Эмин Усмон. Муножот (эссе, 1991)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ҳар кишики дарди бўлса, йиғласун ёр олдида
Машраб

Ҳаво мавжларида бир нидо янграр: ҲАЁТ!

Ҳаво бўшлиқларидан бир видо келар: ЎЛИМ!

«Биз ҳаёт неъматидан аввал ўлим неъматини яратдик», деган ҳужжатул аввал ва охир шуурларда худди жимжит хонадаги соат зангидек акс садо беради. Дунёни моддий борлиқдангина иборат деб билувчи кимсаларнинг аъзойи бадани музлаб, юраги увишади: ўлим муқаррар! Инсон дунёга келиб улгурмасидан, яшаб улгурмасидан, ҳаёт лаззатларига, умуман ўзи билган ва билмаган, етган ва етмаган, ҳис этган ва туймаган нарсаларга тўйиб улгурмасидан ўлимга мустаҳиқ! Нега?! Нега бу тотли ҳаёт, бу ширин ҳузур-ҳаловатлар, бу соҳир дунё боқий эмас? Нега МУҲАББАТнинг тақобили НАФРАТ? Нега ЯХШИЛИК билан ЁМОНЛИК то абад қилич яланғочлаб жанг қилади? Нега инсон вужудида РАҲМОН билан ШАЙТОН мақом тутмиш? Нега қилинган яхшиликнинг ажри Аллоҳдан кутилади-ю, шу яхшиликдан баҳра олган банда қўйнига тош солиб, карам эгасининг бошини ёрмоқ қасдида юради?

Кошки инсоннинг ақли ноқиси бу азалий саволларга жавоб топа билса. Бу чигал жумбоқларнинг ечимига инсон иқтидори ожиз. Ва лекин у тилсимлар калитини топмоқ, сим-симлар қопқасини очмоқ учун буюрилган.

Дунё инсон ақл-заковати такомил этмоғи, руҳи покланмоғи, ахлоқи мукаммаллашмоғи учун атай тилсим қилиб яратилган. Ҳаётнинг имтиҳонлиги ҳам шунда. Ҳаётда ҳар неки заволга мустаҳиқ — ибтидоси бор. Ибтидо эса янги тонгдан бир дарак, ҳар қандйй тонгнинг ҳузурбахш насимлари ўлик танларга роҳат бахш этажак.

Учоқнинг кунгирадор ойнасидан кўм-кўк ҳаво бўшлиқларига тикилганимча адоқсиз ўйларга ғарқ бўламан. Пастда дала ўртасидаги хирмонга ёйилган пахта уюмларидек паға-паға булутлар муаллақ. Бошим узра зангори бўшлиқ: тикилган сари кўзларинг тиниқлашиб, ич-ичдан ҳузур туясан. Бироқ ҳаловатинг узоқ чўзилмай маҳв бўлади. Беихтиёр: «Осмон оҳлар уради, унинг фарёд чекмоғи жоиз, (сабаби) осмоннинг ҳар тўрт энлик жойида бир фаришта Аллоҳга сажда қилиб туради. Худо ҳаққи, мен билганларимдан хабардор бўлсанглар, оз кулиб, кўп йиғлар эдинглар», деган ҳадиси муборак ёдимга тушиб, ён-веримга кўз ташлайман. Йўловчиларнинг кўпчилиги юмшоқ курсига ястанганча мизғийди, баъзи бировлар қулоғига радио узатгич (наушник) тутганча куй тинглашади; биттаси кўзларини юмганча бармоқлари билан курси тутқичини чертиб ўтиришидан маза қилаётгани шундоққина билиниб турибди. Осмоннинг оҳлар ураётгани ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Учоқ эса еру осмон ўртасида ҳаракатсиз қотиб тургандек гувлайди, олдинда чарақлаб турган қуёш, бош узра етиб бўлмас осмон, пастда эса тубсиз бўшлиқ. Бундай ҳолатда инсоннинг туйғулари дудмал, фикрлари қўнимсиз, руҳи пароканда бўлади; на қанотли қушга айланиб ўзингни кўкка отолмайсан, на инсонга ўхшаб киндик қонинг томган заминга қадам босолмайсан. Муаллақ ҳолатнинг ҳис-туйғуси ҳам карахт, нимтатир… Шу боис бундай ҳолатдаги кимса кўкнинг ҳар тўрт энлик жойида бир муаккил Худога илтижо қилиб турганини, қават-қават осмон оҳлар ураётганини ҳис этмайди. Самонинг оҳларини эшитмоқ учун ҳушёр, уйғоқ бўлмоқ керак. Биз эса нафақат осмоннинг оҳлар ураётганидан, ҳатто ўзимиз яшаётган замину замондан бехабар ўтяпмиз, бамисоли юмшоқ курсига ясланиб мизғиётган йўловчилардек қай ҳолат, қай вазиятдалигимиздан хабаримиз йўқ. Ҳақ гапни айтмоқ ҳамон душвор, бордию уддалаб айтганингда биров уни ё уқади, ёки йўқ.

Учоқ ҳамон осмону замин ўртасида ҳаво қатламларини ёриб илгарилайди. Кунгирадор ойнадан зангори кўкдан бўлак ҳеч нарса кўринмайди. Мана шу кўк гумбазининг ҳар тўрт энлик жойида бир муаккил яратганга сажда қилиб турганини ўйлаб юрагим увишади. Нурдан яралган фаришталар қай гуноҳлари учун бунчалар зору тавалло қилишаркин, деган шаккок бир ўй тинчлик бермайди. Биз бандалар ҳар қадамда бир гумроҳлик қилиб, оғзимизни сўзга жуфтлаган заҳоти бир қалбни инжитиб, одамларни ҳақ йўлдан чалғитиб, бемалол айшимизни суриб юрибмиз.

Зангори бўшлиқлар аро ўксик кўнглимга таскин бергудек ҳеч нарса кўринмайди, лекин Расулуллоҳ айтганларидек, ҳар тўрт энлик жойда бир фаришта Аллоҳга сажда қилиб турибди. Мен ҳам ўшаларнинг сафида бўлишни, яратгандан одамларнинг гуноҳларини кечиришини, муз қотган қалбларга меҳр-муҳаббат улашишини, ҳаёт йўлимизни имон-эътиқод нури билан мунаввар этишини тилагим келади. Барча яхшию ёмон учун дуогўйлик қилиш насиб этса кошки эди.

* * *

Мани аввора бўлгонга фироқ ўти даво эрмиш.
Машраб

Лабимдан учган сўзларим ҳавода мумдек эрийди.

Олган нафасим ўт бўлиб томирларимда жимирлайди.

Ҳисларим — ариқда оқаётган сув, инон-ихтиёри менда эмас.

Нигоҳим ҳовур уфуриб турган лахча чўғ — қуёшдан ўзга ҳеч нарсани кўрмайди.

Шуурим карахт — бамисоли еру осмон улкан тандир, мен унинг ичида буралиб-буралиб ёнаётган олов селобига тушиб қолгандекман.

Учоқ Жидда шаҳрига қўниб зинага оёқ босганимда юзимга гуп этиб тандирнинг ҳовури урилгандек бўлди. Бирдан ҳаво етмай қолгандек энтикиб кетдим. Учоқлар қўналғаси худди кундузгидек чароғон, қиз боланинг нозик бармоғидек бетон симёғочлар нақ кўкка санчилгудек осмону фалакка бўй чўзган, шода-шода чироқлар сарғишга мойил нур сочади; бамисоли фироқ ўти… Бу ерда чироқ ҳаддан зиёда кўп, айланма йўллар бўйлаб саф чеккан симёғочлар, бинолар пештоқидаги ёниб-ўчиб турган нур шодалари ложувард ёғду сочади, худди Алоуддиннинг сеҳрли шамчироғи ёрдамида тилсимлар мамлакатига бориб қолгандек ҳис этади одам ўзини.

Божхона ходимлари ҳужжатларимизни ҳаддан ташқари синчковлик билан узоқ текширишди. То Робитаи оламин муслимин (Жаҳон мусулмонлар уюшмаси)нинг вакили келмагунча даъватноманглар йўқ экан, деган баҳона билан бекорга ушлаб туришди. Ниҳоят расмиятчилик тугаб, юкларимизни текшириш бошланди. Дипломат паспорти бор уч кишининг жомадонлари очилиб, нарсалар наридан-бери кўздан кечирилди, оддий фуқаролик паспорти бор икки кишининг нарсаларига ҳатто қараб ҳам қўйишмади. «Вой, нодонлар-эй, дипломат одамнинг ҳам нарсасини титадими ҳеч замонда? Бошлиғи йўқ эканми буларнинг, бир гаплашиб қўйсак», деди Шукрулло ранжиб. «Э, шунга ҳам хафа бўласизми, — деди Одил Ёқуб кулиб. — Совет дипломатининг чантасида нималар борлигини кўргиси келиб титса титибди-да». «Биз гадоларда нимаям бўларди, иккита кўйлак билан битта иштон-да, — Шукрулло ҳамон жаҳлдан тушмаган эди. — Бизнинг нарсаларимизни титди, лекин манавиларникига қараб ҳам қўймади-ку» «Жамол, бир инглизчалаб юборинг, шу гуноҳлари учун атаган нарсалари бўлса очилган чанталарга солиб қўйишсин», Одил Ёқубовнинг кайфияти чоғмиди ёки чарчоқни ёзиб бизни чалғитиш учун шундай қилдими, ҳарқалай кулишиб бу гапларни дарров унутдик.

Расмиятчилик тугаб ташқарига чиқсак, икки ватандошимиз кутиб турган экан, сайёраларга ўтириб, чироқларнинг ложувард нурига чўмган айланма йўллар билан юриб кетдик. Йўллар кафтдек текис, ғилдираклар бирон нарсага тўқ этиб урилмас, ўйдим-чуқур, пасту баланд кўчаларда ичак-чавоғи ағдарилгудек бўлиб юришга ўрганган биздек йўловчилар учун бу йўлларда сайр этиш худди беланчакда роҳатланишдек гап эди. Шаҳарга ҳаддан ташқари кенг ва кундузгидек чароғон йўлдан кириб борилар экан. Кўчаларда шапалоқ баргли лўз билан хурмо дарахтлари кўзга ташланади. Замонавий услубда қурилган ойнаванд иморатларнинг бири иккинчисига ўхшамас, ер танқислигиданми ёки бошқа бирон сабабданми, ишқилиб, кўкка бўй чўзган кўп қаватли бинолар деярли бир-бирига тақаб, зич қилиб қурилган. Жиддада икки-уч қаватли иморатлар кам, борлари ҳам муҳташам бинолар панасида қолиб кетган. Қатновни осонлаштириш учун бетон устунларга қўндирилган осма кўприклар, сайёра (машина)лар қийналмай бемалол юрадиган айланма йўллар сероб. Вақт ярим кечадан ошган бўлишига қарамай, қатнов кўп, дўконлар очиқ, одамлар ўз тирикчилиги билан машғул. Назаримда, бошдан-оёқ ойнадан қурилган кўп қаватли меҳмонхона олдига келиб тўхташимиз билан эшик очилиб, икки хизматчи чиқиб келди-да, юкларимизни ичкарига киритиб қўйишди. «Мен алоҳида хонада ётаман. Ёнимда биров хуррак отса, ҳатто у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилса ҳам ухлаёлмайман», деди Шукрулло ҳужжатлар расмийлаштирилаётганда. Бизни кутиб олган ватандошларимиздан бири меҳмонхона хизматчиси билан гаплашгач, бунинг иложи йўқлигини, жойлар бир ҳафта илгари олиб қўйилганини, меҳмонхонада фақат шу бугун ётишимизни, эртага азонлаб Маккага жўнаб кетишимизни айтиб узрхонлик қилди.

Меҳмонхона саронжом-саришта, ўрин-кўрпалар ётишга ийманадиган даражада оҳорли, уй ичи салқин, икки қават сарғимтир пардалардан ёруғ тушмас, ҳаловатни бузадиган тиқ этган сас эшитилмас эди. Ўринга кирдим-у, лекин ухлолмадим: ота-боболарим орзу қила-қила етолмаган, ҳар бир мусулмони комилнинг энг муқаддас орзусига айланган Аллоҳнинг улуғ ибодатгоҳи Маккаи мукаррама остонасига етиб келдим. Бу олий саодат биз қалам аҳлининг пири муршиди ҳазрат Навоийдек улуғ зоти муборакка ҳам насиб этмаган. Биз ҳар жиҳатдан ноқис ва гумроҳ бандалар шундай табаррук заминга қадам босишга, Макка тупроғини тавоф айлаб, Каъбани зиёрат қилишга, унинг  остонасида: «Куюб ишқинг билан ўлмак бу ошиққа раво эрмиш», дея Худога изҳори дил этишга ҳаққимиз борми? Умуман бу табаррук диёрга келаётган ҳар бир инсон ўзини чинакам имон-эътиқодли, Аллоҳнинг буйруқларини, Расулуллоҳнинг суннатларини бекаму кўст адо этган покдомон одам ҳисоблай оладими? Ёинки Маккага покланиш учун, руҳан тозариб, онадан қайта туғилгандек бўлиб кетиш учун, бу илоҳий даргоҳда қалбига сингган имон нурини, инсонийлик тафтини одамларга улашиш учун келадиларми? Умуман инсон руҳан ва жисман покланмоғи учун албатта Маккага келиши, Каъбани зиёрат этиши, Арофат водийсига бориб Аллоҳга зору тавалло қилиши, Муздалифада ярим тунгача намоз ўқиб, Минода мусофир бўлиб туриши шартми? Яратганнинг ҳукмини муҳокама қилиш мумкин эмас албатта, лекин инсон фарз амалларини қаерда, қай тарз бажо келтиришининг, билган ва ўрганган илмларини бировларга қандай ўргатишининг, кандай усул ва воситалар орқали одамларга яхшилик қилишининг Аллоҳ учун мутлақо аҳамияти йўқ-ку. Каъба зиёрати, Мино ва Арофат водийсидаги ибодатлар қалбан ва жисман покиза инсонларнинг яна бир баҳя юксалиши, парвардигорнинг ҳусну таважжуҳига янада яқинлашиб, унинг раҳматига кўпроқ муваффақ бўлишидир. Мана шундай улуғ мартабани кўзлаб ҳаётини маърифатга, яхшиликка, ҳурриятга фидо этган одамлар жисман Маккаи мукаррамага етолмасалар-да, руҳан эртаю кеч Каъбанинг эшигига бош уриб, яратгандан мағфират сўраш билан машғулдирлар. Юсуф Хос Ҳожибни, ҳазрат Навоийни, «Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ на керак? Иброҳимдан қолган ул эски дўконни на қилай?» дея ҳақнинг ишқидан ўзга нарсани тан олмаган жаҳонгашта Машрабни ҳаж ибодатига бормаганлари учун айбсита оламизми? Шоҳ Машраб Аллоҳнинг ишқисиз ҳамда ваҳдат майидан тотмай Маккага бормоқ на керак, деб турганда биз ўзимизни мусулмони комил ҳисоблай оламизми? Илгарилари Макка сафари ғоят машаққатли бўлган, биз эса тариқча заҳмат чекмай, ёнимиздан бир тайин сарфламай Жидда шаҳрига етиб келдик, бу ёғи юз чақирим. Маккага келиш шунчалар осон экан-ку, нега шўро ҳукумати сунъий тўсиқлар ўйлаб топиб, ишни шунчалар мураккаблаштириб юборган. Ахир ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бир кимса хоҳ умра, хоҳ ҳаж бўлсин, истаган пайтда Каъбани зиёрат қилиб, руҳан покланиб кетса, нимаси ёмон? Айни вақтда юрт кўради, одам танийди, ярим-яланғоч яшаётган бола-чақасига тузукроқ кийим-кечак, анвойи ейимлик-ичимликлар олиб боради, киндик қони тўкилган ватанидан айро тушиб яшаётган ватандошларимиз билан мулоқотда бўлади, юртга уларнинг эҳтиросли саломларини, юрак қўри билан битилган соғинч тўла мактубларини элтади, одамларни ғойибона учраштиради, Арабистондаги илму урфон, фан-техника янгиликларини бизга етказади, инсоний қадр-қиммат ҳақидаги ибратли воқеаларни сўзлаб беришади ва бизнинг дунёдан бутунлай узилган одамларимизда ҳайрат ва ҳавас уйғотишади-ку. Бу нарсани олқишлаш ўрнига бизда одамларни четга чиқармасликнинг янгидан-янги усулларини ўйлаб топишмоқда; илгари (ўттиз беш сўм турадиган хорижий паспорт минг сўм бўлганини айтиб ўтирмайман) хорижга борувчиларнинг ҳужжатларини ички ишлар бўлими, ташқи ишлар вазирлиги, давлат хавфсизлик қўмитаси текширгани етмагандек, энди бу иш билан президент маҳкамаси ҳам шуғуллана бошлади. Оқибатда хориждан даъватнома олган зиёлиларнинг ўндан бирига ҳам рухсат тегмаяпти. Бу нима, ўз одамларига ишонмасликми ёки дунё кўриб зиёлиларнинг кўзи очилиб қолишидан қўрқишми?! Ахир дунёдан узилган кимса нодон ва гумроҳ бўлиши, ундан на жамиятга, на ўзига наф тегмаслиги муқаррар-ку.

Бир тутам тун завол топиб, тонг отди. Ювиниб-тараниб, нонушта тайёрлигини кўраётганимизда кечаги ватандошларимиз Аҳмадали Туркистоний билан Абдуллажон Андижоний кириб келишди. Абдуллажон Андижоний ҳар биримизга биттадан эҳром (иккита катта сочиқ) билан шиппак ола келибди. Аслида биз учоқда ният қилиб эҳром боғлашимиз керак эди. «Уламолардан сўраб кўрамиз, агар лозим бўлса, миқодга бориб, умра нияти билан йўлга тушамиз», деди Абдуллажон Андижоний ва эҳромни қандай боғлаш кераклигини тушунтирди. (Миқод — умра ва ҳаж ниятида Маккага кириш учун ният қилиб эҳром боғланадиган жой.) Биз эҳром боғлаб, умра ибодатини адо этиш учун ният қилиб икки ракаат намоз ўқидик. Миқодга боришнинг ҳожати йўқ, сизлар умранинг шартларидан бехабар бўлганингиз учун истисноси бор, дейишди. Истиқболимизга чиққанларнинг орасида Мўминжон Туркистоний деган ғоят маданиятли, шарқ адабиётининг уста билимдони бор экан.

— Менга нималар олиб келдингиз? Адабиёт газетаси ёки «Шарқ юлдузи» бордир? — болаларча бир шошқалоқлик ва умидворлик билан сўради у.

— Бор. «Шарқ юлдузи» билан «Ёшлик»нинг бу йилги беш сонини олиб келганман. Фақат бу нарсаларни Раҳматуллоҳ Туркистоний сўраганлар. Ваъдага биноан топширай, сиз у кишидан олиб ўқирсиз.

Мўминжон аканинг пешонаси тиришди, кўзойнагини олиб менга ғалати қараш қилди.

— Раҳматуллоҳ билимдон одам, лекин у кишининг ҳаддан ташқари иши кўп, китоб, журнал ўқиб ўтиришга вақти йўқ. Майли, ваъда қилган бўлсангиз ўз қўлига беринг. Мен албатта у кишидан олиб ўқийман, — Мўминжон ака бирдан олдинга энгашиб паст овозда сўради. — Ёшлардан кимлар бор? Чинакам истеъдодлар чиқяптими? Дунёга кўз-кўз қилсак арзийдиган шоир, ёзувчиларимиз борми?

— Бор, жуда кўп истеъдодли ёшлар етишиб чиқяпти. Бултур ўнга яқин шоир ва ёзувчининг китобини Урумчига олиб бордим. Ҳаммасининг асарлари уйғур тилида босиляпти. Арабистонда сиздек одам борлигини билганимда албатта бир қучоқ китоб ола келардим.

— Юртидан олисда яшаган одам ўз халқининг ютуғини кўрса, кўкси тоғдек кўтарилади. Мен Эркин Воҳиднинг ғазалларини ёд биламан, Муҳаммад Солиҳнинг номини кўп эшитдим-у, лекин ҳалигача биронта шеърини ўқимадим. Шулар қатори кимлар бор?

— Жуда кўп улар. Бирининг номини айтсам, иккинчисининг кўнглига келади.

— Ундай бўлса, ўша шоир, ёзувчиларнинг китобларига қарзсиз. Мусулмончиликда қарздорлик масъулиятини биласиз-а?

У кишининг гапини тасдиқлаб бош ирғадим. Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳнинг ҳузурларига бир одам келиб нарса сўраган. «Ҳозир қўлимда ҳеч вақо йўқ, — деганлар сарвари олам надомат чекиб. — Лекин мен сендан қарздорман, қўлимга бирон нарса тушиши билан қарзимни узаман».

— Сиз билан яна кўп кўришамиз-у, шундай бўлса-да, бир гапни тайинлаб қўймоқчиман, — деди Мўминжон ака ёшига номуносиб эҳтирос, жўшқинлик билан. — Юртдаги қаламкашларимизга айтиб қўйинг, Навоийни кўп ўқишсин. Навоийни ўқимай қўйганинглар сабабли тилни бузяпсизлар, ўзингларча ҳеч қандай маъно англатмайдиган сўзлар ясаяпсизлар.

— Йўғ-э…

— Йўқ эмас, хўп деяверинг, — Мўминжон ака кўрсатгич бармоғи билан ҳавони чўрт кесди. — Тилимизда марҳам деган сўз бор, билар-билмас ўзингларча уни малҳамга айлантириб олдинглар.

— Дори маъносида малҳамни айтяпсизми?

— Худди шуни! — Мўминжон ака кўрсатгич бармоғини бўшлиққа нуқиди.— Мана, Навоийдан бехабарлигингизни ўзингиз исботлаб турибсиз.

Аён айласун реши дарду ғамин,
Ёқай дод бермак билан марҳамин, —

дейди Навоий. Сизлар нуқул малҳам деб ёзасизлар. Тилимизни бузиб худонинг олдида гуноҳкор бўлишдан қўрқмайсизларми?

— Битта сўзга шунча ваҳимами? — дея гапни ҳазилга бурмоқчи бўлдим. Бироқ менинг майнавозчилик қилишимдан Мўминжон ака баттар бўғилди.

— Битта сўзми? Биттагина сўз бўлса кошки эди! Тавба?!.. Битта сўз эмиш-а! — Мўминжон ака худди мен билан ёқалашадиган важоҳатда кўзлари чақчайиб, юзи бўртиб, қизариб кетди. — Биттагина сўз бўлса кошки эди, тилимизнинг ярмини ўрисчалаштириб расво қилдинглар-ку. Тушлик овқат ёки ғизо демайсизлар, осонгина обед, сизлар учун якшанба йўқ, отдих бор. Навоий суюб қўллаган марғуб деган сўзни мақбулга айлантириб юбординглар.

Ёрдин келмиш менга бир турфа мактуб, эй кўнгил —
Ки, эрур ҳар сатри бол, лафзи марғуб, эй кўнгил.

Марғул деган чиройли сўзни умуман ишлатмай қўйдинглар. Уйғурлар фақат куйга нисбат бериб қўллашади. Қаранг, Навоий қандай чиройли лутф қилади:

Ул оқшомким, юзига луъбати чин
Ешиб марғула ёйди зулфи мушкин.

Гўзалми? Ғоят гўзал! Сиз қаламкашларнинг Навоийни ўқимай қўйганингиз касрига халқ кофир билан кофур сўзининг фарқига бормайдиган бўлиб қолган. Кофур ҳаддан ташқари оқ, хушбўй нарсалигини сиз ҳам билмайсиз. Тўғрими? Агар ўрисчилаб камфора десам дарров тушунасиз. Навоийда бодаи кофургун, яъни оқ рангли май деган ибора бор. Сизлар бавосил деб ишлатадиган сўз аслида бавосир. Ўзимизча бурут деган сўз турганда форсийча мўйилабни, ёғлиқ ўрнига форсийча рўмол (рўйи мол)ни ишлатасизлар. Қўлёғлиқ деса ҳеч ким тушунмайди, дастрўмол ҳаммага тушунарли. Бунақа мисолни истаганча келтириш мумкин. Сиз тағин биттагина сўз дейсиз. Ана энди ўзингиз инсофан ўйлаб кўринг, биттагина сўз эканми?

Олис Арабистонда тилимизнинг бунчалик жонкуяри бордир деб сира ўйламаган эдим. Мусофирчиликда юриб адабиётимизни синчковлик билан кузатаётган маърифатли одамларимиз борлигидан теримга сиғмай қувондим. Айни вақтда ўтмиш адабиётимизни чиндан ҳам яхши билмаслигимдан хижолат чекдим. Орадан бир неча соат ўтгач, бу хижолатимга вужудимни зир қақшатадиган ўкинч ҳам қўшилишини ҳали билмасдим. Инсон ҳамиша тақдирнинг қандай ўйинлари борлигидан бехабар ўзича режалар тузиб яшайверади, пешонаси деворга тақ этиб урилганда надоматлар чекади-ю, бефойда.

Макка сафаримиз бир неча соатга кечиктирилганини, ҳозир Жиддада яшовчи яқиндагина дам олишга (пенсияга) чиққан собиқ вазир меҳмонга таклиф қилганини айтишди. Мезбон Арабистонда катта обрў-эътиборга молик уламои киромлардан бири бўлиб, бизнинг қаламкашлигимизни эшитгач, дастурхон устида суҳбатлашмоқчи, юртимизнинг аҳволи, биздаги илм-маърифат тараққиёти ҳақида маълумотлар олмоқчи бўлибди. Жидданинг сокин кўчаларидан биридаги бир қаватли оппоқ бинонинг темир панжарали дарвозасидан кириб борганимизда ўрта бўйли, соч-соқолининг қораси қолмаган, истараси иссиқ мезбон қучоқ очиб кутиб олди, худди эски қадрдонлардек кифтларимизни силаб, юзини юзимизга босганча: «Аҳлан ва саҳлан» деб кўришди, сўнг худди подшоларнинг тахтини эслатувчи оромкурсилар қўйилган меҳмонхонага бошлаб кирди. Меҳмонхонада йигирма чоғли одам бор экан, ҳаммалари бизни қаршилаб оёққа қалқди, тил билмаганимиз учун гап-сўзсиз кўришдик. Хона тўридаги оромкургиларга чўкдигу худди тилдан қолган соқовлардек нима дейишимизни, нима қилишимизни билмай ноқулай бир аҳволда ўтиравердик. Мезбонлар эса бир-бирлари билан араб, инглиз, ҳатто урду тилларида эркин суҳбатлашишар, биз — «дунёнинг энг ҳур ва энг гуллаб-яшнаган мамлакатидан келган бахтиёр» одамлар ўрис тилини халқаро муомала тили деган коммунистик тарғиботга ишониб янглишганимиздан афсусланиб ўтирардик. Албатта, инглиз тилидан яхшигина хабардор Жамол Камол бундан мустасно эди. У дарров мезбонлардан бири билан суҳбатга киришиб кетди.

Бироздан кейин қўшни хонага таклиф этилдик. Хона ўртасига анвойи мевалар, хуштаъм шарбатлар, оғизда эриб кетадиган ширинликлар билан ясатилган узун стол қўйилган, тўрда эса ёқимли иси иштаҳани қитиқловчи ўнларча ғизо бизга мунтазир эди. Бу ернинг таомилида ҳар бир киши ўзи бориб истаган овқатидан тахсимчага солиб келар, хоҳлаган мевасидан ер, кўнгли тортган шарбатидан ичар экан. Бундай русумга одатланмаганим учун қисиниб-қимтиниб ундан-бундан тотинган бўлдиму қўлимни артдим. Тўғриси, кумуш қошиқларни, биллур идишларни, тилла ҳалли финжонларни ишлатишга унча қовушолмадим. Бу ерда олинг, олинг деган такаллуф, мана бунинг таъмини тотиб кўринг, деган илтифот бўлмас, меҳмонни хуш кўрдик, икки қўлини бўш қўйдик, деган таомилга қаттиқ амал қилинар экан.

Ёнимдаги бўш жойга паст бўйли, чўққи соқолли, ҳаракатлари чаққон одам келиб ўтирди. Хизматчиларга топшириқ бериб юрган мезбон у кишига узоқдан лутф қилди: «Марҳабо, устоз Раҳматуллоҳ, марҳабо!» Мен кўпдан бери хат ёзишиб юрган ғойибона танишим, Робитаи оламин муслиминнинг масъул ходими Раҳматуллоҳ Туркистоний шу киши эканини англаб, ўзимни танитдим. У киши: «Хуш келибсиз», деди-ю, индамай овқатини еяверди. Очиғи, Раҳматуллоҳ Туркистоний учрашувимиздан терисига сиғмай қувонади, худди эски қадрдонлардек дарров опоқ-чапоқ бўлиб кетамиз, деб ўйлаганим учун бундай муомаладан эсанкираб қолдим. Қўлимни артиб, емакхонадан чиқдим. Жойимга келиб ўтиришим билан биллур финжонда хуштаъм чой келтиришди, аммо Шири Ланканинг хушбўй чойини ичгим келмади. Бирдан кайфиятим бузилиб, юрагим ғашланди. Тил билмаганим етмагандек қора тортиб келган одамимнинг муомаласи бундай бўлса, жуда ҳам етимсираб қолар эканман-да, деган ўй миямни чуқилаб ўтди. Йўлга чиқишдан олдин ҳамроҳларимдан бири: «Биз-ку бултур Туркияга борганда гаплашиб, ишни пишириб келган эдик, сизни Маккага ким чақиртириши мумкин?» деб сўраганда: «Худо! Менинг яратган эгамдан бошқа ишонганим ҳам, суянчиғим ҳам йўқ», деган эдим. Ўшанда катта кетворганим учун энди афсуслана бошладим. Аслида-ку, гапим тўғри, лекин ҳозир дунёнинг ишлари Аллоҳга қуруқ таваккул қилишдан кўра таниш-билишга, муросаи мадорага қурилган. Бундай шароитда менинг гапим болаларча соддаликдан бўлак нарса эмас.

Зиёфатдан кейин Маккаи мукаррамага равона бўлдик. Ойнадек текис йўлда ўн кишилик сайёра учиб кетаётганга ўхшайди. Йўлнинг икки четида худди қўлда ясаб қўйилгандек яйдоқ тоғлар, осмондан учиб тушган самовий жисмларни эслатувчи харсанглар кўзларга ташланади, тоғларнинг тоши ҳам, харсанглар ҳам офтоб тиғида куйиб, ўртаниб кетгандек қоп-қора. То уфққача туташиб кетган саҳронинг қуми ҳам сарғиш эмас, қорага мойил, тўқ жигарранг, тупроқ ҳам на сағиз, на бўз — қорамтир. Парвардигори олам бу қақроқ заминга ўз пайғамбарларини йўллаб, куннинг тиғида куйдириб, қақроқ даштда, тоғларда уринтириб чинакам синовдан ўтказгани бежиз эмас шекилли. Одамларга йўлбошчи бўладиган зоти муборакларнинг ўзлари аввало мана шу қийинчиликларга бардош бермоғи лозим эди. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтдилар. Улардан инсониятга тўғри йўл, яхши ибрат, битмас-туганмас ҳикматлар мерос қолди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг адашиб-улоққан одамларга Худонинг ўгитларини етказаман деб чеккан заҳматлари адосиз. Бу қорайган тошлар менга Расулуллоҳнинг ҳасратлари бўлиб туюлади, шамолда тўзғиб юрган қумлар сарвари оламнинг тизгинсиз ўйлари, сиз билан бизнинг, бутун инсониятнинг истиқболини ўйлаб чеккан изтироблари… Биз у зоти муборакнинг мана шу саросар ўйлари қуюнидан ўтиб Маккаи мукаррамага шошамиз. Бу заминда Расулуллоҳнинг излари бор, ҳар қадамда у кишининг тафтини ҳис этиш мумкин.

