Даврнинг энг муҳим ҳодисалари, замондошлар ҳақида қалам тебратган Абдулла Қаҳҳор асрнинг яна бир фожиавий ҳодисаси — Сталин қирғин-қатағонлари, қатағон қурбонлари, ёзувчи ибораси билан айтганда, «култ даври» асоратларини четлаб ўтиши мумкин эмас эди. Узоқ йиллар қалбини ўртаб, унга тинчлик бермай келган бу мавзуга у 1959 йилнинг январида қўл урди. «Зилзила» деб аталган қиссанинг бир неча боби қоғозга тушди. 60-йилларнинг бошларида матбуотда асардан парча эълон этилди. Лекин қисса устида иш негадир юришмади. Адиб 1966 йил 15 декабрда ёзган «Вақтим чоғ» сарлавҳали мақоласида «Бир неча йилдан бери тўхтаб ётган «Зилзила» номли повестимни давом эттираман» дея ваъда қилган эди. Ўша кезлари унинг фикр-ёди шу асар билан банд бўлган. Кибриё опа «Чорак аср ҳамнафас» рисоласида ёзади: «Бир гал: «Агар «Зилзила» деган қиссани битирсам, жуда иноқ, ҳамманинг ҳаваси келадиган бир оила ҳақида повест ёзаман», деб қолдилар». Ана шундай ниятлар оғушида анча йиллардан бери соғлигини кемириб келаётган хасталикка сўз бермай, зўр ғайрат-шижоат билан «Ўтмишдан эртаклар»ни китобхонларга тақдим этди, хасталик хуруж қилиб турганида «Муҳаббат» қиссасини поёнига етказди. Лекин «Зилзила» битмай, ҳамманинг ҳаваси келадиган бир оила ҳақидаги повест эса ёзилмай қолди. Улуғ адиб вафоти олдидан Кибриё опага армон билан «Афсус, «Зилзила» чала қолди» деган экан.
Орадан йигирма йил ўтиб, «Шарқ юлдузи»нинг 1987 йил 9-сонида «Зилзила»нинг қоғозга тушган саҳифалари илк бор Кибриё Қаҳҳорова изоҳи билан эълон этилди. Ўша кезлари Кибриё опа Қаҳҳорнинг 30-йиллар бошларида ёзилиб китоб ҳолида чиққан, бироқ талабчан адиб кейинчалик танланган асарларига киритишни лозим кўрмаган «Қишлоқ ҳукм остида», «Қотилнинг туғилиши» ҳамда тугалланмай қолган «Зилзила»дан иборат тўплам тайёрлаган, тўплам учун Саид Аҳмад махсус мақола ёзиб берган эди. Қаҳҳорга нисбатан давом этаётган совуқ муносабат оқибати бўлса керак, бу тўплам чиқмай қолиб кетди; Саид Аҳмад сўзбошиси эса ёзувчининг Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотиралари таркибига киритилиб 2000 йили чоп қилинган сайланма асарларининг учинчи томида эълон этилди. Саксон ёшда ҳам ўзини шогирд санаган Қаҳрамон адиб устознинг «Зилзила» асари хусусида тўлиб-тошиб: «Бу қисса адибнинг адолатсизликка, зўравонликка, қонунсизликка қарши кўтарган исёни эди… Менингча, «Зилзила» ҳар қандай таъна тошларига дош берадиган, ўз-ўзини ҳимоя қилишга қодир асардир… Сиз уни, албатта, ўқиб чиқасиз. Ўйга толасиз, таҳқирланган, қувғинга учраган, қамоқ камераларида хор-зор бўлиб умрини поёнига етказган, олис юртлар тупроғида қолиб кетган жигарбандларингизни эслайсиз. Руҳингизни аллақандай мунг чулғаб олади» деб ёзади.
«Зилзила» фабуласи бошда бу мавзуда яратила бошлаган асарларга хос чақув, ҳибс, тергов, қийноқ, ҳукм ва лагер ҳаёти ифодаси тарзида режалаштирилган, бош қаҳрамонни ўша мушкул сўқмоқлардан олиб ўтиш мўлжалланган.
