Умарали Норматов. Илм заҳматкаши (2007)

Мақоламиз қаҳрамони — ҳамкасбимиз Аҳмад ака ҳаёт бўлганида, мана шу саховатли куз кунларида унинг 90 йиллигини бирга нишонлаган бўлардик. Қутлуғ санага атиги уч ой қолганида у бу фоний дунёни тарк этди…
Аҳмад акани ўйлаганимда, ўзим шахсан шоҳид бўлган ярим асрлик ҳаёт йўли, нозик табиати, ушалган ва ушалмай қолган орзу-армонлари бирма-бир кўз олдимдан ўта бошлайди. Аҳмад аканинг ота-оналари Тошкентнинг тагли-жойли, палаги тоза, меҳнаткаш фуқароларидан бўлган. Бу оилада етти ўғил, бир қиз вояга етган. Уларнинг барчаси эл-юрт хизмати ва ардоғига сазовор фарзандлар бўлиб етишди.
Шахсан ўзидан эшитиб эдим, яқинлари ҳам тасдиқлашди: Аҳмад ака расмий ҳужжатларда қайд этилганидек, 1919 йили эмас, 1917 йилнинг таҳликали куз фаслида дунёга келган экан. Болалик, ўсмирлик, хусусан, ўқувчи-талабалик даври ўтган асрнинг энг фожиали 20 — 30-йиллари кечган. Отасининг шаҳардаги савдо дўкони, Дўрмондаги каттагина ер-сувлари, уй-жойлари тортиб олинган. Бу хил моддий йўқотишлар устига ўсмирлигидан шеърларини ёд олган Чўлпон, Боту, Элбек, Усмон Носир, романларини қўлдан қўймай ўқиган Қодирий устидаги таъқибу таҳдидлар уни аламли ўйларга толдирган. Аммо бу ҳол Аҳмаджон қалбидаги адабиётга бўлган меҳрни сўндиролмади. Ўн тўққиз ёшида педагогика институтига ўқишга кирди, М. Шайхзода, Ҳ.Сулаймон маърузалари унинг сўз санъатига бўлган шайдолигини янада оширди; ўқиб туриб тайёрлов бўлимида муаллимлик қилди, ўқишни тугатиб олти йил давомида мактабда адабиётдан дарс берди.
1946 йилдан унинг журналистлик фаолияти бошланди. Дастлаб болалар газетасида, сўнг республика радиоси, партия журнали, давлат нашриётида ишлади. Ўша кезлари унинг Ҳаким Назир, Ҳибзиддин Муҳаммадхонов, Шариф Юсупов билан бир умрга ҳамкору ҳамдўстлиги бошланди, қалами қайралди. Сўнг аспирантурада таълим олди. Устоз Иззат Султонов раҳбарлигида Абдулла Қодирийнинг тарихий романлари мавзуидаги номзодлик диссертацияси устида тадқиқот олиб борди. Қодирий ва унинг сафдошлари эндигина расман оқланган, ижодий мероси халққа қайтарила бошланган кезлари Қодирий романлари мавзусига қўл уриш, боз устига, буюк адиб ҳақидаги ҳақ гапни айтиш қалтис бир иш эди. Гарчи мустабид тузум кишанлари парчалана бошлаган бўлса-да, Абдулла Қаҳҳор ибораси билан айтганда, “култ даври қоқиб кетган темир қозиқ атрофидан йироқ кетиш” қийинчилик билан кечаётганди. Шундай бир вазиятда диссертант дадил ишга киришди. Жараён у кутгандан кўра ҳам мураккаброқ, машаққатлироқ кечди. Кейинчалик битган хотираларида муаллиф булар ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берган. “Қирқ йиллик ҳаётим давомида чеккан заҳматларим тарозининг бир палласига, тўрт йиллик тадқиқотим туфайли бошимга тушган савдолар юки иккинчи палласига қўйиладиган бўлса, шубҳасиз, иккинчи палла босиб кетарди”, — дея юрагини очганди бир гал Аҳмад ака афсус-надомат билан. Айни пайтда, у сўзида давом этиб: “Шукрким, адолат тантана қилди. Диссертация ҳимояси ва, айниқса, номзодлик дипломини қўлга олган чоғдаги ҳолатимни ифодалашга тилим ожизлик қилади. Ўша дақиқалар қирқ йиллик умримдаги бахтли дамларимнинг чўққиси бўлган” деганди.
Ҳақиқат осонликча юзага чиққани йўқ, соғлом кучлар қатъий туриб диссертантнинг ёнини олди: расмий оппонентлар И.Мўминов билан О.Шарафиддинов, Ойбек, М.Авезов, Ҳ.Абдуллаев, Я.Ғуломов, Х.Сулаймонова, Ҳамид Сулаймон, А.Қаюмов каби алломалар бу масъулиятли дамларда унга таянч бўлдилар.