Сайёра Маккага яқинлашган сари мени бир ўй исканжага ола бошлади: бу улуғ ибодатгоҳга, муттақий зотлар руҳан покланадиган масканга киришга ҳаққим бормикан? Бир пайтлари одамлар туялар карвони билан жазирама иссиқда симобдек эриб, очликдан силласи қуриб, ташналикдан адойи тамом бўлиб, минг хил заҳмату кулфат чекиб келишган бу ерларга. Умрида бир марта ҳаж қилиш учун умр бўйи емай-ичмай йиққан бойлигини сарфлашган. Мен йўл азобини тортмай, ёнимдан бир тийин сарфламай Робитанинг таклифи билан худди янги фатҳ этилган шаҳарга кирган ғолиб аскардек бемалол келяпман. Менинг умра ниятида, имкони бўлса ҳажга қолиб қиладиган ибодатларим қабул бўлармикин? Умуман, Маккадек муқаддас шаҳарга кириш мендек гуноҳкор, оми бандага равомикин? Аллоҳнинг фарз намозини ўқишу рўзасини тутишдан бошқа амаллардан ожизман: бировга ёлчитиб яхшилик қилганимни эслолмайман, бошига мусибат тушган яқинимнинг кунига ярамаганман, на ўз ҳисобимдан ариқ қазиб, бўз очган, на кўприк солиб одамларнинг мушкулини осон қилган, на илм ўргатиб бирон оми одамнинг дилини мунаввар этмаган бўлсам. Салкам эллик йиллик умримда сенга фалон яхшиликни қилганман, фалон пайтда қарз берганман, ёки ундай китобни ўқиганман, бунча билимим бор, сенга ҳам анча-мунча нарсаларни ўргатганман, дея миннат қилган зотларни, мен ўз соҳамда фалон янгиликларни яратганман, деган такаббур кимсаларни кўп кўрдим. Афсуски, мен ҳарчанд истасам-да, такаббурлик қилишга арзигулик шону шавкатим йўқ: на адабиётда қадрим, на ҳаётда ўрним бор. Шайх Баҳовиддин Нақшбандий таъбири билан айтганда, бировларга садоқат билан хизмат қилувчи итнинг оёқ изи бўлишни ўзига шиор этган мендек бир ҳақиру фақирга шундай улуғ тупроқни кўзга тўтиё этмоқлик равомикин?

Посбонлар турган ерга яқинлашиб қолганимизда араб ва инглиз тилларида «Маккага номусулмонлар ва ғайридинлар киритилмайди», деган улкан лавҳага кўзим тушдию юрагим шув этиб кетди. «Эй парвардигор, шарманда қилма!» дея хаёлан Ҳаққа ёлбордим. Ҳужжатларимиз билан танишаётган соқчи: «Советданми?» деб сўради. «Ҳа, Советдан. Ғарбий туркистонлик меҳмонлар», дея жавоб берди Раҳматуллоҳ Туркистоний. Соқчи ойнадан мўраларкан: «Бухорийлар экан-да», деди кулимсираб. «Ҳа, бухорийлар, туркистонликлар», дея изоҳ берди йўлбошловчимиз.

Худди нинанинг учида ўтиргандек жонсараклик билан кутган текширувдан ҳафсалам пир бўлди. Мусулмонлар саждагоҳига одамлар бор-йўғи бир парча қоғозга қараб киритилар экан. Мен эсам Тошкентдан йўлга чиққанимдан буён Макканинг остонасига етганимда бу ёққа киришга муносиб эмассан, деб қайтариб юборишса ҳолим нима кечади, дея ич-этимни еб келаётган эдим. Хавотирим беҳуда бўлиб чиқди. Менинг дилимда нималар борлиги, эътиқодим нечоғли мустаҳкамлиги, ибодат қилиш-қилмаслигим ҳеч кимни қизиқтирмас, бор-йўғи ҳужжатдаги исм-шарифим мусулмончага ўхшаса бас экан. Ўқлоғидек ҳарфлар билан ёзилган таҳдидли эълон, шунчаки расмият учун амалга ошириладиган бу текшир-текширлар менга хўжакўрсин учун қилинадиган беҳуда ҳатти-ҳаракат бўлиб туюлди. Аслида бу сарҳадда одамларнинг чин мусулмон ёки қалбини шайтонга топширганини, имон келтириш, Аллоҳга ҳамду сано, расулуллоҳга дуруд айтишни билиш-билмаслигини, фарз, вожиб, суннат амаллари нималардан иборатлиги сўралиши керак эмасми? Сайёра ўрнидан жилди. Хаёлимда бир-биридан зид саволлар ғужғон ўйнаса-да, тилимда Расулуллоҳдан мерос қолган дуони аста шивирлай бошладим: — Лаббайкаллоҳумма лаббайк, ла шарика лака лаббайк, инналҳамда ваннеъмата лака вал мулк, ла шарика лак» (Эй Аллоҳ, мен сенинг итоатингдаман, сенинг итоатингдаман, сенинг шеригинг йўқ, сенинг итоатингдаман. Барча ҳамду сано, жамъи мавжудотларни бошқариш ва неъмат (бериш) сенга хос. Сенинг шеригинг йўқ). Аслида ҳожилар ёки умра қилувчилар бу дуони баланд овозда ўқишлари керак, бирон биз Маккага умра нияти билан келаётган одам уни овоз чиқариб ўқиш керакми, йўқми, билмаганимиз учун ўзимча такрорлайвердим. Дуони ҳар сафар ўқиганимда негадир ич-ичимдан хўрсиниқ отилиб чиқар ва беихтиёр кўзларимга ёш қуюлар, назаримда Маккага кирган заҳотим кутилмаган мўъжиза юз берадигандек, фавқулодда бу ҳодиса фикрларимни, дунё ва охират ҳақидаги ўйларимни, аллоақибат ҳаётимни остин-устин қилиб юборадигандек туюлар, мен учун сим-симдан ҳам тилсим бу диёрдан бутунлай бошқа одамга айланиб қайтадиганга ўхшардим.

Лаббайкаллоҳумма лаббайк!.. Офтоб тиғида чақнаб ётган қоп-қора харсанглар Аллоҳнинг мўъжизаларини кўриб ҳуши учган дунёнинг ҳайратлари! Ҳайрат — вақтнинг маълум сонияда ҳаракатдан тўхтаган ҳиссиёт. Агар тузукроқ эътибор берилса, инсон қалбида тошга айланган туйғулар уюми қалашиб ётибди. Бироқ биз шундай тезоб ва асабий жамиятда яшаймизки, ўзлигимиз ҳақида ўйлаб кўришга, ботиний оламга кўз қирини ташлашга имконимиз йўқ.

Ла шарика лака лаббайк!.. Илгари Макканинг ҳурмати учун одамлар Миқоддан яъни эҳром боғлаш чегараси қилиб белгиланган манзилдан пою пиёда келишган экан. Ота-боболаримиз шундай ҳикоя қилишган. Биз эса совутгич муздек ҳаво уфуриб турган япон сайёрасида бемалол дунёвий гапларни гаплашиб кетяпмиз: Макка қачон қурилган, аҳолисининг сони қанча, қандай завод, фабрикалар бор, нималар ишлаб чиқарилади, одамларнинг турмуш савияси… Гўё бу ерга Аллоҳ таоло билан юзма-юз келиб унга изҳори дил қилиш учун эмас, бу оламнинг битмаган ишларини битириб, кўнглимиз тусаган тартиб-қоидаларни ўрнатиб кетадиганга ўхшаймиз. Дунё бизнинг измимизда эмаслиги, аксинча биз бу оламнинг кўзга кўринмас ушоқ бир зарраси эканимиз ва шу ҳолда инон-ихтиёримиз яратганнинг қўлида эканини хаёлимизга келтирмай Арабистоннинг аҳолиси нималар ишлаб чиқариши, қандай тирикчилик кечиришининг ташвишини қиламиз. Бандам деб яратган парвардигор ҳаёт кечириши учун уларга ҳам бирор машғулот топиб бергандир. Биз қай йўсин гуноҳларимизни ювиш, Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун қандай ибодатлар қилиш ғамини ейишимиз керак эмасми? Ахир Маккага келиш бизларга қайта насиб этадими, йўқми, Худо билади. Бу муқаддас масканнинг ҳурматини бажо келтириб пою пиёда йўл босиш, умримизда бир марта насиб этган умра қилиш имконининг нечоғли улуғ саодат эканини хаёлимизга келтирмай биримиз олиб, биримиз қўйиб гап берамиз: «Ўзбекистонда, умуман Совет Иттифоқида ёзувчиларнинг қадр-қиммати жуда баланд, ҳамма ижтимоий масалаларни қаламкашлар кўтариб умумхалқ муҳокамасига ташлайди, ҳукумат жамоатчиликнинг фикрига биноан талай-талай қарорларни ўзгартиряпти, пахтачиликда заҳарли дориларни ишлатмасликни ҳам биз қаламкашлар кўтариб чиқдик, Орол денгизини қутқариш масаласини ҳам биринчи бўлиб биз айтдик, болалар ўлими жиҳатидан дунёда биринчи ўриндалигимизни ҳам биз фош этдик, биз ёзувчилар халқнинг дардини айтадиган чинакам жасур кишиларга айланганмиз, биз ундай… биз бундай…

Тўғри, ҳозир жамиятдаги виждони пўпанак босиб улгурмаган кучлардан бири қалам аҳли. Бироқ, куюнчак одамларнинг фикри билан мутлақо ҳисоблашмайдиган жамиятнинг ишларига аралашувимиз нимани ўзгартирди? Биз дод солаверганимиздан кейин пахтачиликда битта заҳарли дори ўрнига бошқасини қўллай бошлашди. Сабзавотга умуман минерал ўғит солинмасин, деган фармойиш берилди, надоматлар бўлсинки, деҳқонлар ҳар хил йўллар билан ўғирлаб-тўғирлаб минерал ўғит топишяпти. Агар бундай ўғит солинмаса, ҳосил битмайди, ер банги бўлиб қолган, ҳосил битмаса, давлат белгилаб қўйган топшириқ бажарилмайди, кўрсатмадаги ҳосилни топширмаса жамоа хўжалигидан қарзга ботиб, бола-чақаси кесак ғажийди.

Қалам аҳли кўксини чок этиб дунёга жар солаётганидан буён неча йил ўтди, лекин ҳалигача Орол денгизига бир томчи сув томгани йўқ. Қорақалпоғистон аҳолиси ҳали ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланган эмас. Одамларнинг руҳи тушкун, эртанги кунига ишонч йўқ, ҳамма худди учинчи жаҳон урушини кутаётгандек таҳликада яшайди. Шоҳ Машраб айтмоқчи:

Дили тиғи ситамдин пора бўлган халқни кўрдум,
Тани дарду аламдин ёра бўлган халқни кўрдум.
Кўзи вақти саҳар сайёра бўлган халқни курдум,
Муҳаббат даштида овора бўлган халқни кўрдум
Жунун туғён этибдур ҳар бириси бехабар танҳо.

Бундай вазиятда биз ўз нуфузимизнинг юксаклиги ҳақида лоф ургандан кўра, Аллоҳ таолога астойдил сиғиниб халқимизга рўшнолик тилаш ҳақида ўйламоғимиз лозим эмасми? «Иннал ҳамда ваннеъмата вал мулк»ни бир лаҳза ҳам тилимиздан қўймай мулк эгасининг ўзидан эл-юртимизга неъматлар ато этишини сўрамоғимиз керак. Зеро, бу ерга келишдан мақсадимиз ҳам шу-ку, ахир. Бизлар: «Биҳишт ичра қадам қўймам, йўқ эрса ваъдаи васлинг, Ки сенсиз менга бу жаннат мисоли нори сўзондур», дея оладиган девонаи Машраб эмасмиз. Худди ланғиллаган тандирдек жизғанаги чиққан чўлу биёбонда сочилган қумлар: «Ки сенсиз найлайин ушбу жаҳонни», дея дунёнинг «Кетига бир шатталаб ўтган» ҳақгўй шоирнинг тутқич бермас хаёлларига ўхшаб туюлади. Бизнинг фикри-ёдимиз эса дунёвий маишат, кундалик ташвишлар билан банд.

То Маккага етгунча бир туп тиккайган дарахт учрамади. Уфққа туташиб кетган ҳудудсиз саҳро, ҳар жой, ҳар жойда шакли бузуқ улкан маҳлуқларни эслатувчи қоялар, яйдоқ тоғлар учрайди. Тепадан қуёш олов пуркайди, қизиб кетган ҳаво ҳозир лов этиб аланга олиб кетадигандек туюлади, ер иссиққа чидолмай ҳансираб нафас олаётгандек бўлади, на йўл четларида чўнқайган юмронқозиқ, на пастлаб йўлни кесиб ўтишга улгуролмай сайёра ойнасига тарсиллаб уриладиган чумчуқлар кўзга ташланади. Биз томонлардагидек қип-қизил гуллаган юлғун чакалакзорлари, қуюқ бутазорга айланган саксовуллар кўзга чалинмайди. Онда-сонда оч яшил тусли саҳро гиёҳлари, янтоқлар, худди тоғу тошларга мос қорамтир тусли иланг-биланг буралиб ўсган буталар учрашини ҳисобга олмаганда одамнинг нигоҳи қувонгудек бирон бир кўм-кўк ранг йўқ. Ажабки, парвардигори олам энг гўзал, энг хушманзара маскан — жаннатул маводан қувилган Одам Ато билан Момо Ҳавони олган нафаси олов бўлиб аъзойи баданни куйдирадиган, юрса билқиллаган тупроқ эмас, чақир тошлар товонларини тиладиган, сувсизликдан тузукроқ дов-дарахт кўкармайдиган жойга туширган. Бу дунёнинг имтиҳонлиги ана ўшандан — биринчи Одам ҳаётнинг шафқатсиз синовларига дуч келишидан бошланган экан. Шундан буён имтиҳону синов давом этади, шундан буён Одам боласи Ер юзидаги биринчи ибодатгоҳ — Одам Ато барпо этган, Нуҳ тўфонида емирилиб, Иброҳим халилуллоҳ билан ўғиллари Исмоил алайҳиссалом тиклаган, Муҳаммад алайҳиссалом қайта қурган Каъбага интилади. На йўлнинг олислиги, на куннинг иссиғи, на сувнинг танқислиги, на мусофирчиликнинг азоблари писанд эмас. Дунёнинг бу машаққатларини ҳамма ихтиёрий қабул қилади, Каъбага етган ҳожи, етмаган шаҳид!..

Бир-бирига мингашиб кетган яланғоч тоғлар силсиласи ортидан дастлабки кўп қаватли иморатлар кўринди. Сайёра яқинлашгани сайин шаҳар юксалиб, ғаройиб бир салобат, улуғворлик касб этди. Беихтиёр юрагим орзиқиб кетди. Муҳаммад алайҳиссаломдек улуғ бир инсон дунёга келиб, инсониятга ислом деб аталувчи ҳидоят нурини тарқатган, бу йўлда жуда кўп жабр-ситамлар чексалар-да ниятларидан қайтмай даъватларини давом эттираверган шаҳар. Унинг зиёратига етмоқлик ота-боболаримизнинг ушалмас армонига айланган, бизнинг тасаввуримизда ҳар қадамда бир мўъжиза содир бўладиган афсонавий бир диёр. Тилим «Лаббайкаллаҳумма»ни такрорласа-да, хаёлимда болаларча содда бир фикр чарх уради: шаҳарга киришим билан кутилмаган мўъжиза юз беради, сайёрадан тушишим билан сирли бир оламга дуч келаман ва ҳаш-паш дегунча бутунлай бошқа одамга айланаман. Албатта, шундай бўлади. Ҳамма нарса Аллоҳнинг илкида: истаса чикка қилади, истаса пукка.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 126-оятида Маккани мўътабар шаҳарга айлантиражагини шундай таъкидлайди: «Ўшанда Иброҳим: «Парвардигорим! Бу ерни (яъни Маккани) омонлик масканига айлантиргин. (Шаҳар) аҳолисининг Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганларига турли-туман мева-чеваларни ризқ қилиб бергин», деди. Аллоҳ: «Мен имонсиз одамга ҳам бир оз (яъни бу дунёда) ризқ бераман, кейин охиратда уни дўзахга ҳайдайман», деди.

Макка асосан тоғу тош устида барпо бўлган кўпқаватли муҳташам бинолар, ораста кўчаларнинг икки четида сон-саноқсиз дўконлар, ошхоналар, устахоналар саф чеккан гавжум шаҳар экан. Шаҳар қурилишида шарқона ўзига хослик ярқ этиб кўзга ташланмайди, жаҳон меъморчилигида кенг қўлланилаётган бетон, ғишт ва ойнадан тикланган осмон ўпар бинолар. Фақат алоҳида диққатга сазовор жиҳати шуки, бир бино иккинчисига ўхшамайди, шакли ҳам, безаклари ҳам, нили ҳам ўзига хос, бетакрор. Кун забтига олганига қарамай кўчаларни тўлдириб юрган одамларнинг либоси бир хил — то тўпиққача тушадиган узун оқ кўйлак билан, оқ иштон. Ҳамманинг бошида қора чамбарак билан бостириб қўйилган оқ ёки читтак гулли қизил рўмол, оёғида шиппак, қайси бири амалдор, қайсиниси оддий фуқаро, билиш маҳол. Ҳамма тақдир қилган лавозимда ишлаб, ризқини топиб юрибди. Биздагидек амалига ёки бойлигига бино қўйиб ўзига зеб бериш, димоғ-фироғ йўқ. Ҳамма ўзининг кундалик юмуши билан машғул: биров кўча-кўйни супиряпти, биров савдо-сотиқ билан банд, биров ўқишга ошиққан, биров эҳром боғлаб дуо ўқиб юрибди, ҳеч ким бир-бирини тергамайди. Бу шаҳарда биздагидек ғайритабиий ҳол — кўча-кўйда ағанаб ётган маст-аласт, кўзи бежо киссовур, пичоқ ёки тўппонча кўтарган йўлтўсар, пайт пойлаб турадиган машина ўғрилари, дўконлар олдида саф чеккан узундан-узун навбат йўқлиги, йўл талашиб, нарса талашиб бақириб-чақиришлар, сўкишу қарғишлар эшитилмаслиги учун ҳаммаёқ осуда, одамларнинг гап-сўзи, хатти-ҳаракатида асабийлик сезилмайди. Кўчалар тор бўлишига қарамай серқатнов, «Тойота», «Ниссан», «Мерседес», «Форд», «Линкольн» сайёралари, Олмонияда чиқадиган «Мерседес» автобуслари турнақатор ўтиб туришади, лекин ҳар қанча тиқилинч бўлмасин, кўчаларда қулоқни қоматга келтирадиган бибиплашлар, ҳайдовчиларнинг бўғилиб сўкинишлари, кескин тўхтаганидан ғилдиракларнинг чийиллашлари эшитилмайди. Ваҳоланки, Арабистонда чекланган ҳаракат тезлиги соатига бир юз ўн чақирим. Биронта сайёранинг орқасидан бурқсиган тутун чиқмайди, шу боис ҳавода кўнгилни беҳузур қилиб, бошни оғритадиган қўланса ҳид йўқ. Бу юртнинг инсофли одамлари биздагидек бензинга саларка қўшиб сотиш мумкинлигини билишмайди. Бировнинг ҳақига хиёнат қилиб гуноҳкор бўлишдан қўрққан инсонлар у қадар ночор яшашмаса керак. Биздагилар гуноҳдан эмас, оч қолишдан қўрқишади. Ҳаромхўрликнинг энг бирламчи манбаи — имонсизлик. Имонсиз кимса ҳеч нарсадан тап тортмайди, ўз манфаатини кўзлаб бемалол бировнинг ризқига чанг солаверади.

Макканинг қоқ ўртасида, нафақат бу шаҳар, балки ер куррасининг киндигига жойлашган биринчи ибодатгоҳ Каъба билан Масжиди ҳаром ўзининг кўкка бўй чўзган пурвиқор миноралари, салобати ақл-ҳушни ўғирлайдиган маҳобатли йигирма беш дарвозаси, нозик дид билан нақшлар ўйилган мармар кошинлар, бир-бири билан ранг талашгувчи сарғиш, қизғиш, оқиш, оч жигарранг мармар устунлар, мовий гумбазлар қуёш селига чўмиб, офтоб тиғида ял-ял ёнади. Етмиш беш минг мурабба (квадрат) метр саҳнни эгаллаб турган икки қаватли ибодатгоҳ улуғворлиги билан ҳар қандай одамни ҳайрону лол этади. Бу табаррук жойнинг Масжиди ҳаром (ҳарам эмас) деб аталиши бежиз эмас. Аллоҳ таоло масжид ичида қон тўкишни, бировнинг ҳақига хиёнат қилишни, дилозорликни, ёлғон гапиришни, риёни ҳаром қилган. Агар бир-бирига қасдлашган ашаддий душманлар ҳам таъқибдан қочиб Масжидга кириб олса, ҳар қандай хавфу хатардан амин бўлади. То ташқарига қайтиб чиқмагунча унинг жонига қасд қилиш ҳаром қилинган. Масжиди ҳаромнинг ҳудудида бирон гиёҳни юлиш, паррандаларни овлаш, ҳатто пашшани ўлдириш ҳам тақиқланган. Бу ерга кирган одамлар ибодат учун жой талашиб бир-бирини туртиши, қаттиқ-қурум гапириши, Каъбани тавоф этаётганида бировга озор етказиб қўйиши мумкин эмас. Акс ҳолда қилган ибодати қабул бўлмайди, устига устак гуноҳга ботади.

Аллоҳ таоло ҳижратнинг бешинчи йили мусулмонларга ҳажни фарз қилди. Жисман ва моддий жиҳатдан қодир одамлар йилда бир марта йиғилиб, бир-бирлари билан дийдорлашиши, исломий ишларни муҳокама этиши ҳамда бу йўлда яратгандан мадад сўраб ибодат қилиши учун Каъба атрофига жаъм бўлишлари шундан буён қатъий удумга айланди. Гарчанд сиртдан қараганда Каъба зиёратига келиш расмиятчиликка ўхшаб кўринса-да, аслида Мирзо Абдул Қодир Бедил айтмоқчи, ҳар бир комил инсон:

Ғариблар кулбасидин бошлагум Каъба тавофини,
Ва ўз жунун дилимни ҳам эиёратлар қилурман мен, —

дея олиши керак. Ўз дилини тафтиш эта билмайдиган, муҳтож қўшнисига ёрдам қўлини чўза олмайдиган, умуман бировлар учун қайғурмайдиган инсоннинг тоат-ибодати қанчалик раво бўлиши ёлғиз Худонинг ўзигагина аён.

Қуёшнинг заррин нурларига чўмиб турган бу масканга ўзини виждон чиғириғидан ўтказмай туриб, бу дунёнинг ҳою ҳавасларидан узилмай боришнинг ўзи гуноҳи азим. Ахир Машрабдек улуғ зот бежиз:

Бу тани ҳокинию руҳи равонни на қилай!
Бўлмаса қошимда жонон (Аллоҳнинг ишқи) бу жаҳонни на қилай!
Ёрсиз (Худонинг ёдисиз) ҳам бодасиз (ваҳдат майисиз) Маккага бормоқ на керак!
Иброҳимдан қолган ул эски дўконни на қилай! —

демаган-ку.

Сайёра Масжиди ҳаромнинг «Ас-салом» дарвозаси олдига келиб тўхтади. Нафасни қайтарувчи ҳовур уфуриб турган асфальтга қадам қўйдиму мўъжиза юз беришини кутиб тонг қотдим. Кўм-кўк осмон ўз жойида турибди, кўкда муаллақ қотиб қолган қуёш ўша-ўша олов селини пуркайди, кўп қаватли уйлар тамкинлик билан қуёш тиғига кифтини тутган, оёғим остидаги замин чаппа айланиб кетгани йўқ, оқ либосдаги одамлар кундалик юмушлари билан машғул, эҳром боғлаганлар масжид сари оқади, мен ҳам уларга қўшилиб мармар зиналарга қадам қўйдим. Ана шунда вужудим ларзага тушди: шу пайтгача ҳар бир ташлаган қадамим мени алдам-қалдам, риё кўчаларига элтди, қирқ беш йиллик умрим сохта измга қурилган жоҳиллар юртининг ёлғон ва хатодан иборат биёбонларида адашиб-улоқиб ўтди, Маърифат деб ўрганганим дунёни ўз дидига мослаштиришга уринганларнинг қолипига солинган ёлғон гаплар, ҳурлик дея куйлаганим қуллик, илм дея мақтаганим сохталик бўлиб чиқди. Бундан кейин босадиган қадамимни ҳақиқат йўлига буриб юборгайсан, яратган эгам, лоақал қолган умримда дунёга очиқ кўз билан боқиб, рост билан ёлғонни англаб, ҳурлик билан қулликни фарқ этиб яшай. Лоақал бундан буён эл-улусга сен бизга раво кўрган саодат йўлларидан биронтасини кўрсатишга эришай. Гумроҳлар қаторида залолат ботқоғига ботганимча қолиб кетавермай. Эй, қодир эгам, аввало мен гуноҳкор бандангни, қолаверса ҳеш-ақраболаримни, ёр-дўстларимни ўзинг ёрлақагайсан!

Масжиди ҳаром икки қаватли бўлиб, сон-саноқсиз кошинкор устунларга тикланган. Ҳар тўрт устунни битта гумбаз туташтириб туради, устунларнинг эгилган ёйларига сарғиш, жигарранг, қизғиш мармар билан ишлов берилган. Ҳар бир гумбаз ўртасида ўнларча чироқ қўйилган ҳашаматли қандил осилиб тушган, устунларнинг тўрт томонига биттадан ел пуркагич ўрнатилган. Кечаю кундуз чириллаб айланиб турадиган хорижий елпуркагичларга боқиб беихтиёр кўнглимдан: «Бу нарсалар бизда бўлса, ўғирлаб кетишса керак», деган ўй ўтди. Ҳозир биз ўзи қурган социализмдан юз ўгирган, шу пайтгача байроқ қилиб сиғинган ғояларига тупирган, лекин ҳали тўғри йўлни тополмаган мамлакатда яшаймиз. Бу мамлакатда ўғрилик-тирикчилик манбаи, ғарлик, беҳаёлик, порахўрлик — қобиллик нишонаси, ароқкашлик — удум, фақат ўз манфаатини кўзлаш — уддабурролик. Бугун разолат шу даражага етдики, одамлар пора бермаса болаларини олий ўқув юртлари у ёқда турсин, ҳатто боғчага ҳам жойлаштиришолмайди. Пул қистирмаса бирон шифокор ўлаётган беморга қайрилиб ҳам қарамайди, одамлар ишга жойлашолмайди, таниш топиб икки баробар ҳақ тўламаган кимса очдан ўлади, бола-чақаси яланғоч қолади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳижратнинг тўққизинчи йилида башорат қилиб: «Аллоҳнинг номи билан қасам ичаманки, Ислом дини кенг қанот ёйиши туфайли шундай аминлик бўладики, Ҳиродан ёлғиз йўлга чиққан аёл киши бемалол Байтуллоҳни зиёрат қилиб, бехавотир қайтиб кетади», деганлар. У кишининг башоратлари нечоғли тўғрилигига Арабистон заминига қадам қўйган заҳоти амин бўлдик. Бу юртда ўғрилик деган тушунчанинг ўзи йўқ экан. Мабодо йилда бир-икки ўғрилик содир бўлса, шаръий ҳукм асосида жазоланар, жинояти оғир бўлса албатта қўли кесилар ва у кимса одамларнинг тавқи-лаънатига учрар экан. Маълумотларга қараганда онда-сонда учраб қоладиган қўли эгрилар асосан чет эллардан келиб ишлайдиган хизматчилардан чиқар экан. Расулуллоҳнинг башоратлари юз чандон тўғри чиқди. Бугун имон-эътиқод тантана қилган мамлакат ҳалоллик туфайли гуллаб-яшнамоқда, салкам бир асрдан буён Худога тош отиб, имондан юз ўгирган советлар иттифоқи эса ҳамма жиҳатдан таназзулга юз тутиб, ҳалокат жари ёқасига келиб турибди.

Ислимий ўймакор нақшлар билан зеб берилган пештоқларга ҳайрону лол тикилганча маҳобатли устунлар оралаб бораман. Ўнгу сўлимда эҳром боғлаган, узун оқ кўйлак кийган, ўзининг одатдаги либосларини ечмаган эркаклару қора чодра ёпиниб, юзини нафис тўр парда билан яширган, фақат кўзи ва оғзига ниқоб тутган ёки чеҳрасини очиб юрган аёлларнинг кўпчилиги мук тушганча ибодат билан машғул. Одамларнинг бир қисми Қуръон ўқиб ўтиришибди, устунларга суяниб узала тушиб ухлаётганлар ундан кўп. Йўлларнинг икки четига зам-зам суви тўлдирилган қизил идишлар териб қўйилган. Фақат бир марта ишлатиладиган оппоқ пластмасса коса (стакан)лар ҳар куни янгилаб турилар экан.

Сон-саноқсиз зиналар оппоқ мармар ётқизилган катта саҳнга олиб чиқади. Майдоннинг қоқ ўртасида улуғ саждагоҳ — Каъба салобат билан қад ростлаб турибди. «Биз Каъбани одамлар (ҳожилар ва умра қилувчилар) жаъм бўладиган жойга, омонли масканига айлантирдик. Мақоми Иброҳимни (кишиларга) саждагоҳ қилинглар (дедик), Иброҳим билан Исмоилга уйимни (яъни Каъбани) тавоф этгувчилар, эътикофда ўтиргувчилар, руку ва сажда қилгувчилар учун пок сақлашни буюрдик», дейди Парвардигори олам Бақара сурасининг 125-оятида.

