Ижод ва эътиқод (Кристофер Меррилл билан суҳбат) (2013)

Дунё адабиёти сарҳадлари тобора бир-бирига яқинлашмоқда. Жорий йил май ойида америкалик адиблар – Кристофер Меррилл, Энн Ҳуд, Стивен Куусисто ва Чинело Окпаранта юртимизда меҳмон бўлди. Океан ортидан келган ижодкорлар иштирокида Тошкент ва Самарқандда учрашув ҳамда мушоиралар ўтказилди. Ёзувчи-элчилар етакчиси Кристофер Меррилл ўтган йили ҳам юртимизга келганди. Бир кўрган – таниш, икки кўрган – билиш”, деган гап бор. Бу гал вақтни ғанимат билиб, жаҳонгашта шоир билан бафуржа суҳбатлашдик.

Суҳбатдош ҳақида

Кристофер Меррилл – америкалик атоқли шоир, ёзувчи, таржимон ва жамоат арбоби. 1957 йилда туғилган. 1983 йили Вашингтон штати университетини тамомлаган. Узоқ йиллар Америка олий ўқув юртларида дарс берган. 2000 йилдан Айова университети профессори ва Халқаро бадиий ижод дастурининг раҳбари. Қатор шеърий ва публицистик тўпламлари, таржималари чоп этилган. Ўндан ортиқ миллий ва халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Асарлари йигирмадан ортиқ тилга, жумладан, ўзбекчага ҳам ўгирилган. Шеърлари юртимиздаги газета-журналларда ва тўпламларда босилган.

– Америка адабиётини мўъжаз парчалардан ҳосил бўлган яхлит мозаикага ўхшатиш мумкин. Ушбу қудратли адабий мактабнинг шаклланишига турли миллат вакиллари ўз ҳиссасини қўшган. Дунёнинг бошқа бирор давлатида мамлакатингиздаги каби кўпмиллатли ижодкорлар “армия”сини топиш қийин. Америкадаги бугунги ижодий жараёндан кўнглингиз тўладими?

– Америкада турли қитъа вакиллари бир ҳаводан нафас олиб яшайди, демак, мамлакатнинг ўзини ҳам мозаикага менгзаш ўринли бўлур эди. Адабиётимизда ҳам ранг-баранг қарашлар, хилма-хил эътиқодлар, этник жамоалар анъаналари ва фалсафий таълимотлар мужассам. Америкада ҳар йили уч юз мингдан зиёд китоб чоп этилади, шеърият, наср ва публицистика намуналари ўқувчи қўлига етиб боради. Бунга яна матбуотда эълон қилинаётган турли савиядаги саноқсиз материалларни қўшинг. Асарлар шу қадар кўп, қамров шу қадар кенгки, ижодий жараён ҳақида умумий хулоса қилишга беихтиёр тараддудланиб қоласиз. Қалам аҳлига мўлжалланган юзлаб дастурлар, адабий нашрлар, анжуман-мушоираларни кузатиб, – ҳарқалай, уларнинг ҳисобига етиш мумкин – биз адабиёт боғи чаппар уриб гуллаган даврда яшаяпмиз, бемалол айта оламан. Бугунги адабиётга ҳакамликни эса кўпни кўрган тарих ҳукмига ҳавола этган маъқул, шекилли.

–Яқинда америкалик киноижодкорлар суратга олган “Сўзлар” (The Words) бадиий фильмини томоша қилдим. Картинада плагиаторлик муаммоси кўтарилган. Фильм қаҳрамони – ёш ёзувчи Рори Женсен бошқа бир адибнинг романининг қўлёзмасини топиб олади. Навқирон қаламкаш виждонига қарши бориб, бели оғримасдан шуҳратга эришиш йўлини танлайди: қўлёзмани ўз номидан эълон қилади… Сўз, фикр, ғоя ўғрилиги бугунги кунда сиёсатдан тортиб адабиётгача кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу ўринда сўнгги йилларда Венгрия Президенти Палл Шмидт, Германия Мудофаа вазири Карл-Теодор цу Гуттенберг айнан шундай айбловдан кейин истеъфога чиққанини эслаб ўтиш кифоя. Плагиаторлик бугун адабиётда қай даражада долзарб муаммо саналади? Ўзингиз сўз ўғрилиги билан боғлиқ ҳолатларга гувоҳ бўлганмисиз?

