Мартин Лютeр ким?

Европада ҳаёт ва эътиқод тўғрисидаги янги ғоялар тарқала бошлаган чоғда кўп кишилар католик черковини ислоҳ қилишни талаб қилиб чиқа бошладилар. Сабаби улар католик черкови тобора қудратли ва очкўз бўлиб бормоқда деб ҳисоблардилар. Уларнинг фикрича черковнинг яна бошқа айбларидан бири — черков учун руҳоният, маънавият эмас, балки бу фоний дунё ташвишлари, асосан эса бойлик орттириш муҳим бўлиб бораётганлигида эди. Руҳоний арбоблар ўзларининг дўстларига, қариндош уруғларига черковдаги манфаатли мансабларни турли совғалар эвазига эҳсон қилиб юборардилар. Черков руҳонийлари Рим Папаси томонидан қилинган гуноҳларни авф этиб юборувчи гувоҳнома — индулгенсияларни сотиб ҳам бойлик орттиришарди. Аҳвол шу даражага бордики, истаган киши бундай гувоҳномаларни жаҳонгашта савдогарлардан сотиб олиши ва гуноҳлардан фориғ бўлиши мумкин бўлиб қолди.

Индулгенсияларнинг сотилишига биринчи бўлиб ошкора равишда Виттенбурглик руҳоний Мартин Лютер (1483—1546) қарши чиқди. У инсон ўз руҳини фақат Худога бўлган эътиқоди ва ишончи орқалигина халос қилиши мумкин, буни на Ердаги хайрли ишлар билан ва на черков фойдасига хайру эҳсон билан амалга ошириб бўлмайди деб ҳисобларди. У ўзининг бу фикрида шу қадар собит эдики, оқибатда 1517 йили у черков фаолиятидаги камчиликлар бирма бир кўрсатилган махсус нома ёзиб, уни Виттенбургдаги ибодатхона дарвозаларига маҳкамлаб қўйди.

Мартин Лютернинг католик черковини ислоҳ қилиш тўғрисидаги мақсадлари ва ғоялари протестантизмнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Лютернинг издошлари Рим Папасининг ҳокимиятини, шунингдек католик черковининг кўплаб қоидаларини инкор қилишди. Улар меъморий жиҳатдан жуда содда бўлган черков биноларини бунёд этишди, улар асосий эътиборни илоҳий сир-синоатларга эмас, балки Инжилни ўрганишга ва диний таълимларга қаратишди. Черков маросимлари давомида лотин тилидан воз кечишиб, бу диний маросим қайси мамлакатда бўладиган бўлса ўша мамлакат халқи тилида амалга оширилишига, унда иштирок этаётган ҳар бир киши тилга олинаётган таълим ва панд насиҳатларнинг мазмунини тушуна олишларига эътибор бердилар.

Лютер ўзича, унинг фош этувчи сўзлари черков руҳонийлари орасида ўзаро баҳсларни келтириб чиқаришига ва бу оқибатда черковни ислоҳ қилишга олиб келишига ишонган эди. Бироқ у даҳрийликда айбланди. Лютер ўзининг фош этувчи қарашларидан воз кечмагач, Папа уни черковдан ҳайдаб юборди. Бироқ бу пайтга келиб Лютернинг ғоялари Германия ва Швейцарияда ўз мухлисларини топган эди. Дастлаб унинг издошларини лютеранлар деб аташди, бироқ 1529 йилдан, яъни улардан бир қисми Шпеерда бўлиб ўтган конференцияда ўз устозларининг бадарға қилинишига қарши протест (норозилик) билдиришгандан сўнг уларни протестантлар деб атай бошладилар.