Назаримда ер курраси ўз ўқи атрофида айланишдан тўхтади, вақт тош қотди, эриб симобга айланган вужудим йўқлик қаърига сингиб кетди, мен масжиднинг нилий гумбазларига, салобатли устунларига, мағрур минораларига айландим. Ҳаво бўшлиқларида чирқиллаб қанот қоқаётган қушлар ҳам — мен, кўк пештоқида акс садо бериб жаранглаётган талбия ҳам Аллоҳга ҳамду сано садолари ҳам — мен, Худонинг зикрини дилига жо этган одам ҳам — мен. Шу лаҳзадан эътиборан мен бутун оламга айландим олам эса менинг вужудимга жо бўлди. Кўзларим қароғи нурга тўлди. Мен ҳеч ким кўрмайдиган ризвон чаманзорларини кўриб қувонаман. Осмоннинг қаватларини, ернинг қатламларини бутун вужудим билан ҳис этаман. Ҳаво насимларида юракни орзиқтирувчи ёқимли оҳанглар, нафасни қайтарувчи иссиқда томирдаги қонни гупиртирувчи қудрат бор, юлдузларнинг жимирлашида инсонни юксакликка чорловчи хитоблар яширин, Расулуллоҳни олқишлаган дов-дарахт, тоғу тошларнинг сас-садолари менга ҳам баралла эшитилиб турибди. Оламдаги жамики мавжудот билан бир тану бир жон бўлиб кетдим. Олдимда ястаниб ётган сутдек оппоқ мармар майдондан ўтиб Каъбанинг остонасига етаман, Ҳажарул Асвадни ўпгач, унинг олтин дарвозасига бош қўйиб, неча йиллардан буён юрагим қатида йиғилиб ётган гапларимни тўкиб соламан

Ҳар кишики дарди бўлса, йиғласун ёр олдида,
Қолмасун армон юракда, этсун изҳор олдида.

Йўқ, мен «ошиқи зор олдида айтиб-айтиб йиғламайман». Ўзим жонли сўзга айланиб, Каъбанинг қора тошларига сингиб кетаман ва руҳим абадий масканим — Арш сари учади.

Масжиди Ҳаром остонасидан то Каъбагача бўлган масофа инсоннинг ҳаёт йўли. Уни қандай босиб ўтиш ихтиёри ҳар кимнинг ўзида.

Беғам, бепарво одим ташлаган киши умрини ғафлатда ўтказган ғофил банда.

Шошиб, ҳовлиқиб кетаётган одам — на ўзини, на яратганни танимай, дунёнинг гўзалликларидан баҳра олмай ёниб ўчадиган чақмоқ.

Ҳар нарсага анқайиб, ўнгу терисига аланглаб юрган кимса дунёга нимага келганини англаб етмаган гумроҳ банда.

Бўлар-бўлмасга ҳиринглаб, сўзамоллик қилиб бораётган одам қалбини занг босган нодон.

Чуқур ўйга ботганча дунёнинг аввали ва охири ҳақида фикр юритаётган, ҳар лаҳзада Аллоҳнинг зикрини қилиб, одамларнинг ғами билан яшаётган одамгина Каъбани тавоф этишга муносиб зот.

Товоним ерни ҳис этмайди, кўзларим дуо ўқиб, Каъба атрофида чаппар уриб айланаётган одамлар дарёсини кўрмайди, қулоқларим самовий сас-садолардан бўлак ҳеч нарсани эшитмайди. Осмоннинг ҳар тўрт энлик жойида саждада турган муаккиллар эса тинмай нидо қиладилар: «Аллоҳ сен улуғ ва қодир зотсан, бизни йўқдан бор қилган ўзингсан, охират кунида юзимиз қора бўлмаслиги учун ҳидоятингни дариғ тутмагин, мағфиратингдан бенасиб этмагин!» Хаёлимда не машаққатларда ўрганган дуоларим, Худога илтижоларим қуюндек чарх уради-ю, лекин тилим калимага келмайди. Исмим нима, миллатим қайси, маконим қайда, касб-корим не — ёдимдан чиқади. Зеро, бу масканда уларнинг мутлақо аҳамияти йўқ. Алоҳнинг ҳузурида танҳо ўзингсан. На уруғ-аймоғинг, на қўлловчинг, на хизматчинг бор. Яратгану сен! Шоҳ Машраб айтмоқчи, дардинг бўлса айтиб-айтиб йиғлагайсан, йўқса, Каъбанинг зиёрати шунчаки сайр-томоша, бир мулла танишим айтмоқчи, ҳаждан мурод — тижорат бўлиб қолади.

Кўзларим қароғини хира парда босади. Киприкларга инган сузик томчига айланиб Каъбанинг остонасига томишга рози бўлади киши. Чак этиб ерга тушсангу абадий фароғатга эришсанг. Афсуски, бунинг иложи йўқ, қисматда нелар борлигини фақат яратганнинг ўзигина, билади, холос. Мен эсам симобдек қалқиган вужудимни судраб олдинга интиламан. Манзилим абадиятдек олис, мақсадим ушалмас армон — кўзлар сўқиру оёқлар шол. Инсоннинг имконларини шунча чеклаб яратганмисан, эгам?!

Одамлар оқими мени ўз домига олади. Дунёнинг турли минтақаларидан келган оқ, сариқ, қора танли, лекин бир хил либосдаги — эҳром боғлаган одамлар билан бирга тавофи қудум — Каъбага бўлган ҳурмат ва эҳтиромни изҳор этиш учун унинг атрофида етти марта айланишни бошладим. Таомилга биноан Каъбани оҳиста югуриб уч марта айланишим, тавофнинг қолган тўрт шартини бемалол юриб адо этишим лозим. Мен югуриб кетяпманми, учиб кетяпманми, билмайман. Одамларни туртиб юбормаслик, бехосдан бирон кимсага озор етказиб қўймаслик учун елкаларимни қисиб, имкони борича кичрайиб олганман. Бу даргоҳда тасодифан бировга озор етказиб қўйиш ҳам гуноҳи азим. Йўқ, бу ҳукм жаҳолат қонунияти эмас, аксинча одамларни хушмуомалаликка, бир-бирини аяб, меҳр кўрсатишга ундаш.

Тавофни Ҳажарул Асвад — қора тошдан бошлайман. Тилимда Аллоҳнинг зикри: «Субҳаналлоҳ вал ҳамду лиллаҳ вала илаҳа иллалоҳу валлоҳу акбар». Турли тил, турлича ҳарфларда чиқарилган китобларни тутган одамлар дуоларни тинмай такрорлашади, ёшу қари, эркагу аёлнинг фикри ёди фақат Аллоҳнинг зикри билан банд. Каъбани бир марта айланиб чиққач, Ҳажарул Асвадни ўпиб кўзларимга суртиш учун интилдим. Жаннатдан чиққан бу муқаддас тош жойлаштирилган бурчакка етиш Тошкентдан Маккага келишдан машаққатлироқ эди. Ўзлигини бутунлай унутган одамлар жон-жаҳдлари билан шу томонга интилишар, соқчининг ҳай-ҳайлашига, инсофга чиқиришига қулоқ солмай бир-бирини босиб янчгудек бўлиб бостириб келишарди. Ҳажарул Асвадга етганлари эса бир марта бўса олиш билан кифояланмай тандирнинг оғзидек ковакка маҳкам ёпишиб олишар, орқада навбат кутиб турган мингларча одам борлигини унутиб, худога илтижолар қилишар, кўзёшларини тиёлмай пиқ-пиқ йиғлашарди. Қанча ур-сурдан кейин Ҳажарул Асваддан бўса олиш менга ҳам насиб этди.

Жаннатдан чиққан бу тош аслида оппоқ бўлиб, Ҳажарул Асъад деб аталар ва ўзидан шаффоф нур таратиб турар экан. Бироқ одамларнинг имон-эътиқоди сусайиб, ҳар хил бутларга, ҳатто ўзларига ўхшаш одамларга чўқина бошлагач, унинг нури сўниб, ранги қорайиб кетган ва шундан Ҳажарул Асвад — қора тош деб аталадиган бўлган. Ишқилиб, бизга ўхшаш дилидан имони кўтарилган, ҳалол билан ҳаромни фарқ этмайдиган мамлакатдан келган кимсаларнинг касри уриб, бу тош бутунлай йитиб кетмаса бўлгани.

Каъба атрофида оҳиста югурар эканман, мана шундай саодатга эриштиргани учун Аллоҳга қайта-қайта шукрона айтардим: «Ё, парвардигор, қилган ибодатларимни бола-чақаларим, ота-онам, қариндош-уруғ ва ёр-биродарларим учун қабул этгайсан. Кўнглимиздаги яхши ниятларимизни рўёбга чиқаргайсан. Болаларимизга инсофу тавфиқ бергайсан. Уларни эл-юртнинг бир кунига ярайдиган комил инсонлар қилиб вояга етказгайсан. Ҳақ йўлдан адаштирмагайсан!»

Тавофи қудумни ниҳоясига етказаётганимда шундоққина Каъбанинг тиллакори эшиги олдида турган икки ёш эътиборимни жалб этди. Ёшгина келинчак эрининг бўйнидан маҳкам қучоқлаганча юм-юм йиғлар, ҳали тузукроқ соқол-мўйлови чиқмаган йигит нима қиларини билмай ҳадеб хотинининг бошини силарди. Улар дарёдек тошиб келаётган одамларнинг йўлида туришар, лекин сон-саноқсиз одамларнинг юришига халал беришаётгани, ғаши келган айрим бесабрлар туртиб ўтишаётгани, худонинг ибодатгоҳида, қолаверса, шунча одамнинг кўз ўнгида қучоқлашиб туришгани исломий ахлоқ нуқтаи назаридан айб саналиши уларнинг хаёлига ҳам келмас, имонли кимса учун энг бахтиёр онга етишганидан шодлигини ичига сиғдиролмай кўз ёши тўкишар, бамисоли шоҳ Машрабнинг:

Ҳар кишики дарди бўлса, йиғласун ёр олдида,
Қолмасун армон юракда, этсун изҳор олдида, —

деган ўгитига амал қилишарди. Мен ҳам ибодатни унутиб уларга тикилиб қолдим. Назаримда ҳозир дунёда бу икки ёшдан бахтиёр одам йўқ, улар моддий оламдан узилиб, юксак самовий кенгликларда парвоз этишар, ўзларини бутунлай илоҳий туйғулар илкига топширган эдилар.

Қодир эгам, ҳаммани мана шундай хушбахтликка етказгайсан!

Тавофи қудум ниҳоясига етгач, мақоми Иброҳимда икки ракаат шукрона намози ўқидим. Саждага бош қўярканман, руҳимда бир ёрқинлик туйдим, яна кўнглим тотли ҳисларга лиммо-лим тўлиб, кўзларим қароғида ризвон чечаклари жилва кўрсатди, яна қулоқларим остида ёқимли оҳанглар янгради, ўзимни юксак-юксакда парвоз этиб юргандек ҳис этдим. Шу пайтгача ўқиган намозларим, қилган ибодатларим йўққа чиқиб, ҳақ йўлим эндигина бошлангандек, ҳар гал саждага бош қўйганимда пешонамга мусулмонлик муҳри босилаётгандек туюларди. Каъбага юзланиб намоз ўқирканман инсоният ибтидосидан бошланиб, абадиятга туташиб кетадиган тарих кўз олдимдан бир-бир ўтди. Иброҳим халилуллоҳ Тангри таолонинг буйруғига биноан умр йўлдоши билан ёлғиз ўғли Исмоилни қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган чўл-биёбонга ташлаб келади. Бу нарсада биз инсонларнинг тасаввурига сиғмайдиган шафқатсизлик бор, бироқ Парвардигор одамзотнинг келажагини ўйлаб, нималарни режалаштириб қўйганини қайдан биламиз. Тақдирга тан берган Биби Ҳожар ҳовур уфуриб турган чўлда ўғлини офтобдан пана қилиб ўтирди, қорни очса, олиб келган егулигидан тотинди, чанқаганда бир-икки ҳўплам сув ичди, аммо уч-тўрт кундан кейин озиқ-овқати ҳам, суви ҳам тугади, очликдан тинкаси қуриб, ташналикдан лаблари торс-торс ёрилиб, чўзилиб қолди, айниқса тинмай чирқираётган боласининг зорига чидаёлмай азобланарди. Гўдакни тўйдириш учун кўкрагига сут келмас, оғзига томизишга бир қатра сув йўқ эди. Онаизор боласининг жонини сақлаб қолиш учун гўдакни қумга ётқизиб ўзи у ёқдан бу ёққа зир югурганча нажот излай бошлади. Сафо тоғидаги ҳар бир тошнинг кавагига қўл тиқиб кўрди, бироқ на егулик, на қатра сув топилди. Ҳориб-чарчаб боласи ётган ерга қайтганда олисдаги Марва тоғи томонда ойнадек тиниқ кўл кўринди. Биби Ҳожар жонҳолатда ўша томонга югурди, қора терга тушиб етиб келганда алданганини, бу ерда ҳам жонига оро киргудек ҳеч вақо йўқлигини англади. Оёқлари чалишиб, зўр-базўр изига қайтди. Чақир тошлар орасидаги қумлоқ ерда ётган бола очлик ва ташналикдан бўғилиб йиғларди. Ҳориб чарчаган она уни қўлига олиб улгурмай узоқдан яна кўм кўк сув кўринди. Биби Ҳожар ҳар қанча чарчаган бўлишига қарамай ўша томонга чопди, лекин яна умиди пучга чиқди. У йиғламоқдан бери бўлиб изига қайтди. Бола ҳамон бўғилиб йиғлар, она унинг жонига оро киришдан ожиз эди. Биби Ҳожар ҳали нафасини ростлаб улгурмай Марва тоғининг бутунлай бошқа томонида зилол сув кўринди. Она зўр-базўр ўрнидан туриб яна саросар йўлга тушди, очликдан, сувсизликдан адойи тамом бўлган аёл боласининг жонига оро кириш учун елдек учар, унинг ожиз, рамақижон вужудида шунча куч-қувват борлигига ишониш маҳол эди. Учинчи марта ҳам алданганини билган аёл боласининг ҳолидан тезроқ хабар олиш учун яна орқасига чопди. У етиб келганда гўдакнинг йиғлашга ҳам ҳоли қолмаган, овози хириллаб, ғиппа бўғилган, чиллакдек оёқларини мажолсиз типирчилатиб ер тепинарди. Сўнгги нафасин олаётган боласини бағрига босишга ҳам ҳоли қолмаган она юрак-бағри эзилиб унинг тепасига энгашди. Шу пайт кутилмаган мўъжиза юз берди. Чақалоқнинг типирчилаётган оёқлари остидан биқирлаб сув чиқа бошлади. Нималар бўлаётганини ҳамон идро этолмаётган Биби Ҳожар бўшашиб ўтириб қолди, пешонасини муздек тер босди. Аммо бу ҳолат узоққа чўзилмади, она ҳовучини сувга тўлдириб, гўдакка тутди. Бола қонсиз лабларини мажолсиз қимирлатиб тамшанди. Она титроқ қўлларидаги сувни тўкиб юбормасликка уринарди. Ташналиги қонган гўдак ярқ этиб кўзини очди. Енгил тортган она уни бағрига босганча алла айта бошлади. Алланинг дастлабки сўзлари билан баробар кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Бу кимсасиз даштда очдан ўлдирмагани, йиртқич ҳайвонларга ем қилмагани учун Аллоҳга шукрона ёшлари эди.

Булоқнинг суви борган сари кўпайиб, шарқираб оқа бошлади. Сувни кўриб бу ерга қушлар учиб келишди. Шомга қатнайдиган карвонлар қушлар учиб юрган жойда сув бўлишини билгани учун шу томонга йўл олишди ва булоқ бошида капа тикиб ўтирган она-болани кўришди. Журҳум қавмининг одамлари бирин-сирин келиб шу ерда ўтроқлаша бошлашди. Кейинчалик бутун оламнинг зиёратгоҳига айланадиган жой мана шу зайл барпо бўлди. Аллоҳ таоло Иброҳим халилуллоҳга умр йўлдош билан боласини чўл-биёбонга элтиб ташлашни буюрганда келажакда бу ерни қутлуғ масканга айлантиришни ирода қилган эди. Ҳижратнинг бешинчи йилидан бошлаб то ҳозиргача ҳаж ва умра ибодатига келган миллионлаб мусулмонлар шу булоқдан сув ичишади, юртларига олиб кетишади. Расулуллоҳ зам-зам суви ҳақида: «Зам-зам очларга овқат, касалларга  шифо» деганлар. Зам-зам умрига завол йўқ. У абадият сарчашмаси.

Мен ҳам зиёратчиларга қўшилиб Сафо ва Марва орасида саъй қилдим, зора абадият руҳи эм бўлса деган илинжда обизамзамдан тўйиб-тўйиб ичдим.

Меҳмонхонага келиб дам олдим. Эрталаб худди ер остидан чиқиб келаётган қудратли азон овозидан уйғониб кетдим. Вақт тонгги уч ярим экан. Дарров Масжиди Ҳаромга йўл олдим. Масжид ичида одам кам, бомдод намозига ҳали бир соат бор, асосий намозхонлар тўрт яримда айтиладиган иккинчи азонгача етиб келишар экан. Икки ракаат нафл намозини ўқигач, худди кечаги тартибда Каъбани етти марта тавоф қилдим: ўтиб кетган аждодларим, бу даргоҳга етолмаган ота-оналарим, қариндош-уруғларим, ёр-биродарларим учун яратганга илтижолар қилдим, айниқса болаларимга инсофу тавфиқ тиладим, уларнинг имонини бутун, иқболини баланд қилишини сўрадим. Каъба атрофида айланаётган пайтимда ҳаётимда юз берган яхши-ёмон воқеаларни менга меҳр-оқибат кўрсатган дўстларим билан бирга ҳар қадамда номимга қора чапиб, ишларимга ҳалал берган бадният кимсаларни, эзилиб-эзилиб меҳнат қилса-да рўшнолик кўрмаётган халқимни, Советлар ҳукумати берган «ҳурлик ва тенглик шарофати» билан эркакларнинг юмушини қилиб эркакшода бўлиб кетган опа-сингилларимизни, на Худодан, на қонундан ҳайиқмай қўйган безори ёшлар борган сари кўпаяётганини, илм-маърифатимиз бир ёқлама бўлиб саёзлашиб кетганини ўйлаб эзилдим. Ҳажарул Асвадни такрор-такрор ўпаётганимда, Каъбанинг тиллакори эшигига бош ураётганимда, мақоми Иброҳимда намоз ўқиётганимда эл-юртимга рўшнолик, саодат тиладим. Ҳожилар худонинг меҳмони, ҳожиларнинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлади, деган гаплар бор. Чин юракдан тиланган бу тилаклар ҳам ижобат бўлса ажаб эмас.

* * *

Тавофи олами дил қил жаҳонда ҳар башардин сен,
Агар бир дилни бузар ўлсанг юзар Каъба бузилмасму.
Машраб

Тонгги бешда келиб ётганим учун нонуштага ухлаб қолибман. Апил-тапил ювиниб, ошхонага тушдим. Хушмуомала йигитлар бизни Масжиди Ҳаромнинг «Ас-салом» дарвозаси кўриниб турадиган столга ўтқазишди. Дастурхонда турли ноз-неъматлар: аччиқ чой, қаҳва, сут, пўртухол шарбати, совуқ сув муҳайё эди.

— Мана ярим ҳожи бўлдик. Энди бу ерда қиладиган ишимиз қолмади, — деди Шукрулло. — Бу ёғи томоша — шаҳар кезамиз, меҳмонга борамиз. Жамол, сен бугуноқ консул билан боғланиб, Москвага қўнғироқ қил. Тошкентга билет олиб қўйишсин. Фақат менга кечаси учадиган самолётга билет олмасин, мен кундузи учаман. Меҳмонхонадаги жойни ҳам менга бир кишилигини олиб қўйишсин.

У кишининг кечаси учмайман, деб инжиқлик қилиши ғалати туюлиб, гурра кулиб юбордик. Шукруллонинг рангги-қути ўчди-ю, бирдан менга заҳрини соча кетди:

— Нега куласан? А?! Нега куласан? Мен сени анча тузук бола деб юрсам, ғирт аҳмоқ экансан-ку. Мен отанг тенгги одамман. Етмишга кирганимда сенларга кулги бўлиб қолдимми? Биласанми мен… Агар истасам…— у қўлидаги қошиқни жаҳл билан столга ташлади. — Биз мана… Рамз акаларинг билан Ғафур Ғуломлар ўтирган дастурхонга яқин келишга ботинмай ўчоқ бошида қўл қовуштириб турардик. Ҳов Эмчиев, югур деса, ғирр этиб дўконга бориб ароқ олиб келардик. Сен бўлсанг… куласан!.. Ким бўпсан шунчалик?

Ҳамма жим бўлиб қолди. Ҳеч кимдан чурқ этган садо чиқмас, худди астойдил нонушта қилаётгандек ҳамма нимадир тотинар, чой ҳўплар, бу ўнғайсиз ҳолатдан қандай чиқишни билмай гаранг эди. Миямга қон тепди. Шайтон бу юзсиз одамнинг ёқасидан олиб, дўппосла дер, аммо Раҳмон бунга йўл қўймасди. Лоп этиб Иброҳим Адҳамнинг қисмати ёдимга тушди-ю, ўзимни босдим. Подшолик тахтидан воз кечиб, қаландарликни ихтиёр этган Иброҳим Адҳамни йўлда учратган одамлар кечагина унинг илтифотидан баҳраманд бўлиб ялтоқланиб юришганини унутиб, устидан кулишган, ҳайиқмай ҳақоратлашган. Уларнинг дилозорлигидан қаттиқ ранжиган Иброҳим Адҳам: «Эй, парвардигор, бу одамларнинг қилмишлари учун жазо беришингни биламан. Лекин улар сенинг раҳматингни унутган гумроҳ бандалар. Бу кимсалар қилган гуноҳларни мен қилган деб ҳисоблагину уларга бериладиган жазони менга бер», дея Ҳаққа ёлборган. Иброҳим Адҳамнинг олдида мен кимман, ранжиганимни ошкор этишга ҳам арзимайдиган ҳақиру фақирман.

Ҳамма — Одил Ёқуб ҳам, Рамз Бобожон ҳам, Жамол Камол ҳам қозонлик профессор Яҳё Абдулло ҳам менинг нима дейишимни, бу дилихиралик қандай можарога сабаб бўлишини кутиб туришарди.

— Биз Каъба зиёратидан чиқиб ҳали нафасимизни ростлаб улгурганимиз йўқ. Бу даргоҳда одам тугул пашшага ҳам озор бериб бўлмайди. Мен сизнинг устингиздан кулганим йўқ, агар кулгимизни шунга йўйган бўлсангиз айб менда. Орқа-олдини суриштирмай қилган ҳақоратларингизни ҳам мендан ўтган гуноҳ ҳисоблаб афу этинг.

Мен шундай дедиму шартта туриб ташқарига чиқиб кетдим. Олов селига чўмган кўча гавжум, дунёвий юмушлари билан машғул одамлар у ёқдан бу ёққа зир қатнар, ибодатни кўзлаб келганлар эса Масжиди Ҳаром сари ошиқишарди. Мен эсам Иброҳим Адҳамнинг мақомига етишни орзу қилиб, Масжиднинг муҳташам минораларига маҳзун тикилиб турардим. Ундай даражага етиш маҳол, биздек ноқис бандаларга йўл бўлсин.

Ҳамнафаслардин жудо айлаб мусибат шаҳрида,
Ошноларни менга ноошно қилди бу дард.
Қайғулук бошимга юз минг ғамни орттуруб,
Мисли Адҳамдек жаҳондин мосиво қилди бу дард.

— Зиёратлар қабул бўлсин, — деди сайёрадан тушиб келган Раҳматуллоҳ Туркистоний.

— Муродингиз ҳосил бўлсин, — дедим ҳозиржавоблик билан. У киши билан бафуржа гаплашишни, суҳбат асносида бир-биримизни яхшироқ тушуниб, яқинлашиб кетишни истардим. Бироқ мезбон бунга имкон бермай яна расмиятчилик билан гап қотди.

— Ҳамроҳларингизни чақиринг. Бизни кутишяпти, — деди у соатига кўз ташлаб.

Бутун дунё Ислом уюшмаси — Робитаи оламин Маккадан чиқаверишдаги тоғ ёнбағрига жойлашган, худди парвозга шайланиб турган оққушни эслатувчи муҳташам қаср экан. Бино атрофида, бу ёққа келаверишдаги кўчаларда дов-дарахт кўп, майда очилган напармон гуллар кўзни қувнатади, темир қувурларга ўрнатилган кичкинагина фавворалар ям-яшил майсаларни тинимсиз ювади. Ҳар қадамда осудалик ва оройиш, биз одатланмаган мавзунлик сезилади. Ерга ёғ тушса ялагудек. Одамнинг акси кўринадиган оппоқ мармар зиналарга қадам босишга ийманади киши. Яқин келганимизда эшик очилиб, жилмайиб турган хизматчи тавозе билан ичкарига таклиф этди.

Беихтиёр Москвадаги Ўзбекистон ваколатхонасининг меҳмонхонасидаги муомала ёдимга тушди. Меҳмонхона эшигидан ҳали кириб улгурмасимиздан ҳаддан ташқари қўпол, серзарда хитоб эшитилди:

— Қаёққа? Қаёққа? Кимсизлар? Индамай юкларингизни кўтариб кираверасизларми? Қани, чиқинглар ташқарига! Чиқинглар деяпман!

Рўпарамизда ҳирсдек семиз, важоҳати хунук ўрис хотин бобиллаб турарди. Одил Ёқуб гуноҳкор одамдек Совет Иттифоқи халқ депутати эканини, бизларга бир ҳафта бурун жой буюриб қўйилганини айтди.

— Қани, ҳужжатингизни кўрсатинг! — бўш келмади хизматчи аёл. — Ҳозир сизга ўхшаган депутатдан кўпи борми.

Одил Ёқуб ноилож депутатлик нишонини кўрсатишга мажбур бўлди. Хизматчи аёл шундагина сал ҳовридан тушиб ҳужатларимизни талаб қилди, бурни устига кўзойнагина қўндириб ҳар бир ҳарфни синчиклаб ўқиганча узоқ мук тушиб ўтирди ва ниҳоят столга бир нечта калитни тарақлатиб ташлади. Ювинишга иссиқ суви, ейишга кўнгил тортар овқати йўқ меҳмонхонада нашаванд, ароқхўр одамларнинг орасида икки кунни бир амаллаб ўтказдик.

Бу ерда эса сайёрадан тушиб улгурмасингиздан юкларингизни хизматчилар ичкарига олиб киришади, қўлингизга калит тутқазишаркан, қайси қаватга чиқишингизни тушунтириб, лифтга кузатиб қўйишади. Бирон идорага кирсангиз азият чекиб қолмаслигингиз учун хизматчилар эшикни очиб туришади. «Биз ер куррасидан ташқаридаги инсоний маданият ва тараққиётдан маҳрум бирон минтақада яшамасмикинмиз?» деган ўй ичимни сидириб ўтди.

Робитаи оламин бош котибининг муовини доктор Муҳаммад Носир Абудий ҳузурида қизғин суҳбат қурдик. Бизни эъзозлаб чақиртиришгани учун ҳар ким ўз миннатдорчилигини, кўнглига тугиб келган гапларини изҳор этди. Мен Ўзбекистонда Ислом дини тарғиботи йўлида олиб борилаётган айрим ишларни санаб, Қуръони карим таржимаси «Шарқ юлдузи» журналида асосан адибларнинг ташаббуси билан чиқаётганини, ҳадисларни нашр этишда ҳам қалам аҳли яқиндан кўмаклашаётганини, ўзим эса Муҳаммад алайҳиссаломнинг таржимаи ҳоллари ҳамда Ислом тарихини акс эттирувчи «Нурул яқин» номли асарни таржима қилганимни айтиб ўтдим. Пировардида кўнглимга тугиб қўйган асосий муддаоимни ўртага ташладим.

— Менга Маккадек улуғ жойга яна келиш насиб этадими, йўқми, билмайман. Ҳозирги имкониятдан фойдаланиб икки нарсани илтимос қилмоқчиман. Биринчиси, Робитаи оламин фарзандларимизни хориждаги олий ўқув юртларида ўқитиб, халқ хўжалиги ва фан-техника соҳасида малакали мутахассислар етиштиришга ёрдам берса. Иккинчиси, шахсий илтимос, агар имкони бўлса, ҳажга қолишимга рухсат берсанглар. Шундан шу ёққа келиб ҳаж қилмай кетсам бир умр армонда ўтаман.

— Марҳабо, марҳабо! — деди доктор Муҳаммад Носир қувонч билан. — Истасанглар, ҳамманглар қолишинглар мумкин. Барча шарт-шароитни муҳайё қиламиз, кундалик сарф-харажатларингга лойиқ пул ҳам берамиз. Баҳонада ҳожи бўлиб кетасиз.

Кутилмаган илтифот бизни довдиратиб қўйди. Ҳамма бир-бирига қараганча нима дейишини билмай ўйланиб қолди. Ниҳоят ҳамма учун Шукрулло ҳукм чиқарди:

— Йўқ, биз қололмаймиз. Юртда зарур ишларимиз кўп. Эмин қолса ўзи билади, лекин бу масалани ҳам ўйлашиб, маслаҳатлашиб кўрамиз. Келаётганимизда бундай гап бўлмаган. Делегациядан бир одам ажраб қолса бўладими, йўқми, билмаймиз.

Юрагим шиғ этиб кетди: оббо, масаланинг расмий томонларини ўйламаган эканман-ку.

— Э, бу парламентнинг муҳокамасига қўйиладиган масаламиди, қолса қолаверсин, —деди Одил Ёқуб саҳройи одамларга хос кенглик билан. — Масалан, мен қололмайман, бир ёқда хизмат, бир ёқда бола-чақа ташвиши — ихтиёр ўзимда эмас, Эмин «Бир жилвасига икки жаҳондин ўтақолдим», деб юрган Машрабдек эркин қуш. Мусофир юртда яна бир ой туришга тоқати етса, барака топсин. Биз учун ҳам ибодат қилиб, Аллоҳдан гуноҳларимизни сўраб, ҳожи бўлиб борсин.

Робитаи оламиннинг идорасидан худди қанот чиқариб учгудек бўлиб чиқдим. Назаримда бутун коинот бўлакча тус олгандек, қуёшнинг куйдиргувчи нури ҳам ёқимли бўлиб қолгандек туюлар, гиёҳ кўкармайдиган қорамтир тоғлар кўзимга жозибали кўринар, учраган одамларнинг юзидан нур ёғилаётганга ўхшарди. Оёғим остидаги ер парга айланган, ҳаво бамисоли қаймоқ — симирган саринг маза қиласан. Қўлларим қанотга айланган — қулочимни ёзсам бас, юксак самоларга парвоз этаман. Осмоннинг ҳар тўрт энлик жойида Худога илтижо қилиб турган муаккилларни кўраман. Мен ҳам уларнинг бирига айланаман-у, бироқ илтижо қилмайман. Мен муродига етган, энг катта орзуси ушалган бахтиёр инсонман. Мен фақат Аллоҳга шукрона айтаман. Мени шунчалик улуғ мартабага эриштиргани учун шоҳ Машрабнинг тилидан нидолар қиламан:

Чароғон бўлди дунё ё магар келди менинг ёрим, —
(Аллоҳдан бир хушхабар келди маъносида)
Биёбон бўлди боғу бўстони хуррам ободе.

Ҳаётда шундай лаҳзалар бўладики, умр бўйи инсон мана шу сония учун яшайди, унинг чеккан заҳматлари ҳам, эришган ютуқлари ҳам, тортган жабру жафолари-ю, тотган қувончлари ҳам унинг олдида ҳечдир. Бундай асно яна такрорланадими, йўқми, билмайман, лекин бир нарса аёнки, мен Тангри ато этган бахтиёрлик лаззатини тотиб кўрдим, мусулмон учун Каъбанинг остонасига бош уришдан, Арофат водийсида яратганга илтижолар қилишдан, Минода шайтон тимсолига тош отиб қалб билан вужудни шайтоний васваслардан фориғ этишдан ортиқ бахт борми?

