Истеъдодсиз толиби илмнинг ўзи йўқ!

Германия таълим тизими ана шу олтин қоидага таянади

Германия – жаҳон илм-фани ва маданияти ўчоқларидан бири. Бу мамлакат илдизи асрларга бориб тақалувчи илмий мактаблари, Гёте, Гегел, Бетховен, Нитше, Эйнштейн, Гумболдт сингари олим ва ижодкорлари билан тилга тушган. Халқаро доирада эътироф этилган олмон таълим даргоҳларида мустақил фикр ҳамда кенг дунёқараш шаклланишига алоҳида эътибор берилади. Таълим тизимига татбиқ этилаётган янги усуллар, сўнгги ахборот технологияларидан унумли фойдаланмаганларга эса жуда қийин. Тараққиёт манзили сари ошиқаётган жамиятда билимсиз ўз ўрнига эга бўлиш амри маҳол. Дарвоқе, олмонларга хос темир интизом, бирсўзлилик хислатлари ҳам айнан таълим даргоҳларида шаклланади.

Тафаккур устахонаси

Германияда мактабгача таълим муассасалари давлат тизимига кирмайди. Болалар боғчаси хайрия жамғармалари, маҳаллий ҳокимият ҳамда черков васийлигида фаолият юритади. Шу билан бирга корхона ва ташкилотлар ҳам ўз боғчасига эга бўлиши мумкин. Мактабгача таълим тизими (elementarbereich) 3 ёшдан олти ёшгача бўлган болаларни қамраб олади. Ҳали ақлини таниб улгурмаган болаларда ўз фикрини ифодалаш, тенгдошлари ва катталар билан мулоқот қилиш қобилиятини шакллантириш, уларни бошланғич таълимга тайёрлашда боғчаларнинг ўрни катта. Шу боис ҳам олмонлар боғчаларни “тафаккур устахонаси” деб аташади.

Бепул ва мажбурий

Германия Конституциясига мувофиқ, мактаб таълими давлат назоратида. Мамлакатда ўн олтита федерал ер мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири ўзининг таълим тўғрисидаги қонунига эга. Шу сабабли федерал ерларда мактаб таълимида айрим фарқлар бор. Масалан, аксарият ҳудудларда бошланғич таълим 4 йил (биринчи синфдан тўртинчига қадар), пойтахт Берлинда эса – 6 йил. Аммо бу каби фарқларга қарамасдан, барча ҳудудлар учун умумий тартиб-қоидалар амал қилади.

Германияда мактаб таълими мажбурий ва бепул. 6 ёшдан 18 ёшгача фуқаролар мажбурий тартибда таълим олиши шарт. Мактаб таълим тизими бошланғич (primarstufe), ўрта (sekundarstufe I) ва юқори (sekundarstufe II) босқичларга бўлинади.

Энг яхши баҳо –1!

Болалар 5-6 ёшдан бошланғич мактаб (grundschule)га қатнайди. Бошланғич мактабда ўқиш даври тўрт йилдан олти йилгача. Мактабларда биринчи, иккинчи синф давомида ўқувчиларга баҳо қўйилмайди. Ўқитувчилар баҳо ўрнига боланинг индивидуал ривожланиш ҳолати хусусида ҳисобот тайёрлайди. Ўқувчиларга 3-синфдан баҳо қўйила бошлайди. Германияда 6 баллик баҳолаш тизими қабул қилинган. Бунга кўра, 1 – аъло (sehr gut), 2 – яхши (gut), 3 – қониқарли (befriedigend), 4 – етарли (ausreichend), 5 – етарли эмас (mangelhaft), 6 – қониқарсиз (ungengend). Ўқувчилар фанларни энг камида “тўрт”га ўзлаштириши керак. Бошланғич босқичда болаларга математика, немис тили, табиатшунослик, мусиқа, эстетика фанлари ўтилади.

Танлаш имконияти

Олмон таълим тизимининг ўзига хос хусусияти шундаки, ўқувчилар бошланғични тугатгандаёқ келажак йўлини аниқлаб олиши зарур. Ана шунга асосланиб, у бир неча турдаги мактабдан бирида ўқишни давом эттиради.

