Аҳмад Шимширгил. Амир Темур

http://n.ziyouz.com/images/amir_temur2.jpg

МУАЛЛИФ СЎЗБОШИСИ

1989 йил. Ўшанда Арзирумдаги Отатурк университети адабиёт факультетининг тарих бўлимида биринчи босқич талабаси эдим. Салжуқийлар тарихининг таниқли билимдонларидан М.Олтой Кўйман Анқарадан келиб бизга дарс ўтар, бир ойлик сабоқни бир ҳафтада бериб, бошкентга қайтиб кетарди. Биринчи дарсида сўзлаганлари, айниқса, “Оллоҳдан биргина тилак тила десалар, Темур жаннат юзини кўрмасин, дея сўрардим”, дегани ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.

Қаранг, бу қандай тилак, қандай хусумат-а? Тушуниш қийин. Ўша даврда мактаблар, бошқа ўқув юртларида “Тўпол Темур”, “Темурланг”, “Оқсоқ Темур” иборалари нима учун оммалашганини кейинроқ англаб етдим.

Ҳа, усмонлилар хоқони Йилдирим Боязид билан Анқара урушида жанг қилган ва ғолиб келган Темурни усмонли тарихчилари мудом қоралади ва ноҳақ танқид қилди. Яхшиямки, Саъдиддин афанди[1] каби кейинги давр тарихчилари Амир Темурга ҳаққоният билан ёндаша бошлади ва талай ҳақиқатларни юзага чиқарди.

Шунга қарамай, Темур нега бизга асрлар мобайнида нотўғри таништирилди? Аслида-ку, бизнинг наслларга нотўғри англатилган фақат Темургина эмасди. Усмонлилар тўғри  тушунтирилдими? Фотиҳ, Ёвуз, Қонуний ва Абдулҳамидхон Иккинчи ҳам туҳматлар дўлидан қутула олмади-ку!

Афсуски, Амир Темурга душманлик, унинг шахсига ёвларча қараш фақат Туркиядагина эмас, бутун туркий мамлакатларда, ҳатто бутун дун­ё­­­да кенг ёйилган эди.

Масалан, Амир Темур золим советлар даврида барча туркий жум­ҳуриятларда нуқул ваҳший, қонхўр шахс сифатида қораланарди. Рус ва совет тарихчилари ҳамда ёзувчилари китобларида Амир Темур шафқатсиз ва ғаддор дея гавдалантирилар, рассомлар асарларида ҳам унинг сиймоси ана шундай қора бўёқларда  тасвирланиб,  оммавий онгни заҳарлашга ҳаракат қилинарди.

1941 йилда Сталин амри билан Темурга нисбатан яна бир ҳурматсизлик қилинди. Ўзбекларнинг ёлвориши ва кўзёшларига қарамай,  унинг мозори очилиб, илмий ўрганилиш учун суяклари Москвага олиб кетилди. Бир томонда антропологлар бош чаноғини текширар экан, бошқа томонда унинг тимсоли яратилди. Бу тимсолий ҳайкалда Амир Темур қўрқинчли, ваҳший ва ёввойи тарзда кўрсатилди. Афсуски, Туркияда босилган бир қатор китоблар, романлар ва қомусларда ҳам ана шу расмдан фойдаланилди. Ўша йилларда турк меъморларининг улуғи Меъмор Синон арвоҳига нисбатан ҳам шунга ўхшаш ҳурматсизлик қилинганини ва унинг бош чаноғи йўқолганини унутмаслик керак.

Мустабид шўро давридаги зулм зарбалари фақат жисмлар эмас, руҳларга ҳам қаратилган бўлиб, Амир Темур ўз ватанида ҳам муносиб даражада танитилмас эди. Шу тариқа, ўзбекларни тарихи, маданияти ва анъаналаридан узоқлаштиришга уриниларди. 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллиги эълон этилганидан кейингина Амир Темур номи, шони ва бой мероси, хотираси ва шахсига янгича, ҳақиқий муносабат пайдо бўлди.

Албатта, туркларнинг улуғ зотларига нисбатан бундай душманликларнинг очиқ ва яширин сабаблари бор. Биз бу ўринда ўша сабаблар хусусида сўзламоқчи эмасмиз. Зеро, бу китобни ўқиганингизда, Темурга қарши бутун кину адоватлар қаердан пайдо бўлганини осонгина тушуниб оласиз.

Тарихий ҳақиқат шуки, Амир Темур бугун дунёнинг тўрт буюк жаҳонгиридан бири сифатида тан олинмоқда.

У ўзи олиб борган бирор урушда енгилмаган  буюк  маршалдир.

Амир Темур мўғуллар маҳв этган Туркистон оламини янгидан кучли ва бой ўлкага айлантирди. Ёқилган, йиқитилган Ўрта Осиё шаҳарларини Кешдан Самарқандгача, Бухородан Термизгача тиклаб, янгидан жонлантирди, мадраса, масжид, кўприк, карвонсарой, анҳорлар билан Ер юзини безади.

Соҳибқирон ҳар бир ўлка ва миллат фақат илм аҳли, кучли насллар билан ҳаётини давом эттира олишини яхши биларди. Шу боис сайидлар, шайхлар,  дарвишлар, олим ва шоирларга доим алоҳида эътибор берарди.У яшаган даврда Темурнинг ватани “Илм ва ҳикмат аҳли юрти”, дея улуғланарди.

Амир Кулол, Шамсиддин Кулол, Абубакр Тайободий, Мирсаид Барака каби шайхлар, шунингдек, Тафтазоний, Сайид Шариф Журжоний, Қозизода Румий каби олимлар кучли насл яратилишига улуш қўшганлар.

Темур даврида ҳарбий соҳада жуда кўп машҳур қўмондонлар етишиб чиққан.

Темурдан яхши авлодлар қолди. Ўғли Шоҳруҳнинг исломиятга қилган хизматлари буюкдир. У Ҳиротни бош шаҳарга, дунё марказларининг бирига айлантирди. Невараси Улуғбек эса мингдан ортиқ юлдузлар ҳаракатини ўлчаган олим-султон сифатида жаҳонда донг қозонди.

Шунингдек, Темурнинг олтин насли ва салтанати давом этар экан, Али Қушчи, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби исломият юксалишига, ақлий ва нақлий билимлар тараққийсига ва турк тилининг янгидан яшаришига сабаб бўлган давлат арбоблари, олим, шоир, адиблар ҳам етишиб чиқди.

Темурнинг ўзига хос ҳаёт дастури бармоғидаги узукка ёзиқлик эди: “Рости русти” (Куч адолатдадир). Бу ифода буюк турк жаҳонгирининг ҳар ишида одил бўлишни шиор этганини ва бунга мос ҳаракат қилганини, дунёни ҳовучлари орасида тута билганини кўрсатувчи бир васиқадир. У ўғилларига ҳам ҳар доим “Одил бўлинг!” дерди.

Туркларнинг жаҳон ҳокимияти мафкураси Ўғуз қоғонда бўлгани каби, Темур ҳам “Оллоҳ кўкда биттадир, султон ҳам ерда битта бўлиши керак, дунё икки ҳукмдор сиғадиган даражада кенг эмас”, дея бутун туркий оламни ҳокимияти байроғи остида бирлаштирган, турклар бирлигини яратган хоқондир.

Ниҳоят, шунга ҳам урғу беришимиз керакки, Темур ўлкасини энг қоронғи бир даврдан, зулмнинг аччиқ гирдобидан ёруғликка чиқарган қаҳрамондир. У бўлиниш, парчаланиш ўлкани қандай фалокатларга олиб боришини яхши англарди. Бу зот ҳукмронлик тажрибасини ўзи битган “Темур тузуклари”да абадийлаштирди. Шу битик орқали у барча давлат арбоблари,  келажак наслларга ўлмас мерос қолдирди. Бу асар халқаро алоқалар ва сиёсатшунослик йўналишидаги талабаларга дарслик сифатида ўқитилиши керак. Тузукларнинг баъзи саҳифалари, бўлимлари мактаб ўқувчилари ва талабалар ёд олса арзийдиган олтинга тенг ҳикмату ўгитларга тўла.

Юртимиздаги турк миллиатчиларининг бош қўмондони, раҳматли  Алп­арслон Туркаш 1996 йилда Турк давлатлари ва ўлкаларининг дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик вақфи томонидан ташкил қилинган “Туркистон амири Темурнинг турк ва дунё тарихидаги ўрни” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида Темурнинг ўзига хос  арбоблик ва хоқонлик сифатларини таъкидлар экан, бундай деган эди:  “Темурдек буюк жаҳонгирни етиштирган миллатга мансублигимиздан фахрланишимиз керак. Унинг асарларини, меросини ўрганишимиз, тажрибаларидан фойдаланишимиз даркор. Барча турк зиёлиларига унинг “Тузукот”ини ўқишни тавсия қиламан. Турк зиёлилари Амир Темурнинг тарихий ҳаётини, шахсиятини ўрганар экан, “Тузукот”ини ҳам ўқиши, сабоқ олиши лозим”.

Туркия Республикаси президенти Ражаб Тайиб Эрдўғон ҳам 2016 йил 18 ноябрда Амир Темур мақбарасини зиёрат қилар экан, ўз туйғуларини бундай ифодалаган эди: “Бугун турк ва ислом дунёси чекаётган дардларни кўраётганлар Амир Темур ўз даврида қилган буюк ишлар ва кураш маъносини янада яхшироқ англайди. У турклар ва мусулмонлар бирлиги, тенг­лиги учун кўзига уйқу келмаган, бу йўлда ҳар қанақа машаққатни тортган, жиҳодда жонфидо буюк соҳибқирон эди.  Амир Темур ўгитларига, дастурларига амал қилишга ҳар замондагидан кўра ҳам бугун жуда катта эҳтиёжимиз бор”.

Иншооллоҳ, қўлингиздаги асар соҳибқирон Амир Темурнинг энг тўғри бир тарзда англанишига хизмат қилажак.

Бу китобни тайёрлашда ўзбек, араб ва усмонли тилларидаги манбалардан фойдаланилди. Хусусан, Туркиядан  Ўзбекистонга бориб, у ерда ойларча кезиб, ўзбекча манбаларни менга олиб келган ва уларни таржима қилишда ёрдамлашган  қимматли дўстим, ҳуқуқчи Ирфон Хаттотўғлига барча кўмаклари учун ташаккур билдирмоқчиман.

Тарихидан хабарсиз миллатлар бўйин эгишга, этак ўпишга маҳ­кумдирлар. Бу маҳкумият ўша халқни ўз аждодининг эмас, балки ётларнинг хизматчисига айлантирувчи  қуллик жараёнидир.

Темурнинг ҳаётидан олинадиган шунчалар ибратлар борки…

Проф. Аҳмад Шимширгил

 

Учинчи бўлим

ДУНЁ КУЧИ

Дунёда икки ҳукмдор бўлган бирор  ер йўқдир. Дунёни яратган Парвардигор ҳам ягонадир. Шундай экан, жаҳонда подшоҳ ҳам битта бўлиши керак.

Шарафиддин Али Яздий

УСМОНЛИЛАР БИЛАН УРУШ АРАФАСИДА

Амир Темур Усмонли давлати билан урушга қарор бергач, ҳукми остидаги барча мамлакатларга чопарлар юбориб, бутун аскарларга кўкламда Қорабоғда ҳозир бўлишни буюрди. Ойма-ой, кунма-кун буюк жангга яқинлашиб борилмоқда эди.

Темурнинг вазиятини тўғри тушунган баъзи беклари ва олимлари Рум диёрига босқин қилиш тарафдори эмас эди. Чунки улар Рум элида, яъни Анадўлунинг Оврупо томонида доимо ғазот ва жиҳод йўлбошчиси бўлган подшоҳга қарши қилич кўтаришни хоҳлашмас эди. Фақат ҳукмдоридан андиша қилиб, бу ниятини Темурга айта олмасди.

Ниҳоят, улар ўзаро кенгашиб, Темур наздида обрў-нуфузи юксак, сўз айтмоқда тенгсиз, фасоҳатли суҳанга уста Шамсиддин ал-Маликийни вакил этишди. У Темур билан мулоқот чоғи сўзни шу мавзуга бурди-да,  тилакларини ифодалаб, бундай деди: “Уруш ҳақида гап кетар экан, бунда шошилмаган яхшидир, бу – донолик ва улуғлик нуқтаи назаридан, янглиш саналмайдир. Эҳтимол, фитна оташи оловланар ва уни сўндириш мушкуллашар, ўртага чиқадиган зарар ҳам зиёда бўлур. Йилдиримхон ҳам бошдан-оёқ ғайрат кийимига бурканган бир подшоҳ, борлиқ ва мол-мулк эгаси, зафарли ўрдуси бор ҳукмдордир. Унинг ўткир қиличи фаранг­лар учун бир балою офат, дурру гавҳар сочган қўллари эса бир хазинадир. Ғазот ва жиҳод йўлида ғайрат тизгинини тутган, исломият чегараларини қўриқлашга бошини қўйган подшоҳдир. Шундай  шоҳаншоҳ билан савашмоқ – динни дунёга тарқатаётган, пайғамбаримиз ҳукмини амалга ошираётган давлат соҳиби билан жанг қилмоқдир. Бу на сизнинг салтанатингизга лойиқ ва на қудратли бек ва баҳодирларингиз кўнглидаги туйғуларга уйғун. Зафар еллари биз ёққа эсганда ҳам бу иш, аслида, душманларимизнинг севинишига йўл очажакдир. Шу сабаб замон ичра бу давлат йиқилар, балки охири йўқ бўлиб кетар…”

Устод Шамсиддиннинг хайрли йўлга бошловчи бундай насиҳатлари ва очиқ гаплари Темурнинг юриш қарорини тўхтатиб, қалбидаги иштиёқ ва қаҳр оташини бостиргандай бўлди.

Шу орада Соҳибқирон Боязидхонга йўллаган элчилар ҳам қайтди ва усмонлилар подшоҳи унинг таклифини рад этганини билдирди. Бу хабар Темурнинг сўнаётган иштиёқини яна оловлантирди. Барча қўшинларни тўплатиб, олий ўрду кўригини ўтказди, Боязидхон элчиларига томоша қилдирди. Бу тарзда ўз қудратини кўрсатиб, рақиблар қалбига қўрқув солишни истаганди.

Амир Темур Йилдиримхонга яна бир мактуб йўллаб, юмшоқлик билан иш юритмоқчилиги, орзуси сулҳ эканлиги, фақат бунга терс жавоб­лар олаётганини билдириб, бундай деди: “Агар раҳмдил ўғилларингдан бирини биз тарафга узрингни англатиш, ярали кўнглимизни душманлик шубҳаларидан қутқариш учун юборсайдинг, бу фитна ўтини ўчиришга кифоят этарди, юрагимизни чекилган аламлар ғуборидан аритарди. Йўлланажак шаҳзодангга ўз фарзандимиздан ортиқ муносабат кўрсатиларди. Шу тариқа, дўстлик, бирдамлик юзага чиқарди, айрилиқ қайғуси учрашув севинчига айланарди, диллардан хафалик кетиб, ҳар иш равон бўларди”.

Айни чоғда усмонлилар саройида ҳам амир ва айрим олимлар Темур билан урушмаслик тарафдори эди. Хусусан, ўз даврининг улуғ уламоси ва валийси бўлган Боязиднинг қайнотаси амир Султон урушнинг олдини олиш учун жуда кўп ҳаракат қилди. Икки мусулмон турк ўрдусининг урушмоғини истамаган амир Султон Боязидга ўгит бериб, Темурга мулойимлик кўрсатиш, ўзини унинг талаб ва истакларини қабул қилгандек тутиш, энг муҳими, урушдан узоқ туришни уқтирди.

Бироқ бу насиҳатлар унга кор қилмади. Наҳотки, амир Султон Анадўлу турклиги учун яқинлашаётган муқаддар оқибатни олдиндан сезган бўлса?

Йилдирим Боязид учун бу муаммонинг энг мушкул тарафи доим бир истак қаршисида тараддудда қолаётгани эди. Темур ҳар бир мактубида Йилдирим қабул қила олмайдиган орзу-тилакларни ўртага қўймоқда ва улар адо этилишини талаб этмоқда, акс ҳолда зарур чоралар кўрилишини таъкидламоқда эди. Аслида, Темурга тобелик ва унинг ҳокимияти остига кирмоқ Усмонли султони қабул эта оладиган таклиф эмасди. Шу сабабдан ор ва номус туйғуси юксак, ғайратли, виқорли бир подшоҳга уруш йўлини танлашдан бошқа табиий ҳол бўлмаса керак.

 

ЙИЛДИРИМНИНГ  ИСТАКЛАРИ

Темурдан келган мактубларда унинг талаб ва истаклари баён этилгани каби, Йилдиримнинг жавобларида ҳам унинг талаб ва истаклари очиқ айтилган. Темур ўз мактубларида бу кунгача қилган урушлари, қозонган зафарлари борасида ёзар экан, Рум ислом юрти экани, шу сабаб бу ўлкага юришни хоҳламаслигини алоҳида таъкидларди. Румнинг вайрон бўлишидан исломият душманларигина қувонишини уқтирган Темур ўз истаклари қабул этилса, икки орадаги совуқлик йўқолишини билдирар, шунингдек, Қора Юсуф ва Аҳмад жалойирлар ашаддий қароқчи, каллакесар талончи эканини ҳам писанда этарди. Бунинг устига, Темур Сивас, Арзинжон ва Камаҳ ҳам ўзига берилишини истарди.

Давлат устунлари ва улуғлари Темурнинг селдай бостириб келувчи отлиқ қўшинию филларидан, жаҳон мамлакатларида эришган зафар ва муваффақиятларидан сўйлаб, Йилдиримга у билан келишув йўлини тутишни ташвиқ этса ҳам, бундан ҳеч бир фойда чиқмади.

Шоир айтганидек:

Маслаҳат-ла ҳосил ўлғай ҳар умид,
Маслаҳатсиз боғлидир қўл ҳам калит.

Жасур ва ғайратли Йилдиримхонга бу талаб ва истакларни қабул этмоқ жуда оғир эди. Шунинг учун Темурга жўнатган жавоб хатида энди қиличлар тилга киришига ишора қилгандек, бундай деди: “Бу қўноққа қўнган мусофирга қилич ўқталинмас ва бу даргоҳга сиғинган тилак аҳлига тегилмас. Агар ўринсиз сўзлар ғавғога сабаб бўлишини кўзда тутсак, шиддатга тўла жумлалар илк бор сизнинг мактубингизда кўринди. Йўқ, биздан таъма ва ялтоқилик кутилмас. Хонадонимиз, сулоламиз Оллоҳдан бошқага ёлвормаган. Ғалаба ва мағлубиятнинг иккови ҳам сунани авлиёдандир. Ортиқ сўз узайди. Урушга баҳона қидирганнинг баҳоналарини тўхтатиб бўлмас. Икки тарафдан ким фитна чиқарса, гуноҳи ўзига. Ҳасбуналлоҳу ва неъматул вакил”.

Темур бу мактубга ўз ҳарбий истеъдодини Йилдиримникига муқояса қилган ҳолда жавоб битди. Унда, жумладан, бундай деди: “Бу кунга қадар қайси тарафга юриш қилмай, қисқа вақтда у ерни қўлга олдим. Сивасни ҳам оз муддатда эгалладим. Сен Малатйани қамал қилдинг, тўрт ой тиришиб, эплай олмай, мажбуран ортга қайтдинг. Синоп қалъасини ҳам аллақачондан бери забт этолмадинг…”

Темур бу каби сўзлар билан ислом дунёсининг ягона ҳукмдор раҳнамоси ўзи эканини таъкидлагани ҳолда, агар Боязид узр ва омон тиласа, авф этишини маълум қилди.

Боязид ҳам жавоб хатида Темурдан ортдан қолмай, ўз ҳарбий даҳосини баён этиб, шунча йиллар давомида кофирлар билан урушганини таъкидлаб, Сивасдаги қатлиоми сабаб Темурни мусулмонларга тажовузда айблади.

Соҳибқирон Қорабоғдаги қароргоҳида, қўмондонлари ва беклари иштирокида усмонлилар билан жанг қилиш мавзусини муҳокамага қўйди. Амир Темурнинг ўзи ҳам бу борада бир оз тараддудда эди, ҳали тўла бир қарорга келмаганди. Зеро, Боязиднинг Можористонга қадар кофирларга омон бермасдан юриш қилгани ва зафарлар қозонганини у ҳам яхши биларди.

Ўша кунлари кўкда ғарбдан шарққа учган бир қуйруқли юлдуз кўриндики, мунажжимлар буни ғарбга юриш муҳаққақ ғалаба келтиришига ишорат, деб англади. Шундан кейин Темур дарҳол сафарга чиқишга қарор берди.

У Қорабоғдаги қишлов маконига 1402 йил 12 мартда етиб келди-да, ундан ғарбдаги Мингкўл сари илгарилади. Шу ерда навбатдаги мактубини қаламга олиб, Йилдирим кофирлар билан урушганидан хабардорлигини таъкидлаб, ўзи ҳам гуржи кофирлар билан жанг қилганини баён этди. Сўнг шу фикрларга, агар Боязид Миср билан иттифоқ тузса, бу маъқул эмаслигини қўшиб қўйди. Талабларини бирма-бир санади ва элчилари чегарада кутаётганини писанда этди.

Дарҳақиқат, ўша чоғда Рум элчилари Мисрда музокара олиб бораётган эди. Темур шундан икки ой ўтиб, Йилдирим элчиларини қабул қилди. Боязид Темурга йўллаган мактубида Аҳмад жалойир ва Қора Юсуфни қай сабабдан унга топширмаслигини, Хулакухондан мисоллар келтириб, қисқача баён этган ва агар Темур Сивасдан чекинса, буни яхшиликка деб билиши, агар чекинмаса, урушга шай экани ва ҳеч кимсадан қўрқмаслигини уқтирган эди.

Бу хатни ўқиб, Темур яна бир мактуб йўллади, сўнг Камах қалъаси қаршисига келиб тўхтади. Ўн кун қамал қилиб, қалъани истило этди. Мутаҳҳартанни янгидан ҳокимиятга қўйиб, Сивасга қараб йўлга тушди. Ниҳоят, 2 июлда бу кентга етиб борди.

Темур сўнгги мактубида, жумладан, бундай деган эди: “…Ҳозирга қадар сулҳ тузишга уриндим ва ниҳоят Сивасга келдим. Кофирга фурсат яратмакдан, ислом диёрларини хароб этмакдан андиша айлаб, Шом тарафга юриб, Миср азизидан интиқомимизни олдик… Фақат сиз бизнинг йўқлигимизни фурсат санаб, бизга боғлиқ Арзинжонга кириб, волиймизни ранжида этдингиз. Одамимиз Мутаҳҳартан сулҳни сақлаш ниятида сизнинг пушмаймон эканингизни бизга ёзганди. Биз ҳам ишондик ва сулҳ учун аҳд айлаш умидида бир неча бор мактублар йўлладик. Аммо сиз тобора қатъийлашиб борган бир тутумда бўлдингиз. Ҳаттоки, биз ва аскарларимиз ҳақида кофир ва кофирдан баттар деб айтган сўзларингиз ҳар ерга тарқалди. Элчиларингиз Сунгур ва Аҳмад анча замондир ёнимиздадирлар. Мусулмонлигимизни ва эътиқодимизни кўриб-билиб юриб­дирлар. Истагимиз Арзинжонга бормасимиздан ва лашкаримиз шаҳарларингизга кирмасидан аввал Сивас, Малатйа, Албистон, Арзинжон ва Камах бизга берилганини соғлом бир аҳднома ила билдирмагингиздир. Сулҳга қарши эмасман, аксинча, тарафдорман. Бу сулҳнинг бир нусхаси Маккаи мукаррамада, Бобулҳарамда яширин ҳолда муҳофаза қилинсинки, кимнинг сулҳ шартларини бажаргани ёки бажармагани холис ўртага чиқсин”.

Боязид бу мактубга мўътадил жавоб йўллаб, ўзи ҳам сулҳ тарафдори экани, фақат Қараманли фитначилар сулҳни бузиш мақсадида сохта мактублар ёзгани, буни ялтоқланиш дея ўйламаслик кераклигини таъкидлаб, урушдан ҳеч қачон қочмаганини уқтирди.

Темур бу мактубни ўқир экан, Боязид бўйин эгмаслигини тушунди. Ўша чоғдаёқ Сивас ташқарисида, Йилдирим элчилари кўз ўнгида ўрдусининг ҳарбий кўригини ўтказди. Бундай тантаналар қўшин учун жуда муҳим ҳисобланарди. Бу расмий анъана тинчлик замонида аскарий тартиб-интизомни назорат қилишга хизмат қилса, уруш пайтида душман кўнглига қўрқув солиш, ваҳима тарқатиш мақсадида амалга ошириларди. Кўрик, одатда, икки кун давом этарди, бу гал ҳам шундай бўлди.

 

ЙИЛДИРИМ  БОЯЗИДХОН

Йилдирим 1360 йил Бурсада туғилди. Отаси Мурод Худовандигар, онаси Гулчечак хотундир. Ёшлигидан бошлаб ўша даврнинг энг етук олимларидан бўлмиш Бурса қозиси хўжа Маҳмуддан, қозиаскар Халил жондорлидан, мулла Рустам қараманлидан илм олди. Ҳукмдор отасининг атоқли қўмондонларидан ҳарбий таълим кўрди, қўшин тузиш ва уни бошқариш сирини ўрганди.

У ёшлигидан урушларда ҳам қатнашди. Шаҳзода бўлгани боисми, туғма қўмондонлик фазилатига эга эди. Қаҳрамонлиги ва жасорати туфайли донг қозонди. Барчадан жасурлиги билан ажралиб турарди. Отаси Мурод Худовандигар уни дини исломни дунёга тарқатувчи ва Усмонли салтанати байроғини юксалтирувчи баҳодир қилиб тарбиялади. Қисқаси, унинг болалиги ва ёшлиги жасур ва доно турк қўмондонлари ёнида ўтди. Йигирма бир ёшида у Кутаҳйа вилоятига волий этиб тайинланди.

Қараманлилар билан урушда у ўзини кўрсатди. Урушнинг энг таҳликали чоғида отасининг, шонли ҳукмдор Мурод Худовандигарнинг ҳузурига келиб, “Султоним! Менга йўл кўрсатинг, сабрим қолмади. Қараманлиларнинг қонини, Оллоҳ буюрса, тупроққа қорайин!” деди. Қисқаси, Қараман урушида шундай жасорат ва мардлик кўрсатдики, жангларда чақмоқдек тез ҳаракат қилиб, ёвни қириб ташлагани учун Йилдирим номини олди.

Овруподаги, Кўсўвадаги уруш пайтида, ҳарбий кенгаш асносида, туяларни илгарига ҳайдаб, ёғийни чалғитиш таклифи муҳокама этилар экан, отаси унга сўз навбатини берганда йигитчасига бундай деган эди: “Жаноби Ҳақ жиҳод йўлида сермалган қиличларни ва эгаларини ҳар доим қўриқлаган. Туя-муя дегандай жўн ишларга бош уриш Оллоҳ Таоло ҳузурида қалб чуруклигини кўрсатур. Душман қанча кўп бўлса бўлсин, у билан юзма-юз курашмоқ миллатимизга шараф берур!”

Ғайратли ва қўрқмас шаҳзода Кўсўва урушида ҳам ёғий устига тушган чақмоқдай жадал жанглар қилиб, душманга омонсиз зарбалар берди. Ана шундай қаҳрамонликлари сабаб, 1389 йили Усмонли салтанати тахтига ўтириб, қисқа муддатда Анадўлу бекликларини ўз ҳокимияти остига киритди.  Бир ҳамлада Афлокни турк юртига айлантирди. Турк ғозийлари Оврупони кесиб ўтган Туна дарёси сувларини ичиб, таҳорат ола бошлади.

Боязидхон фавқулодда тез ҳаракат қилиши билан донг қозонган эди. Қўшинини ҳам истаган ерига жуда жадал етказар, ҳеч кутилмаганда душман қаршисидан чиқарди. Йилдирим унвонига мос иш тутарди. Аммо феълан, табиатан асабий эди.

Ниғбўлуда Оврупо насронийларининг хочли ўрдусини тор-мор этган Йилдирим Боязид энди Анадўлуга қайтиб, бу минтақада ҳам атрофни фатҳ этишга киришди. 1389–1392 йиллар орасида, уч йил ичида Сарухон, Ойдин, Така, Манташа, Гармиён элларини, 1392 йилда Жондор юртини, 1397 йилда Қараман ва Қайсари бекликларини, 1398 йилда қози Бурҳониддин давлатини, 1399 йилда Тулқодирўғли беклигини кетма-кет мағлуб этиб, бу ўлкаларни ўз салтанатига қўшиб, Анадўлуда сиёсий бирлик яратди. Шу туфайли Боязидхонни ҳазрат халифа султони иқлими Рум (аввалги Рим салатанати ерларининг подшоҳи) унвони билан улуғлади ва у шундай қилиб салжуқийлар меросига эга чиқди.

Боязидхон тасодифлар қаршисида ўзини йўқотмас, совуққонлигини сақлар, дарҳол қарор бериб, керакли ишни жадал бажара оларди. У қатъий ҳужумлар уюштириб, Анадўлудаги майда ҳокимиятларга барҳам берди, ғарбда Эгей денгизи соҳилларига, бу ёқда эса Самсунни забт айлаб, Қораденгиз қирғоқларига чиқди. Анадўлуда “турк бирлиги” тушунчасига мос ҳокимият ярата олди.

Айниқса, унинг Оврупода, Ниғбўлуда қозонган зафари машҳурдир. 1396 йилда Оврупо давлатларининг юз ўттиз минг кишилик бирлашган насроний ўрдуси хочли сафарига чиққанда, Боязидхон улар устидан Ниғбўлуда қозонган порлоқ ғалабаси билан тарихга кирди. Ўша муҳорабада қўшинни жангга ташлаб, уни идора этиши, душманни енгишдаги маҳорати Боязидхон забардаст қўмондон эканини кўрсатди. Шунингдек, Кўсўвадаги ғалабаси билан ҳам у Болқонларга жойлашган турк нуфуси эътиборини юксалтирди.

Боязидхон юришлари акс этган тарихларда қўшинга ҳам, халққа ҳам ниҳоятда адолатли муносабатда бўлгани таъкидланади. Қўнё қамалида, Сивас олинганида, Румэли фатҳида унинг доим адолатли иш тутгани ибрат қилиб кўрсатилади. У ҳар куни маълум бир пайтда белгиланган ерга, тўрт ёндан бир хилда кўзга ташлануви тепаликка чиқар, ҳар қандай одам тўрт томондан келиб, бемалол шикоят ва арзини изҳор қила оларди. Ҳақсизликка учраганларга дарҳол ҳақини қайтариб бердирар эди. Аммо қозилар ҳукмига асло аралашмас, бошқаларни ҳам аралаштирмасди.

Боязидхон олимларни ҳурмат қилар, давлат ишлари ва масалаларини улар билан кенгашар эди. Оллоҳ Таолонинг буюрганлари ва тақиқлари ҳақидаги сўзларни жон-жон деб қабул этарди. У ҳиддати ва шиддатининг баландлиги, улуғворлиги ва виқори, ҳужумкорликдаги ўта устунлиги билан барчадан ажралиб турарди. Бирор кимсага бош эгиши ҳеч кимнинг хаёлига келмас мағрур хон, қаерга сафар этса, у ўлкани эгаллаган қўмондон эди.

Боязидхон даврида турк лашкари Бўсна, Херсек ва Можористонни забт этди ва илк бор Австрия салтанати ҳудудига кириб борди. Тирнўва, Салоник ҳам фатҳ этилди. Анадўлуда эса Қараманўғиллари ва қози Бурҳониддин ўлкалари, Қора денгиз соҳиллари бирма-бир эгалланиб, Анадўлуда турклар бирлиги яратилди ва Мамлук салтанати билан қўшничилик бошланди.

Йилдирим замонида Истанбул тўртинчи бор қамал этилди, шаҳар таслим бўлишига бир баҳя қолди.

Ибни Хожар уни дунёнинг энг нодир қўмондонларидан бири ҳисоблаб, бундай деган: “Усмон ўғли Боязид Ер юзидаги ҳукмдорларнинг энг яхшиларидан биридир. Ундан қўрқишади. Илм ва уламони яхши кўради. Мамлакатининг ҳар тарафида омонлик ва амният шу даражада мавжудки, бир одам ёлғиз ўзи, мол ва ашёси, юклари билан ҳеч балога учрамай саёҳат қилиши мумкин. Қоҳирадаги халифадан “Рум ўлкасининг султони” деган унвонни олган. Бу икки сифат, яъни салжуқий меросхўри ва Рум султони экани жаҳон ҳукмдорлиги йўлидаги ҳамлали одимларидан биридир”.

Француз тарихчиси Меноист Мечин “Йилдирим Боязид бутун тарихнинг энг буюк қўмондонларидан биридир”, деган. Руминиялик тарихчи Жўрганинг айтишича, “Йилдирим дунё ҳокимияти сари борганини унинг ўлкасидаги темир интизом, мукаммал қонунга асосланган осойишдан ҳам билса бўлади”.

Қисқаси, ўзига ортиқча ишонгани ва ғурури унинг йилма-йил кучайиб бораётган салтанатини бир дунё кучи, яъни жаҳонгир Темурга қарама-қарши қилиб қўйди. Аслида, бу таҳликадан мулойимлик билан қутулиб кетиши мумкин эди. Зотан, Шарқнинг бу жаҳоний қудрат соҳиби Йилдирим аждодлари етишган Туркистон фарзанди эди. Ўрдуси ҳам турк ва мусулмонлардан иборат эди. Бирлик ва баробарликдан яралган катта куч билан зафарли одим отарди. Умри жангда ўтган Темурнинг энг муҳим сифатларидан бири ҳам унинг бирорта урушда енгилмагани, дунёнинг ҳар бир ўлкасида қатъий ғалаба қозонганида эди.

 

СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР

Айни чоғда, Анадўлу тупроқларидан мингларча чақирим узоқда бошқа бир турк ва мусулмон ҳукмдори порламоқда эди. 1336 йилда дунёга келган соҳибқирон Амир Темур тинимсиз кураши натижасида 1369[2] йилда Мовароуннаҳр тахтини эгаллади. Хонликда тартиб-интизом ва назоратни йўлга қўйиш билан бирга ўлкасининг тўрт тарафига ҳарбий юришлар уюштирди. Қўшни мамлакатларни ўз ҳукмронлиги остига киритди: яъни 1371–1379 йилларда мўғулларни, хоразмликларни тобе қилди; 1382–1387 йилларда Эрон, Ироқ Озарбайжони, шарқий Анадўлуни забт этди. 1391–1396 йиллар орасида эса икки бор Қипчоқ дашти, яъни Буюк Татаристон ва унга қўшни рус ерларини, Ироқ ва Эронни такрор итоатга келтириб, салтанати чегараларини Ҳиндистондан Анадўлугача кенгайтирди. Барча Оврупо давлатлари бу тўфон шимол бўйлаб ўзи сари оқаётганидан ваҳимага тушди.

1400 йилларда Темур салтанатининг ҳудудлари шарқда Мўғулистон ва Тибет, жанубда Хоразм, Орол ва Ҳазар денгизи, Мўскўва атрофларидан Қафқаз тоғларигача, ғарбда Фирот дарёсидан Сивас ҳавзаларигача, жанубда Мисргача, Уммон денгизигача, Басра кўрфазигача ва ундан Ҳинд денгизигача, Ҳиндистонда эса Деҳлигача чўзилган эди.

Шу тарзда Темур салтанати шарқдан ғарбга тўрт минг километр, шимолдан жанубга минг саккиз юз километрлик минтақани эгаллаганди. 1368 йилдан бошлаб Темур давлати ўттиз тўрт йил – қисқа бир вақтда эришган ўн икки милйўн квадрат километрлик майдони билан Усмонли давлатига нисбатан ўн икки-ўн уч баравар катта эди.

Шу нуқтаи назардан, Темур ўрдуси сўнгги етти йил давомида ўз мамлакатидан жуда олисларда – иқлими ўзгарувчан, борди-келди йўллари тор ва ноқулай, халқи эса батамом ёт ўлкаларда уруш олиб бормоқда эди. Бу қўшин энди шундай яна бир катта уруш олдида турарди. Темур олт­миш олти, Йилдирим эса қирқ икки ёшда эди.

Йилдирим Боязид ўн уч йиллик ҳукмронлик даврида ўттиз бор ҳарбий юриш қилиб, зафар-ла қайтган, йигирма икки ўлкани ҳукмдорлиги остига киритган эди. Шу ўн уч йил мобайнида ўта жадал ҳаракати туфайли ният ва мақсадларидан бир нечасига эришганди.

Бироқ ўзи фатҳ этган ўлкаларда усмонлилар ҳукмини қатъий­лаштиргани, тартиб ва қонунларни тўла ўрнатгани борасида ҳали бир нарса дейиш қийин эди. Айниқса, Анадўлудаги юришлари ва фатҳлари сабаб бу минтақадаги кичик ҳоким ва беклар Темурдан мадад кутувчи ночорларга айланганди. Зотан, шарқда ўз салтанатини кучайтирган ва кенгайтирган соҳибқирон Амир Темур борлигини барча биларди.

 

УРУШ  ЙЎЛЛАРИ

Амир Темур, барча сафарларида бўлгани каби, Анадўлуда ҳам, аввало, айғоқчилардан моҳирона фойдаланди. Йилдирим Боязидга қарши ҳаракат бошлашдан олдин Анадўлу халқи орасида ўз фойдасига тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борди. Шу билан бирга, жосуслари ёрдамида Йилдирим насроний хотинларга уйлангани, сарой аҳли ахлоқан бузилгани борасида гап-сўзларни кўпайтирди. Усмонли мамлакатидаги татарларни (яъни мўғул-татарларни) ўз томонига оғдириш учун уларнинг амирларига мактублар йўллади. Хатларида улар нафсониятини қўзғотадиган “Нега Салжуқ ўғли қулликдан озод этган кишилар авлодидан бўлмиш одамнинг қулига айландингиз?” деган фикрни алоҳида таъкидлади ва Усмонли хонлари паст табақадан чиққани, мўғул-татарлар устун экани, шу боис улар Анадўлуда ҳукмрон бўлиши лозимлигини такрор-такрор айтиб, бу билан уларнинг бошини силагандай эътимод қозонмоққа интилди.