Бош қаҳрамон Собир Салимни биз турмада, ўлим камерасида йигирма беш соатдан бери ажал кутиб ўтирган ҳолда учратамиз. Ёзувчи у шу ҳолга тушгунига қадар бошдан кечирган ҳодисаларни ўзига хос ихчам, таъсирчан бир тарзда ифода этади; уни шу кўйларга тушишига сабабчи бўлган маккор, сотқин ҳамкасби Мирвоҳид, одам қиёфасидаги йиртқич терговчи билан таништиради, энг муҳими, бош қаҳрамон табиатига хос етакчи хусусиятлар, унинг маънавий-руҳий бисоти билан бизни ошно қилади.
Институт раҳбар ходими, филолог олим, доцент Собир Салим ниҳоятда пок, оқкўнгил, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам ишонадиган, ҳукуматга садоқатли одам, ҳатто у совет ҳукуматига садоқатда фанатик даражасига етиб борган. Шу боис, ҳибсга олиниш пайти у буни бирор англашилмовчилик натижаси, деб ўйлайди.
Орадан соатлар, кунлар, ҳафталар, ойлар ўтади, масхарабозликдан иборат терговлар, куракда турмайдиган сохта айбловлар, гувоҳ билан юзлаштириш, ҳақорат, калтаклаш, қоронғи «одиночка»даги мислсиз қийноқлар… Бу соддадил одам сохта айблов ўрнига кўп йиллардан бери кўнглини ғаш қилиб келган эски айби — отасидан қолган тўппончани вақтида ҳукуматга топширмаганини ошкор этгудек бўлса, бунинг учун ҳукумат кечирар, деган хаёлга боради ва бор гапларни ёзиб беради. Афсус, бунинг учун афв ўрнига зуғум, қийноқ авжига минади.
Ёзувчи қиссада уйдирмаларга устаси фаранг терговчилар қиёфасини янада очиб юборадиган разведкачиликда айбланган бир қув маҳбуснинг латифанамо ҳикоясини келтиради. Эмишки, маҳбус Каспий денгизи портларида жуда кўп махфий маълумотларни йиққан, жуда кўп нозик жойларни суратга олган, ундан кейин бир куни ярим кечаси моторли қайиқда Каспийдан Қора денгизга ўтади. Маҳбус Қора денгизда ҳам шунақа маълумотлар, суратлар йиққанини айтиб, ёзиб беради. Жоҳил, лақма терговчи эса бу «ноёб маълумот»га — ғирт уйдирмага чиппа-чин ишонади, уни айблов ҳужжатига тиркайди, тезликда бундан юқоридагиларни хабардор қилади, юқоридагилар эса ундан-да юқорига етказиш пайига тушади… Анқов терговчи ҳам, юқоридагилар ҳам Каспий билан Қора денгиз орасида сув йўли йўқ эканини хаёлига ҳам келтирмайдилар. Зотан, улар тўқиб чиқарган бўҳтонлар олдида бунақа уйдирмалар ҳеч гап эмас. Сўнг ёзувчи персонаж тилидан киноя-кесатиқ, истеҳзо ила дейди: «Разведкамизнинг аҳволи шу бўлса, тағин ҳам давлатимиз мустаҳкам экан. Разведкаси бир кунгина шу аҳволга тушган бошқа давлат эртага қолмай қулайди!»
Нақадар ўткир айбнома бу!
Мана бу лавҳаларга келганда ўқувчи ўзини қўярга жой тополмай қолади. Терговчи Собирнинг рақиби Мирвоҳид олдида ўзи қолиб фуқаролар урушида шўролар ҳимояси йўлида ҳалок бўлган отасини Чапаевга менгзаб масхара қилади. Адиб ёзади: «Терговчи бу гапи билан отасининг арвоҳини ҳақорат қилаётганлиги Собирнинг жон-жонидан ўтиб кетди, фарёд чекиб, йиғлагиси келди, лекин кўз олдида тантана қилиб турган икки душмани олдида оғзи тўла қон бўлса ҳам тупургиси келмади-ю, тишини тишига қўйиб, хиёл титраган товуш билан:
— Менинг отам оддий жангчи эди, ҳалок бўлганида уни бутун шаҳар кўмган, — дея олди, холос».
Жисмоний, айниқса, маънавий азоб-уқубатлар, таҳқиру хўрликлардан тўйиб кетган Собир ўзини ўлдирмоқчи бўлади-ю, бирдан ниятидан қайтади, «Наинки бу қоронғи кечанинг сўнмас, абадий кундузи бўлмаса!.. Шу умид, шу ишонч уни ўлимдан омон сақлади» деб ёзади адиб.
