Санобар Тўлаганова. Ҳаёт фалсафасининг ўзига хос талқини

Ижод инсоннинг тириклик мазмун-моҳиятини анг­лаш йўлидаги уринишлари ҳосиласидир. Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, мақоми, мақсади, муносабати каби масалалар қадимдан дунё зиёлиларини қизиқтириб келган. Ижод инсоннинг ўз «мен»ини ифода қилиш йўлида олиб борган ақлий фаолият туридир. Ижод нафс билан боғлиқ фалсафий-эстетик категория саналиб, инсон ўзлигини, яъни нафсини қондириш истагида бадиий санъат ва сўзга, тимсол ва рамзларга мурожаат қилади.
Муаллиф ижод жараёнида таржимайи ҳолида айтилмаган сирларини онгли ва онгсиз равишда бадиий матнга жойлайди. Бинобарин, ижодкор шахсиятидаги мавжуд белгили хусусиятлар маълум маънода унинг бадиий асари ва қаҳрамонига кўчиб ўтиши табиий ҳол. Шундай экан, бадиий қаҳрамон ижодкор сийратидаги «ҳолат», «ҳоли»дан олинган улги. Ҳаёт фалсафаси Абдулла Қодирий наздида исломий-маърифат ва эзгу амаллар тимсолида бўй кўрсатади. Дунё ўткинчи, Ўзи ва ўзлигига содиқ қолиш, хиёнатдан сақланиш каби фалсафий тушун­чалар адиб ҳаётида мезон бўлиб, бу унинг ижодида турли кўринишда акс этган.
Муаллиф «мен»и ва қаҳрамон орасидаги ички боғлиқликни ўрганишда биографик ёндашув энг муҳим усул бўлиб хизмат қилади. Абдулла Қодирий асарларида ҳаёт фалсафасини англаш, мағзини чақишга интилиш, ўзига хос тарзда талқин этилиб, бу, айниқса, қаҳрамоннинг ўлим билан юзма-юз келиши тасвирланган эпизодларда яққол кўзга ташланади. Шунинг учун мазкур эпизод орқали қаҳрамон руҳияти ва унинг дунёга муносабатини кузатишга ҳаракат қиламиз. Бинобарин, кичик саҳнада роман умумруҳияти акс эттирилган. Зеро, бутунни бўлаклар асосида ўрганиш адабиётшуносликдаги самарали усуллардан биридир.
«Ўткан кунлар» романида Ҳомиднинг «ча­­­­­қ­у­в»­и натижасида Отабекнинг ўлим билан юзлашиш саҳнаси мавжуд. Айнан мана шу эпизодда қаҳрамон тафаккури ва фалсафий идрокининг ўзига хос кўлами юксак даражада талқин этилган. Ўлимга маҳкум этилган Отабек ва Қутидорнинг дор остига олиб кетилиши шундай тасвирланади. «Отабек гарангсиган сумол деворга суянган, мундаги аллақандай маъноларни англатқан тахт, тож, хон, бек каби лаш-лушлар унинг кўз ўнгида қора пуллик қадр-қимматсиз… Тўғриси ул ажиб бир табиъатка кирган, унинг вужуди қуруқ ва ҳиссиз… Фақат… фақат шу турмушдаги бировгина унинг кўнглидан тезроқ ювилмас ва ювилиши ҳам қийиндек… Ниҳоят бундан ҳам қутулгандек. Нима… аммо сўнг нафасида унинг билан видолашса, бўғозига ханжар ботар экан, унинг юзига қарабқина кўзи нурсиз­ланса… Унинг ҳамма орзуси шу эди ҳозир». Воқеликка мантиқ кўзи билан қаралса, Отабек ўлим билан рўпара келиб турибди. Унда жон талвасаси йўқ, қўрқув хавотир йўқ. Отабек учун «тахт, тож, хон, бек каби лаш-лушлар унинг кўз ўнгида қора пуллик қадр қимматсиз». Дунё ҳаваслари, мол-мулк унинг учун аҳамиятсиз, рангсиз ва туссиз. Аслида, Отабек вужудида нафс таъмаларининг йўли кесилиб айни шу ўринда «ҳиссиз» одамга