Чўлпон: “Элимга танитмоқ истайман”

Абдулҳамид Чўлпон таржима ишларига киришган вақтда бизда гарчи кўплаб таржима асарлар бўлса-да, таржима назарияси яратилмаган эди. Аммо барча миллий адабиётлар янгиланишга бирдек ташна, ўзларини адабий тасаввурларни янгилашга бирдек ҳақли ҳисоблардилар. Чинакам таржимон миллат талабини ҳис қилиши, ўз ўқувчиларини аён билиши керак. Чўлпон шундай таржимон эди. У миллий кўтарилишдаги иштирокини беш йўналишда олиб борди: шеърий асарлар, насрий асарлар, драматик асарлар, публицистик асарлар таржимасида, шу билан бирга таржима назариясини яратиш йўлида.

Шеърий асарлар таржимасига рағбат Такўр (Чўлпон тилида аталиши)га муҳаббатдан кучланди. Кўрилмаган шакл, кўрилмаган руҳ излаган Чўлпон ёзади: “…ҳалиги улуғ зот менга йўлиқди. Шундан кейин чинакам қондим”. У таржимага қадар Тагорнинг ҳаёти, маориф ислоҳига оид интилишлари, Тагор асарларининг русча, инглизча нашрларию таржималари билан изчил танишди. Қадам-бақадам таржимага тайёрланди. “Буюк ҳинду” мақоласидан ўқиймиз: “Қўлим қалтираса ҳам, юрагим ўйнаса ҳам, қудратим етмаса ҳам ўша “Шарқ ва Ғарб ўртасидаги олтун кўпрук”ни элимга танитмоқчи бўлдим. Мундан ортиқ бир нарса демак, чинакам, қўлимдан келмайдир. Менинг қўлимдан келгани: у муборак одамнинг баъзи бир нарсаларини наср билан русча орқали таржума қилиб бериш бўлди. Шу ҳам катта гап”. Аммо шеър таржимасида шаклни сақлаш энг муҳим жиҳатдир. Поэтик шаклни парчалаш мумкин эмас. Шакл ўзида ритмни, ритм ўзида оҳангни, оҳанг эса руҳни сақлайди. “Такўрнинг шеърлари ҳаммаси дегундай куйли, куйлари – халқ куйи. Бу сафар унинг бир ашуласини тизма йўли (шеърий шаклда – Ш.Н.) билан таржума қилиб берамиз”. Чўлпон шоир таржимон эди, ўз шеърлари, ҳикоялари, сафарномалари, таржималари – барчасида мусиқийлик бор, барчасида оҳанг ўйнайди.

Насрий асарлар таржимаси А.С.Пушкин, И.С.Тургенев, А.П.Чехов, М.Горький, Л.Андреев, И.Франко кенглигида олиб борилди. Чўлпоннинг асосий таржимонлик фаолияти драматик асарларга қаратилган. Таржимачи (Чўлпон тилида аталиши) ҳикоялар таржимасида баённи диалоглар билан алмаштирган, яъни сўзларни актёрлар нутқига созлаган, ижрога мослаган. Леонид Андреевнинг “Осилган етти кишининг ҳикояси”га икки ўринда ремарка берса (русча матнда йўқ), Гоголнинг “Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш низолар ҳикояти”да диалоглар (4-фасл) ўта жонли, айни ижрога мўлжаллангандек яратилган. Чўлпон таржима вақти актёрларнинг оғиз ҳаракатларини кўриб тургандек ишлаган.

Чўлпон И.С.Тургеневнинг “Овчи кундаликлари” туркум ҳикояларига мансуб “Петр Петрович Каратаев” номли ҳикояни “Чўри қиз” номи билан ўгирган (1929). Таржимада мутлақ мувофиқликка эришиш мумкин эмас, аммо қуйма жумлаларга эга бўлиш мумкин. “…а вот я ее ужо, вот я ее… Дурь-то я из нее выбью”. Бу зиқна кампирнинг айтганлари. Чўлпон қуйидагича ўгиради: “Адабкинасини бераман мен унинг, адабкинасини!.. Бузуқ ниятларини тортиб оламан мен унинг”. Миллийликка тўйинган қуйма жумлалар булар. Таржимон асл матнга эстетик таъсирни ошириш, даврга мослаш, энг муҳими, нутқда ижрони таъминлаш учун анча эркин ёндашган. Ёндашувини, ўз талқинини шундай тушунтирган: “Мулкдорнинг иккала кампир билан суҳбати русчасида наср санъатидаги повествование (қисса қилиш) йўлининг эски, ўз замонидаги шакли билан ёзилғон. Уни ўша шаклда таржима қилиш ҳам оғир, ҳамда ҳозирғи ўқувчи ёшларға вазминлик қилгани учун мажбурият орқасида янги шакл билан, енгиллаштириб таржима қилдим”.

