Маҳбуба Қодирова. «Комила девони» (1989)

Ул шакар лабки жондин азиз,
Кимки йўқ ондин азиз, ондин азиз.
Келди ашраф барча олам аҳлидин.
Йўқтурур дунёда инсондин азиз.

Ушбу сатрлар бутун ижодида инсонни улуғлаб, муҳаббат, вафо ва садоқатни куйлаган Моҳлар ойим — Нодиранинг янги аниқланган «Комила девони»даги шеърларидандир. Шоира XIX асрнинг биринчи ярмида ниҳоятда мураккаб феодал хонликлари даврида яшаб, ўзининг халқчил мундарижага эга бўлган асарларини яратди. У кўп асрлик ўзбек адабиётининг Алишер Навоий ва Лутфий, Бобур ва Машраб каби намояндаларига издош бўлиб, асарларида инсонни шарафлади, унинг орзу-интилишларига хайрихоҳ бўлди.

Нодиранинг жанр жиҳатдан ранг-баранг асарлари унинг девонларида жамланган. Шунингдек, шоиранинг шеърлари алоҳида дафтарларда, баёзларда ҳам кўплаб учрайди. Бизгача етиб келган поэтик меросидан англашилишига кўра, шоира Нодира Комила ва Макнуна тахаллуслари билан ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ёзган. Нодира девонларининг қўлёзмалари бугунги кунда Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Ҳ. Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институти фондларида сақланмоқда. Шу манбалар асосида Нодира асарларининг бир неча нашрлари ўзбек, тожик ва рус тилларида амалга оширилган.

Журналхонлар шоиранинг Нодира тахаллуси билан ёзилган ўзбек тилидаги шеърлари, Макнуна тахаллусли тожик тилидаги асарлари ва унинг таржималари билан танишдирлар. Лекин бугунгача шоиранинг Комила тахаллусли шеърларининг оз қисмигина маълум эди, холос. Яқинда Самарқанд шаҳрида шоиранинг Комила тахаллуси билан ёзилган ўзбек ва қисман форс-тожик тилларидаги шеърларидан иборат бир қўлёзма девони борлиги аниқланди. Ҳозирги кунда девон қўлёзмасининг асли ўша

ерда истиқомат қилувчи шеърият мухлиси Маҳмуд Диёрийнинг шахсий кутубхонасида сақланмоқда. Девоннинг фотонусхаси эса ЎзССР ФА Ҳ. Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институти фондига қабул қилиб олинди.

Ушбу девондаги шеърларнинг кўпчилиги илгари нашр этилган Нодира ва Макнуна девонларига киритилган. Шу билан бирга Комила девонида ҳали китобхонларга ва фан аҳлига маълум бўлмаган талайгина шеърлар ҳам мавжуддирки, булар шоира ижодий меросининг янада бойлигидан далолат беради.

Девон Ўрта аср Шарқ китобат анъаналари асосида тузилган. У шоиранинг ўзи томонидан наср ва назмда ёзилган дебоча билан очилади. Бунда Нодира ўзининг ҳаёт йўли, ижодий ва ижтимоий фаолияти ҳақида анча кенг маълумот беришга ҳаракат қилади. Шоира китобхонларга мурожаат этиб: «Ал мулаққаб бил Комила андоғ баёни ҳол изҳор этарким», деб ушбу девонда Комила тахаллуси билан ёзилган шеърлари жамланганлигини таъкидлайди.

Дебочада ҳаётнинг аччиқ-чучугини ўз бошидан кечирган шоиранинг одамларга яхшиликни сингдиришдан, илму ирфон нурларини тарқатишдан иборат шиорга амал қилгани сезилиб туради. Унга илова қилинган иккита рубоийсида шоира ўз асарларининг «иқбол баёзларига мувофиқ тушиши», «ишқ эгаларини хушнуд этиши» билан «халойиқнинг табиатига мувофиқ келиши»га ишонч билдиради.

Ё раб, бу савод ишқида содиқ бўлғай.
Иқбол баёзиға мувофиқ бўлғай.
Ишқ аҳлининг хотири бўлиб хуш андин.
Мақбули табиати халойиқ бўлғай.

Девонда ўзбек ва тожик тилларида ёзилган Комила тахаллусидаги 373 (7000 мисрадан ортиқроқ) шеърлар жамланган. Ундаги ғазал, мухаммас, мусаддас, мусамман, таркиббанд, таржиъбанд ва фироқномаларнинг кўпчилиги, юқорида қайд этганимиздек, шоиранинг Нодира ва Макнуна девонларига киритилган асарлардир. Энг муҳими шундаки, девонда шоиранинг икки ярим минг мисрадан ортиқроқ янги асарлари мавжуддир. Булар ўзбек тилидаги 111 ғазал (1845 мисра), 2 қасида (94 мисра), форс-тожик тилида 28 та ғазал (332 мисра), 3 қасида (190 мисра), 2 мухаммас (60 мисра) ва битта мусаддас (30 мисра)дан иборатдир.

Шоиранинг Нодира тахаллуси билан ёзилган илгариги қўлёзмаларида, гарчи девон тузиш қоидасига амал қилинган бўлса ҳам, уларда «з, р, с, айн, ғ, к, н, нг, м, ф, л, қ, у, вов, ёй» ҳарфлари билан тугалланувчи радиф ва қофиялардан иборат шеърлар жуда сийрак ёки йўқ даража эди. Қўлимиздаги янги девонда эса радиф ва қофияларга кўра ҳарфлар тўлиқ бўлиб, уларга кўплаб шеърлар битилган. Шунингучун ҳам ушбу «Комила девони»ни анча мукаммал деб айта оламиз.

Девоннинг охирги саҳифалари йиртилиб, йўқолиб кетганлиги учун унинг қачон кўчирилганлиги маълум эмас. Аммо шеърларнинг мазмунига кўра, шоира ўзи ҳаёт вақтида тузилган бирдан-бир мукаммал девон дейишга асос бор. Афтидан, шоира ўзининг дастлабки ижодида ўзбек ва форс-тожик тилларидаги шеърларини Комила тахаллуси билан ёзиб мухтасар девон тузган. Айни пайтда шоира ўз асарларида кейинчалик Нодира ва Макнуна тахаллусларини ҳам қўллаган. Бугунги мавжуд девон қўлёзмаларида ушбу уч тахаллус тенг қўлланилган.

Нодиранинг кўплаб янги шеърларининг аниқланиши шоира ижодий оламига чуқурроқ киришга ва кенг тадқиқот олиб боришга восита бўлмоқда. Бу асарлар шоира ижодининг реал дунёга бўлган муҳаббати, инсонпарварлик майлларини ўрганиш, айни пайтда Нодира асарларидаги сатирик томонларини белгилашда муҳим манба ҳисобланади.

Бу бебаҳо мерос адабиётимиздаги инсонпарварлик анъаналарига асосланган, ўз даври адабиётини ғоявий-бадиий асарлар билан бойитганлиги жиҳатдан алоҳида аҳамиятга моликдир.

Маҳбуба Қодирова, филология фанлари доктори

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 1-сон