айланган. Ҳолбуки, Отабек ҳиссиз эмас, «унинг ҳамма орзуси» «бировгина»нинг дийдори. Отабек дунё ҳаваслари ва лаш-лушлари олдида «ҳиссиз», «безрайган» одам. Отабекнинг дунё ҳақида шахсий қараши мазкур учликда жамланган. Дунё фалсафасининг тириклик формуласи акс этган мана шу учлик асосида Борлиқ ҳаракатланади, мавжудлик моҳиятини ўзида жамлайди. Ўлимни ҳис қилган Отабек руҳиятидаги қўрқув ўрнини кучли ишонч ҳисси эгаллаган. Ишончнинг илдизлари Шарқ-мусулмон маданиятига бориб тақалади. Ўлимни англаш орқали тириклик англанади. Ўлим – ҳикмат, ибрат, ҳақ, Яратганнинг амри. Ғаззолийда шундай фикр бор: «Мен дунёда бўлмасам ҳам, олдин дунё бор эди, дунё ўтаверади, лекин мен бир кун келиб унда бўлмайман ва яшамайман. Дунёдан тийил ва охиратда ифтор қил. Зеро, дунё сармояси ва ҳавойи нафснинг охири – фойдаси дўзахдир». Қодирийнинг дунё ҳақидаги фалсафаси Отабекнинг улуғворлиги ва Юсуфбек ҳожининг тақвосида янаям теранлашади. Ўлим билан юзлашув Отабек қалбини тўлқинлантирсада, «унинг юзини» кўриш ҳаваси инсон сифатида унга бегона эмас. Отабекдаги фозиллик ва оқиллик етакчи фазилат саналсада, муҳаббат масаласида у чин ошиқ. Аммо ошиқлик ҳаваси, яъни нафс талвасалари унинг иккилантирмайди.
«Ўткан кунлар» романидаги «Жонсўз бир хабар ва қўрқинч бир кеч» деб номланган фасл романнинг туб бурилиш нуқтасини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. С.Мели «Самовий миқёс: «Ўткан кунлар» ва «Қирол Лир» мақоласида мазкур фаслга алоҳида тўхталиб, «Хўжа Маъоз роман символикасидаги марказий ўрин, аввал айтгандек, асарнинг рамзий моделидир», дейди. Олим семантик қатлам сатҳларини кенг кўламда чуқур ва асосли таҳлил қилиб, қабристон тасвири билан боғлиқ фасл асар рамзий поэтикасида алоҳида ўрин тутишини таъкидлайди.
Романда Ҳомид уюштирган сохта мактублар туфайли ҳийла-найранг кучайиб, айрилиқнинг узайиб кетиши ва муносабатларнинг ҳадсиз мураккаблашуви сабаб воқелик энг юқори палласига кўтарилади. Романнинг шу нуқтасигача обдон пишиб етилган воқелик, яъни тугун ечилмоғи лозим. Фаслнинг кириш қисмида бадиий шартлилик етакчи поэтик мазмун касб этади. Қаҳрамон ўз йўлини танлаши шарт ҳолати сифатида тасвирланади. Отабек «йўлнинг айрилишиға бориб тўхтаған эди». Унинг руҳиятида «иккиланиш» аломати. Эътибор беринг, қаҳрамон руҳиятидаги зиддият ва мураккабликни ёзувчи йўл айирмасидаги иккиланиш ҳолати орқали кўрсатади. Биринчи йўл «пойабзал растаси», иккинчиси «тўғри йўл». Отабек қайси йўлни танлайди, жавоби олдиндан аниқ бўлсада, ёзувчи йўл айримасини атайин қистириб ўтади. «Пойабзал» растаси кўчасида унинг севгилиси Кумуш хонадони жойлашган. Асарнинг бошланишида Отабек «пойабзал» растасидаги хонадонларнинг бирига таҳорат олиш учун кирганда Кумушни учратган эди. Бугун яна шу кўчага, «тилсимлик дарбоза» томон бурилишга қарор берди. Рўпарадаги кейинги «тўғри йўл» Отабек йўли эмас, у охири аниқ бўлмасада «пойабзал» растасидан кўнгил узмайди. Эшикка яқинлашган Отабек «жонсўз хабар»ни эшитиб қолади. Кумушни унинг жавобисиз ўзгага турмушга бермоқчилар. Ҳомиднинг найранг фириби – сохта «талоқ хат»идан бе­хабар Отабек ҳушидан айрилиш даражасида. Чунки «Жонсўз» сўзи роман матнида бир неча марта такрор қўлланган. Бу хабар унинг учун гўё устидан «бир челак қайнаған сувни ағдарган эдиларда, бутун териси оёғига сидирилиб тушкан эди». «Жонсўз» хабари фақатгина унинг жонини олмайди, балки танасига азоб бериб, руҳга таъсир қилади. Сўзнинг таъсир майдони шунчалик каттаки, унинг чегараси, ҳадди йўқ. Бу хабар таъсир кучи инсоннинг танадан жони чиқмай туриб, териси «сидирилиб» тушадиган қиёмат азобларига ўхшатилади. Демак, хабарнинг таъсир кучи Отабекка дўзах азоби билан баробар. Ёзув­чи қаҳрамон руҳиятини ифодалашда ҳассос руҳ­шунос сифатида ёндашади, инсон зотининг эврилишлари­ни назардан қочирмайди. «Жонсўз» хабар унинг тириклиги билан тенг қийматга эга.
Отабекнинг «Хўжа Маъоз» мозорида бир неча марта тунагани аввалги фаслларда эътиборни тортмайдиган даражада шунчаки қистириб ўтилади. Демак, Отабек учун бу қабристон доимий зиёратгоҳ. Айнан қаҳрамон руҳиятини очишда мана шу тунги қабристон зиёрати бир восита ўрнида хизмат қилади. Мазкур фаслдаги баён услубидаги мавҳумлик ва мураккаблик, Абдулла Қодирийнинг «Жинлар базми» ҳикоясида қўллаган услубни эсга солади. Хўжа Маъоз маконий чегара сифатида Отабек онгу шуурига кўчиб ўтади. Муаллиф Отабек онгида юз бераётган руҳий ҳолатларни табиат ҳодисаси билан қори­шиқ ҳолда тасивирлайди.
Тунда юз берган кучли «ел» тасвири билан боғлиқ эпизод роман руҳониятига жиддий таъсир ўтказган. Адиб бўрон, довул, кучли шамол таъсирига эга табиат ҳодисасини ел сўзи орқали ифодалашни маъқул кўради. Бир лаҳзада кўтарилган кучли «ел», катта чинорлардан бирини «ерни титратиб» йиқитиб, оловнинг я­наям кучайишига хизмат қилди. Кучли шамол – инсон ботинида юз бераётган руҳий жараён мароми ва янгиланишни ифодаловчи тимсол. Олов кучайган пайтда атрофдаги қар­ға ва зоғчалар байрам қилишди. «Оч қолган шердек» мозорни титратган олов аста-секин пасайди ва ўчди. Бутун роман воқелиги кучли ел ёнишини тезлатган олов каби шиддатли тус олган эди. Оловнинг тезлиги кўнгилга хавотир солади. Аммо олов ҳам, шамол ҳам муқим эмас, ўткинчи. Қоронғиликни бир дам ёритади, аммо бу узоқ давом этмайди. Қарғалардан сўнг навбат бойқушларга тегди. Бу ерда Отабек ҳақида деярли сўз айтилмайди, бутун нигоҳ унинг руҳониятида юз бераётган ғалаён пўртаналарига қаратилган. Кучли ел ва олов воқеаси тугагандан сўнг баён усули ўзгаради. Баён услубидаги шиддат мароми янгиланади. Масжид минорасидан «руҳоният ёғдириб мунглик азон товуши» уйқу қучоғида ётқан табиат уйғониб жавоб берган каби жонғираб кетди. «Аллоҳу акбар»нинг сўнгги такрорида Отабек «таҳорат олиб намозга юзланди», яъни Яратган билан учрашувга чоғланди. Дунё ўткинчи, унинг ғам-қайғу, шодлик, бойлиги ўткинчи, ибтидо ва интиҳо ягона эканлиги роман руҳиятига сингиб кетган.
