Миланлик миллиардер (Силвио Берлускони)

Италия Бош вазири Силвио Берлускони жаҳоншумул муваффақиятларга ўз кучи ва тинимсиз меҳнати билан эришди. Унга отасидан миллионлаб лира мерос қолмади. Ёки эртакларда бўлгани каби тасодифан пайдо бўлиб қолган ҳотамтой киши унга афсонавий хазина калитини бериб кетмади. Берлускони ҳаммасини ўзи уддалади: оддий ишчидан то катта мамлакат раҳбаригача бўлган узоқ ва машаққатли хизмат йўлини босиб ўтди; вақти келганда нонга ҳам пул тополмаган оиланинг вакили миллиардер бўлишдек оғир ва ўша вақт-шароитда ақл бовар қилмас деб ҳисобланган вазифани «аъло»га бажара олди. Ва, айтиш керакки, Италия ҳукумати раҳбарининг ҳозирги баланд рутба ва катта давлатга эришувида оммавий ахборот воситалари ҳал қилувчи ўрин тутди.

Силвио Берлускони — анчайин омадли итальян тадбиркори ўз ишбилармонлик фаолиятини 1960-йилларда қурилиш компанияси ташкил этишдан бошлади. Айни шу йилларда Италияда кенг миқёсда қурилиш ишлари олиб борилаётгани ёш ишбилармонга қўл келди. Компания ҳукумат буюртмаси асосида Милан яқинида замонавий қулайликларга эга бўлган шаҳарчалар бунёд этди. Шундан кейин Берлускони номи бутун мамлакатга ёйилди. Ўшанда дастлабки ҳукумат буюртмаси эндигина тугатилаётган, битай деб қолган шаҳарчага минглаб аҳоли кўчиб кела бошлаганди. Берлускони мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, кўчиб келаётган минглаб юртдошларига хизмат қилувчи маҳаллий телекомпанияга асос солди. Бу кейинчалик бутун дунёга йирик медиа-империя эгаси сифатида танилажак шахснинг илк қадами эди.

У пайтларда вазият анча мушкул эди. Қурилиш компанияси раҳбарига қарашли «Телемилано» телевидениеси оғир шароитда, Милан меҳмонхоналаридан бирининг ертўласида амал-тақал фаолият олиб борар, фақат кинофильм ва кўнгилочар дастурлар трансляцияси билан кун кўрарди. «Ҳамма нарсага вақт даво», дейишади. Ҳақиқатан ҳам, фурсат ўтиши билан аввал фақат зарарга ишлаган телеканал фойдага кирди — мижозлар тўлови ва реклама катта даромад келтира бошлади.

1970-йилларда, ҳали Италияда умуммиллий хусусий телестудиялар очишга расман рухсат берилмаган бир даврда Берлускони амалда бутун мамлакатга хизмат қилувчи ўз телекомпаниясига эга эди. Ҳуқуқ илмини ипидан игнасигача билган тадбиркор медиа-бизнес фаолиятини олиб бориш ва ривожлантириш учун қонуннинг анча-мунча одам адашиб қоладиган чангалзоридан ўзига йўл топа олганди. Бунга унинг душманлари ва рақиблари ҳам ҳалигача тан беришади.

Бугунги кунда 67 ёшли Берлускони «Cанале 5», «Италиа 1» ва «Рете» каби учта умуммиллий телекомпанияга эгалик қилади. «Телепиу» каналининг асосий акция пакети ҳам унинг назоратида. Бундан ташқари, бир қанча нашриёт ва матбуот нашрлари — газета, журналлар ҳам Италия Бош вазири амлокига киради. Шуни ҳам айтиш жоизки, бутун жаҳонга таниқли «Милан» футбол клуби айнан миланлик миллиардер кўнгилхушлиги йўлида хизмат қилади.

Умуман, Берлускони раҳбарлигидаги «Фининвест» холдинги таркибида айни пайтда телекомпаниялар, нашриётлар, газета-журналлар, спорт клублари ҳамда қурилиш компанияси мавжуд.

…Силвио Берлусконига аллақачон миллионларга айланган бойлик соҳиби бўлиш кифоя қилмади. Энди у сиёсат оламида ҳам ўз ўрни ва мақомини топишга қарор қилди. Айни шу мақсадда у 1993 йилда «Форза Италиа!» — «Олға, Италия!» партиясига асос солди. «Пул бўлса, чангалда шўрва», дейишганича бор. Партия ташкил топар-топмас кейинги йили бўлиб ўтган парламент сайловида «Миллий иттифоқ» билан бирга кўп овоз тўплаб ғалабага эришди.

Алоҳида қайд этиш ўринлики, Силвио Берлускони раҳбарлигидаги сиёсий ҳаракат ғалабасига унинг ихтиёрида бўлган телеканал, газета ва журналлар бемисл ҳисса қўшди.
Шу йилнинг ўзида Берлускони парламент депутатлари томонидан Вазирлар Кенгаши раиси лавозимига сайланди — миланлик миллиардернинг энг буюк орзуси ушалди. Бироқ масрур дамлар узоққа чўзилмади. Парламентда кўп овоз йиққан партиялар сифатида мамлакатни идора этаётган икки гуруҳ — «Олға, Италия!» ва «Миллий иттифоқ» ўртасида юзага келган низо охир-оқибат ҳукуматнинг тарқатиб юборилиши ва Берлускони истеъфоси билан якунланди.

Медиа-магнат дастлабки сиёсий муваффақиятсизликдан тушкунликка тушмади ва қаламравидаги оммавий ахборот воситаларини яна ишга солди. Натижада кейинги сайловдаёқ халқ «Олға, Италия!»га яна-қайта ишонч билдирди — ғалабага эришган партия етакчиси Берлускони Италия Бош вазири вазифасини эгаллади. Бу вазифани у ҳамон бажариб келмоқда.

Италияда рўй берган ўнлаб можаро ва шов-шувли ҳодисалар муносабати билан Силвио Берлускони номи бот-бот тилга олинади. Зари ва зўри бор Бош вазир гоҳида Германия давлати ва миллатини ҳақорат қилганликда айбланиб, Европарламентда жавоб беради. Гоҳида Испания қонунларини бузганликда гумон қилиниб, тергов беради. Медиа-магнат бутун жаҳон миқёсида матбуот ва ОАВ эркинлиги душмани сифатида эътироф этилаётгани ҳам — бор гап. Берлусконининг коррупция ва мафияга алоқадорлиги, давлат маблағларини ўзлаштираётгани ва даромадларини солиқдан яшираётгани тўғрисидаги айбловлар эса одатий тусга кирган. Ҳатто узунқулоқ гапларга қараганда, Италия ҳукумати раҳбари «Олға, Италия!» партиясини ташкил қилиш учун маблағни ҳам айнан уюшган жиноий тўдалар — мафиядан олганмиш… Бироқ бу даъволарнинг аксарияти ҳалигача ўз исботини топмаган. Айбловлар миш-мишлигча қолмоқда, гумонларни исботлаб бера оладиган мард эса ҳали онасидан туғилмади, шекилли…

Собиржон ЁҚУБОВ