– Афсуски, адабиёт ўқитувчиси сифатида бундай нохуш ҳолатларга дуч келиб тураман. Беш қўл ҳеч қачон баробар бўлмас экан-да… Талабалигимизда гувоҳ бўлган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Таниқли шоир ва таржимон Марк Стрэнднинг қўлида таҳсил олаётган пайтимиз. Гуруҳимиздаги ўртамиёна ижодкор қиз ижодий машғулотлардан бирида Анна Ахматовага бағишланган шеърини ўқиб қолди. Шеър муаллифнинг аввалги шиғирларидан буткул фарқ қиларди. Ҳаммамиз уни табриклашга ошиқдик. Қизгина ушбу шеъри шарофатидан диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди, давлат гранти ғолиби бўлди. Орадан бир неча ой ўтиб, унга омад эшикларини ланг очиб берган ўша шеър британиялик шоир ва таржимон Дональд Майкл Томас қаламига мансуб эканлиги маълум бўлиб қолди… Ишбилгич курсдошимнинг кейинги тақдиридан бехабарман, аммо баъзида ундан оташин шоира чиқмаса ҳам, бинойидек эртакчи бўлиши мумкин эди, деб ўйлаб қоламан (Каттагина адабий издиҳомни лаққа туширганини айтинг). Ўз иқтидорига ишонмагани учунгина бошқа муаллиф шеърини уялмай-нетмай меники дедими, ё сўз ўғрилиги унга қўндоқда теккан дардмиди? Ҳали-ҳануз шу безовта саволга жавоб тополмайман. Ўзим эса устозимиз Марк Стэнднинг қизғин машғулотларда берган ўгитига амал қиламан: ижодкор қулоғига кираётган ҳар бир сўзни қайта-қайта тафтиш этиши, бу калимага аввал бошқа бирор қаламкаш соме бўлмаганига ишонч ҳосил қилиши керак. Айни пайтда, ҳаддан зиёд эҳтиёткор бўлиши, сўзларни беҳуда бой бермаслиги лозим, негаки, уларни шоирнинг қулоғига чинакам илҳом париси шивирлаб айтиб турган бўлиши мумкин-да.

– Дунё миқёсида ўқувчилар нисбатан жўн ва содда асарларга ружу қўяётир (буни “фикрий ялқовлик” десак тўғри бўлар). Тезкор ахборот асрида яшаётган авлод Уильям Фолкнер ёки Жеймс Жойснинг мураккаб сюжетли асарларига бош оғритгиси келмайди, бунинг ўрнига саргузаштнамо, ҳазми енгил китобларни афзал билади. Юксак адабиёт намуналарининг “хослар” (тор ўқувчилар) доирасида ўқилиши табиийми?

– Адабиётнинг умрбоқий дурдоналари омма кўнгилхушлигига хизмат қилувчи енгил-елпи асарлар билан рақобатлаша олмайди. Ҳеч қачон. Унда Шекспир нега етти ёшдан етмиш ёшгача – кенг омма меҳрини қозонган, деб сўрашингиз мумкин. Албатта, барча қоидаларда бўлганидек, бу ўринда ҳам истисно мавжуд. Шекспир – даҳо ижодкор. Фавқулодда қобилиятли ижодкор ўз асарларини халқ оғзаки ижоди намуналари каби жамиятнинг турли қатламларига бирдек севимли қила билади. Бугунги даврнинг ёзувчи-шоири баҳайбат аждарҳо қаршисида яроқсиз қолган ялангтўш паҳлавонга ўхшайди: у тўкис дов-дастгоҳ ва улкан қудратга эга кўнгилочар саноатга қарши нотенг курашга чиққан. Лекин бу беллашувда сўз аҳлининг муқаррар мағлубияти ҳақида гапиришга ҳали эрта. Райнер Мария Рильке 1922 йили “Дуин элегиялари” тўпламини ниҳояти 250 ададда чоп этди. Бугун эса бу элегиялар бутун дунёда шеър ихлосмандларининг қўлидан ва тилидан тушмайди.

