Ўтган аср 60-йилларининг бошлари. Тошкент давлат (ҳозирги Миллий) университетининг ўзбек адабиёти кафедраси мудири Ғулом Каримов таклифига кўра камина — кафедра аспиранти филология факултети битирувчи курс талабалари билан адабиёт фанидан устоз бошлаган семинар машғулотларини давом эттирадиган бўлдим. Тасодифни қарангки, биринчи машғулот Ғафуров деган талабанинг маърузасини тинглашдан бошланди. Гўё шабада эсса эгилиб кетгудек нозик, бўйчан йигит минбарга оҳистагина кўтарилди. Маърузани ҳам тани-жисмига мос майин-мулойим овозда секингина бошлади. Мен уни овозини баландроқ кўтариб сўзлашга ундамоқчи эдим, бунга ҳожат қолмади, каттагина аудиторияни тўлдириб ўтирган талабалар жимиб, ҳамманинг кўзи минбарга қадалган эди.
Маъруза Саид Аҳмад ҳикоялари хусусида эди. Ўша кезлари яқин кечмишда чеккан кулфатларини — лагер қийноқларини бир оз унутиб, нисбий эркинлик шабадаларидан илҳомланиб тўлиб-тошиб дилбар ҳикоялар битаётган адибимиз ҳақида узуқ-юлуқ гаплар айтилаётган, мен ҳам анча-мунча нарсалар қоралаган эдим. Минбардаги талабанинг ўй-мушоҳадалари, талқинлари, ифода тарзи уларнинг бирортасига ўхшамасди. Адабий асарни ҳаётнинг айни нусхаси деб тушуниш, “Ҳаётийлик ва ғоявийлик — бош мезон” шиори остида иш кўриш, адабий асардан даврга мос ғоя қидириш, асар персонажларига тирик одам, бетакрор шахс эмас, умумлашма ғоя тимсоли деб қараш, агар асар шу талабларга жавоб берса, муаллиф шаънига ҳамду санолар ёғдириш, жавоб бермаса уни ур-калтак қилиш “анъанаси” ҳали ҳам давом этарди…
Маърузачи Саид Аҳмад ҳикоялари мутолааси жараёнида кўнглида кечган туйғулар, ўй-мулоҳазаларни изҳор этарди, асар персонажларига худди тирик инсон сифатида қарар, улар билан жонли мулоқотга киришар, улар дарди-дунёсини тушуниб, мулоҳаза юритар, уларга қўшилиб гоҳ ўртанар, алам-ўкинчлар оловида қоврилар, гоҳ улар билан баҳслашарди…
Маърузани тинглаб туриб хаёлга толгандим. Танқид ҳам илм-фан, ижод. Илм-фан, ижод шахсий фикр, субъектив мулоҳазалардан бошланади-ку ахир! Шахсий фикр салмоғи, кўлами масаласи бу — бошқа гап. Ҳаммаси бирданига бўлмайди. Қолаверса, адибимизнинг ўша кезлари битган ҳикоялари ҳам, рости, салмоқли, кўламли фикрлар айтиш, хулосалар чиқариш имконини бермасди. Ҳар ҳолда, мавжуд асарлар савияси даражасида бетакрор мулоҳазаларни изҳор этишнинг ўзи ўша давр учун катта гап эди. Ўша пайт бошланган изланишлар кейинчалик “Прозанинг шоири” китоби билан интиҳосига етди.
Ўша кундан бошлаб талаба Ғафуров мен учун ёш иқтидорли мунаққид Иброҳим Ғафуровга айланди. Ўзаро дўстлигимиз бошланди. Университетни битиргунга қадар бўш вақтлари у билан соатлаб гурунглашадиган бўлдик, гоҳ университет аудиторияларида, гоҳ кўча-кўйда, гоҳ каминанинг камтарона кулбасида, гоҳ Ҳадрадаги факултет биносига яқин нашриёт чойхонасида бир пиёла чой устида соатлаб дардлашардик. Суҳбатларимиз менинг ёки унинг матбуотда янги чиққан мақоламиз ёки адабиётимизда пайдо бўлган янги ном, асарлар устида кетарди. Унинг булар хусусидаги “ўта шахсий” қарашлари мени ниҳоятда қизиқтирарди. У — талаба, мен эса аспирантлик давримиздан бошланган интиҳосиз мулоқот Иброҳимжон Ғафур Ғулом номидаги нашриётда, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да, “Миллий тикланиш”да хизмат қилган кезлари узлуксиз давом этди. Боз устига, фахрланса арзигулик ноёб даврада салкам қирқ йилдан бери улфатчилик қиламиз. Бу йиллар давомида не-не савдолар тушмади бошимизга, ҳам қувончли, ҳам қайғули кунларда ҳамиша бирга бўлдик.