Амир Темур, бундан ташқари, Анадўлудаги муҳофаза нуқталарининг нечоғли соғломлигини, усмонлилар қандай ҳимоя воситаларига эгалигини, уруш олдидан кўрилган тадбирларни пистирма ва тузоқли ерларигача айғоқчилар кўмагида бирма-бир ўрганди. У барча зарур маълумотларни тўплади-да, бирма-бир текшириб чиқиб, қандай йўл тутиш борасида аниқ қарорга келгач, яъни узоқ вақт тайёргарлик кўргачгина Боязид устига юриш бошлади. У сафар учун зарур барча юмушларни битиргандан ке­йин ҳам ишончини янада мустаҳкамлаш учун охирги марта Анадўлудаги сиёсий вазият ва янгиликлар ҳақида батафсил маълумот сўради. Айғоқчи ва маслаҳатчилар сўзи билан кифояланмай, бу борада энг нозик фикрлар айтиши мумкин бўлган Мутаҳҳартанни ҳузурига чақиртирди. Ундан ўзи зарур деб билган маълумотларни эшитди.

Юриш ҳозирлигини якунлаган Амир Темур Йилдирим Боязидга қарши ҳужумга ўтиш мақсадида Арас қирғоғида қўр тўкди. Лашкарлар учун чодир ва капалар қурдирди. Айғоқчилари Темур қўшини келгуси кўкламда Қипчоқлар ўлкасини истило қилишга кетиши ҳақида гап-сўзлар тарқатди. Жосуслари унга бир режа бердиларки, эндиги барча ҳаракатлар шунга мувофиқ амалга оширила бошланди.

Айни чоғда, Амир Темур Боязиднинг барча чора-тадбирларини таъқиб этиб бормоқда эди. Унинг Тўқатга жўнагани ва у ерда дарбандларни беркитаётганини эшитгач, дарҳол Қайсари йўлидан Анқарага кириб боришга қарор берди.

Боязидхоннинг ўзига хос уруш усулларидан бири – жасурона ҳужум билан душманни тўзғитиш, икки-уч соат ичида ундан устун келиб, қатъий ғалабага эришишдан иборат эди. Бундай вазиятда душман орқага қараб чекинар экан, икки ёндан ўраб олиниб, чамбардан чиқармай қириб ташланарди. Бундай режани амалга ошириш учун қўшин маркази ўта қувватли бўлиши ва асло тўзимаслиги керак эди. Бу орада ён қисмлардаги отлиқ лашкар ҳам икки томондан ўраб келиб, ёғийга зарба бериши тақозо этиларди.

Бироқ бу гал Боязиднинг қаршисида унинг уруш усулларини жуда яхши билган, дунёнинг ҳар ерида жанг қилавериб, пишиб кетган, тажрибали, улкан ва музаффар ўрду турарди.

Усмонлилар Темур қўшини Анқарага келгунча аниқ бир режага эга эмасди. Темурийлар Сивас теварагида тургани ва аввал Тўқатга йўналиб, кейин Анқарага юргани ҳақида хабар олингач, иккита уруш режаси тузилиб, муҳокама этилди. Анқарада ўтган ҳарбий кенгашда вазири аъзам жондорлизода Али пошо илк сўз олиб, душман лашкарининг сони ортиқлиги, жанговар филлари борлиги ва отлиқ қисмлар ниҳоятда кучлилигини таъкидлади-да, Темур ўрдусини қаршилаганда ўзимиз текислик водийга, мамлакат ичкарисига чекинган ҳолда, уларни баланд-пастликлар, даралар, чангалзор ва ўрмонларда, алоҳида-алоҳида гуруҳлар ўлароқ жанг қилишга мажбурлашимиз керак, деган фикрни илгари сурди. Ўтмишда бўлганидек, Қилич Арслон Биринчи овруполик хочлилар қўшинини ана шу усулда тўзғитиб, руҳини тушириб енгангга ўхшаш йўл тутиш даркор, деб уқтирди. Вазири аъзам майдон урушига кирмасликни тайинлар экан, шунда усмонлилар лашкари қирилишдан сақлаб қолиниши, Темур эса охир-оқибат бу ерлардан, Анадўлудан қайтиб кетишга мажбур бўлишини эслатди.

Кейин вазир Феруз сўз олиб, юз эллик минг қўшини бор душманга қарши очиқ майдонда юзма-юз жанг қилинса ҳам, бундан бошқача йўл тутилса ҳам, барибир, жуда катта талофот кўрилиши, Анадўлу яғмо этилиши, вайронага айланишини айтиб, энг муҳими, нима қилиб бўлса-да, ёғийни қириб ташлаш шарт, дея масалани кўндаланг қўйди.

Йилдирим Боязид ҳам Феруз пошо фикрига қўшилди. Унда душман ўрдусининг кўплигидан заррача қўрқув йўқ эди. Чунки Боязид олтмиш минг кишилик қўшини билан Оврупода, Ниғбўлуда юз ўттиз минг кишилик хочлилар ўрдусини тўзғитган, қириб ташлаб, зафар қозонган эди. Йилдирим лашкари жаҳду жадалда устунлиги билан ҳар қандай ёвни парчалашга қодир саналарди. “Таворихи олий Усмоний” китобида ёзилишича, “Йилдиримхон Малқўч бейдан Амир Темур ўрдуси ҳақида сўраганида, у Амир Темур қўшинини мақтар экан, Боязидхон унга, Темур ўрдуси сени қўрқитиб қўйибди-ку”, деган.

Хуллас, Боязид душман ўрдуси сон жиҳатдан кўплигига эътибор бермаган, у, асосан, лашкарнинг ҳарбий қобилияти ва жасурлигига таянган, қўшинидаги ана шу фазилатларга ишонган, шуни муҳим деб ҳисоблаган.

Амир Темур Анқара қаршисига келиб, қўр тўқиб, қароргоҳ қургач, қалъа қўмондони Ёқуббекдан таслим бўлишни талаб қилди, у рад жавоби бергач, шаҳарни қамал қилишга буюрди. Лаҳмчилар ишга тушди, қалъа девори остидан ўйиқлар очилди. Шаҳарга оқиб кирувчи сув Хатиб дарасидан бошланарди, унинг йўли ҳам ўзгартириб юборилди. Темур буйруғига кўра, Анқара сойига ва Қизилча кўй дарасидан келувчи сувга оғу ташланди. Темурий ўрду эса қароргоҳ жойлашган Чубуқ сувидан ичар эди. Анқара қалъаси олинса, бу водийга бемалол ҳукмронлик қилиш имкони туғиларди.

Амир Темур Йилдирим ва унинг ўрдуси яқинлашаётганини эшитгач, қамални дарҳол тўхтатди. Усмонлилар қўшини ўз қароргоҳига бостириб келиши эҳтимолини назарда тутиб, у шарқий томонда макон қурган эди.

Усмонлилар Амир Темур ҳеч кутмаган томондан, шимолий жабҳадан, Маликшоҳ тарафдан қўққис ёпирилиб келди. 27 июль, кун тушдан оққан эди. Темур ўрдуси жангга ҳозир эмасди, барча отларни ўтлатиш, сувлатиш билан банд эди. Темур қўшиннинг ҳужум йўналишини бошқа томонга қаратганди. Энди режани ўзгартириб, туманлар, мингликлар, отлиқ ва пиёдалар, ўқчилар ва жанговар филларни бошқа тарзда жойлаштиришга мажбур эди.

Бу вазият Йилдирим учун омад саналар, айни ҳужум фурсати эди. Беклари унга “Султоним, келинг, булар ғафлатда экан, босайлик!” де­йишди. Аммо Боязидхон бу таклифни қабул қилмади.

Амир Темур ўз ўрдуси учун ғоят таҳликали бу аҳволни совуққонлик билан тузатишга киришди. Хўжа Аҳмад Яссавий китобини очар экан, ундаги шу мисраларга кўзи тушди:

Ялдо кечасин шамъи шабистон этган,
Бир лаҳзада оламни гулистон этган,
Бас, мушкул ишим тушибдир, писанд этган,
Эй, барчанинг мушкулини осон этган.

Амир Темур бундай дегани ривоят қилинади: “Султон Боязид аскарига дуч келганимда буни етмиш марта ўқидим, зафар ҳосил бўлди. Ҳар қачон танг аҳволда қолсангиз, шу шеърни ўқинг”.

Амир Темур пешиндан эртаси тонггача лашкар ўрнини ўзгартириш, жабҳани шимолга қаратиш билан шуғулланди. Янги жабҳага мослаб тартиб ўрнатди. Хуллас, қисқа вақт ичида зарарига бўлган вазиятни фойдасига ўзгартириб, қўшинни жангга шай ҳолга келтирди.

Йилдирим Боязидхон ҳам майдоннинг паст-баландлигидан фойдаланиб, ўзига энг қулай тепаликларга ўрнашиб, сиртини тоққа тиради. Шу аҳволида ягона камчилиги – сувсизлик бўлиб, сувнинг Темур ўрдуси тарафида қолгани эди.

Темур ўрдуси сони ҳар хил манбаларда турлича кўрсатилиб, олти юз минггача чиқарилган. Асосан, унинг юз эллик минг кишидан тузилгани тахмин қилинади. Амир Темур ўрдусининг бош қароргоҳи Самарқандда эди. Умуман, икки қўшин Самарқандда, бир ўрду Хуросонда, бири Шерозда турарди. Ўрдунинг турли қисмлари Қандаҳор, Ҳирот, Деҳли, Рай, Табриз, Исфахон каби катта шаҳарларни қўриқлар эди. Темур бу юришдан олдин Хуросон ва Шероздаги қўшинларини Самарқандда тўпланишга буюрганди. Улар Самарқандда йиғилиб, сўнг бошқа шаҳарлардаги қўшинлар каби, буюрилган пайтга Қорабоққа етиб келганди. Анадўлуга юриш бошланар экан, Арзинжон амири Мутаҳҳартан, оққўйлилар амири Қора Юлуқ Усмон ва бошқа майда ҳокимлар аскарлари билан бирга Темур ўрдуси юз эллик минг кишига етган эди.

Йилдирим Боязид ўрдусининг сўл қанотида Рум эли аскарлари, орқа тарафда эса қорататарлар жойлашганди. Ўнг қанот марказини эса Йилдиримнинг ўзи эгаллаганди.

 

ҚЎШИНЛАР

Темур ўрдусининг асосий қисми Мовароуннаҳр аҳлининг қирқдан ортиқ уруғига мансуб кишилардан тузилган эди. Ҳар уруғ ўз сонига кўра аскар берар ва бунинг эвазига солиқлардан қутилар эди. Шаҳарлардан тўпланган сарбадор қўриқчилар ҳам алоҳида пиёда бўлинмасини ташкил этарди. Темур баъзан танг аҳволда қолганида, бу бўлинмалар жонини жабборга бериб, унинг корига яраган. Уларнинг кўпчилиги ажамлардан ҳисобланарди. Забт этилган ўлкалардан ва итоатга кирган давлатлардан олинган аскарлар ҳам ўрдунинг муҳим манбаи саналарди. Туркман, ажам, курд, армани каби элатларга мансуб аскарлар ҳам Темур ўрдусида хизмат қилгани маълум. Темур қўшинлари, асосан, татар (мўғул-татар) ва туркманлардан шаклланган бўлиб, Ўрта Осиё турк ҳарбий анъаналарига хос хислатлари билан ислом оламидаги бошқа ўрдулардан ажралиб турарди. Мовароуннаҳрдаги марказий ўрдуда тартиб ва анъана қандай бўлса, бошқа вилоятлар ва Темур қўл остидаги ўлкалар қўшинида ҳам шундай эди. Отлиқ аскарларда гарчи енгил зирҳ қўлланилса-да, умуман, қўшинларнинг барчасида зирҳ сифатига катта аҳамият бериларди. Аслзода отлиқ аскарлар суюрғол[3] эгалари каби безакли, тангали зирҳлар киярди. Анадўлуга келган қўшинлар таркибида қирқ минг енгил сувори, йигирма минг оғир сувори ва ўн минг пиёда мавжуд эди. Темур ўрдусининг ўзига хосликларидан яна бири ундаги жанговар филлар эди. Испан элчиси Клавихў буларни “Устларидаги ёғоч тахтиравонда беш-олти аскар ташиган ваҳшийлар”, дея таърифлайди. Унинг айтишича, бир киши ҳайвоннинг бўйин қисмига миниб, бошқариб боради. Филнинг қисқартирилган тишларига қиличсимон қуроллар тақилган, нозик аъзолари эса зирҳ билан ўралган. Филлар бир хил тезликда илгарилар экан, ёғийни тишларига боғланган тиғ билан ўтдай ўриб, босиб-тепкилаб бораверади. Устидаги аскарлар ҳам пастдаги душманга тинимсиз ўқ ёғдиради. Арагонлик элчининг тасвирлашига кўра, “Татарларнинг кўзига бир фил минг пиёда аскардай ваҳимали кўринарди”.

Усмонлилар ўрдусининг миқдори хусусида Нашрий ва Ошиқпошозода юз ўттиз минг деган фикрни билдирган. “Темур тузуклари”да тўрт юз минг дейилган. Хаммер юз йигирма минг деса-да, бизнингча, усмонлилар ўрдусида саксон минг аскар бўлган. Усмонли давлати ўрдусининг юз мингдан ошиши султон Салим замонида юз берган. Ниғбўлу юришида олтмиш-етмиш минг аскар қатнашгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Усмонлилар ўрдусининг маркази пойтахт Бурсада эди. Бошқа вилоятларда ҳам шаҳзодаларнинг қўшинлари жойлашган эди. Анадўлудаги қўшинлар, марказдан берилган буйруққа кўра, айтилган ерга белгиланган вақтда етиб борган. Шунда уларнинг бари саксон минг кишини ташкил этган. Темур ва Боязид урушида эса, аввал қўшинлар Анқара ва Сивасга қараб юрди, сўнг яна ортга қайтиб, Анқара вилояти Чубув водийсида жангга сафланди. Натижада етмиш беш минг кишилик ўрду урушга кирди.

Усмонлилар ўрдусининг энг ишончли қисми қапиқули аскарлари бўлиб, пиёдалар ўлароқ икки гуруҳдан, шунингдек, отлиқлардан иборат эди. Пиёдалар ўзаро ажамий, йеничери, жебечи, тўпчи ўчоғларидан тузилганди. Отлиқ қапиқули аскарлари эса сипоҳ ва сипоҳдор бўлинмаларига ажраларди. Қапиқули ўчоғининг энг эътиборли аскарлари йеничерилар бўлиб, улар уруш пайтида ҳукмдор турган марказ гуруҳини ташкил этарди. Ҳукмдор гоҳ уларнинг орқаси, гоҳ ўртасида от устида ўтирарди. Йеничерилар подшоҳ муҳофазачиси ҳисобланарди. Улар орасида сўлақ[4] дейилувчи беш минг кишилик ўқчи бўлинмаси бўлиб, улар ўқ отишда ўта уста эди. Тимарли сипоҳийлар[5] эса, асосан, ўнг ва сўл қанотларда урушарди. Уларга давлат ер бергани учун ўзлари ҳам аскар сақларди. Ўрдудаги азаплар[6] Анадўлунинг турли ерларидан йиғиб келинувчи ёш аскарлар, ўқчи пиёдалар гуруҳи эди. Улар йеничериларнинг олдида борар ва илк зарбани қарши оларди.

Турк ўрдуси қоришиқ, яъни ярим Ўрта Осиё, ярим Оврупо ўрдуси ўлароқ кўҳна қитъада муҳим зафарлар қозонган эди. Анъанавий отлиқ ўқчилар ўрдунинг ҳар икки қанотидан ўрин оларди. Исломий суворилар ва овруполик суворилар анъаналари бир-бирига қўшилиб, ўртача зирҳли суворилар синфи ҳам яратилган эди. Анадўлу ва Румэли вилоятларидан тўпланган бу тимарлиларга зирҳлари боис жебелилар дейиларди. Ўша давр манбаларига кўра, бу суворилар йигирма мингга етарди. Қапиқулилар ўрдунинг марказини, асосий сафларни тўлдирар, улар ақча оладиган ёлланма, мунтазам қисмлар саналарди. Миқдори олти минг йеничери ва мингта сипоҳидан иборат эди. Оврупо манбаларига кўра, енгил зирҳдан фойдаланган йеничерилар пиёда жангчилар орасида жанговарлиги ва моҳирлиги билан ажралиб турарди. Чунки мукаммал ҳарбий таълим кўрган йеничерилар, ўқдан тортиб болтагача, ҳар қуролни моҳирона қўлларди.

Султон қўриқчилари саналган сипоҳилар урушдаги олишувда қатнашмасди. Улар оғир сувори қисмига мансуб бўлиб, ўз қиёфаси ва мукаммал зирҳи билан эътиборни тортарди.

Ўрду марказининг энг бошида борувчи енгил пиёда қисмига мансуб азаплар сони беш минг эди. Улар фақат уруш пайтида ўрдуга келиб қўшилувчи, яхши қуролланган, маошли бўлинмалар эди.

Булардан ташқари, тахминан уч мингча серб сувориси ўрду сафларидан ўрин олганди. Улар, асосан, оғир зирҳли бўлиб, войник дейиларди.

Тағин беш мингга яқин енгил сувори қисми ҳам бор эди, улар янги фатҳ этилган бекликлардан келтирилган эди. Қорататарлар деб аталган бу бўлинмалар XIII аср ўрталаридаги мўғул истилоси сабаб Анадўлуга жойлашиб қолган мўғул наслларидан иборат эди.

Шуни айтиш керакки, икки ўрдунинг кучи орасидаги фарқ жуда катта эди. Боязид аввалги ҳеч бир рақибига ўхшамаслиги, унинг қўшини овруповорий сифатларга эгалигини кўзда тутган Амир Темур Мовароуннаҳрдаги энг қудратли ва мукаммал зирҳли, қуролли қисмларини ҳам келтирган бўлиб, унинг ўрдуси юз олтмиш минг эди.

Усмонли ўрдуси эса, ҳатто қўшиб айтганда ҳам, етмиш беш мингдан ошмасди. Шунинг учун Боязид ўз қўмондонларига ғалаба қозониш учун мумкин қадар фидокор ва ғайратли бўлишни буюрди.

 

УРУШ  ЙЎНАЛИШИ

Темур ўрдусининг ўнг қанотида мирзо Мироншоҳ, мирзо Абубакр, Тўқал барлос, Али Сулдуз, шайх Нуриддинбек, Бурундуқбек, Али қавчин, Мубашшир, Мутаҳҳартан, Абдулла Аббос, ҳожи Сайфиддин, Умар Тобонлар; чап қанотида амирзода Шоҳрух, амирзода Халил султон, уларнинг қўшинлари ёнида Ҳусайн султон, Али султон ва Муса Тўйбуқа жойлашган эди.

Марказ ўртасини Амир Темурнинг ўзи эгаллаганди. Унинг ёнида Тоштемир, Юсуф мўғул, ҳожи Бобо Сучу, Искандар Ҳиндубек, ҳожи Али Юсуф, Апарди амирлар ҳозир эди. Йилдиримдан қочган Анадўлу бек­лари ҳам Амир Темур қаватида эди. Марказнинг ўнг томонидан мирзо Муҳаммад султон, мирзо Амиршайх, мирзо Муҳаммад Умаршайх, мирзо Искандар ва бошқа қўмондонлар ўрин олганди.

Усмонлилар ўрдусининг ўнг қанотида Темуртош пошо қўмон­донлигидаги Анадўлу сипоҳилари, чап қанотда шаҳзода Сулаймон қў­мон­донлигидаги Румэли бўлинмалари саф тортганди. Йилдирим Боязидхон ўн минг кишилик йеничери билан ҳар замондагидек марказни тутган эди. Вазири аъзам Али пошо билан шаҳзодалардан Мусо, Исо ва Мус­тафо Чалабийлар подшоҳ ёнида туришарди. Йеничерининг олдида суворилар ва азаплар терилган эди. Эҳтиёт қувватларига шаҳзода Маҳмад Чалабий бошчилик қиларди. Ўнг қанотдаги эҳтиёт қисмлари орасида серб бўлинмалари, сўл қанотдаги эҳтиёт қисмлари ичида эса турклашган мўғуллардан тузилган қорататарлар саф тортган эди.

 

АНҚАРА ЖАНГИ[7]

1402 йил 20 июль, сешанба куни тонг соат олтида икки тарафда ўрдулар саф торта бошлади. Аввал байроқлар кўтарилди. Уруш олдидан Амир Темур ҳам, Йилдирим Боязидхон ҳам икки ракат ҳожат намозини ўқиб, сўнг жангчиларига хитоб этди.

Йилдирим Боязидхон ўз ўрдусининг қаҳрамонликлари, зафар қозонган жанглари, садоқат ҳақида сўзлади.

Шу пайтда Амир Темур ҳам ўз лашкарига хитоб этмоқда эди. Сўзини тугатиб, ўрду қаршисида икки ракат намоз ўқиб, Оллоҳдан мададу ғалаба тилаб, юзини тупроққа суриб, дуолар қилди. Энди тарафлар урушга шай эди. Жангга чорлаб карнайу сурнайлар, бурғу ва қудумлар чалинди.

Тарихдаги энг буюк урушлардан бири – Анқара жангги Темур ўрдусидаги марказ, ўнг ва чап қанот қўшинларининг усмонлиларга бирдан ёпирилиши билан бошланди. Марказ қўшинларига қўмондонлик қилаётган амир Маҳмуд ўғлон, Темур набираларидан мирзо Муҳаммад Умаршайх, мирзо Жалол Исломлар усмонлиларнинг марказдаги кучларига қаттиқ зарба ёғдирди. Шубҳасиз, Темур лашкари Усмонли ўрдусининг ўртасидан ёриб, уни бўлиб ташламоқчи эди.  Усмонлилар қўшини марказида мудом жангларда юриб, суяги қотган, кучли ва тажрибали йеничери бўлинмалари ва азаплар ўрнашганди. Йеничерилар бошлиғи Ҳасан оға ҳужумни босиқлик ва жанговарлик билан қайтарди – темурий аскарлар тўхтатилди. Қиличбозлик бошланиб кетди. Темур лашкари чекинди. Бу атрофдаги олишувларда тушликкача Темур бўлинмаларининг тўзиши ва жанубга чекиниши кузатилди.

Жанг бошланиши билан вазир хўжа Ферузбек қўмондонлигидаги ўнг қанот қўшинлари Чубуқ водийси бўйлаб илгари босар экан, шаҳзода Сулаймон Чалабий бошлиқ усмонлилар ўрдусининг сўл қанотидаги Румэли аскарларига оғир зарба берди. Сўнгра Румэли лашкари ҳам бирдан чақмоқдай ёғилиб, ҳужумга ўтди ва ўзини кўрсатиб қўйди. Темурийлар ўзининг қандай қояга урилганини англади. Айни чоғда, Темурдан ёрдамга бориш изнини олган мирза Муҳаммад қўшини билан кўмакка етиб келди ва аҳволни ўнглашга интилди. Бу орада филлардан ҳурккан турк отлари усмонлилар ҳаракатини секинлатиб қўйди, отлар устидаги жангчилар ҳам анча қийналди. Темурий аскарларнинг тўлқин-тўлқин ҳолидаги кетма-кет ҳужуми давом этарди. Бу пайтда Темурнинг ён томонлардан ёғилган бир қисм қўшини усмонлиларнинг сўл қанотдаги биринчи сафини суриб ташлаб, иккинчи қатордаги лашкар билан олишувни бошлаб юборган эди.

Темурнинг ўнг, усмонлиларнинг сўл жабҳаларида уруш омонсиз давом этар экан, усмонлиларга қарши қаратилган бир тасодиф юз берди. Усмонли ўрдусининг сўл қанотига мансуб эҳтиёт қисмдаги қорататарлар мудҳиш хиёнат содир этди. Улар темурий лашкар билан тил бириктириб, унинг ўрдуси билан урушаётган отлиқ усмонлиларга орқадан ўқ ёғдира бошлади. Шу тарзда ҳам олдин, ҳам орқадан зарбалар остида қолган усмонлиларнинг сўл қанотида саросима, ваҳима пайдо бўлиб, лашкар тўзишга, бошбошдоқликка юз тутди.

Бу даҳшатли ва таҳликали вазиятни кузатиб турган усмонли ўрду­сининг эҳтиёт қисмлари қўмондони Маҳмад Чалабий, буйруқни ҳам кутмай, бор лашкари билан қарши ҳужумга ташланди. Чап қанотда юзага келган тарқоқликни азму шижоат-ла тузатишга киришди.

Қорататарларнинг душман тарафга ўтиб кетиши ва шу қанотда кучлар мувозанати бузилиши усмонлилар ўрдусига катта зарар етказди, умумий вазиятни ўзгартириб юборди. Бу кутилмаган хоинлик аскарларнинг руҳига ҳам таъсир қилди, эндиликда ёғийнинг эҳтиёт қисмлари ҳам жангга кирар экан, усмонлилар қарши ҳужумда муваффақият қозонолмаслиги аён бўлиб қолди.

Бошқа тарафда, яъни Темур ўрдусининг сўл қаноти билан усмонлиларнинг ўнг қаноти тўқнашувида қонли олишув давом этмоқда эди. Темурнинг ўғли Шоҳрух қўмондонлигидаги қўшин бу жабҳада Темурнинг набираси Султон Ҳусайн қўшини ва амир Сулаймоншоҳ лашкари билан биргаликда ҳужумга ўтди. Бу жабҳада усмонлилардан Қора Темуртош пошо қўмондонлигидаги Анадўлу тимарли сипоҳилари, Боязиднинг қайнотаси – Сербистон мустабиди Стефан Лазарович қўмондонлигидаги серб аскарлари жанг қилмоқда эди. Темурийлар зарбасига қарши усмонлилар ҳам мудҳиш зарбалар қайтариб, олишувда жанговарлигини кўрсатди. Анадўлу тимарли сипоҳилари темурий лашкар устига ўқ ёғдириб, қисқа муддатда анча аскарни сафдан чиқарди. Серб кучларининг ҳам қўшилиб ҳужумга кириши ва усмонли  қўшинларининг баравар ташланиши натижасида жиддий талофат ва тўзғинга учраган сўл қанотдаги амирзода Ҳусайн лашкари жанубга қараб чекинишга мажбур бўлди.

Амир Темур жангнинг боришини кузатар экан, гарчанд ўнг қанот қўшинлари олға босиб, муваффақият қозонса ҳам, марказ ва сўл тарафдаги черикларнинг тўзғиётгани, умуман, марказда аҳвол яхшимаслигини кўриб, андишага тушди. Муҳаммад Султон ўз аскарлари билан  марказга ёрдамга бориш учун изн сўраганда, Амир Темур уни сўл қанотга юришга буюрди. Бу қанотга Шоҳрух қўшинига мансуб амир Сулаймоншоҳ лашкари масъул эди. Унинг қаршисидаги усмонлиларнинг ўнг қанот ўрдуси ҳужумга ўтиб, темурийлар сўл қанотининг иккинчи чизиғини эгаллашга киришди. Амир Темур сўл қанотга мадад кучларини жўнатиб турганига қарамай, Боязидхон аскарини тўхтата олмади. Уруш шиддат билан қизиб борар, усмонлилар устунлиги сезилиб турарди.

Шу пайтда, усмонлиларнинг сўл қанотидаги каби, ўнг қанотида ҳам ғулғулага сабаб бўлган бир ҳодиса юз берди. Темур ўрдусига аввалдан ўтиб кетган Анадўлу бекликлари аскарлари байроқларини ҳилпиратиб, Боязидхон черикидаги собиқ сафдошларини ўзлари томонга чақира бошлади. Хусусан, Гармиён, Сарихон, Ойдин ва Ментеше бекликлари лашкари ўз байроқларини кўтариб, қўмондонлари номини айтиб, қавмдошларини Темур ўрдусига ўтишга чорларди.

Усмонли ўрдусидаги Анадўлу бекликлари сипоҳиларидан бир қисми, яъни янги қўшилгани боис ҳалиям усмонлилар давлатига қовушиб кетолмаган аскарлар аввалги қўмондонларининг сўзлари ва байроқларидан таъсирланиб, уруш майдонида усмонлиларни тарк этиб, Темур қўшинлари ёққа ўта бошлади.

Иккинчи тарафда эса Амир Темур бу ҳодисалардан мамнун ҳолда, ёрдам кучларини кетма-кет жўнатиб, ҳужумни шиддатлантириб борарди. Бирмунча вақт давом этган аёвсиз жанг ва олдинга-орқага силжишлар оқибатида  кўплаб лашкаридан айрилган Анадўлу тимарли сипоҳилари қарши томонга ўтаётганлар ҳисобига анча озайиб қолди. Бу ҳолат шундоқ ҳам чираниб жанг олиб бораётган усмонлилар ва серб лашкарига салбий таъсир қилди. Ярми ўлиб, ярми қолган ва асосий қисми серблардан иборат бўлган усмонлилар ўрдусининг шу қанотдаги қўшини тинимсиз зарбалар остида охири мажбуран чекинишга юз тутди.

Шу чоғда сербларнинг мустабид подшоҳи Лазарович Йилдирим Боязидхон ёнига келиб, “Шаҳаншоҳим, жангни бой бермоқдамиз. Ўрдуларимиз майдонни тарк этмоқда. Энди бу селга қарши туролмаймиз. Чекинайлик,” дея таклиф киритди.

Йилдирим унга: “Асло!” дея қатъий жавоб берди.

Усмонлилар хоқони, уруш майдонида енгилиб қочди, деган иснодга қолишни истамасди, албатта.

Серблар сўл қанотда ортга чекинаётган Сулаймон Чалабий лашкари орасидан ўтиб, қонли жанг тепаларини тарк этиб, Румэлига қараб йўналди ва Сербистон йўлини тутди.

Бироқ марказдаги жабҳада ёғийни оз бўлса-да, ортга чекинтирган, муваффақиятли урушаётган йеничерилар ва азаплар Темур ўрдусининг энг кучли бўлинмалари ҳисобланган зирҳли суворилар қўшинига, ўлим ва даҳшат сочувчи филларига қарши мудофаа чизиғида ўзини аямай, жонли тўсиқ сифатида жанг қилди. Айниқса, филлар оёғи остига ўзини отиб, жонидан кечиб бўлса-да, бу баҳайбат ваҳшийлар танасини кесиб ташлаётган фидойилар, айниқса, қаҳрамонлик кўрсатди. Хиёнатлар сабаб усмонлилар ўрдуси қанотлари заифланиб, очилиб қолган, чекиниш давом этар эди. Шунга қарамай, марказ жабҳасидаги лашкарлар ўлим ўқларини ёғдириб, мингларча ёғийни ер тишлатди. Аммо тушдан сўнг барча усмонлилар қўшини мажбуран ортга чекинди. Чунки Темур ўрдусининг пешин олдидан ёппа ҳужуми ва зарбаси тобора кучайди ва оқибатда душманни тўзитди. Марказ ва қанотдагилар жанг майдонини тарк эта бошлади.  Айниқса, ён томондаги усмонли аскарлари рақибнинг отлиқ лашкари ҳужумига дуч келиб, батамом қирилиб битди, шаҳид бўлди. Шундай қилиб, усмонлилар ўрдуси хиёнат қурбонига айланди, тўзиб тарқала бошлади[8].

 

УСМОНЛИ ЎРДУСИНИНГ ТАРҚАЛИШИ

Усмонли ўрдусининг сўл қанотига, яъни қорататарларнинг хиёнати сабаб кучсизланиб, чекинишга мажбур бўлган жабҳасига вазиятни тузатиш учун Маҳмат Чалабий қўмондонлигидаги эҳтиёт қўшинлари ёрдамга етиб келгач, жанг яна кучайди. Бироқ темурийларнинг қарши ҳужуми боис бу қанотдаги усмонли лашкари тағин ортга чекинди.

Бу вазиятни кўриб, вазири аъзам Али пошо, йеничерилар бошлиғи Ҳасан оға, Ойна беги ва бошқа қўмондонлар жангнинг бой берилганига амин бўлди-да, “номуси давлатни қутқариш” баҳонасида катта шаҳзода Сулаймон Чалабийни ёнларига олиб, қолган-қутган Румэли аскари билан майдонни тарк этди ва чекиниш асносида шимолга йўналди.

Маҳмат Чалабий ҳам, гарчи ёғийга қарши ҳужум уюштирган бўлса-да, муваффақиятга эришолмади. Темур ўрдусининг бу қанотга зарбаси ортгани сайин, айниқса, Румэли лашкарининг майдондан қочгани ортидан Лоласи Боязид пошо ва бошқа умаронинг ташвиқи билан Маҳмат Чалабий ўз қўшини, яъни Амася-Тўқот-Сивас жангидан омон чиққан минг қадарлик лашкари билан майдонни тарк этиб, Амася йўлига тушди.

Сўл қанотда қўмондонсиз қолган бошқа Румэли лашкари ҳам тўзиб,  Сулаймон Чалабий тўдаси ортидан Миро қишлоғига қараб от сурди.

Шундай қилиб,  пешинга борганда Усмонли ўрдусидаги ўнг қанот ҳам, сўл қанот ҳам буткул тарқалиб кетди.  Энди фақат марказда ўзидан устун ёв қўшини билан уруша-уруша ҳолдан тойган, қадам-бақадам ортга чекинаётган қапиқули кучлари, яъни салтанатнинг ёлланма, мунтазам қўшини ҳамда улардан сал нарида Йилдирим Боязиднинг бош қароргоҳи ва унинг бир ҳовуч қўриқчи бўлинмаси қолган эди, холос.

Ёғий ҳам  жанг майдонида зарбани кучайтириш, ҳам Йилдирим Боязид гуруҳини ҳар ёқдан ўраб олишга жаҳду жадал этарди. Шу пайт силоҳдор оғаси, яъни подшоҳ ва вазирларнинг қурол-яроғига масъул Миннатбек Йилдирим Боязид ҳузурига келиб, бундай деди: “Султоним, атрофда кимса қолмади, душман сизга қасд қилиши мумкин. Яхшиси, қиёфани ўзгартириб, бу таҳликали жойдан тезда ташқарига от қўйингки, мен йеничерилар ва бошқа яқинларимиз билан бош қўмондонлик санжоғи остида яна бир оз жангни кузатиб турай, сиз бу вақт ичида соғ-саломат омонликка эришгайсиз”. Бироқ Йилдирим Миннатбекнинг бу таклифига кўнмади. Охири ўрдугоҳи жойлашган Чаталтепада янгидан ҳимояга ўтишга ва душманга зарба ёғдиришга қарор бериб, аста чекинишга киришди.

Йилдирим Боязидхонга Чаталтепадан жанг майдони кафтдагидек кўриниб турарди. Жанггоҳда усмонлилар жабҳасидан асар ҳам кўзга чалинмас, ҳар томонда Темур аскарлари ҳокимликни қўлга олаётганди. Боязидхон тўзиб чекинаётган аскарини ёнига олиб, отлиқ яёв жангчилари ва йеничериларидан иборат муҳофаза чизиғини ташкил этиб, Чаталтепадаги бир баландликка байроғини тикди. Байроққа кўзи тушган Темур аскарлари бу тепага ҳужумни янада кучайтирди. Шу чоғда Йилдиримнинг қаватида олти минг йеничери бор эди. Бир пайт йеничери бошлиғи сафдошлари фикрини подшосига етказиб, бундай деди: “Султоним, сиз ичимиздан чиқманг, зўраки ғайрат-ла давлатимиз шаънини йиқманг, чидаб турайлик. Сиз бизга орқа бўлинг, биз олдинда қилич солайлик, душман бизнинг милтиғимизу замбаракларимиз ўқига бардош беролмайди, кўрасиз. Унинг филлари тоғлардаги селдай ёпирилса ҳам, орамизни ёриб киролмайди. Оқшом яқинлашмоқда, биз шу ерликмиз. Улар ғариб ва бегона. Оқшом кирганда, чекинайлик, омон қолурмиз, ортимиздан қувишга журъатлари етмас”.

Вақт пешиндан оққанди.

Темур ўрдугоҳида эса зафар эпкини эса бошлаганди. Йилдирим Боязид Чаталтепада озгина лашкар билан танг аҳволда ўз қисматини кутиб тургани хабари Темурга етказилгач, у ўғли Шоҳрухни катта қўшин билан ёғий қароргоҳи сари жўнатди. Кетидан Мироншоҳ, амирзода Ҳусайн ва амир Сулаймоншоҳ ҳам қўшини билан Чаталтепага қараб от сурди.

Афсонавий йеничери қисмлари ҳимоя чизиғида шиддатли жанг олиб борди. Улар ҳеч чекинмай, қўрқув билмай олишар экан, кўплари шавқ-ла шаҳидлик шарбатини ичди. Бироқ ўзларидан икки баравар кўп ёғийни ҳам ер тишлатди. Фақат ёв қанча ўлдирилмасин, улар сони тобора ортиб борарди. Зеро, ортга чекинган усмонлиларни қувиб кетган қисмлар ҳам қайтиб, Чаталтепага кириб келаётган эди. Усмонли лашкарининг ҳозирги чора-тадбири элак билан қумтепани текислашга ёки денгиз сувини ғалвирда ташиб бўшатишга уринишдек бир гап эди. Йилдирим ўрдусидан энди уч минги қолганди, холос. Ниҳоят, Боязидхон  Чаталтепа чамбарини ёриб ўтиб, жанг майдонини тарк этиш фурсати етганини пайқади. Акс ҳолда, бирга-бир урушиб, ажал топишлари аниқ эди. Ҳар ёндан ёпирилиб, зарба бераётган Темур аскарларига қарши бир ҳовучгина лашкари билан кун ботгунча қарши курашган Йилдирим қоронғи тушган ҳамоно омон қолган отлиғу пиёда аскари ва уч минг чоғли йеничери ҳамроҳлигида душман ҳаракати сустлашган бир тепанинг шимол томонидан қўққис ҳужумга ташланди. Темур аскарлари нима бўлаётганини ҳам англамай қолди. Йилдирим тезлигидаги шиддатли зарба билан ёғий чамбари ёриб ўтилиб, тепанинг юришга энг қулай энишидан пастга ўқдек отилишди. Чор атрофни зулмат қоплагани сабаб ҳар икки тараф ҳам ғоят қийналиб жанг қилар эди.

Ҳадидийнинг “Таворихи олий усмоний”сида таъкидланганидек:

Сипоҳи душманга девона каби,
Ёнар ўтга тушган парвона каби
Душман марказига ўзини урди,
Черикни соғ-омон четга етурди.
Кўринг, не ҳолатдир, деди Темурланг,
Дедилар, Боязид айламакда жанг.[9]

Йилдирим Боязиднинг жасурларча ёпирилиб, чамбарни ёриб ўтганини эшитган Темур энг жанговар қисмни унинг ортидан қувишга юборди. Йилдирим сафдошлари билан ёвнинг бир неча тўсиғидан ошиб, Чаталтепадан ўн олти чақирим узоқлашишга эришди.  Кун бўйи давом этган аёвсиз олишувдан ва узоқ муддатли от суришдан чарчаган, сувсизликдан ҳолсизланган Йилдирим ва сафдошлари Чубуқ сойи кунботаридаги қияликларда Темур лашкарига тағин бир бор йўлиқди.