Поляк шоираси, Нобель мукофоти совриндори Вислава Шимборская уч банддан иборат “Ким хуш кўрар ашъорни?” шеърида поэзиянинг инсон ҳаётидаги ўрнини тадқиқ этади. Муаллифнинг айтишича, назм муҳиблари кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас. Шоира шеърият инсон учун сув ва ҳаводек зарур, деб ҳисоблаши диққатга молик:

Шеърият –
дарвоқе, надир шеърият?
Умр бўйи не-не валломат зотлар
 изладилар унинг маъносин.
Ақли қосир одам тўла англолмас,
аммо
билганим шул, сув, ҳаво каби
Удир – тирикликнинг асл маъвоси.

Мен нажотни ана шу жонбахш маъводан исташ тарафдориман.

– “Аmazon” виртуал тизими маълумотига кўра, Америкада электрон китоблар юмшоқ муқовали китоблардан кўпроқ сотилмоқда экан. Ўқувчилар асарларни Kindle, iPad ва бошқа ридер-планшетлар орқали ўқишга одатланмоқда. “Босма китоблар йўқолиб, ўз ўрнини бутунлай электрон китобларга бўшатиб беради”, деган фаразга қандай қарайсиз?

– Босма китоб жону дилим. Ҳарфлар, саҳифалар билан тиллашгандек бўламан, китобни қўлга олиб, унинг илиқ тафтини, қоғознинг ёқимли ҳидини туяман. Айни чоғда, сафарларга чиққанда Kindleмни ҳам қўлдан қўймайман – йўл-йўлакай ўқиб кетишга роса қулай-да. Менимча, босма китоблар тарих мулкига айланмайди. Тўғри, рақамли технологиялар инқилоби мутолаа кўникмаларимизни ҳам ўзгартириб юборди. Лекин барибир илғор технологиялар инсоният ҳаётидан босма китобни сиқиб чиқаролмаслигига ишонгим келади. Китобат санъати – инсониятнинг олис тарихига нисбатан янги воқелик. Қоғоз ихтиро қилиниши, хаттотликнинг ривожланиши, босма дастгоҳнинг ўйлаб топилиши, умуман, китобхонлик пайдо бўлишидан илгари ҳам шеър ва ҳикоялар яратилган, оғиздан оғизга, элдан элга кўчиб юрган. Инсоннинг бадиий сўзга эҳтиёжи мавжуд экан, шеър ва ҳикоялар яратилаверади, қай йўл билан бўлмасин, ўз ўқувчисига етиб боради.

– Буюк адиб Оноре де Бальзак қалам аҳлини моддий қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳам куюнчаклик билан ёзган. Турмуш қийинчиликлари жон-жонидан ўтиб кетган адиб “Гўзал асарларнинг ҳаммаси фаровонлик меваси!” деб хитоб қилади. Дунё бир камлиги ростдирки, анча-мунча салафларга ҳам фаровон ҳаёт насиб этмаган. Ёзиш ортидан рўзғор тебратиш профессионал ёзувчиликнинг белгиларидан бири саналади. Бугунги Америкада фақат ёзувчилик ортидан кун кўриш мумкинми?