— Раҳмат, устоз (арабларда профессорни устоз деб аташаркан, айни вақтда бу ибора мавлоно маъносида ҳам ишлатилар экан), — дедим ҳаяжонимни босолмай.

Раҳматуллоҳ Туркистоний хокисорлик билан кулимсираб қўя қолди. Мен бу камтар одам тимсолида расулуллоҳнинг суннати бўлмиш анча-мунча фазилатларни кўрдим. Пайғамбар алайҳиссалом ҳеч қачон баланд овозда қаҳ-қаҳ отиб кулган эмаслар. Лозим бўлганда табассум қилиб, бошқа пайтда чуқур ўйга ботиб юрар эдилар. Келганимиздан буён кузатаман: Раҳматуллоҳ Туркистонийнинг яйраб кулганини кўрмадим, мудом дунёвий муаммолар устида бош қотираётган одамдек ўй сургани сурган. Мен эсам шодлигимни ичимга сиғдиролмай ўзимни еттинчи қават осмонда юргандек ҳис этяпман. Умар Ҳайём таъбири билан айтганда, лойимни қорган ўзи, берган феълини ҳам ўзи билади.

Сайёрага чиқаётганимда бир шафқатсиз ҳақиқат ёдимга тушиб, худди дами чиққан коптокдек бўшашиб қолдим. Бегона бир юртда роппа-роса бир ойга қоляпман, тирикчилик нима бўлади? Ёнимда атиги эллик доллар бор, бу ернинг пулига айлантирилса бир юз саксон риёл бўлади. Кунига ўн риёлдан харжланса, ўн саккиз кунга етади. Орада Мадинага боришим, ҳаж кунлари қурбонлик учун пул тўлашим керак. Қурбонликнинг-ку йўли осон: менга ўхшаган ибн сабиллар ҳаж вақтида уч кун, уйига қайтгач етти кун рўза тутиб берса бўлади. Лекин минг тежаб-тергаганим билан барибир, майда-чуйда чиқимлар чиқиб туради. Ҳажга қолишни орзу қилганда масаланинг бу томонини ўйламаган эканман.

Макка ёзувчилар уюшмасидаги учрашувлар, зиёфат ҳам унча татимади. Фикри ёдим бу ўнғайсиз аҳволдан қандай чиқиб кетиш билан банд бўлиб қолди. Фикримни ҳамроҳларимдан бирига айтиб, имкони бўлса озроқ пул ташлаб кетишини ўтиндим. «Пулим йўқ эмас, бор, лекин биласизми, олис йўл, ҳар хил вазият бўлиши мумкин, менку сизга берарман, бироқ ўзимга керак бўлиб қолса, қайдан топаман? Масаланинг ана шундай нозик томонлари бор-да», дея мутафаккирона донолик билан илтимосимни рад этди. «Ахир сизлар кўпчиликсизлар, бунинг устига уч кундан кейин қайтиб кетяпсизлар…» «Йўқ, сиз масаланинг бошқа жиҳатларини ҳисобга олмаяпсиз, масалан дейлик, мен пулимни йўқотиб қўйдим ёки бирон киссовур шилиб кетди. У ҳолда мен кимга сарғаяман? Манави одамлардан бир тийин чиқади деб ўйлайсизми? Йўқ, хомтама бўлманг. Буларингиз бировга бир тийин бермайди. Қолишга қолдингиз, бу ёғига бир амаллайсиз. Биз у ёқда дуойи жонингизни қилиб…» Иккинчи ҳамроҳим саҳройи одамларга хос жайдарилик билан тўғрисини айтиб қўя қолди: «Ёнимда ўзингиз билган эллик доллардан бошқа пул йўқ. Унга бола-чақага майда-чуйда оламан. Қўлимга қараб турадиган бир қўра невара бор. Совет пули десангиз озроқ беришим мумкин. Бу ерда ишлатмасангиз ҳам Москвага борганда керак бўлиб қолар». У бор пулининг ярмини қўлимга тутқазди. Гарчанд бунга заррача эҳтиёж бўлмаса-да, райини қайтармаслик учун олдим.

Одам боласи бесабр бўлади, ўзича кароматгўйлик қилиб эртанги кунининг ғамини еяверади, тақдирда ёзилганига қаноат қилмайди. Мен ҳам бир ой ичида нималар бўлишини билмаган ҳолда ўз ёғимга қовурилар, қадримни ерга уриб, ҳар кимга сарғаярдим. Ваҳоланки, парвардигорнинг менга аталган қанчадан-қанча неъматлари, кўрсатадиган илтифотлари бор экан…

Ўша куни кечқурун Сафохон Жалолхон тўра ўғли Марғилонийнинг уйига меҳмонга бордик. «У киши ҳузурингизга келиб зиёрат қилолмагани, ўзлари уйига таклиф этолмагани учун узр айтди. Яқинда операциядан чиққани учун ҳали қувватга кириб кетолмаган», дея изоҳ берди Раҳматуллоҳ Туркистоний. Тайинланган вақтда тўқ кўк ойнадан қурилган иккита ўн қаватли бино олдига келиб тўхтадик. Эшик олдида жаҳоннинг олий сифатли сайёралари саф чекиб турар, узун оқ кўйлак кийган йигитлар — хонадон соҳибининг ўғиллари қўлларини кўксига қўйганча тавозе билан кутиб олишди. Лифтда бинонинг тўққизинчи қаватига кўтарилдик. Уй эгалари бинонииг фақат тўққизинчи қаватида яшашар, қолган қаватидаги яхши жиҳозланган хоналар ижарага берилар экан. Мезбон баланд бўйли, чўққи соқол нуроний одам экан. У ҳар биримиз билан қучоқлашиб кўришди. Мени бағрига боса туриб соф қашқар шевасида: «Хуш келибдилар. Аҳволлари яхшиму? Бола-чақа, ал-жут тешлиқму? Ҳажга қолганлари муборак бўлсун!» деди. Олис Арабистонда уйғурча калом эшитаман деб ўйламаганим учун ғоят таъсирланиб кетдим. Уйғур диёрининг нафаси уфуриб турган отахонни қайта-қайта бағримга босдим. Макка, Мадина, Жидда, Тоиф, Риёзда яшовчи жуда кўп ўзбеклар йигирманчи, ўттизинчи йилларда Қашқар, Ғулжага ўтиб кетишган, Шарқий Туркистонда ҳам мустабид Хитой босқинчиларининг зулми авж олгач, Афғонистон, Покистонга бош олиб кетишган, кейинчалик Арабистонга келиб ўтроқлашиб қолишган эран. Шу боис улар ўзбек ва уйғур тилларида сўзлашар, ҳар икки тилдаги китобларни бемалол ўқий олишар экан.

Ўтиришимиз зиёфатдан бошланди. Сўнг чой ичиб суҳбатлашиб ўтириладиган хонага ўтдик. Камбағалнинг ҳовлисидек келадиган катта хона лиқ тўла, даврамизда узоқ йиллик сарсон-саргардонликдан кейин Арабистонда қўним топиб, хотиржам турмушга, обрў-эътиборга эришган мўйсафидлар, шу заминда туғилиб вояга етган давлат арбоблари, олимлар, шоирлар, ҳарбий саркардалар, дўхтирлар, завод эгалари, катта мулкдорлар бор эди. Уларнинг деярли ҳаммаси мана шундай шароитга эга, уч-тўрт қаватли мармар қасрларда яшашар, ўртача маоши тўрт-беш минг долларни ташкил этар, кўпларининг Туркияда, Америкада, Олмонияда уй-жойлари бор, фақат юртга бемалол бориб-келиш имкони йўқлигидан азият чекишар экан. «Болаларимиз тилини унутиб қўйишяпти. Миллатни сақлаб турадиган нарса — тил билан урф-одат. Тилини унутган одамнинг миллати ҳам, ватани ҳам бўлмайди. Шунинг учун тезроқ йўл очинглар. Болаларимизни юртга боғлайлик», деди бўсағада тиззалаб ўтирган Сафохон тўра. «Бу масала парламентда муҳокама қилиняпти. 1993 йилдан чегаралар очилмоқчи, — деди Одил Ёқуб Совет ҳукуматининг ниятидан юртдошларимизни огоҳ этиб. — Биз етмиш йилдан бери темир қўрғоннинг ичига кириб олиб, дунёдан бутунлай узилиб қолган, ҳатто бировлар билан қандай муомала қилишни ҳам билмайдиган аҳволда эканмиз. Одамларни чет элга чиқишга тайёрлаш учун шунақа муддат белгиланди», «Билишимизча, сизларда замонавий заводларга, янги техникаларга эҳтиёж катта экан. Агар йўллар очилса, бундай нарсалар билан юртни ўзимиз таъминлар эдик». Бу — юртдошларнинг муштарак орзуси экан. Даврамизга университет домлаларидан бири, узун соқол қўйган йигит келиб қўшилдию суҳбат бутунлай бошқача тус олди. У бизни журъатсизликда, қулликка кўникиб қолганликда, курашчанлик ҳисларимиз йўқолганликда айблади. «Нега истиқлол учун қон тўкмайсизлар, нега қурбонлар бермайсизлар? Ҳуррият ўз-ўзидан келиб қолади, деб ўйлайсизларми?» дея таъна қилди у. Мен унга пахта далаларида заҳар-заққум ютиб, Орол денгизи бўйларида ичишга тоза сув тополмай қирилаётган одамлар камми? Бугун халқимизнинг ейдиган озиқ-овқатидан тортиб, ичадиган сувигача, оладиган ҳавосигача ғиж-ғиж заҳар. Қовун-тарвуз еб соғлиғидан айрилаётганлар, сабзавотдан аллергия дардига учраётганлар ҳад-ҳисобсиз. Сизга яна қанақа қурбон керак, дегим келди. Бироқ даврада мендан кўра гапга чечанроқ сўз усталари бор эди: Ўзбекистондаги ижтимоий тафаккурнинг нечоғли ўсгани, халқ ўзини, ўз қадриятини таниб етаётгани, янги қурилган партиялар бунга мисол бўла олишини, ҳукумат тепасидаги айрим гуруҳлар Фарғона фожиасини келтириб чиқаришганини, Ўшда қирғин уюштиришганини, одамлар ноҳақ тўкилган бу қонлардан тўғри хулоса чиқариб, сафларини жипслаштираётгани, туркий халқлар ўртасидаги якдиллик кун сайин мустаҳкамланаётгани, яқин келажакда буюк Туркистоннинг қадимий шуҳрати тикланажаги башорат қилинди.

Ҳаммани оғзига қаратиб сўзамоллик қилаётган одамнинг сувдан ҳолва ясаётганига ажабландим. Унинг айтганлари қисман тўғри бўлса-да, кўп гаплари ҳақиқатдан йироқ хом хаёл эди.

«Нега Ўзбекистон Туркия билан яқин бўлишга интилмаяпти? Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон Туркия билан аллақачон ҳамкорликни бошлаб юборишди. Ўзбекистон ҳалиям Москванинг оғзини пойлаб ўтирибдими?» дея луқма ташлади бояги қурбон талаб қилган олим. Бу саволнинг аллақачон чўнтакдан тушиб қолган жавоби тайёр: «Биз узоқни кўзлаб, пухта иш қиламиз». «Нега бу йил Туркиядан келган бир учоқ мутахассисларни Тошкентга киритмадинглар? — асабий олим кутилмаган саволлари билан ҳаммани эсанкиратиб қўйди. — Ёрдам беришни истаган одамни кўкрагидан итариш қайси таомилда бор?» «Ҳукумат меҳмонларнинг кўкрагидан итарган бўлса, мана биз эркчилар, бирликчилар Самарқандга бориб кутдик», деди даврани қизитиб ўтирган ҳамроҳимиз. «Хўш, нимага келишдинглар? Сизларнинг гаплашганинглардан халққа бирон наф бўлдими?» олим борган сари қизишиб, сўзларни чертиб-чертиб гапира бошлади. «Бизнинг гаплашганимиздан қандай наф бўлиши мумкин. Ҳукумат аъзоси бўлмасак. Фақат одамгарчилик юзасидан…» «Ҳукумат халқни очликдан сириб, сизлар гап сотиб одамларни лақиллатиб юрган экансизлар-да?»

Олимнинг таънаси фақатгина бизга эмас, мезбонларга ҳам оғир ботди. Давра совиб, суҳбатдан файз кетди. Ўнғайсизликдан қутулишнинг бирдан бир чораси тарқалиш эди, лекин кутилмаганда Мўминжон Туркистоний суҳбат мавзуини ўзгартириб юборди.

— Бугунги ижтимоий ўзгаришлар адабиётда қандай акс этяпти? Аҳли қаламнинг бу воқеаларга муносабати қандай? Шоирларимиз ҳалиям ўлдим, куйдимни ёзиб юришибдими ёки адабиётимиз фикрий теранлик касб этдими? Шу пайтгача ўқиб, билиб юрган нарсалардан унчалик кўнглимиз тўлаётгани йўқ. Ёзувчиларнинг раиси сифатида сизнинг фикрингизни билишни истардик.

Одил Ёқуб ҳали ҳам бояги асабий мунозара таъсирида эканми, анчагача тараддудланиб турди. Сўнг паст овозда салмоқ билан гап бошлади.

— Сизлар юртдан чиқиб кетгандан кейин кўп тўполонлар бўлди, энг яхши адибларимиз, олимларимиз, давлат арбобларимиз жувонмарг қилинди. Абдулла Қодирийдек, Чўлпондек, Фитратдек буюк сиймоларимиз миллатчи деган сиёсий айблов билан отилди. Бир парча тошни тиклаб қўйиб, шу ер Абдулла Қодирийнинг рамзий мозори деб хотирасини ёдлаймиз. Ўша улуғ одамларимиз қатағон йилларида ҳам адабиётнинг асосий ақидасига — ҳаётни тўғри акс эттиришга, халқнинг дардини ростгўйлик билан баралла айтишга амал қилишгани учун ҳаётларидан жудо бўлишган. Бугун адибларимиз мамлакатимизда юз бераётган чинакам демократик ўзгаришлардан руҳланиб қалам тебратишмоқда. Шунинг учун ҳам бизда қаламкашнинг обрўси катта. Халқ ёзувчининг гапига қаттиқ ишонади. Бизда ёзувчи ўз халқининг виждони деган ибора бор. Халқ берган бу баҳо адабиётимизга бўлган муносабатни кўрсатиб турибди. Бизда халқ ўзи севган энг яхши адибларини тақдирлаб «Халқ ёзувчиси» деган унвонлар берилади. Бугун ҳузурингизда мана шундай юксак унвонга сазовор бўлган қаламкашлардан уч киши ўтирибди, манави истеъдодли укаларимиз эса…

— Бу унвонни сизларга халқ берадими ёки садоқатли хизматларингиз эвазига коммунистлар ҳукуматидан олганмисизлар?

Асабий олимнинг илмоқли саволи эндигина жонлана бошлаган суҳбатнинг яна белига тепди. Ҳамма жим бўлиб қолди. Муз солинган пўртухол шарбати олиб кирилди-ю, савол жавобсиз қолди. Хонадон соҳиби хайрлаша туриб: «Ичимизда дардимиз кўп, тўкиб солайлик десак сизларнинг аҳволингиз беш қўлдек аён — ҳур бўлиб ҳур эмассизлар, қул бўлиб қул эмассизлар. Юртга бориб, юракнинг чигилини ёзиб келайлик десак чегарани очиб юбормаяпсизлар. Бу ердаги гапларни кўнгилга олманглар, куйганимиздан гапирамиз-да», деди.

Бу одамлар бизнинг аслида кимлигимизни, нималар ёзиб, кимларга хизмат қилганимизни, имон-эътиқодимиз ҳам қанчалик эканини билишар, фақат меҳмон сифатида иззат-икром қилишарди холос.

Манзилимизга етиб келгач, ҳамроҳларим меҳмонхонага, мен эсам Масжиди Ҳаромга равона бўлдим. Каъбани тавоф этгач, бир четга чиқиб ўтирдим. Каъба атрофида айланаётган одамлар оқимига тикилганча ўйга чўмдим. Зиддиятларга, фожиаларга, кутилмаган қийинчиликларга тўла ҳаётим, адабиёт майдонидаги уринишларим, ён-веримдаги одамлардан жуда кам оқибат кўриб, хиёнатга, мунофиқликка жуда кўп дуч келганим, исломий тарбия олиб ўсаётган болаларимнинг ҳаётдаги дастлабки қадамиданоқ тўғаноқларга дуч келаётгани, умуман, бу дунёнинг ақлим бовар қилмайдиган сир-синоатлари ҳақида адоқсиз ўй сурдим. Бомдод намозига айтилган азон ҳушимни ўзимга келтирди. Эзилган бир аҳволда саждага бош қўйдим: ҳақ йўлдан адаштирмагайсан, парвардигор!

* * *

Ишқи йўқ бедардларни куйдуройин дермусан!
Машраб

Эртасига Тоиф шаҳридаги бир тўйга таклиф этилдик.

— Бир ҳамшаҳримиз ўғил уйлантиряпти. Келин томон ҳам ўзимизнинг туркистонликлардан. Тўйга юртдошларнинг кўпи келади, баҳонада улар билан дийдорлашиб оласизлар, — деди Раҳматуллоҳ Туркистоний.

Арабистоннинг шимол томонига жойлашган бу шаҳарга икки томондан — чўлни кесиб ўтган текис йўлдан ҳамда тоғ оралаб ўтган паст-баланд йўлдан бориш мумкин экан. Биз чўлдан кетдик. Қушдек учган сайёра бир соатга қолмасдан тарам-тарам баргларидан хушбўй ҳид уфуриб турган мурч ва шапалоқ баргли лимон дарахтларига бурканган ораста ва файзли шаҳарга етказиб қўйди. Андижонда туғилиб, Қашқарда вояга етган, қирқ йилдан бери Тоифда яшовчи шоир Комил Абдуллоҳнинг уйига кириб бордик. Тошқин тахаллуси билан дилбар ғазаллар ёзувчи бу одам бизни поюпатак бўлиб кутиб олди, отаси тирилиб келгандек ҳар биримизга алоҳида илтифотлар кўрсатди, мени қайта-қайта бағрига босаркан, гоҳ уйғурчалаб, гоҳ ўзбекчалаб: «Ўзлари менга икки ватанимнинг нафасини олиб келдилар. Қадамларига ҳасанот! Хуш кўрдик, хуш кўрдик», дерди. Бу одамнинг болаларча беғуборлиги менй ром этди. «Ҳа, Раҳматуллоҳ, афандим, кўзингиз ойдин, — дея Раҳматуллоҳ Туркистонийга мурожаат қилди Тошқин. — Юртдошлар келиб хурсанд бўлиб юрибсизми? Ишқилиб, оқибати хайрли бўлсин».

Арабистондаги бир одат дарров эътиборимни тортди: уйда ўтирганлар эшикдан кириб келган ҳар бир одамнинг ҳурмати учун оёққа қалқийвермас, ҳар бир келувчи учун юзга фотиҳа тортилмас, умуман, дуо қилиш русуми йўқ экан. Эшикдан кирган одам ёши, амалидан қатъий назар бўш жойга ўтирар, ҳеч кимнинг эътиборини жалб этмай суҳбатга қўшилиб кетаверар, биздагидек ёши улуғ ёки амали катта бўлса, ҳаммани безовта қилиб, тўрга чиқарилмас экан.

Бир куни Расулуллоҳ саҳобаларнинг ҳузурига чиққанларида ҳурматлари учун улар гурра ўрнидан қўзғалишган. Пайғамбар алайҳиссалом ранжиб: «Ажам (арабдан бошқа халқлар)лар бир-бирини улуғлаб ўринларидан қўзғолгандек сакраб турманглар. Мен ҳам бир бандаман, еб-ичишда, ётиб туришда сизлардан фарқим йўқ», деганлар. Биздаги амалдорлар ўзларини худонинг пайғамбаридан юқорироқ тутишади, одамлар ҳам шунга кўникиб кетишган. Худди амали катта ёки ёши улуғ одам албатта тўрда ўтириши керак, деган қоида бордек ҳамма истаса истамаса шу тартибга риоя қилади. Ҳатто Расулуллоҳнинг нечоғли камтар, кичик феъл инсонлигини яхши биладиган домла-имомларимиз ҳам доим тўрни мўлжаллаб туришади. Гўё одамнинг яхшиси тўрда, мундайроғи пойгакда ўтирадигандек… Ваҳоланки, Расулуллоҳ: «Ўз қадрини билган одам ҳалок бўлмайди», деганлар. Ўз қадрини билиш эса ҳеч вақт уйнинг тўрини эгаллашдан бошланмайди.

Катта меҳмонхонага одам сиғмай қолди. Ҳали дастурхон ёзиб улгурилмай бир одам ҳовлиқиб кириб келди-да, хорижга кетаётганини, бизни уйига таклиф этолмаслигини айтиб узр сўради.

— Мана кўриб турибсизлар. Бизга юртдан бошқа ҳамма жойга йўл очиқ. Истаган пайтда хоҳлаган мамлакатга кетаверамиз. Менинг Америкада ҳам, Туркияда ҳам уй-жойим бор, Йилнинг истаган фаслини ўша томонларда ўтказаман, — деди Аҳмадали Туркистоний.

— Сизлар кўриб турган фаровон турмушга етишганимизга кўп бўлгани йўқ. Унгача кўп қийинчиликларни бошдан кечирдик, — дея суҳбатни давом эттирди Мўминжон ака. — Навоий: «Шамъки ўз ёғи билан қоврулур, Чарх анга фонус киби эврулур», деганларидек биз ҳам замон ичра ташвиш тортдик, гоҳ биз замонга мослашдик, гоҳ замон бизга юзланди, лекин ҳеч қачон юртимизнинг шаънига доғ туширмадик, миллатимизнинг юзини ерга қаратмадик. Фақат шоир Тошқин айтгандек:

Жаҳонда ҳеч ким мазлум биздек бўлмасин, ё раб,
Туғилган юртидин маҳрум биздек бўлмасин, ё раб, —

деб яшадик.

— Юртда биз ҳам ҳолва еб, шарбат ичиб, маза қилганимиз йўқ, — дея гапни илиб кетди Шукрулло. — Мана менинг ўзим халқимнинг бахтини куйлаб шеърлар ёзганим учун йигирма беш йилга кесилганман. Қамоқда тортмаган азобларим қолмади, бу ёқда бола-чақам хор-зор. Хотинимга туҳматлар қилишган. Лекин мен уларнинг найрангларига учмадим, азобларига мардона чидадим. Мана адолат бор экан, оқланиб яна сафга қайтдим. Қанчадан қанча шеърлар, «Жавоҳирлар сандиғи» деган китоб ёздим. Қамоқда кўрган-кечирганларимни «Кафансиз кўмилганлар» деган китобимда баён этдим. Сталин ҳукмронлик қилган йиллари не-не талантли одамларимиз йўқ бўлиб кетди. Мана энди замон бошқа, ҳаммаёқ дориламон. Дўстим Рамз Бобожон халқ шоири, СССР Давлат мукофоти совриндори, Одил Ёқубов ҳам халқ ёзувчиси, Совет Иттифоқининг парламент аъзоси, мен ҳам халқ шоириман, президентнинг маслаҳатчисиман, Ўзбекистондаги ҳар қандай демократик ҳаракат борки ҳаммасига аралашаман.

— Ундай бўлса нега ягона Туркистон давлатини яратиш учун курашмаяпсизлар? — дея луқма ташлади паҳлавон келбатли, хушмўйлов доктор Ҳоди.

Суҳбат бошқа томонга бурилиб, сиёсий тус олди, Жамол Камол Ўзбекистондаги демократик ҳаракатлар, туркий халқларнинг якдилликка интилиши, Туркия билан алоқалар ҳақида тўлқинланиб гапирди. Фақат бу гаплар мени андак ўйлантириб қўйди. Сабаби, туркий халқларнинг бир жону бир тан бўлиб кетишига ҳали бироз вақт бор. Агар бизлар кимлигимизни англаб, муштарак фикрга келганимизда Фарғонада ўзбек билан турк бир-бирини бўғизламас, уйларига ўт қўймас, Ўшда қирғиз билан ўзбек бир-бирини ўққа тутмас, кўча-кўйда чавоқлаб кетмас эди. Жилла қурса, ўша кунларда бу хунрезликка бутун Туркистон халқи норозилик билдириб оёққа қалққан бўларди. Миллий муносабатлар кескинлиги ҳали ҳам бартараф этилган эмас. Биз фикран, қалбан ҳали у даражага ўсиб етганимиз йўқ. Тарихнинг қисқа бир бўлагида ўзининг давлат тузумига эришган Туркистон халқлари қайтадан бир ном остига бирлашишни истайдими, йўқми, номаълум. Масаланинг ижтимоий жиҳатларини пухта ўрганмай туриб хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Қолаверса, бу юртдан олисдаги тўкин дастурхон тепасида ўтириб ҳал этадиган гап эмас. Менинг туркий халқларнинг бирлигига монеълигим йўқ, лекин бир халқни иккинчи халққа яқинлаштиришдек хайрли иш худди пода ҳайдаш усулида адо этилишига қаршиман. Туркий халқлар азал-азалдан уруғ-уруғ, қабила-қабила бўлиб яшаган, ўз хони, ўз ери, ўз урф-одати бўлган. «Девону луғатит турк» билан танишиб чиққан одам бунга ишонч ҳосил қилади. Туркий уруғларнинг тарихига бир назар ташланса ўзаро ер талашиб, қиз талашиб, мол талашиб кесилган бошлар, оққан дарё-дарё қонлар ҳақидаги маълумотлардан эсхонаси чиқиб кетади кишининг. Неча минг йилдан буён ён-веридаги давлатларнинг қутқуларига учавериб бугунги чорасиз аҳволга тушиб қолган Туркистон халқлари аввало тарихий сабоқлардан тўғри хулоса чиқариб олмоғи, ўзлигини таниб етмоғи лозим. Шундан кейингина орзуларимизга эрк берсак ярашади. Ҳали ўзлигини англаб етмаган одамлар тўдаси — оломон. Оломон халқ эмас. Инсон ўзлигини англаши учун аввало яратган тангрисини таниши, қалбини имон нури билан, миясини илм зиёси билан мунаввар этмоғи лозим. Фикран ва қалбан покланган кимсагина тафаккур этишга қодир. Тафаккур мутлақ ҳақиқат — инсон ўзидек бандага қул бўлиш учун эмас, фақат Аллоҳга сиғиниб, ҳур яшаш учун яратилганини англашга имкон беради. Фикран ва руҳан Аллоҳга қул бўлиш инсонни ҳар қандай измнинг кишанпарини парчалаб ташлашга ундайди. Бугунги Туркистон халқлари мана шундай маънавий камолотга эришганми?

Хонадон соҳиби қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлган бу гапларга аралашмай кириб-чиқиб юрар, маданиятли одамларга хос камсуқумлик билан пойгакда тиззалаб ўтирар, ора-чора меҳмонларни тансиқ овқату анвойи мевалардан тотинишга ундар, ним табассум зуҳр этган ўйчан юз-кўзида хавотирга мойил дардчил бир ифода ҳам йўқ эмасди. У кишига боқиб халқимизнинг доно ҳикматини яна бир карра эсладим: Пулсиротгача табассум, ундан у ёғи — қаҳқаҳа!

Имкон топиб секингина мезбоннинг ёнига сурилдим. Иккаламиз тезгина тил топишиб, дарров адабиёт, бугунги ўзбек ва уйғур шеърияти, ўзбек шоири Эркин Воҳиднинг латиф ғазаллари, уйғур шоири Абдураҳим Ўткирнинг исёнкор шеърлари, адабиётга янги руҳ бахш этган ўзбек Муҳаммад Солиҳ билан уйғур Аҳмаджон Усмон, Қурбон Барот ҳақида гаплашдик. Мен бу қулай имкониятдан фойдаланиб Тошқиндан биронта шеър ўқиб беришни ўтиндим. У кишининг юзи янада ўйчан тус олди. Кўзойнагини узун оқ қўйлагининг этагига обдон ишқалаб артгач, тамаки тутатди, ҳали ажин тушмаган пешонасини тириштириб нималарнидир хотирлади, тамаки тутунини қўли билан елпиб мендан нари ҳайдаркан:

— Юртни соғиниб ёзган бир нарсам бор, шуни ўқиб берай. Мусофирчиликда нимаики ёзган бўлсам ҳаммаси юрт ҳақида. Андижонда туғилиб Қашқарда вояга етганман. Икки акам Андижонда, бошқа жигарларим Қашқарда яшашади, волидам ўша ерга дафн этилган. Иккала Туркистон мен учун бирдек азизу мукаррам, —деди. Сўнг паст, шикаст овозда шеър ўқий бошлади:

Сенга эй севгили тупроғимиз жонлар фидо бўлсин,
Кимиким жон фидо этмас сенга юзи қаро бўлсин.

Надомат чекмасун қўйнингда авлодинг, ҳаётинда,
Сени тарк айлаганларнинг иши оҳу наво бўлсин.

Оналиғ ҳурматингни тутмаган бепок нодонлар,
Куйиб ҳажр ўтида руҳи азобға мубтало бўлсин.

Жудолик ихтиёр ҳеч этмасун васлингда юрганлар,
Жудо бўлгунча сендин яхшидур жондин жудо бўлсун.

Сотиб виждонни сенга хиёнат айласа ҳар ким,
Куни тундин қоронғу, ҳар дами мотамсаро бўлсун.

Ҳалол эт сарф этиб эмгак ватаннинг ҳақини, Тошқин,
Ёзиб ашъорлар сен элга, эл сендин ризо бўлсун.