Бугунги Маҳмуд ўғлон қишлоғи атрофидаги тик ва тошлоқ қиядан тубанга энар экан, Йилдирим Боязидхон минган от қоқилди-да, тойиб ағдарилди. Ҳукмдор отини турғизишга ва бошқа отга алмаштиришга улгуролмай, Темур лашкари қўлига асир тушди. Хонни тутқун этган душман қўмондонининг исми ҳозирда қишлоқ номи унинг оти билан аталаётган Маҳмуд ўғлон эди.

Шу ерда Йилдирим Боязид билан биргаликда Румэли бекларбеги Хўжа Феруз, шунингдек, Мустафо ва Алибеклар ҳам тутилдилар.  Яхшибек ва бошқа баъзи қўмондонлар  эса шу қияликдаги олишувда шаҳид бўлдилар.[10]

Йилдирим Боязиднинг асирга олиниши ҳақида турли ривоятлар бор. Усмонли манбаларида, умуман, Гармиён беги ишорасига кўра, қўлга туширилгани таъкидланади. Машҳур тарихчи олим Камол Пошозоданинг ёзишича, “Йилдирим Боязидхон оқшом пайти душман филлари устига от суриб борар экан, қарши тарафдаги Гармиён ўғиллари уни таниб қолди-да, Темурга хонни кўрсатди. Шундан сўнг Темур аскарлари дарҳол Йилдирим Боязидни ўраб олиб , уни қўлга туширди”.

 

ИККИ ҲУКМДОР  УЧРАШУВИ

Амир Темур ўз ҳузурига келтирилган Йилдирим Боязидхонни тик турганча, камоли ҳурмат билан кутиб олди. Иззат ила уни ўз чодирига так­лиф этди ва хонни тўрига ўтқазди. Унинг юз-хотири учун яхши сўзлар айтиб, дўстлик қуриш йўлини тутди. Шунинг баробарида бундай воқеага сабаб бўлишни хоҳламаганини ҳам таъкидлаб, хонга бундай деди: “Биз тарафдан сулҳга интилиш учун нақадар одим отилган бўлса, сиз тарафдан охири ҳужум билан якунланган шу қадар кину қизғинлик содир этилди. Биз ширин сўзлар билан ишни битиришни истадик, сиз ёқдан аччиқ хабарлар олдик. Магарки, тақдир бизга бу тарзда учрашиб кўришмоқни, орадаги совуқлик пардасини кўтармоқни раво кўрибдир. Энди мушку анбар таратган кўнглимизга қайғунинг ғубори қўнмасин. Ҳаёт боғимизга хафагарчиликнинг совуқ шамоли ораламасин. Замон бошимизга солган аламли ишлардан ўкинмаслик керак. Рум диёрини сизнинг адолатингиз кўланкасидан четда қолдиришни кимса ўйлаётгани йўқ. Ҳеч кимнинг бахтига зомин бўлинмас. Магарки,  чораси топилмайдирган илоҳий амр келмаса, бас. Бахтли кишиларнинг порлоқ кўзларини фақат Оллоҳ истаги ила  қоронғилик қоплай олгай…”

Йилдирим Боязидхон Темурнинг бундай назокатли кутиб олишига жавобан “Оллоҳ Таолонинг тақдир қалами бир ўлкага йўқлик ишоратини чизар экан, ишнинг оқибати шундай бўлгай”, деди.

Икки подшоҳнинг учрашуви ҳокимона сўзлар билан безалиб, ўртадаги совуқлик пардалари кўтарилди. Кўнгиллардаги эски кину адоват йўқолди. Боязидхон оталик шафқати ила шаҳзода ўғиллари тақдирини суриштириб билишларини сўради. У салтанатининг эртанги тиргаклари бўлмиш шаҳзодаларга уруш сабаб бирор зарар етишидан андишада эди.

Темур дарҳол буйруқ бериб, шаҳзодаларни топиш ва чодирга келтириш учун одам йўллади.

Усмонли тарихларида қиёматгача ибрат бўларли ушбу қонли урушда Мустафо Чалабий йўқолиб қолгани қайд этилган. Бунга қарама-қарши ўлароқ, Темур фатҳномаларида, унга бағишланган тарихларда Йилдирим Боязиднинг икки ўғли асир олингани ҳақида ёзиладики, бизнингча, бу тўғрироқдир.

Йилдирим Боязид вафотидан сўнг шаҳзода Мусо Чалабийни озод этган Амир Темур Мустафо Чалабийни ўзи билан Самарқандга олиб кетган. Зотан, шаҳзода Мустафо орадан йигирма йилча вақт  ўтиб, қарийб унутилиб кетган бир вақтда тахт даъвоси билан Муродхон Иккинчи қаршисидан чиққан. Ана шу сабаб сохта Мустафо деб ҳам аталган.

Амир Темур Мустафо ва Мусо Чалабийларга ўз болалари каби муносабатда бўлди. Илтифот кўрсатиб, ширин сўзлар билан синиқ кўнгилларига ором берди. Меҳрибон оталарига ажратилган мовий гумбазни эслатувчи чодир ёнида улар учун ҳам махсус кенг чодирлар қурдирди. Шоҳона дас­турхон солдириб, меҳмон қилди.

Жангнинг эртасига Амир Темур ўз қароргоҳини Кечиўран боғларига кўчирди. Анқара қалъаси кутволи Ёқуббек ҳам Темур қароргоҳига келиб, унга тобелигини арз этди ва қалъани Алисултон товачига топширди.

 

ҚУВИШ

Уруш бой берилганини кўриб, чекина бошлаган усмонлилар, асосан, Сулаймон Чалабий қўмондонлигидаги лашкарлардан иборат эди. Тўнғич шаҳзода Сулаймон Чалабий ёнидаги вазири аъзам Али пошо, ғозий Эвронос, Ниҳолўғли Маҳматбек, Мурод пошо, йеничери бошлиғи Ҳасан оға ва бошқалар билан биргаликда Румэлидаги усмонлиларга тобе юртларни бошқарарди.

Сулаймон Чалабий жанг майдонини тарк этиб, шимоли ғарбга қараб юрди ва Измирга етди. У ердан жадал айлаб, Бурсага борди. Бу ерда туғишганлари Фотма ва кичик шаҳзода Қосимни, қўлга кирганича мол-дунёни олиб, қўшинини Бандирма йўли орқали Гелибўлу устидан Румэлига йўналтирди.

Серб аскарлари ҳам Сулаймон Чалабийнинг орқасидан тушиб, аввало, Румэлига ўтди, у ердан Сербистонга кетди. Субоши Ойнабек эса Бурса йўли билан Боликесирга келди ва атрофдаги тоғларга ўрнашди. Ора-сира Темур лашкари жойлашган ерларга босқинлар уюштиришга киришди.

Маҳмат Чалабий эса мингга яқин аскари билан Амася вилоятига келди. Усмонли ўрдусининг бошқа баъзи катта-кичик қисмлари ҳам Истанбул бўғози орқали Румэлига ўтиб кетибгина жонларини қутқариб қолди.

Бу орада Амир Темур ҳам бўш турмади: фурсатни бой бермай, жангнинг кетиши ва натижасига кўра, мирзоларини Анадўлунинг турли вилоятларига юборди. Невараси Муҳаммад султонни эса Сулаймон Чалабийни қўлга олиш учун Бурсага жўнатди.

Муҳаммад султон Абубакр баҳодир, шайх Нуриддин амир, Жаҳоншоҳ баҳодирни ёнига олиб,  ўттиз минг кишилик қўшин билан жаҳду жадал айлаб, Сулаймон Чалабий изига  тушди.

Темур қўшинлари бу ерга келаётганини эшитган бурсаликлар ваҳима ичида Муданя ва Улуғтоғ тарафга қочди. Муҳаммад султон беш кун ёғийни қувиб, ниҳоят, Бурсага кириб келди ва шаҳар идорасини қўлига олди. Бироқ у Сулаймон Чалабийни қўлга туширолмади.

Қалъа темурийларга ўтиши биланоқ шайх Нуриддин барча молу жавоҳирлар, инжу ва ёқутлар, нақд ақчалар, қимматбаҳо буюмлару газламаларни қўлга олди, хазиналарни алоҳида ерга ташиттирди. Шунингдек, Бағдод ҳукмдори Аҳмад жалойирнинг  қизини,  Сербистон қиролининг синглиси, Йилдирим Боязидхоннинг хотини,  шаҳзода Оливера ва икки қизини ҳам асирга туширди.

Амирзода Абубакр ўн минг отлиқ қўшини билан Янгишаҳар устига юрди. Чунки Сулаймон Чалабийнинг бир миқдор қўшин билан шу ерда тургани хабари келганди. Аммо Сулаймон Чалабий Гемлик йўли билан денгизга чиқиб,  қочиб улгурган эди.

Таъқиб лашкари қўмондони Муҳаммад султон аҳволни Темурга билдирди, юзтача сара қўриқчилар билан ўлжа ва ғаниматларни, бир қисм асирларни Соҳибқирон ҳузурига йўллади. Бу тутқунлар орасида, Боязидхоннинг хотини ва қизлари билан бирга Шамсиддин Муҳаммад Бухорий, Шамсиддин Муҳаммад Фанорий, Шамсиддин Жазарий каби таниқли уламолар ҳам бор эди. Уларни кейинроқ шайх Нуриддин Амир Темур ҳузурига олиб кирди.

Қисқа муддат Анқара атрофида қолган Темур шу орада бир дипломатик ишни ҳам бажарди: уруш давомида ёнида бирга юрган испан элчиларини, уларга қўшиб ўз элчиларини ҳам Испанияга жўнатди.

 

ТЕМУР  АНАДЎЛУДА

Қўнё вилоятига йўналган султон Маҳмудхон қўмондонлигидаги қўшинлар Қўнё, Оқсарой, Оқшаҳар, Испарта каби шаҳарларни яғмо айлади. Шунингдек, Ойдин вилоятига юборилган лашкар ҳам бу ерларни талон-тарож  этди.

Айни кунларда Амир Темур бир пайтлар Боязидхон эгаллаб олган Қараман, Гармиён, Ойдин, Сарухон, Ментеше ва Ҳамидўғиллари беклик­ларини ўз эгаларига қайтариб берди.

17 августда, яъни урушдан уч ҳафта ўтгач, Сарухон беги Маниса шаҳрига тантана билан кириб борди.  Шу тарзда Арзинжондан Мунтушуга қадар чўзилган кенгликларда аввалги бекликлар қайтадан тикланди. Қараманўғиллари, айниқса,  олдингидан ҳам кучли ҳокимиятга эга бўлди.

Муҳаммад султон Манисада, Шоҳрух Улубўрлу ва Кечибўрлу тарафларда қишлар экан, Темур ҳам Кутахядан чиқиб, Денгизли, Ойдин, Аясулук, Тира йўли орқали Измирга юрди.

Соҳибқирон Измир атрофига яқинлашганда, Муҳаммад султон ҳам ўз қўшини билан унга келиб қўшилди. XIV аср ўрталарида турклардан олиб қўйилган Измир ва унинг теварагидаги баъзи қалъалар 1402 йил 2 декабрда  Темур ўрдуси тарафидан забт этилди ва бари Ойдинўғиллари ихтиёрига берилди.

Темур энди Румэли сари йўналмоқ ниятида эди. Зеро, Византия императўри Мануэл Боязиднинг асирга тушганидан роса қувонган, аммо Темур Румэлига ўтмоқ учун кема тайёрлаётгани ҳақида хат олгач, дами ичига тушиб кетган эди. У Темурнинг ўн беш кунда Измирни қамалда тутиб, сўнг забт этганини эшитгач, Истанбулга ҳам худди шу тарзда ҳужум уюштириши мумкинлигини тахмин қилди. Шу фикрга келгач эса, дарҳол Темурга армуғонлар билан элчилар жўнатиб,  унга тобелигини билдирди.

Айни пайтда Темур султон Ҳусайн баҳодир, амир Сулаймоншоҳ баҳодир, Рустам Тоғайбуғаларни ўз қўмондонлигидаги қўшин билан бирга Оқшаҳар ва Қўнё тарафларни забт этишга йўллаб, ўзи ҳам катта қўшин билан Сивриҳисорга етиб келган ва ўрдугоҳини қуриб, шу ерда тўхтаган эди.

Султон Маҳмудхон, Искандар мирзо ва султон Ҳусайн қўмон­донли­гидаги лашкарлар ғарбий Анадўлуга тарқалди. Улар Қўнё, Оқсарой, Ҳамидэлини яғмо айлаб, бир қисм аҳолини асирга олиб, атрофни вайрон қилди. Ойдин ва теварагини эса Саидхўжа ва Шайхали баҳодир аскарлари хароб этди.

“Зафарнома”да таъкидланишича, Темур қароргоҳини Сивриҳисордан Саидғозийга, у ердан Афйўн-Қораҳисор орқали Кутахяга кўчирган ва Кутахяда катта зиёфат берган, унда Йилдирим Боязидни чақириб, илтифотлар кўрсатган. Соҳибқирон бир ой Кутахяда қолгач, сўнг Йилдирим Боязид билан бирга Олтинтошга ўтган.

Анадўлуни истило  қилган  Амир Темур ҳар ёқни усмонлилар қарши­лигидан буткул тозалай олмагач, қанчалар орзу этса ҳам, туруми уйғун бўлмагани сабабли Румэли  сари юрмаган.

Византия императўри Темурнинг Анадўлудаги фатҳ ва ғалабаларини эшитгач, унга элчи юбориб, дўстлик изҳор айлаб, хирож беришга тайёрлигини билдирган. Темур императўр элчиларини яхши қабул қилиб, хирож миқдорини тайин этиб, уларга тўнлар кийдириб, иззат-икром билан мамлакатига жўнатган.

Шу чоғда Исфандиёрбек Синопдан мингта от келтириб, Темурга ҳадя қилган. Темур ҳам бунга жавобан Исфандиёрбекка тож, камар, кийим ва олтинлар берган.

Шундан сўнг Темур Денгизли вилоятига борар экан, Адирнада ўз ҳукмдорлигини эълон этган Сулаймон Чалабий ҳам элчи ва армуғонлар юбориб,  Соҳибқиронга дўстлик ва ҳурмат изҳор айлаб, қуйидаги хабарни жўнатди: “Отамга кўрсатган илтифоту икромларингиз туфайли мен ҳам сизга итоат этадирман. Буйруғингизни бажараман, агарда амр этсангиз, ҳузурингизга етиб бораман”.

Темур унга ҳам лутф айлаб, жавобан: “Энди  бўлган иш бўлди, бари ўтди, тақдирда борини кўрдик. Биз барини кечирдик, агарда Йилдиримнинг ўғли ҳам келиб, итоат этса, унга отасига қилганимиздан ҳам ортиқроқ илтифот ва карам кўрсатурмиз. Ҳеч ўйлаб ўтирмасдан келсин, шу аснода орамиздаги душманлик ва ваҳшат ҳам кўтарилсин,” дея хабар йўллади. Элчига бўрк, зарбоф тўн кийдирди, олтин-ла нақшланган қайиш, ақча ва отлар ҳадя этди-да, мамлакатига қайтарди.

Шундан сўнг Йилдирим Боязиднинг ўғли Исо Чалабий юборган Қутбиддин деган элчи ҳам келди, Амир Темурга шаҳзоданинг ҳурмат ва итоатда эканини арз этди. Ўзи олиб келган қимматбаҳо от ва армуғонларни топширди. Темур ундан ҳам илтифот ва шафқатини аямади, элчига ва Исо Чалабийга  ҳадялар бериб, барчани мамнун этди.

Бу илтифотларга қарамай, Темур ўз қароргоҳини Кутахядан Олтинтошга кўчирган бир пайтда, Маҳмат Чалабий отаси Йилдирим Боязидни қутқариш учун жосус ва фидойҳиларни жўнатди. Улар ер остида лаҳим қазиётган чоғда қўлга тушди ва Темур буйруғига кўра ўлдирилди. Темур бу ишга аралашган дея шубҳаланган Ферузбекни ҳам ўлимга буюрди. Йилдирим Боязидни олиб қочишга  уриниш Амир Темурни янада эҳтиёткор қилиб қўйди. Хусусан, ёнида олиб юргани тутқун ҳукмдорлар йўлларда турли босқинлар сабаб олиб қочилиши мумкинлигини кўзда тутиб, муҳофазани кучайтирди.

Ўша кунларда Мардин ҳокими малик Исо ҳам Темур қароргоҳига келиб,  ундан афв  ва паноҳ сўради.[11]

 

ИЗМИР  ФАТҲИ

Амир Темур Денгизлида бир муддат тургач, Тирга келди. Бу ерда турклар билан суҳбат қуриб, Измир ҳақида тушунча ҳосил қилди. Бу ерликлар унга мусулмонлар тинчи ва ҳузури учун Измир олиниши лозимлигини уқтиришди. Жумладан, бундай дейишди: “Бу – фаранг қўмондонлари тўпланган шаҳар. Унда иккита қалъа бор. Бирида мусулмонлар, бошқасида фаранг кофирлар яшайди. Фаранглар қалъаси уч томондан денгиз билан ўралган, фақат бир тарафи қуруқликдир. Аммо жуда катта ҳандақ қаздирилгани учун қуруқлик  тарафи ҳам ўта маҳкам. Улар бу ерни муқаддас макон деб биладилар. Ҳар йили мингларча инсон Овруподан келиб, бу қалъани зиёрат этади,  ионалар ва садақалар қилади. Бу кофирлар Измирнинг мусулмон қалъасидаги халққа тинчлик бермайди, кеча-кундуз демай мусулмон қишлоқларига ҳужум уюштиради. Улар атрофдан талаб келган ўлжаларини шу қалъада сақлайди. Ҳавралари[12] ва калисолари обод, мол-мулклари кўп, хазиналари тўла. Бугунгача ҳеч кимга бож-хирож тўлашмаган. Йилдирим Боязидхоннинг отаси Муродхон бир вақтлар бу қалъани қамал қилган-у, бироқ ололмаган. Бу ерни фатҳ этсангиз, мусулмонлар осойиш топгайлар ва сизни дуо айлагайлар”.

Бу сўзлардан Соҳибқирон анча мутаассир бўлди. Шу атрофни кофирлардан тозалашни вожиб деб билди ва мусулмонларни фаранглар зулмидан қутқаришни ваъда қилди. Дарҳол амирзода Пирмуҳаммад билан Нуриддин баҳодирни илғор қисмлар билан Измирга йўллади. Уларга “Аввало суннатга биноан элчи юбориб, уларни исломга даъват этинг. Қабул қилмасалар, жузя ва хирож тўласинлар. Шулардан бирига кўнсалар ҳам, етар, уларга ҳужум қилманг, яхши муомалада бўлинг,” деди.

Шаҳзода Пирмуҳаммад ва беклар ўз қўшини билан дарҳол йўлга чиқди. Жаҳду жадал билан қалъа қаршисига етди ва элчи жўнатиб,  таклифларини билдирди.  Бироқ қалъа ҳокими Магнус элчини ҳақорат қилиб, ортига қайтарди. Сўнг эса шу яқиндаги оролларга чопар йўллаб, насроний боёнлардан кўмак сўради. Магнуснинг шу  даъвати билан Измир оролларидан икки мингтача аскар келди, мўл-кўл озиқ-овқат ва қурол-аслаҳа тўпланди.

Магнуснинг қўпол жавоби ва насронийларнинг ёрдамчи кучи ҳақида Темурга хабар етказилди. Соҳибқирон шиддатли ёғингарчиликка қара­май, 1402 йил 2 декабрда Тирадан йўлга чиқиб, Измир қалъасига келди ва ўз қароргоҳини қурди. Темур қўшини тўқмоқ-ла гумбурлатиб чалинган довуллар товуши жўрлигида тайёргарлигини тугатиб, ҳужумга ўтди ва қалъа деворларига уч ёндан ёпирилди.

Соҳибқироннинг нияти қуруқлик ёқдан зарба бериб, қалъа деворларидан тешиклар очиб, сўнгра манжаниқлардан оловли ўқлар ёғдириб, ёғийни таслим этиш эди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирига ўқ, тош, олов ёғдира бошлади. Аммо қанчалар тиришилмасин, бу уринишдан бир натижа чиқмади. Фаранглар шаҳарни ўлиб-тирилиб ҳимоя қиларди.

Амир Темур бунақа зарбалар билан қалъани олиб бўлмаслиги, албатта, денгиз томондан ҳам ҳужум уюштириш кераклигини англади. Шунга кўра, ҳаракатга киришди.  Ҳисор тевараги бўйлаб тўсиқ қурдирди. Бу тўсиқ ва қалъа девори орасида унда-мунда, аскарларнинг қалъага чиқишини қулайлаштирадиган ғилдиракли  ёғоч миноралар ясаттирди.  Ҳар бир минорага икки юз лашкар сиғарди. Минорани ҳар тарафга силжитиб, қалъа деворига яқинлаштириш, узоқлаштириш мумкин эди. Бу орада ўн мингга яқин лаҳимчи ҳам анчагина иш қилиб улгурди, истеҳкомлар қазилиб, қалъа деворлари ўпирилиб тушишга тайёрланди.

Соҳибқирон бу ишлардан ҳам қониқмай, денгиздан кўмакка келувчи кемалар йўлини тўсиш мақсадида ички лиманни ҳарсанглар тўктириб, ғов ясатди. Шу тарзда ташқаридан яқинлашган кемалар лиманга киришига имкон қолмади. Бу ишлардан хабар топган ёғий кемача ва қайиқлари тонг отмасдан очиқ денгизга қараб қочди ва кириш лимани оғзи тошга тўлдирилгач, қисувда қолиб ёқилишдан қутулди.

Ички лиман оғзи тош билан беркитилгач, қуруқликда қурилган тўсиқ билан денгизда ясалган тўсиқ бирлаштирилди ва қалъани бутунлай ўраб олишга эришилди.  Энди бу жабҳадан кучли зарбалар ёғдириш мумкин эди.

Шу чоғда чопарлар фарангларга ёрдам етиб келгани ҳақида хабар етказди. Қамалнинг ўн тўртинчи куни эди. Соҳибқирон ўрдудаги барча қўшинга ёппа ҳужумга ўтиш буйруғини берди. Ҳисор остида қазилган лаҳимлардаги тирагич ёғочлар ёндирилди ва оқибатда қалъа девори чўкиб, ўпирила бошлади. Қалъадаги мудофаачилар нима бўлаётганига ақли етмай, гангиб қолди. Ўпирилган ерлардан Темур баҳодирлари шиддат билан ёриб кирди ва қалъада қирғин бошланди. Бутун қалъа аҳли лимандаги кемалар томон қочарди. Бироқ лимандаги озгина кема бир пасда тўлди. Фаранглар энди кемаларга жон ҳалпида тирмашаётган диндошларини кўпириб ётган тўлқинлар ичига улоқтирарди. Қочганлар орасида қалъа қўмондони Магнус ҳам бор эди.

Қалъадаги мудофаачиларнинг бари қиличдан ўтказилди. Шундай қилиб, тонг қизариб борар экан, айни шафақ пайтида Измир фатҳ этилди.

Шу вақтда ёрдамга етиб келган фаранглар муҳташам ва мустаҳкам қалъа ағдарилиб, харобага айланганини кўриб, лол қолди.

Бу ўлканинг мусулмон аҳолиси Измирнинг шундай қисқа вақт ичида забт этилганига ҳайрон бўлди. Барча Соҳибқиронга бу азим ғалаба бошқа йўлдан келган, бу зафар Оллоҳнинг лутфу инояти, илоҳий ҳодисадир, деб сўзлай бошлади.

Амир Темур қалъа фатҳидан қўлга киритилган барча ўлжа ва ғаниматларни туркларга тарқатди. Ўша кундан эътиборан Измир бутунлай турклар қўлига ўтди. Шу аснода “турк Измир”, “ғавур Измир”[13] деган айирмачи атамаларга ҳам чек қўйилди.

Амир Темур шундан сўнг Муҳаммад султонни византияликларга қарашли Фўка қалъаси забтига йўллади. Бу қалъадагилар Измир бошига тушган даҳшатни эшитиб, қўрқувдан ўтакалари ёрилаёзганди. Мўл-мўл ҳадялар юбориб, хирож тўлашни бўйинига олиб, омонлик тилаб, жангсиз-жанжалсиз қалъани Муҳаммад султонга топширди.[14] Бундан ибрат олган Сақич ороли беги ҳам аллақанча тортиқлар билан элчи юбориб, бож-хирож тўлашга розилиги ва Темурга итоатда  эканини арз этди. Шу тарзда Сақич ороли ҳам ҳужумдан қутулиб қолди.

 

ЙИЛДИРИМ БОЯЗИДНИНГ ВАФОТИ

Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Йилдирим Боязид охирги учрашувида Темурга бундай васият қилган: “Эй, Темур, энди сенинг асирингман. Қўлингдан соғ-саломат қутулиб кетолмаслигимни биламан. Сен ҳам бу иқлимда қолмассан. Шу боис сенга уч васиятим бор. Бу ўгитларим икки дунё яхшилиги учун дастурдир.

Биринчиси шулки, зинҳор диёри Рум инсонларини ўлдирма. Чунки улар ислом устунларидир. Сен диннинг зафари учун ибрат бўлишинг керак. Зотан, мусулмонлигингни айтиб турибсан. Бугун халқларни амринг остига олиб, коинот жисмига бош бўлдинг. Агар халқнинг тирикчилиги ва аҳиллигига сенинг душманлигинг воситаси ила бирор зарар келса, Ер юзида фитна ва катта фисқу фужур пайдо бўлади.

Иккинчи ўгитим шулки, татарларни бу ерда қолдирма. Чунки улар фисқу фасод моддасидирки, ҳатто сен ҳам уларга кўзингни очиброқ қара ва доим эҳтиёт бўл. Уларнинг ҳийлаю найрангларига алданма. Не ёзиқки, уларнинг ёмонлиги яхшилигидан кўпдир. Рум тупроғида улардан бирортасини ҳам қолдирмаки, агарда бунда турсалар, шу ерларни ўз қавмлари оловига тўлдириб, бу ўлка инсонларининг  кўз ёшлари ва қонларини дарё каби оқтирурлар. Чунки улар мусулмонларга ва уларнинг маконларига насронийлардан кўра ҳам ортиқроқ зарар берурлар.

Учинчи ўгитим шулдирки, вайрончилик қўлини мусулмонлар қалъа­ларига узаттирма, уларни яшаб турган ватанидан қувма. Чунки бу ҳисорлар дин қалъаларидир ва дину диёнат йўлида ғазот ва жиҳод айлаганлар сиғноқларидир.

Бу ўгитларим бир омонатдир ва мен уларни сенга топширдим…”[15]

Амир Темур Йилдиримнинг бу сўзларини тинглаб, унга “Кўнглингни тўқ қил, барча айтганларингни бажараман,” дея сўз берди.

Нашрий ва Ўружбекнинг халқдан ёзиб олинган Усмонли солномаларида ҳам бу гаплар бор.

Ҳақиқатан ҳам, Темур ўз юртига қайтар экан, қорататарларни ҳам ёнида олиб кетди. Уларнинг сони тахминан қирқ-эллик минг киши эди. Қорататарларни Анадўлудан кўчириш иши Шоҳрух мирзо, султон Ҳусайн ва амир Сулаймоншоҳга топширилди. Бу муҳим вазифа юкланган қўшин бирор кимсани четга чиқармай, аскарларни ҳам яғмо ё талонга йўналтирмай, тартибни сақлаган ҳолда йўлда давом этди.

Темур Боязидхонни, бир тарафдан, даволаниши, бошқа тарафдан,  тинчланиб, ўзига келиб олиши учун учун табибу ҳакимлар билан бирга Оқшаҳарга юборди. Энг машҳур икки ҳакими – мавлоно Жалолиддин Арабий ва мавлоно Масъуд Шерозийга подшоҳнинг саломатлиги учун нима лозим бўлса, барчасини адо этишни амр қилди. Султонга қарата “Эй, жасоратли Боязидхон! Сени ҳам Самарқандга олиб кетаман. У ерларни кўрасан, кейин яна мамлакатингга қайтариб юбораман”, дея кўнглини кўтарди.

Бироқ Темурнинг бу меҳрибонларча сўзлари ҳам, икки хозиқ табибнинг саъй-ҳаракатлари ҳам Йилдиримнинг дардига дармон бўлолмади. Ғайрати ичига сиғмаган маҳзун ҳукмдор фалак ўз бошига солган фалокатлардан қутулиш йўлида ўлимни хоҳлар эди. Ниҳоят, у 1403 йил 8 февралда бу ўткинчи дунё билан хайрлашди ва охират оламига кўчди.

Измирни забт айлаган Темур Оқшаҳарга қараб юрар экан, бу совуқ хабарни йўлда эшитди. У оғир қайғуга ботди, афсус ва алам чекиб, бундай деди: “Динимизнинг суянчлари бўлган Усмонли подшоҳларнинг кофирларга қарши кўрсатган жангу жадалидан, ғайрату ҳимматидан воқиф бўлгач, мен ҳам уларнинг салтанатини йиқитиш фикридан воз кечгандим. Айниқса, жаннатмакон султон Йилдирим Боязиднинг тубан душманларни ғорат қилиш ва динимизни юксалтириш йўлидаги фидокорона ишларидан, ғайрату жонбозликларидан хабар топганимдан буён унга ёрдам беришни, уни қувватлантиришни, кўнглини олишни истадим. Унинг сулоласини қўриқлашни эса диндорликнинг бир намунаси деб билдим. Орзу-амалим Рум ўлкасини бутунлай қўлга киритгач, Йилдиримхонни такрор тахтига ўтқазмоқ, ҳурмат-иззатини жойига қўймоқ эди. Ислом сарҳадлари муҳофазаси, ғазот ва жиҳод анъаналари давом этиши учун бу улуғ хоқонга ёрдам кўрсатиш воситасида ўзимдан яхши от ва хайрли хотира қолдиришни ўйлагандим”.

Йилдирим Боязидхон вафот этгач, унинг жасади дориланиб, Оқшаҳардаги Маҳмуд Ҳайроний ҳазратлари мақбарасига вақтинча қўйилди. Темур унинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди, уларга эҳсонлар қилди. Бир муддат ўтиб Самарқандга қайтаркан, Йилдирим Боязид жасадини Бурсага олиб бориш ва улуғ маросим билан дафн этиш ҳақида кўрсатма берди.[16]

 

БОЯЗИДХОН ЎЗИНИ ЎЗИ ЎЛДИРГАНМИ?

Нашрий тарихида “Бир ҳикоят” номли ривоят бор, унда, жумладан, бундай дейилган: “Темур Рум вилоятини забт этиб, уни Қараман ўғлига берди. Йилдиримхон буни эшитиб, қаттиқ хафа бўлди, оғринди. “Душман ҳукми остида хорлангандан, мамлакатни ётлар қўлида кўргандан кўра ўлим яхшидир”, дея узугидаги оғуни ичиб, ўзини ўзи ўлдирди.”

Ошиқпошозода тарихида эса, “Самарқандга олиб кетилишини эшитганидан сўнг ўзича бир қарорга келди”, дея интихор этганига ишора қилинади.

Нашрий ва Ошиқпошозодалар тарихидаги бунга ўхшаш маълумотлардан таъсирланган, уларга суянган маҳаллий ва хорижий муаррихлар, романнавис, ҳикоянавис ва бошқа ижод аҳли ҳам Йилдирим ўзини ўзи ўлдиргани борасидаги фикрни илгари суради.

Ҳолбуки, “Нашрий тарихи”да бу воқеа баёнидан аввал Боязид ўлимига икки сабаб кўрсатилган. Биринчиси шуки, Йилдирим Боязидхон оғир қайғу-аламга ботиб, безгакка йўлиқади, касали кундан-кунга кучайиб, вафотига йўл очади, дейилади.

Мавлоно Маҳмат бин Қутбиддин Изникийдан ривоят қилган иккинчи воқеада эса, “Подшоҳнинг иситма оташи ҳеч пасаймагани боис ўлганини эшитгандим,” дейилгани таъкидланади.

Темур тарихчиларидан Шарафиддин Али Яздий ҳам Йилдирим Боязид нафас етишмаслиги ва томоқ оғриғи хасталигидан вафот этганини ёзган. Низомиддин Шомий эса “Зафарнома”сида Йилдиримхон эски касалининг  мағлубият алами таъсирида қўзғолиб, бора-бора зўрайгани боис кучдан қолиб, вафот қилганини ёзади. Бу икки тарихчи Боязидхонни даволаган табиблар билан суҳбатлашган бўлиши ҳам мумкин, деган фикрдамиз.

Кейинги тарихчилардан хўжа Саъдиддин афанди подшоҳнинг хасталик оқибатида; Буҳиштий хуммали муҳрика, яъни иситмадан; Хаммер фалаждан; Мунажжимбоши хунноқ, зики садр ва иситмадан вафот топган, дея ёзганлар.

Боязидхон билан бир даврда яшаган ибн Арабшоҳ, шунингдек, Боязидга яқин замонда яшаган Шукруллоҳ, Қараманий Маҳмад пошо ва Анварий каби машҳур тарихчилар ҳам ўз асарларида подшоҳ ўзини ўзи ўлдиргани ҳақида бирор оғиз сўз айтмаган ва ўз ажали билан ўлганини таъкидлаган.

Шунча далилларни бир ёнга қўйиб, Нашрийнинг ҳикоя тарзида ёзилган биргина ривоятига ёпишиб олиш, унга кўра ҳукм чиқариш тарих фани методи нуқтаи назаридан мақбул эмас.

Бундан ташқари, Йилдирим Боязидхон замонида ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам Усмонли подшоҳларининг урушга кирар экан, узукларида заҳар олиб юргани ҳақида тарихларда бирор жумла ҳам, бирор манба ҳам йўқ. Зотан, Йилдирим Боязиддек жасур қаҳрамон, диндор ҳукмдор жангдан олдин асирликни ва ўз-ўзини ўлдиришни ўйлаши, бунинг учун узугига оғу жойлаштириши тасаввурга сиғмайди. Энг лақма одам ҳам бундай гапга ишонмайди. Ушбу масалани манбаларга суяниб илмий таҳлил этганимизда маълум бўладики, ўз салтанати бошига келган фалокатдан алам чекиш ва  шунинг оқибатида турли хасталикларга йўлиқиш буюк турк хоқони ўлимига сабаб бўлган.

 

ТЕМИР ҚАФАС МАСАЛАСИ

Ибни Қози Шуҳба, ибни Арабшоҳ каби баъзи араб тарихчилари Темур Боязидхонни темир қафасга солдириб, эл орасида олиб юргани, султоннинг хотинини базмда соқий қилдиргани ҳақида  ёзган.[17]

Бу ўринда шуни айтмоқ жоизки, араб тарихчилари  ўз ўлкаларини забт этган Боязид ва Темурни ёқтирмаган, шунинг учун бу икки буюк хоқон тўғрисида ярамас ривоятлар тўқиган, бу – айни ҳақиқатдир. Масалан, византиялик тарихчилардан Дукас ва Қалқандил темир қафас ҳақида бирор жумла битмаган. Франзес эса Йилдирим темир қафасга солингани, ҳатто отга минар экан, ундан миниш тоши сифатида фойдаланганини ёзган.

Хуллас, Темурнинг Боязидхонни темир қафасга тиқтиргани ва уни масхара қилиб, шаҳарларда сазойи эттиргани ҳикоя ва романларда ифодалангани, бу воқеалар халқ онгига ўрнашиб қолган машҳур ривоятлар эканини таъкидлашни истардик. Бироқ жиддий тарихчилар бу ривоятга эътибор бермагани ҳам маълумдир.

Темур тарихини кунма-кун ёзган Шарафиддин Али Яздий ва шоир Хотифий Темур Боязидхонга жуда нозик муомала ва муносабат кўрсатганини таъкидлаган, уларда темир қафас борасида бирорта ҳам жумла учрамайди.[18]

Шунингдек, Шарқ тарихчиларининг энг мўътабарларидан саналгувчи Лорий ва Жанобийда ҳам темир қафас ривояти йўқ.

Машҳур тарихчи хўжа Саъдиддин афандининг фикрича, бу – тўқимадир, чунки, агар  чиндан шундай воқеа юз берган бўлса, Темурни кўкларга кўтариб усмонлиларни ерга урган  расмий тарихчи Шарафиддин Али Яздий бу  воқеани албатта  қайд этарди.

Хаммер темир қафас масаласини усмонлилар, темурийлар ва ғарб тарихчилари қарашлари ва нақллари асосида таҳлил этар экан, бу воқеа уч асрдан ортиқ вақт мобайнида турли мақолалар мавзусига айланган афсонадан бошқа нарса эмас, деган тўхтамга келади.

Хўш, унда бу темир қафас масаласи қаердан чиқди?

Усмонли султони йўлда кетар экан, ўз аскарлари нигоҳи остида йўл босишни истамагани учун бир тахтиравонда бормоқни мақбул топган. Подшоҳ фойдаланган бу тахтиравон баъзи манбаларда қафас деб ҳам ёзилган. Зеро, Фотиҳ даврида ҳам девони хумоюнда, сарой йиғинларида подшоҳлар мажлисни кузатиб ўтирадиган хосхонага нисбатан қафас таъбири қўлланилгани маълумдир.

Демак, қафаснинг тахтиравон эканини атай рад этган ва пашшадан фил ясашга уринган баъзи романчилар ҳамда Усмонли хоқонини қасддан ерга уришни истаган ғарблик муаллифлар темир қафас бўҳтонини тўқиб чиқарган. Афсуски, айрим турк қаламкашлари ҳам бу туҳмат ёйилишига улуш қўшган.

Қисқаси, Темур Боязидхонга, у асирга тушганидан то вафот этгунича, ҳатто ўлимидан кейин ҳам подшоҳона муносабат кўрсатган. Йилдиримнинг хотини ҳам асира сифатида олиб келинганида, у эри ихтиёрига топширилган.

Бундан ташқари, Темур Боязид билан қариндош ҳам бўлган. Яъни Кутахя шаҳрида турган пайтида Йилдиримнинг тўнғич қизини невараси Абубакр мирзога, Малак пошо деган кенжа қизини эса амир Жалолиддин Исломнинг ўғли Шамсиддин Муҳаммадга никоҳлаб, тўй қилиб берган.

 

ТЕМУРНИНГ  АНАДЎЛУДАН  ҚАЙТИШИ

Амир Темур Измирни забт этганидан сўнг Катта Мендерес водийси бўйлаб шарққа қараб йўналар экан, йўлда Улуғбўрлу қалъасини эгаллаб, тор-мор айлаб, кейин Эгридирга етиб келди.

Эгридирни ҳам забт этгач, Эгридир кўли ўртасида барпо этилган Нис (бугунги Яшил) қалъасини қўлга киритди. Эгридирдан тўппа-тўғри Оқшаҳарга йўналди. Йўлда Қараман ўғли Маҳматбек Қўнёдан келиб, унга тобелик изҳор этиб, омонлик моллари, жумладан, аллақанча бойлик, газлама, от, хачир берди. Темур ҳам унга илтифот ва иззат-икром кўрсатиб, юртига жўнатиб юборди.

