестант динига эътиқод қўйди. Ўзининг диний эътиқоди туфайли у Францияни тарк этишга мажбур бўлди ва у 1536 йилда Швейцарияга, аниқроғи Женевага жўнаб кетди. Муайян қисқа даврни ҳисобга олмаганда, у ўзининг қолган бутун умрини ўша ерда ўтказди.

Унинг кучли раҳбарлиги остида Женева протестантизмнинг марказига айланди. Черков шаҳар қонунларини чиқарар ва кундалик ҳаётнинг барча жабҳаларини мувофиқлаштирар эди. Қонунлар ўта шафқатсиз эди. Женева аҳолиси тежамкор, меҳнатсевар ва жиддий бўлишга мажбур эди. Мадҳиядан ташқари бирор бир қўшиқ ва рақсни ижро этиш ман қилинарди. Бу қонунга бўйсинмаганларни шафқатсиз жазолар кутарди.

Калвинизм шафқатсиз дин эди. Калвиннинг фикрича инсон табиатан гуноҳкордир, у фақат Худонинг марҳамати ила гуноҳлардан халос бўлиши мумкин. Аммо бундай шарафга жуда кам кишилар, (Калвин уларни сара одамлар деб атарди) мушарраф бўладилар. Ва Худо, дейди Калвин, аллақачон ўзи ким бу сара одамлар сафида бўлишини белгилаб қўйган, дейди. Бу ғоя Калвиннинг тақдир ёзуви, қисмат тўғрисидаги таълимоти эди.

Калвин 1564 йил 27 майда вафот этди. Бироқ бу пайтга келиб унинг ғоялари Женевадан чиқиб Ғарбий Европанинг жуда катта қисмига тарқалиб кетган эди. 17 асрда Америкага жўнаб кетган англиялик пуританлар ҳам калвинчилар эди. Бугунги кунда ҳам пресвитерианлар ва бошқа реформаторлик (ислоҳотчилик) черковлари Жон Калвиннинг диний ақидаларига амал қиладилар.