«Рус» дeган ном қаeрдан кeлиб чиққан?

9 асрнинг ўрталарига қадар ҳозирги Новгороддан то Киевгача бўлган ҳудудда, Днепр дарёсининг ўнг ва чап соҳили бўйлаб кейинчалик тарихда шарқий славянлар деб ном олган кўплаб қабилалар алоҳида-алоҳида умр кечиришарди. Турли солномалардаги маълумотларда қайд этилишича улар бу ерларга Дунай ва Карпат томонлардан келган бўлиб, Днепр бўйида жойлашишгач поляклар деб ном олганлар, ўрмонларда яшайдиган қабилаларни эса древлянлар ва ҳоказо деб аташган. Кейинчалик бу қабилаларнинг кўпчилиги Шарқ томонга янада ичкарилаб кетишган ва ўзларига мақбул бўлган жойларга ўрнашиб олишган.

Илк солномаларда ҳикоя қилинишича, улар орасида Радим ва Вятко деган икки ака-ука бўлган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўз қабиласи билан — Радим Сожа дарёси бўйида, Вятко эса Ока дарёси бўйида ўтроқлашиб қолган. Радимичлар ва Вятичлар деган насабли кишилар айнан ўша оға‑инилардан тарқалгандир. Бундан ташқари шарқий славянлар орасида кривичлар, полочанлар, дреговичлар, северенлар, волинлилар, новгородлик славянлар ҳам бўлган.

Шарқий славянлар нутқидаги «рус» сўзи бу ерларга рус қабиласига мансуб Скандинавияли варягларнинг кўчиб келганидан кейин пайдо бўлди. Ривоятларга кўра, биринчи князлар: Рюрик, Трувор ва Синеуслар айнан ана шу қабиладан чиққанлар ва улар Рус давлатига асос солганлар. Дастлабки пайтларда «рус» сўзи билан рус жамиятининг олий табақаси вакиллари, князларнинг хос аскарлари, яъни ўша варяглар, шунингдек, ўша пайтларда шарқий славянларнинг барча шаҳар ва қишлоқларига тарқалиб кетган варяг савдогарлари аталган. Кейинчалик эса «Рус» ёки Рус ери деган сўзнинг маъноси, славянлар билан варяглар аралаш яшайдиган заминни англатувчи расмий жўғрофий атама қиёфасини олди. Жўғрофий атама сифатида бу ном биринчи маротаба 945 йилда княз Игор томонидан имзоланган шартномада пайдо бўлган.

Ниҳоят 11—12 асрларга келиб, «рус» қабиласи бу заминда яшаган славянлар билан батамом қўшилишиб, чатишиб кетгач, Рус ва Рус ерлари атамаси, ўзининг жўғрофий маъносини йўқотмагани ҳолда янги сиёсий маъно билан ҳам бойиди — чунки эндиликда рус князлари ҳукми остидаги славянлар ва руслар яшайдиган барча ерлар ана шу ягона ном билан атала бошланди.