Фасл сарлавҳаси икки қисмдан иборат. Биринчиси, «Жонсўз бир хабар» нима эканлиги ва бу Отабекка қандай таъсир этгани ҳақида имкон доирасида тўхталдик. Иккинчиси, «қўрқинч бир кеч» деб номланади. Ёзувчи бир жумлада «бир хабар», «бир кеч» дея «бир» сўзини икки марта такрорлайди. Нега такрор? Нега «қўрқинч»? Маъно урғуси қайси сўзга қаратилган? Бир ягона, ёлғиз. Тунлар кўп, хабарлар кўп, аммо бу ерда у инсон ҳаёт-мамоти билан тенг қийматга эгалиги учун «бир» сўзи қўлланган. Қабристон Отабек учун қўрқинчли жойми? Йўқ, Отабек бу тунгача мозорга бир неча бора келганлиги аввал айтиб ўтилди.
Отабек руҳонияти қайсидир маънода дунёнинг қоронғилигига қарши олов ёқаётган девона руҳияти билан ўзаро кесишади. Бундай муносабат шакли адиб руҳониятига бориб тақалади. Ёзувчи таржимайи ҳоли билан боғлиқ манбаларда қабристон зиёрати билан боғлиқ хотиралар мавжуд. Қабристон – тириклар билан ўликлар ўртасидаги чегара. Инсон кўнгли ҳаловат истаганда, ўтганларни ёдга олиш асносида ўз «мен»и билан қайтадан юзлашади, ўз-ўзини тергайди. Саволларга жавоб топа олмай қолганда одам қабристондан жавоб излайди. Қабристон бадиий макон сифатида бежиз роман хронотопидан жой олмаган. Ҳ.Қодирийнинг «Отамдан хотира» хотира-қиссасида шундай ёзилади: «Дадам кўпинча баҳор кезлари ана шу Хўжааъламбардор қабристонига ёлғиз бориб, негадир узоқ-узоқ ўтириб қайтардилар. Ҳатто бундай ҳолларни гоҳо мен тунларда ҳам сезардим. Унутмайман, бир гал дадам кечки пайт мазкур қабристонга мени ҳам бирга олиб бордилар. Атрофда ҳеч кимса йўқ, мен гул териб дадам олдига тахлайман, у киши эса ўз хаёли билан банд… Бора-бора аста қоронғи ҳам туша бошлайди, мен ҳам гул теришдан зерикдим. Ниҳоят, негадир менинг кўнглимга бир қўрқув тушдида, дадам елкасига суяниб йиғлаб юбордим». Яна бир ўринда «дадамнинг ҳаммаҳалласи Муҳсин амаки шундай ҳикоя қилади: Абдулла чамаси «Ўткан кунлар»ни ёзиб юрарди. Бир куни Абдулла қаёқдандир келиб мен билан кўришди ва уйдан пўстакми, кўрпачами чиқариб беришни сўради. Мен ажабланиб кўрпача чиқариб бердим. У қўлтиқлаб қабристон ичига қараб кетдида, салқин бир ерга кўрпачани тўшаб, ўтириб-ўтириб, бир нарса ёздими, йўқми – билмадим, бир вақт қайтиб чиқди ва кўрпачани топшириб, хайрлашиб, индамай йўлига кета бошлади. Мен унинг нега бундай юришини унча-мунча фаҳмласам ҳам жўрттага: – Шошма, Абдулла! – дедим. У тўхтади. – Мозорда ўтириб нима иш қилдинг? Абдулла йўлида парвосиз кетаркан, кулди: – Ўликлар билан гаплашдим!». Манбаларда ёзувчининг «Хўжамаъоз» қабристонида шахсан ўзи кечалари тунаб қолганлиги қайд этилган. Булар нимани англатади? Донишмандлар «ўлимни англаш тириклик­нинг ҳикматидир», деб бежиз айтишмайди. Аслида, имон