Андижоннинг гавжум чойхоналарида кўк чой ичиб, аския айтишаётган бағри бутун одамлар, Қашқарнинг нафасни қайтарадиган тор, диққинафас ҳовлиларида чархи кажрафторнинг на боши, на охири йўқ адоқсиз ўйларига ботиб ўтирган кишилар олис Арабистондаги бир фарзанди юрак-бағри эзилиб уларга интилаётганини билишармикин? Бахт фақат тўкин-сочин, фаровон ҳаётдан иборат деб ўйловчи кимсалар, омад фақат дасти узунликда деб ҳисобловчи калтабинлар ҳеч нарсадан ками йўқ ватандошларимизнинг Туркистон деса юраги тўкилиб тушишини хаёлларига келтира олишармикин? Бунинг учун киши юртига жонини фидо этмаса, юзи қора бўлажагини англаб етмоғи лозим. Шундагина тарки ватан этганларнинг иши оҳу наволигини тушуниб етади. Эҳтимол, ватан тушунчаси ҳам нисбийдир. Замоннинг зайли билан юртдан бош олиб кетган ватандошларимиз ер курраси бўйлаб тариқдек сочилиб кетишган. Уларнинг ҳаммаси борган ерида қадр-қиммат топиб, илдиз отишган, ўша олис юртларда ўзларига яраша нуфузлари бор. Шу пайтгача биз уларни фақат қоралаб келдик, тарки ватан этганларнинг ҳаммаси қаерлардадир хор-зор бўлиб, тентираб юришибди, дея тарғиб этдик. Ваҳоланки, биргина Арабистонда салкам ярим миллион туркистонлик истиқомат қилади. Ҳаммасининг муҳташам уй-жойи, заводлари, катта-катта мулклари, хусусий дўконлари, шифохоналари бор, улар орасидан ўнлаб фан докторлари, давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар, диний уламолар етишиб чиққан. Бу одамлар билан ҳақли равишда фахрланса арзийди. Биз эса етмиш йилдан бери бир-биримизнинг юзига қора чаплаш билан, фисқу фужур билан оворамиз. Коммунистик зулмга асосланган давлат ҳар қандай истеъдодни жувонмарг қиладиган усулларни ўйлаб топди. Энг истеъдодли шоирларимиз мужиб ташланган суякдек битта мукофот учун мустабидларни нажоткорлар деб мадҳ этишди, юқорининг кўрсатмасига биноан минг йиллик урф-одатларимизга туфуришди, олимларимиз эса кўзларини лўқ қилганча тарихимизни қайта ёзишди, етмиш йил мобайнида вояга етган шифокор қорин оғриғи билан боднинг фарқига бормайди, адабиёт муаллими Навоийнинг битта ғазалини ўқувчиларга тўғри шарҳлаб беролмайди, «Девону луғатит турк»ни варақлаб кўрмаган зиёлилар қанчадан-қанча, тужжор фақат юлғичликни кўзлайди, адлия ходими адолат тантанасини эмас, фақат ўз ҳамёнини қаппайтириш ҳақида бош қотиради, амалдор зоти борки порахўр. Шуми бизнинг ўз юртимизда яшаб ватанпарвар бўлганимизу тарки ватан этганларнинг юртдан юз ўгиргани? Бу одамларни туғилиб ўсган гўшасидан кетишга ким мажбур қилган? Ватанпарварлик ҳақида лоф урган чарм курткали калтадумлар эмасми? Бу кимсаларнинг мақсади ҳар қандай зиёли, идрокли, ишбилармон одамни йўқотиб, чин маънодаги ялангоёқлар — йўқсуллар жамиятини барпо этиш эди; орзулари ушалди — бугун юртимиз ҳар жиҳатдан хароб, одамлар ҳам моддий, ҳам руҳий абгор аҳволга тушдилар. Энди биз ўша туғилиб ўсган маконларидан қувиб чиқарилган кишиларга қўл чўзиб ёрдам сўраяпмиз, мурувват кўрсатишларини ўтиняпмиз. Тезроқ дунёга юзланадиган, жаҳон маданияти, дунё тараққиётидан улгу оладиган пайтимиз келди. Ҳазрат Навоий айтганларидек:

Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсен ўзунгдин истагил, —

дейдиган пайтимиз келди. Ким эдигу кимга айланганимизни ўйлаб кўрадиган вақт етди. Кимлигини англаб етган инсон яратган парвардигорини танийди. Ҳақни таниган одам ҳурлигини, ҳеч ким уни қул қилишга ҳаққи йўқлигини уқади, қадр-қимматини гумроҳларча оёқ ости қилган, мутелик билан ҳар қандай зулмга бош эгаверадиган кимса Худога ҳам нораво.

— Агар имкон берилса, Тошкентдами, Андижондами кичкинагина шифохона очиш ниятим бор, — деди Комилжон ака хаёлимни бўлиб. — Одамларнинг тишини даволаб бўлса-да юртимнинг бир корига ярасам.

Тарихда юртнинг мушкулини осон қилиш, одамлар хизматида камарбаста бўлиш ниятида риёзат чекканлар кўп. Улуғ Маҳмуд Қошғарий эл-юртини маърифатли қилиш учун неча йиллаб Бағдод мадрасаларининг тупроғини ялаган. Мулла боламнинг дийдорига қачон тўяркинман, дея унинг йўлларига зору нолон тикилган онаизорнинг кўзлари ситилиб, садқа жони йўлчивиндек сарғайиб узилган. Жуда кўп азобу уқубат, жудолигу мусибат эвазига ҳазрати муллам номига эришган Маҳмуд Қошғарий элининг номини то абад улуғлаб кетди. Шоир Тошқин эса қўлидан келадиган кичкинагина бир юмуш орқали бўлса-да халқининг хизматига камарбаста бўлмоқчи. Туғилиб ўсган маконидан ҳайдаб чиқарилган бу одам ватанпарварлик туйғуларини қандай сақлаб қолди экан?

Кечмадим ҳам кесмадим умиди васлингдин сенинг,
Гарчи бизларга бу кун оғушинг этдинг тор сен, —    

дея ҳақли равишда таъна қилади шоир. Етмиш йиллик тарих мобайнида озмунча хатолар, жиноятлар, фожиалар юз бермадими? Жувонмарг қилинган тақдирлар, бевақт сўлган умрлар, юлдуз кўрмай завол топган орзулар учун ким ҳисоб беради? Тарихнинг хатоларини тузатадиган саодатли кун ҳам келармикин?

— Мадинаи мунавварага борадиган пайтингизда телефон уланг. Ўзим бирга бориб, айлантириб келаман, — деди Комилжон ака бизларни кузата туриб. — Суҳбатингизга тўймай қолдим.

Аслида бу гапни мен айтишим керак эди. Ўзини болаларча бир оқкўнгиллик билан хокисор тутувчи бу одам менга бирданига худди шикаст кўнглимга марҳамдек эм бўлди. Шу боис хайрлашувимиз ҳам оғир кечди. Мен у кишининг елкасидан қучиб, Комилжон ака эса қўлимдан тутганча бир-биримизга боқиб маъюс жилмайишар, айтмоққа сўз, тўкиб солмоққа изҳори дил топилмас, зеро бунга ҳожат ҳам йўқ эди. Икковлон шу аснода хаёлан Андижоннинг истироҳатгоҳларида, Қашқарнинг кўктераклар қуюқ соя ташлаган тошлоқ йўлларида кезар, гоҳ юртига сиғмаган Бобурнинг изларини, гоҳ Ўполдаги буюк аллома Маҳмуд Қошғарийнинг, Қашқардаги Юсуф Хос Ҳожибнинг мақбарасини тавоф этардик, жисмимиз Тоифдаю руҳимиз олис-олисларда кезиб юрар, юракларни ўртагувчи андуҳли армонларга таскин-тасалли изларди.

Жаҳонда ҳеч ким мазлум биздек бўлмасун, ё раб,
Туғилган юртидин маҳрум биздек бўлмасун, ё раб.
Жаҳолат оташила ёндуруб амвол — амлокин,
Рақиблар қонига матъун биздек бўлмасун, ё раб.

Тоиф шаҳрининг осуда кўчаларидаги сайр-томошалар ҳам, яна бир неча хонадондаги қуюқ зиёфатлар ҳам менга татимади. Кўз олдимдан Тошқиннинг ўйчан чеҳраси нари кетмас, қулоқларим остида унинг исёнкор, дардли сатрлари акс садо бериб жарангларди:

Жаҳонда ҳеч ким мазлум биздек бўлмасун, ё раб.

Шоирнинг бу сатрларини асло ношукрчиликка йўймаслик керак. Очуннинг сир-синоатга тўла сўқмоқларида сарсон-саргардон кеза-кеза араб заминида илдиз отиб, қадр-қиммат топган инсон тақдирдан нолиши дуруст эмас, қолаверса, бутун одамзод кечаю кундуз илтижолар айлаб Маккадек қутлуғ шаҳар ва Каъбадек ибодатгоҳ зиёратига истаган пайтида мушарраф бўлиши улуғ саодат. Бироқ бу Исломий бурч ҳеч қачон оддий инсоний туйғу — киндик қони томган тупроқни суюш ҳиссини рад этмайди. Туғилиб ўсган заминни севмоқ ҳам имоннинг шартларидан бири. Ҳуббул ватани минал имон, яъни ватанни севмоқ имондандур, дея марҳамат, қилганлар сарвари олам. Демак, яратганнинг энг муқаддас ибодатгоҳи — Каъбада туриб ҳам туғилиб ўсган масканини севиб, унга интилиш айб эмас, аксинча бу имоннинг нишонаси.

Шом намозини Шарқия маҳалласидаги чўғдек гиламлар тўшалган масжидда ўқидик. Бизни кузатиб юришган ҳамроҳларимиз тўйга бориш учун уй-уйларига тарқаб кетишди. Бирон ватандошимиз тўй қилса, туркистонликлар бола-чақаси билан ёпирилиб келишар, тантана баҳона бир-бирлари билан дийдорлашиб олишар экан. Афсуски, бу тўйда қатнашиш бизга насиб этмади. Тўсатдан оқсоқолларимизнинг феъли айнаб, кетамизга тушиб қолишди. Раҳматуллоҳ Туркистонийнинг хижолатомуз гап тушунтиришлари ҳам кор қилмади.

— Ватандошларимиз сизларни зиёрат қилиш учун атай тўйга келишади. Уларнинг сизларга айтадиган гаплари, берадиган омонатлари бор. Индамай кетиб қолсак ҳурматсизлик бўлмайдими? — Раҳматуллоҳ Туркистоний азбаройи ранжиганидан йиғламоқдан бери бўлиб гапирар, лекин ҳамроҳларим ўз қарорларида устивор эдилар: Нима, тўй кўрмабмизми, кетамиз, тамом-вассалом. Эртага Мадинага боришимиз керак, дам олмасак бўлмайди.

Неча кундан бери зиёратимизга бориб, изимизни кўзига суртгудек бўлиб юрган одамларга хайр-маъзурни насия қилиб жўнаб қолдик. Сайёра шаҳардан чиқиб тоғ йўлига бурилди. Худди бизнинг йўлга чиқишимизни пойлаб тургандек бирдан қоронғу тушди. Ўнгу сўлимизда сон-саноқсиз чироқлар шодаси ёнди. Иланг-биланг буралиб кетган йўлнинг икки томонидаги қуюқ дарахтлар орасига жойлашган шинам меҳмонхоналар, ораста ошхонаю истироҳатгоҳлар дам олувчилар кам бўлишига қарамай неон чироқларнинг сутдек нурига чўмилиб турар, худди эртаклардаги тилсим қасрларга ўхшаб кўринарди. Осмонда юлдузлар чарақлайди. Тоиф тоғларида сон-саноқсиз чироқлар, сайёра чироғи ёритган йўлда эса қатор ораларини ажратиб турган нурқайтаргичлар ялт-юлт қилиб кўзини қамаштиради. Беихтиёр Ўзбекистондаги тунда қабристондек қоп-қоронғу зулмат қўйнига чўмиб турадиган қишлоғу кентларимиз кўз олдимга келди. Бизда ҳатто электр қуввати ҳам тансиқ. Бу афсонавий боғларда эса истаган одам дам олиб, қушларнинг ҳузурбахш хонишларидан лаззатланиши мумкин. Ким эртароқ буюртма бериб, ҳақини тўласа бас. Истироҳатгоҳларнинг кўпи хусусий. Бизда-чи? Энг хушманзара жойлар аввало амалдорларга хизмат қилади. Сўлим масканларга меҳнатдан қўли қавармаган раҳбарлар ва уларнинг бола-чақаси дам оладиган жойлар, шифохоналар қурилади. Меҳнаткаш эса овқатнинг сарқитини еб, умрида бирон марта на тоғ ёнбағридаги ўрмонда, на денгиз бўйида дам олмай ўтиб кетади. Чириб бораётган капитализм оламида, буюк хаёлпараст Маркс ёзғириб афюн деб атаган дин одамларнинг онгини заҳарлаган Арабистонда инсоннинг меҳнат қилиши учун ҳам, бу меҳнатнинг ҳузурини кўриши учун ҳам барча шароит муҳайё. Гуллай-гуллай хазон бўлган социализмда эса меҳнаткашга фақат заҳмат чекиш, амалдорга эса фақат роҳат қилиш имтиёзи берилган.

Сайёра чироғининг ёруғида ялт-юлт товланаётган нур қайтаргичлар хаёлни чалғитади. Бизнинг қайси кўчамиздаги қатор ораларига тўрттагина нур қайтаргич ўрнатилган? Бизда темир, шиша анқонинг уруғими? Нега бизнинг йўлларимизда юрган одамнинг ичи тўкилиб, худди пўла бўлган қовунга ўхшаб қолади? Нега чириб бораётган капитализмнинг тоғ оралаб ўтган йўллари ҳам кафтдек теп-текису бизнинг коммунизмга элтувчи йўлларимизда кундузи ҳам чироқ ёқиб юрмасанг ё чуқурга тушиб, ё бирон дўппайган нарсага қоқилиб майиб бўласан? Биз бунчалик дидсизликни, ўз меҳнатимиздан ҳам лаззатланмайдиган даражадаги тўқим табиатлиликни қайдан ўрганганмиз? Ота-боболаримиз каззоб ўтмаган-ку? Ҳамма нарсага фақатгина бугун бетига қора чапланаётган коммунистик мафкура айбдорми?

Бир пайтлари «Минг бир кеча»ни варақлаб одамларнинг меҳр-оқибати, бой-бадавлатлиги, эл-юрт учун фийсабилиллоҳ холис хизматлари, мамлакатнинг ободлиги, санъатнинг мислсиз тараққиёти ҳақидаги ривоятлардан эсим оғиб қолган эди. Бугун араб тупроғида ўша китобда тасвирланган мўъжизаларга ҳар қадамда дуч келяпман, одамларнинг имон-эътиқодда собитлиги, ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги, меҳр-оқибати ва алал-оқибат юртнинг гуллаб-яшнаганини кўриб ўзимни худди эртаклар оламига кириб қолгандек сезяпман. Ҳар қандай юксалиш ва тараққиётнинг асоси эътиқод билан ишонч эканига яна бир карра амин бўлдим. Ёмонлик, бировнинг ҳақига хиёнат, талончилик, зиногарлик, хунрезлик каби иллатлардан инсонни фақат имон қайтаради. Имонли одамни ўғрилик қилганинг учун қонуннинг фалон бандига биноан жазоланасан, деб қўрқитишнинг ҳожати йўқ. Худонинг ёди, беш маҳал ибодат чоғидаги яратган билан мулоқотнинг ўзиёқ уни ҳар қандай бадбин ўйлардан қайтаради. Расулуллоҳ бежиз: «Намоз инсонни катта-кичик гуноҳлардан қайтаради», демаганлар.

Сайёра чироқлар ёғдусига чўмган оппоқ бинолар, мевали боғлар, болаларнинг ўйин майдончалари ёнидан сузиб ўтяпти. Мен нафақат бири иккинчисига ўхшамайдиган биноларга, ҳатто ҳар бир бута ҳар бир гиёҳга бўлакча меҳр, қўполроқ қилиб айтганда суқ билан тикиламан. Бу масканларнинг фараҳбахш осудалигини, фақат чўл-биёбондангина иборат деб таърифланган мамлакатнинг гарддан холи озодалигини, сиёсий курашлар, тинимсиз бақириқ-чақириқлардан толиққан асабларга ҳузур бағишлайдиган сокинлигини юрагим қатига жо этиб олиб кетгим бир умр тасаввуримдаги мана шу хаёлий осуда масканларда яшагим келади. Бироқ ҳадемай Тоиф тоғларидаги қоронғу кеча, бирон япроғига гард қўнмаган боғлар, бу боғларга сеҳрли шукуҳ бахш этиб ял-ял ёнган сон-саноқсиз чироқлар, кафтдек текис йўллар ортда қолар, учқур сайёра мени ширин хаёллар оғушидан юлқиб олиб чиқар ва тотли ўйларим пардек тўзиб кетар эди.

Меҳмонхонага етиб келганимизда соат тунги икки бўлган эди. Мезбон биз билан хайрлашиб улгурмай ҳамроҳларим янги инжиқлик ўйлаб топишди.

— Бизга эрталаб еттига сайёра юборсангиз. Мадинага пешингача етиб олайлик. Иссиқда йўл юролмаймиз, —деди Шукрулло.

Раҳматуллоҳ Туркистонийнинг ҳорғин чеҳрасидан қон қочиб, кўзлари қисилди, чўққи соқолли ияги титраб кетди, жаҳл устида қаттиқ-қуруқ гап айтиб юбормаса эди, деган хавотирда нафасимни ичимга ютиб турдим. Йўқ, чинакам маданиятли одам ҳеч қачон бундай беодобликка йўл қўймас экан.

— Ҳозир вақт ярим кечадан ошди. Шу пайтда телефон қилиб бировларни безовта қилиб бўлмайди, — деди у гуноҳкорона оҳангда. — Сизларни Мадинага олиб борадиган сайёра соат иккида келади. Кун иссиқ бўлгани билан сайёранинг ичида кондиншейн бор, Робитанинг хуттубусини йўлда ҳеч ким тўхтатмайди.

— Бизнинг Мадинада қиладиган ишларимиз кўп, қўлимизда ватандошларимизнинг хатлари бор, уларни эгаларига тарқатишимиз керак. Пешинда йўлга чиқиб, кечқурун етиб борсак, ишларимиз битмай қолади, шаҳарни ҳам тузукроқ кўролмаймиз, — дея гапга аралашди Рамз Бобожон.

Раҳматуллоҳ Туркистоний бир нафас ўйга чўмиб турди-да, эшитилар-эшитилмас: «Субҳаноллоҳ!» деб қўйди ва имкони борича босиқлик билан жавоб қайтарди:

— Хўп, мен ҳозироқ уйга бориб сизларга бирон сайёра топишга уринаман. Еттида эмасу ҳарҳолда соат тўққизга етиб келади. Яхши ётиб туринглар. Хайр.

У кескин бурилиб жўнаб кетди. Бу одам Маккадан анчагина олисда туришини, то уйига етиб боргунча бамдодга азон айтилишини, куни билан юзлаб чақирим йўл босиб, ярим тунда бировларга қўнғироқ қилиб ялиниб-ёлбориш халқаро ташкилотнинг масъул ходими учун ўнғайсиз иш эканини ўйлаб эзилдим.

Ҳамроҳларим меҳмонхонага, мен бамдод намозига туролмаслигим мумкинлигидан хавотирланиб Масжиди Ҳаромга кириб кетдим. Бамдод намозини ўқигач, масжидда ётиб одам олдим. Меҳмонхонага қайтганимда аллақачон ювиниб-тараниб улгурган ҳамроҳларим Мадинага азонлаб кетиш фикридан воз кечишган экан.

— Вой, вой, вой, ёмон ўсал бўлдик, — дея кутиб олди Жамол Камол. — Кечаси учлардан ошганда Раҳматуллоҳ Туркистоний қўнғироқ қилиб, умрага келган одам Масжиди Ҳаромда лоақал бир марта жумъа намозини ўқимаса ибодати қабул қилинмайди, дедилар. Тамом, биз жумъага қоламиз, дедим. Эрталаб оқсоқолларга ҳамма гапни айтиб вазиятни тушунтирдим. Жумъани ўқиб, йўлга чиқишга рози бўлишди.

— Яхши бўлибди, кеча мен гапга аралашишга истиҳола қилган эдим.

— Умранинг шунақа шартлари борлигини бизга олдинроқ айтиб қўймаган экансизда, оқсоқол, — дея ўпкалади Жамол Камол.

— Мендан қайси ибодат қандай ато этилишини ҳеч ким сўрагани ҳам йўқ-ку, барака топгур.

— Ҳа, бу гапингиз ҳам тўғри.

Нонушта қилиб чиқишимиз билан Раҳматуллоҳ Туркистоний етиб келди. Уйқусизликдан кўзлари қизариб, қовоқлари сапқиган бўлишига қарамай, одатдагидек ҳаракатлари чаққон.

— Биз пешонаси сажда кўрмаган гумроҳ бандалар умранинг шартларидан бехабар бўлганимиз учун эрталабки салқинда Мадинага етиб ола қолайлик, деб ўйлаган эдик. Эминжон ҳам камтарликни ҳаддидан ошириб бизга олдинроқ шипшитиб қўймабди. Билмасдан қилинган гуноҳни Худо кечирар экан, сиз ҳам бизни маъзур тутинг. Сизларнинг режаларингизни бузмай жумъани ўқигандан кейин йўлга чиқа қолайлик, — деди ҳамманинг номидан Одил Еқуб.

Раҳматуллоҳ Туркистонийнинг чеҳраси ёришди. Жумъага етиб келажагини айтиб, тезгина изига қайтди. Жумъа қандай ўқилгани, намознинг бирламчи шартлари ҳам бузилгани ҳақида тўхталиб ўтирмайман. Муҳими бу эмас: муҳими — истасак, истамасак, билсак, билмасак, исломий ҳукмларга итоат этиш, қўлдан келганча Аллоҳнинг зикрини қилиб, ибодатларни бажо келтириш. Кимнинг эътиқоди қанчалигу тақвоси қай даражадалиги ҳар кимнинг виждонига ҳавола.

Ҳамроҳларим билан эртасига Жидда шаҳрида учрашдик. Бу ердаги сув тозалаш иншоатини томоша қилдик. Қизил денгиз бўйига жойлашган улкан корхона кўндаланги икки ярим метр келадиган саккизта қувур орқали тинимсиз сув тортар, махсус қозонларга келиб тушадиган шўр сув қайнатилиб буғга айлантирилар ва махсус совутгичлар орқали ўтказилиб чучитилар экан. Бу ишларнинг ҳаммаси компьютер орқали бошқарилар, ёш-ёш араб йигитлари худди докторлардек ораста кийиниб юришарди. Битта шу иншоатнинг ўзи кунига юз миллион галлон сувни тозалаб Жидда, Макка ҳамда Тоиф шаҳарларини, улар атрофларидаги қишлоқларни таъминлар экан. Бу иншоат айни вақтда каҳрабо — электр станцияси ҳам экан.

Чексиз қумликлар орасида поёнсиз денгиз сокин чайқалиб турар, баҳри муҳитдан аъзойи баданни яйратадиган, одамнинг кайфиятини кўтариб, руҳини тетиклаштирадиган, тирикчилик ташвишида нуқул қорин ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолган мияни равшанлаштириб, фикрни тиниқлаштирадиган насим эсарди. Табиатдаги кенглик инсон феъл-атворига ҳам ўтиши табиий. Феъли кенг одам эса майда-чуйда турмуш ташвишларига ўралашиб қолмайди, қиладиган иши ҳам феълига яраша катта бўлади. Бизда эса аксинча, кундан кунга ҳосилдор ерларимиз камайиб, кенгликларимиз йўқолиб боряпти, дарёларимизнинг суви тортилиб, денгизимиз қурияпти, уларни асраш ўрнига нуқул ўз майлимизча ҳар бир вилоят, ҳар бир туманда кўллар, сув омборлари барпо этяпмиз, ҳамма сувни жаъмлаб, қуриётган Оролни асраш ўрнига майда кўлчаларни кўпайтириб, дунёнинг ишларини ўз феълимизга мослаштиришга уриняпмиз. Бунинг оқибати вой бўлиши муқаррар. Арабистонда эса ер сероб, сув мўл, озиқ-овқат, мева-чева ошиб-тошиб ётибди, одамларнинг дастурхонидан йил ўн икки ой дунёнинг тансиқ мевалари, шарбатлари, қовун-тарвуз, ананас узилмас экан. Бу ҳам одамларнинг феълига яраша мукофот бўлса керак. Бизнинг қисматимиз ҳам феълимизга яраша — ҳамма нарсага зормиз, ҳамма нарсага муҳтожмиз. Муттасил қашшоқлик дийдани тошга айлантиради, дийдаси қаттиқ кимса эса разил бўлади, бундай одам учун муқаддас нарса йўқ.

Сув тозалаш иншоатидан чиқаётганимизда Шукрулло қувончини ичига сиғдиролмай хитоб қилди:

— Мана бу зўр иш бўлди! Ҳақиқий мўъжизани бугун кўрдик. Офарин, офарин! Шу кунгача ҳадеб масжиду отел, отелу масжидга қатнаб зериккан эдик. Дунёда мана бунақа зўр ишлар ҳам бор экан-ку.

Жамол Камол унга қўшимча қилди:

— Ҳақиқатан мўъжиза экан, ишқилиб халқига буюрсин. Бизга ўхшаб ҳамма нарсасини бировларга қўшқўллаб тутқазиб, ўзи кафангадо бўлиб ўтирмасин.

Сайёрага чиқишдан олдин денгизга яна бир карра суқланиб тикилдим. Бир-бирини қувлаб келаётган тўлқинлар, эпкинда жимирлаётган мавжлар гоҳ тўқ жигарранг, гоҳ қизғиш бўлиб кўринар, худди сув сатҳига аҳён-аҳёнда биров қизғиш ранг бериб турганга ўхшарди. Бу биз ўрганган ота-боболаримизнинг қони билан бўялган ол байроққа дахлдор қизиллик эмас, қалбларни шукуҳга тўлдирувчи нурафшонликка дохил ёрқин ранг эди.

* * *

Ҳар киши юз ғам била даҳр ичра сарсондир букун.
Машраб

Масжиди Ҳаромнинг нилий пештоқларида, кўкўпар минораларнинг қуббаларида имомнинг салобатли овози акс садо бериб жаранглайди:

Иҳдинас сиротал мустақийм. Сиротал лазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим валаззолийн. (Бизларни тўғри йўлга бошлагин. Ғазабга дучор бўлганларнинг, адашганларнинг йўлига эмас, ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин.)

Оппоқ мармар ётқизилган очиқ саҳнда намоз ўқирканман, хаёлан Худога илтижолар қиламан: «Яратган эгам, тўғри йўлдан адаштирмагин!

Инсонни дунёвий ҳою ҳаваслар, нафс васвасаси тўғри йўлдан адаштиради. Аллоҳ таоло ҳеч қачон бандасини таркидунёчиликка ундамайди. Исломда таркидунёчилик куфрона неъмат саналади. Бироқ, худди осмонга устун бўладигандек ҳаётга керагидан ортиқча меҳр қўйиш ҳам дуруст эмас. Одам боласи бу дунёнинг ўткинчилигини, ҳаёт неъматидан аввал ўлим неъмати яратилганини унутмаслиги лозим. Хусусан ибодат пайтида бу нарса ёдда туриши керак. Расулуллоҳ бежиз: «Ибодат қилаётганинингизда ҳозир жоним чиқиб кетади деб, бирор ҳунар билан шуғулланаётганингизда абадий яшайман деб қилинг», демаганлар.

Намоздан кейин Раҳматуллоҳ Туркистоний қўлимдан тутиб, мени Каъбанинг тилла қопланган эшиги рўпарасига олиб келди. Қуръон оятлари битилган залварли эшик. Унинг ичкарисида нималар борлиги бизга сир.

— Мана шу оятларни бизнинг ватандошимиз, қашқарлик олим ёзган, — деди Раҳматуллоҳ Туркистоний ифтихор билан. — Арабистонда тенглик ва чинакам илм эгасининг қадр-қиммати қай даражада эканини шундан ҳам билса бўлади. Каъба эшигига оят ёзадиган бирон араб олими ёки ҳаттоти топилмасмиди? Топиларди. Гап кимнинг қаерлик эканида эмас, илмида. Исломда иккита миллат — мусулмон ва кофир миллати бор деганда шу нарса назарда тутилади.

Ранго-ранг товланувчи мармар устунлар оралаб ўтар эканмиз, Туркистон элидан борган олимларга араб заминида бунчалар катта илтифот кўрсатилишининг сабаблари ҳақида ўйладим.

— Бизга бўлган эҳтиром Имом Бухорий туфайли, — деди Раҳматуллоҳ Туркистоний худди фикримни уққандек. — Эътибор берган бўлсангиз Туркистон диёридан келганларни араблар Туркистоний ёки Исмоил Бухорийга нисбат бериб, бухорийлар деб аташади. Бухорийлар Ислом динини оммалаштиришда, ҳадис илмини ривожлантиришда беқиёс хизматлар қилишган. Тўрт буюк муҳаддиснинг учтаси туркистонлик.

Бир куни икки киши баҳслашиб қолишибди. Бири араб, иккинчиси туркистонлик экан. «Сизлар Арабистонга келиб одам бўлдинглар, на зотининг на насабининг тайини йўқ халқ эдинглар. Биз туфайли рўшнолик кўрдинглар», дея маломат қилибди араб. «Бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлсанг мен билан юр, — дебди туркистонлик. Икковлон олдин миршабхонага киришибди. Арабистондаги миршабхоналарда махсус қора тахта бўлиб, ўғрилик, судхўрлик, қотиллик қилиб қўлга тушганларнинг исм-шарифи, қайси мамлакатданлиги ёзиб қўйилади. Баҳслашганлар Макка шаҳридаги ҳамма миршабхоналарга кириб чиқишибди. Қора тахталарда биронта туркистонликнинг исм-шарифи учрамабди. Шундан кейин икковлон Масжиди Ҳаромга кириб Каъбанинг тилла қопланган эшигига рўбарў бўлишибди. «Мана бу эшикдаги оятларни ким ёзган? Туркистонликми?» деб сўрабди туркистонлик, араб бош ирғаб тасдиқлагач, шаҳардаги энг катта кутубхонага олиб борибди. Ислом тарихида катта обрў-эътибор қозонган туркистонлик муҳаддис — Имом Бухорий, Имом Термизийларнинг китобларини кўрсатиб: «Булар кимлар?» деб сўрабди. Араб гап-сўзсиз бош эгиб қуллуқ қилибди. Айтмоқчиманки, ҳали туркистонликдан ўғри, каззоб чиққан эмас. Шунинг учун обрўйимиз баланд.

Қалбимда ажиб ифтихор ҳиссини туяман. Масжиди Ҳаромда ибодат қилишга, Каъбани зиёрат этишга, Макка кўчаларида бемалол кезиб юришга ўзимни тўла ҳақли ҳисоблайман. Исломда миллат айирмаси бўлмаса-да, лекин менинг туркистонлилигим бошқалардан қадримни баланд қилиб туради. Биргина имом Бухорийдек буюк зотнинг номи бутун турк улуснинг шарафини шунчалар юксалтиришга кифоя қилибди. Бугун-чи, бугун Туркистон диёри жаҳон маданиятига, Ислом тараққиётига салмоқли ҳисса қўшадиган қандай алломаи киромларни етиштирди? Биз Имом Бухорий, Имом Термизий сингари зотларга муносиб ворис бўла олдикми? Берунию Форобий, Маҳмуд Қошғарию Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий Машрабдек буюк даҳоларнинг ўгитларига амал қилдикми? Ким эдигу кимга айландик? Ислом дини одамларни бирликка, ҳамкорликка чақиради. Афсуски, бугун Туркистон даёридаги парокандаликлар, гуруҳбозликлар, мазҳабфурушликлар аввало мусулмончилик даъвосини қилаётганлардан чиқяпти. Бугунги маънавий таназзулнинг манбаларидан бири мана шу.

— Шарқий Туркистонга боргансиз-а? — дея тўсатдан сўраб қолди Раҳматуллоҳ Туркистоний.

— Ҳа, бултур бориб, то Қашқаргача айланиб келдим. Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Омоннисохон, Фурқат қабрларини зиёрат қилдим.

