Чивинлар қандай касалликларни ташийди?

Ҳашаротлар орасида чивин одамнинг таъбини кўп хира қилади. Улар илгари қишлоқ жойларда ва боғ ҳовлиларда одамларнинг жонига теккан бўлса, эндиликда ҳатто шаҳар марказларида ҳам ором бермайди. Энг муҳими, чивинлар чаққани етмагандай турли хавфли касалликларни ҳам ташийди.

Шифокорлар ва биологларнинг таъкидлашича, чивинлар уч асосий турдаги касалликларни тарқатади. Биринчиси, асосан тропик кенгликларда тарқалган безгакдир. Африкада ҳар йили миллионлаб болалар безгак туфайли ҳаётдан кўз юмадилар.

Иккинчиси, микроскопда кўринадиган ипсимон қуртлар тарқатадиган касалликлар гуруҳидир. Бу қуртлар лимфатик ва қон юрадиган системага кириб қолса, томирларнинг тиқилиши, томирларда қоннинг ивиши, қўл-оёқларда лимфалар йиғилиб қолишига олиб келади, натижада қўл ва оёқ даҳшатли тарзда шишиб кетади (буни «филлашув касаллиги» дейишади). Қурти мўл бўлган чивин беморнинг қонини сўради ва уни соғлом одамларга чаққан пайти юқтиради. Бундай касалликлар Жанубий Америка, Африка ва Осиёда кенг тарқалган.

Учинчиси, чивинлар турли микроб ва вируслар туғдирадиган юқумли касалликларни ташийди. Буларга, масалан, тропик безгак, сариқ безгак, турли-туман энцефалитлар (бош миянинг яллиғланиши) киради.

Олимларнинг бу касалликлар устидан ғолиб чиқиш ҳаракатларига қарамай, чивинлар ўзининг хавфли фаолиятини давом эттираётгани ачинарлидир. Қайсидир даврда бундай хавфли касалликларга чалинган беморлар сони камайса, навбатдаги даврда чивинлар касридан касалликка чалинган беморлар сони кўпайса кўпаядики, асло камаймайди.