Иброҳимжоннинг менга кўрсатган ҳимматлари олдида бир умрга ундан қарздорман. Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чоп этилган кўплаб китобларим унинг далдаси билан чиққан.
Иброҳимжон масъул лавозимларда ишлаган кезлари яхши ташкилотчи эканини намоён этди. Унда ўзини кўрсатиш, дабдабабозликдан асар ҳам йўқ: энг жиддий, қалтис масала-муаммоларни ҳам шовқин-суронсиз, бежанжал, беозор бир тарзда ҳал этар, мухолифи билан олишиб-тортишиб ўтирмай тиғиз вазиятни нажот томон оқилона буриб юборар эди. “Тирик сатрлар”, “Адабиётимизнинг ярим асри”, “Инқилоб ва ижод” китобларини нашрга тайёрлашда бунга гувоҳ бўлганман. “Инқилоб ва ижод” тўпламига тақдим этилган Ғ.Каримов билан И.Султон мақолаларида бир-бирига зид қарашлар бор эди. Бошида ҳар иккала олим ҳам ўз сўзида қатъий туриб олди, устозлардан бири ҳатто мухолифининг мақоласи шу ҳолда берилгудек бўлса, ўз ишини қайтариб олажагини айтди. Тўпловчи сифатида нима қиларимни билмай қолдим. Ниҳоят, нашриёт бош муҳаррири Иброҳимжон ташаббусни ўз қўлига олди, иккала мақолани ҳам ўзи таҳрир этадиган бўлди; сих ҳам куймади, кабоб ҳам — янги таҳрирдан чиққан матнларга иккала устоз ҳам эътироз билдирмади.
Иброҳимжон “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган кезлари бир мақола қўлёзмасини қўлимга тутқазиб танишиб чиқишимни илтимос қилди. Мақола муаллифи шахсан мен ҳурмат қиладиган истеъдодли шоир укамиз қаламига мансуб бўлиб, у ўша кезлардаги “ошкоралик”, “қайта қуриш” жазаваси таъсирида хийла жангарилик билан битилган, шахсан менинг яқин ўтмишда йўл қўйган хатоларим, муросасозликка борганим, жумладан, Ш.Рашидов асарлари ҳақида мақтов гаплар айтганим учун шаънимга маломатлар ёғдирилган эди.
Очиғи, мақола ғазабимни қўзғатди. Авзоимга қараб туриб Иброҳимжон: “Умарали ака, ўзингизни босиб олинг, ҳар ҳолда ёшингиз улуғ, катта олимсиз, устозсиз, сен-менга бормай, осойишталик билан унга жавоб қилинг, ҳар икки мақолани ҳам газетада ёнма-ён берамиз; илтимос, бу баҳс икки муаллифнинг шунчаки жанжалига айланиб кетмасин, бошқалар учун ибрат, сабоқ бўларли баҳсга айлансин”, дея маслаҳат берди. Бу маслаҳат менга маъқул тушди. Иброҳимжон айтганича йўл тутдим. Шоир ва мунаққид баҳси газетада чиқди. Кўпчилик оғзига тушди, менинг жавобларим ҳатто шоир укамизга ҳам оғир ботмади.
Иброҳимжон масъул лавозимлардаги хизматлари чоғи бунақа савоб ишларни кўп қилган.
Умумтаълим мактаблари учун адабиёт фанидан янги дастур ва дарсликлар устида ишлашда, дарсликларга кирган жаҳон адабиёти намуналари матни таржимасини танлашда бошқа моҳир таржимонлар қатори Иброҳимжон билан ҳам ҳамкорлик қилганмиз; 5-синф “Адабиёт” дарслик-мажмуасидаги Конфуций ҳикматлари, айни шу китобдаги Ч.Айтматовнинг “Қиёмат” романидан олинган “Олтовлон ва еттинчи” ривояти И.Ғафуров таржимасида берилган.