«Тройка»нинг ҳукми эшиттирилаётган саҳна тасвирида ёзувчи бу болатабиат, соддадил одам бисотини яна ҳам ёрқинроқ очиб юборадиган бир ҳолатга эътиборимизни тортади. У оқланишига амин бўлгани учун ҳукмнинг «Собир Салим батамом оқлансин!» деган жойига илҳақ бўлиб туради. Бироқ «тройка» уни отиб ўлдиришга ҳукм чиқаргани маълум бўлганидан кейин ҳам вужудини совуқ бир карахтлик қамраб оладию «Бу мени қўрқитиш учун қилинган найранг эмасмикан», дея ўзига тасалли беради. Соддадиллик ҳам шунчалар бўларкан!
Қаҳрамондаги бу ноёб туйғу — одамзотга бемисл ишонч, адолат тантанасига чексиз умид, матонатни фақат мутаассибликка йўйиш бирёқламалик бўлар эди. Буни, балки, ардоқли қаҳрамонига муаллифнинг ўзидан ўтган айрим хислатлар зуҳури деб қараш ҳам мумкиндир. Пировардида, ўлим жазоси ўрнига йигирма беш йилга озодликдан маҳрум этилиши бу аломат инсонга нисбатан муаллифнинг мукофоти, қолаверса, Оллоҳнинг инояти эди.
Гарчи қисса тугалланмай қолган бўлса-да, назаримда, Собир Салим тугал қаҳрамон. У адиб бисотидаги Асрор бобо, Мастура каби баркамол инсонлар образлари қаторидан ўрин олишга ҳақли.
1966 йил баҳорида Абдулла Қаҳҳор хонадонидаги гурунг чоғи Озод ака «Зилзила» устидаги иш қандай кетаётгани хусусида сўз очиб қолди. Шунда адиб: «Иш жараёнида аввалги режалар ўзгариб бораяпти. Қиссада лагер ҳаётини ҳам қаламга олиш назарда тутилган эди. Кейинчалик ўйлаб кўрсам, бу менинг ишим эмас экан. Буни ўша воқеаларнинг атрофида эмас, ичида бўлган Шайхга, Шуҳратга, Саид Аҳмадга қўйиб бериш керак. Менинг вазифам бу ёқда — «озодлик»да юрганларнинг ҳаётини, аҳвол-руҳиятини кўрсатиш. Булар бошига тушган кўргиликлар лагердагиларникидан асло қолишмайди. Уларнинг қисмати, дарди-дунёси ўзимга яқиндан таниш» деган эди.
«Зилзила»нинг қоғозга тушган саҳифаларини синчиклаб ўқисангиз, қисса воқеалари икки чизиқ бўйлаб, чунончи, Собир Салимнинг қамоқдаги кўргиликлари ҳамда умр йўлдоши Гуландомнинг «озодлик»даги драмаларга тўла чигал қисмати ифодаси тарзида давом этади. Собир Салим йўналиши деярли интиҳосига етиб, асосий диққат-эътибор Гуландом қисмати талқинига қаратилади, у асардаги етакчи сюжет йўналишига айлана боради. Қиссада Гуландомнинг бошига тушган савдолар драмаси ҳам қаҳҳорона юксак бир маҳорат билан кўрсатилган.
Гуландом бирдан йўқолиб қолган эрининг қаерда экани ҳақида уч кундан кейин дарак топиб у ерга кўрпа-ёстиқ элтиб беради. Мана шу оддий хабарга берилган шарҳга қаранг: «Бу ерга кўрпа-ёстиқ киргизиб юбориш ўликнинг қабрига бир жуфт шам ёқишдай охирги маросим, чунки у дунёдан ҳам, «бу дунё»дан ҳам ҳеч ким қайтиб келган эмас».
Бу шарҳни ўқиб вужудингизга титроқ югуради.
Гуландом эрининг қамалганини мумкин қадар яширишга ҳаракат қилади, буни ўғлига ҳам тайинлайди. Бу оддий хабарнинг изоҳини ўқиб кўринг: «бу кунларда қамалган одам ўлик бўлса, унинг яқинларига ўлим тўшагида ётган моховдай қаралар, улардан ҳамма ҳазар қилар, тезроқ ўлишини, гумдон бўлишини кутар эди». Ўша машъум замонларда ҳибсга олинган «халқ душмани» яқинларига бўлган мудҳиш муносабат даҳшатини бундан ошириб шарҳлаш мумкинми?! Қиссада биз мана шу шарҳнинг амалдаги кўриниши жонли гавдалантирилган ёрқин лавҳалар билан танишамиз.