— Ёзувчи одамсиз, одамларнинг аҳвол руҳиясига зеҳн солгандирсиз, албатта, — Раҳматуллоҳ Туркистоний тўхтаб бир нафас Каъба атрофида айланаётган одамларга ўйчан тикилди, сўнг ажабтовур хаста овозда гапида давом этди. — Эътибор берган бўлсангиз одамларимизнинг руҳи сўник, ҳеч нарсага ишонмай қўйишган, эртанги кундан умидлари йўқ, руҳан майиб. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

— Зулм-истибдодда албатта. Хитой салкам икки юз йилдан бери отавериб, чопавериб одамларимизни соясидан ҳам қўрқадиган қилиб қўйган.

— Йўқ, тарбиямизнинг бузуқлигида, — Раҳматуллоҳ Туркистоний мулойим табиатига зид ҳолда кескин эътироз билдирди. — Биз болаларни бир қаричлигидан мутеъликка, фикрламасликка, ўз гапини айтмасликка мажбур қиламиз. Алишер Навоий тўрт яшарлигидаёқ отасининг дўстлари бўлмиш шоирлар, олиму фозилларнинг суҳбатида иштирок этар, уларнинг илму урфон, адабиёт ва санъат ҳақидаги фикрларини қуйма қулоқ бўлиб тингларди, деймизу ўз болаларимизни катталар ўтирган ерга яқин йўлатмаймиз. Катталарнинг гапига аралашма, одобсизлик бўлади, деб койиймиз. Ҳамма нарсани тақиқлайвериб, чеклайвериб болани муштдайлигиданоқ руҳан майиб, журъатсиз қиламиз. Бундай тарбия кўрган бола ҳеч қачон ўз фикрига эга бўлмайди, қувончи ёки норозилигини ботиниб бировга айтолмайди, яъни раддия билдиришдан чўчийди, алҳосил доим бировнинг амрини кутиб турадиган, бировнинг ақли билан иш қиладиган қулга айланади. Бир неча юз йилдан бери мана шундай ярамас тарбия усулимиз билан руҳан абгор, фикран заиф, ақлан ноқис қулларни вояга етказаяпмиз. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни ҳур қилиб яратган. Аллоҳнинг ҳур бандаларини қулга, руҳан майиб кимсаларга айлантириш гуноҳи азим. Қайси халқ мазлум, бировнинг қўл остида хор-зор бўлса, аввало ўзидан ўпкаласин. Аллоҳ уларни қул қилиб эмас, ҳур қилиб яратган, ҳар бир халқ ўз феъл-атвори, нияти ва тарбияси туфайли эркидан айрилади. Биз болаларимизни катталарнинг гапига аралашишдан қайтариш ўрнига фикрини қай тарз баён этишни, одоб билан муомала қилишни ўргатайлик.

Кутилмаган бу фикрга қандай муносабат билдиришни билмай қолдим. Мен шу пайтгача қуллик фақат ўзгаларнинг зулми туфайли бўйнига илинадиган сиртмоқ, ундан қутулиш учун фақат шу сиртмоқни узиш, ўзни курашлар ўтига уриш керак деб ҳисоблардим. Ажабки, қулликнинг мен билмаган бошқача кўринишлари ҳам бор экан. Чиндан ҳам фикран, руҳан ўзини даҳлсиз, озод ҳис этмаган одам ҳеч қачон жисман ҳур бўлолмайди. Руҳан ҳур инсон эса ҳар қандай тақиқ ва таъқибларга сўз бермай истиқлолга интилади, бундай одамни қул қилиб бўлмайди. Афсуски, биз ўз тарбиямиз билан қулваччаларни вояга етказаётганимизни хаёлимизга ҳам келтирмаган эканмиз.

— Саудия Арабистонига кўпинча Индонезиядан хизматчилар олиб келинади. Маълум йилга шартнома тузилгач, Индонезия ҳукуматининг вакиллари: ўғил-қизларимизга ҳар қандай юмушни буюрсанглар бўйин товламай бажаришади, агар уларнинг хизматидан кўнглинглар тўлмаса койишинглар, маошини камайтиришинглар мумкин, фақат зинҳор-базинҳор бошини силай кўрманглар, деб тайинлашар экан. Агар биров бошини силаса, индонезиялик ўзини ҳақоратланган ҳисоблаб, қаттиқ норозилик билдирар экан. Мантиқан ўйлаб кўрилса, фақат ғариб, бечора одамга мурувват кўрсатиб боши силанади, тўғрими, Амин афанди.

— Бизда бу нарса бутунлай бошқача тушунилади-ку.

— Гап қандай тушунишда эмас, моҳиятда, — деди Раҳматуллоҳ Туркистоний мунозарага ўрин қодирмайдиган оҳангда. — Ким бўлишидан қатъий назар бировнинг бошини силаган одам узини кудратли, мурувватли ҳисоблайди, тўғрими? Мурувват Аллоҳга хос. Бир банда иккинчисига фақат ёрдам бериши, қўлидан келса, озгина кўмаклашиши мумкин, холос.

Бу фикр болалар тарбияси ҳақидаги мулоқазадан кўра ғаройиброқ, қизиқроқ эди, айни вақтда бири иккинчисини мантиқан тўлдирарди. Ўз фикрини айтишга журъат этолмай ўсган бола вояга етгач, бировнинг қўллаб-қувватлашига, тўғрироғи бошини силашга эҳтиёж сезади. Оқибатда шундай муте авлод, ҳатто халқ вояга етади. Масалан, етмиш йилдан бери ўрисларни барча мазлум элларнинг халоскори, пуштипаноҳи деб ҳисоблаб келган жуда кўп оз сонли халқлар бу фикр мантиққа зидлигини эндигина англаб етдилар. Бир миллат агар ўз тили урф-одатлари, ор-номусини йўқотмаган бўлса, ҳеч қачон бошқа бир миллатнинг этагидан тутиб, унинг садақасига кўз тикиб яшамаслиги керак. Афсуски, ҳали ўзлигини тўла англаб етмаган, ор-номуси топталаверганидан иззат нафси ўлиб кетган халқлар йўқ эмас. Улар ҳамиша биров бошини силашини кутиб, буни ўзларига оғаларча меҳрибонлик билиб яшашмоқда. Неча минг йиллик узоқ тарих мобайнида жанговор хунларнинг фахри, энг ботир, энг жасоратли сарбозлари ҳисобланиб келган уйғурлар икки асрдан буён босқинчиларнинг барча хўрлигу зўрликларига қўйдек ювошлик билан кўниб, қуллик қисматига рози бўлиб яшашяпти. Уларнинг итоаткорлиги туфайли ҳатто дунё харитасидан бу қадим диёрнинг номи ҳам ўчириб ташланди. Энди ҳеч ким бу юртни Уйғуристон ёки Шарқий Туркистон деб эмас, балки босқинчилар қўйган ном билан Шинжонг — янги забт этилган ер деб атайди. Бу юртда ҳамон марксизм, ленинизм, сингари фақат ҳукмрон миллатнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган ғайриинсоний таълимотлар устивор. Бу таълимотларга қарши чиқиш — жиноят, ҳар қандай жиноят эса қонун билан жазоланади. Қўйдек ювошлик билан қисматига рози бўлиб юрган кимсаларга мурувват кўрсатилиб, боши силанади. Бу ҳолдан норози бўлиб дод деб юборгиси, қадимий жасоратини, дунёни ҳайратга солган довруғини йўқотиб қўйган халқни боши силанса, иззат-нафси ҳақоратланадиган индонезиялик қилиб яратсанг бўлмасмиди, парвардигор, деб юборгиси келади кишининг.

Икки йил муқаддам Урумчига борганимда бир зиёли одам: «Тақсир, ўзлари ҳам диндор, ҳам ёзувчи эканлар, холисаниллоҳ айтсинларчи, худо биз уйғурларни унутиб қўйдими? Эсимизни танигандан бери кўрганимиз хўрлик, зулм. Худони танимайдиган, ҳатто ўзи ясаган ҳайкалга ҳам чўқинмайдиган қизил коммунистларга қул қилиб қўйди. Бизнинг ҳам тақдиримиз ўзгарадими ёки то қиёматгача хитойларнинг зулмидан қутулолмаймизми?» деб қолди. Мен унинг эзилиб айтган гапига эътироз билдирдим: «Худо сизларни эмас, сизлар худони унутиб қўйгансизлар. Мусулмончилик даъвосини қиласизлару масжидлар ҳувуллаб ётибди, эркак зотининг ҳаммаси қовоқхоналарда ароқдан бош кўтармаса, хотин-халаж ярим яланғоч ҳолда кўчадан бери келмаса, муллалар ислом деб нуқул бидъату жаҳолатни тарғиб этишса, масжидларда одамларни имондан қайтарадиган руҳсиз, мантиқсиз ваъзлар айтилса, намоз ўқиган, рўза тутган одам давлат жиноятчиси деб аталса, ҳеч ким ўз қисмати ҳақида тузукроқ ўйлаб, бирлашиш, бош кўтариш ҳақида ўйламаса, яна худони айбдор қиласизми? Аллоҳ таолонинг сиз ўз феълингизни ўзгартирмагунча мен сизнинг қисматингизни ўзгартирмайман, деган ваъдаси бор. Биз аввало Қуръонни маҳкам тутайлик, худо кўрсатган тўғри йўлдан юрайлик, агар шунда ҳам қисматимиз ўзгармаса, кейин худодан ўпкалайлик. Ислом дини миллати ва ирқидан қатъий назар одамларни бирликка чақиради. Сизлар бирлашиб асосий ёвга қарши курашиш ўрнига ҳали ҳам маҳаллийчилик билан оворасизлар. Қани энди инсофан айтинг-чи, худо сизларни унутиб қўйган бўладими ёки сизлар худодан юз ўгирган ҳисобланасизларми?»

Менга кинояли савол берган одам бошини қуйи солинтирганча чурқ этмади. Дунёда ночорлик ва аламдийдаликдан шундай боши эгилган кимсалар кўп. Афсуски, улар кимдир бошини силашини, бирон қўл мурувват кўрсатишини кутади. Бундай инсонларга қаддингни ростла, бирон каззоб бошингни силаб, сени ўз маслагига мойил қилиб олмасин, дегиси келади кишининг.

Раҳматуллоҳ Туркистоний билан Макка кўчаларида узоқ сайр этиб юрдик. Шаҳар кўчалари тор, бунинг устига барча биноларнинг биринчи қавати дўкон, ошхона, устахона бўлгани учун йўловчилар бемалол юриши маҳол, устига-устак ҳаж мавсуми бошлангани учун дунёнинг турли чеккаларидан ҳад-ҳисобсиз одам оқиб кела бошлаган, ҳамма қаёққадир ошиқади, нимадир харид қилади, ҳавоси салқин юртлардан келганлар иссиққа чидолмай дуч келган сув дўкони олдида уймалашади. Кўпдан бери ғойибона танишиб, бир-биримизга интилиб яшаётган икки ҳамроҳ на одамларнинг ғала-ғовурига, на сайёраларнинг шовқин-суронига парво қилмай оҳиста суҳбатлашиб борардик. Йўлимизга ёғду тўшалади, қулоқларимиз остида Аллоҳнинг зикри тинимсиз жаранглайди, руҳимизда ажиб бир хушнудлик, бири-иккинчисига халал бериб оқиб келаётган фикрларимизни айтиб улгуролмаймиз, кўпинча сукутга чўмиб одимлаймиз, назаримда бундай аснода бир-биримизни яхшироқ англаётганга ўхшаймиз.

— Бугунги Туркистон дунё тараққиётидан анча орқада қолди. Хусусан илм-маърифат соҳасида оқсаяпсизлар. Эндиги вазифа ёш авлодни дунё маданиятию маърифатидан огоҳ қилиб вояга етказиш.

— Менингча биз биринчи навбатда ўзлигимизни таниб етмоғимиз даркор. Кейин бошқаларга эргашсак бўлади.

— Бу бири иккинчисини тўлдирадиган нарса. Масалан, Советлар Иттифоқи билан Чинда кўпдан бери одамларни манқуртлаштириш сиёсати юргизилмоқда. Ўтмишини унутган, тарихини билмайдиган, айни вақтда бугунги дунё маданиятидан бебаҳра одамлар тарбияланмоқда. Бундай кимсалар қориндан бошқа нарса ҳақида ўйламайди. Мен Шарқий Туркистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам бўлганман, афсуски, ҳур фикрли одамни оз учратдим. Одамлар бир-биридан ҳадиксираб туришади.

— Ҳур фикр юритиш учун инсоннинг ўзи ҳур бўлмоғи керак-ку. Лекин бизнинг юртларда марксизм-ленинизм ниқоби остида ҳуррият бутунлай поймол этилган. Ғарбий Туркистонда озодлик чечаклари эндигина ниш ура бошлади, лекин Шарқий Туркистон ҳали ҳам қуллик ботқоғига ботиб ётибди.

— Ҳуррият осмондан тушмайди, уни қўлга киритиш керак. Ҳурриятга етиш учун бу йўлда курашадиган одамларни вояга етказиш лозим. Менингча ишни мактаблардан бошлаш, кимлигини англаб етган чинакам маърифатли ёшларни тарбиялаш керак. Акс ҳолда яна ҳамма уриниш беҳуда кетади. Исломдан, дунёвий илмлардан, тарихдан хабардор, бир неча тилни пухта биладиган авлод вояга етиши зарур. Шундагина бизнинг асрий орзуимиз ушалади.

Кўҳна Хўтанда туғилиб Маккада вояга етган замонамизнинг закий олимларидан бири Раҳматуллоҳ Туркистоний ўз диёрида чинакам ҳуррият тантана қилиши учун куйинар эди. Расулуллоҳ бировга яхшилик қилишни ўйлаган одамга шу нияти учун битта савоб, агар уни рўёбга чиқарса, етмишта савоб берилади, деганлар.

* * *

Бир одам донодан сўрабди: «Нима учун ҳамма пайғамбарлар яҳудий билан арабдан чиққану турклардан бирон набий дунёга келмаган!» «Нега чиқмас экан, Одам Ато биздан-ку», дея жавоб берибди доно.

Жиддадаги пластик завод эгасининг исм-шарифи расмий ҳужжатларда Муҳаммад Амин Тожибой, норасмий Қодир ҳожи. У киши Комил Абдуллоҳнинг Қашқарда бирга катта бўлган эски қадрдони бўлгани учун уйда бор-йўқлигини суриштирмасданоқ бостириб боравердик. Хизматкор аёл муддаоимизни эшитгач, бизни рўпарадаги меҳмонхонага бошлади ва ҳаял ўтмай дароз гавдали, озғинлиги ва хиёл букчайиб юриши билан Дон Кихотни эслатувчи (фақат соқол — бурути йўқ) олтмиш ёшлар чамасидаги одам кириб келди. Бир пиёладан чой ичилгач, у киши бизни заводига олиб борди. Бу заводда асосан полиэтилен дастурхон, қоп ҳамда халталар чиқарилар экан. Ҳар хил ширкатларнинг номи, манзили ёзилган турли рангдаги бу нарсаларнинг сифати ҳақида гапириш ортиқча. Ҳамма иш автоматлаштирилган, ишчилар фақат дастгоҳларнинг ишлашини назорат қилишар, тайёр маҳсулотларни тахлаб, жўнатишга ҳозирлашар экан холос.

— Ишчиларингиз қанча маош олишади? — дея қизисиндим.

— Энг паст маош минг риёл, икки-уч минг оладиганлари ҳам бор, — деди Қодир ҳожи. — Инженерларнинг маоши ўн мингдан ошиқ. Сизларда аҳвол қандай?

— Бизда камдан-кам одам минг сўм маош олади. Даромад озу буромад кўп. Нарх-навода ҳам фарқ катта экан, кўп нарсалар бизда қимматроқ, бунинг устига танқисроқ, одамларнинг топиш-тутиши сизларникидан бир неча ҳисса камроқ.

— Ажиб?! — дея луқма ташлади Комил Абдуллоҳ. — Битта оила бир кишининг топгани билан фаровон яшолмайдими?

— Йўқ, битта одамнинг қўлига қараган оила очдан ўлади, — дедим ҳақиқатни хаспўшлаб ўтирмай. — Бизда ишчининг маоши тўрт юз-беш юз сўмдан ошмайди, ўқитувчи, докторлар ундан ҳам камроқ олишади, деҳқоннинг топиш-тутишини айтсам, умуман ишонмайсизлар. Лекин бозорда бир кило гўшт ўттиз сўм, памилдори билан пиёзнинг нархи беш сўм, қуртлаган олма ўн сўмга чиқиб кетди.

— Деҳқонларга бирон имтиёз бериладими?

— Ҳа, эрта тонгдан шом қоронғусигача тинимсиз меҳнат қилиш имконияти берилади. Топгани кунига бир маҳал қозон қайнатишга зўрға етади.

— Ажиб?! — деди Комил Абдуллоҳ баттар ҳайрати ошиб.

— Қодир ҳожим, сиз савоб талаб одам экансиз, агар Тошкентда шунга ўхшаш бирон завод қурсангиз савобнинг тагида қолиб кетардингиз, — дедим.

— Мен тужжор эмас, саноатчиман. Агар куймаслигимга кафиллик берсангиз қурганим бўлсин.

— Мен ҳукуматнинг номидан кафолат бера олмайман, албатта. Лекин Туркистон учун сарфлаган ҳар бир тийинингиз бекор кетмайди. Яхшилик қил, дарёга сол, балиқ билур, балиқ билмаса ҳолиқ билур, деган нақл бор-ку. Худога таваккул қилиб иш бошлайверайлик, бирон нажот йўли топилиб қолар.

Қодир ҳожи ёш боладек қиқирлаб кулди, Комил Абдуллоҳни аста нуқиб:

— Меҳмонингиз анчагина қув чиқиб қолди-ку, — деди.

— Хўп, деяверинг, Қодир ҳожи, таваккулчининг ишини Худонинг ўзи ўнглайди, — деди Комил Абдуллоҳ менинг фикримни қувватлаб. — Агар сармоянгиз етмаса, уч-тўрт киши бирлашиб ширкат тузинглар. Эмин ҳожи Тошкентга қайтгач, хайрия вақфи қурмоқчи. Иккаланглар шартнома тузиб иш бошлайверасизлар. Ўзбекистон ҳукумати билан бўладиган ҳамма муомалани бу киши ўз зиммасига олади.

Қодир ҳожи пешонасини тириштирганча ўйланиб қолди. Бирдан соатига кўз ташлади-да: «Пешин вақти бўлиб қолибди», дея бизни заводнинг ёнбошйдаги палос тўшалган очиқ майдонга бошлади. Шапалоқ баргли лўз дарахтларининг соясида намоз ўқигач, Қизил денгиз соҳилига йўл олдик. Шундоққина денгиз соҳилидаги шинам ошхонада тамадди қилиб, ҳаддан ташқари хушбўй чой ичдик. Мен мезбонимизнинг оғзини пойлаб, илтифотли бирон гап айтишини бетоқатлик билан кутардим. У киши эса нуқул суҳбатимизга алоқаси йўқ нарсалар ҳақида гапирарди.

— Бекор ўтиргунча омад ҳақида бир ривоят айтиб берайми? — деб қолди тўсатдан мезбонимиз. Мен у кишидан бутунлай бошқача гап кутаётганим учун энсам қотиб индамадим. Комил Абдуллоҳ эса: «Қани, қани», дея қизиқиш билдирди. Қодир ҳожи хизматчи келтириб қўйган чилимни қулдиратиб тортгач, гап бошлади. — Кунларнинг бирида Омад билан Давлат учрашиб қолишибди. Омад баланд бир тепаликка чиқиб, ясланиб ётган экан. Унинг такаббурлик билан юқорига чиқиб олганига ғаши келган Давлат: «Ҳой беодоб, пастга тушиб менга салом бер», дебди. Омад пинагини бузмай: «Нега мен сенга салом беришим керак экан?» деб сўрабди. «Чунки мен инсонни бахтли қиламан. Кимки мени қўлга киритса, ҳамма орзусига етиб, беармон яшайди», дебди Давлат, «Бекорларни айтибсан, агар инсонга мен ёр бўлмасам сени қўлга киритгани бекор. Одам боласига аввало омад керак. Давлатга ҳам, шон-шуҳратга ҳам фақат мен туфайли эришади», дебди Омад.

Баҳс узоқ давом этибди-ю, лекин барибир бир тўхтамга келишолмабди, алҳосил, ҳар иккалови ҳам ўзининг ҳақлигини исботлаш учун бирга йўлга тушишибди. Бир яйловга келишса, бошини қотирмоч босган бир тоз пода боқиб юрганмиш. «Менга ўз кучимни синаб кўришга изн бер. Мана шу тоз орқали нималарга қодирлигимни кўрсатаман», дебди Омад. Давлат розилик берар-бермас қаттиқ шамол чиқиб, ўтлаб юрган моллар турли томонга тирқираб кетибди. Тоз уларнинг қай бирини қайтаришни билмай боши оққан томонга қараб йўлга тушибди. Кўз очирмас шамолда юра-юра муҳташам бир бинонинг олдидан чиқиб қолибди. Довдираганича бориб жонҳолатда дарвозани тақиллата бошлабди. Дарвозабон унинг кимлигини, бу ерга нима мақсадда келганини суриштирибди. Тоз бошига тушган ташвишни айтиб, бирон ёрдам беришини ўтинибди. Бу жой подшоҳнинг ёзги оромгоҳи экан. Шамол чиқишидан бир кун бурун подшоҳ бу ерга истироҳатга келган экан. Дарвозабон подшоҳга тознинг арзини етказибди. Унга раҳми келган подшоҳ: «Бир шўрпешона бечора экан, менинг сояи-давлатимда беш-ўн кун юратурсин. Қайғуси унутилиб, сал дарди аригандан кейин кетар», дебди. Шу кундан эътиборан тоз подшоҳнинг сўлим боғида яйраб юраверибди. Биров унга иш буюрмас, ҳукмдорнинг илтифоти туфайли егани олдида, емагани кетида экан.

Подшоҳнинг қароргоҳида уста найчи бўлиб, у ҳар куни субҳда ёқимли куйлар чалиб, ҳукмдорни бомдод намозига уйғотар экан. Унга ҳаваси келган тоз астойдил қунт қилиб най чалишни ўрганибди ва қисқа муддатда устозини йўлда қўядиган моҳир санъаткорга айланибди. Унинг таърифини эшитган подшоҳ ҳузурига чорлабди. Тоз бор маҳоратини ишга солиб шу қадар эҳтиросли куйлар чалибдики, ҳукмдор ўзини Арши Аълода юргандек ҳис этибди ва шу кундан эътиборан уни ўзига хос найчи қилиб олибди. Подшоҳнинг найчиси бошини қатирмоч босган кал бўлиши мумкин эмас, шу боис табибларни чақиртириб, тозни даволашни буюрибди. Бу имконсиз ишга қандай чора топишни билмай боши қотган табиблар таваккалига иш тутишибди. Ажабки, қандай дори беришса, эм бўлур, ҳатто балчиқ суриб қўйишса ҳам кундан кунга эти ўзгариб, тознинг бошидан тук чиқа бошлабди ва роппа роса қирқ кунда жингалак соч йигитга айланибди.

«Кўрдингми? — дебди Омад. — Яқинда у подшоҳга куёв бўлиб, тахтга чиқади». «Бўлмаган гапни гапирма. Шу тозни куёв қилиб подшоҳ эсини ебдими?» дебди Давлат. «Озгина сабр қилсанг айтганим келишини кўрасан», дебди Омад кулиб. Табиблар тозни ҳаммомга тушириб, шоҳона либослар кийдириб подшоҳнинг ҳузурига олиб киришибди. Тахтга яқин келганда тоз тўсатдан подшоҳнинг юзига тарсаки тортиб юборибди. Подшоҳнинг бошидаги тож учиб кетибди. Дарғазаб бўлган ҳукмдор дарров жаллод чақиртирибди. «Бир қошиқ қонимдан кечинг, тақсири олам, — дебди тоз ерда ётган тожга ишора қилиб. — Тожингизда заҳарли чаён думини гажак қилиб турган экан. Агар уни ўлдириш учун қўл узатсам, нотўғри тушуниб албатта қўлимни кестирар эдингиз, икки ўртада сизни чаён чақиб ўлдирарди. Мен гуноҳкор қулингиз сизнинг ҳаётингизни сақлаб қолиш учун шундай одобсизлик қилишга мажбур бўлдим», дебди тоз.

Олиб қарашса, тожда заҳарга тўлган чаён думини гажак қилиб турганмиш. Қувончи ичига сиғмаган подшоҳ тозни ўзига куёв қилиб, тож-тахтини топширибди. «Ана, кўрдингми, —дебди Омад. — Инсонга ҳамма нарсадан кўра мен зарурроқман. Омад ёр бўлса инсон барча орзусига етади». Давлат унга тан бериб, қуллуқ қилибди.

— Бундан чиқадиган хулоса…

— Қандай хулоса чиқиши ёш болага ҳам аён-ку, Комил ҳожим, — деди Қодир ҳожи. — Эр кишига ҳам, ҳар бир халққа ҳам омад кулиб боқмаса, дунёга келгани бекор экан. Биз уйғурларнинг толеимиз пастлиги, пешонамиз шўрлигини ўйлаб хўрлигим келади. Баъзан, Худойим муртад бўлиб кетган одамларга ҳам, Аллоҳнинг бирлигига шак келтириб, мусулмонларга жуда кўп озору кулфатлар етказаётганларга қам нусрат беради-ю, биз уйғурларни, умуман туркистонликларни мунча хор-зор этмаса, деган шаккок хаёлларга бораман. Биздан омад бутунлай юз ўгириб, юртимиздан этак силкиб чиқиб кетдими, дейман. Африкадаги ҳали отини ёзишни билмайдиган ярим ёввойи қабилалар ҳам ҳур бўлиб, ўз давлатини қурди. Дунё маданиятининг олтин бешиги бўлган туркистон халқлари ҳамон мазлум, айниқса уйғурларнинг дунёда бор-йўқлигини биров билмайди. Қўлингдан омад кетса, шундай бўларкан. Шу тобда бизга тааллуқли яна бир ривоят ёдимга тушиб кетди. Айтиб берай, а?

Бир ўрмонда ваҳшати жамъики тирик жонни зир титратадиган шер яшаркан. У ҳайвонларнинг подшоси бўлса ҳам, сичқондан қўрқар экан. Бу балои-қазодан қандай қутулиш мумкинлиги ҳақида ён-веридагиларга маслаҳат солибди. Вазирлардан бири қўшни ўрмонда сичқоннинг кушандаси бўлмиш мушук деган махлуқ борлигини, агар у олиб келинса, шаҳоншоҳ хотиржам яшаши мумкинлигини айтибди. Подшоҳнинг амри вожиб, сичқон деган балои-қазонинг кушандаси мушук ўша куниёқ ўрдага келтирилибди. Шоҳона имтиёзлар берилган мушук тахтнинг ёнидаги пар болишда талтайиб ётар, қиладиган иши сичқон кавакдан бошини чиқариб мўралаганда таҳдид солиб, қўрқитиб қўйиш экан. Шер хотиржам, сарой аёнларининг оғзи қулоғида, мушук эса кутилмаганда эришган имтиёзлардан ўзида йўқ шод. Кўп ўтмай мушук болалабди, она мушук уларни боқиш ташвишини қилмас, ҳамма нарса муҳайё экан. Бироқ тез орада фожеа юз берибди. Бояги мушук болаларидан бири билмасдан шернинг юрагига ғулғула солиб турадиган сичқонни тутиб, еб қўйибди. Шу кундан эътиборан мушук подшоҳ саройидан қувилибди.

Бу ривоят менга қаттиқ таъсир қилди: таҳдид солиб турувчи мушук ҳайдалгани билан тахтда ҳайбатли шер ўтирибди. Мустабид коммунистлар Шарқий Туркистон халқини сичқондан ҳам ёмон аҳволга солиб қўйган. Гоҳ уларни олғир мушук — совет давлатининг қурол-яроғи билан қўрқитади, гоҳ ўзи таҳдид солади.

— Эсингларда бўлса, бир пайтлари Фаластин, Урдун ҳукуматининг вакиллари уйғурларга босқинчиларнинг зулмидан жабру жафо чекаётганингларни, ўз мустақилликларингга эришишинглар учун курашда ёрдам беришини сўраб Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ариза ёзинглар, биз ўртада воситачилик қилиб, аризангларни кун тартибига қўйдирамиз, зора шу баҳонада мушкулинглар осон бўлса, дейишди. Лекин ўшанда халқнинг дардини айтиб майдонга чиқадиган биронта мард топилмади. Маълумки, етмиш йилдан бери дунёнинг ярмига Москва коммунистлари ҳукмини ўтказиб келар эди. Энди Чиндан бошқа ҳамма давлатларда коммунистик истибдод тугатилди. Сичқон ўлиб, мушукка эҳтиёж қолмади. Энди кўкракка урадиган қаҳрамонлар кўпайиб кетди. Афсуски, улардан биронтаси ўз халқи ва давлатига ваколатлик қилолмайди. Ўртада туриб, сенинг йиғингни йиғлашиб бераман, дейдиган марду майдоннинг ўзи йўқ. Ёлғиз умид Аллоҳдан.

— Халқда Аллоҳ таоло бандасига яратиш мендан, яралиш ўзингдан, деган нақл бор. Ҳар бир халқ ўз эрки учун курашмаса, қурбон бермаса, Худо унинг учун милтиқ отишиб берадиган ёлланма аскарми?

— Уйғурларни курашмаган деб айблаб бўладими, Комилжон ака? — дея эътироз билдирдим. — Юз эллик йиллик тарихимизга бир назар ташланса, уйғурлар истибдодга қарши жуда кўп бош кўтаришган, лекин ҳамиша бирлик йўқлиги панд берган. Россияда Совет ҳукумати қурилгач, Сталин бошчилигидаги коммунистлар халқаро жандармлик вазифасини ўтаб, халқимизни қуллик асоратида сақлашга хизмат қилишган. Уйғурлар ҳар гал бош кўтарганида ё Хитой коммунистлари, гоҳ Совет айғоқчилари томонидан ёлланган мунофиқ муллалар Қуръонни ўртага қўйиб халқни курашдан қайтарган. Худо одамларни итоатга, бирликка даъват этган, дея ўз халқининг бошини сиртмоққа тутиб берган.

— Кимёни толиби билган киши жондин кечар, Ҳеч ганжи кўрмадим оламда бўлғай морсиз, — дея шоҳ Машрабдан ўқиди Қодир ҳожи.

— Бизнинг чинакам ганждан иборат юртимизни босиб ётган илон эмас, аждарҳо, тақсир, — дедим. — Фақат қурбон бериш билангина мурод ҳосил бўлса кошки эди.

— Бизда бирлик йўқ, тадбир билан иш қилишни билмаймиз, — деди Қодир ҳожи афсус-надомат билан. — Халқимиз ҳалигача жаҳолатда сақланяпти, дин деб тутгани бидъат, маърифат деб ўрганаётгани аллақачон миси чиққан марксизм-ленинизм.