Оқшаҳарда турганида, Темур ҳузурига икки Миср элчиси келди, жуда кўп қимматбаҳо армуғонлар сунди ва Миср султони Фаражнинг унга тобелигини арз этди.

Боязиднинг вафотидан бир ойча ўтганди. Шу паллада, 1403 йил 12 мартда Соҳибқироннинг энг яхши кўрган невараси Муҳаммад султон тўсатдан вафот этди.

Муҳаммад султон ўн тўққиз ёшда эди, кўплаб жангларда қатнашиб, муваффақиятлар қозонганди. Ниҳоятда қўрқмас йигит эди. Темур унга келажакнинг хоқони деб қараб, қаттиқ меҳр қўйганди.

Темур, худди Боязидхон вафотида айтганидай, “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” оятини ўқиди ва бошқа ҳеч бир сўз сўйламади. Давлат арбоблари мотам кийимларини кийди, хотинлар аламдан кўксига муштлаб йиғлади. Барча лол қолиб, қайғуга кўмилди.

Темур бу фалокатни илоҳий бир танбеҳ деб ўйладими, ҳартугул, ўрдусига дарҳол Анадўлуни тарк этиш амрини берди.

Султон Боязид васиятига мувофиқ Ўрта Анадўлудаги қорататарларни бутун оилалари, мол-ҳоллари билан бирга қўшин муҳофазасига олиб, Қўнё-Қайсари-Сивас йўли орқали Анадўлудан олиб чиқиб кетди.

Темурнинг Анадўлу сафарида доимо ёнида юрган тарихчи Ҳофизи Абрўга кўра, қорататарлар ўттиз минг чодир эди. Улар Темурнинг кўчиришига истар-истамай кўнган бўлса ҳам, бироқ Эронда, Домғонга етганида исён кўтарди. Бу учун уларга қаттиқ жазо берилди.

Темур 1403 йил кўкламида Шарққа қайтар экан, шу вақтда Султония­да бўлган катта хотини Сароймулкхоним, марҳум шаҳзоданинг онаси Хонзодахоним, бошқа оқалар ва хотунлар билан барча яқинларга Авник чегарасига қараб юришини буюрди. Мотамзадалар карвон-карвон бўлиб, йиғлашиб-сиқташиб Авникка етиб келди. Бу пайтда орқага қайтаётган Темур ҳам Авник қалъасига етиб, қўр тўкди.

Соҳибқирон оиласи билан кўришиб, невараси Муҳаммад султон руҳига  хайру ҳасанот қилди. Марҳум неварасига атаб, янгидан мотам уюштирди. Тақлидан қўйилган тобут қаршисида барча маросимлар бажарилди. Бу маконда бир муддат қолинди ва бутун фуқарога садақалар тарқатилди. Низомиддин Шомий Темурни кўп қайғуга солган бу ҳодисани бундай тасвирлаган:

“Марҳум амирзода Муҳаммад султон мотамини янгиладилар. Ер мовий кийинганларнинг кўплигидан кўкка ўхшаб қолди. Осмон ер каби бошига тупроқлар сочди. Ой юзли хотинлар қора кийимларга буркандилар. Чеҳралари Чўлпондай порлоқ қизлару жувонларнинг кунлари қуёш тутилгандагидай қоп-қора бўлди. Тоғу саҳролар мотамзадаларнинг фарёду фиғонига тўлди. Кўзларидан оққан қонли ёшлар боис бу макондаги тоғлару тепалар алвонга бурканди. Ростдан ҳам, шундай шаҳзода ўлади-ю, бу сўнгсиз айрилиққа чидамаган кўзлардан қон ёшлар тўкилмайди, дейсизми. Барчанинг юраги ёнарди. Бу мотам ҳавоси шоирнинг “Агар шу кўзларим кўнглим каби ёниб йиғласайди, кўкдаги қушлар, денгиздаги балиқлар ҳам менга ачиниб, фарёд урарди”, деган маънодаги мисраларини ёдга солди.

Амир ҳазратлари марҳум шаҳзода руҳига атаб турли-турли садақа ва эҳсонлар қилишга, хатми Қуръон маросимларини ўтказишга буюрди. Дастурхонлар ёзилди. Фақирларнинг қорни тўйдирилди. Қалблар таскин топиши учун олим ва солиҳларни тўпладилар, икки дунё масалаларидан суҳбатлашдилар ва ғаму кадардан бирмунча узоқлашдилар. Барчага эъзозу икром кўрсатилди, сарполар кийдирилди, сўнгра уйларига қайтмоққа ижозат этилди”.

 

ГУРЖИСТОН ЮРИШИ

Темур ўрдуси билан Анадўлудан чиқар экан, яна Арзирумга келди. Темурнинг Анқара жангида қозонган ғалабаси нафақат Шарқ мамлакатлари, балки Ғарб давлатлари саройларида ҳам катта ғулғула уйғотган, халқаро элчилик сиёсатида юзларча ўзгаришга йўл очганди.

Темурийларнинг Усмонли салтанати билан бўлган бу урушида Миср султони Фараж Темурни қўллаб-қувватлаган эди. Гуржилар қироли Георгий Еттинчи эса, аксинча, терслик кўрсатганди. У Амир Темурнинг Боязид устидан қозонган зафарини қутламагани етмагандай, кейинги вақтларда мусулмонларга қарши босқинлар қилиб тургани хабари Соҳибқиронга етказилди. Бу ҳол унга ёқмади, албатта, оқибатда Гуржис­тон юришига қарор қилинди. Анадўлу тупроқлари босиб ўтилгач, ўрду гуржилар чегарасига етиб борди.

Соҳибқирон Мингкўлга бориб тўхтаганида, қирол Георгий Еттинчининг укаси Константин ўлкадаги ички зиддиятлар боис Темурга сиғиниб келиб, унга армуғонлар сунди. Темур олға юришда давом этар экан, қаерда тўхтаса, юқоридаги каби аҳвол юз берди: ўша атрофдаги волийлар, беклар Соҳибқирон ҳузурига келиб, тобелигини билдирарди. Шу орада қирол Георгий Еттинчи ҳам эс-ҳушини йиғиб олиб, Темурга тортиқлар жўнатиб, ўзини авф этишини сўради. Аммо Темур унинг бу ишини мақбул топмади ва аввал ҳузуримга келсин деб, ҳадяларини қайтариб юборди. Георгий яна унга армуғон ва элчилар йўллаб, Мардин ҳокими, бошқа волийлар, бекларга қилинганидек муносабат кўрсатилишини, яъни аввалига тортиқлари қабул этилиши, сўнгра ўзи боришига рухсат берилишини сўради. Аммо Темур бу гал ҳам қирол илтимосини рад этди ва элчиларга бундай деди:

“Унга етказинг, айтар гапим – шу: сенинг масаланг бошқаларникига ўхшамайди. Агар жазодан қутулишни истасанг, ҳеч ўйлаб ўтирмай, тез ёнимга кел, Оллоҳ менинг ҳузуримда сени ўз ёрдамига йўлдош этадир ва сен мусулмон бўладирсан, ана у замон кўрадирсан сенга қанчалар лутфу эҳсон этилганини, буни олам ҳам кўрар ва эшитар. Агар сенга Оллоҳдан тавфиқ етишмаса, унда менинг қўлимдан келадиган бир иш йўқдир. Жаноби Ҳақнинг амрига кўра, сенга фақат жузя беришни буюраман. Молинг, ор-номусинг, хотин, бола-чақанг маъсум қоладир. Сенга эъзоз ва икром кўрсатиб, мамлакатинг идорасини яна уддангга топшираман. Агар буларга кўнмай, кейин такрор маъзурлик истасанг, узринг қабул бўлмас”.

Элчилар қайтиб кетгач, Темурга гуржиларнинг экинлари пишгани, фақат ҳосилни йиғиб олишга ҳали эрталиги, бу иш олдидан баъзи юмушлар борлиги баҳона қилинаётгани хабари етди. Шунда Соҳибқирон амирзода шайх Нуриддин баҳодирга илғор қисмлар билан бирга ўлканинг ҳар тарафига тарқалиш ва ҳосилни аскарларга йиғдиришни буюрди. Оқибатда қирол ортиқча чиранмай, орқага чекинди.

Бу орада Темур амирлари ўз қўшини билан Гуржистон ўлкасидаги қишлоғу қасабаларга босқинлар уюштириб, яна қароргоҳга қайтди. Улар икки чуқур водий ўртасидаги текисликда боши осмонга туташган юксак тоғ борлигини маълум қилди. Айтишларича, тоғнинг жануб томони жуда баланд, бошқа тарафларига кўра бунда юриш ўта хавфли, нарвонлар воситасида ҳам, бошқа бирор йўл билан ҳам тепасига чиқиб бориш имконсиз эди. Тоғда тор, айланма бир йўл бор, холос. Водий атрофи биқиқ, тор-танг бўлгани боис бу ерда ўрду қўр тўколмасди. Тоғ тепасида қурилган қалъа тевараги юз эллик газ баландлигида тош девор билан ўралганди. Бундан ташқари, қалъанинг уч томони тубсиз жарликдан иборат бўлиб, шу боис қалъа дарвозасига ёвуқ бормоқ амримаҳол эди. Қалъага бир кўприк орқали кирилар, агар кўприк кўтариб қўйилса, ҳеч ким у ёққа яқинлашолмас эди.

Гуржиларнинг кўпчилиги ана шу ҳисорга кириб олган, бу ерда сон-саноқсиз жангчи тўпланганди. Зоол деган бириси қалъа қўмондони экан. Гуржилар бу ерда жуда кўп омборлар қуриб, ичини озиқ-овқат билан тўлдириб ташлаган, шу боис қалъани узоқ муддат муҳофаза қилиб, сақлаб турса бўларди.

Бу гапларни эшитган Амир Темур Қуртин деган ўша қалъани забт этишга қарор берди. Соҳибқироннинг бу қарорига барча амирлар ҳайрон қолди. Чунки бунчалар қалин ўрду билан қалъа атрофидаги тор ерда қароргоҳ тиклаш мумкин эмас. Иккинчи тарафдан, қалъадаги мўл-кўл заҳира ҳисобга олинса, кичик бир қўшинни ҳисор қаршисига қўйиб, пайт пойлаб ётиш ҳам беҳуда эди.

Ҳақиқатан ҳам, ибн Арабшоҳ айтганидек, бу қалъа гуржи қалъа­ларининг тоғлардаги икки кўзи эди. Бу кўзлар бой берилса, улар синарди ва ортиқ қутулиш умиди қолмасди. Шунинг учун Амир Темур уни эгаллашга қатъий қарор қилди. Натижада, у 1403 йил 3 август – жума куни Қуртин қаршисига етиб бориб, қўр тўкди. Дарҳол ҳисорни ўраб олди. Манжаниқлар ва арратешар каби оловотар, тошотар қуролларни қурдирди. Қоратуялар ясалиб, батартиб жойлаштирилди.  Темур лашкари қальадаги ёғийларга ўқ ва тош ёғдириб, жангга киришди. Шунда Соҳибқирон амир Шоҳмалик ва яна бир неча амирга бу забти оғир қалъа қаршисида икки-уч қатор жонли қалқон ясашни буюрди. Чунки агар қалъани зўрлик билан ҳам эгаллаб олишмаса, у чоғда бир қисм аскар шу ерда қолиб, қамални давом эттириши лозим эди.

Айни пайтда қўмондонлардан Пирмуҳаммад қўққисдан ҳужумга ўтди, унга яна бир неча қисмлар эргашди. Пирмуҳаммад жасурона зарбалар билан кўприкка туташ барча йўлларни кесиб қўйди ва охири кўприкни эгаллашга ҳам муваффақ бўлди. Гуржилар ўз вақтида кўприкни юқори кўтаришга улгура олмади, асосий тиргак бой берилганидан ваҳимага тушиб, қалъа ичига қочди ва дарвозани беркитди. Темурийлар улар устига ўқ ва тош ёғдирди, бу олишувда Пирмуҳаммад ҳам бир неча жойидан яраланди. Айни чоғда Амир Темур отига миниб, лашкар билан ҳисор қаршисига келди ва аскарларга қалъага ёпирилиб зарба беришни буюрди. Қуртинга яширинган гуржилар бу ҳужум селини қандай тўхтатишни билолмай, гаранг ҳолга келганди. Зотан, водийга туташ тоғ бурнидан, ягона йўлдан бу ёққа ёпирилиб келаётган ёғийнинг сон-саноғи йўқ, охири кўринмас эди. Шиддатли жанг якунида темурийлар гуржилар устидан зафар қозонди, қалъа эгалланди. Қалъа қўмондони Зоол қўлга олинди ва қатл эттирилди. Гуржиларнинг хотин ва болалари асирга тушди, калисолари бузилди. Бу қалъанинг олиниши Амир Темурга бутун гуржилар мамлакатини забт этиш умидини бахш этди.

Бу ғалаба Темур олдида абхазлар йўлини очди ва унинг ўрдуси Абхазияга қараб йўналди. Амир шайх Нуриддин ва амир Шоҳмалик қўмондонлигидаги илғор қисмлар олға кетди ва улар йўл-йўлакай аллақанча гуржиларни қиличдан ўтказди. Бу ҳолдан воқиф бўлган қирол Георгий, агар Темур ўрдуси абхазлар юртига кирса, бирорта ҳам насронийни қолдирмай қириб ташлайди, деган қўрқувда дарҳол чопар юбориб, божу хирож тўлашини изҳор этиб, итоатда эканини арз қилди. Ортидан алоҳида мактуб ва турли армуғонлар билан элчиларини жўнатиб, Темурдан авф этишини тилади. Соҳибқирон унинг таклифини рад қилди. Шунда уламо амир ҳазратларига “Агарда қирол солиқ бермоқни қабул қилдими, унинг ўлкасига кириш шариатга зиддир”, деган фикрни билдирди. Шундан сўнг Амир Темур Ширвон ҳокими шайҳ Иброҳимга қарата “Майли, сенинг илтимосинг учун Георгийнинг айбларидан ўтдим,” деди ва сулҳ йўлини тутди.

Бу хусусда қирол Георгийга хабар етказинг дея унинг элчиларига изн берди. Улар бир неча кундан кейин армуғонлар билан қайтиб келди. Ҳадялар орасида ўн саккиз мисқол оғирлигидаги нодир ёқут, турли қимматли идишлар, биллур кўзалар, олтин ва кумушлар, газлама, мингта от ва Темур номига зарб қилинган минг ашрафий ақча ҳам бор эди. Амир Темур элчиларга тўнлар кийдириб, қайтишга рухсат берди.

Темурнинг бу юриши давомида Гуржистоннинг шу пайтгача забт этилмаган қалъалари ўн кунлик қамал туфайли эгалланди. Темур тарихчилари ёзганидек, етти юз қасаба ва қишлоқ олинди, сўнгра қирол Георгий таслимият билдиргунига қадар харобага айлантирилди.

Темур 1403 йил қишини шу маъвода ўтказгач, 1404 йил уни тарк айлаб, Байлаканд шаҳрини янгидан барпо эттиришни дилига тугиб, тўппа-тўғри Арран, Қорабоғ сари йўналди.

Кур дарёсини кечиб, қишламоқ учун Қорақбоққа борар экан, Байлакандга етганида тўхтади ва кўпдан буён вайрона бўлиб ётган шаҳарни қайтадан қуришга, Ораз дарёсидан бу ерга канал қазиб келтиришга фармон берди.

 

ТЎЙЛАР

Қишни Қорабоғда ўтказган Амир Темур 1404 йил марти охирларида Самарқандга қайтиш ҳаракатига тушди. Кўприк қурдириб, Ораз дарё­сидан кечиб, Наҳри барлос қишлоғидан ўтиб, Неъматобод атрофига келганида, ўрдусини тўхтатди. Аввалдан шу ерда тўй беришни ўйлаб қўйганди. Бу тантанали тўйда Хурмузгача Форс ва Кирмонни, Райдан Озарбайжонгача Ироқи Ажам, Арран, Муғон, Қорабоғ, Гилон, Ширвон, Шамахи, Дарбанд, Гуржистон, Абхазияни; Хижозга қадар Диёрбакр ва Араб Ироқини, Истанбулгача Рум диёрини, Искандария ва Нилгача Шом диёрини Умар мирзога берганини эълон қилди. Форс минтақаси ва Араб Ироқидаги барча темурий мирзолар, шунингдек, Ширвон шоҳи шайх Иброҳим, Мардин ҳокими султон Исо, Ван ҳокими малик Иззатиддин, гуржи қироли Кўстандил, Урмия ҳокими Дизак, Мароға ҳокими Чолиқ, Ардабил ҳокими Бистомбек ҳам Умар мирзога тобе экани билдирилди.

Сўнгра Темур Умар мирзога амир Жокунинг ўғли Жаҳоншоҳни отабек тайинлаб, ёнида баъзи бек ва ўн минг кишилик қўшин ҳам қолдириб, анчагина насиҳатлар қилиб, сўнг Самарқандга қараб йўлга чиқди. Шу билан бирга, Мироншоҳ қўл остидаги беклар, аскарлар ҳам Умар мирзога берилган, хаста Мироншоҳ шу тариқа ўғли қарамоғи ва муҳофазасига ўтказилган эди.

Соҳибқирон ўрдуси билан манзилма-манзил йўл босиб, ора-сирада айрим фатҳу футуҳотлар билан Жайҳун қирғоғига етиб келди. Ундан Кешга борди. У ерда шайх Шамсиддин Кулол мозорини тавоф айлаб, унинг руҳидан мадад сўради. Бу макондаги яқинлари қабрини ҳам зиёрат этиб, дуолар ўқиди.

Ниҳоят, 1404 йил июль ойида Самарқандга етиб келди.

Амир Темур пойтахтида яна иморат ишлари билан шуғулланди. Охирги Ғарб сафарида эришган зафарларини қутлаб, тўю тантаналар тузди. Бу тўйлар пайтида невараларидан олтитаси, шунингдек, Бурсада асирга олиниб, Самарқандга келтирилган Шамсиддин Жазарийнинг ҳам никоҳи Самарқанд бош қозиси иштирокида ўқилиб, барча расм-русумлар ҳанафий мазҳаби қоидаларига кўра адо этилиб, базмлар давом эттирилди.

 

ХИТОЙ САФАРИ

1368 йилда Чинда Мўғул ҳукмронлигига барҳам берилиб, хитойлар мустақилликка эришди. Яна Чин ҳукумати мўғулларнинг улуғ хонини ҳам ўз ҳукмронлигига боғлади.

Айни замонда темурийлар чет ўлкаларга уюштирган юришлари натижасида ўз ҳудудини Лубнорга туташтирди ва шу тарзда икки давлат қўшнига айланди.

Чин императўри Темурга йўллаган мактубларида унга ўғлим дея мурожаат этарди.  Зеро, дипломатик тилда бунинг маъноси “Сен менга қарамсан”, дегани эди.  Бундан ташқари, Чин ҳукмдори ғарб ҳудудларидан ҳақ талаб этишини ҳам яширмай, очиқ айтиб келарди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ҳатто Темурнинг бож тўлашини ҳам иддао этарди. Хуллас, чин қўшинларининг ғарбга ҳужум уюштириш палласи яқинлашиб қолганди.

Аслида, Темур бу таҳдидларни аллақачондан бери билиб, шу ҳақда ўйлаб келарди. Императўрнинг хатти-ҳаракатини диққат билан кузатарди.  Орани очиқ қилиб олиш зарурлигини англар, таҳлика эшик ортида турганини ҳам сезарди. Шу боис Анадўлу сафарининг охирроғида қўмондонларидан Оллоҳдодга одам йўллаб, унга Чин ўлкасига оид тўлиқ маълумот тўплашни буюрди. Бердибек, Давлат Темур, Тангриберди каби амирларига Мўғул юрти ҳудудидаги Ашпарага ўн кунлик масофа узоқликда Бош Хумра деган қалъа қуришни амр этди. У ерларда деҳқончилик қилишни, тўрт йиллик озиқ-овқат жамғаришни буюрди. Темурнинг бундан мақсади Чинга қилинадиган юриш учун заҳира ҳозирламоқ ва уруш пайтида юзага келадиган қаҳатчилик олдини олмоқ эди.

Амир Темур етти йиллик сафардан сўнг Самарқандга қайтгач, унинг ҳузурига келган Чин элчилари ўз талабларини қўйди ва Соҳибқиронга Чин юришига йўл очди. Бу хусусда Клавихо бундай деган:

“Чин императўрининг элчилари келганди. Императўр фикрича, Темур унга тегишли айрим ерларни ишғол этганди. Шу боис ўша ерларнинг солиғини тўлаши шарт бўлгани ҳолда, етти йилдирки, бу қарзларни ўтамаётган эди. Ана шу етти йиллик солиқни императўр талаб қилаётганди. Темур Чин элчисига бундай жавоб берди: “Чин хоқони буларни сўрамоққа ҳақлидир. Аммо элчилар етти йиллик бож-хирожни ташиб бориши мушкул. Шунинг учун ўша солиқларни тўплаттириб, шахсан ўзим Чинга олиб бораман. Хоқоннинг кўнгли тўқ бўлсин.”

Соҳибқирон Чин хоқонига ҳаддини билдириб қўйиш пайти келганига амин эди. Самарқандда бир неча кун дам олиб, уруш ҳорғинлигидан қутулган Амир Темур шаҳзода ва беклар билан кенгаш қуриб, ўз нияти ва режаси хусусида бундай деди: “Яратган Раббимиз бизга иноят айлаб, шундай куч бердики, қилич кучи билан дунёни фатҳ этдик, Ер юзидаги подшоларни итоатимиз остига киритдик. Оллоҳга шукрки, унинг бизга берган неъмати жуда камдан-кам ҳукмдорга насиб бўлгандир. Кўнглимиздаги ният шуки, бундан кейин ҳам кофирлар устига юриш ясаб, ғазот этурмиз, динсизларни Оллоҳ инояти ила иймон йўлига солурмиз. Энди Хитой ва Чин сари юрурмиз, у ерлардаги бутхоналар, оташ­кадалар ўрнига масжид ва хонақоҳлар қурурмиз.”

Шаҳзода ва беклар Соҳибқироннинг сўзи жуда ўринли ва мақбул эканини айтиб, бу ишга тайёрмиз, дедилар.

Амир ҳазрат шундан сўнг “Товачилар вилоятларга борсинлар, лашкар сонини аниқласинлар, аскарларни кўпайтирсинлар”, дея фармон берди. Товачилар, яъни ўрду назоратчилари буйруқни бажариш учун салтанат вилоятларига – жаҳоннинг тўрт томонида забт этилган ўлкаларга қараб кетди. Сал ўтиб, беклар ва шаҳар ҳокимларига ўрду тўплаш амри етказилди.

Соҳибқирон шаҳзода Пирмуҳаммадга тож, камар ва от ҳадя қилиб, Ғазна ва Кобулга қайтишига изн берди. Мулозимларига тўнлар кийдирди. Мисрдан келган элчининг ҳам елкасига зарбоп чопон ташлаб, белига олтин тўқали қайиш боғлатганидан кейин юртига кетишга рухсат этди. Бундан ташқари, Соҳибқирон Миср султонига тож, шоҳона камар, зардўзи либослар, қимматбаҳо кийимликлар ва бошқа тортиқлар жўнаттирди.

Шундан сўнг салтанатини бошқараётган шаҳзодаларга атаб фармон тайёрлатди.  Унда, жумладан, бундай улуғ фикр ифодаланганди: “Ким қаерда хукм сурмасин, у халқининг дардларига дармон бўлсин, адолатни сақласин. Девоналарнинг ва фасод кишиларнинг сўзларини тингламасин. Ҳокимлар доим халқнинг аҳволидан воқиф турсинларки, токи қиёмат куни разил бўлмасинлар!” Бу фармон нишонлар билан шаҳзодаларга юборилди.

Ниҳоят, соҳибқирон Темур бутпарастларга эсдан чиқмас зарба бериш ниятида Анадўлуга юришидан сўнг, орадан олти ойча ўтиб, Чин сафарига отланди. Жаҳонгир ўғли Пирмуҳаммад ва Умаршайх ўғли Саидаҳмадни Қандаҳор тарафларга жўнатди. Тошкент, Сайрам, Ашпара билан Чин ҳудудигача барча мўғул вилоятларини Улуғбекка, Андижон, Қашқар, Хўтангача чўзилган ўлкани Иброҳим султонга берди. Чингача жойлашган бошқа ўлкаларни эса кичик ўғли Шоҳрухнинг икки фарзандига атаб қўйди.

Бу қарордан кейин хотиржам тортган Амир Темур 1404 йил ноябрь ойида муаззам ва музаффар ўрдуси билан Самарқанддан Оқсулотга қараб йўлга чиқди. Аммо ҳаволар аввалги йиллардан кўра совуқроқ бўлгани боис Оқсулотда бир муддат қишни ўтказмоққа буюрди.

Ўша кунларда ҳаво шунақаям совидики, аллақанча инсон ва от ўлди. Айрим одамлар оёқ-қўлини совуққа олдирди. Баъзиларининг қулоқ-бурнини совуқ урди. Ҳаво доим тунд, қор тинимсиз ёғарди. Бироқ ғазавот ҳисси Соҳибқирон кўнглини шунчалар асир этгандики, кунлар исиб кетгунча сабр қилишни ақлига сиғдиролмасди. Отларнинг ем, суви масаласини ҳал этиб, Оллоҳга тавакккал айлаб, Оқсулотдан қўзғолди. Навбати билан Узун ота, Йўлхўжа оға, Суткент, Кимэршоҳ ота, Султон шайх, Зарнуқ каби масканларда дам олиб юришни давом эттирди. Сирдарё музлаган экан, унинг устидан ўтди. Дарё шунақаям қаттиқ музлагандики, сув олиш учун уч-тўрт қарич музни ёришга тўғри келди. Ҳатто карвонлар ҳам аравалари билан қаторлашиб, тўда-тўда ҳолда муз устида бормоқда эди. Темур шу пайтда турли шаҳарларда қишни ўтказаётган шаҳзодаларга ўз қўшини билан келиб, ўрдуга қўшилиш ҳақида фармон чиқарди. Дашти Қипчоқ, Ясси ва Сабронда ҳукмдорлик қилаётган шаҳзода султон Ҳусайнга ҳам чопар йўллаб, қиш тугаши биланоқ лашкари билан етиб келишини буюрди. Ниҳоят, 1405 йил январь ойи ўрталарида Соҳибқирон Ўтрорга етиб келди.

Илк кўрган чора-тадбири Муса Камолни йўлларни ўрганишга юбориш бўлди. Муса илгари кетиб атрофни, Чин йўналишини обдан ўрганиб, орқага қайтди ва айни паллада йўллар сафарга мос эмаслигини, юриб бўлмаслигини айтди. Шундан кейин Соҳибқирон бошқа бир кишини Сайрам тарафларни, Уқбо Қулон йўлини билиб келишга йўллади.  Бу одам бир муддатдан сўнг қайтди ва у ёқларни икки найза бўйи қор босганини сўйлади. Бошқа йўллар ҳам юришга ўнғай эмаслиги аниқлангач, бир қанча пайт Ўтрорда қолишга қарор қилинди.

Айни кунларда Қипчоқ даштида санғиб юрган Тўхтамишхоннинг Қорахўжа деган элчиси келди. Уни Соҳибқирон ҳузурига йўлладилар. Элчи Амир Темурга хон мактубини сунди. Хон хатида, жумладан, бундай деганди: “Нимаики ёмонлик қилган бўлсам, барининг касри ўзимга урди, жазоимни тортдим. Агар олийжаноблик айлаб, айбларимдан ўтсангиз, бундан кейин ҳеч ҳам бунақа ишлар қилмайман ва жоним танимда экан, хизматингизда бўлурман”. Соҳибқирон элчига яхши муомала кўрсатди ва “Ҳозирда Чинга юрмоқдамиз. Оллоҳ инояти ила бу сафардан қайтгач, Жўжихон улусини унга бергаймиз”, деди.

 

Тўртинчи бўлим

ВАФОТИ ВА ШАХСИЯТИ

Сайидларнинг мавқеини бошқалардан юксак тутиб, уларнинг ҳур­матини жойига қўй. Уларни ҳар қанча иззат этсанг-да, бунга бир таъма аралаштирма. Зотан, Оллоҳ йўлида қилинган ишларда ҳеч исроф бўлмас.

Шайх Абубакр Тайободий

ОХИРАТ САФАРИ

Соҳибқирон Ўтрорда турганида, 11 февраль куни тўсатдан соғлиги ёмонлашди ва иситмаси кўтарилди. Ҳакимликда машҳури жаҳон, йиллардирки амир ҳазрат ёнида юрган мавлоно Фазлуллоҳ Табризий уни даволашга киришди. Бироқ касаллик кундан-кунга оғирлашиб, турли-турли, бир-бирига ўхшамас белгилар бера бошлади. Табиб бир хасталикни даволаб, барҳам берса, яна бошқаси шиддатланар эди.

Шунга қарамай, Соҳибқироннинг эс-ҳуши жойида эди. У бедаво дардга чалинганини, чора йўқлигини англади. Тақдирга тан бериб, Яратгандан бутун қилган гуноҳларидан ўтишини сўраб, тавба қилди. Аҳли аёлини, яқинларию бекларни чақириб, васиятини билдирмоққа чоғланди. Барча ҳузурига йиғилгач, бундай деди: “Сезиб турибманки, руҳ қуши бу қафасдан чиқиб кетмоқчи. Мен Аллоҳ Таолога сажда этурман ва сизларни унга омонат қолдирурман. Мен ўлганимдан сўнг орқамдан йиғлаб, фар­ёду фиғон чекмангиз. Ҳеч фойдаси йўқ. Роббимга гуноҳларимни кечиришини сўраб дуо айлангиз. Руҳимга бағишлаб фотиҳа ўқингиз, такбир келтирингиз. Худога шукр, Эрон ва Туронда бизга қарши чиққувчи бирор кимса қолмади. Биламан, гуноҳларим кўп. Аммо Оллоҳдан умидим шуки, золимлар қўлини мазлумлар бошидан узоқ тутганим учун менга раҳм этгай. Ҳаётим давомида кучлининг кучсизни эзишига изн бермадим. Бу дунё­да абадий яшаган кимса йўқдир: менга вафо кўрсатмаган олам сизга ҳам вафо кўрсатмагай. Бироқ дунё ишларини ҳеч ташлаб қўймангизки, мусулмонларга зарар тегмасин. Акс ҳолда, Қиёмат куни сиздан ҳисобини сўрарлар. Энди гап шу: Пирмуҳаммад Жаҳонгирни валиаҳд тайин этдим ва қойиммақомим сифатида Самарқандни унга бердим. Мустақил ўлароқ тадбирлар қўллаб, унда ўтирсин; барча ўлкаларнинг ва ўрдунинг ишлари билан машғул бўлиб, тобеларнинг дардидан хабар олсин. Сизлар ҳам унга итоат айлаб, ёрдамчиси бўлингиз, токи тартиб ва тузан бузилмасин, мусулмонлар зарар кўрмасин ва кўп йиллик меҳнатим зое кетмасин. Шундай иш тутингки, узоқдагилар сизнинг иттифоқ эканингизни билсин ва бирор кимса сизга қарши исён кўтаришга журъат тополмасин.

Беклар ва улуғ кишилар ҳузуримга тўплансинлар ва васиятимдан четга чиқмасликка онт ичсинлар. Шу онда бу ерда бўлмаган беклар ва сардорлар ҳам васиятимни бажарсинлар”.

Амир Темурнинг бу сўзларини эшитган беклар ичи ёниб-титраб, пиқ-пиқ йиғлашга тушди. Шоҳмаликбек ва шайх Нуриддинбек: “Эй амиримиз, жонимиз сизга садақа. Оллоҳ бизнинг жонимизни олиб, сизнинг жонингизни бағишласин!”, – дея кўз ёши тўкдилар. Соҳибқирон уларга: “Фойдаси йўқ, тушунинг ахир, аммо сиз ўз ишингизни, менинг васиятимни мардона бажарингиз!” – деди. Улар бундай жавоб қилишди: “Жонимиз танимизда экан, Ҳазратнинг амри фармонидан чиқмагаймиз. Бу қулларингиз валинеъматимизнинг бир сўзини бажармаса, асло бири икки бўлмасин. Бугунгача сизнинг бандаларингиз ўлароқ хизмат этдик ва бундан ўзга ишга уннамадик. То тирик эканмиз, хизматни давом эттирамиз”. Беклар бу сўзларни айтишар экан, кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Беклар яна бундай дедилар: “Мумкин эрса, Тошкентдаги шаҳзода Халил султон ва бошқа беклар ҳам бунга келишлари учун фармон берилсин. Гарчи бизлар сизнинг бу сўзингиз, васиятингизни уларга етказурмиз, аммо буларни ўз оғзингиздан эшитганлари янада яхшироқдир”.

Соҳибқирон уларнинг бу гапига кўнмади ва: “Эҳ, энди вақти ўтди. Ортиқ мажол ҳам қолмади. Улар шу пайтда бу ерда эмаслар ва етиб ҳам келолмаслар. Улар билан кўришмоқ қиёматга қолди. Бу – сизлар билан охирги кўришувимдир. Оллоҳга шукрки, дин йўлида неники қилмоққа чоғланган бўлсам, барини бажариш насиб этди, кўнглимда армон қолмади. Кошки эди, ўғлим Шоҳрухни бир кўрсам!” – деди.

Ҳазрат амир ҳузуридаги барча хотинлар, оқалар ва баъзи шаҳзодалар унинг бу сўзини эшитиб, фарёд уриб юборди.

Соҳибқирон жон-жигарларига, қон-қариндошлари ва амирларига шаф­қат ва меҳр билан қараганча, яна бундай деди: “Нима десам, ўлканинг манфаати учун айтдим, асло қулоқларингиздан чиқмасин. Халқнинг, фақирлар ва мискинларнинг аҳволидан хабарсиз қолмангиз. Доимо айтган гапларимга, насиҳатларимга кўра иш тутингиз. Қиличларингиз қабзасини менга ўхшаб маҳкам ушланг, шундагина подшоҳликдан мен каби насибдор бўлгайсиз. Ожизлик ақлни йўқ қилиб, нафсу ғайратни ўлдиради. Ортиқча камтарлик ва камсуқумлик инсонни ғоядан узоқлаштиради. Тушкунлик, ирода заифлиги орзу-истакларга тўсиқдир… Мен дунёни адолат ва яхшилик ила обод айладим. Агар менинг васиятларимга кўра, адолатли иш тутсангиз, узоқ йиллар бу мамлакат қўлингизда тургай. Аммо бир-бирингиз-ла олишсангиз, бу сизларга хайр келтирмас…”

Бир оздан сўнг Темурнинг аҳволи янада оғирлашди. Энди бу жа­ҳоний тахту салтанат, шону шавкат, ўрду ва сарватнинг бир фойдаси қолмаган эди. Ташқарида ҳофизлар Қуръони карим ўқишарди. Мавлоно Убайдуллоҳнинг ўғли мавлоно Ҳайбатуллоҳга ичкарига кириб, Соҳибқироннинг бош тарафига ўтириб, Қуръон тиловат қилиш айтилди ва у дарҳол бу ишга киришди.

Соҳибқирон Амир Темур қуёш ботганидан кейин, шом ва хуфтон намози ўртасида, бир неча бор калимаи шаҳодат келтирганидан сўнгра жон берди. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун.

1405 йилнинг 19 февраль куни эди. Амир Темур вафот этганида олтмиш тўққиз ёшда эди. Подшоҳлик даври ўттиз олти йилдир. Салтанати йилларига уйғун ўлароқ ўғиллари ва неваралари сони ҳам ўттиз олтитадир.

 

УЛКАН МУСИБАТ

Соҳибқирон Амир Темур бу ўткинчи дунёдан мангу оламга кўчганидан кейин шаҳзодалар тожларини бошидан отиб, мотам ва қайғу либосига бурканди. Оқалар ва хонимлар юзларини тирнаб, сочларини юлдилар. Барча беклар ёқаларини йиртиб, бағирларини ерга бериб, қон йиғладилар.

Эрта тонгда Ҳиндушоҳ хазоначи Соҳибқирон жасадини ювди. Васиятга кўра, мавлоно Қутбиддин майитнинг бош тарафида Қуръон тиловати билан машғул бўлди.

Бир оз ўтгач, Бердибек, Сариқ Буға, шайх Нуриддин, Шоҳмалик, Хўжаюсуф каби беклар ва бошқа атоқли кишилар йиғилиб, Амир Темурнинг васиятини бажариш ниятида, ғазо сафарини давом этдиришга бир овоздан қарор бериб, қасам ичдилар.

Соҳибқироннинг вафоти сир сақланди. Душманлар билиб қолмаслиги учун оқаларнинг йиғлаши, фарёду фиғон кўтариши тақиқланди. Шундан ке­йин оқалар ва беклар биргаликда кенгашиб, баъзи қарорларни қабул этдилар.

Хизир қавчин шаҳзода Халил султон ва шаҳзода султон Ҳусайн ҳузурига жўнатилиб, у орқали “Соҳибқироннинг хасталиги оғирлашди, энг яқин кишиларингиз билан тезда етиб келинг”, дея хабар берилди.

Шаҳзода Пирмуҳаммадга ҳам бундай мазмунда хат юборилди: “Ҳазрат сизни валиаҳд тайин этди. Ҳозирда аҳволи бир оз ўзгарди. Тезда Самарқандга келгайсиз”. Мактубда, жумладан, Соҳибқироннинг васиятига кўра, подшоҳлик қилиши, халққа нисбатан адолатли ва жўмард бўлиши, душманларни суюнтирувчи ишлардан узоқ туриши лозимлиги каби масалалар ҳам алоҳида уқтирилган эди.

Аҳволдан огоҳ этиш учун Темур қавчин Ҳиротга, Шоҳрух мирзо ҳузурига юборилди. Донгли чавандоз Али Дарвиш Табриздаги шаҳзода Умар саройига, Ара Темур эса Бағдодда ҳукм сураётган шаҳзода Ми­роншоҳ ва шаҳзода Абубакр қошига жўнатилди.