– Америкада жуда кам сонли ёзувчилар (шоирлар бундан мустасно!) ўз ҳунари ортидан тирикчилик қилади. Аксар ижодкорлар эса кун кўриш учун бошқа касб-кор билан шуғулланади, илмий даргоҳларда фаолият олиб боради. Қолаверса, адабиёт ва санъатнинг ҳотамтой ҳомийлари ҳам қараб турмайди.

– Рус адиби Николай Гоголь умри охирларида кўплаб асарларини ёқиб юбориш кайфиятига тушиб қолган экан. Лотин Америкасининг атоқли ижодкори Хорхе Луис Борхес ҳам интервьюларидан бирида бармоқ билан санарли асарларини олиб қолиб, бошқаларининг баҳридан ўтиш истагини билдирган. Хайриятки, бунгача ҳар икки ижодкорнинг асарлари жамоатчилик мулкига айланиб бўлганди. Яна бир таскин шуки, Михаил Булгаков лутф қилганидек, “Қўлёзмалар ёнмайди”. Ўзидан қониқмаслик ҳисси барча ижодкорларга хос туйғу. Сизда ҳам шундай кайфият бўладими?

– Шундай кайфият бўлмаган кун ҳам борми, деб сўранг! Ўзидан қониқмаслик, ёзганларидан кўнгли тўлмаслик – ижодий жараённинг ажралмас қисми. Қалам аҳли бу риндона кайфиятдан қочиб қутулолмаса керак.

– “Newsweek” журнали 2009 йили жаҳон адабиётининг 100 та энг яхши китобининг рўйхатини эълон қилди. Рўйхат мунозарали туюлиши мумкин. Дастлабки бешталикдан қуйидаги асарлар ўрин олган: “Уруш ва тинчлик” (Лев Толстой), “1984” (Жорж Оруэлл), “Улисс” (Жеймс Жойс), “Лолита” (Владимир Набоков), “Шовқин ва ғазаб” (Уильям Фолкнер). Юқори бешталикда шеърий китоб йўқлиги адолатсизлик бўлиб туюлмаяптими? Сизга қолса, дастлабки бешталикка қайси асарларни киритган бўлардингиз?

– Матбуот нашрлари вақти-вақти билан энг яхши китоблар рўйхатини эълон қилиб туради. Бундай рейтинглар унутилаётган китобларга омма эътиборини жалб этиши билан аҳамиятли. Истайсизми-йўқми, ҳар бир газета-журнал адабиётни ўз қаричи билан ўлчайди-да. Аслида-ку, сиз санаб ўтган асарлар “Newsweek” (дарвоқе, мазкур журнал энди босма нашр сифатида мавжуд эмас, ҳозир фақат веб варианти қолган) мунаққидларининг мақтовига қараб қолгани йўқ, бусиз ҳам ушбу китоблар барча замонларнинг шедеври бўлиб қолаверади. Рўйхат бешлигида шеърий китоблар йўқлигига келсак, Уистен Хью Оден ёзганидек, поэзия барибир “кўнгил водийсида жон сақлаб қолажак”. Шеърият – ҳаёт деб аталган уммон тубидаги сирли оқим. Одам фарзандлари тузадиган қандайдир рўйхатларсиз ҳам асл шеърият умрбоқий бўлиб қолаверади. Аввалдан айтиб қўяй, менинг бешталигим ҳам доимий эмас, у ҳам руҳий ҳолатимга кўра ўзгариб туради. Бугун, дейлик, Ҳомернинг “Одиссея”, Прустнинг “Йўқотилган вақтни ахтариб”, Роберт Музилнинг “Одамлик сиёғидан маҳрум киши”, Сервантеснинг “Дон Кихот” асарлари ва Шекспирнинг исталган пьесасини рўйхатга киритишим мумкин. Эътибор беринг, “киритишим мумкин” деяпман. Бир соатдан кейин мутлақо бошқа асарларни санаб қолишим ҳам ҳеч гап эмас-да.