Мудҳиш муносабатнинг илк оқибат-натижаси шу бўлдики, бу ғам-ташвиш бир ойга қолмай Гуландомни сўриб, кемириб, ғажиб ташлайди, унинг нозик, чиройли қомати, хиёл бўлса ҳам букчаяди, нигоҳига одам боласи тоб беролмайдиган қора учқун сочиб турадиган кўзлари сўнади, юзи сўлиб, икки бетидаги кулдиргич йўқолаёзади. Ўғли Исмат эса ундан кам азоб чеккани йўқ, ўн икки яшар бола чолга ўхшаб қолади…
Бутун бошли бир асар ёки катта бир бобда бериш, ифодалаш мумкин бўлган инсоний драмалар асоратини адиб шапалоқдек матнга сиғдиради.
Булар ҳали ҳолва, энг кескин драмалар, фожиалар, инсон боласи дош бериши мумкин бўлмаган ғусса, кўргиликлар ҳали олдинда. Тирикчилик қилиш керак, «Ётиб ейишга тоғ ҳам чидамайди» деган нақл бор. Гуландом институтни битиргандан кейин редакцияга ишга кирган, аммо Собирнинг рашки, хархашасидан безор бўлиб, ишдан кетган, шундан бери уйда; ўқишда боласига, ишда эрига ёрдам беради. Энди бирон ишга кириши керак. Уни шу дамда ким ҳам ишга оларди…
Ана шундай мушкул дамда Мирвоҳид, ҳа ўша Собирнинг бошига етган маккор Мирвоҳид пайдо бўлади. Йўқ, у бу гал рақибининг умр йўлдоши қаршисида унга ҳамдард, маслаҳатгўй, «нажоткор» сифатида гавдаланади; жабрдийда аёлга эри — халқ душмани билан орани очиқ қилишни маслаҳат беради. Бу билан аёл халқ душманининг хотини деган тавқилаънат ва маломатдан қутулади, ишга кириб рўзғор тебратиш имкониятига эга бўлади… Ниҳоят, Гуландом шундай ўй-хаёл билан эридан ажралишга қарор қилади, бу ҳақдаги хабар газетада чиқади.
Қиссанинг энг ҳаяжонли, драматик лавҳаларидан бири, шубҳасиз, газетада босилган ажралиш хабарининг яқин кишилар, биринчи галда, ота ўғил Исмат қалбидаги акс-садоси тасвиридир. Исмат ҳовлига бемаврид кириб келар экан, ўша шармандали хабар чиққан қўлидаги газетани силкиб бир нима демоқчи бўлади, лекин оғзи очилади-ю, товуши чиқмайди. Қаршисида кечирилмас гуноҳ — юзсизлик қилган бўлса-да, барибир, туққан, тарбия берган онаси. Кўнгилдаги ғазаб, аламини айтишга, тўкиб солишга тили бормай вужуди титрайди, қақшайди, ўзини ҳар ёнга уради, тўлғонади, боши қонга беланиб, жон бераётгандек хириллайди… Гуландом эс-ҳушидан айрилиб дод солади. Қўни-қўшни йиғилади, ҳаял ўтмай воқеанинг сабаби ҳаммага аён бўлади. Қўшни чол Исмат қўлидан тушиб зинада ётган газетани икки бармоғи билан олиб бир-икки силкийди-ю, йиғлаб юборади… Чолнинг йиғиси тиғиз ҳолат драмасини олий даражага кўтаради. Бор-йўғи юздан сал ошиқ сўз орқали шунча алам, изтироб, қалб туғёнларини, бир эмас, бир неча тирик инсон хатти-ҳаракатини бу қадар таъсирчан ифодалаш чиндан-да бадиий мўъжиза!..
