Умарали Норматов. Куй таровати, тасвир латофати (2009)

“Бир асар тарихи” туркумидаги бу мухтасар хотира-мақола яхлит бир роман эмас, балки унинг биргина боби ҳақида

1964 йил ёзининг илк кунлари. Дўрмондаги ёзувчиларнинг ижод уйи бамисоли сўлим бир гўшага айланган чоғлар. Бир оз ҳордиқ чиқариш, айни пайтда, Абдулла Қаҳҳор ижоди бўйича бошлаган тадқиқотимни давом эттириш ниятида бу ерга келганман. “Уч илдиз” романи билан элга танилган ёзувчи Пиримқул ака билан ёндош хонада турамиз. Яқиндан кузатиб билдимки, адиб янги романи — “Қора кўзлар” устида ишлаётган экан. Унинг ишлаш тарзи мени қизиқтирарди. У ниҳоятда батартиб, интизомли, гўё куннинг ҳар бир дақиқаси ҳисоб-китоб, қатъий режа бўйича тақсимлаб қўйилгандай: вақтида ишлар, ухлар, боғ айланиб сайр қилар, ҳамкасблар билан суҳбат қурар, табиийки, мутолаа билан шуғулланар, радио орқали куйлар тинглаб, ором олар… Гоҳо унинг рухсати ёки таклифи билан хонасига кириб янги асар қўлёзмаси устида ишлаш жараёнини кузатардим.
Бир гал Абдулла Қаҳҳор қўлёзма устида ишлаш тарзи хусусида сўз очиб, шундай деган эди: “Мен ёзилган жумлани, ҳатто саҳифани ҳам устидан тузатолмайман. Жумла, ҳатто бутун бир саҳифадаги бир сўзни ўчириб, ўрнига бошқасини ёзиш учун бошқа қоғозга ўша жумла, ҳатто саҳифани кўчириб ёзаман. Бир саҳифани ўрта ҳисоб билан 15-16 марта кўчираман, шубҳасиз, ҳар сафар саҳифага сайқал бераман”. Пиримқул ака ҳам айни устоз йўлини тутаркан, иш столининг ёни-бери ўчирилган, тузатилган қўлёзма варақларига тўлиб ётарди; фақат топ-тоза, бехато, аниқ-тиниқ чиройли саҳифа ҳолига етгунгача қайта-қайта кўчириб ёзар эканлар. Хона бурчагидаги саватча ҳар куни қоралама қоғозларга тўлиб кетар, фаррош аёл ёзувчининг илтимосига кўра уларни ташқарига олиб чиқиб ўчоқда ёқиб юборар эди. Бир гал адибга: “Асарнинг қоралама нусхаларини сақлаб қўйсангиз яхши бўларди” деганимда, у камтарлик қилиб: “Булар сақлаб қўядиган даражада эмас”, дея жавоб қилди.
Дам олиш куни эди. Пиримқул ака бу куни ижодий ишга дам берар экан. Эрталаб хонамга кириб: “Умарали, бугун бир мириқиб дам олсак, ошхонанинг овқати меъдага тегиб кетди, ошпазлик қўлингиздан келади, деб эшитдим, иккаламиз ўчоқда ош дамласак. Абдулла ака айтмоқчи, “гумбаз” ясасак. У кишини ҳам ошга таклиф этамиз. Ошпазга айтиб масаллиғини тайёрлатиб қўйдим”, дедилар. Бажонидил рози бўлдим. Нонуштадан кейин ишга киришиб кетдик. Ош кутилгандан ҳам яхши чиқди. Шайх ака дастурхон устида: “Ёзувчи билан танқидчининг ҳамкорлиги фақат адабиётга эмас, таомга ҳам файз киритар экан”, дея ҳазил қилди. Ошдан олдин қиттак шароб ҳам тортилган эди. Ошдан кейин ариқ бўйидаги чинорлар остидаги думалоқ стол атрофида поядан ясалган креслоларда яйраб-ёзилиб батареяли радиодан куй тинглаб ўтирибмиз. Шу пайт бирдан ўша кезлари бетакрор овози билан элга танила бошлаган ёш хонанда Олмахон Ҳайитованинг “Найлайин” ашуласи тарала бошлади. “Ошиқ Ғариб” достонидан олинган қўшиқнинг “Бир сўз билан ошно ёрим бегона бўлди, найлайин”, “Муҳаббат солган иморат вайрона бўлди, найлайин”, “Ёр йўлида кўзда ёшим равона бўлди, найлайин!” мисралари янграганда, Пиримқул ака сел бўлиб тебраниб хаёллар оғушига чўмди. Сезмай қолибмиз, бирдан ёнгинамизда таниш овоз эшитилди: “Олмахоннинг нолиши сизларни сеҳрлаб қўйибди-ку!”. “Ялт” этиб овоз чиққан томонга қарадик. Рўпарамизда бир қўлида қип-қизил гилос тўла вазани тутганича Абдулла ака жилмайиб турарди. Зарур тадбир туфайли ошхўрликка келолмагани учун узр сўраб, сўнг ҳазил-мутойибага ўтдилар: “Пиримқулнинг оёғи ерга тегмай қолганидан, зиёфат зўр ўтганга ўхшайди”. Кулишдик. Анчагача гилосхўрлик қилиб чақчақлашиб ўтирдик. Абдулла ака кетганидан кейин Пиримқул ака: “Бу одамнинг йўл-йўлакай айтган ҳар бир жумласи, ҳаттоки оддий беғараз ҳазил-мутойибалари ҳам тагдор, маънодор. Бояги ҳазили, бир жиҳатдан, биз учун сийлов, айни пайтда, қиттак шаробхўрлик қилганимизга, қолаверса, менинг бўй-бастимга ишора… Шунинг ўзиям бир мактаб… Сўз айтишда, ёзишда бу аломат зотдан кўп нарса ўрганиш мумкин”, деди.