– Интервьюларингизда шоир Иосиф Бродскийга шогирд бўлганингизни мамнуният билан қайд этгансиз. Рус ва инглиз тилларида баб-баравар ижод қилган мазкур зуллисонайн сўз санъаткори ўз даврида кўплаб қалам соҳибларига кучли таъсир кўрсатган, шундай эмасми? Ижодий камолотингизда Бродскийнинг турган ўрни қандай деб ўйлайсиз?

– Бродскийни қанчалик ҳурмат қилсам, ундан шунчалик ҳайиқиб ҳам турардим. Йигирма уч яшар пайтим – машғулотларида энг ёш талаба cифатида қатнашардим. Яхшими-ёмонми, устознинг ўгитлари ва сабоқларини бошқалардан кўра кўпроқ олдим. Шеърият Бродский учун эътиқод даражасидаги муқаддас тушунча эди. Мен ҳам ана шу сеҳрли оламга ошуфта бўлдим. Устознинг ақлни муттасил пешлаш, изчил изланиш ҳамда шакл ва мазмун муштараклигига эришиш йўлидаги ҳаракатлари мени ҳамиша ҳайратга солган. Ҳар ҳафта 100 сатрдан шеър ёдлаб, синовдан ўтардик, энди ўйлаб қарасам, бу наинки қуввайи ҳофиза учун, балки шеърий дидни шакллантиришга ҳам катта ёрдам берган экан. Устоз Кавафис, Милош, Ҳерберт, Ҳарди, Оден сингари шоирлар ҳақида ёниқ иштиёқ ва донишмандлик билан маърузалар ўқир, ўзидаги кўтаринки руҳни бизларга ҳам юқтирарди. унинг асарлари, хусусан, прозаси ўз ижод йўлимни топишимда йўлчи юлдуз вазифасини бажарган. Ҳозир ҳам қўлимга қалам олганимда, унинг ҳикматлари қулоғим остида жаранглаб тургандек бўлади.

– “Китобни ёқишдан ҳам оғирроқ гуноҳлар бор. Улардан бири –ўқимаслик” дейди Иосиф Бродский. Атоқли ўзбек ёзувчиси Асқад Мухторда ҳам шунга ҳамоҳанг фикр бор: “Китоб – бойлик, лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”. Қалам аҳли учун китобхон талаби ва дидига мослашиш зарур, деб ҳисоблайсизми? Ўзингиз нима учун ёзасиз: кўнгил ҳаловати учунми ё ўқувчи орттириш учунми?

– Мен турли кайфиятда қўлимга қалам оламан. Дафъатан қилинган сўз кашфиёти ёки ёмбидек қуйма топилмалар кўнглимни ёриштириб юборади, етмиш икки томиримда фавқулодда ҳаловат туяман. Боз устига, ижод мени китобхонга яқинлаштиради, асарлар воситасида ўқувчи билан фикр алмашаман, мулоқот қиламан. Ижод сурури дегани ҳам аслида шу.

– “Ғойиб бўлган маъбудни излаб” (Things of the Hidden God) асарингизда эътиқод масаласини кўтаргансиз. Курраи арзда қибласини йўқотган, имондан мосуво кимсалар кўпайиб бораётгани фикр аҳлининг кучли хавотирига сабаб бўлмоқда. Сизнингча, Худони танишда шеъриятнинг ўрни қандай? Айнан шеърият ҳақида сўраётганим бежиз эмас. Зеро, Пушкин шоирни пайғамбар деб улуғлаган. Қолаверса, шеърнинг имон қўнимгоҳи саналмиш қалбга кучли таъсир этиши илмий тадқиқотларда ҳам исботланган.

– Тўғри сезибсиз, мен бу асарда шеърият ва ибодат ўртасида муштараклик бор, деган қарашни илгари сурганман. Шеърият ҳам, ибодат ҳам инсоннинг ички сезимлари билан чамбарчас боғлиқ. Бу менинг шахсий қарашим, Америка илмий ва адабий доиралари ҳам шундай фикрда деган даъводан йироқман.