Асосий мактаб (hauptschule). Бу ерда болалар тўққизинчи синфгача ўқитилади. Асосий мактабларда олий таълим муассасаларида ўқиш нияти йўқ бўлган, бирор бир касб этагидан тутишни кўзлаган ўқувчилар таълим олади. Бу турдаги мактабларда базавий билимлар берилади ва асосий эътибор амалий машғулотларга қаратилади. Асосий мактабни тугатган ўсмирлар тугалланмаган ўрта таълим ҳақида шаҳодатнома олади. Ушбу ҳужжат билан касб-ҳунар мактаблари (berufsschule yoki professionalschule)га кириш мумкин. Биздаги касб-ҳунар коллежларига ўхшаб кетадиган мазкур мактабларда талаба муайян касб-ҳунар бўйича билим ва тажриба оширади.

Реал мактаб (realschule). Бу турдаги мактабларда математика ва табиий фанларга мойил, келажакда олий маълумотли мутахассис бўлишни ният қилган болалар ўқийди. Ўқиш 5-синфдан 10- синфгача. Мазкур муддат мобайнида ёшларга турли фан соҳалари бўйича кенгайтирилган билим берилади. Реал мактабни тугатган ўсмирлар ўқишни гимназияда давом эттиради.

Имтиёзли шаҳодатнома = 13 йиллик меҳнат

Гимназия (gymnasium). Ўқувчилар ўрта таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган ушбу билим масканида тўққиз йил – 5-синфдан 13-синфгача таълим олади. Реал мактабнинг 10-синфини тамомлаган ёшлар эса гимназияда уч йил ўқийди. Мазкур таълим даргоҳида гуманитар, табиий фанлар ва хорижий тиллар чуқур ўргатилади. Ўқувчилар ўн биринчи синфдан танлаган йўналишидан келиб чиқиб, асосий вақтини бир неча фанни чуқур ўрганишга сарфлайди. Гимназия – олий таълимга тайёргарликнинг ҳал қилувчи босқичи. Негаки, гимназияни тугатганлик тўғрисидаги етуклик шаҳодатномаси (abitur) университетга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқини беради. Аммо етуклик шаҳодатномасини олиш осон эмас. Ўқувчига ушбу ҳужжатни беришда унинг ўн уч йил давомидаги натижалари ҳамда тўртта фан бўйича якуний имтиҳон баҳолари инобатга олинади. Олмон заминида олий ўқув юртига кириш учун ўн уч йил яхши натижа билан ўқиш керак. Ана шундан кейингина университет йўллари очилади.

Таълим тизимида умумий мактаблар (gesamtschule) ҳам мавжуд. Унда юқорида зикр этилган мактаблар дастури ўн йил давомида уйғун ҳолда ўқитилади, яъни ўқувчилар ҳам гуманитар, ҳам техник фанлар йўналишида билим олади. Умумий мактаб битирувчилари ҳам сўнгги уч йиллик мажбурий таълимни гимназияда давом эттиради.

“Фикрлаяпманми, демак, яшаяпман!”

Германияда давлатга қарашли мактаблар билан бирга хусусий таълим масканлари ҳам фаолият юритади. Хусусий мактаблар ўрта таълим масканларининг 2 фоизини ташкил этади. Ўқув дастурлари анъанавий мактаблардан фарқ қилувчи хусусий мактабларни Федерал таълим ва маданият вазирлиги назорат қилади. Хусусий мактаблар саноат, тил, косметика, гимнастика, уй хўжалиги каби ихтисослашган йўналишларда таълим беради. Нодавлат таълим масканлари бир-бирини қўллаб-қувватлаш учун Хусусий мактаблар уюшмаси (Bundesverband Deutscher  Privatschulen)га бирлашган.

Шунингдек, ногирон ва ақлий қобилияти чекланган болалар учун махсус мактаблар очилган.

Олмон мактабларида хорижлик фуқаролар ҳам таълим олиши мумкин. Хорижликлар маҳаллий шарт-шароитга мослашиши, немис тилини пухта ўзлаштириши учун тайёрлов курслари ташкил этилади.