Чўлпон У.Шекспир, К.Гоцци, Н.В.Гоголь, В.Н.Билль-Белоцерковский, К.Гольдони, Лопе де Вега, Ф.Шиллер, С.Левитина, А.Файко, В.В.Третъяков, В.Ивановнинг драматик асарларини, театрга оид кўплаб мақолаларни ўзбек тилига ўгирди.

“Ҳамлет”нинг Чўлпон таржимаси Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунаси сифатида эътироф этилади. Бу таржима китоб ҳолида 1934 йил чоп этилди (Veljam Sekspir HAMLET 5 pardalik facьa Colpan tarcemasi Taskent 1934). Мақсуд Шайхзода 1948 йилда ўз талқинини яратди. Тинимсиз таҳрир ва тузатишлардан сўнг, 1960 йилда “Ҳамлет” таржимасининг қайта ишланган варианти нашр бўлди. 2007 йил Жамол Камол асарни аслиятдан ўгирди. Қиёслаш, таржималарни баҳолаш учун қўлимизда юраги ҳар хил ураётган бешта таржима матни бор: инглизча, русча, русчадан ўгирилган иккита ўзбекча ва инглизчадан ўгирилган битта ўзбекча матн.

Чўлпон “Ҳамлет”ни деярли насрий йўлда ўгирган. Бу “Ҳамлет” таржимасининг илк тажрибаси эди. Чўлпон актёрларнинг талаффуз имкониятларига қараб иш кўрган ва бу таржима Мақсуд Шайхзода таржимаси китоб ҳолида чоп этилганда ҳам саҳнадан тушмаган, шеърий бўлмаган, жонли сўзлашувга асосланган ижро Чўлпон талқинида давом этган.

Шекспир ва Чўлпоннинг ижодий қуввати қай даражада эди? Таржима нега Чўлпон томонидан амалга оширилди, бошқа бир тараққийпарвар томонидан эмас? Инглизча, русча, ўзбекча матнлар ўртасида қандай ютуқлар ва йўқотишлар бор?

“Шекспир Чўлпондир ёхуд Чўлпон Шекспирдир. Чўлпон шеърлари Шекспир жўшқинлиги билан тўладир. Чўлпон оқкўнгиллиги Шекспир самимийлигидан ўтадир” (Аҳмад Шукрийнинг “Чўлпон Чўлпондир” мақоласидан, 1923). Шекспир жўшқинлиги, самимийлиги русча матн орқали Чўлпонга қандай ўтиб борган? Чўлпон талқини Мақсуд Шайхзода, Жамол Камол таржималарида қанчалик давом этган? Таржимаси кўп баҳсларга сабаб бўлган Ҳамлет монологи мисолида айрим кузатишларни ҳавола қиламиз.

To be, or not to be – that is the question:
Whether ‘tis nobler in the mind to suffer

The slings and arrows of outrageous fortune
Or to take arms against a sea of troubles,
 And by opposing end them.
(В.Фарнҳам таҳрири).

Парчанинг сўзма-сўз таржимаси қуйидагича: борлик ёки йўқлик – муаммо шу. Ғазабнок тақдир найзалари ва бўйинтуруқларида азобланиш олийжанобликми ёки офатлар денгизига қарши туриш, бу қаршилик билан уларни тугатиш олийжанобликми?

Русча таржимада:

Быть или не быть – таков вопрос;
 Что благородней духом – покоряться
 Пращам и стрелам яростной судьбы
 Иль, ополчась на море смут, сразить их
 Противоборством?
(М.Лозинский таржимаси).

Русча матннинг сўзма-сўз таржимаси: борлик ёки йўқлик – муаммо шу. Олийжаноблик нима – ғазабнок тақдир ўқлари ва палахмонларига бўйсунишми ёки фитна денгизида курашиб, қаршилик билан уларни мағлуб этишми?

