“Ўткан кунлар” араб тилига таржима қилинади

Мисрнинг Айн Шамс университети профессори, ёзувчи ва таржимон Муҳаммад ал-Жибали Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини араб тилига таржима қилишга киришди, деб хабар берди  “Дунё” ахборот агентлиги.

Профессор ушбу асарнинг арабчага ўгирилиши бутун Араб дунёсида илиқ кутиб олинишига ишонч билдирган. Бу ўзбек маданияти, минтақа тарихи, ўзбекона одоб-ахлоқ билан Яқин Шарқ халқларини яқиндан танитиш йўлида катта қадам бўлади.

Мутахассисга кўра, араб тилининг синонимларга ниҳоятда бойлиги, ҳар бир ҳаракат ва ҳолатни турли усулларда тасвирлаш хусусияти, икки халқнинг маданий-маънавий жиҳатдан яқинлиги романнинг ушбу таржимаси бошқа хорижий тиллардаги таржималардан сифатлироқ бўлиши ва бадиий гўзалликни сақлаб қолишга имкон беради.

Таржима романнинг 100 йиллиги арафасида 2024 йили тайёр бўлиши ва нуфузли Қоҳира халқаро китоб ярмаркасида тақдим этилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Озарбайжонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Боку шаҳрида “Ўткан кунлар”нинг озарбайжон тилида қайта чоп этилган нашри тақдимоти бўлиб ўтган эди.