– Олимларнинг ҳисоб-китобига қараганда, инсоният тарихида 5000 йил давомида 14500 атрофида уруш бўлган, муҳорабаларда 3,5 миллиард одам қирилиб кетган. Уруш сизни ҳамиша безовта қилган оғриқли мавзулардан саналади. Довюрак қаламкаш сифатида таҳликали 1992–1996 йилларда “порох солинган бочка” – Югославияга сафар қилгансиз. Қирғинбарот туфайли Болқон халқлари бошига тушган мусибатлар ҳақида ёзгансиз. Парадоксни кўрингки, инсоният тафаккури ва ахлоқий қарашлари юксалгани сари, қирғин қуроллари ҳам тобора даҳшатли кучга эга бўлиб бормоқда. Кўздаги ёшдек қалқиб турган жаҳонда зиддиятлар олдини олишда адабиётнинг ўрни қандай бўлмоғи лозим? Умуман, бугунги адабиёт урушларга қарши туришга қодирми?

– Инсоният тарихини урушлар тарихи, деса ҳам бўлади. Асарларимда одамзод соғлом тафаккур қилмас экан, бир-бирига қурол ўқталиш учун сабаблар ҳар доим топилиши ҳақида ёзганман. Болқондан Афғонистонга қадар, Ливандан Ироққа қадар – қирғин майдонларида кўрган-кечирганларимни қоғозга туширарканман, урушларга буткул барҳам бераман, деган хомхаёлда эмас эдим. (Кошки, асарларимни ўқиб аҳли ҳарб қўлидаги зормонда қуролини ташласа!). Шоир Збигнев Ҳерберт “Қамалдаги шаҳардан хабар” шеърида шундай ёзади:

Қирчиллама аскардек қурол
 тутишга йўл бермади кексалик –     
Шафқат қилиб, топширдилар
 менга солнома битмоқни.
Билмам, бундан кимга не наф, лек
 ёзишга киришдим қамал тарихин.
Хато қилмоқ мумкин эмас, аммо
 билмасман уруш ибтидосини –
Икки аср аввал декабрь ё сентябрда
 бошландими, ёхуд куни кеча,    
Вовайлоким, вақт сезгисидан
 мосуво бўлдик буткул, бутунлай.

Нафсиламрини айтганда, кўзини ҳою ҳаваслар кўр қилган инсонларга сўзи ва сози билан вақт сезгисини қайтариш – ижодкор зиммасидаги бурч. Қилдек нозик қалам зилдек оғир замбаракдан қудратлироқ.

– Довруқли курашчи Мартин Лютер Кинг нотиқлик санъатининг нодир намунаси деб тан олинган “Менинг шундай орзум бор” нутқида Америка жамиятини ислоҳ этиш борасидаги некбин истакларини изҳор қилади. Сиз-чи, нималарни орзу қиласиз? Америка жамиятини қайси иллатлардан тозалашни истайсиз?

– Мустақиллик декларацияси, Конституция, Ҳуқуқлар ҳақидаги билль, Қулликни бекор қилиш тўғрисидаги фармон – булар нафақат мамлакат қонунчилиги пойдевори, балки ҳурлик йўлидаги маёқ ҳам саналади. Линкольн, Кеннеди, Кинг, Обаманинг тарихий нутқлари, Эмерсон, Торо, Уитмен, Дикинсон, Мелвилл, Ҳоторн, По, Твен, Жеймс, Хемингуэй, Фицжеральд, Паунд, Элиот, Стивенс, Мур ва бошқа замондош ёзувчи-шоирлар ижоди ҳам жамиятни тўкис кўриш истаги билан йўғрилган. Биз номукаммал жамиятда ҳаёт кечирмоқдамиз, бу эса сиёсий жараёнларга таранглик ва қизғин кураш тусини беради. Бутун умр эътиқодига содиқ қолган Мартин Лютер Кинг “Коинотнинг меҳвари – адолат, агар у поймол бўлса, Ер ҳам ўз ўқидан чиқиб кетади” дея бонг урганди. Ижодим билан оз бўлса-да, адолатга хизмат қилиш орзусидаман.