Асл матнни ва русча таржимани қиёслайлик. to suffer таржимасидан бўлак бошқа ўринларда тўла мувофиқликка эришилган:

to be or not to be
that is the question
nobler in the mind
to suffer
outrageous fortune
slings and arrows
or
to take arms against
a sea of troubles
by opposing end them

быть или не быть
таков вопрос
благородней духом
покоряться судьбе
яростной судьбы
пращам и стрелам
иль
ополчась
море смут
сразить их противоборством

to suffer феъли азобланмоқ, қийналмоқ, бошдан кечирмоқ маъноларига эга. Рус тилида страдать, испытывать, претерпевать феъллари билан муқобил келади. Русча таржимада to suffer покоряться феъли билан ифодаланган ва ифода покоряться судьбе бирикмасига яқинлашган. Покориться – итоатда бўлмоқ, таслим бўлмоқ, кўнмоқ маъноларини, покоряться судьбе бирикмаси тақдирга тан бермоқ маъносини англатади. to suffer феълини итоат қилиш, бўйсуниш маъноларида қўллаб бўлмайди. Шекспир азобланиш ва қарши туриш феълларини зид маънода қўллаган. Русча таржимада бўйсуниш ва курашмоқ феъллари зид қўйилади. not to be тушунчаси ўрнини азобланиш, to be ўрнини курашиш эгаллайди. Яъни борлик, мавжудлик – курашмоқдир, йўқлик – азобланиш. Рус тилидаги матнда не бытьпокоряться, бытьополчась ҳолатида. Яъни борлик, мавжудлик – курашишда, йўқлик, абас – бўйсунишда. Азобланиш тўла бўйсуниш эмас, балки ниҳоясига етмаган чидаш. Шекспир қаҳрамонларига ўта инсоний муносабатда бўлган: яшаб қолиш учун доимо имкон бор. Чўлпон таржимасида ўқиймиз: “Ё ўлиш, ё қолиш – гап шунда! Ажабо, қайси бири шарафлик ва олийжаноб: дилозор фалакнинг зарбаларига чидашми, ёки балолар денгизига қарши бел боғлаб, уларга қарши қўзғолиб, уларни барҳам беришми?”

М.Шайхзода таржимасида:

Тирик қолмоқ ё ўлмоқ? Шудир масала!
Қайси бири булардан бизга муносиб?
Бу дилозор фалакнинг таҳқирларига
Шикоятсиз-шиквасиз чидаб турмоқми?
Йўқса, унга рад-бадал бериб қўзғалмоқ,
Қурол олиб ё енгмоқ ё маҳв бўлмоқми?

Ж.Камол таржимасида:

Ё ҳаёт, ё мамот: масала шундоқ
Жоизмикин ул жобиру жаббор фалакнинг
Жафосига ҳар дақиқа чидаса юрак?
Ё балолар денгизига кўндаланг бўлиб,
Койишлару ташвишларга чек қўймоқ керак?

Русча матндан таслим бўлмоқ, кўнмоқ; инглизча матндан қийналмоқ, азобланмоқ каби Мақсуд Шайхзода, Жамол Камол қаламига монанд бундан-да юксак сўзларни топиш мумкин эди. Аммо М.Шайхзодага, Ж.Камолга “Чўлпон оқкўнгиллиги Шекспир самимийлигидан ўтадир”. Ўзбек адабиётида Шекспирни таржима қилиш анъаналарининг аввали Чўлпондан бошланади.

Ушбу монолог аслиятда ҳам 35, русча матнда ҳам 35 сатр, М.Шайхзода таржимасида 44, Ж.Камолда 40 сатр. Чўлпонда бўлса драматик шакл сақланмаган. Аммо репликалардаги кескинлик, лўнда ифодавийликда Шекспирга жуда яқин борилган. Чўлпон интуитив илғам билан асл матнга етиб олган.

Қуйида монологнинг асл матни, Лозинский талқинидаги русча ва Чўлпон талқинидаги ўзбекча матнлар ҳавола қилинади.

Чўлпоннинг таржима назариясини шакллантиришдаги тадқиқотлари кичик мақолалар ҳолатида. Хусусан, “Такўр ва такўршунослик”, “Буюк ҳинду”, “Жўрж Дандон”, “Шоҳнома”нинг туркча таржимаси”, “Таржима тўғрисида жиндек”, “Кўлагада қолганлар тўғрисида”, “Сўз, сўз, сўз” мақолалари таржима танқиди муаммоларидан баҳс юритади. “Нима учун таржималар, уларнинг тили, услублари тўғрисида яхши текширишлар, танқидлар, тақризлар йўқ? Шекспирнинг “Ҳамлет”ини айтиб ҳам ўлтурмайлик…” (“Кўлагада қолганлар тўғрисида” мақоласидан). Чўлпон адабий таржимонлар, саҳна таржимонларини муаллиф билан тенг кўради, шунга яраша танқидга ҳам муносиб кўради. Чўлпонни забтига олган муаммолар бугун ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Унинг таржималари борасида таржимашуносликнинг янги мезонлари билан текширишлар олиб борилса, Чўлпон таржима тили, услуби масалалари янада ечимини топган бўларди.

Шаҳноза Назарова

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 11-сон