Ниҳоят, Иброҳимжоннинг яна бир саховатини айтмай ўтолмайман. “Ижод сеҳри” деб номланган тўпламим учун сўзбоши тарзида ёзиб берган мақоласи қўлёзмасини ўқиб ҳайратга тушдим, очиғи, унда ўзим ҳам шу пайтга қадар билмаган, ёки эътибор бермаган ҳаётим, табиатимдаги бир талай жиҳатларни қаламга олганки, улар билан танишиб, наҳотки мен шундай одам бўлсам, деган ўйларга бордим, қолаверса, андак ғурурланиб ҳам қўйдим…
Иброҳимжоннинг мунаққид сифатидаги ижодий фаолиятига келсак, Саид Аҳмад ҳақидаги юқорида тилга олинган чиқишидан “Гўзалликнинг олмос қирралари”, “Лириканинг юраги”, “Жозиба”, “Ёнар сўз”, “Юрак — аланга”, “Шеърият — изланиш демак”, “Ўттиз йил изҳори”, “Дил эркинлиги”, ниҳоят, “Ҳаё — халоскор” китобигача — барча-барчасида муаллифнинг сиймоси мана мен деб туради. Ҳатто унинг хос овози энг яхши таржималарида — “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Зардушт таваллоси”, “Қиёмат” каби шоҳ асарларнинг ўзбекча талқинларида, хусусан, Ф. Достоевский даҳоси кашф этган кўповозли — “полифония” қатида баралла эшитилиб туради. Даҳоларга жўровоз бўлиш бахти ҳар кимга ҳам насиб этавермайди…
Иброҳимжон ўзига замондош кўплаб мунаққидлар каби илмий-танқидий фаолиятни бадиий ижод билан қўшиб олиб боради, ҳам насрда, ҳам шеъриятда қалам тебратиб келади. Унинг ХХ аср иккинчи ярми Шарқ шеърияти, янги — модерн шеъриятига ҳамоҳанг тарзда яратган мансуралари теварагида адабий давраларда турли фикр-мулоҳазалар айтилди, айтилмоқда. Афсус, ҳозирча улар жиддийроқ ўрганилган, ҳаққоний баҳосини олган эмас. Мунаққиднинг ўзи эътироф этганидек, мансуралар эркин шеър жанрига жуда яқин, лекин эркин шеър эмас. Улар муаллифни ўртаган ўй, хаёл, орзу ва эришилмаган, йўқотилган нарсалар тўғрисидаги фикр оқимлари, шахсий кечинмалари, ўй-мушоҳадалари изҳоридир. Сўнгги “Ҳаё — халоскор” китобига кирган, муаллифнинг ўзи мансуралар, бадиалар, адабий-танқидий эсселар, суҳбат, публицистика деб тақдим этган нарсалар ифода йўсини, оҳанги, таҳлил, талқин усуллари жиҳатидан бир-бирларига ниҳоятда яқин.
Бу китобда ярқ этиб кўринган миллий танқидчилигимиз учун ибрат, сабоқ бўларли яна бир жиҳатга эътиборни тортишни истардим. Иброҳимжон адабий асарлар ва ҳодисаларга фақат мунаққид, ёзувчи-шоир эмас, айни пайтда таржимон нигоҳи орқали ёндашади, асар матнини жумлаларгина эмас, ҳар бир сўз, ҳарфлар товуши, маъно жилолари, тиниш белгиларигача — барча унсурларини кўз олдига келтириб, мушоҳада юритади. Ҳатто Навоий, Бобур, Машраб, Оллоёр, Қодирий мутолааси чоғида ҳам айни шу йўлдан боради. Мен шундай хулосага келдимки, ҳар бир мунаққид гарчи таржима билан бевосита шуғулланмаса ҳам, асар матнини таржимон нигоҳи билан ҳам ўқиш-уқишни одат қилиши зарур экан. Бусиз чин мунаққид мақомига кўтарилиш қийин. Иброҳимжон ўзи таржима қилган шоҳ асарлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида ёзганида, назаримда, адабий танқиднинг аршига кўтарилгандек бўлади. Достоевский, Нитше, Маркес сингари даҳолар тўғрисида фақат таржимон-мунаққид Иброҳимжонгина шу тарзда баланд пардаларда ёзиши мумкин, қолаверса, у бундай улуғ сиймолар билан дил-дилдан самимий суҳбатлар, ошкора баҳс-мунозаралар олиб боришга тўла ҳақли!
Мен Иброҳимжоннинг шахсан ўзи билангина эмас, унинг жамики ёзганлари — адабий-танқидий китоблари, насрий ва шеърий асарлари, таржималарида аниқ намоён бўлган шахсияти билан ҳам узоқ йиллардан бери мулоқотда бўлиб келаётган бир сафдоши, ҳамроҳи, суҳбатдоши эканим билан фахрланаман.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 51-сонидан олинди.