– Қалам аҳли ҳайратга мойил келади. Бу туйғудан маҳрум одам ижодкор бўлолмаса ҳам керак. Юртимиздаги қайси ҳолатлар сизни ҳайратга солди? Сафар асносида Сизни илҳомлантирган, қўлга қалам олиб, қоғоз қоралашга ундаган вазиятлар ҳам бўлдими? Ўзбек адабиёти хусусида қандай хулосаларга келдингиз?

– Cаёҳатимизнинг ҳар бир лаҳзаси ҳайратангез кечди, десам, гапимни меҳмон мулозиматига йўймассиз. Офтобнинг мўл-кўл нури, беназир табиат манзаралари, миллий таомлар ва кийимлар – ҳамма нарса менга қизиқарли ва жозибали кўринди. Ҳозирча Ўзбекистонга сафаримиз ҳақида “WhitmanWeb” ҳамда “Orion” электрон журналларига мақолалар ёздим, шеърлар қораладим. Ёндафтаримдаги қайдлар яна ул-бул қораламаларга хамиртуруш бўлар. Адабий анъаналарингиз билан яқиндан танишай, ўрганай, кейин хулоса айтсам ярашади.

– Ўзбекистонга илк сафар пайти журналистлар билан учрашгандингиз. Ўша мулоқотда ўзбек адабиёти – Америка ўқувчиси учун terra incognita (номаълум ҳудуд) дегандингиз. Халқларимиз ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, икки адабиёт вакилларини бир-бирига танитиш, номаълум ҳудудни кашф этиш учун яна нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– Аввало, Ўзбекистонда ҳам, Америкада ҳам бадиий таржимани янада жонлантириш лозим. Ўзаро алмашув дастурларидан самарали фойдаланиш керак. Қалам аҳли бир-бирини яқиндан танимоғи учун юзма-юз учрашувларни кўпайтириш, масофавий мулоқотни кучайтириш мақсадга мувофиқ, деб биламан.

– Сиз раҳбарлик қилаётган Халқаро бадиий ижод дастури (International Writing Program) дунё адибларига ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини бермоқда. Билишимча, Нобель мукофоти соҳиблари Ўрхон Памуқ ва Мо Янь ҳам дастурингиз меҳмони бўлган. Ҳозиргача дастурга тўрт нафар ўзбекистонлик ижодкор ҳам таклиф этилди. Келгусида лойиҳада юртимиз ижодкорларининг қатнашиш имконияти қандай?

– Халқаро бадиий ижод дастури доирасида Айова университети дунёнинг турли давлатларидан келадиган ёзувчи-шоирларни ўз бағрига олади. 1967 йилдан бери маданиятлараро робитани кучайтиришга хизмат қилаётган ушбу дастур бўйича 140 дан ортиқ мамлакатдан 1400 нафардан зиёд ёзувчи Айовада яшаб ижод қилди. АҚШ Давлат департаменти қирқ йилдан буён халқаро дастурни молиявий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ижодий лойиҳа учун, шу билан бирга, ҳамкор мамлакатлар маданият вазирликлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, хусусий жамғармалар ва донорлар томонидан маблағ ажратилади. Айни пайтда Марказий Осиё давлатларидан кўпроқ ёзувчиларни таклиф этиш мақсадида молиявий манбалар қидирмоқдамиз. Ижодий ҳамкорлик борасидаги таклифларга мунтазирмиз. Қалам аҳли ўртасида мулоқотни жонлантириш, дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз янги босқичга чиқишига ишонаман.

Собиржон Ёқубов суҳбатлашди

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон