Умарали Норматов. Эҳ, бу қизлар, қизларжон…

(“Кичик мўъжизалар” туркумидан)

Улкан адибимиз Асқад Мухтор “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”га бош муҳаррир этиб тайинланган куннинг эртаси телефон орқали мени чорлаб, бир маслаҳатли иш борлигини айтди. Бордим. Салом-аликдан сўнг у дарҳол ­мақсадга ўтиб, деди:

“Гап бундай. Прозаикларимизнинг фикри-хаё­ли ҳозир роман ёзиш, танқидчилар эса “роман” номи остида чиқаётган яхши-ёмон асарлар авторлари шаънига нуқул ҳамду сано айтиш билан банд. Айтинг-чи, бадиий ихтиро – мўъжиза деб аташга лойиқ романлар борми ўзи ҳозир бизда? Эҳтимол, битта-яримта бордир. Кичик жанрлар, масалан, ҳикоячилик, қиссачиликда аҳвол ўзгача; мўъжиза дегулик асарлар яратиляпти. Шукур, Учқун, Ўткир, Тоғайлар яхши қисса, ҳикоялар ёзяпти. Сиз танқидчи сифатида ишни ҳикояшуносликдан бошлаган, Абдулла Қаҳҳордек қаттиққўл адиб эътиборига тушган эдингиз… Шу йўлни давом ­эттириб, бугунги энг сара ҳикоялар ҳақида бизга туркум мақолалар ёзиб берсангиз”.

Бу таклиф менга маъқул тушди. Ўша пайтнинг ўзида Асқад аканинг бир шеъридаги “Каттасини куту кичигидан қолма, кичик мўъжизалар ҳар куни керак” деган мисралари хаёлимга келди, туркумнинг сарлавҳаси ҳам бирданига топилди-қолди: “Кичик мўъжизалар”…          

Ажаб, бугун ҳам роман, қиссачиликда воқеа бўладиган асарлар саноқли, жуда оз, ҳикоячиликда эса аҳвол ўзгача. Ҳозирча мунаққидлар назаридан четда қолиб келаётган, жиддий таҳлил, талқин, баҳсларга арзигулик ҳикоялар бисёр. Бу ҳол насримизнинг бугуни ва эртасига катта умид уйғотади. Ана шу эзгу туйғу, ўй-мушоҳадалар таъсирида менда “Кичик мўъжизалар” туркумини давом эттириш истаги туғилди.

* * *

Биз адабиётшунос мунаққидлар ҳозирги замон тараққиёти шиддати, ҳайратомуз ўзгаришлар, янгиланишлар таъсирида гоҳо шошма-шошарлик қилиб мавжуд адабий анъаналар эскирди, романтизм, реализм даври ўтди, модерн, модернизм, постмодернизм замони келди, дея анъанавий йўлларда битилган асарлардан бурун жийириш, модерн усул-услубдаги битикларга ҳаддан ташқари маҳлиё бўлиб кетиш ҳолларига дуч келдик. Замонавий жаҳон адабиёти, санъати, хусусан, энг оммавий санъат тури – кино тажрибаси шундан далолат бераётирки, тасвир, ифода, усул, услуб, бадиий талқин хилма-хиллиги, ранг-баранглиги ҳозирги бадиият, санъат дунёси тараққиётининг бош йўналишига айланиб бораётир. Жамиятнинг ўзида замона зайлига кўра дидлар, майллар, қарашлар, манфаатлар, бинобарин, мафкуралар хилма-хиллиги орта бораётган экан, ўз навбатида, ранг-баранг адабий тамойилларга эҳтиёж туғилаверар экан. Мана шу жараён бугунги миллий ҳикоячилигимизда ҳам намоён бўлмоқда. Метафора, рамзий образлар асосига қурилган модерн битиклар ёнида анъанавий реалистик ва кўтаринки романтик руҳдаги ҳикояларнинг пайдо бўлаётгани ҳам ўқувчилар, ҳам адабий танқидчилар эътиборини ўзига жалб этаётгани, уларда оз бўлса-да замондошларимизнинг давр драмалари билан йўғрилган, киши қалбини ҳаяжонга соладиган, ўйга толдирадиган, меҳр-мурувват туйғусини оширадиган романтиктабиат шахслар образининг ҳам борлиги кишини қувонтиради. Жўра Фозилнинг “Соҳилдаги уй” (“Китоб дунёси”, 2013 йил 9 январ), Муяссар Тилавованинг “Кўккўл қўшиғи” (“Ёшлик”, 2012 йил, 1-сон) ҳикоялари айни шу жиҳати билан эътиборни тортади. Ҳар иккала ҳикоя қаҳрамонлари ҳам қизлар, аниқроғи, чекка қишлоқ қизлари.

Гапни “Соҳилдаги уй”дан бошлай қолайлик. Ҳикоя ҳажман ихчам – кафтдеккина. Шунга кўра воқеа содир бўлган макон манзаралари, персонажлар қисмати тавсифи қисқа, лўнда – воқеа руҳига мос сурур аралаш ҳазин оҳанг билан йўғрилган, ҳикоя илк сатрларидан охирига қадар насрдаги назмдек ўқилади. Дарё соҳилидаги мўъжазгина Гугуртли қишлоғи тун қаърига ғарқ бўлмоқда, қўшни уйларда бирин-кетин чироқлар порлайди, биргина чоғроққина уй деразасида эса нур кўринмайди… Ўқувчида “Нега?”, деган савол туғилади. Жавоб-сабаб ҳам тайёр: бу ғариб кулбада хаста қария Худойберган отлиқ бобо “тиқ” этган товушга қулоқ тутиб, интизор ҳолда ётибди. Ўрнидан туриб уй чироғини ёқишга унда мадор йўқ. Қадрдон аёли оламдан ўтиб кетган, бир ўғил, бир қизи эса шаҳарда туради, улар ўзлари билан овора. Қариянинг бирдан-бир таянчи – Оқмарал отлиқ ёшгина сулув қиз. Ҳар гал у келганда, отахоннинг қоронғи кулбаси, хуфтонга айланган кўнгли чароғон бўлиб кетади. Аслида, Оқмаралнинг ҳам ташвиши ўзига етиб ортади. Сиртдан беғам, кийикдай дуркун, гўзал бу қиз аслида дили ўксик, ҳеч кими йўқ етим, икки йилдирки, пул топиш илинжида хорижда юрган севган йигити йўлига интизор… Ота-онасига, севгилисига беролмаган меҳрини хаста отахонга ҳадя этаётганидан таскин топади у. Ўз навбатида бемеҳр фарзандлари қолиб, “бегона” бир қиз кўрсатаётган илтифотлардан чолнинг вужуд-вужуди яйрайди, кўзларини юмганича, ширин хаёллар оғушига ғарқ… Аслида ҳимояга, мададга муҳтож бир муштипар қизнинг дили ўксик бир қария кўнглини обод қилиш йўлидаги айни ҳаракатлари ўзига хос жасорат эмасми, ахир.

Ҳикояда лиро-романтик руҳни кучайтирадиган ажиб лавҳа бор. Қария Оқмарал ташрифидан мамнун ҳолда пинакка кетгач, қиз мук тушиб китоблар дунёсига ғарқ бўлади, айниқса, “Чолиқуши”ни такрор-такрор ўқишдан, хаёлан Фарида билан гурунглар қуришдан толмайди. Шунда ҳаёт одами билан китоб қаҳрамони орасида қандайдир муштаракликлар борлигини сезиб турасиз. Булар шунчаки ҳикоя қилинмайди, айни шу тафсилотлар мутолааси чоғи меҳр-мурувват толасидан эшилган ҳам нурли, ҳам мунгли ҳолат-манзаралар ифодаси бир пайтнинг ўзида ҳам фожиавий, ҳам умидбахш руҳ билан йўғрилган.

Ҳикоя хотимасида бу ажиб руҳий ҳолат янада авжига кўтарилади. Умри поёнига етиб қолганини сезган отахон бу суюкли қизни сўнгги бор янада кўркам ҳолда кўриш, қолаверса, қиз олдида маънавий қарзини узиш пайида пенсиясидан йиққан маблағи ҳисобидан унга пул ҳадя қилиб, ўзига муносиб кийим олиб кийишини илтижо қилади. Қиз чол кўнгли учун унинг истагини бажо келтириб, у хуш кўрган кийимни кийиб отахон кўнглини кўтариш учун келганида бобони “жони узилган, унинг ярим юмуқ кўзлари, лабларида ним табассум қотиб қолган” ҳолда кўриб даҳшатга тушади…