Қодирий ҳақидаги илк диссертация муаллифи сифатида А.Алиев номи илмий-адабий жамоатчилик оғзига тушди. Ўша кезлари адабиёт илмидаги соғлом кучларни атрофига йиғиш пайида юрган Миллий университетимиз ўзбек адабиёти кафедраси мудири профессор Ғулом Каримов Аҳмад акани кафедрага ишга таклиф этди. Бу таклифга у бажонидил розилик билдирди ва тез орада кафедранинг “ўз одами”га айланди. Ўттиз йилдан ошиқ шу қутлуғ масканда сидқидилдан хизмат қилди. Университетда у моҳир педагог бўлиш баробарида, яхшигина ташкилотчилик қобилиятини ҳам намоён этди, бир неча йиллар филология факултети кечки ва сиртқи бўлимига деканлик қилди, муайян муддат университет проректори вазифасини бажарди. Ўша кезлари ўзбек ва рус филологияси, журналистика ихтисосликларини ўз ичига олувчи мазкур бўлим бутун бошли институтни эслатарди. Бу бўлимдаги жўшқин таълим-тарбиявий ҳамда ижодий муҳит кундузгисидан асло қолишмасди, адабий учрашувлар, баҳслар мудом давом этарди…
Педагоглик, раҳбарлик ишлари билан баробар Аҳмад ака Ғулом Каримов таклифига кўра, Қодирий сафдошлари ижодий мероси бўйича кўламли тадқиқот ишларига киришди. Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Ғози Юнус, Боту, Элбек ҳаёти ва ижодига оид бой материал тўплади; кузатиш, мулоҳаза ва муҳокамаларини баҳоли қудрат қоғозга туширишга ҳаракат қилди. Бирин-кетин “Абдулла Қодирий”, “Ижод ва изланишлар”, “Адабий мерос ва замонавийлик” китобларини, вақтли матбуотда эса юзлаб мақолаларини эълон этди. Улар теварагида баҳс-мунозаралар ҳам бўлиб ўтди, гоҳ адолатли, гоҳ адолатсиз гаплар ҳам айтилди. Аҳмад ака эҳтиросга мойил, бир оз қизиққон, айни пайтда, танти одам эди. Адолатсизликка дуч келганида, адабий-илмий ҳаётдаги мунофиқликни кўрганида тоқати тоқ бўлиб ўзини қўярга жой тополмас, муҳокамалар чоғи мухолифлари юзига кўнглидаги бор гапни шартта-шартта айтаверарди. Айниқса, Қодирий, Чўлпон, Фитрат шаънини топташга қаратилган ҳамлаларга асло тоқат қилолмасди. Айни пайтда, ўзининг ҳадди, имкониятларини ҳам яхши биларди, асарлари ҳақида айтилган асосли танқидий мулоҳазаларни мардона тан оларди. “Мен Озод ёки Матёқуб эмасман. Улар танқидчилик бобида ноёб талант эгалари. Мен эса улар йўлини тутган шунчаки шогирд, адолат фидойисиман. Афсус, дилимдаги гапларни уларчалик қойил қилиб айтолмайман. Буни яхши биламан. Лекин менга бир нарса таскин беради: адолат йўлида улар сафида турганим учун фахрланаман” деган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди.
Деканлик лавозимидан озод бўлиб олгач, айниқса, нафақага чиққанидан кейин, у бутунаси ўзи танлаган асрбоши адабиёти уммонига шўнғиб кетди. Ишчилар шаҳарчасидаги ҳовлиси этагига ўзи учун махсус уй солдириб эртадан кечгача қўлёзмаларни титкилаш, қадрдон машинкасини бетиним чиқиллатиш билан шуғулланди. Ёз ойларини Дўрмондаги ёзувчиларнинг ижод уйида ўтказар, болалик йиллари кечган отамерос мулк нафаси уфуриб турган бу масканда у яйраб дам олар, кексалигига қарамай боғдаги ҳовузда йигитлардек ғаввос бўлиб сузар, дўстлар ила мароқли суҳбат қурар, илҳом билан ишлар, бинобарин, машинкасини тинимсиз чиқиллатарди.
Унинг, айниқса, бир хислати ҳаммани лол қолдирарди. У чиндан ҳам санъат шайдоси эди. Турғун Алиматовга ихлоси ниҳоятда баланд бўлган, хонадонидаги тўй, улфатгарчилик гурунглари усиз ўтмасди, моҳир созанда танбур ёки сатода мақом куйларини янгратганида бамисоли жунун ҳолига тушарди, ўзи ҳам дуторда яхшигина машқлар чаларди. Ўз хонадонигина эмас, қариндош-уруғлари, яқин дўстлари даврасидаги, жумладан, Дўрмондаги хос ўтиришларга ҳам Турғун акани таклиф этар, улуғ созанда эса дўстининг истагига бажонидил розилик билдирарди.
Тинимсиз меҳнат, илмий изланишлар самараси ўлароқ саксондан ошганида олимнинг “Маънавият, қадрият ва бадиият” номли салобатли китоби дунёга келди. Уни муаллифнинг истиқлол йилларида ушалган орзу-армонлари шукронаси, ҳаёт, илмий ижод бобидаги изланишларидан чиқарган хулосалари деб аташ мумкин. Китоб муносиб тақдирланди, таниқли журналист олим Бойбўта Дўстқораев “Жаҳон адабиёти” журналида эълон этилган мақоласида уни “умрни узайтирувчи фарзанд” деб баҳолади.
Бундай баҳога илова тарзида яна шуларни қўшиш мумкин: Аҳмад аканинг садоқатли рафиқаси Мунира опамиз билан 60 йиллик тотув умр йўлидан ёрқин ёдгорлик бўлиб ота касбини давом эттираётган ёлғиз фарзанди Гулчеҳра ва у орқали ушалган эзгу орзулари — ўзи опичлаб катта қилган, бугун эл-юрт хизматида юрган уч набира — Отабек, Ойбек, Улуғбек қолди. Улар бор экан, бу табаррук хонадоннинг 90 йил порлаб турган чироғи ҳеч қачон ўчмагай.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 44-сонидан олинди.