Тағин баъзи чопарларни Ироқ ва Форс мамлакатларига йўлладилар. Ўтрордаги шаҳзодалар ва оқалар 19 февраль кечаси, хуфтон намози пайтида Ҳазрат амир тобутини ипаклар билан ўраб, тахтиравонга жойлади ва Ўтрордан чиқиб, Самарқанд йўлига чиқди. Кечаси Хўжандга етдилар, Хўжанд дарёси музлаган эди, муз устидан ўтиб, нариги қирғоқдаги ўрмонликка кириб, дам олдилар. Тонг отар экан, аза ва айрилиқ ўти юрак-бағирларини шунчалар ёндирдики, тиззалари қалтираб, кучсизланиб, вафот сирини сақлашга мажоли қолмай, хотину эркак, барча баравар ўкира-ўкира йиғлай бошлади. Уларнинг кўз ёши ва фарёду фиғонидан ер-кўк остин-устун бўлиб кетди. Йиғлаб-йиғлаб тўйдилар. Шунда беклар насиҳат оҳангида: “Ажалнинг чораси йўқдир, сабр этишга мажбурмиз. Садақалар тарқатиб, хайру эҳсонлар айлаб, Қуръони каримдан оятлар ўқиб, марҳумнинг руҳини шод қилайлик”, деди.

Бироқ бу ўгитни эшитиб туриб ҳам, барча тағин йиғи-сиғига берилди. Беклар яна ўша насиҳатни такрорлади. Бири бундай деди: “Бу дунёда ҳазрати пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи васалламдан кўра устун инсон йўқдир, чунки Ҳақ Таоло бу дунё ва у дунёни ул зот учун яратмишдир. Вақти замони келиб, пайғамбаримиз ҳам жон таслим этди ва бу дунё­дан у дунёга кўчди. Шундай бир киши у оламга кетганидан кейин ким ҳам бунда қола олади, ахир! Ҳар қанча қийин бўлса ҳам, сабр этмоқдан, ризолик кўрсатмоқдан бошқа чорамиз йўқдир”.

Беклар оқаларга ва шаҳзодаларга ҳазрати пайғамбаримиз ҳаётидан мисол келтириб насиҳат қилгач, улар бир оз тасалли топиб, сокинлашди. Йиғи-сиқтовни тўхтатдилар. Сабрларига таяндилар.

Шу паллада қўмондон беклар бир йиғилиш ўтказди. Юзларига кўзёшлари оққанча, бир қўмондон бундай деди: “Барча аскар – бири баҳодир, бири паҳлавон, бири қўмондон кўз ёши тўкмоқда. Қолаверса, бу бекларнинг ҳар бири замонамизнинг Исфандиёри ва Рустамидир. Шундай қурол-яроғлар ва шундай буюк ўрдуни Жамшид замонидан бери кимса кўрмаган ва эшитмаган. Бундан кейин ҳам бунақа ўрдунинг тўпланиши амримаҳол. Бу қўшин билан душман устига юрсак, барини маҳв этиб, кулини кўкка совуришимиз муҳаққақ. Ҳатто Соҳибқирон ҳазратларининг ўлим хабарини эшитишса ҳам, биз бу ўрду билан устига селдай ёпирилиб борсак, эшитганига ишонмас ва: “Агар Соҳибқиронга бирор нима бўлсайди, бунақа қўшин бостириб келолмасди”, дегайлар. Ё итоат камарини боғлагайлар ва ё шаҳарини тарк айлаб, унда-бунда санғиб юргайлар. Қисқаси, биз қиладиган иш шу: Соҳибқирон руҳини шод этиб, Оллоҳдан мадад тилаб, Хитой сафарига отланмоқ, кофирларга қарши ғазавотга киришмоқ, ундаги бутхоналарни йиқиб, бутларни парчаламоқдир. Бу юмушни ҳал қилиб, яна орқага қайтиб, юртимиз осойи­ши ила машғул бўлгаймиз. Шунчалар улуғ ўрду тўпланган экан, ҳеч не қилмай ортга қайтмоқ уятдир”.

Оқалар ва шаҳзодалар бекларнинг бу қароридан суюнди ва кенгашиб, Соҳибқирон Хитой сафарига чиқаркан, ёнига олгани Иброҳим султон қўмондонлигида душман устига юриш режасини маъқуллади. Бундан ташқари, Тошкентда ҳукм юритаётган шаҳзода Халил султоннинг ҳам келиб ўрдуга қўшилиши мақбул топилди. Ўша паллада Халил султон йигирма бир ёшда эди ва шу ерда бўлган шаҳзодаларнинг энг каттаси ҳисобланарди. Уни подшоҳ сайлаб, барча беклар ва ўрду бошида Хитой устига юрилишига, у ўлка фатҳ этилгач Самарқандга қайтилиши ва ўшанда барча шаҳзода, бек ва оқалар тўпланиб, кенгаш қуриши ва Соҳибқирон васиятига кўра иш тутилишига қарор берилди.

Шундан сўнг Соҳибқирон жасади Қора Юсуф, Али қавчин ва бошқа хос аскарлар назоратида Самарқандга олиб кетилди. Уларга йўлда эҳтиёт бўлиш алоҳида уқтирилди. Карвон ортидан Сароймулк хоним, Тўкал хоним, Туман оқа ва бошқа хониму оқаларни, Мирзо Улуғбек ҳамда бошқа шаҳзодаларни қўшиб, Соҳибқирон тахтиравони ёнида Самарқандга йўлланди.

Аммо бундай эҳтиёт чораларию тадбирларига қарамай, Амир Темур вафоти ҳақидаги хабар тўрт ёққа тарқалиб бўлганди. Илгари ҳам фитна чиқариб юрган султон Ҳусайн ўз лашкари билан Самарқандга қараб келаётганди. Бу хавфли вазият бошқа шаҳзода ва қўмондонларни вақтинча – ишлар ўрнига тушиб кетгунча, Чин сафарини тўхтатиб туришга мажбур этди.

Улкан мусибат тахтиравони жадал йўл босиб, 23 февраль куни пойтахтга кириб борди. Соҳибқирон исломий урф-одатга кўра, гумбаз остига дафн этилди. Амир Темур ҳар доим жон-дилидан ихлос қўйган пири Са­йид Барака ҳазратлари оёқ учига дафн этилишни орзу қиларди. Шунинг учун Сайид Бараканинг Андхудга кўмилган жасади суякларини олиб келиб, Ҳазрат амирга аталган гумбаз ичига қўйдилар. Марҳум шаҳзода Муҳаммад султон наъшини ҳам Соҳибқирон қабрига ёндош гўрга жойлаштирдилар.

Самарқанд буюк турк хоқони учун аза тутиб, мусибатнинг қора либосига бурканди. Ҳар ким аза кийимини кийиб, фарёду фиғон этди. Улкан аза маросими бошланди. Бир неча кун қўй, мол, отлар сўйилиб, азадор халққа хайру эҳсон берилди, марҳум руҳига атаб дуолар ўқилди. Соҳибқироннинг шахсий ноғорасини бир оз чалдилар, уни эсладилар ва сўнгра парчаладилар. Арвоҳига хатми Қуръон бағишланди, дуолар қилинди.

 

АМИР ТЕМУРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Соҳибқирон Амир Темур узунга яқин, ўрта бўйли (бир метру етмиш беш сантиметр)[19] йирик одам бўлган. Манглайи кенг, боши катта, бўйни йўғон, дудоқлари қалин, кўзлари катта-катта, киприклари узун эди. Юзи оқ-қизилдан келган, мушаклари бўртган, кенг елкали, соқолли киши эди. Соқол-мўйлови қора эди. Чеҳрасида қатъият балқиб турарди. Ниҳоятда кучли, соғлом ва ҳайбатли эди. Гуриллаган товуши бор эди. Ўлимдан қўрқмасди. Ёши етмишга етганида ҳам соғлом, қайғусиз, ҳаракатлари чаққон, худди метин қоядай қиёфага эга эди. Жангу жадалларда орттирган яралари боис ўнг қўли фалаж, ўнг оёғи бир оз оқсоқ эди. Ҳазилни, ёлғонни ёмон кўрарди. Ўзига ёқмаса ҳам, тўғри сўзни, тўғриликни яхши кўрарди. Бўлиб ўтган нарсаларга ачинмасди, эришадиган ё қўлга киритадиган нарсаси учун ҳам суюниб кетмасди. Муҳрида “Рости русти”, яъни куч – адолатдадир, деган ҳикмат нақш этилганди. Отларига ва ақчаларига “О” шаклида тамға босиларди.

Унинг йиғилишларида, умуман, адабсиз сўзлар тилга олинмасди. Қон тўкиш, асир олиш, бостириш, талаш ва хотинларни таҳқирловчи сўзлар ҳам сўйланмасди. Мансаби ва унвони қандайлигидан қатъи назар, жасур, қўрқмас ва мард йигитларни тақдир этарди. Чунки улар ёрдамида забт этилмас ерлар калитини қўлга киритар, балоли инсонлар балосини даъф қилдирар, юксак тоғлар устидаги душман қалъаларини улар зарбаси-ла харобага айлантирарди. Ниҳоятда тўғри фикрли, закий ва ўта фаросатли эди. Улуғлик ва ҳайбат унга ярашарди. Ҳар доим сўзи ва қарори қатъий эди. Бошига мусибат ёғилганида ҳам тўғри гапирарди. Биров бир гапни айтса, тўғрилигига далил-исбот сўрарди, қош остидан боқаркан, қаршисидаги шахснинг юз-кўзидан ҳам кўп нарсани сезиб-билиб оларди. Фавқулодда зийрак ва сезгир эди. Ҳар қанақа имо-ишорани кўздан қочирмасди. Ҳар қанақа воқеа-ҳодисани тафсилотлари билан эринмай муҳокама этарди. Ҳеч бир ҳийлакор ўз найрангини ундан яширолмасди. Закоси ва тажрибаси соясида кимнинг фикри тўғрию кимнинг насиҳати янглиш, барини яхши англаб турарди. Бирор буйруқ берганидан ёки бирор нарсага ишорат қилганидан кейин асло ўз фикридан қайтмасди. Бир ишга йўналганда ҳам орқага асло одим отмасди. Уни ўзига хос фазилатлари туфайли “етти иқлим соҳибқирони”, “қуруқлик ва денгизлар қаҳрамони”, “маликлар ва султонлар хоқони” каби унвонлар билан тилга олишарди.

 

АЙРИМ ВАСФЛАРИ

Унинг учун ғазовот барча нарсадан устун ҳисобланарди. Бу йўлда ёз-қиш, иссиқ-совуқ деб ўтирмасди. Ҳиндистон сафарида экан, ўғиллари унга дам олинг, деганларида, “Ғазовот қилмоқ – фарздир. Ғазода қат­нашган кишига унинг икки фойдаси бордир. Бири – охиратда ноил бўладигани савоб, иккинчиси – қўлга киритажаги ғаниматдир. Биз ҳам охират савобидан баҳраманд бўлмоғимиз жоиз. Ғанимат тушса, уни ҳам ислом ўрдусига тарқатамиз. Кимнинг қуроли бўлмаса, унга қурол бергаймиз. Биз подшоҳларга лозим нарса – заифлар ва тушкунлар аҳволидан хабардор бўлмоқдир”, деган.

Ҳар ишини Оллоҳга ишониб, суяниб қиларди. Кўп жангларда ўзига нисбатан саноғи ортиқ душманга қарши курашди. Кўнглини, ишончини ўрдусига эмас, Оллоҳга боғлаб жангга кирарди. Унинг бундай одати бор эди: ҳар бир урушга киришдан олдин отдан тушиб, икки ракат намоз ўқиб, Оллоҳ таолодан ёрдам ва зафар беришини тиларди.

Кечириш, афв этишни ёқтирарди.

Ҳиндистон юриши асносида ўрмон қабилаларига дуч келди. Улар таслимият шартларини қабул қилдилар, қурол-яроғларини Амир Темурга топширдилар. Уларнинг қабилабошиси бундай деди: “Эй, Темур, сен бизни қурол кучи билан енгдинг. Таслиммиз. Фақат сенга айтадиган баъзи шартларимиз бор. Агар сен жаллод бўлсанг, бошларимизни учир! Агар савдогар бўлсанг, асир ўлароқ бизни сот! Агар подшоҳ бўлсанг, бизга эркинлик бер!”

Қабила бошлиғининг бу мурожаатидан Амир Темур таъсирланди ва унинг сўзларини маъқуллади. Ҳалиги ўрмон қавмини озод этиб, уларга хайру эҳсонлар қилди.

Аҳилликни қадрларди ва бунга ҳар доим диққат қиларди.

Бу хусусда Арминий Вамбери бундай ёзган: “Юз марталаб ўлим билан юзма-юз келган Темур умрининг сўнгги онларини яшар экан, атрофига йиғилган неваралари, яқин одамлари ва аҳли аёлининг Соҳибқирон учун кўз ёши тўкаётган пайтда, барчасига сабр этиш ва аҳил бўлишни насиҳат қилади”.

Темур олимларни яхши кўрарди, уларга доим қучоғини очарди, са­йидлар ва шарафли кишилар даврасидан айрилмасди. Олим ва фозилларнинг шахсига яраша ҳурмат-эъзоз кўрсатарди, уларни бошқалардан устун ўринга қўярди. Ҳар бирига даража ва мартабасига уйғун муомала қилиб, иззат-икром кўрсатарди. Уларнинг пойига мурувват гиламини тўшарди, аммо ўз ҳайбатини сездиришни ҳам унутмасди. Улар билан ҳиммат ва ғазаб аралаш бир ҳавода суҳбат қилар, турли мавзую муаммоларни ўртага ташларди. Лутфи қаҳри билан, қаҳри марҳамати билан аралаш эди. Касби коридан қатъи назар, ҳар бир фазилатли ва шарафли санъат арбобини Темур ҳурмат қиларди. Мунажжим ва табиблар унинг ёнидан айрилмас, чунки Соҳибқирон уларнинг гапига қулоқ соларди.

Темур тарихий битикларни, анбиёлар ва авлиёлар қиссаларини, ҳукмдорлар ҳақидаги ҳикоятларни, ўзидан аввал дунёга келиб-кетган барча подшоҳларга оид китобларни ҳар доим ўқитиб, жон қулоғи билан тингларди. Унинг тарихга қизиқишига Соҳибқирон билан Шомда учрашган ибн Халдун ҳам шахсан шоҳид бўлган. Ҳатто Соҳибқирон тарих бобида билимдонлиги билан ибн Халдунни ҳайратга солган.

Хоразмлик олимлардан Абдулжаббор Нўъмониддин Соҳибқиронга таржимонлик қилган суҳбатлардан бирида Амир Темур ибн Халдунга Мағриб мамлакатига оид баъзи саволлар беради. Аммо жавоблардан қониқмайди. Шунда унга “Узоғию яқини-ла, тоғларию дарёлари-ла, қишлоғию шаҳарлари-ла бутун Мағриб диёрини худди кўзим билан кўриб турганимдай менга ёзиб, тасвирлаб бер”, дейди ва ундан бу хусусда тўла маълумот сўрайди.

Бошқа бир мулоқотда эса, Бухтуннаср (Набукадназзор) ҳақида гап кетар экан, Соҳибқироннинг баъзи саволларига жавоб тополмай, ибн Халдун лол қолган.

Амир Темур ҳарбий юришларида ҳам китобларни ёнида олиб юрарди. Ҳаким Сатторийнинг ёзишича, Амир Темур Озарбайжон сафари вақтида ўзи ёшликдан ўқиб, кўнгил қўйган шоири юртига келади. Дарҳол унинг мозорини топтириб, зиёрат қилади. Бу қишлоқ аҳлига олтинлар тарқатади ва бундай буюк шоир ўтган ернинг инсонларини ҳурмат қилиш керак, дейди.

Арманистон юришида эса душманни енггач, ўша атрофда қимматли қўлёзмалар борлигини эшитади. Шитобан одам юбориб, уларни келтиртиради.

Амир Темур ҳарбий сафарлари чоғида махсус кундалик ёздиртирган. Бу ҳам тарихий асарларнинг ёзилишига туртки берган. Элхонийлар даврида тараққий топган тарихчилик темурийлар замонида ҳам анча ривожланди. Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”лари Амир Темур юришлари баёнига бағишланган.

Соҳибқирон ақлини чархлаб туриш учун доим шатранж ўйнарди. Шат­ранж у замонда зиёлилар ўйини ҳисобланарди. Амир Темур бу ўйинни жуда яхши кўрарди. Айниқса, бир нарсадан асабийлашса, шатранж ўйнаб роҳатланарди. Амир ҳазратлари бу соҳада камолотга эришгани боис унча-мунча одам у билан шатранж ўйнашга журъат қилолмасди. Ҳатто Темур шатранжда ўзига хос янги йўл ҳам яратганди. У шатранж тахтасини ўнга, кейин ўн бирга чиқарган ва тошларга икки туя, икки зурафо, икки буқа, икки арслон, икки даббоба, икки илғор, бир вазир, бир қўриқчи ва яна баъзи янги номдаги тошларни қўшган. Темурнинг шатранжчилари орасида Муҳаммад Оқил Ҳаймий, Яздий ва бошқалар бўлган. Аммо бу даврада шатранжчилар пири ўша замоннинг фақиҳи ва муҳаддиси Алоиддин Табризий ҳисобланарди. Алоиддин Табризий билан катта шаҳматда дона сурган Амир Темурнинг шатранж ўйинининг ўзига хосликлари ва ҳамлалари ҳақида шарҳлари ҳам мавжуд.

Амир Темур бир куни бу суюмли ўйинини ўйнар экан, рақибига “шоҳ-рух” дея рух-ла шоҳ берган пайтида, чопарлар унга икки мужда келтиради. Биринчиси – оиласида бир ўғил туғилгани, иккинчиси – Сайҳун қирғоғида қурдираётган шаҳари битгани ҳақида эди. Шунда Амир ҳазратлари ўғлига Шоҳрух, шаҳарга эса Шоҳрухия дея ном берган.

 

                               МУВАФФАҚИЯТ АСОСЛАРИ

Подшоҳ ҳамласидан ортга қайтмас, отган одимидан чекинмас; ҳукмдор одам тараддуд этмас”.

                                                                                           Амир Темур

Амир Темурнинг ҳаётда ва урушда қўлга киритган муваффақиятлари асоси ва энг муҳим сабаби – ўз қароридан асло қайтмаслигидир. У бир хулосага келишдан аввал обдон ўйлар, айни масала билимдонлари фикрини эшитар, улар билан маслаҳатлашар, шундан кейингина қарор берарди. Бир иш бошладими, тиниб-тинчимас, кузатар, иш битганидан сўнггина хотиржам бўларди. Бугунги ишни эртага қўймасди. Буйруқ шу онда бажарилиши шарт эди. Динга, шариатга, қонун-қоидаларга риоя этарди ва бузилишига ҳеч қачон йўл қўймасди.

Амир Темур ўз “Тузуклар”ида бундай дейди: “Тажриба менга шуни кўрсатдики, дин ва қонунлар тамали устига қурилмаган давлат узоқ яшай олмайди. Бунақа давлат қип-яланғоч ҳолга тушиб, кўринган ҳар киши қаршисида уятдан бошини эгиб, кўзларини ерга тиккан ва барчанинг олдида қадру обрўсини йўқотган кимсага ўхшайди. Бу вазиятдаги давлат эшиксиз, деворсиз, ҳар ким кириб-чиқиб ётган ҳовлидан баттардир. Шунинг учун ҳам мен давлатимни исломиятга асосланиб қурдим. Давлатимни бошқариш учун қонун-қоидалар туздим. Бу тузукларга амал қилган ҳолда яшаб, уларга қарши боришдан сақландим.

Ҳар доим ўн икки моддали бошқарув дастурига суяниб ҳаракат қилдим. Ана шу қоидаларга кўра ҳокимиятни идора этдим.

Оллоҳ таолонинг динини ва ҳазрат Муҳаммаднинг шариатини оламга ёйиш асосий иш-амалим бўлди. Ҳар замон, ҳар ерда исломиятни маҳкам тутдим.

Атрофимдаги одамларни ўн икки тоифага ажратдим. Бошқа ўлкаларни фатҳ этишимда, фатҳ айланган юртларни бошқаришда ҳам буларнинг баъзилари менга қўли, баъзилари маслаҳатлари билан ёрдам кўрсатдилар. Улардан бахту иқбол йўлида фойдаландим. Улар саройимнинг безаги ҳисобланарди.

Душман лашкарини мағлуб ва вилоятларни забт этишда олимлар ва амирлар билан кенгашдим. Ҳокимиятни бошқаришда юмшоқлик, одамгарчилик, сабру бардошга суяниб иш тутдим. Ўзимни ҳеч нарсани кўрмаётганга солиб, барча нарсани фаросатим-ла сезиб, англаб турдим. Ҳукумат идорасида қонунларга риоят ва интизом шу даражада қаттиқ эдики, вазирлар, амирлар, аскарлар ва халқ юқорироққа чиқиш учун ўйлаб ҳаракат қиларди, жонини ўйларди. Ҳар бири эгаллаган мақомидан мамнун ҳолда ўз ишини бажараверарди.

Бекларим ва аскарларимга журъату жасорат бериш учун олтину жавоҳирни аямай сочдим. Улар билан бирга бир дастурхонда ўтирдим. Ана шу қийматли инсонлар ва жанговарлар ёрдамида жаҳондаги йигирма етти салтанатнинг ҳукмдори бўлдим.

Адолат ва тарафсизлик ила ҳар доим Оллоҳ қулларининг яхшилигини ўйладим ва уларнинг меҳрини қозондим.

Сайидларга, уламога, фақиҳларга ва тарихчиларга яхши муомала қилдим, уларни улуғладим. Яхши ва жасур кишилар менинг дўстларим эди, чунки Оллоҳ шундай одамларни хуш кўради. Уламо билан қалин муносабатда бўлдим. Уларнинг маслаҳатини олдим. Уларнинг хайрли дуолари менга зафарлар қозонтирди. Дарвишлар ва фақиҳларни ҳимоямга олдим, уларга заррача ёмонлик қилмасликка уннадим ва бирорта ҳам талабу истагини қайтармадим. Ўзгалар тўғрисида ғийбат юритадиган гапчиларни саройимдан қувдим. Ундайларнинг сўзига ҳеч аҳамият бермадим.

Ҳар ўйлаган ишимни, ташаббусимни бажаришда саботли бўлдим. Бир ишга киришганда зеҳним фақат у билан банд эди. Уни битирмагунча тинчимасдим. Ишим, тутумим айтган сўзимга терс эмасди.

Халқ ҳолидан воқиф эдим. Ёши катталарга акамдек, кичикларга болаларимдек муомала қилдим. Ҳар вилоят ва ҳар шаҳар аҳлининг аҳволига мос муносабат кўрсатдим.

Бирор қабила, ё араб, ё ажам кўчманчилари байроғимнинг ҳифзу ҳимоясига сиғиниб келса, уларнинг бекларини шарафу иззат-ла, бошқа одамларини ҳам ўз мавқеларига кўра эътибор-ла қабул этдим. Яхшиларга яхшилик қилдим, ёмонларга эса ёмонликларини қайтардим.

Ўғиллару неваралар, дўстлар, иттифоқчилар ва мен билан боғланган ҳар ким яхшилигимдан насибдор эди. Иқболу саодатимнинг порлоқлиги ва юксаклиги бирор кишини унутишимга сабаб бўлмади.

Аскарларимни, улардан фойда кўрганда ҳам, зарар чекканда ҳам, ҳар доим ҳурмат қилдим. Доимий бахт-саодатни ўткинчи нарсалардан устун тутадиган кишиларга миннатдорлик билдириш керак. Чунки улар жиҳод учун жаҳду жадал айлаб, ҳаётларини фидо этадирлар”.

 

МУАЗЗАМ ҲАРБИЙ ЮРИШЛАРИ

“Тарихда бирор генерал ёки ҳукмдор қозона олган ғалабалар борасида Амир Темурнинг тенги ва ўхшаши йўқдир.

 Инглиз тарихчиси Ж.М.Роберт

Амир Темур дунёнинг энг буюк фотиҳларидан ва жаҳонгирларидан бири эди. Унинг ҳарбий юришлари уч, беш, етти йиллик сафарлар дея тарихга муҳрланган. У ўз сафарлари боис йигирма етти ўлка ҳукмдорига айланди.

У дунёда ҳарб санъатининг шаклланиши ва тараққиётига энг улкан улуш қўшган жаҳонгирдир. Улуғ қўмондон, ҳарб доҳийси сифатида қадрланадиган Соҳибқирон икки юз минг кишилик мунтазам ўрдуни улуғворона тартиблаган ва уруш пайтларида доҳиёна бошқарган. Жанг якуни, зафарни таъминлайдиган нуқталарга заҳирадаги лашкарни ўз вақтида, жадал суратда етказарди. Аскарларнинг маънавий қувватини юксак даражада тута оладиган нодир иқтидор эгаси эди. Икки юз минг кишилик қўшинни ёз-қиш демасдан ҳаракатда бошқарар, бир неча йиллик ҳарбий сафарларни муваффақият билан якунлар эди.

Қўшинида чорвачилик, экинчилик, ҳунармандчилик, темирчилик, тикувчилик, бошмоқчилик билан шуғулланувчи аҳоли вакилларидан аскарликка олинганлар ҳам бор эди ва улар ўрдуда ана шу соҳалардаги эҳтиёжни қондирар эди.

Лашкарнинг асосий қисми тамали отлиқ ва яёв аскарлардан иборат эди. Соҳибқирон шарқда илк бор ўточар қуроллар ва тўпдан фойдаланган қўмондон ҳисобланади.

Амир Темур жаҳон ҳарб санъати тарихида биринчи бўлиб жанг майдонида қўшинларни анъанавий беш бўлим тарзида жойлаштириш қонунларини ўзгартириб, етти қисм ҳолида тартиблашни бошлаб берган. Бу янгилик кейинчалик Тўхтамиш ва Шайбонийхонлар томонидан ҳам қўлланилган.

Темур аскарларни ҳар қандай қийинчиликни ҳам енгиб чиқадиган қилиб тарбиялашда моҳир эди. Унинг лашкари сўнгсиз ғайрати билан ажралиб турарди. Соҳибқирон учун имконсиз деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Тоғлиқ ерларда ҳам лашкар ҳаракатини енгиллаштирувчи алоҳида ҳарбий усуллардан фойдаланарди. Масалан, Ҳиндистон юриши чоғида жарлик­лару дараларга тушиш ё ўшандай маконлардан тепага чиқиш учун осма йўллар қурдирарди. Метин қояларга темир қозиқлар қоқтириб, қоялараро лашкар ташувчи қурилмалар ясаттирарди. Улар ёрдамида минг-минг аскар ҳар қандай нуқтага жадал ўта оларди. Айтиш мумкинки, бугундаги лифт юритиш тартибидан ўша замонларда ҳам фойдаланишган.

Ҳиндистон сафарида ўрдунинг қор устидан юриши оғирлашганида, Темурнинг топқирлиги туфайли, унинг амрига кўра, лаҳмчилар қалин қор ичини ўйиб, икки метр баландликда, беш киши ўтадиган кенгликда узунлиги бир километрли йўл очишган.

Юришлар вақтида йўлда тошқинли дарёларга дуч келинса, икки кун ичида мустаҳкам кўприклар қуриб битказилган ва бутун ўрду, чериклару отлар, филлару туялар бемалол у қирғоққа ўтган. Аввалги даврларда бундай дарёлардан Чингизхон ва Маҳмуд Ғазнавий қўшинлари соллар ёки дамланган терилар кўмагида ўтган. Аммо ўша жараёнда анчагина одамлар ва отлар чўкиб ўлган.

Темур ҳарбий юришларга жуда пухта тайёрланган. Аскарлар ва қурол-яроғлар мукаммал ҳолга келгач, шахсан ўзи кўрикдан ўтказган.

Тарихчиларнинг ёзишича, ҳар бир аскар ўзи бир йилга етарли озиғи, шунингдек, ўқ-ёй, совуту қалқонини тўкис ҳолга келтирарди. Ўз отидан ташқари ҳар икки аскар учун битта етакдаги от, ҳар ўн кишига битта чодир, битта қўларра, юзта игна, ип, қозон бўлиши шарт эди.

 

АЙҒОҚЧИЛИК ТАШКИЛОТИ

“Билаги кучли бир кишини йиқар,
билими кучли минг кишини йиқар”.

 Амир Темур

Айғоқчилик ташкилоти – ҳар бир ўлканинг кўзидир. Душманлар ҳолини, куч-қувватини тўғри кўра олган, кузата билган ва шу асосда у билан жангга тайёрланган қўмондонгина зафар қозонади. Бир соғлом ва бир кўр жангчи урушса, жангда ким ғолиб чиқиши аён. Айғоқчилик ташкилотининг бор-йўқлиги ҳам шундай гап.

Хуллас, ўттиз беш йиллик ҳукмдорлик даврида ўн еттита катта урушда бирор марта енгилмаган, йигирма етти ўлкани фатҳ этган Амир Темурнинг шундай муваффақиятини таъминлаган энг муҳим омиллар бошида унинг айғоқчилик ташкилоти туради. Бу ташкилот шу қадар мукаммал тузилган эдики, халқ орасида хабар тўпловчи кишиларга қўшимча, Соҳибқироннинг ўз ўлкасидан ташқари бошқа юртларда ҳам саноқсиз жосуслари фаолият юритарди.

Бу айғоқчилар сўфи, дарвиш, савдогар, мунажжим, аскар, санъаткор, паҳлавон, денгизчи, мешкоб, сеҳргар, афсунгар қиёфасида юртма-юрт кезиб юрар, ўша ўлкалардаги шаҳару қишлоқлар, йўлу карвонсаройлар орасидаги масофа ва кенгликка, шунингдек, омма, улуғ-кичик кишиларга оид ҳар қанақа маълумотни йиғиб келиб, Темурга билдирарди. Амир Темур ана шу тариқа забт этилажак юрт ҳақида тушунча йиғар, ўша ўлканинг ҳукмрони ва катталари хусусида икир-чикиригача маълумотга эга бўлар ва уни қўлга киритгач эса “Фалончи фалончи билан анави муаммосини қандай ҳал қилди, анави воқеа нима билан тугади” каби саволлар бериб, бу ерлик халқни ҳайратга соларди.

Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Темур айёрликда суву ўтни бир ҳовучига сиғдирган, тўғрию эгрини ёнма-ён қўёлган, ҳикмату баҳсда замон ибн Синоларини енгган, мантиқда юнонликларни жим қилиб қўйган шахс эди.

Амир Темурнинг айғоқчилик ташкилотига кўп муҳим вазифалар юклатилган эди. Бутун салтанат ҳудудлари, ҳар бир вилоят-ўлка, ўрдуда котиблик, яъни ҳар бир ҳодисани ёзиб бориш тартиби йўлга қўйилганди. Бу котиблардан ҳокимлар ва сипоҳилар, маҳаллий ва хорижий аскарлар, кирган-чиққан моллару буюмлар, ташқаридан келган ва ташқарига чиққан мусофирлар, турли мамлакатларга тегишли карвонлар, под­шоҳларнинг сўзлари ва ишлари, узоқ эллардан Темур ҳузурига келган уламою фузалолар ҳақидаги хабарлар олиб тўпланар ва Соҳибқиронга етказилар эди. Агар қалам тутганлар хиёнат ила бирор ҳодисани бузиб ёзса, ўша хабар битгувчининг бармоқлари кесиларди.

Ҳарбий соҳадаги ишларни яшириб, уни бошқача тарзда ёзган котибнинг қўли қирқиларди. Агар бирор ғараз билан туҳмат битса, дарҳол ўлдириларди.

Бундан ташқари, Амир Темур кунлик хабарларни ҳар куни, ойлик янгиликларни ҳар ой, йиллик маълумотларни эса ҳар йили тақдим этишни амр қилганди. У ўзига тақдим этилган бу маълумотларга ўта жиддий эътибор билан қарарди. Имкон қадар тўғри маълумот олиш учун чора-тадбирлар қўлларди.

Бу ташкилот вакилларидан ташқари, дунёга ёйилган барча йўллардан маълумот келтирувчи бошқа хабарчилар ҳам бор эди. Ана шулар воситасида ҳар қайси ўлкаю вилоятдан юборилган хабар икки кунда Самарқандга етиб келарди. Узоқ масофаларга ҳам янгилик жадал йўлланар эди. Масалан, Шерозда турган Темурга Тўхтамишнинг Мовароуннаҳрга ҳужуми тўғрисида хабарни Самарқанддан йўлга чиққан чопарлар ўн етти кунда етказган. Яъни отда ҳар куни ўртача бир юз қирқ километр йўл босилган. Ана шу тарзда ёмлар – почталар ва ёмчилар – чопарлар воситасида Амир Темурга ҳар тарафдан хабарлар етказиб турилган.

 

“ЎҒЛИМ ШОҲРУХНИКИ БЎЛСА ҲАМ, ОТИНИ ОЛИНГ”

Ёмчи, яъни почтачилар зарур пайтда, отлари чарчаганда ёхуд йи­қилганда, йўлда дуч келган отни олишга ҳақли эди. Ана шундай ҳолатда савдогар, амир, элчи, ким бўлса бўлсин, отини беришга мажбур эди. Бермаганнинг калласи кетарди. Чопар ва хабарчилар ҳатто Амир Темурнинг ўғли ёки хотинлари отини ҳам олишга ҳақли ҳисобланарди.

Бу хусусда араб тарихчиси Абдулқодир Тамимийнинг “Табоқот” деган асарида қизиқарли бир ривоят келтирилган. Бир куни Амир Темур олис бир шаҳарга муҳим хабарни билдириш учун чопарини йўллайди. У чопарга бундай дейди: “Агар отинг ҳориса, йўлда учраган одамнинг, ҳатто ўғлим Шоҳрух бўлса ҳам, отини олиб, тўхтамасдан, жадал йўл бос. Хабарни эгасига ўз вақтида етказ!”

Чопар Амир Темур жўнатган шаҳарга қараб бир неча кун от суради. Йўлда Самарқандга келаётган машҳур уламо Саъдиддин Тафтазаний билан учрашади. Ул зот йўл четида отларини ўтлатиб қўйиб, ўзи чодирида истироҳат этарди. Чопар ҳориган уловини уламонинг отларидан бирига алмаштиради. Шу пайт уламо чодиридан чиқиб, отини чопардан тортиб олади. Чопар ўз йўлига кетади. Топшириқни бажариб, бошкентга қайтгач, Темурга ҳалиги воқеани айтиб беради. Амир Темур қаттиқ асабийлашади. Ўрнидан туради-да, жаҳлини босиш учун бир оз одимлаб, ўйга ботганча, уф тортиб, сўнг жойига ўтиради. Анча пайт жим қолади. Кейин бундай дейди: “Агар унинг ўрнида ўғилларимдан бири бўлганида ҳам, албатта, бу айби учун жаллодга топширардим. Аммо менинг қиличим етмаган жойга унинг сўзи, асарлари етиб борган, тарқалган; тақвоси билан шуҳрат топган бу авлиёни мен қандай қилиб қатл эттира оламан, ахир!” дея чорасизлигини англатади.

Бу ҳодиса Темурнинг айғоқчилик ташкилотига берган катта эътибори сирасида олиму уламони ҳам қаттиқ ҳурмат қилганини англатиши билан жуда муҳим ва ибратлидир.

Хабарчилар, изқувар айғоқчилар орасида иброний, юнон ва яна бир неча тилларни биладиган моҳир ва нодир кишилар кўп эди. Улар туфайли Амир ҳазрат энг зарур маълумотларга эга бўлар, давлат ва ўрдуни бошқаришда улардан унумли фойдаланарди.

Ўз даври талабига кўра, ана шундай мукаммал жосуслик ташкилотини яратган Амир Темур ҳарбий юришни бошламасдан олдин фатҳ этилажак ўлка ёхуд шаҳарнинг ўзига қарши чиқиши мумкин бўлган шахс ва кучларини заифлантириш учун ўша тарафга ташвиқотчи, тарғиботчи айғоқчиларни йўлларди.

Қалъа ё шаҳарларни забт этишда топографик маълумотлардан ҳам фойдаланарди. Бу унинг фатҳларидаги муҳим омиллардан ҳисобланарди. Амир Темур ўрдуси, асосан, отлиқлардан қурилгани, ҳар икки суворининг ўз уловидан ташқари яна битта етакдаги оти бўлгани боис эллик мингдан юз эллик мингтагача отлиқ қўшинни бир жойдан бошқа ерга олиб бориш осон кечмасди. Шу сабаб ўша ҳудуднинг жуғрофий, топог­рафик маълумотлари ниҳоятда зарур саналарди. Бу диққатталаб, нозик иш эди. Юриш қилинаётган мамлакатни яхши билиш шарт эди. Шу сабаб Амир Темур сафар асносида ёнидаги савдогар ва жуғрофчилар билан доим суҳбатлашар, кенгроқ тушунча ҳосил қилишга интилар эди. Манзил сари жўнатилган кошиф қисмлар ҳам ўрдудан анча илгарилаб, қаерларда булоқ ё сардобалар борлиги, душман жойлашган ҳудуд хусусиятларини аниқлаб хабар берар ва яна кузатишда давом этарди. Шунинг учун асосий ўрду бехатар йўл босарди. Кошиф бўлинмалардан ҳам олдинроқда айғоқчилар, уста жосуслар ўз вазифасини бажарарди. Шу билан бирга, Амир Темур ўзи фатҳ этишга чоғланган ўлкага киргач ҳам турли йўллар билан маълумот олишни тўхтатмасди. Юриш пайтида муҳим хабарлар, асосан, сара, тажрибали қаҳрамон ва баҳодирлар воситасида олинарди, уларга “тил” тутиб келиш ҳам топшириларди.

Амир Темур фатҳу футуҳот сафарига чиқишдан олдин айғоқчилик ташкилотидан бундай моҳирона фойдаланиши, душман ҳақида барча зарур маълумотни қўлга киритиши, айтиш мумкинки, у қозонажак зафарда бош омил бўларди. Чунки Ҳазрат амир жосуслар воситасида қўлга киритган маълумотларга асосланиб, айни юришда ғалабага эришиши (ёки эришмаслигининг) аниқ ҳисобини чиқара олган. Агар вазият ўзига терс, зарар томонга оға бошласа, дарҳол уни ўзига ўнг, фойдали ёққа бура олган. Шунинг учун ҳам, барча зарур сиёсий ва ҳарбий лаёқатга эгалигига қарамай, Анадўлуни эгаллашда унга қарши чиқувчи энг катта ёғий қози Бурҳониддин бўлишини тушунгач, Анадўлуга юришни кечиктирган.

Унинг Қайсари – Сивас ҳукмдори қози Бурҳониддин ҳақида шарқий Анадўлуни жуда яхши билган одамдан маълумот олишни исташининг ўзиёқ ахборотга, айғоқчилик фаолиятига катта аҳамият берганига бир далилдир. Шундай қилиб, Амир Темур ўша сафар чоғида ўзи тўплаган маълумотларга суяниб, қиёсий таҳлил асосида чиқарган қарори сабаб, гарчанд Арзирумга қадар кириб борган бўлса-да, Анадўлуни қўққис тарк этган. Яъни Усмонли ўрдуси билан ҳали юзма-юз келмай туриб, орада қози Бурҳониддиндек кучли рақиб борлигини билиб қолгач, Анадўлу сафарини вақтинча тўхтатиб, Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон билан урушга йўл олади.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, Амир Темур, гарчи Анадўлуни тарк этса-да, аммо қози Бурҳониддинни бартараф этиш учун вақтни бой бермай, зарур чора-тадбирлар кўра бошлаган. Бунда ўзига энг кўп ёрдами тегиши мумкин бўлган киши – аввалдан қози Бурҳониддин билан яқин муносабатда бўлган оққўйлилар ҳукмдори Қора Юлуқ Усмонбек эканини аниқлаган. Чунки Қора Юлуқ Усмонбек Қайсари – Сивас ҳукмдорининг яхши-ёмон томонлари, айниқса, заиф нуқталарини яхши билган инсон эди. Кейинчалик қози Бурҳониддин Қора Юлуқ Усмонбек тарафидан Сивас ёвуқларида ўлдирилишида Амир ҳазратнинг ҳам маълум маънода ҳиссаси бор, дейилади.

Амир Темур айғоқчилик ташкилотидан унумли фойдаланганига яна бир далил – унинг ёғий тарафдан паноҳ истаб қочиб келганлардан маълумот йиғиш усулидир. Масалан, Олтин Ўрда мамлакати шаҳзодаларидан Тўхтамиш Оқ Ўрда ҳукмдори Ўрусхон уни ўлдиришидан қўрқиб қочиб, Амир Темур ҳузурига келгани ва қабул қилингани Соҳибқирон билан Ўрусхон орасини бузган. Кўп ўтмай, Амир Темур Бухорода турган вақтида тағин Ўрусхон саройидан қочган манғит амири Эдигей ҳам Соҳибқирон ҳузурига кириб, Ўрусхон аскар тўплаётгани, Тўхтамишни қўлга олмоқ учун бу ёқларга келаётганини билдирган. Шу гапдан бир оз ўтиб, Ўрусхон элчилари Амир Темур ҳузурига келган ва Тўхтамишни уларга топширишини сўраган.

Амир Темур Ўрусхон талабини адо этмайди, бироқ унинг Тўхтамишга кўрсатган ёрдамию яхшилиги, афсуски, вафосизлик ва хиёнат билан якунлангани ҳам сир эмас. Тўхтамиш Амир Темурнинг кўмаги ва қўллаб-қуввватлаши туфайли Олтин Ўрда ҳукмдорига айлангач, орадан ҳеч қанча ўтмай, Амир Темурга душманлик қилишни бошлаган. Соҳибқирон ўрдугоҳига ҳолдан тойиб етиб келган татар чопари Тўхтамиш лашкарининг катта бир қисми Сирдарёни кечиб ўтиб, Темур юртини истило қилмоққа киришганини етказган. Амир Темур дарҳол мамлакатга қайтиб, Тўхтамиш билан узоқ чўзилган урушга киришган.

Амир Темур Анқара жангидан аввал ҳам айғоқчи ташкилотидан ниҳоятда унумли фойдалангани маълум. Соҳибқирон Йилдирим Боязидга қарши юриш бошлашдан олдинроқ Анадўлу халқини ўзига оғдириш учун бу юртга жосуслар жўнатган. Улар ортидан эса Усмонли заминида яшовчи татарларни ҳам ўзига иттифоқчи қилиш ниятида Фозил деган татар амири ва бошқа бекларга мактублар юборган, татарларнинг бошқалардан устунлигини таъкидлаб, улар Анадўлуда ҳукмрон бўлиши зарурлигини уқтирган. Албатта, бундай фикрлар қора татарларга ёққан, уларнинг кўнглида Темурга мойиллик уйғонган.

Бундан ташқари, Амир Темур Анадўлу ўлкасининг ҳимоя нуқталарини, айни замондаги вазиятини, муҳофаза тадбирларини, пистирмаларини ҳам жосуслар воситасида чуқур ўрганган. Зеро, Соҳибқироннинг узоқ тараддуд ва тайёргарликдан сўнггина Йилдирим Боязид устига юриш қилгани унинг айғоқчилар етказган маълумотларга катта аҳамият бергани, ишонганини англатади. Анадўлу сафарига барча зарур ҳозирликлар кўрилгач ҳам, турумни тағин-да аниқ кўз олдига келтириш учун Мутаҳартанни яна бир бор охирги маълумот олиш ниятида ҳузурига чорлаб, у билан суҳбатлашган. Ана шу тарзда ҳарбий сафар тадориги кўрилган ва тўла маълумотга эга бўлингачгина Анадўлу юриши бошланган.

Амир Темур ўрдусида сафар тайёргарлиги салтанатнинг энг чекка ўлкаларидан чопарлар келтирган янги маълумотларга суянилган тарзда ниҳоясига етказилар эди. Ана шу ишлар адо этилганидан кейин Ҳазрати амир Йилдирим Боязидга қарши ҳужумга ўтиш учун Ораз қирғоқларида қўр тўкди. Лашкарлар учун чодир ва ўтовлар тиктириб, айғоқчилар орқали келаси кўкламда Қипчоқ юртини истило қилишга кетиши ҳақида миш-миш тарқатди. Бетиним ишлаётган жосуслар бир дастур тайёрлаб, Амир ҳазратга сундилар. Унда кўрсатилган тадбирлар амалга оширила бошланди.

Амир Темур ҳарбий ҳийладан фойдаланишда ниҳоятда уста эди. Бутун умри урушларда ўтган қўмондоннинг бу соҳада жуда катта тажриба соҳиби бўлгани шубҳасиз. Ўз ёвининг қўли остидаги одамларни авраб-алдаб, ҳукмдорига қарши қилиб қўйиш, жосуслари ёрдамида рақиб мамлакатдаги умумий руҳий ҳолатни бузиш ва оқибатда зафар йўлини осонлаштириш тадбири айни сафарда ҳам қўлланилди. Соҳибқирон Йилдирим Боязиднинг аҳволини қадамма-қадам кузатиб борди ва шунга мувофиқ чоралар кўрди. Масалан, Йилдирим Боязид Анқара жангидан олдин Тўқатга бориб, дарбандларни беркитиб, ёғий йўлини кесди. Бундан хабар топган Амир Темур ҳам ўз ҳаракат йўналишини ўзгартирди. Қайсари йўли очиқ эканини билгач, Анқарага ана шу томондан борди.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, Йилдирим Боязид Анқара жангига қадар, асосан, Оврупода уруш олиб борган, жанг майдонини ўрганишда Мовароуннаҳр лашкаридек билиму тажрибага эга эмас эди. Амир Темур эса Анадўлу ҳақида шу атрофдаги беклардан сўраб-суриштирган, жосуслардан зарур маълумотлар олган, қисқаси, жанг майдони хусусида атрофлича тушунча ҳосил қилганди. Шу тарзда, яъни мукаммал фаолият юритувчи айғоқчилик ташкилоти ва бошқа воситалар орқали кенг ва чуқур маълумотлар тўплагач, барча ҳарбий ҳозирликни кўриб, ҳужумга ўтган Амир Темур 1402 йилги Анқара жангида Йилдирим Боязидни улкан мағлубиятга учратди[20].

Натижа эътибори-ла айтишимиз мумкинки, Амир Темур ҳаётининг сўнгига қадар айғоқчилик ташкилоти воситасида қўлга киритган маълумотларидан унумли фойдаланган ҳолда душманларига қарши кураш олиб борди.

Етти йиллик сафардан қайтишида Чин салтанатига юришни мўл­жаллади. Шу боис жосуслари воситасида Чин давлати, ўлканинг ўзига хосликлари ҳақида маълумот тўплашга киришди. Чин аҳолиси, бу ерлик аҳолининг муҳим хусусиятлари, бойликлари ҳақида тушунча ҳосил қилиш учун ҳар йўлга бош урди. Масалан, бир татар савдогари олти ой Чин бошкентида яшаган ва Темурнинг ҳузурига қайтиб, унга Чин пойтахтининг денгизга яқинлиги, Табриз шаҳридан йигирма марта катта эканлигини айтган. Бундан ташқари, ўша татар савдогар унга Чин хоқони сафарга чиққанида орқасида тўрт юз минг отлиқ аскар қолдиргани ва улар мамлакатни қўриқлаб тургани, шунингдек, бу юртдаги одатга кўра, ҳар қандай аслзода ёнида бир сувори ёварсиз отлиқ юрмаслиги ёки хоқоннинг олдин бутпараст бўлгани, кейинчалик эса насронийликни қабул қилгани ҳақида Амир Темурга сўзлаб берган.

Соҳибқирон юриш қилинажак ўлкаларнинг жуғрофий вазияти, ай­ниқса, ов ҳайвонлари мавжудлигига алоҳида диққат қаратарди. Шу сабаб у Чинга уруш бошлаш учун катта ва кучли ўрду тайёрлаш билан бирга йўллар, иқлим, Моворуннаҳр ва Чин оралиғидаги ўлкаларнинг моддий бойликлари хусусида ҳам зарур маълумотлар тўплади. Ўтилиши мўлжалланган йўллар атрофига анча аввалдан деҳқонлар жўнаттириб, буғдой эктирди, ғалла йиғдирди. Ўтрор, Олмалиқ ва Турфонда марказлар қурдириб, ҳозирлик ишларида уларга ҳам суянди. Режага кўра, чодирлар юкланган беш юз арава, мингларча туя ва сигир ўрдудан олдин йўлга чиқади; улар лашкарнинг озиқ-овқатга, эт ва сутга бўлган эҳтиёжини қоплайди.

Урушга тадорик кўрар экан, Амир Темур аскарларига чўллик ва музлик ерлардан ўтишда кийилувчи кийимларни ҳам тайёрлатган. Яъни қўққисдан ёприлиб келувчи бирор тасодиф ҳам эътибордан четда қолдирилмаслигига уринган. Чин сафари учун барча тайёргарлик чораларини кўрган Темур, ҳар доимги одатига содиқ ҳолда, бугунги ишни эртага қўйма қабилида иш тутиб, қирчиллама қишда, 1404 йил 27 декабрда ўрдусини қўзғотиб, йўлга чиқди.

Сирдарё суви музлаган бўлиб, қўшинлар муз устидан ўтди. Шу кечишдаёқ баъзи ҳайвонлар совуққа чидамай нобуд бўлди. Аммо сафарни энг майда-чуйда тафсилотларигача ҳисоб-китоб қилиб қўйган Амир Темур, айғоқчилик ташкилоти маълумотларига суянган ҳолда, дуч келинажак қаршилик ва оғирчиликларни аввалдан билгани сабаб зарур тадбирларни олганди. Режага кўра, Соҳибқирон уч ойлик юришдан сўнг Ўрта Осиёни босиб ўтиб, кўклам аввалида Чинга ҳужум уюштириб, ўрдуси билан ёпирилиши лозим эди. Афсуски, бу режани бажаришга Амир ҳазратнинг умри етмади.

Хуллас, Амир Темур ўз айғоқчилик ташкилоти ёрдамида душманларининг энг нозик жиҳатларигача ўргана олган, улар билан жангга кирар экан, жосуслари тарқатган янглиш маълумотлар кўмагида ёғийни алдаб, тузоққа туширган, рақиблари орасига нифоқ солиб, уларни бири-бирига гиж-гижлаган, шу йўл билан заифлаштирган ва мағлуб этган.

 

ДИННИ ЯНГИЛАГУВЧИ*

Амир Темур ўзини исломият ҳомийси ва ҳижрий саккизинчи асрда динни янгилагувчи шахс деб биларди. У “Тузукот”ида бу масалага алоҳида тўхталиб, ўз фикрини баён этадики, айни ёзувларни Амир Темурнинг диндорлигига бир васиқа дейиш мумкин. Соҳибқирон, жумладан, бундай дейди:

“Ҳар бир шаҳарда масжид, мадраса, мусофирхоналар, катта йўллар четида карвонсаройлар қуришни, йўлларни тузатиб, кўприклар тиклашни буюрдим. Ҳар бир шаҳарга уламо ва мударрислар тайин этдимки, улар мусулмонларга динни ўргатиб, шариатни тушунтирсинлар.

Тағин шундай фармон бердимки, менга тобе барча мамлакатларда шариат аҳкомлари қандай юритилаётгани ҳақида менга қозикалон ҳар доим билдириб турсин.

Ҳар эл ва ҳар шаҳарга битта адолат амири тайинладим. У ўша ердаги сипоҳилар ва халқ орасида туғилажак низо ва баҳсларни ҳал қилиб, бу хусусда менга маълумот бериб туради.

Ислом дини ёйилган барча юртлардаги аҳли ислом англасинлар дея уламолар бир фатво битиб, шуни билдирдиларки: “Оллоҳ таоло ҳар аср бошида Муҳаммад алайҳиссалом динига ривож бергувчи ва янгилагувчи[21] бир кишини майдонга чиқаради. Ушбу саккизинчи асрда амир Соҳибқирон ислом динига ривож берди. Шу туфайли бу асрнинг дин янгилагувчиси бу кишидир”.

Яна бу замоннинг улуғ олимларидан Мирсаид Шариф менга бир мактуб ёзганки, унинг нусхаси шудир:

“Аллоҳумма унсур мин носириддин, ваҳзул мин ҳазалиддин. Аввалги ва кейинги ислом уламосининг бари бир оғиздан демишларки, Оллоҳ таоло ҳар аср бошида ислом динини янгилагувчи бир кишини чиқаради. Оллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, ушбу саккизинчи аср бошида амир Соҳибқиронни дин янгилагувчиси сифатида юбормишдир. У ҳам барча вилояту мамлакатларда дини Муҳаммадияга ривож берди. Мозийдаги буюк уламолар ҳар аср аввалида келган дин янгилагувчиларнинг васфларини ўрганиб, шундоғ дебдурлар: “Ҳижратдин сўнгра биринчи аср бошида келган дин янгилагувчи халифа Умар бин Абдулазиз эди. Хорижийлар минбарлардан ҳазрати Алини лаънатлаб, кўп жабр этдилар, кимса уларни тўхтатолмади. Шу сабаб ўша йилларда ислом аҳлининг иттифоқи бузилган. Кейин яна улар орасидан баъзи кишилар чиқиб, тўрт халифага ҳам ситам айлаб, лаънат ёғдиришди. Ҳазрат Умар даврида бузғунчилар бартараф қилинди ва динга ривож берилди.

Иккинчи аср бошидаги дин янгилагувчи халифа Маъмун бин Хорун Рашид эди. У ислом динида бош кўтарган етмиш икки турли ботил мазҳабларни бостирди, Ҳақ мазҳаби бўлган аҳли суннатни тараққий топтирди.

Учинчи асрдаги дин янгилагувчи зот халифа Муқтадир Биллоҳ Аббосдир. Ундан олдинроқ қарматийлар қавми майдонга тушиб, уларнинг раиси Абу Тоҳир ҳаж мавсумида Маккага ҳужум уюштириб, арафа куни ҳожилардан ўттиз минг кишини шаҳид этганди. Шунда Қоратошни жойидан қўзғатиб, олиб кетдилар. Борган ерларини, мусулмонларнинг шаҳарларини вайрон қилдилар ва таладилар. Ислом дини кучсизланди. Халифа Муқтадир уларнинг устига лашкар тортди, бўйин эгмаганларини ўлдиртирди, қарматийлар фитнасини бостирди. Шу тарзда исломга ривож берди.

Тўртинчи аср муқаддимасида ўртага чиққан дин янгилагувчи шахс Иззудавла Дайломий эди. У ҳам шариатдан ташқари барча зиддиятларга барҳам берди, динни ривожлантирди.

Бешинчи асрда дин ва шариатга тараққий келтирган зот сал­жуқийлардан Султон Маликшоҳ эди. Шайх Аҳмад Жомий, Ҳаким Саноий каби зотлар унинг замондошлари бўлиб, султон уларнинг ихлосманд муриди эди. Бу даврда ҳам динсизлар, имонсизлар кўпайиб, ислом динини кучсизлантирганди. Маликшоҳ динсизликка харба ёғдирди, йўқ қилди ва исломият тараққийсига азму жадал кўрсатди. У шахсан ўзи ўрнак ўлароқ исломга шунчалар бўйсунганки, натижада ҳукмдор ҳаётида шариатга зид бирор ҳодиса юз бермаган.

Олтинчи аср бошида тарих майдонида кўринган дин янгилагувчи зот Қозонхон бин Арғунхон бин Хулакухондир. Мусулмон шаҳарлари мўғуллар истилосидан кейин жуда харобага айланганди ва ислом дини ҳам заифлашганди. Дин ривожи учун Оллоҳ таоло Қозонхонни ҳаракатга туширди. У юз минглик турк аскари билан бирга Лор чўлида, шайх Иброҳим Ҳамавий гувоҳлигида имон келтириб, бир онда мусулмон бўлди. Тиллари билан имон келтирганидан сўнг улар куфур ва бидъат ишларни тўхтатдилар. Мамлакатнинг барча шаҳарларида ислом динини, шариатни ривожлантирдилар.

Еттинчи аср бошида бу вазифа елкасига юкланган зот Ўлжайту султон бин Арғунхонки, лақаби султон Муҳаммад Худобанда эди. Биродари Қозонхондан сўнгра салтанат тахтига ўтирди. Бир куни у “Бугунларда дин ишлари шундай чалкашдики, намоз ўқиган мусулмонлар ташаҳҳуддан кейин ҳазрат Муҳаммадга саловот айтмай қўйди,” деган гапни эшитди. Эшитган заҳоти ўрнидан туриб, Султония жомесига борди. Барча ислом уламоси шу ерда ҳозир бўлдилар. Сўнгра султон уламодан “Намозда Пайғамбарга саловот келтирмасликнинг ҳукми недир?” дея сўради. Улар бундай дейишди: “Оллоҳ таоло намозда Пайғамбарга саловот айтишни амр айлаган. Агарда намозда саловот айтилмаса, Шофиий мазҳабига кўра намоз бузилур. Ҳанафий мазҳаби – имоми Аъзамга кўра, намоз макруҳ бўлур”.

Шунда султон уламога яна савол берди: “Бошқа пайғамбарларга саловот айтилганида нима учун оила, бола-чақасини эсламайдилар-да, бизнинг пайғамбаримизга саловот сўйланаркан, “Муҳаммаднинг оилаю авлодига” иборалари қўшилади?” Барча уламо бу савол қаршисида ожиз қолдилар. Шунда султон бундоқ деди: “Бу хусусда кўнглимга икки нарса келур. Биринчиси шуки, душманлар пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга абтар дедилар. Оллоҳ абтарликни уларнинг бошига солдики, насллари кесилиб, дунёда улардан ҳеч кимса қолмади. Қолса ҳам, ном-нишонсиз ўтиб кетди ва уларни ҳеч ким танимади. Бироқ пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом авлодлари шунча кўпайдики, уларнинг сон-саноғини Оллоҳдан бошқа кимса билмас. Иккинчиси шуки, мозийдаги пайғамбарларнинг динлари давронлар оша ўзгариб борган, доимий бўлмаган. Чунки ҳар бир пайғамбар ўз даврига мос дин келтирган. Фақат ислом дини ўзгаришдан ҳолидир, то қиёмат шу тарзда муҳофаза қилингусидир. Шундай экан, Муҳаммад умматига шу лозимдирки, пайғамбаримизга саловот айтилар экан, унинг оилаю авлодларини ҳам қўшиб қўйиш керак. Чунки, ҳар инсонга маълумдирки, ислом динини муҳофаза қилганлар, Қуръон ва ҳадислар маъносини айтувчилар, улуғ уламо Оллоҳ расулининг авлодларидир. Пайғамбарлар илмига соҳиб кишилар асосан улардир. Мусулмонлар дин илмларини, имонни, исломнинг фарз ва вожибларини улардан ўрганадирлар. Диний ишларда уларни раҳнамо билиб, ҳурмат қилиб, уларга эргашадилар..”.

Султоннинг сўзи шу ерга келганида, жомени тўлдирган уламо ва бошқалар гуриллаган товушда пайғамбар ва оила-авлодларига саловот ўқидилар. Султон сўзини давом эттириб, бундоқ деди: “Пайғамбаримиз оиласига мансублардан энг илгари келгани ҳазрат Алидир. Энг сўнггиси имом Маҳдий Охирзамондир. Ҳақиқатан ҳам, ислом мулки – Муҳаммад алайҳиссалом мулкидир. Шунинг учун унинг авлодлари изнисиз бу мулкка қўл урмаслигимиз керак. Агар ўз истагимизча иш кўрсак, зўравонлик килиб қўйган бўламиз”.

Султон Ўлжайту, яъни султон Муҳаммад Худобанда ана шу сўзларидан кейин амр этдики, аҳли байт номига хутба ўқиб, ақчалар чиқарилсин. Бу ишларни кўрган уламо “Ўлжайту султон исломиятнинг бу асрдаги ривож берувчисидир”, дея фатво ёздилар.

Ана энди саккизинчи аср бошида майдонга чиққан дин янгилагувчи, уни тараққий топтиргувчи амир Соҳибқирондирки, оламдаги мамлакатлар ва шаҳарларда дин ва шариатни қўриқлаб, ривожлантирди. У саййидларни ҳурмат айлаб, уламони шон-шарафга буркади. Пайғамбар хонадони зуриёдларининг изни ва тавсиялари ила унинг мулкидаги ишларни жой-жойига қўя олди”.

Уламо раиси Мирсаид Шариф битган бу мактуб менга етгач, жаноби Ҳаққа шукр айлаб, ҳазрати Муҳаммадга ва оила-авлодларига саловот ўқиб, Оллоҳга ёлвордим, муножот этдим. Яъниким, менга тавфиқ ато этгай, дин янгилагувчиларидан, ислом шариатига ривож бергувчилардан қилгай.

Шу воқеадан кейин бу хатни пирим Абубакр Тайободийга йўлладим. Пирим мактуб ҳошиясига шуларни битиб, менга қайтармишлар: “Дин ва шариатга ривож бергувчи Соҳибқиронга маълум бўлсинким, бу қутби салтанатга Оллоҳ томонидан юборилган энг улуғ неъматдир. Динни янгилаш, шариатни ривожлантириш тавфиқини Оллоҳ таоло сенга бағишламишдир. Қанчалар яхшилик қилсанг, унинг сийловини оладирсан”.

Пиримга жўнатилган ўша мактуб унинг қаламу фикри ила зийнатланиб, қайта қўлимга теккач, расулуллоҳ авлодларига ҳурматимни янада орттириб, ислом олимларининг даражаю мақомларини юксалтирдим. Шариат тараққийси йўлида аввалгидан ҳам кўпроқ заҳмат чекдим. Бу мактуб мазмунини менинг ҳаётим воқеалари тўпланган тарих дафтарига ёзишларини буюрдим.

Дин ва шариат тузугини тугал битирганимдан кейин ўз салтанатим муассасаларининг тузугини тузмакка киришдим. Салтанат ва давлат мартабаларини тўра ва тузук йўлига солиб, мустаҳкамладим”[22].

 

МАЪНАВИЯТИ

“Унутма, Шоҳрух болам, қаламнинг ёзганлари мангу қоладир.
Кун келурки, мен ва сен бир ҳовуч тупроққа айланурмиз. Улуғбек мирзонинг ёзганлари, қилган ишлари эса асрлар оша инсонларга йўл кўрсатадир”.

                               Амир Темур

Амир Темур музаффар ўрдуси билан жанглардан қайтгач, Самарқандда янги бинолар бунёд этмоқни, мадраса, масжид, бағрида қасру саройлар кўрк очган боғ-роғлар яратмоқни, уларни халққа тақдим қилмоқни одатга айлантирган эди. Унинг бундай хайрли ишларидан фарзандлари ҳам ўрнак олдилар ва Самарқандда буюк обидаларни тикладилар.

Бир куни Соҳибқироннинг кичик ўғли Шоҳрух Самарқанд яқинида улкан бир боғ яратди ва отасини бу бўстонга зиёфатга чақирди. Базм тугагач, Шоҳрух падари билан бирга боғни сайр этди ва: “Отажоним, бу яратган боғим ҳақида нима дейсиз?” – деб сўради. Амир Темур унга бундай жавоб берди: “Эй ўғлим, боғинг жуда гўзал, кенг, ҳар турли дарахтлар, анвойи хушбўй гуллардан бор. Аммо билгилки, бойлиги бор ҳар одам бундай боғу бўстонни ярата олади. Лекин дунёда ўхшаши йўқ иккита боғ борки, улардан биринчисини барпо қилмоқ учун сен ҳам, мен ҳам ғайрат кўрсатмоғимиз лозим. Иккинчисини эса сен ҳам, мен ҳам яратолмаймиз, у фақат Улуғбекка насиб бўлгусидир”.

Шоҳрух Ҳазрат хоқонга мароқ билан боқди ва: “Отажон, яратмоқ учун ғайрат қилишимиз даркор ўша боғ қанақа ўзи?”, деб сўради. Темур унга бундай деди: “Ўғлим, бу боғ – олимлар, авлиё, шоир, фузало ва уламо, ахлоқли кишилар, ўқиган зотлар суҳбатидир. Бу муборак инсонлардан дарс ва ўрнак олиб, эзгу ишларга қўл урмоқ – ўша боғ дарахтларидир. Бу оғочлар меваси эса яхшилик билан хотирланмоқ, гўзал бир тарзда эсланмоқдир. Шунинг учун ҳар доим олим, илмли кишиларни атрофингга тўплаб, улардан файз ол, насиҳатларига муносиб муомала кўрсат”.

Шоҳрух яна: “Отажон, Улуғбекка насиб бўлган боғ қанақа?” – дея сўради. Темур жавобан бундоқ деди: “Улуғбекнинг боғи – илм, маърифат бўстонидир, тафаккур боғидир. Унинг дарахтлари – китоблар, кашфлардир. Мевалари эса тафаккур ҳикматларидир. Унутма, болам, қаламнинг ёзганлари мангу қоладир. Кун келурки, мен ва сен бир ҳовуч тупроққа айланурмиз. Улуғбек мирзонинг ёзганлари, қилган ишлари эса асрлар оша инсонларга йўл кўрсатадир”.

Амир Темур қалам аҳлига ҳар доим ҳомийлик қиларди. Чунки улар ёзажак китоблар салтанатининг қудрати ва шон-шавкатидан келажак наслларга хабар етказишини яхши биларди. Жаҳонгирлик, албаттаки, фақат жанг қилиш, ўлкалар фатҳ этишдангина иборат эмас, аксинча, нотинч, низоли ўлкаларни бирлаштириш ва халққа фойдали ишларни бажариш, бинолар, кўприклар қуриш, йўлларни тузатиш, сувлар чиқариш, олимлар ва шоирларга ёрдам бериш, илм-фанни ривожлантириш, дея тушунарди Соҳибқирон. Унинг мамлакатларни фатҳ айлашдан мақсади ўз мол-мулкини орттириш эмас, балки тўпланган бойликларни юрт, халқ фаровонлиги, тараққийси учун сарфламоқ эди. Шоир Фахриддин Гургоний айтганидек:

Сосоний ва сомонийлар йиғиб-йиғиб тўплаган
Молу мулкдан не ҳам қолди бу ўткинчи жаҳонга?
Рудакийнинг шеърлари ва Барбоднинг қўшиқлари
Барбод бўлмай етиб келмиш аммо бизнинг замонга.

Амир Темур болалигидан исломий муҳитда улғайди, отасининг ёрдамида Қуръонни ўрганди. У том мусулмон, ҳанафий мазҳабида эди. Беш вақт намозини канда қилмасди. Ҳарбий юришларда кўчма масжидини олиб юрарди. Унга имомлик қилиш вазифаси Самарқанддаги атоқли ҳанафий олимлардан, Темурнинг Халаб ва Шомдаги маҳаллий уламолар билан ўтказган баҳс мажлисларида таржимони бўлган мавлоно Абдулжаббор бин Нўъмонга юклатилган эди. Абдулжаббор имомликни Соҳибқироннинг барча сафарларидан тортиб вафотига қадар давом эттирди.

Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Соҳибқирон Анадўлу сафари чоғида, ўрдуни кўрикдан ўтказаётган пайтда маросим чўзилиб кетади, пешин намози қазо бўлиши мумкин, шунда Амир Темур отдан тушиб, ибодатини адо этади.

Султония шаҳри бош роҳиби Дўминикли Жан эса унинг диндорлиги хусусида бундай деган: “Амир Темур диний қоидаларга тўла риоя қиларди. Қаерда бўлса ҳам ҳар кун беш вақт намозини қўймасди. Рамозон ойида рўза тутарди. Мен унинг шароб ичганини кўрмадим”.

Испаниялик элчи Клавихў ҳам “Амир Темурнинг сафар ўтовида ўзи намоз ўқийдиган, бўлакланиб-йиғиладиган, ёғочдан ясалган сайёр масжиди бўларди, Соҳибқирон қаерга борса, уни ҳам ўша ерга олиб боришарди, Темур унда ибодатини адо этарди”, дея ёзади.

Анадўлу сафаридан қайта туриб невараларини уйлантирганида ҳам ўша замонда қироати билан шуҳрат топган муҳаддис олим Шамсиддин Муҳаммад ал-Жазирий дуоларни ҳанафий мазҳаби қоидаларига уйғун тарзда адо этган, Самарқанд қозикалони мавлоно Салоҳиддин эса, ҳанафийлар одатига кўра, никоҳ ўқиган.

Амир Темур даврида ҳанафийлик темурийлар салтанатининг расмий мазҳаби мақомини олди ва ўғли Шоҳрух даврида янада мустаҳкамланди. Амир Темур 1381 йилда Ҳиротни эгаллаганида, сабзаворлик хожа Али Муайядга айтган сўзлари ҳам унинг аҳли суннат ақидаларига маҳкам боғланганини кўрсатади.

Соҳибқирон Мозандаронда бўлганида шийа мазҳабидаги Саид Камолиддин ва Саид Розииддин тушунчаларидан бир оз озорланган, сўнгра: “Бу эътиқодни ташланг! Аҳли суннат вал-жамоат мазҳабини қабул қилиб, шариат йўлини тутинг. Илм аҳлига ҳурмат, эътибор кўрсатинг ва болаларингизга шаърий илмларни ўргатинг!” – дея ўгит берган.

Қизи Оқабек, катта ўғли Жаҳонгир ва опаси Туркан оқанинг бирин-кетин вафот этиши уни бир муддат дунёдан бездирган, қайғуга асир қилган бўлса ҳам, Соҳибқирон олимларга Қуръон ўқиттириб, улардан ҳадис тинг­лаб, ғам-аламини енгиллатган ва аста-аста давлат ишларига қайтган.

Амир Темур исломнинг беш фарзидан, айниқса, рўза борасида ўта ҳассос эди. Сафар чоғи рамазон ойи бошланса, бир маконда қўноқлар эди. Рўза ойини ўтказиб, ўрдуси билан бирга ҳайит намозини ўқиб, сўнг дунё ишларига йўналарди.

Катта жанглар олдидан лашкарининг қаршисига чиқиб, икки ракат ҳожат намози ўқиб, Оллоҳдан мадад ва зафар тиларди.

Закот борасида ҳам жуда ҳассос эди. Бу хусусда Самарқанд шайхулисломи ҳожа Абдулаввалга закотнинг қандай ва қаерлардан олинишига оид ўта муҳим саволлар бергани маълум.

Соҳибқирон ҳарбий юришлари чоғида ҳам, сафардан Самарқандга қайтган пайтида ҳам илм аҳлини тўплар ва уларнинг суҳбатидан файз оларди. Ҳузурида олимлар эркин баҳсу мунозара этишидан завқланарди. Айниқса, Саъдиддин Тафтазоний ва Сайид Шариф Гургоний орасидаги мунозаралар фақат Амир ҳазратнинггина эмас, балки бутун ислом оламининг ҳам диққатини жалб этгани тарихда таъкидланган.

 

УСТОЗЛАРИ

Амир Темур болаликдан исломий муҳитда ўсгани боис отасининг даврасига қўшилиб юриб, кўпгина атоқли уламо ва улуғ мутасаввифлар суҳбатидан баҳраманд бўлган. Уларнинг дуосини олиш бахтига эришган, фикрлари, хатти-ҳаракатлари, тутумларидан сабоқ чиқарган.

Амир Темур устозларининг нафақат ўгит ва ҳикматларини, балки ҳатто уларнинг кийимидан тўкилган ғуборгача қадрловчи ихлосманд шогирд эди. Бу хусусда ибратли бир ривоят бор.

Амир ҳазратнинг лашкари Бухоро кўчаларидан ўтар экан, бир неча киши баланд девор устига чиқиб олиб, эски кийим-кечакларни силкитиб, чангини қоқар эди. Чанг-тўзон кўчада бораётган аскарларнинг бошига ёғиларди. Шунда баъзи қўмондонлар ғазабланиб, дарвишларга дашном берди ва бу ишни тўхтатишни талаб этди. Бундан хабар топган Амир Темур эса қўмондонларга минбаъд бундай қилмасликни буюриб, дарвишларга эса эски-тускиларни янада қаттиқроқ силкитишга амр этди. Лашкар чанг-ғуборга кўмилган ҳолда кўчадан ўтди. Соҳибқирон: “Ҳеч ким устига қўнган чангни қоқмасин!”, – деди. Аввалига ҳеч ким амир нега бундай қилганининг маъносини англамади. Кейинроқ Соҳибқирон қўмондонларига бундоқ деди: “Сизлар бу чанг-ғубор қадрини билсангиз эди, уларни олтин бериб, сотиб олардингиз. Ўша девор устидан чанги қоқилган эски-тускилар ҳазрати шоҳ Нақшбанднинг муборак кийимлари эрди.[23] Шуни ҳеч унутмангиз! Биз уларнинг дуо ва баракоти ила зафарлар қозониб, бу давлати олийга ноил бўлиб турибмиз”[24].

Хуллас, Амир Темур зафарларидаги бош омиллардан бири – унинг улуғ олимларга бўлган садоқати ва устозу пирларининг ҳикматига ишончу ихлосидир. Шоир айтганидек:

Замонанинг Искандари бўлсанг ҳам,
Ҳузурига пирсиз кирма, эй одам.

Ҳар бир ҳукмдорнинг мақоми, қудрати, ҳайбати уни улғайтирган ва улуғ ишларга йўналтирган устозлари атрофидаги уламоси, шоир ва олимлари билан ўлчанади. Амир Темур ёнидаги, атрофидаги кўнгил аҳли, устозлари, олиму фозиллар билан танишар экансиз, Соҳибқироннинг мақсад ва ғоялари, амалга оширган ишларини тағин-да теранроқ англайсиз.

 

ШАЙХ ШАМСИДДИН КУЛОЛ

XIV аср бошларида бугунги Қашқадарё воҳасида туғилган. Ёшликдан дарвишлик йўлини тутган. Сайид Амир Кулол ҳазратларидек кулолчилик билан шуғуллангани боис Кулол лақабини олган.

Тарихдан аёнки, шайх Шамсиддин Кулол билан Баҳоваддин Нақшбанд Сайид Амир Кулол ҳазратларининг талабаси бўлган. Улар биргаликда ҳажга борган, бир-бирларига илм ўргатган.

Шамсиддин Кулол Амир Темур ҳаётида муҳим ўрин тутади. Со­ҳибқироннинг отаси Муҳаммад Тарағайга ҳам устоз ва пир бўлган. Темурга етти ёшидан Қуръони каримни, кўп илмларни ўргатган. Темурга исмни ҳам у қўйган, бир умр дуо қилган. Темур болалигининг асосий даврини шайх ёнида ўтказган. Шайх тирик экан, Темур унга чин кўнгилдан боғланиб яшаган, ҳар доим уни зиёрат қилиб, йўқлаб турган. Уни ўзининг маънавий отаси деб билган.

Шайх Шамсиддин Кулол 1370 йилда вафот этган. Амир Темур устозини Шаҳрисабзга, отаси Муҳаммад Тарағай ёнига дафн қилдирган. Ҳарбий юришлардан қайтганида Соҳибқирон болалари билан ҳар доим Шаҳрисабзга борар, ҳам отаси, ҳам устози шайх Шамсиддин Кулол ҳазратлари қабрини зиёрат айлаб, дуолар ўқирди[25].

 

САЙИД АМИР КУЛОЛ

1284 йилда Бухоронинг Сухори қишоғида туғилган. Бутун умрини ўша ер ва Бухоронинг бошқа қишлоқларида ўтказган. Ҳазрат пай­ғамбаримизнинг наслларидан ҳисоблангани боис у Сайид Амир, кулолчилик билан шуғуллангани учун эса Кулол номи билан танилган[26]. Силсилаи олиянинг улуғларидан Муҳаммад Бобо Самосийнинг талабаси ва Баҳоваддин Нақшбанд ҳазратларининг устозидир.

“Мақомоти Мир Кулол” асарида Темур билан Мир Кулол ҳазратлари учрашуви баён қилинган. Нақл этишларича, бир куни Амир Кулол жума намозини Бухородаги масжидда ўқиб, уйига қайтарди. Бир тўда одам шаҳарнинг Гулобод ва Фатҳобод мавзеси оралиғидаги бир жойда ўтириб, дарвиш ва авлиёлар каромати ҳақида суҳбатлашарди. Сайид Амир Кулол ҳазратлари ўша жойдан талабалари-ла ўтар экан, Амир Темур бу зот кимлигини сўрайди. Ёнидагилар: “Бу зот Амир Кулол ҳазратлари, ҳамроҳлари талабаларидир”, дейишади. Темур шу онда қўзғолиб, тезда Кулол ҳаз­ратлари олдига келади ва адаб билан бундоқ дейди: “Эй динимизнинг улуғи, сизнинг марҳаматингиздан мадад олиб, мурожаат қилмоқдаман. Менга бир амрингиз бўлса, мамнуният-ла бажариб, сиз ва талабаларингиз кўнглини қувонтирсам, дейман”. Мир Кулол бундай дебди: “Шуни билингким, менга бировга амр этмоқ, талаб қилмоқ изни берилмаган. Буюклар руҳониятидан ишорат бўлса, бундай ишлар қилингай. Аждодимиз шундоқ иш тутмишдир. Сиз сабр айлаб кутингиз. Зеро, йўлингизда музаффарлик кўринмоқда. Албатта, сизга яхши хабарлар бор”.

Амир Кулол уйига бориб, хилватхонасига кирди. Хуфтон намозидан кейин шайх Мансур деган дарвишни чақириб, унга бундай деди: “Чопиб бориб, Амир Темурга шу хабарни етказ! Шу ондаёқ ўрнидан турсин! Оёқда эса дарҳол ҳаракатини бошласин! Чунки улуғлар руҳониятидан мужда бор: Оллоҳнинг изни ила бутун мамлакат бошдан-оёқ Амир Темур ва унинг авлодларига берилмишдир. Хоразм тарафга йўлга чиқсин, у ерларни фатҳ этганидан сўнг Самарқандга сафар қилсин”.