Ҳикояни шу ерда тугатиб қўя қолиш ҳам мумкин эди. Аммо муаллиф асарга илова тарзида чолнинг маъракасидан сўнг шаҳарда турадиган қизи қишлоқда пайдо бўлгани, юз-кўзига упа-элик чапланган, башанг кийинган бу жувон отасидан айрилган одамга сира ўхшамаслиги, қўни-қўшнилар билан салом-аликни ҳам нася қилиб Оқмарални қидириб топиб, ҳе йўқ, бе йўқ унга зуғум ўтказишга тушгани, отамнинг пулини ўмаргансан, дея бўҳтон ёғдириши, ҳамқишлоқлари эса бегуноҳ қизни бу ғаразли ҳамлалардан асраб қолгани хусусида ҳажвий тусдаги тафсилотларни келтиради. Бу воқеалар асар руҳига ёпишмайроқ турибди. Буни сезган ҳикоянавис асарнинг етакчи лиро-романтик оқимига қайтиб, уни қуйидаги ҳам мунгли, ҳам нурли манзара тасвири билан якунлайди: “Оқшом чўкаётир… Соҳилдаги уйларда бирин-кетин чироқлар порлайди. Тик қирғоқдаги ёлғиз уй деразаларида эса нур кўринмайди… Бу уйнинг чироғи энди ёнмайди, Оқмарал энди бу ерга келмайди…

Қирғоқда ёлғиз турган қиз тўқай шовуллаши, сув шалоплашига қулоқ тутади. Олис-олисларда яккам-дуккам чироқлар милтирайди, қиз юрагини беҳад ўртаган соғинч билан чироқларнинг жимир-жимир шуъласига тикилади. Баҳор сувлари узоқ-узоқларга оқиб кетадилар”.

Отахон умри поёнига дахлдор бу манзаралар фонида намоён бўлган бегона қиз юрагини ўртаган соғинч туйғуси ҳикоя қаҳрамони сиймосини янада очиб юборади, отахоннинг пуштикамаридан дунёга келган одам қиёфасидаги нафс бандаси эса бундай ноёб туйғудан маҳрум. Шу қиёс ҳикоя давомида илгари сурилган поэтик мотивнинг узил-кесил хулосаси каби янграйди; чолнинг ўз қизи бегона, бегона Оқмарал эса чинакамига унинг ўз жигари, меҳр-мурувват тимсолидек таассурот қолдиради.

“Кўккўл қўшиғи” ҳикояси шундай жумлалар билан бошланади: “– Ўғлинг қанча кўп бўлса авлодларинг шунча бисёр, илдизинг мустаҳкам бўлади. Қиз бола бировнинг хасми, бир куни ўрнини топса, отасини ҳам, туғишганларини ҳам эсламайди. Фойда йўқ улардан. Вояга етказиб қўшқўллаб бировга топширгандан кўра, қизинг бўлмагани дуруст.

Сайфи дароз бу гапларни доим такрорларди. Шунинг учунми, уч ўғлидан кейин қизи Гулсара туғилганида унчалик қувонмади”.

Шу жумлалардаёқ ҳикоянинг асосий мотиви, бош персонажнинг асл қиёфаси, ақида-маслаги, ҳаёт фалсафаси аён бўлади. Асар мана шу бирёқлама, мутаассибона ақиданинг, бир томондан, фожеий оқибатини, иккинчи томондан эса, бутунлай тескари, ҳаётбахш натижасини кўрсатишга қаратилган; ёш ҳикоянавис қизимиз ана шундай чигал, мураккаб ҳодисанинг чиройли бир бадиий ечимини топишга муваффақ бўлган.

Сайфи дарознинг ўғил ва қиз зотига муносабати ҳамда унинг оқибатлари ифода-талқини баҳонасида ҳикоя муаллифи фан-техника даврининг шиддаткор суръати олис қишлоқларга ҳам етиб боргани, бораётгани, авлодлар онги, ҳаёт тарзида чуқур асоратлар қолдираётганини ўзига хос тарзда беришга эришган. Кекса Сайфи дароз учун у яшаб ўтган Балиқчи овули, овул ёнидаги Кўккўл бениҳоя азиз; унинг авлод-аждодлари учун киндик қони тўкилган маскан, ризқ-рўз манбаи. Кўккўл ҳақидаги қўшиқ бир вақтлар кўккўлликларнинг эътиқод мадҳияси саналган, тенгдошлари оламдан ўтиб кетиб, уни ёддан айтадиган биргина Сайфи дарознинг ўзи қолган.