50-йиллар бошларида талабалик кезлари газеталарда пешма-пеш босилиб турган шундай хабарларни ўқиб, ўзаро муҳокама қилардик. Айниқса, ўзимизга таниш «халқ душманлари» жуфти ҳалолларининг бундай қилмишларидан дилимиз вайрон бўларди. Айни пайтда университетимиз юқори курс талабаси шоира Саида опанинг жасоратига қойил қолардик, опани ҳам «халқ душмани» сифатида айбланиб ҳибсга олинган эри Саид Аҳмаддан ажрашишга ундашган, аммо жасур аёл бунга асло кўнмаган…
Бугун Гуландом қиссасини қайта ўқир эканман, замона зуғуми авжига минган ўша кезлардаги Саида опа жасорати ёдга тушади, унга ҳам осон бўлган эмас, лекин ҳамма кўргиликларга чидаб инсонлик шаънини сақлаб қололган. Бўлар экан-ку, ахир! Гуландомда мана шу ноёб инсоний фазилат етишмайди. Осон йўл танлайди. Бу «нажот йўли» аввало ўзи учун қимматга тушади. Яккаю ёлғиз фарзанди бу шармандали хиёнатга чидолмай ўлим излаб кетади, инсофли, диёнатли одамлар ундан юз ўгиради. Буларнинг барчасини адиб ўқувчини ларзага соладиган бир тарзда бутун драмалари билан беради.
Инсон зоти ҳаётда, қалтис вазиятда бир чалғимасин экан, чалғидими, қадам-бақадам тубанлик сари кетаверади. Маккор, шилқим «нажоткор» кўмаги билан Гуландом институт буфетига ишга олинади, сўнг юқори доира одамлари доирасига тортилади. «Отнинг ўлими — итнинг байрами» деганларидек, Исматнинг ўлими, бир томондан, Гуландомнинг бағрини тилка-пора қилган бўлса, иккинчи томондан, унинг обрўйини оширади. Муаллиф шу ўринда: «Мирвоҳид ҳар важ билан ва ҳар мажлисда бир илмоқ топиб Гуландомни ибрат қилар, унинг халқ душманидан халқ олдида юз ўгирганини, Гуландом тарбиясида ўсган бола халқ душманининг пуштикамаридан бўлиб яшагандан ўлимни афзал кўрганини айтиб, баъан кўзига ёш олар эди», деб ёзади ва донишманд адиб вазиятга шундай изоҳ беради: «Собир Салимнинг халқ душмани эканига заррача ҳам ишонмаган, лекин дами ичида бўлган одамлар Гуландомнинг қилмишига юзсизлик, боланинг ўлимига эса, шу юзсизликнинг натижаси деб қарашса ҳам, Мирвоҳиднинг сўзларига қарши лом-мим дейишолмас эди».
Бутун фожиа ана шунда, бу айрим одамларнинг эмас, бутун бир жамиятнинг фожиаси. Кўриб, билиб туриб рост гапни айтолмаслик жамики разолатларнинг дояси. Бундан ҳам ёмони, Гуландом кўра-била туриб эрининг кушандаси — қаллоб, шилқим кимса этагидан тутиб эри фожиаси, ўғли ҳалокати, у ҳақдаги бўҳтонлар, қолаверса, ўзининг топталган аёллик шаъни устига тикилган зинапоялар орқали мансаб-мартаба томон интилади, партия сафига киради, райком секретари лавозимига кўтарилади; «совет аёлига хос жасорат билан ботқоқдан чиқиб олган ёш коммунист» келажакда яна янгидан-янги мансаб-мартабаларга кўтарилиши, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган кароматлар кўрсатиши тайин… Афсуски, қисса воқеалари қаҳрамон мансаб-мартабанинг илк зинасига қадам қўйганида узилиб қолади. Қаллоблар қўли билан яратилган, қаллоблик йўли билан юқори лавозимларга кўтарилган коммунист раҳбар аёл воситасида тоталитар режимнинг ички зиддиятларини бор бўйича очиш имконияти кўриниб турибди. Кенг кўламли фожеий воқеа-ҳодисалар олдинда эди. Агар улар тўла-тўкис қоғозга тушганда борми, «Зилзила» ХХ асрнинг ноёб адабий ҳодисаси бўлиши аён эди. Бироқ мавжуд тугалланмай қолган саҳифаларнинг ўзи ҳам ўтган асрнинг энг ўткир, энг фожеий ҳодисаси ҳақида ҳақгўй адибнинг салмоқли ҳақ сўзи, бадиий ихтироси сифатида қимматлидир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 15-сонидан олинди.