йўлида яшаган инсон учун қабристон қўрқинчли макон эмас, балки тириклик ҳикматининг моддий дунё воситасида кўринишидир. Ҳадисда айтилади: «Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаве­ринглар! Чунки у охиратни эслатади, сизларга ўлимни эсга солади. Эй, зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради. Чунки сизларга унда ибрат бор. У дунёда парҳезкор қилиб қўяди» ( Имом Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Табароний ри­воятлари). Демак, юқоридаги мазкур ҳадиси шарифдан қабрларни зиёрат қилишда асосан иккита фойда борлиги маълум бўлади: Биринчиси, инсон зиёратга бориб, ўзини ўнглайди, дунёнинг ўткинчи эканли­гини фақатгина эзгу амаллар қолишини англайди. Мол-дунё инсонга вафо қилмаслиги, бу дунёдан улардан бирор нарса олиб кета олмаслиги, фақатгина инсоннинг хайрли амаллари қолиши зиёрат асносида кўнгилдан ўтади. Иккинчиси, қабр зиёрати Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганларидек, «қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради». Халқимизда: «Кўнглинг чўкса, бозорга бор! Кўнглинг кўтарилса, мозорга бор!», деган нақл бор. Қодирий ҳаётида, айниқса, ижодий жараён пайтида қабристон зиёратини тарк этмаган, у одамзотдан холи бўлган жойдан ҳикмат қидирган. «Ўткан кунлар»ни ёзиш жараёнида (1918-1919) ёзувчи қалб сокинлигига ва руҳ хотиржамлигига эришиш учун «ўликлар билан гаплашгани» боргандир, эҳтимол. Ташқи дунёдан узилиб, Олий Ҳакам билан самовий учрашув орзуси ёзувчини қабристон зиёратига чорлаган бўлиши мумкин. Роман ёзилган вақт­да ёзувчи 24 ёшлар атрофида бўлиб, айни балоғат, том маънода комил инсон сифатида кўз олдимизда намоён бўлади.
Қодирийнинг тириклик мазмуни ҳақида қарашлари дунё донишмандлари фалсафий қарашлари билан уйғун тарзда ифодаланган. Унинг 1926 йилдаги судлов ҳужжатлари­да айни йигитлик чоғида «ўлим тансиқроқ» деб айтишга журъат этиш ҳаёт фалсафасини англаб етган донишманд иқроридир. Тириклардан ҳикмат қочганда, қабр сукунати ижодкорга ишонч ва умид, асарни ёзиш учун «жасорат» берган бўлиши мумкин. Инсоний «мен»нинг ижодий «мен»да ўз аксини топиши қабристон билан боғлиқ саҳналарда ўз аксини топган. Жамият ҳаётида юз бераётган алғов-далғовлар, ёлғон сиёсатга тобе бўлиб қолмаслик учун адиб қабристондан паноҳ излагандир. Аммо баъзи адабиётшунослар талқин қилгандек «қўрқинчли» мозорда тунаш ёзувчидаги жасоратни урғулашдан кўра дунёнинг омонатлигини эслаб туриш учундир. Ҳаёт-мамот чегарасидаги инсон тақдирида ўрин тутган ислом фалсафаси устунлиги Қодирийга хос ифодаларда ўз аксини топди ва роман абадиятини таъминлаган омиллардан биридир.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 5-сон