Орадан икки кун ўтиб Пиримқул ака “Қора кўзлар”нинг эндигина қўлдан чиққан ниҳоятда чиройли қилиб кўчирилган янги бобини ўқиб кўриш учун қўлимга тутқизди. Ўша заҳотиёқ ўқиб ниҳоятда завқландим. Бу қизлар базми тасвирига бағишланган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларидаги айни шу хил базмларни ёдга туширувчи ажиб бир сурур, айни пайтда, фиғон-алам билан йўғрилган, персонажлар қисмати, руҳиятини ниҳоятда тиниқ, таъсирчан бир тарзда очиб берувчи беназир бадиий лавҳалар эди. Икки кун олдин радиодан тинглаганимиз “Найлайин” ашуласи мисралари энди роман қаҳрамони Жаннатхон овозида ўзгача бир тарзда чуқур дард-алам билан янграрди: “Жаннатхоннинг бениҳоя соф ва жарангли товуши бор эди. Рубобдан чиқаётган оҳанглар қанчалик гўзал бўлмасин, Жаннатхон ашула бошлагач, улар ҳам иккинчи ўринга тушиб қолди. Чўлпонойнинг товуши унинг овозига бирпас эргашиб борди-да, ўзининг ожизлигидан уялгандай йўлда қолиб кетди”.
Қаҳҳорона бошланган сиқиқ ифодалар Қодирийга хос жўшқин ва латиф мусиқий оҳанг билан йўғрилгани ҳолда “Найлайин” таронаси нағмалари худди моҳир рассомдек жонли чизиб кўрсатилади: “Жаннатхон овозини қўйиб бергиси келмас эди. Аммо юрагидан қуюлиб келаётган дардли ва жозибали ҳислар қафасдан учиб чиққан қушлардай энди унга бўйсунмас эди. Унинг тобора баландлашиб бораётган товуши уйчага сиғмай қолди. Очиқ деразадан ташқарига учиб чиқди-да, ойдин кечада сукутга чўмиб ётган қишлоқ бўйлаб таралиб кетди”. Ниҳоят, куйнинг сўнгги нидоси билан Жаннатхон кўнглидаги ҳамма дардларини тўкиб солгандай бўлади. Шу тариқа, қаҳрамонига қўшилиб ёзувчининг ўзи ҳам куй жўрлигида ич-ичини ўртаётган қалб туғёнларини тўкиб олади.
Кейинчалик танқидчиликда айни шу боб юксак баҳоланди, жумладан, устоз Озод Шарафиддинов “Қора кўзлар”га бағишланган “Улғайиш” сарлавҳали салмоқдор мақоласида “Ёзувчи 30-бобда қизлар базмини тасвирлар экан, Жаннатхоннинг рубоб чалиши ва қўшиғи орқали унинг қалбида туғён ураётган дардларни ҳам нозик ифодалайди”, деб ёзган эди. Камина ҳам айни ўша бобдаги куй таровати, тасвир латофатини баҳоли қудрат таҳлил этишга уринганман. Мен романдаги айни шу бобнинг яратилиш жараёнига гувоҳ ва унинг илк ўқувчиси бўлганим учун фахрланаман.
Ижод жараёни, унинг ҳаётий замини, руҳий ҳолатлари қизиқ, сирли-сеҳрли. Эҳтимол, ўша кунги мароқли давра, радиодан янграган аломат қўшиқ, хонанданинг беқиёс овозидаги дардли нолалар романдаги энг драматик лавҳалардан бири ифодаси ва ечими учун бир туртки, турмушнинг ўзи инъом этган бадиий топилма бўлиб хизмат этган бўлса ажаб эмас.     
Эҳтимол…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 1-сонидан олинди.