Соҳибқирон Амир Тeмур ким бўлган?

Бу улуғ зотнинг асли исми Темур бўлиб, уни европаликлар Тамерлан тарзида талаффуз қилишган. (Бу унинг оёғи оқсоқлигига ишора).

Амир Темур Ўрта Осиёнинг энг буюк давлат арбоби ва саркардаси бўлган. У 1336 йилда туғилган бўлиб, насаби турклашган мўғул уруғларидан бири барлосларга мансуб эди. Чингизхон лашкарлари томонидан батамом вайрон этилган Самарқанд шаҳрининг қайта гуллаб-яшнаши айнан Амир Темур номи билан боғлиқдир.

Ўз жанговар фаолиятини маҳаллий аҳамиятга молик урушларидан бошлаган Амир Темур 1370 йилда Зарафшон ва Қашқадарё воҳасидаги вилоятларнинг тўла ҳуқуқли амири (ҳукмдори) бўлди. Тез орада у ўз ҳукми остига Амударё ва Сирдарё оралиғидаги Фарғона ва Шош (Чирчиқ дарёси бўйидаги водийни)ни ҳам киритишга муваффақ бўлди. Энг қадимий давлатлардан бири бўлмиш Хоразм ҳам Темур давлатининг таркибига кирди. Амир Темур мўғул татарларининг Олтин Ўрдасига, Эронга, Кичик Осиёга ва Ҳиндистонга юришлар қилди.

Аста-секинлик билан Темурнинг буюк ва қудратли империяси барпо этилди. 15 аср бошларида унинг ҳудуди Ғарбда Арманистондан то Шарқда Ҳиндистонгача, шимолда Кавказ ва Орол денгизидан жанубда Форс қўлтиғигача ястаниб ётарди. Бу улкан салтанатнинг пойтахти Самарқанд эди.

Олтин Ўрдани тор-мор этиш орқали Амир Темур, Европага олиб борадиган асосий карвон йўли, Буюк Ипак йўлининг Олтин Ўрда ҳудудидан эмас, балки Самарқанд орқали ўтишига эришди. Бу эса ўз навбатида ҳам мамлакатнинг ҳам давлат пойтахтининг ривожланишига, гуллаб-яшнашига катта ёрдам берди.

Амир Темурнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Самарқанд беқиёс меъморчилик обидаларига эга бўлди, ушбу шаҳарда дунёга машҳур алломалар ва шоирлар яшаб ижод этдилар.

Соҳибқирон Амир Темурнинг шон-шуҳрати унинг салтанати ҳудудидан анча олисларга ҳам кенг тарқалиб кетди. Ҳатто Испания қироли Темурнинг саройига ўз элчиларини юборди.

Амир Темур кексайган чоғларида ҳам янги-янги зафарларни қўлга киритди. 1402 йили Анқара атрофида бўлган жангларда у Турк султони Боязид 1 (Боязид Йилдирим)нинг қўшинларини тор-мор қилиб, ўзини асир олди. Бу воқеа туфайли Туркларнинг Константинополни забт этишлари нақд 50 йилга, ярим асрга кечиктирилди.

Соҳибқирон Амир Темур 1405 йилнинг 18 февралида Хитойга уюштирилган навбатдаги юришлари чоғида вафот этди.

У ўзи ҳаётлиги чоғидаёқ салтанатини ўғиллари ва набираларига тақсимлаб берган эди. Темурийлар сулоласига мансуб зотлардан бири Мирзо Улуғбек бўлиб, у Самарқанд амири эди, бироқ у амир сифатида эмас, балки ўрта асрларнинг энг буюк астрономи сифатида кўпроқ шуҳрат топди.