— Уйғурларнинг ёғи ҳам маймун ёғидек куйик ярасига даво бўлса керак-да, — деди Қодир ҳожи кулиб. Бизнинг савол назари билан қараб турганимизни кўргач, янги ривоятни бошлади. — Бир ўрмонда кўп йиллардан бери маймунлар яшашаркан. Бу ернинг иқлими мўътадил, суви ширин, мева-чеваси лаззатли экан. Кунларнинг бирида шу ўрмонга яқин жойдаги подшоҳнинг севимли бароқ мушуги борлиги, лекин сарой ошпази мушукни ёмон кўриши ҳақидаги хабар етиб келибди. «Тезроқ бу ердан бош олиб кетайлик. Подшоҳнинг мушуги билан ошпази бир-бирини ёмон кўрса, икки ўртада бизнинг шўримиз қуриб қолади», дейишибди кекса маймунлар. «Сарой ошпази билан подшоҳнинг мушуги бир-бирини ёмон кўрса, нега энди бизнинг шўримиз қурир экан. Ақлга тўғри келмайдиган ваҳимани ўйлаб шундоқ ватанимизни ташлаб кетамизми?» дейишибди ёш, тажрибасиз маймунлар. Икки авлод тил топишолмагач, бир гуруҳ қари маймунлар бехавотир ер излаб йўлга тушибдилар.

Кунларнинг бирида сарой ошпази қовурилган гўштни лаганга сузаётса, сурбет мушук каттагина бир луқмани тишлаб қочибди. Ошпаз қўлидаги кафтгир билан унинг бошига қарс этказиб туширибди. Калтак еб ўрганмаган мушук қаёққа қочишни билмай ўзини ўчоққа урибди. Аъзойи-баданига ўт туташган, жон аччиғида томга отилибди. Неча йиллардан бери қуриб, қовжираб ётган ёғочлар аланга олиб, сарой бир зумда ўт ичида қолибди. Қочган қочиб қутулйбди, қочолмаган кабобга айланибди. Бет-қўли куйиб, илвираб қолган подшоҳ дарров табибларни чақиртириб дардига даво истабди. Куйганнинг энг яхши марҳами маймуннинг ёғи, дейишибди табиблар. Подшоҳ шу заҳоти уста мерганларни ўрмонга жўнатибди. Бир неча юз мерган маймунларга қирон келтиришибди.

— Демак мустабидларнинг дардига бизнинг ёғимиз даво бўлар экан-да.

— Мана шу фожеий қисматимизни ўйлаганда одамлар ўртасида низо уруғини сочиб, Худонинг ҳақ дини бўлмиш Исломга ҳам, мусулмонларга ҳам беадад зарар етказаётганларга, лойдан ясалган ҳайкалларга чўқинадиган мушрикларга нусрат бераётган парвардигор нега мусулмончиликни маҳкам тутиб, ҳалол яшаётган уйғурларнинг толеини бунчалик паст қилиб қўйган, деган шаккок хаёлларга борасан киши, — деди Комил Абдуллоҳ куюниб. — Лекин бу чигал жумбоқлар ҳақида хулоса чиқаришга шошмаслик керак. Тақдиримизда нималар борлигини яратганнинг ўзи билади.

Эртасига Маккага қайтаётганимда Муҳаммад Амин Тожибой қўлимга муҳрланган иккита хат тутқазди: бири менинг номимга берилган ваколатнома, иккинчиси Ўзбекистонда пластмасса идиш ҳамда полиэтилен қоп чиқарувчи завод қурмоқчилиги ҳамда бу корхонанинг барча сарф-харажатини ўз устига олажаги ҳақида ҳужжат эди.

* * *

…Сени дунёга келтурди амал қил деб.
Машраб

Мадинанинг йўли олис, худди абадиятдек узундан узоқ. Абадиятга етмоқлик душвор, Мадинага етгунча юрак минг бора ҳаприқиб, инсон минг куйга тушади. Чексиз қумликлар, қорамтир тошлардан иборат пастқам тоғлар оралаб ўтган йўл сон-саноқсиз чироқлар нуридан кундузгидек чароғон. Сайёра соатига юз қирқ километр тезликда елади.

Бу йўлларда туғилган хаёллар мозийга етаклайди. Мозийда эса мусулмонларнинг, нафақат мусулмон, балки бани башарнинг саодатли онлари кўп. Қум барханлари оралаб ўтган бу қадим йўллардан илгари туялар карвони қатнаган, туяларнинг бўйнидаги мис қўнғироқлар тирикликдан, умидворликдан хабар бериб ҳазин жаранглаган. Мана шу йўллардан Худонинг элчиси Муҳаммад алайҳиссалом туғилган шаҳрига сиғмай, қариндош-уруғи, ҳамшаҳарларининг зулмидан қочиб, Мадинани паноҳ тортиб ўтганлар. Содиқ дўсти Абу Бакр Сиддиқ ҳамроҳлигида қуёшнинг ёндирувчи нуридан, юз-кўзга игнадек санчилувчи қумлардан ўзларини пана қилганча жонларини сақлаб қолиш учун Маккадан яширинча йўлга чиққанлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг жонлари фақат ўзлари учун эмас, инсоният учун омон қолиши керак эди.

Расулуллоҳ Мадинага келиб даставвал Қубода масжид қурдирдилар. Маккада эмас, Мадинада илк дафъа жумъа намози ўқилди ва Расулуллоҳ хутбада одамларни меҳр-шафқатга ундаб: «Яхши амалларни қилинглар, инъом ва эҳсон беринглар. Бир куни мол-дунёларингиздан айрилиб Худонинг даргоҳига борасизлар. Яратган эгам: «Таржимон ва воситачига ҳожатсиз пайғамбар юбормаганмидим, мол-дунё бермаганмидим, қилган яхши амалларинг қани, келтирган имонинг, берган эҳсонларинг қани?» деб сўрайди. Ўшанда қилган яхши амалларингиздан бошқа жонингизга оро кирадиган нарса бўлмайди. Ён-верингизга боқиб дўзахдан бошқа нарсани кўрмайсиз. Бунинг учун қўлдан келганча яхши амалларни қилиб, дўзах азобидан қутулишга урининглар, яримта хурмочалик нарсани бўлса-да, садақа қилинглар. Ҳеч нарсаси йўқ кишилар лоақал яхши гапириб ғариб, мискинларнинг кўнглини олсин, Парвардигори олам битта яхшиликни бир неча баробар қилиб қайтаради», дедилар. Беихтиёр биз Расулуллоҳнинг бу ўгитларига амал қила оляпмизми деган савол вужудимизни зирқиратиб ўтади. Бировларга яхшилик қилмасак ҳам лоақал ёмонликлардан, ғийбатлардан, фисқу фужурлардан ўзимизни тия оляпмизми? Расулуллоҳга уммат бўлмоқлик учун ҳар жиҳатдан у кишига эргашмоқ лозим.

Расулуллоҳ Мадинада қурдирган иккинчи масжидлари кейинчалик Масжиди Набавия, яъни пайғамбар масжиди деб юритилади. Масжиднинг ўрни икки етим болага тегишли жой эди. Болалар текинга ҳадя қиламиз дейишганига қарамай пайғамбар алайҳиссалом ернинг ҳақини бериб ишга киришдилар. Бугун болаларнинг ризқига кўз олайтираётганлар, етимларнинг ҳақига чанг солаётганлар, ҳатто ўз фарзандлари таҳсил оладиган мактабларни таъмирлаб беришни истамайдиган хўжалик раҳбарлари Расулуллоҳдан ибрат олиш ҳақида андак ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди.

Ислом дини дунёга келиб ўн беш йил ўтгач, мусулмонларнинг қибласи ўзгарди. Илгари улар Байтулмуқаддасга (Қуддус шаҳридаги Масжиди Ақсога) қараб ибодат қилардилар. Кунларнинг бирида айни намоз ўқилаётган пайтда мусулмонларнинг қибласи Каъбага ўзгартирилгани ҳақида Аллоҳдан ваҳий келди. Рукуда турган пайғамбар алайҳиссалом кескин бурилиб Макка томонга ўгирилдилар. Имони мустаҳкам мусулмонлар у кишига эргашишди, бироқ айрим имони заиф кимсалар масжиддан чиқиб кетишди, Аллоҳнинг арзимаган битта синовидан ўтолмай муртадга айланишди.

Рўза тутиш, закот бериш каби исломнинг асосий аҳкомлари ҳам Мадинада фарз бўлди. Мусулмонлар учун энг катта синов — Бадир ва Уҳуд ғазотларида Расулуллоҳ энг яқин кишилардан, содиқ сафдошларидан айрилдилар, лекин алалоқибат Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат берди. Бу хусусда Оли Имрон сурасининг 152-оятида: «Аллоҳ мўминларга марҳамат қилгувчидир», дейилади. Уҳуд ғазотидан кейин, яъни ҳижратнинг учинчи йили ароқ билан қимор ҳаром қилинди. Моида сурасининг 90—91-оятларида парвардигори олам: «Эй мўминлар, ароқ ичиш, қимор ўйнаш, бутларга (чўқиниш), фол ўқлари (билан фол очиш) жуда ярамас одат, шайтоннинг иши. Нажот топиш учун улардан сақланинглар. Шайтон ароқ, қимор орқали орангизда адоват, душманлик туғдиришга, Аллоҳнинг зикридан қайтаришга уринади. Бу ишлардан қайтмайсизларми?» дейилади. Биздаги мусулмонлик даъвосини қилиб юрган одамларнинг аксарияти ҳали Худо ҳаром қилган нарсалардан тийилиб, шайтоннинг йўлидан қайтгани йўқ.

Шу йили аёллар юзини ёпиб юриши ҳақидаги оят нозил бўлди: «Пайғамбарнинг аёлларидан бирон нарса сўраган пайтингизда парда орқасида туриб гапиринглар, бу ҳар иккала томоннинг кўнглини пок сақлайди», дейилади Аҳзоб сурасининг 53-оятида. Бу амр фақатгина Расулуллоҳнинг аёлларига тааллуқли бўлмай, бошқа аёлларнинг ҳам ҳаёли, иффатли бўлишига даъватдир. Билакузук, бўйнига осиладиган маржон, тиллақош, зебигардон, зирак намойиш этилмайдиган (бу нарсалар тақилган аъзолари ҳам албатта) зийнатлар сирасига киритилди. Кўкракни ёпиш, оёқни яшириш жорий этилди. Нур сурасининг 31-оятида: «Мўъминларга айтгинки, (номаҳрамларга) тикилиб қарашмасин, авратларини (уят жойларини) ёпишсин, ташқи зийнатлардан бошқа тақинчоқларини намойиш этишмасин, ёқаларига ёпинчиқларини ёпишсин», дейилади. Исломнинг аввалида Мадинаи мунавварада нозил бўлган бу оятнинг ҳукмини бизнинг минтақалардаги одамлар ҳали ҳам англаб етишгани йўқ. Бизда худди жоҳилият давридагидек аёллар кўкракларини очиб, бошяланг юришади, лозим кийиш — маданиятсизлик нишонаси, бировнинг хотини билан рақсга тушиш — фазилат, зино — гуноҳ эмас, муҳаббат эркинлиги, ароқ-шароб ичиш — кўнгилнинг чигилини ёзиш воситаси.

Мадинага вақт ярим кечадан ошганда етиб келдик. Масжиди Набавиянинг кўкка бўй чўзган бениҳоя муҳташам ва юксак минораларига чироқлар шундай омилкорлик билан ўрнатилган эканки, худди миноралар ич-ичидан товланиб, шаффоф нур таратаётганга ўхшарди. Шаҳар кундузгидек чароғон, кўчалар гавжум, меҳмонхоналар, ошхоналар, дўконлар олдида эҳром боғлаган, узун оқ либос кийган одамлар тирбанд. Мен тўғри масжиди Набавияга бориб, расулуллоҳни зиёрат қилмоқчи бўлган эдим, ҳамроҳим Комил Абдуллоҳ масжид хуфтон намозидан кейин ёпиб қўйилишини айтиб йўлдан қайтарди. Бизни кутиб олиши лозим бўлган кишини дараклаш ниятида Комил Абдуллоҳнинг танишлариникига қўнғироқ қилмоқчи бўлдик. Йўлимизда учраган тилла дўконига кириб муддаоимизни айтдик. Сотувчи йигитлардан бири дарров курси қўйиб ўтиришга таклиф этди-да, қаёққадир ғойиб бўлди. Иккинчиси айтилган рақамни тера бошлади. Бу орада курси қўйиб берган йигит иккита қоғоз идишда чой келтирди. Вақт ярим кечадан ошганда Комил Абдуллоҳнинг танишларини топишга уринишимизни бирон натижаси чиқмади. Сотувчи йигитлар бугунча уларникида тунашга астойдил қисташди. Уларнинг самимиятига миннатдорчилик билдириб меҳмонхона қидириб кетдик. Ҳаж мавсумида меҳмонхоналардан жой топиш амри маҳол экан. Мадинанинг тор кўчаларидан кетаётганимизда рўпарамиздан чиққан занжинамо йигит икки қаватли бинонинг остки қаватидаги шинамгина хонага бошлади. Совутгич ўрнатилган сокин ҳужрада роҳатланиб дам олдик. Бамдод намозидан кейин пайғамбар алайҳиссаломнинг зиёратларига ошиқдик. Расулуллоҳ: «Кимки қабримни зиёрат қилса, унга менинг шафоатим вожиб бўлади», ҳамда: «Кимки мени ўлганимдан кейин зиёрат қилса, у гўё мени тириклигимда зиёрат қилгандек бўлади», дея уқтирганлар. Биз зиёратнинг таомилига биноан Расулуллоҳнинг минбарлари билан қабрлари ўртасида икки ракаат намоз ўқидик. Бу жой хусусида пайғамбар алайҳиссалом: «Қабрим билан минбарим ўртасида жаннат боғларидан бири жойлашган, минбарим эса жаннат ҳовузининг устидадир», дея марҳамат қилганлар. Одам кўплигидан Расулуллоҳнинг қабрлари тепасида узоқ туриб, рисоладагидек салом беришнинг имкони бўлмади. Ҳарқалай ул зоти муборакка чин юракдан саломлар йўлладик. Зотан ҳар бир мусулмон Расулуллоҳнинг: «Кимки менга салом йўлласа, Аллоҳ унинг саломини менинг руҳимга етказади ва мен унга жавоб қайтараман», деган ваъдаларига ишонмоғи лозим. Расулуллоҳнинг ёнларида ётган улуғ саҳобалар ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умарга ҳам салом бергач, аста масжиддан чиқдик. Кўнгилда шодликдан кўра андуҳга мойил бир ҳис ҳукмрон, энг яқин кишисининг дийдоридан бенасиб бўлгандек юм-юм йиғлагиси келади кишининг, Расулуллоҳни энг яқин кишимиз ҳатто ота-онамиздан кўра яхши кўриш ҳам имоннинг белгисидир. Мен у зоти муборакни қанчалик севишимни айтолмайман, у кишини тушларимда кўриб бахтиёр бўлмаганман, уйимда мавлид ўқитмаганман, фақат ҳар гал пайғамбар алайҳиссалом ҳақидаги китобларни варақлаганимда, фарзандларимга ҳадисларни шарҳлаб берганимда: «Бу ҳам мавлуд», дея ўзимга тасалли берганман. Бир танишим омонатга хиёнат қилганда, қаламкаш биродарим каззоблик йўлини тутганда, юқори лавозимда ишлайдиганлар ўз манфаатини кўзлаб халқни лақиллатганда, тўридан гўри яқин мўйсафидлар ҳали ҳам ҳақ йўлни тополмай невараси тенги болалар билан улфатчилик қилиб юрганини кўрганимда шоҳ Машрабдек дунёга этак силтагим келади ва беихтиёр Расулуллоҳнинг мусулмон кечиримли бўлади, деган муборак ўгитлари ёдимга тушиб, ўзимни босаман. Агар ҳақ йўлни топган ҳар бир киши дунёдан юз ўгириб кетаверса, бу оламда адашиб-улоқиб юрганларни ким тўғри йўлга бошлайди, Худонинг каломини, пайғамбарнинг суннатини уларга ким етказади? Дин йўлини маҳкам тутган одам тақводор эмас, балки яхши-ёмонга аралашиб, уларга ибрат кўрсатган, ҳам тилй, ҳам қўли билан бировларга наф етказган киши комил мусулмон. Расулуллоҳга ваҳий келганда ер юзида у кишидан бошқа бирон мусулмон йўқ эди. Расулуллоҳ Ислом таълимотини яхшига ҳам, ёмонга ҳам бирдек тарғиб этдилар. Биров у кишининг гапига қулоқ солса, биров ҳақоратлади, ҳатто жонларига қасд қилишди, то умрларининг охиригача ҳаётлари мана шундай зиддиятлар кураши аро кечди. Лекин пайғамбар алайҳиссалом ҳеч қачон ҳаётдан нолиб, дунёдан этак силтаб кетганлари, одамлардан ранжиб тавқи лаънат ўқиганлари йўқ. Макка фатҳ этилган куни Пайғамбар алайҳиссалом шаҳарга кирганларида жарчи орқали ўз уйига, масжидга, Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олган киши омон қолади, деб эълон қилдилар. Инсоният тарихида бирон фотиҳ бундай олийжаноблик кўрсатган эмас. Муҳаммад алайҳиссалом Масжиди ҳаромда намоз ўқиб бўлгач, йиғилганлардан: «Эй Қурайш халқи, мени ҳозир нима қилади, деб ўйлаяпсизлар», деб сўрадилар. Расулуллоҳга йигирма йил озор берган, туғйлиб ўсган шаҳридан ҳайдаб чиқарган, энг яқин сафдошларини ўлдирган Қурайш мушриклари: «Сен мард қариндошимизнинг ўғлисан. Мард қариндошимиз бизга яхшилик қилади, деб ўйлаяпмиз», дейишди. Расуллоҳ: «Бўпти, сизлар ўйлаганча бўла қолсин. Боринглар, ҳаммангиз озодсизлар!» деб мурувват кўрсатганлар.

Мадинанинг хурмолари соя ташлаган кўчаларида ярим кечагача сайр этдим. Деярли ҳар бир кўчага кириб, ҳар бир бинони узоқ томоша қилдим, турли ирқ, турлича либосдаги одамларни кузатдим, «Инсонларнинг ҳаммаси тароқнинг тишидек баробардур», деган ҳадиси шарифнинг ҳақлигига яна бир карра амин бўлдим. Бу ердаги ҳар бир бинодан, ҳар қарич тупроқдан, Масжиди Набавиядан Расулуллоҳнинг нафаси келиб туради. Ерга қаттиқроқ оёқ босишга ботинмайсан. Бу шаҳарнинг тупроғи ҳам, дов-дарахти ҳам, одамлари ҳам табаррук, сарвари олам мушрикларнинг зуғумига учраганларида ясрибликлар жонларига оро кирган, Ислом учун кўксини қалқон қилишган. Шу боис Расулуллоҳ: «Киши суйган одами билан бирга (бўлади)», деганлар.

— Бултур юртга бориб Самарқанд, Наманганни кезганимда бир нарсага амин бўлдимки, одамлар тўғри йўлни кўрсатадиган олимга муҳтож экан. Қуръону ҳадисдан гапирсангиз жон қулоғи билан тинглашади. Сизларда яхши одамлар бор-у, лекин аҳиллик йўқ экан. Ўзингларча Исломда йўқ ҳар хил йўлларни топиб олибсизлар, —деди мадиналик мударрис Абдуқодир ҳожи.

«Кейин пайдо қилиниб диний деб айтилган ҳар қандай нарса бидъатдир, ҳар қандай бидъат залолатдир, ҳар қандай залолат эса дўзахдир», деганлар сарвари олам. Биздаги сиёсий, диний гуруҳбозликларни кўриб бошқа бир ҳадис ҳам ёдга тушади: «Бир миллатнинг ишлари ноаҳил кишилар қўлига тушиб қолса ёки топширилса, шу миллатнинг қиёмат соатини кутаверинг», дея изтироб чекканлар сарвари олам. Тилида илми борларнинг вазифаси гуруҳбозлик эмас, одамларни маърифатли қилишдир. Зеро, бу улуғ вазифа бизларга Мадинаи мунавваранинг муздек тупроғида ётган пайғамбар алайҳиссаломдан мерос қолган. У зоти муборак: «Инсонда тўрт ноёб хусусият бор, бироқ уларни тўрт нарса барбод этади, яъни ақл, дин, ҳаё, амали солиҳ. Жаҳл ақлнинг, ҳасад диннинг, риё ҳаёнинг, манманлик амали солиҳнинг заволи», деганлар. Худо берган тўрт ажойиб хусусиятни беҳуда барбод қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Акс ҳолда жаҳолат ғолиб келади. Жаҳолат эса, разолатнинг дояси.

Мадинанинг кўчаларида уч кеча-кундуз кездим, яхши одамлар билан тонготар суҳбатлар қурдим, Расулуллоҳнинг ҳадисларини такрор-такрор ёд этдим. У киши бошлаб берган дин туфайли қалбларимиз нурафшон бўлганига шукроналар айтдим. Мадинада сайр этган киши руҳида ажиб бир сокинлик, қалбида беадад фароғат туяди. Мен элимга мана шундай фароғатлар насиб этишини тилайман.

* * *

Мен нола қилай шому саҳар дод эшигинда.
Машраб

Замину замон муаллақ, руҳим судралиб юрувчи жисмимни тарк этган, Макканинг юлдузсиз осмони қайгадир, юксак-юксакка ўрлаб, бутунлай ўзга бир оламнинг дарвозалари ланг очилган, оёқ остидаги тошлоқ ер ҳам қайгадир йитгану майин пар пайдо бўлган. Дўконлар пештоқидаги чироқлар ёритгич эмас, кулиб турган кўзлар, онда-сонда учровчи дарахтлар ҳайрат белгилари, жўмракларидан шариллаб тушаётган сувлар заминнинг тошиб кетган ҳислари… Мен момиққа айланган ер узра юриб эмас, учиб кетяпман. Ҳар бир ташлаган қадамим мени тўппа-тўғри абадият сари элтади. Абадият — саодат маскани. Бу масканда энг эзгу орзулар ушалади, унда Ҳақнинг васлига етиш имкони бор. Эгнимдаги оқ кўйлагим нурнинг заррин толаларидан тўқилган, мен ўзим айтган сўзларни бемалол ушлаб кўришим, тизгинсиз ўйларимнинг салмоғини билишим, тушларимнинг таъбирини ёнғоқдек чақишим, ким яхшию ким ёмонлигини бир қарашдаёқ бемалол ажратишим мумкин. Назаримда бу дунёда ёмон йўқ, каззоб йўқ. Ҳамманинг юзидан нур ёғилади, ҳамма бирон эзгуликнинг кўйида елиб-югуриб юрибди: ҳеч ким бу дунёнинг ташвишлари билангина ўралашиб қолмаган, аксинча ҳамманинг фикри ёди охират билан банд, одамлар икки дунёсини обод этиш, бир-бирига яхшилик қилиш учун шошиладилар. Мен эсам Каъба сари кетяпман, тўғрироғи қанот чиқариб учяпман. Оёқларим ерга тегмайди, бошим эса кўкда — еру осмон ўртасида сузиб юрибман. Назаримда дунёга келиб нимаики ният қилган бўлсам, барига етдим: ҳаж орзусида эдим, орзуим ушалди, Маккаи мукаррамадек табаррук шаҳарда талбия айтиб юрибман. Бугун эса умуман тасаввурга сиғмайдиган, киши орзу қилишга ҳам ботинмайдиган бахтга эришиб турибман. Бомдод намозидан кейин мен учун Каъбанинг эшиги очилади, бир неча миллион ҳожидан вакил бўлиб остона ҳатлаб, ичкарига кираман ва Худонинг уйида намоз ўқиб, яратганга зору таваллолар қиламан, кейин… у ёғини тасаввур этиш маҳол.

Ҳозиргина Раҳматуллоҳ Туркистоний Каъбанинг ичига кириб намоз ўқиш имтиёзи бериладиган нишонни олиб келди. Ҳар йили ёлғон арафа куни Каъбанинг деворлари ювилиб, устидаги ёпинчиғи алмаштирилар, шу муносабат билан подшоҳ ва унинг хонадони, Макканинг ҳокими, мусулмон давлатларининг элчилари Каъбага кириб намоз ўқир эканлар. Ҳожилардан ўн чоғли кишига ҳам шундай имтиёз берилар экан. Мен Туркистон тарихида бирон зотнинг бундай улуғ саодатга эришганини эшитмаганим учун дабдурустдан нима қиларимни билмай довдираб қолдим. Шундай ҳам тоза энгилбошимни ювиб, дазмолладим, баданим оқ ем бўлиб кетгунча чўмилдим. Хос одамларга бериладиган нишонни кўкрагимга тақиб кўчага чиққанимда тунги соат иккилар чамаси эди. Макканинг худди кундузгидек серқатнов, гавжум кўчаларида ёш боладек ўнгу сўлимга қарамай югураман, худди тезроқ етиб бормасам Масжиди ҳаромда жой етмай қоладигандек туюлади, кўзларим севинчдан ёнади, оғзимнинг танобини йиғиштириб ололмайман, талбиянинг ўрнига қўшиқ айтиб юборгим келади.

Мени аввора бўлғонга фироқ ўти даво эрмиш,
Куйиб ишқинг билан ўлмак бу ошиққа раво эрмиш.

Тунги салқин чўккан кўчаларда елиб кетаяпман-у, лекин ҳеч ким менинг аҳволимни ҳис этмайди, ҳамма ўзининг одатий машғулоти билан андармон. Мен эсам ичимга сиғмаётган ҳаяжонимни айтгим келади: бир неча соатдан кейин Каъбатуллоҳнинг олтин ҳал билан оятлар чекилган эшиги очилиб, ичкарига кираман. Эҳтимол у ердан қайтиб чиқмасман, шодликдан юрагим ёрилиб кетар… Одамлар эса менинг аҳволимдан бехабар ўз юмушлари билан машғул.

Инсон дунёни ўз сезими орқали ҳис этади, одамларнинг феъл-атворини ўз қарашларидан келиб чиқиб баҳолайди, бамисоли у билгани учунгина олам мавжуд. Менинг ҳозирги ҳолатим ҳам шундай эди. Бу йўллардан бир пайтлари Расулуллоҳ юрганларини, у зоти муборак одамизодни саодатга бошлаганлари учун униб ўсган масканларидан қувилганларини, Имом Бухорий, Имом Термизийдек зотлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг жавоҳирларини тўплаш қасдида йиллаб азият чекишганини хаёлимга келтирмас, худди шу аснода бошим узра тўнкариғлик осмоннинг ҳар тўрт энлик жойида бир фаришта яратганга сажда қилиб турганини ўйламас эдим. Ҳозир дунёда фақат мен — Туркистондан келган бахтиёр инсон бор эдим, олам кўкрак қафасимни ёриб юборгудек бўлаётган тошқин ҳисларимга йўғрилган эди.

Масжиди ҳаромга биринчи азон айтилаётганда етиб келдим. Зич ўсган қамишдек одамлар сафини ёриб, Каъбага яқинроқ бориб олдим. Мен ҳамон ҳаяжонимни босиб ололмас, ўзимни худди қанот чиқариб, кўкка учиб кетадигандек ҳис этардим. Таҳҳиятил масжид намозини ўқий туриб пешонамни муздек мармарга қўйганимда вужудим алангаи оташ бўлиб ёнаётганини ҳис этдим. Байтуллоҳнинг остонасида аҳволим шу бўлса, ичкарига кирганда не кўйга тушар эканман? Ҳаётимдаги энг катта имтиҳон, энг бахтли кун шу бўлса керак.

Бомдод намозидан кейин Масжиди ҳаромга бир неча юз аскар кириб келди. Улар Каъбанинг атрофини иккита ҳалқа қилиб ўраб олдилар. Каъбага чиқиладиган зина ўрнатилиб, поёндозлар тўшалди. Мақоми Иброҳим билан Байтуллоҳнинг ўнг томонига катта-катта гиламлар солинди, Каъбанинг олтин қопланиб, оятлар чекилган эшиги очилиб, ичкарида чироқ ёқилди. Аскар болалар Байтуллоҳнинг устига ёпилган қора ипак мато — кисвани юқорига кўтариб, олишга шайлаб қўйишди. Бирдан одамлар иккига бўлиниб, қўша-қўша тўппонча, учи эгри ханжар, елкаси оша ўқлар шодасини таққан ясовуллар қуршовидаги подшоҳ хонадонининг вакиллари, ҳокимлар ва уларнинг орқасидан элчилар кириб келишди. Улар ўзларига қизиқиш ва ҳайрат билан қараётган одамларга эътибор бермай Каъбанинг атрофида айлана бошладилар. Мен ҳам уларга қўшилиб тавофи қудумни адо этдим. Каъба атрофини ҳар айланганимда Ҳажарул асваддан тўйиб-тўйиб бўсалар олдим. Ниҳоят ичкарига кириш навбати етди. Поёндоз тўшалган зинадан кўтарилиб, каҳрабо нуридан чароғон хонага қадам қўйдим. Дастлаб кўзим тушгани ва эслаб қолганим рўпарадаги деворга зарб этилган оят бўлди. Бир чеккада турган ҳарбий ўнг томонга ишора қилди. Каъбага кирган киши тўрт деворга қараб икки ракаатдан намоз ўқиши, истиғфор айтиши ва Аллоҳдан кўнглидаги ҳамма яхши ниятларини рўёбга чиқаришини тилаши керак. Мен ҳам биринчи деворга юзланиб икки ракаат намоз ўқишга чоғландиму бирдан ўпкам тўлиб, кўз қорачиғларимни эриган туйғуларимнинг иссиқ пардаси қоплаб олди. Шуурим карахтлашиб, бу ерга ибодатга кирганимни унутдим, калимага келмай ғулдираётган тилим фақатгина: «…яратган эгам, ҳақ йўлдан адаштирмагайсан, ҳақ йўлдан адаштирмагайсан!» деган сўзларни такрорлар, кўзларим ҳеч нарсани кўрмас, қулоқларим том битган эди. Мана шундай аҳволда икки ракаат намоз ўқидиму таомилга биноан деворга юзимни босиб Худога илтижолар қилдим: «Мен гуноҳкор бандангни ўзинг мағфират қилгайсан, ота-боболаримни, ҳеш-ақраболаримни, бола-чақамни, ёр-биродарларимни ўзинг ёрлақагайсан, юртимизга ҳуррият, халқимизга саодат ато этгайсан. Бизларни ўзинг рози бўладиган йўлга бошлагайсан. Тўғри йўлингдан адаштирмагайсан!»

Иккинчи, учинчи ва ниҳоят тўртинчи деворга юзланиб ҳам ибодат қиларканман, Туркистон заминида исломий саодат тантана қилишини, халқимиз бахтиёр бўлишини тилаганимга улуғ Каъбанинг тошларига томган қайноқ ёшларим гувоҳ. Каъбатуллоҳда чин юракдан сўралган илтижолар ижобат бўлар экан. Шояд, менинг эл-юрт учун қилган дуоларим мустажоб бўлса.

Меҳмонхонага келсам, Раҳматуллоҳ Туркистоний кутиб турган экан. Иккаламиз гап-сўзсиз бир-биримизнинг қучоғига отилдик ва шу зайил юзимизни юзимизга босганча узоқ турдик. У киши мени Каъбага кириб чиққан табаррук одам сифатида зиёрат қилди, мен эсам бир умр узиб бўлмас қарзим учун шу тариқа миннатдорчилик билдирдим.

Кечқурун Комил Абдуллоҳ етиб келди. У қаттиқ ҳаяжонда бўлгани учунми, юзи бўртиб кетган; кўзлари ёниб турарди.