Немис педагоглари истеъдодсиз ўқувчининг ўзи йўқ, деб ҳисоблашади. Шунга кўра улар ўқувчининг очилмаган қирраларини кашф этиш, уларни янгилик ва ихтиролар руҳида тарбиялашга интилади. “Фикрлаяпманми, демак, яшаяпман!” дейди машҳур файласуф Рене Декарт. Олмон мактабларида ана шу нақл олтин қоида сифатида қабул қилинган. Педагоглар биринчи навбатда ўқувчининг, ҳатто хато бўлса-да, мустақил фикри бўлишига эришишни мақсад қилади. Таълим жараёни эса ота-она ва ўқитувчи ўртасидаги узвий ҳамкорликка таянади.

Аслзодалар орзу қилган университет

Германияда Европанинг бошқа давлатларига қараганда бепул олий таълим олиш имконияти кўпроқ. Нодавлат жамғармалар ҳамда ҳукумат грантлари асосида хорижликлар ҳам немис университетларида таҳсил олиши мумкин.

Юқорида таъкидлаганимиздек, маҳаллий гимназияларни битириб, етуклик шаҳодатномаси олган ёшлар университетларга имтиҳонсиз киради (Лекин баъзи йўналишлар, масалан, тиббиёт бўйича кириш имтиҳонлари ўтказилиши ҳам мумкин). Чел элликлар эса ўқишга кириш учун немис тили бўйича имтиҳон (DSH-Pruefung)дан ўтади.

Университетларда бакалавр босқичи тўрт ярим йилгача, магистратура бир йилдан тўрт йилгача, докторантура икки йилдан беш йилгача. Одатда, бакалавриат ва магистратура талабалари ўқиш якунида давлат имтиҳони (staatsprufung) топширади ва диссертатсия ҳимоя қилади. Талаба ўқиш учун қишки ёки ёзги ўқув мавсумини танлаш ҳуқуқига эга. Ёзги мавсум апрел-сентябр, қишкиси эса октябр-март ойларини ўз ичига олади.

Германия Гейделберг, Кёлн, Фрейбург, Тюбинген каби қадимий университетлар ватани ҳисобланади. 1386 йилда асос солинган Гейделберг университети кўҳна қитъанинг энг нуфузли олий таълим даргоҳлари рўйхатига киритилган. Ўрта асрлардаёқ ушбу университетга кириш европалик аслзодаларнинг орзуси бўлган. Германиянинг мўъжазгина Гейделберг шаҳрида жойлашган мазкур университетнинг нуфузи ҳозир ҳам баланд. Бу ердан Гегел, Ясперс каби жаҳон таниган олимлар, ўнга яқин Нобел мукофоти эгалари етишиб чиққан. Университет юриспруденсия, биология, кимё, тиббиёт йўналишларида кучли кадрлар тайёрлайди. Бу ерда ўқийдиган 25 минг талабанинг 12 фоизи хорижликлардир.

Мюнхендаги Людвиг-Максимиллиан университети Европани тиббиёт бўйича етук мутахассислар билан таъминлайди. Беш асрлик тарихга эга бўлган таълим масканида айни пайтда 44 минг талаба таҳсил олади.

Касбий олий мактаблар ёки институтлар (fachhochschulen) олмон таълим тизимининг ўзига хос бўғини сифатида муҳандис, иқтисодчи, дизайнер, машинасозлик, ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари ва соғлиқни сақлаш йўналишларида мутахассислар етказиб беради.

Ахен, Бремен, Бонн, Франкфурт, Гамбург, Кёлн, Марбург каби университетларга ҳам талабгорлар кўп. Маълумотларга кўра, Германиянинг 370дан ошиқ олий таълим муассасаларида 2 миллионга яқин талаба, жумладан, 246 минг хорижлик таҳсил олмоқда. Олмон юрти чет эллик талабалар сони бўйича дунёда АҚШ ва Буюк Британиядан кейинги ўринда туради.

Собиржон Ёқубов