Шайх Мансур бу хушхабарни Амир Темурга етказди. Амир Темур сафдошлари билан ҳеч тўхтамай ҳаракатга тушди. Улар маконидан бирмунча узоқлашгач, Туғлуқ Темур тарафидан Амир Темурни ўлдириш учун юборилган аскарлар чодирни босди. Аммо бирор кимсани тополмай, ортга қайтиб кетди.

Амир Темур салтанат тахтига ўтиргач, Амир Кулолни Бухородан Самарқандга чақиртирди. Аммо умрининг сўнгги палласини яшаёт­ган Амир Кулол: “Биз бунда дуо ила машғулмиз ва бошқа ерда ис­тиқоматимизга изн йўқдир!” – дея кичик ўғли Амир Умарни Соҳибқирон ҳузурига жўнатди. Йўлга чиқаётган ўғлига бундай деди: “Эй ўғлим, Амир Темурга айтингки, агар Оллоҳ таоло даргоҳидан умидли бўлмоқ истаса, тақво ва адолатга суянсин. Амир Темур сизга дунёнинг тортиқларини берса ҳам, уларни олмангиз, олсангиз, бизнинг ҳузуримизга оёқ босмангиз. Дунё аҳлидан ҳадя олмоқ аждодларимиз тутумига зиддир. Зеро, дарвишлар ҳар доим мўъминларни дуо этиш билан шуғулланиши лозим. Дунёга майл кўрсатсалар, дуолари қабул бўлмас”.

Амир Темур пирининг ўғлини меҳру эҳтиром билан қарши олди. Унга тортиқлар сунди. Аммо Амир Умар уларни қабул этмади. Шунда Темур: “Амир Кулол ҳазратларига қандай армуғон жўнатсак, у зотнинг шарафига уйғун ва мақбул бўлғайким, токи биз-да ул зотга яқинлашайлик,” дея сўради. Амир Умар бундай жавоб берди: “Отам айтдиларки, Амир Темур агар Оллоҳга яқин кишилар кўнглидан жой олмоқ истаса, тақво ва адолатни шиор этсин. Оллоҳга яқинлашмоқнинг йўли шудир”.

Ҳазрат Амир Кулол 1370 йил 28 ноябрда вафот топди.

Шуни ҳам айтмоқ керакки, кўплаб тарихчилар Сайид Амир Кулол ва Шамсиддин Кулолни бир одам деб ўйлаган ва асарларида шу қарашни ифодалаган. Жумладан, Бартольд, Вадим Массон, Пугаченкова ва бошқа Темур даври ҳақида асар битганлар ҳам, бир қатор хорижий тарихчилар ҳам бу икки зотни бир киши деб янглиш фикр билдирган[27].

 

МАВЛОНО ЗАЙНИДДИН АБУБАКР ТАЙОБОДИЙ

Абубакр Тайободий Амир Темурнинг адолат-ла ҳукмдорлик қилишига энг кучли таъсир кўрсатган олимдир. Темур қачонки танг аҳволда қолса, Абубакр Тайободий билан кенгашар, агар у узоқда бўлса, мактуб битиб, ўгитини олар ва шунга кўра иш тутарди. Амир Темур ўз “Тузукот”ида Тайободийга оид қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Жумладан, у бундай дейди:

“Мен йигирма бир ёшга кирганимда, саёҳатга чиқишни истадим. Фақат олдин Абубакр Тайободий ҳазратларининг дуосини олай, дея ният қилдим. Шайх саёҳатга боришимни маъқуллаб дуо этди, белимга камар боғлаб, бошимга кулоҳ кийдирди, қўлимга бир узук тутқазди. Узук кўзида “рости русти” (куч – адолатдадир) деган ёзув битилган эди”.

Тайободий ҳазратлари Туғлуқ Темур масаласида ҳам ниҳоятда ўринли маслаҳатлар билан Амир Темурга йўл кўрсатган. Туғлуқ Темурнинг ўғли Илёсхўжа сайидларга марҳаматсиз муомала қилар, Амир Темур эса унинг бу тутумидан норози эди. Шу сабаб Туғлуқ Темур билан ораси бузилди. Шунда Абубакр Тайободий Амир Темурга мактуб йўллаб, унинг кўнглига таскин берди. Хатда, жумладан, бундай дейилган эди:

“Сабук Тегиннинг онаси бир кийикни ўлимдан қутқариб қолгани учун Оллоҳнинг суюкли қуллари орасига киритилган экан. Ҳа, у биргина кийикни ўлимдан асраганди. Сен эса етмиш сайидни асоратдан сақлаб қолдинг. Бу улуғ ишинг сени келажакда улкан мартабаларга эриштиради, сени буюк мукофотлар кутмоқда”.

Ривоятларга кўра, милодий 1378–1379 йилларда малик Ғиёсиддин Пирали Ҳирот шаҳрини янгидан девор билан ўрай бошлаганида шайх Абубакр Тайободий унга мактуб йўллаб, “Одамларингга бу ишни қилдириб, машаққат юклама. Келажак офатларни девор ўраб тўса олмассан. Унинг ўрнига адолат деворини тикла!” – дея ўгит берган. Ҳоким Ғиёсиддин эса унга “Сен давлат ишларига аралашма, имомлигингни қил!” – дея адабсизлик билан жавоб қайтарган. Шунда шайх Тайободий хафа бўлган, “Яқинда бу ерлар Амир Темур қарамоғига ўтади,” деган. Ҳақиқатан ҳам, бир муддатдан сўнг шайхнинг айтганлари амалга ошган.

Манбаларда таъкидланишича, 1380–1381 йил орасида Амир Темур Хуросонни забт этишга тайёрланади ва маслаҳат олиш учун шайх Абубакр Тайободий зиёратига келди. Иккалови бир муддат суҳбатлашади. Шайх Абубакр Тайободий Соҳибқиронга Ҳиротни эгаллаганида халққа зулм қилмасликни тайинлайди. Шунда Темур шайхдан: “Нега сиз малик Ғиёсиддинга ўгит бериб, тўғри йўлни кўрсатмадингиз?” – деб сўрайди. Шайх ҳазратлари унга: “Мен маликка кўп насиҳат қилдим, аммо у қулоқ солмади. Оқибатда хўрланди, сен эса улуғландинг. Энди мен сенга ўгит бермоқдаман. Агар қулоқ осмасанг, сен-да хўрланганлар қаторида бўлгайсан,” – дейди. Амир Темур: “Яхши, унда Оллоҳ менга қарши кимни юборади?” – деб сўради. Шайх Тайободий ҳазратлари қатъий оҳангда: “Азроил алайҳиссаломни!” – деб жавоб беради.

Амир Темур бу суҳбатдан қаттиқ таъсирланди. Кўз ёшлари дув-дув оқди. Абубакр Тайободий ҳузуридан чиқиб, атрофдаги одамларига юзланиб, бундай деди: “Биз ҳозирдан Ҳиротни фатҳ этдик. Улуғ зотнинг муборак каломлари Ҳирот аҳолисининг истагига далилдир. Оллоҳ ҳеч бир султонни мендан устун айлаб, музаффар этмади. Оллоҳнинг изни ила дунё султони бўлдим ва ўлим шарбатини ажалим ила тотажакман”[28].

Шайх Абубакр Тайободийнинг Амир Темурга битган бир неча мактуби “Тузукот”да берилган. Улар, асосан, Соҳибқироннинг шайхдан сўраган саволларига жавоб ва тавсиялардан иборатдир. Улар Амир Темур сиёсатининг шаклланишига, мустаҳкамланишига муҳим улуш қўшган.

Масалан, шайх бир мактубида айтган бу сўзлар Амир Темурнинг давлатни бошқариш сиёсатининг тамалини ташкил этади: “Эй музаффар Темур! Давлат ишларида шу уч нарсани унутма: биринчиси – кенгаш, иккинчиси – сабр, учинчиси – ҳушёр бўлиб иш тутиш. Чунки кенгашсиз, маслаҳатсиз салтанатнинг йўли янглишдир, охири пушаймонликдир. Салтанат ишларини бажарар экан, ҳеч бирини маслаҳатсиз амалга оширмаки, надомат чекмагайсан. Шуни билиб қўйки, салтанат фаолиятини юритаркан, қилажак ишингнинг ярмиси бу йўлда дуч келувчиси ҳар турли қийинчиликка сабот-ла сабр этмоқдан иборатдир. Иккинчи ярми эса ўзингни баъзи ишларни билиб билмагандай, кўриб кўрмагандай тутмоқдир. Қисқаси, ҳар ишда сабот ва сабр кўрсатиб, ҳушёр туриб, баҳодирлик қилгайсан ва бутун ишларни бажаргайсан, вассалом”[29].

Амир Темур “Тузуклар”ида бир гал Тайободийга ёзган мактуби ва унинг жавоби хусусида қуйидагича эслайди: “Бир кун ўз ишларим билан машғул экан, чарчаб, ухлаб қолибман. Туш кўрдим, қарасам, атрофимни даҳшатли жинлар, тўнғизлар, чиркин эркаклар, ирганч хотинлар, йиртқич ҳайвон ва қушлар ўраб олибди. Мен қўрқувдан уйғониб кетдим ва шу ондаёқ Тайободий ҳазратга хат йўлладим. Шайхдан бундай жавоб олдим: “Сен тушингда кўрган у қўрқинч махлуқлар қилган гуноҳларингдир. Агар гуноҳга қўл урсанг, дарҳол тавба эт!”

Амир Темур Тайободий билан бир учрашувини эслар экан, Ҳофизи Абрўга “Салтанатим аҳли орасида зоҳидлар ва бошқа дин одамлари билан кўришганда, доимо қаршимдагилар қўрқиб турганини ҳис этардим. Аммо бу сафар қўрқув туйган мен бўлдим. Чунки Тайободий ҳаққоний бир одам эди ва дунёдаги ҳеч кимсадан чекинмасди”, дея ул зот қошида руҳида қўзғолган маънавий қўрқувни, шайхга нисбатан ихлосу эътирофини англатган[30].

Амир Темур ҳокимиятни бошқаришда таянган асосий шиори – “Мамлакат ҳаёти куфр бирлан давом этиши мумкин, аммо зулм бор ерда йўқ бўлиши яқиндир” сўзлари ҳам Абубакр Тайободийга тегишлидир. Бу ҳикматга Амир Темур фақат сўзда эмас, балки ишда ҳам доим амал қилган, уни фаолиятининг тамали деб билган. Масалан, Тайободий ҳазратларидан олинган бир мактуб салтанатни идора этишида унинг учун дастурга айланганки, ўша хатда, жумладан, бундай дейилган эди:

“Буюк зафарлар эгаси Темурга!

Салтанат муассасаси Оллоҳга тегишлидирки, ундаги ходимлар ичида қўлидан иш келадиганлар, ноиблар, ишга моне бўлгувчилар бордир. Улардан ҳар бири ўз мартабаси ва мавқеидан чекинолмаслар, доимо Оллоҳнинг амрига мунтазирлар. Шуни билки, вазирлар, қўшину қўмондонлар, савдогарлар, ҳунармандлару сипоҳилар билан муомала-муносабатингда улардан ҳар бирининг ўз ҳаддидан ошмаслигини кузат; улар ҳар кимнинг сенинг қарорларингга кўра иш тутган-тутмаганини кўздан қочирмасин. Ҳар табақани, ҳар қавмни ўзига лойиқ ўринда тутки, салтанатинг қоидалари бузилмасин. Агар ҳар кимни ва ҳар ишни ўз мавқеида тутмасанг, бундан салтанатингга кўп зарару зиёнлар келадир. Шу тарзда ҳар одамнинг қимматини, мартабаси ва даражасини, ҳар нарсанинг ўлчовини билган ҳолда иш юритишинг керак. Сайидларнинг мартабасини бошқалардан устун тут, иззат-ҳурматини жойига қўй. Уларга қанчалар эҳтиром кўрсатсанг, фийсабиллоҳ бўлгай. Зотан, Оллоҳ йўлида бажарилган ишларда исроф йўқдир. Давлатингни ўн икки табақага ажратган тарзда низомга келтир ва салтанатингни дарҳол синфу табақа ҳолида тартибга сол. Вассалом”.

Устоз бу мактубида ёзган тавсияларнинг ҳар бирини амалга оширдим. Давлатимнинг ишларини қонун-қоидасига кўра тартибга солдим. Салтанатим мартабасини юксалтирдим. Ўн икки тоифага ажратган шакл­да, уларга таянган ҳолда иш юритдим. Бу ўн икки тоифани салтанатим қалъасининг ўн икки буржи, давлатим идорасининг ўн икки устуни, ойи деб ҳисобладим.

Шайх Абубакр Тайободий замонасининг машҳур ва билимли кишиси эди. Фақат Амир Темургина эмас, балки ўша даврнинг энг буюк олимлари, тариқат уламолари ҳам унинг суҳбатидан завқу файз оларди. Алишер Навоий ҳам “Насойим-ул муҳаббат” асарида хожа Баҳоваддин Нақшбанд, хожа Муҳаммад Порсо, хожа Убайдуллоҳ Аҳрор каби авлиё оталаримиз шайх Абубакр Тайободий билан тез-тез ҳамсуҳбат бўлганини айтиб ўтган.

Алишер Навоийнинг ёзишича, Муҳаммад Порсо ҳазратлари охирги марта ҳаж йўлига чиқаркан, ўз устози Хожа Баҳоуддин Нақшбанд билан бирга борган, сафар давомида мавлоно Зайниддин Абубакр Тайободий мозорини ҳам зиёрат қилган: “Бухородин Марвга етгонда қофила икки фариқ бўлдилар ва баъзи Машҳад сори майл қилдилар ва баъзи Ҳирот сори мутаважжиҳ бўлдилар. Бу булжор билаки, Нишопурда бир-бирига қўшулғайлар. Ҳазрати Хожа бузургвор (Нақшбанд – таҳр.) Ҳирий сори мойил бўлдилар ва буюрдиларки: “Тиларбизки, мавлоно Зайниддин Абубакр Тайободий суҳбатиға етгайбиз”. Мен йигит эрдим ва Машҳад сори бордим… Мавлоно 791 да, муҳаррам ойининг салхида, панжшанба куни нисфи наҳорда оламдин ўтибдурлар”1.

Шайх Абубакр Тайободий 1389 йил декабрида вафот этган.

 

МИР САЙИД БАРАКА

Тарихчи ибн Арабшоҳга кўра, Амир Темур бундай деган: “Қанча ўлкаларни қўлга киритиб, қанча қалъаларни фатҳ этган бўлсам, бу ишларнинг бари шайх Шамсиддин Кулолнинг воситаси, Амир Кулолнинг мадади ва шайх Зайниддин Абубакрнинг ҳамияти ила амалга ошди. Барча муваффақиятга Сайид Бараканинг ёрдами билан эришдим”.

Амир Темур Сайид Барака билан 1370 йилда илк бор учрашди. Амир Ҳусайн билан ораси бузилганидан сўнг Кешдан Балхга қараб борар экан, Термиз атрофида умрига нақш урган энг яқин пири, улуғ авлиё Сайид Барака билан кўришди. Маккадан келган Сайид Барака аввал амир Ҳусайнга мурожаат этиб, Макка ва Мадина вақфи учун кўмак беришини сўраган. Амир Ҳусайн бу илтимосни рад этган ва унинг ёшига яраша муомала қилмаган. Сайид Барака бундан оғринган. Сўнгра у Термизда Амир Темур билан учрашган. Амир Темур унга кўрсатган эҳтиромидан қувонган Сайид Барака Оллоҳдан пайғамбар ва халифа ҳаққи-ҳурмати Темурга ёрдам кўрсатишини сўраб дуо қилган. Амир Темурга салтанат рамзи саналган довул ва байроқ тақдим этиб, дунёга подшоҳ бўлурсан, дея мужда берган. Амир Темур унинг дуою ташрифларини хайрли ҳисоблаб, дарҳол Сайид Баракага Ҳарамайн вақфи учун ақча берилишини амр этган.

Китобларда Мир Сайид Бараканинг руҳоний қуввати ҳақида кўп ривоятлар мавжуд. Ибн Арабшоҳ улардан бирини ўз асарида келтиради. Ривоятда таъкидланишича, Амир Темур ва Мир Сайид Барака охирги марта 1403 йили Қорабоғда кўришган. Бу чоғда Амир Темур Усмонли султони Йилдирим Боязид устидан зафар қозониб, Қорабоғдаги қароргоҳига қайтган эди. Соҳибқирон пирига пешвоз чиқиш учун чодирни тарк этар экан, тўсатдан вафот этган салтанат валиаҳди, невараси Муҳаммад султон исмини тилга олиб, йиғлаб юборади. Мир Сайид Барака ҳам бошидаги салла печига кўз ёшларини артади. Иккови бир-бирини қучоқлаб, бир муддат йиғлашиб туради.

Манбаларда айтилишча, Мир Сайид Барака 1403 йилда вафот қилган. Абу Тоҳирхўжа Самарқандий “Самария” асарида ёзганидек, Мир Сайид Бараканинг мозори Самарқанд шаҳрида, амир Темур Кўраган мақбараси ичидадир.

Сайид Барака Кирмондан Балхга келиб, Амир Темурга кўмакчи бўлган. Амир Темур Баракани Самарқандга олиб кетган. Сайид Самарқандлик пайтида Амир Темур невараси Муҳаммад султон мадрасасини кўргани боради, сўнгра ўша мадрасанинг бир тарафида ўзи учун кўк гумбазли мақбара қурдиради. Сайид Барака вафот топгач, унинг жасадини Мозандорондан Самарқандга келтириб, ўша кўк гумбаз тарафига дафн эттиради. Келажакда ўз жасадини ҳам унинг оёғи остига қўйишларини ишорат қилади. Шунинг учун Соҳибқирон вафот этгач, уни Сайид Барака қабрининг этагидаги қабрга кўмишган.

Бу мозор бугунда Гўри амир, Гўримир дейилади. Ўзбекчада қабрни гўр ҳам дейишади. “Мир” сўзи Мир Сайид Барака номига ишорадир.

Амир Темур умр бўйи олиму уламоларга, устозлари ва пирларига иззат-икром кўрсатиб, уларнинг маслаҳат ва руҳоний ёрдамларига суяниб, қудратли салтанат қурди. Ундаги тенгсиз ҳарбий салоҳиятнинг, буюк салтанатининг тамалида устозларининг шуури, руҳоний қудрати мавжудлиги шубҳасиздир[31].

 

ШУНДАЙ ОЛИМЛАР БЎЛСА

Амир Темурнинг ҳаёти, унинг маънавий шаклланишида ҳазрат Аҳмад Яссавийнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Аҳмад Яссавий ҳикматлари жамланган девон унинг доимо ўқийдиган, ёстиғи тагида сақлайдиган китобларидан эди. У тез-тез Яссавий мозори зиёратига борар, унинг руҳига дуолар ўқирди.

Амир Темур Шомни фатҳ этганида, ҳазрат пайғамбаримизнинг ра­фиқаларидан Умму Салама ва Умму Ҳабибанинг мозорларини зиёрат қилиб, уларга мақбара қурдирган эди[32].

Соҳибқирон ўзи борган ҳар ўлкадаги, забт этилган қалъа ва ша­ҳар­ларидаги пайғамбарлар, саҳобалар ва машҳур олимлар қабрларини зиёрат айлаб, улар руҳидан мадад тиларди. У Боязид Бистомий, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, шайх Баҳлули Доно, ҳазрати Ҳусайн, Ҳаким Термизий, шайх Иброҳим Яҳё, Абу Муслим Марвозий, Идрис алайҳиссалом, Суфён Саврий каби муборак зотлар мозорини зиёрат этиб, дуолар қилган.

Амир Темур янги ҳукмдор бўлган пайтлари ўша даврнинг энг катта икки олимини саройига чақириб, улар билан суҳбат қиларди, кейин от чопишарди. Улардан бири Сайид Барака эди. Иккинчиси ҳам машҳур бир уламо ҳисобланарди. Бир куни учалови от суриб боришар экан, Темур атай отини секинлатди, Сайид Бараканинг оти илгарида борарди. Амир Темур ва суҳбатдош олим иккови бир муддат тенг боришди. Шунда Соҳибқирон йўлдошига: “Устод, Сайид Баракани улуғ авлиё, улуғ олим, дерлар, қаранг, биздан илгарида кетмоқдалар,” деди. Олим зот унга: “Амирим, бу зотнинг илми ва даражаси шу қадар юқорики, оти учса ҳам ўринлидир. Шу боис биздан олдинга ўтди. Бу зот билан бир даврда яшаётганимиз учун Оллоҳга шукр қилишимиз керак,” – деди.

Амир Темур отини қамчилаб, Сайид Баракага етди. Ҳалиги олим ортда қолди. Бир мунча вақт тенг кетишди. Шунда Амир Темур Сайид Баракага юзланиб, “Бу кишига буюк олим, билимлари дарё деб ҳурмат кўрсатадилар. Аммо ёнимизда эмас, орқамизда от сурмоқда,” – деди. Сайид Барака унга бундай деди: “Амирим, у зотнинг даражаси, илми шунчалар оғирки, шунчалар чексизки, оти бу одамнинг илмини кўтара олмай қийналмоқда, шу сабаб орқада қолди. Бу зот билан бир замонда яшаётганимиз учун Оллоҳга қанча шукр этсак, шунча оз”.

Амир Темур бу икки олимнинг сўзларидан жуда мамнун бўлди ва бундай деди: “Олимларнинг аҳиллиги, албаттаки, барча юртдошларнинг аҳиллигидир. Олимлар бир-бирлари билан чиқишмасалар, бу аҳоли ўртасида ҳузурсизликка йўл очади ва тинчлик бузилади. Ёнимда шундай олимлар бўлса, ҳеч қачон енгилмайман”.

 

ТЕМУРНИНГ ИЛМИ ВА УСТОЗЛАРИ

Амир Темурнинг маънавият ва тафаккурга доир фазилатлари кейинги даврлардаги Оврупо олимлари диққатини ҳам жалб этди. Француз адиби Альфонс де Ламартин бу хусусда ҳайратланиб фикр билдирган: “Амир Темур дин, тиб, тарих, ҳуқуқ ва илми нужум соҳаларида замонининг энг билимли кишиси эди. Кўп ўқиган, Осиёда энг кўп қўлланилган туркча, арабча ва форсчани ғоят яхши билган, ҳуснихат санъатини ҳам эгаллаган ҳукмдор эди. Александр, Атилла, Наполеонлардан бохабар Оврупо бунақа юксак ирода ва маънавий завқ соҳиби бўлган шахсиятни кўрмаган”.

Рус тарихчиси Т.Грановский эса Соҳибқиронни бундай таърифлайди: “Темурнинг юрагида илмга ва илм эгаларига пинҳоний ҳурмат-эътибор қайнарди. У илм ва санъатни, тафаккурни юқори даражада тушунарди. У олимлар билан доимо суҳбат қурди. Шарқ ва Ғарб тарихидаги муҳим воқеалардан воқиф эди. Астрономияга алоҳида эътибор билан қарарди”.

Амир Темур умри бўйи илм эгаларига катта ҳурмат-иззат кўрсатди. Саройдами ёки ҳарбий сафардаги чодиридами дам олаётганида ҳузурига бирорта олим кириб қолса, ўрнидан туриб, эҳтиром билан қаршиларди. Шунингдек, бирорта нодир асарга қизиқиб қолса, уни келтиришганда, қўлёзмага ҳурматан ўрнидан туриб қабул қиларди.

Фатҳ этилган ўлкалар олимларини ҳам иззатини жойига қўйиб ҳу­зурига чорлар, улар билан суҳбатлашар, фикрларидан завқ ва наф оларди. Кўнглига ҳайрат солган олимларни Самарқандга жўнатар ёки ўзи билан бирга бошкентга олиб кетарди. Уларга катта маош тайинлаб, Самарқандда қурдирган мадрасаларида дарс бердирарди.

Амир Темур ҳаётида муҳим аҳамият қозонган тўрт зот, Соҳибқирон-нинг тўрт пири ҳақида фикр юритиш қаторида, бизнингча, Амир Темур нима учун илм аҳлига бунчалар ҳурмат-эътибор кўрсатганининг сабабини билмоқ лозим. Бу ўша даврда Мовароуннаҳрда кенг ёйилган ва ижтимоий турмушда тенгсиз қудратга эга бўлган тариқатлар билан боғлиқдир.

Амир Темурнинг шахси тўғрисида сўз борар экан, умуман, Шарқ ва Ғарб тарихчиларидан кўпчилиги унинг жаҳонгирлиги, муҳташам салтанати, ҳарбий санъати, тактикадаги даҳоси, ўрдуни бошқариши, узоқни кўриши каби мислсиз қобилиятлари борасида фикр юритадилар.

Аслида, Соҳибқирон ўз даврининг улуғ олими, билимдони ҳам бўлган. Фақатгина салтанат ва сиёсат бобидагина эмас, балки инсоний муносабатлару илм-фан соҳаларида ҳам кенг маърифатли эди. Алишер Навоий Амир Темурнинг шеърга муносабати ҳақида фикр билдирар экан, унинг шеър айтишга эътимоди бўлмаса ҳам, бир шеър ёки байтни у зотдек ўз ўрнида ўқий олувчи шахс топилмаслиги, унинг бир байтни сўйлаши минг байт шеър ўқиганга тенглигини таъкидлаган.

 

 АСРЛАРДАН ЎЗГАН МЕЪМОРИЙ ДАҲОСИ

 “Оврупода, хусусан, Францияда Париж қассоблари бир-бирини сўйиб нимталар экан, Амир Темур илм шаҳарларини қурарди. Зеро, у кўп танилмаган шахсдир”.

                               Харўлд Ламб

Амир Темур ҳарбий юришлари чоғида қаерга бормасин, ўша ўл­калардаги истеъдодли инсонлар, олимлару санъаткорлар, меъморларни Самарқандга олиб келгани маълум. Бизнинг замонамизда бутун дунёда авж олган шаҳарлашув жараёнига ўхшаш ҳаракатни Самарқандда илк бошлаб берган Амир Темурдир. Бобур мирзо ёзганидек, Амир Темур аввалига ўз туғилган шаҳрини пойтахт қилмоқчи бўлган ва шу мақсадда Шаҳрисабзда аллақанча иншоотлар барпо этган. Кейинроқ Мовароуннаҳр марказида жойлашгани, хушҳаволиги ва дунёга машҳурлигини ҳисобга олиб, Самарқандни бошкент қилиб танлади. Шаҳар жанубидаги тоғлардан Афғонистонга элтувчи йўл ҳам ўтарди.

Самарқанд 1220 йилдаги мўғуллар босқини оқибатида харобага айланганди. Амир Темур 1370 йилдан бошлаб лой-кесакдан тикланган уйлардан иборат шаҳарни янгидан қуришни режалаштирди ва бу ишга киришди. Аввало Самарқанд тевараги баланд қалъа деворлари билан ўраб чиқилди.

Кейин шаҳарни бир учидан бошқа учига боғлаган кенг савдо кўчаси очилди. Бу бош кўча атрофидаги уйларни йигирма кунда аскарларига буздириб ташлади. Зеро, жаҳоншумул шаҳар барпо этиш режаси бўйича ишлар авж олганди. Сон-саноқсиз қурувчилару ҳунарманд усталар кундуз қуёш нури, кечаси машъалалар ёруғида тинимсиз заҳмат чекдилар. Кўчанинг икки тарафида бир-бирига қараган дўконлар қурилди. Дўконлар битиши биланоқ уларни савдогару ҳунармандлар эгаллади. Амир Темур бутун шаҳарни бош лойиҳа асосида барпо эттирди. Уйлар, боғ, сарой, мадрасалар энг мақбул ерларда қад кўтарди. Ҳар кўча, ҳар бозор бир ёки икки турли молнинг сотилишига мослашган эди. Бу Темурнинг орзусига кўра амалга оширилган бўлиб, ўша даврдаги Самарқанднинг ўзига хос хусусиятларини ташкил этарди.

Шоҳкўча ва майдонларда булоқлар, ариқлар, ҳовузлар мавжуд эди. Улар тартибли қазилган бўлиб, доим сув оқиб турарди.

Ҳунарманд, косиб, усталарнинг дўкони батартиб жойлаштирилгани боис улардаги молларни ўзаро қиёслаб, энг маъқулини сотиб олиш имкони яратилиши баробарида рақобатга ҳам кенг йўл очилганди. Шунингдек, ҳар бир сотувчига алоҳида, ўзгармас жой берилгани сабаб барча ўз қўшниси билан яхши муомала қилишга мажбур эди.

Самарқандни жаҳон марказига айлантиришни орзу қилган Амир Темур шаҳарда Шоҳи Зинда, Бибихоним мадрасаси, ҳаммомлар, янги йўллар, кўприклар, карвонсаройлар, кўк гумбазли кошинкор бинолар, кенг боғлару, боғлар ичида сарой ва қасрлар қурдирди. Бошқа мамлакатлардан келган элчиларни ўз ҳайбату муҳташамлиги билан кишини лол этадиган ана шундай биноларда қабул этди.

Амир Темур Самарқанднинг кенгайиши ва дунёнинг энг гўзал шаҳри, машҳур илм маркази бўлиши учун тинимсиз ғайрат кўрсатди, бунинг учун хазинадан катта маблағ сарфлади. Оламнинг тўрт томонидан юз мингдан ортиқ меъмору санъаткорни Самарқандга келтиртирди. Темур фармонига кўра, Самарқанд атрофида ҳам қурилишлар авж олди ва Шом, Миср, Шероз, Бағдод, Султония деган қишлоғу қасабалар қад кўтарди.

Амир Темур халқнинг дам олиши учун катта, кенг боғ-роғлар яратди. Самарқанд теварагида турли номлардаги, бири қозонган зафарию, бошқаси хотинининг хотирасига аталган оромгоҳлар қурдириб, эл учун сайргоҳ қилиб қўйди. Яъни Амир Темур ҳам:

Хон бўлсанг ҳам боғ ярат,
Қул бўлсанг ҳам боғ ярат,
Бир кун ерсан мевасин, –

деган ҳикматга амал қилди. Самарқанднинг тўрт тарафини ичида кўшк ва қасрлари бўлган улкан боғу саройлар билан ўраттирди, мустаҳкам қалъа деворлари тиклатди. Дилкушо боғи, Жаҳоннамо боғи, Тахти Қорача боғи, Беҳишт боғи, Чинор боғи, Юқори боғ, Гулбоғ, Конигил боғи, Давлатобод боғи каби ўнларча бўстонлар шулар жумласидандир. Бу боғларнинг ҳар бири ўзига хос, майдони кенг ва узун эди. Бир учидан иккинчи учига бориш учун баъзисида бир кун, баъзисида бир ҳафта юриларди. Боғлар ичидаги кўшку қасрларнинг девори Амир Темурнинг ҳарбий юришлари тасвирланган расмлар билан безатилганди. Таниқли сайёҳ ибн Баттута Самарқанд боғларини кезиб, ниҳоятда таъсирланган ва “Ўлим соати келганида, менга Самарқанд райҳонини ҳидлатинг, ўша замони тирилиб, ўрнимдан туриб кетаман”, деган экан.

 

ФАҚАТ САМАРҚАНДМИДИ?

Темур ҳиммати боис нафақат Самарқанд, балки бошқа шаҳарлар ҳам тикланиб, қайтадан ривож топди. Масалан, унинг туғилган макони, ўша пайтда номи Кеш бўлган бугунги Шаҳрисабз ҳам Самарқанддек режа асосида қайта қурдирилган. Шаҳарда масжид, кўприк, йўл, сою ариқлар, бозорлар барпо этилган. Инсон қўли билан мўъжизалар яратилган. Дунё­нинг мўъжизаси ҳисобланувчи Искандария маёғи, Бобил қасрлари, Тожмаҳал, Аё София, Салимия обидалари каби муҳташам Оқсаройни барпо эттирган.

Бобур мирзо айтганидек, Оқсарой Кайхисрав саройидан ҳам юксак бўлган. Меъмори – Муҳаммад Юсуфдир. Низомиддин Шомийнинг таъкидлашича, “Бундай ҳайбатли бино ҳеч замонда қурилмаган”.

Амир Темур етти йиллик сафаридан, яъни Шом ва Рум юришидан қайтганида, Кастилья элчиси Руи Гонсалес Клавихўга Оқсаройни кўрсатадилар. Элчи бу саройни кўриб, ҳайратда қолади ва эсдаликларида бундай ёзади: “Муҳташам саройга баланд дарвоза орқали кирилади. Бинонинг кўринарли ерлари расмлар билан безатилган. Бутун ҳужралар ва хоналар олтин билан ишланган. Буларни ким кўрса ҳам, ҳайратга тушади. Сарой ичида гўзал ҳовузлар, оромгоҳлар, турли дарахтлар ўсган кўркам майдон бор. Бу обида шунчалар чиройли ва муҳташамки, таърифига тил ожиздир”.

Аркнинг баландлигини эллик метр, оралиғини йигирма икки ярим метр ва минорасининг юксаклигини етмиш тўрт метрдан юқори дейишади. Тарихий манбаларга кўра, Оқсарой қурилишида ўттиз минг ишчи ва йигирма минг уста заҳмат чеккан. Уларга олти юз қозонда овқат пиширилган. Афсуски, ҳозирда бу обиданинг харобаларигина сақланиб қолган.

Нақл этишларича, Оқсарой қурилаётганда бир сайёҳ иншоот қаршисидан ўтиб қолибди. Қараса, усталар ўз ишини ҳавас билан бажараётган экан. Сайёҳ ғишт ташиётган ишчилардан: “Нима қиляпсизлар?” деб сўрабди. Бир ишчи: “Кўрмаяпсанми, ғишт ташияпман!” – дебди. Бошқа бири эса: “Дунёнинг энг гўзал ва муҳташам биносини қуряпман!” – дебди.

Амир Темур Бухорони ҳам, Самарқанд ва Кеш каби, гўзал бинолар билан безади. Чунки Бухоро онасининг шаҳри эди. Невараси Улуғбек хотираларида бундай дейди: “Рум сафарига чиққан бобом Бухоро шаҳрига яқинлашганида отидан ерга тушди. Шаҳарга пиёда юриб кирди. Бу унинг суюкли онасига ҳурмати эди, болалик ҳақи эди. Бухоро унинг учун Бухоро эмас, Бухоройи шариф эди”.

Яна бир улкан обида – Темур Туркистонда қурдирган Аҳмад Яссавий мақбарасидир. 1397 йилда қурила бошланган мақбара фаслма-фасл, Темур вафотига қадар тиклана борган. Улкан бир қубба, икки минора ва жуда кўп катта-кичик хонаю ҳужралар, ёруғ гумбазлардан иборат бу муҳташам обида буюк мутасаввиф Аҳмад Яссавий хотирасига Амир Темур қанчалар ҳурмату эҳтиром кўрсатгани исботидир. Шуниси диққатга сазоворки, мақбара ичига маҳаллий дарвеш ва зиёратчи мусофирлар еб-ичиши учун мўлжалланган алоҳида иморатлар ҳам қурилган. Бу ердаги улкан қозон 1934 йилги Сталин буйруғига кўра, Москвага олиб кетилган бўлиб, кейинчалик қайтариб олиб келинди ва жойига қўйилди.

Амир Темурдан сўнг унинг тахтига ўтирган авлодлари ҳам Со­ҳиб­қироннинг шаҳарсозлик борасидаги ишларини давом эттирган ва кенгайтирган. Самарқандда невараси Улуғбек қурдирган, Темур ётган Гўримир мақбараси ҳам шоҳ асардир. Бу шаҳарда тепаликка қурилган Шоҳизинда мақбаралари ҳам XIV – XV асрлардан мерос нодир ёдгорлик ҳисобланади. Булардан фақат битта мақбара аввал тикланган бўлиб, у Самарқандни исломга юзлантирган Қусам ибни Аббосга тегишлидир. Бошқа мақбараларнинг барчаси, деярли ҳаммаси Темур яқинларига мансубдир.

Бу мақбаралар умумий ном билан Шоҳи Зинда, яъни тириклар шоҳи дейилади. “Асли яшаган шаҳидлардир” маъносидаги оят сабаб бундай ном берилган. Самарқанд, Тошкент, Ҳирот, Хива ва бошқа шаҳарларда темурийлар даври меъморий салоҳиятини кўрсатувчи масжид, мадраса, сарой, ҳовузу сардобалар жуда кўп.

Соҳибқирон бу иншоотларни бунёд эттирар экан, кимки куч-қуд­ратимизга шубҳа қилса, биз қурган биноларни кўрсин, деган экан.

Ўзбек тилидаги тарихий манбаларда қуйидаги ривоят ҳам мавжуд:

“Амир Темур невараси Улуғбек қўлидан тутиб, жума намозини ўқиш учун Бибихоним масжидига борибди. Намоздан кейин масжидни айланиб, томоша қилиб, зина орқали майдонга чиқишибди. Соҳибқирон юксакдаги майдонда туриб, қаршисидаги шаҳарга, узоқдаги кўм-кўк боғ-роғларга қарабди. Ҳаяжонга тушиб, сурурли бир товушда неварасига бундай дебди: “Улуғбек, вақти келиб сизлар ҳукмрон бўлганингизда, мана шундай хайрли ишларни бажаргайсиз, иншооллоҳ. Аммо шуни унутмангки, қурадиган биноларингиз дунёда тенги йўқ салтанатимиз ҳайбатини кўз-кўз қилар даражада муҳташам бўлсин. Бу обидалар келажак авлодларимизга бизнинг ким эканлигимизни кўрсатувчи далолатдир”.

 

ТИЖОРАТ

Амир Темур деҳқончилик, тижорат, яъни иқтисодга алоҳида эътибор берган. Мўғуллар босқини йилларида мамлакат иқтисоди издан чиққан, экин далалари ва савдо йўллари, кўприклар бузиб ташланган, карвонлар қатнови тўхтаб қолган эди.

Амир Темур тахтга ўтиргач, даставвал кўрган чора-тадбирларидан бири мамлакатда савдо-сотиқ эмин-эркин юритилиши ва ривожланиши бўлди. Бунинг учун у катта йўллар четида, бир кунлик манзилда, тахминан ўн бир чақиримда карвонсарой ва от алмаштирувчи муассасалар қурдирди. Карвонсаройларда еб-ичиш, дам олиш учун шароит яратилган эди. Узоқ саҳролару дала-даштлардан ўтиб келаётган йўловчилар чанқоғини қондириш учун ғиштдан тикланган сардобалар мавжуд эди.

Карвонсаройларда ички ҳовлилар, дўконлар бор эди. Баъзи карвонсаройлар фақат савдогарларга мўлжалланган, от ва бошқа ҳайвонлар учун алоҳида оғиллар барпо этилган эди.