— Қани, ҳожим, бир бағримга босиб олай, — деди у кўриша туриб. — Мен салкам эллик йилдан бери Маккада яшаб кўп ҳожиларни кўрганман. Лекин Каъбанинг ичига кириб ибодат қилган одамни биринчи учратишим. Кетаётганингизда эгнингиздаги кўйлагингизни ташлаб кетасиз. Жойнамоз қилиб, намоз ўқиб юраман.

— Бу кўйлакни ўзингиз ҳадя қилгансиз-ку, ҳадяни ҳам қайтариб оладими? — дедим ҳазиллашиб.

— Бунақа табаррук нарсани қайтариб олса бўлаверади, — деди Комил Абдуллоҳ. — Астойдил Худо деган одам экансиз. Сизга ҳавасим келяпти. Худо хоҳласа бундан кейин ишларингиз ҳамиша ўнгидан келаверади.

— Иншооллоҳ, айтганингиз келсин.

* * *

Тамоми хону монимдин кечибон бир сени дерман,
Ўзингдин ўзга билмайдур, ўзинг билғил фидолиғин.
Машраб

Мино паст-баланд тоғлар қуршовидаги кичкинагина шаҳарча. Бу жойга ҳаж кунлари уч миллионга яқин ҳожи йиғилишига ишонгиси келмайди кишининг. Минодаги меҳмонхоналар, масжидлар, кўприклар ости одамга тўлиб кетади, йўлларнинг икки чети, ялангликлар, тоғ ёнбағирларига минглаб чодирлар тикилади, бундан ташқари тор кўчаларининг икки четига одамлар ўзларича чойшаб тутиб, бошпана қуриб олишади. Булар асосан яқин атрофдаги мамлакатлардан келган, жой пули тўлашга қурби етмайдиганлар. Уларнинг орасида қари-қартанглар, ҳомиладор келинчаклар, ёш болалар кўп. Бу одамлар кундузи нафасни қайтарадиган эллик даража иссиқда жизғанаги чиқиб, тунлари очиқ ҳавода қунишиб ётишади, озиғи қуруқ нон билан совуқ сув. Ўзингнинг алоҳида имтиёзларга эга бўлиб, махсус меҳмонхонанинг салқин хонасида ётиб, тайёр автобусда сайр этиб, кунига уч маҳал бериладиган лаззатли таомларни еяётганингдан хижолат чекасан. Лекин бир ўй кўнгилга тасалли беради: бу одамлар кўчада ётиб, қуруқ нон еб, совуқ сув ичишса ҳам, ҳажга ҳар йили кела олишади. Бизда эса бундай имкон йўқ.

Қуръони каримдаги Ҳаж сурасининг 26—27-оятларида: «Вақтики келиб, Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини кўрсатиб бердик, (унга айтдикки) «Менга ҳеч нарсани шерик келтирмагин, тавоф этгувчиларга, қиёмда тургувчиларга, руку ва сажда қилгувчиларга менинг уйимни поклаб бергин. Одамлар орасида уларни ҳажга чорлаб хитоб қилгин, улар пиёда ва ориқ туяларни миниб келишади, ориқ туялар олис йўлларни босиб ўтишади», дейилган. Ҳар йили бутун дунёдаги мусулмонлар Иброҳим алайҳиссаломнинг мана шу хитобига жавобан Маккага жам бўлиб Каъбани тавоф этадилар, Арофат водийсида эрталабдан то кун ботгунча Худога илтижо қилиб ўтирадилар, кун ботгач, Муздалифага келиб шом билан хуфтон намозини қаср қилиб ўқийдилар ва ярим кечадан кейин Минога қайтадилар. Эртасига шайтонга тош отиб бўлингач, қурбонлик бошланади.

Ҳаж ибодатдан ташқари мусулмонларни жамлаб, биродарлаштирадиган улуғ маросимдир. Мен Минода Суриядан келган профессор Юсуф Салоҳиддин, пекинлик ношир Аҳмад Босар, урумчилик адиб Аҳад Турди, қашқарлик шоир Мирзоҳид Каримий, мўғулистонлик олим Қодир Сайрон, истамбуллик профессор Муҳаммад Сарой, Жиддада чиқадиган «Муслимун» газетасининг бош муҳаррири Абдуқодир Тош билан яқиндан танишиб, дўстлашдим. Хусусан, суданлик доктор Юсуф билан қадрдон бўлиб кетдик. У менинг тилимни, мен эса на арабча, на инглизча лисонни билардим, иккаламиз имо-ишора ва айрим умумий сўзлар ёрдамида гаплашар, бир-биримизнинг мақсадимизни гоҳ тушуниб, гоҳ тушунмай мириқиб кулишар, айрим китоб ва журналларни алмашар эдик. Доктор Юсуф менинг араб ва инглиз тилларни билмаслигимдан ажабланар, имо-ишоралар воситасида сизларда хорижий тиллар ўқитилмайдими, деб сўрарди. Мен чет тилларни ўқитиш бизда ёмон аҳволдалигини, хусусан, қишлоқ жойларида бу масалага мутлақо эътибор берилмаслигини айтганимда у бошини чангаллаганича афсус-надомат чекар, бизнинг нодонлигимиздан ёқа ушларди ва тўсатдан соф араб тилида Расулуллоҳ тил билган одамларни қанчалик қадрлаганларини, агар ҳарбда биров тасодифан икки тилни биладиган одамни ўлдириб қўйса, ўттиз икки туя жарима  солинганини сўзларди, Мен ҳам ўз навбатида агар Расулуллоҳнинг бу талабидан келиб чиқсак, Туркистон аҳли қиёматгача фақат жарима тўлашдан боши чиқмаслигини айтдим. У баттар ачиниб, пешонасига шапатилади ва болаларча куйинчаклик билан: «Жаҳолат! Жаҳолат!» дея хитоб қилди. Лисон одамларни боғловчи кўприк дея имо-ишора қилди у алифдек қоматига мос узун қўлларини мен томон чўзиб ҳамда Қуръондан: «Эй инсонлар, биз сизларни бир ота ва бир онадан яратиб, турли миллат ва қабилалар қилиб қўйдик, токи сизлар бир-бирингиз билан яқиндан танишгайсизлар», деган оятни ўқиди.

Кўпинча бизнинг суҳбатимизга истамбуллик профессор Муҳаммад Сарой қўшилар, турк тарихининг билимдони бўлмиш бу кишини ўзбекларнинг Шарқий Туркистондаги мазлум уйғурларга муносабати кўпроқ қизиқтирарди. Мен ўз кўрган-билганларимни айтиб бердим, Муҳаммад Сарой айтганларимга қаноат қилмай: «Биз турк улусинда бирлик йўқ, токи бирликка келмас эканмиз, ҳеч қачон ҳурриятга эришмаяжакмиз, — дея куюнар эди. — Туркия билан Қозоғистон президентлари учрашганда, Назарбоев: «Туркияда қанча қозоқ яшайди?» деб сўрабди. «Туркияда қирқ етти миллион қозоқ турки яшайди», дебди Туркия президенти ва ўз навбатида Қозоғистонда қанча турк яшаши билан қизиқибди. Назарбоев унинг закийлигига қойил қолиб кулиб юборибди. Ислом дини миллатни инкор этмайди. Бизни аввало имон бирлаштириши, ундан кейин миллий мустақиллиқ, ўзлигимизни таниш, истиқлол йўлидаги кураш жипслаштириши керак. Худога шукур, Ўрта Осиёда уйғониш бошланди. Биз Ўзбекистонга кўз тикиб турибмиз. Азалдан маърифат маркази бўлган бу юрт яна турк улуснинг бошини бошига қовуштириб, қадимий шуҳратимизни тиклашга етакчилик қилади, деб ўйлайман».

Мен у кишининг гапларини қувватлаган ҳолда таънали бир савол бердим: «Муҳаммад афандим, уйғурлар билан ўзбеклар мустақилликка эришиши учун Туркия нималар қилди? Шарқий Туркистон билан Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очдими? Бизнинг фарзандларимизни ўқитиб, маърифатли қилиб бериш учун хитой билан ўрис ҳукуматининг олдига талабнома қўйдими? Бемалол борди-келди қилишимиз учун ҳаво йўллари очдими ёки бизнинг тутқин юртимизда шифохоналар, маърифат масканлари, саноат корхоналари қурдими? Ҳур яшаётган Усмонли турклар ўз туркий биродарларининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кун тартибига бирон марта масала киритдими? Биз Туркиянинг бирон соҳада қўллаб-қувватлаганини, амалий ёрдам берганини эслолмаймиз». Муҳаммад Сарой гапларимга раддия билдиришга уринди-ю, бироқ мен унинг изоҳларига қаноат қилмадим.

Бизнинг суҳбатларимизга фақат Хитой халқ республикасидан келган адиблар аралашмас, бу ерда айтган гаплари эртагаёқ Хитой ҳокимларининг қулоғига етиб қолишидан қўрқар эди. «Жиҳод лозим, жиҳод! — дерди уларнинг бечораҳоллигидан қони қайнаб кетган доктор Юсуф. — Аллоҳга таваккул қилиб, жиҳодга бирлашиш, курашиш керак. Аллоҳ кимки менга таваккул қилса, унга нусрат бераман, деган. Нимадан қўрқасизлар, истиқлол йўлида ўлсанглар шаҳидсизлар, зафар қучсанглар ғозийсизлар. Ҳар икки ҳолда ҳам Аллоҳнннг раҳматидан бенасиб қолмайсизлар. Қўрқмай жиҳод қилинглар!».

Чин арафа куни ҳожилар бомдод намозидан кейин Арофат водийсига йўл олишди. Талаб водийсига отланган автобус, енгил ва юк сайёраларнинг сон-саноғи йўқ, пою пиёдалар ундан кўп, бамисоли чумолилар уяси бузилгану ҳамма бир томонга оққан. Бир неча миллион кишилик юриш ҳеч қандай бақириқ-чақириқсиз, ур-сурсиз осуда кечар, ҳамма биргина мақсад — Арофат водийсига тезроқ етиб, Аллоҳ таолога тавба-тазаррулар қилишни, Раҳмат тоғида яратганга илтижолар айтишни истар, ҳамманинг фикри-зикри фақат ибодат, тили эса парвардигорни улуғловчи талбия билан банд эди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб кетаётган одамларнинг баланд овозда айтаётган талбиялари кўк тоқига ўрлаб акс садо берар, қалбларни ҳаяжонга соладиган ажиб бир шукуҳ, кўтаринки руҳ бахш этар эди. «Лаббайкаллаҳумма лаббайк, ла шарика лака лаббайк. Иннал ҳамда ваннеъмата лака вал мулк, ла шарика лак».

Арофат гир айланаси тоғлар билан қуршалган водий бўлиб, ҳаж ниятидагилар кирадиган ҳудуди белгилаб, қатъий чегаралаб қўйилган экан. Кимки, шу ҳудуддан ташқарида қолса, ибодати инобатга олинмас экан. Сўнгги йилларда яйдоқ даштдан иборат водийга бизнинг ватандошларимиздан бир киши қувур орқали сув келтириб, бир неча юз минг туп дарахт эктирибди. Мен ҳар қанча суриштирмай, бу олийҳиммат кишининг кимлигини билолмадим. Ҳамма бирдек туркистоний… бухорийлардан дер эди холос. Бу ҳол пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Ўнг қўлингиз билан берган эҳсонни чап қўлингиз билмасин», деган ҳадисларини ёдимга солди.

Биз ўзимиз учун ажратилган чодирга жойлашгач, шундай табаррук жойларга етганимизнинг шукронасига икки ракаат намоз ўқидик. Ҳали кун исиб кетмасидан (бу ерларда иссиқ эллик даражага нисбатан олинади) Раҳмат тоғига кўтарилдик. Пастдаккина тоғ тепаси кенг майдон экан. Ривоят қиладиларки, Одам Ато билан Момо Ҳаво жаннатдан чиқарилганларида дастлаб келиб тушган жойлари мана шу ер экан. Арофат тоғида ҳожилар қўлларини кўкка чўзганча Аллоҳга илтижолар қилмоғи, гуноҳларини авф этилишини сўраб ёлбормоғи, ота-боболари, қариндош-уруғи, бола-чақаси учун Аллоҳдан раҳмат сўрамоғи, ҳаммага инсофу тавфиқ тиламоғи лозим. Аллоҳ таолонинг чин юракдан сўраган бандамни ноумид қилмайман деган ваъдаси бор.

Пайғамбар алайҳиссалом зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Арофат тоғига чиқиб, Ислом динининг асосий арконларини баён этувчи видолашув нутқларини сўзлаганлар: «…Эй одамлар, то раббингизнинг даргоҳига етиб боргунча бир-бирингизнинг жонига, молига хиёнат қилиш худди мана шу ойнинг, мана шу куннинг, мана шу жойнинг ҳурматини бажо келтирмаслик каби ҳаромдир. Сизларга шуни етказаманки, эй Аллоҳ, ўзинг гувоҳ бўлгин, қўлида бировларнинг омонати бор кишилар бу нарсаларни ўз эгаларига қайтаришсин, жоҳилият даврида ҳукм сурган судхўрлик бекор этилади, мен ишни аввало амаким Аббос ибн Мутталибнинг судхўрлигини бекор қилишдан бошлайман. Жоҳилият давридаги қон-қарз (қасос) ҳам бекор қилинади, аввало Омир ибн Робиа ибн Ҳориснинг қон-қарзини йўққа чиқараман. Жоҳилият давридаги одатлардан Каъба билан Оби Замзамни бошқаришдан бошқа ишларнинг ҳаммаси бекор қилинади. Қасддан одам ўлдирган қотил (албатта) ўлдирилади. У бировни калтак ёки тош билан уриб ўлдирса, қасд қилган ҳисобланиб, товонига юзта туя тўлатилади, бундан ортиқ ҳақ ундириш жоҳилият давридаги кишиларга хос. Эй одамлар! Шайтон заминингизда Худо бўлишдан умидини узди, лекин у майда-чуйда ҳисоблайдиган ишларингизда сизларни ўзига бўйсундиришга уринади… Эй одамлар! Зиммангизда амал қилишингиз лозим бўлган аёлларингизнинг ҳақи бор, аёлларнинг зиммасида ҳам улар риоя этадиган сизларнинг ҳақингиз бор. Сизларнинг ҳақингиз шуки, аёлларингиз иффат жойига бегона одамларни яқин йўлатмаслиги, сизлар ёқтирмайдиган кимсаларни берухсат уйга киритмаслиги ва фоҳишабозлик қилмаслиги лозим. Мабодо шундай қилишса, Аллоҳ уларни қаттиқ тутишингизга, остона ҳатлатиб чиқармаслигингизга, бир тўшакда ётмаслигингизга, астароқ уришингизга ижозат беради. Бордию улар тийилиб, ҳукмингизга итоат этишса, яхшиликча ош-нон, кийим-кечак билан таъминланглар, амрингиздаги аёлларнинг ихтиёри ўзларида эмас. Уларни Аллоҳнинг омонати қилиб олгансизлар, уларни никоҳ орқали ўзингларга ҳалол этдинглар. Аёлларга Аллоҳдан қўрқиб муносабатда бўлинглар, аёлларга яхши муомала қилиш ҳақидаги васиятларни қабул этинглар. Сизларга таблиғ қилдимми? (Аллоҳнинг ҳукмини етказдимми) Эй Аллоҳ, гувоҳ бўлгин! Эй одамлар! Мўъминлар бир-бирига қариндош, қариндошнинг ўз ихтиёри билан бермаган моли ҳеч кимга ҳалол эмас. Сизларга таблиғ қилдимми? Эй Аллоҳ, гувоҳ бўлгин! Мендан кейин муртадга айланиб, бир-бирингизни қирадиган кофир бўлманглар. Сизларга мен Аллоҳнинг китоби бўлган Қуръонни ўқиб эшиттирдим. Қуръонни маҳкам тутсанглар адашмайсизлар. Таблиғ қилдимми? Эй Аллоҳ, гувоҳ бўлгин! Эй одамлар, сизларнинг роббингиз бир, отангиз бир, ҳаммангиз бир отадан тарқагансиз. Одам Ато тупроқдан яратилган. Кимки энг муттақий (Аллоҳнинг буйруқларига амал қилиб, қайтарган ишларидан ўзини тийган одам) бўлса, у Аллоҳнинг назарида энг ҳурматли одамдир. Араб билан арабдан бошқа одамнинг қайси бири тақводор бўлса, ўшаниси афзал. Таблиғ қилдимми? Аллоҳ гувоҳ бўлгин! Гапларимни эшитиб турганлар бу ерга келолмаганларга етказишсин. Эй одамлар, Аллоҳ ҳар бир ворисга мерос насибасини белгилаган. Меросни фақат биргина ворисга васият қилиш дуруст эмас, мероснинг учдан биридан кўп қисмини васият қилиш ҳам яхши эмас. Бола эркакка мансуб, асло зиногарники эмас. Кимки ўз падаридан бошқа бировни ота деб, хўжасидан бошқа бировни хўжа деб даъво қилса, Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча кишиларнинг лаънатига учрайди. Унинг берган нарсаси ва гувоҳлиги қабул этилмайди. Сизларга омонлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!»

Расулуллоҳ ҳаж маносикларини адо этиб, Минога йўл олганларида уч қайта такбир айтганлар ҳамда: «Биз раббимизнинг даргоҳига қайтгувчилармиз, тавба қилгувчилармиз, саждага эгилгувчилармиз, ҳамд айтгувчилармиз», деганлар.

Баъзи шаккок кимсаларда ҳажга фақат сўраш, тиланиш учунгина бориладими, деган савол туғилиши мумкинми. Ҳа, чиндан ҳам ҳажга ёлғиз Аллоҳга ёлбориб ҳақ йўлдан адаштирмаслигини, дилини имон нури билан мунаввар этишини, эл-юртига саодат ато этишини сўраш қамда истиғфор айтиш учун борилади. Шу баҳонада киши руҳан покланади.

Худди шахмат катакларидек бўлакларга бўлинган Арофат водийсини замонавий учоқлар бемалол қўнса бўладиган кенг йўллар кесиб ўтган. Ҳаж кунлари бу йўллар ҳам, тоғ-тош ҳам, иморату масжидлар ҳам одамларга тўлиб кетади. Мен бу ерда кекса отасини опичлаб юрган бир йигитни кўриб ғоят мутаассир бўлдим. Беихтиёр халқ орасидаги машҳур ривоят ёдимга тушди. Эмишки, бир йигит онасини опичлаб етти марта ҳажга олиб борибди ва юртнинг энг доно ҳукамосидан мен онамнинг розилигига эришдимми, деб сўраган экан, олим, йўқ, атиги онанг кечаси уйқусини бузиб бир марта эмизганининг ҳақини адо этдинг, холос, деб жавоб берган экан. Мен кўрган бахтиёр йигитга-ку Арофат водийсида отасини опичлаб юриш насиб этибди, лекин биздек ота дийдорига тўймаган, онасининг хизматини қилиб, кўнглини олиб улгурмаганлар тоғдек армонимизнинг залваридан эзилишдан ўзга чорамиз йўқ. Иссиққа зўрға бардош бераётган қари-қартанглар, ҳажнинг маъносига етиб-етмай ўйнаб юрган болакайлар, ҳаётнинг лаззатини эндигина тотган келин-кечаклар, ўспирин йигитлар менга бўлакча авлиёсифат одамлар бўлиб кўринишди. Шоҳ Машраб айтмоқчи: «Мунда ўртанган кўнгил охир етар мақсудига». Тўғри, бизнинг юртларимиздан ҳам заҳмат чекиб, жуда катта пуллар сарфлаб борганлар кўп, лекин надоматлар бўлсинки, уларнинг орасида Арофатга келмаганлар, Каъбани атиги бир марта тавоф этиб, дўконма-дўкон изғиб юрганлар йўқ эмас. Ҳаж кунлари бутун Маккага овоза бўлган шармандали ҳодиса юз берди. Бу мўътабар шаҳарда яшовчи бир одам юртдошларимиз келиб қолишибди, деб уларга совға улашмоқчи бўлибди. Оқкўнгил одам юк сайёрасига гилам босиб, ўзбекистонликлар тушган меҳмонхонага келтирибди. Ташқарида юрган уч-тўрт кишига биттадан гилам улашибди. Текинга гилам олган кўзи оч одамлар оғзининг танобини йиғиштиролмай ичкарига киришибди. «Гиламни қаерда сотишаётган экан?» деб сўрашибди қолганлар. «Сотишмаяпти, пастда бир юртдошимиз текинга улашяпти», деган жавобни эшитган ҳожилар оёғини қўлга олиб ташқарига отилишибди. Юк сайёраси ёнида турган саховатли ҳамюртимизни босиб-янчиб ўзларини сайёрага уришибди, олғирроқлари икки-учтадан, бўш-баёвлари биттадан гиламлик бўлиб қолишибди. Ҳайдовчи йигит эса чалажон хўжайинини уларнинг оёқлари остидан зўрға тортиб олибди.

Кўзи ҳам, қорни ҳам оч бу кимсалар Арофат водийсида Аллоҳга нима деб зору тавалло қилишади, балки зору вовайло этишмас, балки яна бирон оқкўнгил ҳамюртимизнинг садақа беришини тилашар. Ҳаётнинг бу қадар мураккаблигидан, оламдаги сир-синоатнинг бу қадар кўплигидан, муомалаю муносабатларнинг бу қадар чигаллигидан, яшашнинг бу қадар қийинлигидан ҳайрону лол қоласан. Покланиш йўли бунчалар машаққатли бўлмаса. Арофат водийсида мен чин маънода ҳаж қилган, Аллоҳнинг фарзларини сидқидилдан адо этган одамлардан бирини — отасини опичлаб юрган бахтиёр йигитни кўрдим. Унинг реза-реза тер босган юзи, уйқусизлик ва чарчоқдан ҳолсизланган вужуди, тер ва чангдан кирлашган эҳроми, лекин тийрак боқувчи кўзлари ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди. Ўшандан буён шу йигитни эслаганимда илоё унинг ҳажи қабул бўлсин, деб дуо қиламан.

Кун ботгандан кейин Муздалифа водийсига йўл олдик. Ҳаж таомили бўйича бу ерда ҳожилар шом билан хуфтон намозини қаср қилиб ўқийдилар ва вақт ярим кечадан ошгунча дам оладилар. Бу ерда дам оладиган махсус жойлар, чодирлар йўқ. Муздалифани Одам Ато билан Момо Ҳаво илк бор бир-бирининг васлига етишган жой, дея тавсиф қилишади. Арофатда куни билан ибодат қилган ҳожилар бу ерда бироз ҳордиқ чиқарадилар, тамадди қилиб, бир-бирлари билан суҳбатлашадилар. Вақт ярим кечадан ошгач, руҳан покланган ҳожилар Минога йўл оладилар. Пешин намозидан кейин шайтоннинг тимсолига тош отилади. Ривоят қилинишича, Иброҳим халилуллоҳ Аллоҳнинг амри билан ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбонликка сўйиш учун олиб кетаётганларида шайтон ёш йигитчанинг йўлини тўсиб, юрагига ғулғула солишга, отанинг иродасига қарши чиқишга ундаган, шунда Исмоил алайҳиссалом ердан тош олиб шайтонга отган эканлар. Шайтон тимсолига тош отиш ўшандан буён мусулмонларга удум бўлиб қолган.

Шайтон тимсолига еттита тошни отиб бўлингач, ҳожилар сочларини олдирадилар ёки қисқартирадилар ва қурбонлик тадорикига тушадилар. Ҳар бир ҳожи ўзи қўй сўйиши шарт эмас. Бу қўйларнинг гўшти аввало ҳожиларнинг ўзларига пишириб берилар, ортгани дунёдаги яшаш шароити оғир мусулмон давлатларига жўнатилар экан. Ўрта Осиё республикалари ҳар жиҳатдан «тўкис, турмуши бадастир» бўлгани учун бундай илтифотдан бенасиб. Сабаби, биз яланғоч подшога ўхшаймиз, шармисорликдан қутулиш учун ёрдам сўраш ўрнига ўз аҳволимиздан фахрланиб юраверамиз.

Уч кун мобайнида кечки пайт Маккага бориб Каъбани зиёрат қилдик. Бу кунларда Масжиди ҳаромга кириш амримаҳол. Одам кўплигидан лоақал бемалол намоз ўқишга жой топилмайди, Каъба атрофида юриш имконсиз, куннинг иссиғи, баданлардан чиқаётган ҳовур ва тер ҳидидан кўнгил беҳузур бўлади, лекин барибир одамлар оқими кечаю кундуз камаймайди. Ҳамманинг фикри-ёди ҳам, тили ҳам фақат Аллоҳнинг зикри, шу кунларга етказгани учун шукрона айтиш билан банд.

Ҳайитнинг учинчи куни пешиндан кейин Раҳматуллоҳ Туркистоний «Сиз бугун кетадиган бўлиб қолдингиз. Истамбулга учадиган тайёрага билет олинди. Кечаси ўн иккида Жиддага сайёра кетади. Кечгача Маккага бориб, тавофи видо қилиб келинг», деб қолди. Кун айни забтига олган пайтда йўловчи сайёра излаб кўчага чиқдим. Юк сайёралари, ўн кишилик таксиларнинг яқинига йўлаб бўлмайди, автобусларнинг тепасигача одам чиқиб олган. Мен ҳам эшиги очиқ бир автобусга тармашдим ва не машаққатлар билан Маккага етиб олдим.

Масжиди ҳаромнинг ичи тандирдек қизиб кетган. Тинимсиз ўқилаётган дуолардан худди арининг уясидек ғувлайди: «Субҳоналлоҳ вал ҳамду лиллоҳ вала илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар…». Тавофи видога келганлар шу қадар кўпки, Каъба атрофидаги очиқ саҳнга нина ташланса ерга тушмайди. Мен ҳам мана шу издиҳомга ўзимни урдим, аммо Каъба атрофини бир марта айланишга зўрға бардошим етди; куннинг иссиғи, баданлардан кўтарилаётган ҳовур, тер ҳидидан кўнглим беҳузур бўлиб, сафдан чиқиб кетдим. Устунлар орасидан жой топиб, узоқ ўтирдим, оби замзам ичиб сал ўзимга келгач, яна чаппар уриб айланаётганлар қаторидан жой олдим. Худди биринчи келган кунимдагидек товоним ерни ҳис этмай қўйди, қулоқларим юксак осмондан келаётган сас-садолардан бўлак ҳеч нарсани эшитмайди. Осмоннинг ҳар тўрт энлик жойида ўтирган муаккиллар тинмай нидо қиладилар: «Аллоҳ сен улуғ ва қодир зотсан, бизни йўқдан бор қилган ўзингсан, охират кунида бизни юзимиз қора бўлмаслиги учун ҳидоятингни дариғ тутмагин, мағфиратингдан бенасиб этмагин!» Бу кўкдаги фаришталарнинг эмас, менинг илтижоларим. Вужудим симобдек эриб, киприкларимга шаффоф томчилар сизиб чиқади. Бутун борлиғим мана шу томчиларга жо бўлгандек, Каъба остонасига чак этиб томса, абадий фароғатга эришадигандек туюлади. Абадий фароғатга етмоқ душвор: кимга насиб этади-ю, кимга йўқ — Аллоҳнинг ўзигагина аён.

Каъбанинг ёнига бориш, яқиндагина ўзим кириб чиққан эшикнинг остонасига бош уриб, Аллоҳдан бу ерга яна келиш насиб этишини тилашнинг имкони бўлмади. Намоз устида ҳамма тилакларимни айтиб, яратганга илтижолар қйлдим. Бу муқаддас даргоҳга яна келишдан умидвор бўлиб, Масжиди Ҳаромдан чиқдим. Минога етиб келганимда ҳожилар кечки овқатга кириб кетишган экан. Шоша-пиша шомни ўқидиму сафар тадорикини кўриш учун хонамга йўл олдим. Ҳамхонам доктор Юсуф Салоҳиддин нарсаларимни йиғиштиришга кўмаклашди. Бир-биримизнинг тураржойимизни ёзиб олдик. «Амин, сен амин одамсан», дея лутф қилди у. Мен ҳам ўз навбатида: «Сенинг юзинг асвад бўлса ҳам қалбинг Юсуф алайҳиссаломникидек асъад (яъни оқ)», дедим. Доктор Юсуф мириқиб кулди ва мени бағрига босар экан, пичирлаб дуолар қилди: «Аллоҳ сени ҳамиша ўз паноҳида асрасин!..» Мен ҳам эзгу тилаклар тиладим. «Сен бировга раво кўрганни у сенга раво кўрмаса, бундай суҳбатдошликда хосият йўқ», деганлар Расулуллоҳ. Мино дуолар ижобат бўладиган жой. Шояд бизнинг дуоларимиз қабул бўлса.

«Сизларнинг хушахлоқ, камтар, дўстлаштирувчи ва дўстликка интилганинглар қиёмат куни менга энг ардоқли ва энг яқин бўладиганинглардир», дея марҳамат қилганлар Расулуллоҳ. Минода мана шу фазилатларга эга одамларни кўп учратдим ва қиёмат куни Пайғамбар алайҳиссаломга ардоқли бўладиган бу кишиларга ҳавасим келди. Маккада, Мадинада, Жиддада, Тоифда танишиб билишган одамларнинг ҳаммаси менга шундай азизу мукаррам зотлар бўлиб туюлишди. Минодан кетар эканман, Расулуллоҳнинг дуоларини тилимдан қўймай такрорладим: «Эй Аллоҳ, сендан тилагим шуки, раҳматинг билан қалбимни ҳидоят қилгайсан: ишларимни пароканда этмагайсан, тарқоқ ишларимни жамлагайсан, умид боғлаган ишларимни рўёбга чиқаргайсан, амалимни пок қилгайсан, мени барча ёмонликлардан асрагайсан. Эй Аллоҳ, осон ўлимни, шаҳидларча қазони, бахтиёр ҳаётни, душманлар устидан ғалаба қозонишни тилайман».

Жиддадан кўтарилган учоқ шиддат билан юксакка ўрлади. Яна сафар аввалидагидек сархуш ҳолатга тушдим. Бир ойлик сафарим, Каъбадаги, Мино ва Арофатдаги ибодатларим асносида дунёнинг аввали ва охирини англаб етгандек бўлдим. Лекин мана энди оёғим тупроқдан узилиб, еру осмон ўртасида муаллақ қолганимда дунёга келиб ҳеч нарсани уқмаганим аён бўлди.

Ҳаво мавжларида бир нидо янграр: ҲАЁТ!

Ҳаво бўшлиқларидан бир видо келар: ЎЛИМ!

Бошим узра зангори осмон, пастда эса тубсиз бўшлиқ, қулоқларим остида: «Осмон оҳлар уради, унинг фарёд чекмоғи жоиз, сабаби осмоннинг ҳар тўрт энлик жойида бир фаришта Аллоҳга сажда қилиб туради. Худо ҳаққи, мен билганларимдан хабардор бўлсанглар оз кулиб, кўп йиғлар эдинглар», деган ҳадиси муборак янграйди. Ҳар тўрт энлик жойда бир муаккил сажда қилиб турган осмонга тикилганимча аста пичирлайман: «Яратган эгам, ҳақ йўлдан адаштирмагайсан!»

Макка — Тошкент
Июнь — октябрь 1991 йил

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 5-сон