Чингизхон ким бўлган?

Қадим-қадим замонлардан буён Осиёдаги Олтой ва Хинган тоғ тизмаларининг ён бағирларида мўғуллар ёки татарлар номи билан маълуму машҳур бўлган кўплаб кўчманчи халқлар яшаб келишган. 13 асрнинг бошларида улар Темучин томонидан тузилган кучли мўғул империясига бирикдилар. Саҳройи асилзодаларнинг 1206 йилда ўтказилган қурултойи (съезди) Темучинни барча мўғул‑татар қабилаларининг буюк хони деб эълон қилди ҳамда уни Чингизхон унвони билан тақдирлади (Тенгиз — туркий тилда денгиз, уммон деган маънони англатади).­­

Бунинг ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ эди, зеро 1204 йилдаёқ Темучин ҳокимият учун бўлган курашларда ўзининг барча рақибларини кунпаякун қилиб жуда катта ҳудудни ўзига бўйсиндириб олган эди.

Табиатан кучли, иродали, ўта айёр бўлган Чингизхон ажойиб саркарда ҳам бўлиб чиқди. У 1213 йилда Шимолий Хитойни забт этди, шундан сўнг Ғарбга томон юриш қилиб, босган йўлида вайронагарчиликлар ва даҳшатлар уруғини сочиб то Каспий денгизи ва Арманистонгача етиб борди. Тез орада мўғул-татарларнинг илғор қўшинлари Қора денгиз бўйидаги чўлларга етиб келдилар ва у ердаги қипчоқлар билан тўқнашди. Шундан сўнг бу ҳудуд аҳолиси Жанубий Рус князларидан ёрдам сурадилар. 1223 йилда Калка дарёси бўйида катта жанг бўлиб ўтди. Маҳаллий қипчоқлар ва рус князлари мардонавор жанг қилдилар, бироқ уларда ҳамжиҳатлик йўқ эди, шу боисдан охир оқибатда улар мағлубиятга юз тутдилар. Татарлар асирларни шафқатсизларча қириб ташладилар, қочишга тутинган лашкарларни эса то Днепр бўйигача қувиб бордилар, шундан сўнг улар ортга қайтиб Қримга босиб кирдилар.

Қўл остидаги улкан давлатни муваффақиятли идора қилиш учун Чингизхон мўғул-татар қабилаларини туманлар — деб ном олган ҳарбий-маъмурий бирикмаларга ажратди. Буюк хоннинг талабига мувофиқ ҳар бир туман унга 1000 нафар отлиқ жангчи тайёрлаб бериши лозим эди. Бундан ташқари аҳолининг ҳар қандай норозилиги, таркибида 10 минг аскар бўлган Чингизхоннинг шахсан ўзига қарашли қўшин томонидан бостирилар эди.

1226 йилда буюк хон тангутлар давлати Сияга (ушбу давлат ҳозирги Хитой ҳудудида жойлашган эди) юриш бошлади. Тангутлар давлатининг забт этилиши Чингизхоннинг энг сўнгги зафари бўлди. У 1227 йилнинг 25 августида вафот этди.