Клавихўнинг таъкидлашича, Темур халқни доимо савдо билан шу­ғулланишга чақирган. Тужжорларни муҳофаза қилиш Шоҳрух даврида ҳам сақланиб қолган. Табриз ва Султониянинг тужжорий донғи бутун темурийлар салтанатига тарқалган. Султония халқаро савдо шаҳри мақомига юксалган. Шунингдек, жанубдаги Ҳурмуз ҳам савдо шаҳри сифатида машҳур бўлган.

Амир Темур тижоратнинг тараққийси учун бошқа мамлакатларнинг ҳукмдорларига махсус мактублар йўлларди. Савдогарларни қўриқлаш борасида фармонлар чиқарарди. Улар учун энг керакли нуқталарда карвонсаройлар қурдирарди. Тарихий манбаларга кўра, Амир Темур 1402 йилда қирол Чарльз Тўртинчига мактуб юбориб, француз тужжорларини Самарқандга даъват этган, уларга эътибору эхтиром кўрсатилишига сўз берган. Шунинг баробарида Францияга бораётган Туркистон савдогарларига ҳам яхши муносабат кўрсатилиши, турли текширишлар ўтказилмаслиги ва зўравонлик қилинмаслигини сўраган. Қирол Чарльз Тўртинчи бу талабларни қабул қилганини билдириб, мактуб жўнатган.

Айни чоғда Англия қироли Ҳенри Олтинчи ҳам Темурдан шундай мазмунда мактуб олган. У ҳам ижобий жавоб йўллаган. Чунки Темурнинг ўғли Мироншоҳ Табриз ва Бағдодда насронийларни муҳофаза этгани, улар эркин савдо қилиши учун кенг йўл очиб бергани Англия қиролига маълум эди. Зотан, Самарқандда “фаранг” деб аталган газмоллар сотилгани бу фикрнинг далилидир.

Самарқандда тижорат фақат бозорлар, дўконларда эмас, балки карвонсаройларда ҳам юритилганки, бу савдонинг янада ривожланишига таъсир кўрсатган. Мовароуннаҳр пойтахтида кўплаб тўқимачилик корхоналари ҳам бўлган, у жаҳоннинг турли мева-чеваларию зираворлари сотиладиган марказ ҳам ҳисобланган. Шу боис иқтисодий фаолият муттасил кенгая борган, шаҳар бойигани сайин эски бозору савдо расталари янгиланиб, савдо ҳажми ўсган. Савдо йўлларида янгидан-янги карвонсарою работлар тикланган. Султония шаҳри бош роҳиби Доминикли Жаннинг ёзишича, шаҳардаги ўғирлик ва нотинчликларга шаҳар ҳокими жавобгар эди. Ўғирлик ва нотинчлик юз берса, аввало ҳоким ва бошқа масъул шахслар жазо оларди. Чунки босқинчи ё талончилар шаҳар қўриқчилари билан келишмаса, бундай ишларга журъат этиши даргумон эди. Ана шундай тартиб сақлангани боис етарли муҳофаза муҳити яратилганди. Тужжорлар юртлараро карвонларини эмин-эркин юритар, ҳар қандай ўлкага бешикаст етиб борарди.

Бир ривоятга кўра, Амир Темур икки мансабдорни ҳузурига ча­қиртиради. Бирига “Сизни бугундан эътиборан мансабингиздан бў­шатдим,” дейди. Маъмур унга “Амирим, бугунгача менинг ишимдан мамнун бўлиб, доим мақтардингиз, не қилдимки, бундай амр этдингиз?” дея сўрайди. Амир Темур унга бундай жавоб беради: “Тўғри, сиз ўз вазифангизни, биз айтгандаёқ тўкис бажардингиз, фақат кейинги пайтларда сўзларингиз ва ҳаракатларингизда мансабингиздан мағрурланиш, кекка­йиш, бошқаларни менсимаслик таврларини кўрдим. Ўтган жума куни ҳам масжид олдида ўтирган кексалар қаршисидан отдан тушмасдан, салом бермай, кибрланиб ўтиб кетдингиз. Қабристон ёнидан ҳам шунақа қилиб ўтдингиз. Бизга ўликларию тирикларини бирдай ҳурмат қилмай, аксинча, уларнинг шаънини ерга урадиган раҳбарларнинг кераги йўқ. Бу ҳатти-ҳаракатингиз билан ўзингизга ҳам, давлату ҳукуматимиз шон-шарафига ҳам зарар келтирдингиз. Энди, яхшиси, тавозе билан ўзингизни тарбия қилинг, кейинроқ бу масалага яна қайтамиз”.

Иккинчи мансабдорга Амир Темур бундай дейди: “Сизнинг ҳа­ра­катларингиз эгаллаб турган мансабингиздан анча пастда қолди. Ма­қомингизга лойиқ ишлай олмадингиз. Берилган топшириқларни етарлича удда қилолмадингиз. Шу сабаб сизни ҳам ишдан бўшатдим”.

Демак, мансабдорлардан бириси ҳаддидан ошгани, халқни паст кўриб кибрлангани учун, иккинчиси эса мақомига мос иш юритолмагани учун рутбаларидан олинган.

Амир Темур ана шу тарзда барча мансабдорлар фаолиятидан хабардор бўлиб турган. Махсус одамлари воситасида ўлканинг ҳар бир бурчагидаги ҳолатдан воқиф эди, қисқа вақтда унга энг муҳим хабарлар етиб келарди. Ана шундай тадбиркорлиги, уддабуронлиги боис мамлакат ишончли қўлларда бўлган, бошқарув тизими соатдай аниқ ишлаган.

 

ИЛМ, МАДАНИЯТ, САНЪАТ

Амир Темур салтанатида илмий фаолият энг юксак чўққига кў­тарилган. Унинг замонида тиб илми отаси бўлмиш ибн Сино асарлари наслдан-наслга ўтганча кенг фойдаланилган, ер ва ой орасидаги масофани ўлчаган Беруний асарлари дарслик сифатида ўқитилган. Риёзиёт илми отаси ва тенгламалар кашфиётчиси Хоразмий изидан борилган, бу соҳада ҳам пешқадам олимлар етишиб чиққан. Форобий асарлари ҳам ўша замон илми таянчларидан ҳисобланган. Фарзандларини ўқимоқ учун кўплаб мураббийни саройига келтирган Темур юлдузлар илми борасида ҳам замонасининг энг кучли олимларидан фойдалана билган. Шу боис Самарқанд ўз даврида илми нужум марказига айланган ва дунёнинг тўрт ёғидан олимлар бу шаҳарга оқиб келган.

Бурсадан Самарқандга келган Қозизода Румий шундай олимлардан биридир. Ўзи ҳам машҳур мунажжим бўлган Темурнинг невараси Улуғбек Самарқандда дунёнинг энг катта мадрасаси ва расадхонасини қурган. Улуғбек ўз атрофига Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид, Салоҳиддин Мусо Румий, Масъуд Коший каби машҳур олимларни тўплаган, уларга ҳомийлик қилган.

Шуни ҳам айтиш керакки, ўша вақтда Усмонлилар ўлкасидан Аълоиддин Али Фанорий, Абдулвоси Хайриддин Хизир, Илёс Румий, Аълоиддин Али Қўчхисорий каби атоқли олимлар ҳам Самарқандда илм ўрганган ва таҳсил кўрган.

Темурийлар даври тарих ва адабиёт соҳаси энг порлоқ даврлардан бири ҳисобланади. Ўшанда тарих, математика ва астрономияга доир китоблар форсча ёзилган бўлса-да, адабий асарлар “чиғатой лаҳжаси” де­йилган Ўрта Осиё, яъни Туркистон туркчасида битилган. Буюк адиб ва шоирлар туркча ёзибгина қолмай, туркчанинг форсчадан устун эканини ҳам илмий тадқиқотлар воситасида исбот қилган. Бу соҳада Шарқ Ренессанси юз кўрсатган ва туркий адабиётни чўққига кўтарган Алишер Навоийдек улуғ ижодкорлар етишиб чиққан.

Амир Темур даврида санъатнинг барча турларида улкан тараққиётга эришилган. У вақтларда безак санъатига алоҳида эътибор бериларди. Шу боис деворий расм, миниатюралар чизувчи, китоб муқовасини безатувчи уста санъаткорлар, хаттотлар ҳомийлар тарафидан қўллаб-қувватланарди. Темур замонида миниатюра санъати бениҳоя юксалган меъморлик билан бирга Эронга ва Усмонлилар салтанатига ҳам таъсир кўрсатган.

Шу даврда гилам тўқиш, газламаларни ипак нақшлар билан безатиш, диний мавзуларни четлаб ўтувчи тасвирий санъат ҳам анча ривожланган. Ибн Арабшоҳ Темур даврининг энг буюк наққоши сифатида бағдодлик Абдулҳайни эслагани маълум.

Амир Темур фатҳ этилган ўлкалардан санъаткорларни Самарқандга олиб келиб, улар бу ерда ўз маҳоратини кўрсатишига кенг имкон яратган. Муваффақият қозонганларга саройда олий мансаб ва маошлар тайин этган. Масалан, Шом сафаридан қайтар экан, тўқимачи, ипакчи, ўқ ва совут усталари, кулолларни ёхуд Анадўлу юришидан сўнг бу ўлкалик милтиқ ясовчилар, заргарларни, Ҳиндистондан эса тоштарошларни Туркистонга олиб келган.

Темур ўз сарой ва қасрлари деворини ҳарбий зафарлари ҳақида ҳикоя қилувчи расмлар билан безаттирган. Шунингдек, турли шаҳарларда қурдирган биноларига ҳам кошин, нақш, деворий сурат, миниатюралар билан оро берган.

Темурийлар даврида мусиқа санъати ҳам юксалган. Бастакорлар эъзозу эътиборга сазовор бўлган. Бунинг намунаси ўлароқ улуғ турк бастакори Абдулқодир Мароғийга кўрсатилган эъзоз, унга берилган мукофотларни эслаш кифоя. Темур замонида Самарқандда, Шоҳрух даврида эса Ҳиротда Мароғийга ўхшаш яна бир неча улуғ санъаткор етишиб чиққан ва уларга давлат ҳомийлик қилган. Абдулқодир Мароғийнинг “Мақосидул алхон” асарида ўн икки мақом ҳақида маълумот мавжуд. Булар “Ушшоқ”, “Наво”, “Бусалик”, “Рост”, “Ҳусайний”, “Хижоз”, “Раҳовий”, “Зангула”, “Ироқ”, “Исфахон”, “Зирафканд”, “Бузург” мақомларидир.

 

МАЪНАВИЯТ МАРКАЗИ – САМАРҚАНД

Амир Темур Самарқандни дунёнинг энг йирик илм-фан марказига айлантиришни истарди. Шу мақсадда мусулмон ўлкалардаги атоқли илм намояндаларини Самарқандга чақиртирарди. Шунингдек, машҳур дин уламоларини ҳам сафарлари пайтида Самарқандга даъват этиб, улар дарс бериши учун махсус мадрасалар қурдирарди. Шулардан бири – Хоразм юришида бошкентга келтирган тафсир, ҳадис, фиқҳ, фалсафа, калом, мантиқ, араб тили ва бошқа илмларда донг қозонган Саъдиддин Тафтазонийдир.

Яна бири ҳадис, фиқҳ, калом, фалсафа, мантиқ, балоғат, араб тили, ҳайъат, ҳандаса каби илмларда юксак савияга эришган Сайид Журжонийдирки, бу уламо Шероз фатҳидан сўнг Самарқандга келтирилган эди.

Амир Темур ўз ватанига олиб келган машҳур уламодан тағин бири қироат ва ҳадис олими Муҳаммад Жазарийдир. Соҳибқирон Жазарий билан Анадўлу сафари пайтида танишган ва уни Кешга келтириб, бу ерда қурдирган мадрасасига мударрис қилиб тайинлаган эди.

Амир Темур бу жаҳоншумул олимлар билан бир анжуманда суҳбат қурар, уларнинг баҳсу мунозараларини эшитар, ўзи ҳам саволларига жавоб сўраб, мурожаат этарди.

Амир Темур уюштирган бундай суҳбатлардаги энг нодир илмий тортишувлар – Саъдиддин Тафтазоний билан Сайид Шариф Журжоний мунозараларидир. Ақлий ва фалсафий илмларда ўз даврининг буюк олими саналган, бир оз тутилиб сўзлайдиган Тафтазоний ва унинг мунозара ва мубоҳаса бобида кўп иқтидорли ёш рақиби, фасоҳату балоғат соҳиби Сайид Шариф Журжоний эди. Улар Темур ҳузурида “Интиқом иродасига нима сабаб бўлади?” деган мавзуда илк баҳс ўтказишган. Мунозарага мавлоно Абдулжаббор ҳакамлик қилган. Бундай пурмаъно мажлислар шов-шуви бутун ислом дунёсига ёйилиб, мухлисларни янада кўпайтирган. Натижада бу улуғ алломалардан дарс олмоқ учун мингларча билимга чанқоқ ёшлар турли ўлкалардан Самарқандга оқиб келган.

Мовароуннаҳрдаги илмий ҳаёт ривожига муҳим улуш қўшган Саъдиддин Тафтазоний ва Сайид Шариф Журжонийлар таълифот ва тадрисот, яъни китоб ёзиш ва дарс бериш бобидаги устунликлари боис бутун ислом оламида донг қозонди. Бу шахсларнинг асарлари кенг тарқалди, турли ўлкаларга қилган илмий сафарлари сабаб илм аҳли ва мухлисларда рағбат уйғотди.

Бу икки аллома Усмонли салтанатидаги илмий муҳитда ҳам яхши маълум ва эҳтиромга сазовор эди. Айниқса, уларнинг асарлари узоқ йиллар Усмонли мадрасаларида дарслик сифатида ўқитилганини таъкидлаш лозим. Ҳатто улар тўғрисида тадқиқоту шарҳлар битган олимлар ҳам илмий муҳитда шуҳрат топди.

Тафтазоний ва Журжонийнинг илмий баҳслари дастлаб Туркистон, кейинроқ эса барча мусулмон мамлакатларида катта қизиқиш уйғотди, акс садо берди. Уламонинг иккига ажралишига йўл очган бу баҳслар анча замонгача унутилмади. Аҳли илмнинг бир қисми ўзига берилган ижозатномаларда илмий силсила жиҳатидан Журжонийга, бошқа бўлаги эса Тафтазонийга боғлиқ ўлароқ кўрсатилди. Бу икки олим қарашларидаги фарқлар хусусида турли асарлар битилди.

Тафтазоний ва Журжоний ўзига хос фикрлари билан диққатни жалб этгани каби дарс ўтиш усуллари билан ҳам бир-биридан ажралиб турарди. Уларнинг талабалари қаерга бормасин, дарҳол диққатни тортарди. Улар устозлари асарлари ва тушунчаларини ўзи яшаган ёки борган диёрларида, барча ислом юртларида кенг ёйдилар. Шу билан бирга, сафарда бўлган ўлкаларида уларга алоҳида иззат-икром, ҳомийлик кўрсатилди, давлатнинг нуфузли мадрасаларида мударрислик қилдилар. Ҳатто баъзиларига шайхулисломлик мартабаси ҳам берилди. Масалан, Саъдиддин Тафтазонийнинг талабаларидан бири – Бурҳониддин Ҳайдар Ҳиравий усмонлилардан Чалабий Маҳмат замонида фатво мақомига тайинланган; шайх Бадриддин масаласи муҳокама қилинганида, уни ўлимга ҳукм этган.

Журжоний даврасида улғайган Фахриддин Ажамий эса Усмонли салтанатида ўттиз йилдан ортиқ муфтилик мартабасида турган. Мурод Иккинчи ва унинг ўғли Фотиҳ Султон Маҳмат замонида подшоҳлар томонидан тақдирланган. Журжоний талабаларидан яна бири – Сайди Али Ажамга ҳам Бурсада султонлар ҳомийлик ва марҳамат кўрсатган.

Диний илмдаги устунлигини ҳатто Амир Темур ҳам юксак тақдирлаган ва улуғ хоқоннинг бир анжуманида Сайид Шариф Журжонийдан-да баландроқда ўтириши раво кўрилган ибнул Жазарий ҳам шу даврнинг машҳур олимларидандир. У қироат ва ҳадис илми қатори яна бир неча йўналишда асарлар битган, айниқса, қироат илмида юксак мақомга кўтарилган. У қайси шаҳарга бормасин, унинг ҳузурига қироат илмидан дарс олишни истаган мухлислар ёпирилиб келарди.

 

ХОТИН-ҚИЗЛАР МАВҚЕИ

Испан элчиси Клавихў ўз эсдаликларида Темур Анқара жангидан қайтгач, Самарқандда берган тўю тантаналари чоғида саройда қироличани кўргани, унинг олтин иплар билан тикилган шоҳи кўйлаги этагини ўн бешта хотин ортидан тутиб бораётгани, кўшкка киргач, у Темурдан бир оз нарида ўтирганини ёзади. Хуллас, Темур назарида, хотин-қизлар алоҳида ўрин ва эътиборга сазовор бўлган. Улар аввало онадир ва оналик ҳурматига лойиқдир. Амир Темур болалари тарбиясини Сароймулк хонимга топшириб қўйгани маълум.

Амир Темур аёлларга меҳрибон бўлган. Айниқса, опаси Туркан хонимни жуда яхши кўрар, доим ҳурматини жойига қўярди. Кўраган унвонига эришувининг боиси саналгувчи Сароймулк хоним билан эса ҳар замон маслаҳатлашар, унинг маъқул фикрларига қулоқ соларди.

Амир Темур Бухоро шаҳрига борганида катта дарвоза қаршисида оти­дан ерга тушар ва шаҳарга пиёда юриб кирарди. Чунки онаси бу маконнинг мўътабар руҳоний оиласига мансуб эди.

Бир гал ҳарбий сафар чоғида аскарларга тарқатилувчи ақча тугаб қолганини Темурга айтишади. Шунда Соҳибқирон Сароймулк хонимга чопар билан бирга мактуб йўллайди, лашкарга берилажак тўловни давлат хазинасидан олдириб юборишини сўрайди. Сароймулк хоним унга бундоқ жавоб жўнатади: “Амирим, маблағингиз битибди, сиёсатингиз ҳам тугадими?”

Соҳибқирон хатни олгач, узоқ ўйга толади. Сароймулк хоним бу доно жавоби билан нима демоқчи? Кейин Темур бундай йўл тутади. Эти ейилган ҳайвонлар суягидан турли шаклда ақчалар ясаттиради. Уларга муҳр бостириб, пул ўрнида лашкарга тарқатади. Кейинроқ эса уларни ҳақиқий ақчага алмаштириб беради. Шу тарзда аскар маошида узилиш олди олинади ва вазият оқилона идора этилади. Маълумки, Чингизхон ўрдусида черикка маош берилмасди. Амир Темурнинг бу борадаги фарқли тутумларидан бири шуки, жангчилар ғаниматдан ташқари маош ҳам оларди.

 

ЖАЗОЛАР

Амир Темур жазо қонуни ва ижросида шахснинг аслияти ва рутбасига алоҳида диққат қилган. Мирзоларнинг айбини, умуман, кўриб кўрмасликка олар ёки уларга енгил жазо тайинлар эди. Дарра уриш, маълум бир муддатга қабул қилмаслик, мартабадан тушириш каби жўн жазолар берарди. Бунақа пайтларда айбнинг кўпроғи мирзоларнинг маслаҳатчилари, амирларига ағдариларди. Масалан, Мироншоҳнинг қилиқларидан қаттиқ оғринган Темур у Райда отаси ҳузурига киришни истаганида салтанат ишига халал бергани боис уни илк кун қабул қилмади. Иккинчи куни эса эрталаб ҳузурига киритса-да, аммо илтифот этмади. Шу билан бирга, тафтишчилар юбориб, Мироншоҳни йўлдан урганларни оғир жазолади.

Тағин бир мисол: мирзолардан Пирмуҳаммад, гарчанд Темур Бағдод сафарига чиқишга буюрса ҳам, хасталигини баҳона қилиб, буйруқни бажармагани сабаб лавозимидан олиниб, Соҳибқирон ҳузурига келтирилган. Темур Пирмуҳамммад мирзонинг маслаҳатчилари – шайхзода Фарид билан Муборакхўжани қатл эттирди. Пирмуҳаммадга эса, девон қарорига кўра, дарра урилди, холос.

Яна бир мисол: Темурнинг невараси султон Ҳусайн мамлуклар билан бўлган урушда бир тўда тожикларга қўшилиб, ўрдудан қочади ва Дамашқ шаҳрига йўл олади. Миср ҳукмдори султон Фараж[33] ҳузурига кириб, унга тобелигини маълум қилади. Султон Ҳусайннинг Баротхўжа ва Адуқ деган навкарлари бу хусусда Темурга хабар берадилар. Темур ўрдусининг Фаражга қарши жангида султон Ҳусайн мамлуклар сафидан ўрин олади. Уруш пайтида Мироншоҳ ва Шоҳрухга зарба беришга чоғланган султон Ҳусайн Тўполоқ қавчин тарафидан қўлга туширилади ва Темур ҳузурига келтирилади. Султон Ҳусайн бу хиёнатига қарамай, ҳам ўзи, ҳам Шоҳрухнинг авф этилишини сўради ва фақат дарра жазосига буюрилди. Аммо бир муддат Соҳибқирон ҳузурига киритилмади.

Темур “Тузукот”ида мирзоларга нима сабабдан бу тарзда жазо тайинлангани ҳақида фикрлар бор. Темурнинг фикрича, мирзолар мавжуд тизим ва салтанатга қарши бош кўтарса, бунинг жазоси ўлим эмас. Ўз оиласи ва сулоласига зарар етишни хоҳламаган Темур исёнкорни ўз фикридан қайтгунича зиндонбанд этиб турган. Чунки, Темурнинг ўйлашича, мирзоларнинг қатл эттирилиши ёки оғир жазога буюрилиши халқ орасида бузғунчилик ва фитна-фасод урчишига сабаб бўлади. Лекин Темурдан кейинги ҳукмдорлар бу борада бошқача иш тутдилар.

Темур даврида амир ва бекларнинг ҳам алоҳида имтиёзлари бор эди. Соҳибқирон ўз ҳукмронлик даврида амир ва бекларга нисбатан, айрим истисно ҳолатларни эътиборга олмаганда, ўлимдан фарқли, енгилроқ жазо қўллашни афзал деб билган. Дакки бериш, лашкар кўз олдида сазойи қилиш энг кўп қўлланган жазо тури ҳисобланган. Масалан, аввал ҳам тилга олганимиздек, Хоразмдаги Кат қалъаси қамал қилинганида Ҳазрат амир Малик ўғлонга хандаққа тушишни буюради. Бироқ Малик бу амрни бажармайди. Кат ва Хоразм қўлга киритилган куниёқ қўрқув сабаб хандаққа тушмаган Малик ўғлон жазоланади: аввал дарра урилади, сўнг эшакнинг думига боғланиб, Самарқандгача сазойи қилиб олиб борилади.

Калтаклаш, таёқ уриш жазоси кенг тарқалганди. Масалан, гуржилар билан урушда Мироншоҳнинг бекларида номақбул ҳаракатлар сезилади ва сўнгра текширув ўтказилади. Буйруққа биноан, Шоҳрух ва айрим амирлар Мироншоҳнинг беклари масаласини ўрганиб, хулосани маълум қиладилар. Айбдор деб топилган ҳожи Абдулла Аббос ва Муҳаммад Қазағаннинг товон ва юмшоқ ерларига таёқ урилади.

Темур хато содир этган амир ва бекларига чора кўрар экан, олдин уларни тафтиш қилар, сўнг жазо тайинларди. Масалан, Амир ҳазрат сафарда экан, Тўхтамишхон босқин ясаган, бироқ Мовароуннаҳр қалъаларини эгаллай олмаган. Темур Самарқандга қайтган куниёқ Тўхтамишга қарши жангда сусткашлик қилган бекларни текширтирган. Оқибатда, Баротхўжа кўкалдошнинг айбдорлиги аниқланган. Баротхўжанинг соқол-мурти қирилиб, бошига рўмол ўралиб, сазойи қилинган.

Темур исёнга бош қўшган амир ва бекларнинг, аввало, инсофга келишини кутар, агар инсофга келмаса, шундан сўнг охирги чора сифатида қатлга буюрарди. Соҳибқирон узоқ сафарга чиққанида ва ундан қайтаётганида ўша мамлакат ва вилоятлардаги турум билан яқиндан танишар, омманинг шикояту талабларини эшитар, ўзи йўқлигида юз берган воқеаларни халқ оғзидан тингларди. Темур етти йиллик сафар деб аталган ғарбга юришидан қайтар экан, Хуросонга етган чоғида, ўша одатига кўра, эл ҳолидан хабар олиб, омманинг шикоятларини эшитади. Бу юртда Оқбуға ва Қорабуға исён кўтаргани, эндиликда Ҳинду шайх уларни қўлга туширгани аён бўлади. Шунда Темур ҳеч бир тараддудсиз бошибузуқларни ўлдириш ҳақида фармон имзолайди. Ҳукм дарҳол ижро этилади.

Аскарларни жазолаш эса бир қадар оғир эди. Лашкар урушда хиёнат қилса, душман ёққа қочса, қўмондон сўзига кирмаса, албатта, унга ўлим жазоси бериларди. Уруш пайтидами, яраш чоғидами, ўз бурчи ва вазифасини тарк этганлар ҳам ўлдирилган. Айниқса, жангдан қочиш энг катта жиноят ҳисобланар, қочоқлар тутилиб, дарҳол қатл этилар эди. Ҳатто қочишига узрли сабаб топилганда ҳам, улушига тушган ғаниматдан маҳрум қилинарди. Уруш даврида зарур ерга ўз пайтида етиб келинмаса ҳам, черикка оғир жазо кўриларди. Шунингдек, жанг қуролларини тўкис қилмай жангга отланган аскарлар ҳам қаттиқ жазо оларди. Қўшинда ўзидан пастдаги аскарга зулм ўтказган, ҳаддидан ошган кимсалар ҳам муносиб жазосини тортар, уларнинг тақдири мазлум лашкарга топшириларди.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, темурийлар давлатида аёллар давлат бошқарувига аралашмаган. Баъзи шаҳзодалар Темур қаҳрига учраб қолганида, уларга берилажак жазо енгиллатилишини сўрай олганлар, холос[34].

 

ТЕМУР ФАТҲ ЭТГАН ЎЛКАЛАР

“Амир Темур шарқдан келган сўнгги тўфон ва дунёга, тўла маънода, ҳоким ҳукмрондир”.

Профессор Жунайд Қанот

Амир Темурнинг болалик йилларида Мовароуннаҳрда ички урушлар, бошбошдоқлик давом этарди. Ҳокимият ва тахт ғавғолари сабаб халқ катта зарар кўраётганди. Аёллару болаларнинг ўлдирилиши, асиру қул қилиниши, шаҳару қишлоқларнинг талон-тарож этилишига тўлиб-тошган муҳит бамисоли қайнаётган қозонга ўхшарди. Темур ана шундай оғир, офатли йилларда майдонга чиқиб, ўз куч-қудрати ва закоси билан бошқарувни қўлга киритди, зулму нотинчликка барҳам бериб, тинч-осойишталикни барпо этди. У ана шу тарзда ўлкани мўғуллар офатидан сақлаб қолди ва ўша замонни шундай аҳд ва қудрат билан ҳимоя этиш, мамлакатни эса қилич ва тафаккур билан идора қилиш мумкинлигини анг­лаб етди. Темур ана шу идрок билан салтанатни бошқарди, унинг муаззам ва музаффар ўрдуси асло енгилмади.

Темур барча урушларда ғалаба қозонди. У сафарга чиқар экан, фатҳ этилмаган ўлка ва шаҳар қолмади ҳисоб. Ўттиз беш йиллик ҳукмронлиги даврида ўн етти марта буюк ҳарбий юришлар уюштирди, барчасида зафарга эришди, йигирма етти мамлакатни тобелик бўйинтуруғи остига киритди1. Темур уруш санъати даҳоси эди. У фавқулодда юксак ҳарбий закоси туфайли, айниқса, бешинчи ўрду деб аталган жосуслик ташкилоти ёрдамида, агар таъбир жоиз кўрилса, ҳали жанг бошланмасидан олдин ғалабани нақд қилиб қўярди.

Амир Темур салтанати ўн тўрт миллион квадрат метрлик майдонни эгаллаган ва бугунгача жаҳонда тикланган тўрт буюк империядан бири саналади.

 

СЎНГСЎЗ

Қўлингиздаги асарни ўқиб бўлгач, аминманки, бизга англатган Темур бу эмас эди, дейишингиз тайин ва бу хусусда, шак-шубҳасиз, узоқ ўйга толасиз1.

Ҳа, тарихнинг бунақа терс ва қоришиқ ҳукмлари ҳам, таассуфки, учраб туради. Зотан, тарих битган муаллифлар ўз даврида ҳам, ундан кейин ҳам шахсий туйғу-тушунчаларидан қутула олмайдилар. Ҳар киши ўз халқи тарихини юксалтирар экан, истаса-истамаса, ўтмишда ўз давлати ё юртига бостириб кирган ёхуд зарар етказганларни ерга уришга интилиши табиийдир. Зотан, бугунги дунёмизда ҳам йўлбошчилар, ҳукмрон шахслар, ростини айтганда, аксар мафкуравий нуқтаи назардан баҳоланмоқда.

Шундан келиб чиқиб қаралса, Амир Темур ҳақида сўнгги асрларда асар битган турк ва араб тарихчилари, асосан, Соҳибқиронга замондош ибн Арабшоҳ ва ибн Тағрибердига суянгани аён бўлмоқда.

Ҳолбуки, ибн Арабшоҳ ва ибн Тағриберди китоблари Амир Темурга ҳақорат қасдида қаламга олинган асарлардир. Китоб бошидаёқ Темурга қарата “Оллоҳнинг балоси” деган иборалар қўлланилмоқда, шаъни камситилмоқда, ерга урилмоқда, даҳшатли воқеалар баёнига келинганида эса унга ёмон сифатлар тақалмоқда. Темурга қарши курашганлар бари яхши ва қаҳрамон дея улуғланмоқда. Ибн Арабшоҳдаги бундай бирёқламаликдан, афсуски, ундан кейинги ва ундан таъсирланган бошқа муаллифлар ҳам қутула олмаганлар. Зотан, ўша даврга оид қанча-қанча нодир асарлар бир четда ўрганилмай ётгани ҳолда, булар эски аравани осон олиб қочиб, уни қалдиратаверган.

Бундан ташқари, Темурни жиҳод қилмасликда айбловчи тарихчилар ҳам оз эмас. Улар гўё Темур шахси, ҳарбий сафарларини билмайдиган кишидек фикр юритади. Ахир, унинг мўғуллар, гуржилар билан урушларини, Ҳиндистондаги ғазовотларини, айниқса, Измирни фатҳ этганини билмайдиларми? Биладилар, фақат мақсад бошқа.

Иккинчи бир масала шуки, бунақа тарих ёзувчиларнинг ўзи тарихдан ғофил кимсалардир. Аслини олганда, турклик тарихи юзда саксон миқёсда ички урушлардан иборат эмасми? Турк оламидаги қайси давлатнинг ташқи урушлари ички урушларидан кўпроқ? Ундоқ эмаслиги маълум-ку! Темур жиҳод қилмаган дегувчи айтсин-чи, оғиз кўпиртириб мақтаганлари Тўхтамиш қайси кофирларга қарши жиҳод қилибди?

Фикримизни якунлаб деймизки, тарих илмий қонун-қоидалар асосида холис баҳоланмоғи лозим. Барча яхши-ёмони тарозида тенг тортилмоғи даркор. Хўп, Темур бирлик ва баробарликни сақлаш, бошбошдоқликка барҳам бериш мақсадида анча қон тўккан. Бироқ буни ўша давр тақозо этмаганми?! Ахир, ўз олдимизга жўнгина бир савол қўйсак ҳам, унинг жавобини обдон ўйлаб, ўрганиб, шундан кейингина Темурга тақалган сифатлар нечоғли тўғри ёки нотўғри бўлгани хусусида ҳукм чиқаришимиз керак-ку! Усмонли турклардан ташқари, Темур салтанатига, унинг қаламравига кирган ўлкалар бунгача қандай аҳволда эди, кимларга қарши курашишар, кимларнинг қонини тўкишар эди – буни албатта билиш, эътиборда тутиш шарт. Ана шундай ўнларча беклигу, давлатлар тарихи кўздан кечирилса, Темурнинг аслида ким экани аён бўлади.

Амир Темурнинг энг буюк хизмати шуки, у турк ва мусулмонларни бирлаштирди, бирлик ва баробарлик асосида бир байроқ остига кирита олди. Шунга кўра, бугун ҳам дуоимиз шудир: Оллоҳ турк ва ислом дунёсини ҳар доим орзусига мос айласин!

Турк тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил 5-6-сон

________________________

[1] Хўжа Саъдиддин афанди – усмонли тарихчиси  (1536–1599),  шайхулислом, мударрис, қозиаскар. “Тож ут-таворих” асарининг муаллифи  (тарж.).

[2] 1370 йилда ҳам дейилади(таҳр).

[3] Суюрғол – мўғулча сўз, сара ҳарбийларга берилган ер; Туркия туркларида тимар дейилади.

[4] Усмонли подшоҳининг йеничери ўчоғига оид хос қўриқчи лашкари (тарж.).

[5] Ер-мулкли ҳарбийлар (тарж.).

[6] Азап – 1) далада ишлайдиган қарол; 2) Анадўлу бекликлари қўшинидаги аскар (тарж.).

[7] Анқара жанги хусусида турли манбаларда кўплаб маълумотлар, факт ва рақамлар келтирилади. Уларнинг баъзиларида бу олишувга сабаб бўлган омиллар ва унинг якуни муаллифларнинг шахсий қарашлари асосида баён қилинганини сезиш қийин эмас.  Аҳмад Шимширлининг ушбу асарида ҳам шу ҳол маълум маънода кўзга ташланади. Соҳибқирон Амир Темурнинг ғалабаси унинг юксак маҳоратли ҳарбий саркарда эканлиги далолатидир (Таҳририят).

[8] Анқара жанги ҳақида тўлароқ маълумот олиш учун қаранг: Mehmed Neşri. Kitab-ı Cihannuma-Neşri Tarihi. Haz. F. R. Unat, M. A. K,ymen, Ankara 1987, s. 357;   Aşıkpaşazade. Tevarih-i Ali-i Osman. Ali Bey neşri, İstanbul 1332, s. 77-79;  Hoca Sadeddin Efendi. Tac`üt Tevarih. C.I, haz. Parmaksızoğlu, Ankara 1992, s. 260-277;  Lütfi Paşa Tarihi, s.56-58;  Şami. Zafername, s.313-314; Hadidi. Tevarih-i Ali-i Osman (1299-1523), haz. Necdet Öztürk, İstanbul 1991, s.126-132;  İ. H. Uzunçarşılı. Osmanlı Tarihi, c.I, Ankara 1972, s. 309-312;   Jozeph von Hammer. Büyük Osmanlı Tarihi, haz. Erol Kılıç, Mümin Çevik, c.I, İstanbul 1992, s.356-364.

[9] Hadidi. Tevarih-i Al-i Osman. Haz. Necdet Öztürk. İstanbul 1991, s. 132.

[10] Yezdi. Zafername, s. 393-394.

[11] Uzunçarsılı, I, s. 316-319.

[12] Ҳавра –  ибронийча hebhrah; яҳудий топиноғи, синагога (тарж.).

[13] Ғовур – ғайир, ғайримуслим (тарж.).

[14] Yezdi. Zafername, s. 402-406;   Şami. Zafername, s.318-319.

[15]  Acaib`ul – Makdur, s. 333-334.

[16] Ahmet Şimşirgil. Kayı-I. Ertuğrul`un Oçağı. İstanbul 2017, s.150-152;  Osmanlı Gerçekleri. Sorularda Osmanlı`yı Anlamak. İstanbul 2016, s. 128-129;   Yezdi. Zafername, s. 407-408;  Şami. Zafername, s. 322-324;   Hadidi, s. 132-133.

[17] En-Nücumu`z-Zahire, s. 355-356;  Acaibu`l-Makdur, s. 316-318.

[18] Yezdi. Zafername, s. 393.

[19] 1 метру 95 см ҳам дейишади (таҳр.).

[20] Kayı-I, s. 143-147; Osmanlı Gerçekleri, s. 119-132.

[21]* “Янгиланувчи” сўзи жонлантирувчи, янгидан дилга қувват берувчи маъносида қўлланилмоқда (тарж).

[22] Tüzükat-i Timur, s.76-81.

[23] Hamid Algar. ‘‘Bahaeddin Nakşibend’’, DİA, c.4, s. 458–460; Necdet Tosun. Bahaeddin Nakşbend Hayatı, Görüşleri, Tarikatı (XII–XVII), İstanbul 2003, s. 408; Timurlular`da Din ve Devlet İlişkisi, s. 98-99.

[24] Hüseyin Hilmi Işık. Tam İlmihal Seadet-i Ebediyye, İstanbul 2016, s. 752; a.mlf. Kıymetsiz Yazılar, İstanbul 2014, s.47.

[25] Timurlular`da Din ve Devlet İlişkisi, s. 96-97.

[26] Hamid Algar. ‘‘Emir Külal’’, DİA, c. 11, s. 138.

[27] Timurlular`da Din ve Devlet İlişkisi, s. 97-98; Mevlana Şehabeddin. Agahi`yi Seyyid Emir Külal. Yay. Gulam Mustafa Han, Karaçi 1381/1961, s. 28-29.

[28] Acaibu`l-Makdur, s. 63.

[29] Tüzükat-i Timur, s. 23-24.

[30] Timurlular`da Din ve Devlet İlişkisi, s. 103.

[31] Acaibu`l-Makdur, s. 39; Timurlular`da Din ve Devlet İlişkisi, s. 96; a.mlf. ‘‘Timur, Din ve Ulema’’, XIV. Türk Tarih Kongresi Bildirileri, Ankara 2012. s. 108.

[32] Acaibu`l-Makdur, s. 257.

[33] Asri Çubukçu, ‘‘Ferec’’, DİA, c. 12, s. 370-371.

[34]1 Ensar Macit. ‘‘Timurlu ordusunda kullanılan ceza yöntemleri’’. Çeşm-i Cihan. Tarih, Kültür ve Sanat Araştırmaları E-dergisi, cilt 2, sayı 2, 2015, s. 76-87; Mansura Haider, ‘‘Timurliler Devletinde Hakimiyet Anlayışı’’. Çev. E. Memiş. Türk Kültürü-Türk Kültürünü Araştırma Enstitüsü, XXII/XXV, Ankara (Eylül) 1984, s. 627-631; Beatrice Forbes Manz. Timurlenk – Bozkırların Son Göçebe Fatihi. Çev. Zuhal Bilgin. İstanbul 2006, s.135; Mahmut Esat Bozkurt. Aksak Demir`in Devlet Politikasi. İstanbul 1945, s. 26; Altın Ordu ve Çöküşü, s. 161.