Кўккўл бизнинг онаизоримиз.
Кўккўл бизнинг халоскоримиз.
Бағрида ўйнайди балиқлар,
Кўккўл бизнинг ризқу рўзимиз.
Кўккўл бизнинг онаизоримиз…

Қўшиқнинг ана шу сатрлари чол тилидан тушмайди. Бу қишлоқ, шунингдек, кўл билан боғлиқ ҳикоя, афсона-асотирларни ўз ортида қоладиган овулдошлари, биринчи галда, фарзандлари қулоғига қуйишни ўз бурчи деб билади у. Афсус, ўзгалар у ёқда турсин, шаҳарда ўқиб қайтиб кўл бўйида барпо этилган заводда ишлайдиган ўғилларининг биронтаси ҳам буларни тинглагиси келмайди. Боз устига кўлнинг аввалги таровати йўқолиб, зилол суви эса завод оқавалари билан булғаниб, қиёси йўқ балиқлар қирилмоқда… Бу ҳол отахон вужудини ўртайди.

Не бахтки, овулда, насллари орасида отахоннинг дил розини, армону ҳасратларини тинглайдиган, уни тушунадиган, қадрлайдиган биттагина зот бор. Асардаги мушкул жумбоқнинг ечими айни шу зот билан боғлиқ. Воқеалар силсиласи, бош персонаж руҳий кечинмалари, ақидалари тадрижида кутилмаган кескин бурилиш юз беради. Романтик руҳдаги жаҳон мумтоз новеллаларида учрайдиган айни шу ҳолатни “Кўккўл қўшиғи”да ҳам кўрамиз. Сайфи дароз авлодлари илдизи мустаҳкамлиги, орзу армонлари, қадриятлари бардавомлиги манбаини бино қўйган ўғилларида эмас, туғилишиданоқ ўзи менсимай қараган ягона қизи Гулсара тимсолида кўради. Дарозни ҳушёр торттирган, ўйга толдирган, дилини оғритган жиҳат шундаки, Кўккўл қўшиғини унга бобоси айтган, ёд олдирган, энди навбат ўғилларига келганда улар қўшиқни айтиш тугул эшитишни ҳам исташмайди. “Ахир, ўз тарихини билмаган, ота-бобосини танимаган, уларнинг нима иш қилганини англамаган одам қандай қилиб келажак ҳақида ўйлайди? У худди илдизсиз дарахтга ўхшайди-ку!”, дея ўртанади чол. Ўғилларидан фарқли ўлароқ ардоқли қўшиқни куйлаганида биргина беш яшар қизалоғи унга жўр бўлганида кўпам қувонмайди, “ундан ҳам ниманидир умид қилсам бўлар”, деган хаёл шуъласи кўнглидан ўтади, холос. Ҳикояда бора-бора шу ожиз умид ғунча тугиб, тўлишиб, улғайиб, гул очиб, япроқ ёзиб, мева тугиб, охир-оқибат асар пафоси даражасига кўтарила боради. Бу жараён эса бошида пинҳона, оғриқли, жиддий силсилалар, изтироблар, драмалар, фожиалар уйқашлигида кечади.

Дарознинг ўз мутаассибона ақидасидан келиб чиқиб яккаю ягона қизалоғига совуқ муносабати, чунончи, қизнинг дунёга келиши, исм олиши, кўл сайри чоғидаги фалокат асоратига бепарво муносабати, айни шундай ҳолатлар туфайли қиз ақл-ҳушидан маҳрум бўлиб қолиши – шу каби қалтис, оғриқли, шафқатсиз ҳодисалар силсиласи ҳикоя ҳажми даражасида назокат билан, одоб доирасида ихчам, лўнда, таъсирчан ифода этилган. Қарангки, қиз отаси адолатсизлик қилганида бирор ўринда бўлмасин ўзига қаттиқ олмайди, бунинг учун норозилик билдирмайди, аксинча, қаҳрга нисбатан ҳар гал меҳр ила жавоб қайтаради.

Пировардида қария гап-сўзи, кўнгил розлари ўғлонларига ўтмай, кўзда ёш билан ҳасратини тўкиб солганида, ўша “ақлдан озган” қизи ота нолаларини дил-дилдан ҳис этиб, Кўккўл қўшиғини куйлашга тушади. Шу чоғ, ҳикоянавис таъбирича, гўё отанинг кекса кўнглида минг йиллардан бери мудраб ётган пўртана бош кўтаради. Қария шууридаги силсилалар поёнига етиб, онгида кескин бурилиш юз беради, айбини мардона бўйнига олади. Отахоннинг ўша дақиқалардаги ҳасби ҳолини, иқрорини тинглаб кўринг-а: “Мени кечир, қизим, аҳмоқ отангни кечир… Мен қари аҳмоқ авлодимнинг давомчиси фақат ўғилларим деб ўйлабман… Она Кўккўл, ҳали сен ҳақингдаги қўшиқ унутилмабди. Афсуски, уни мен ишонган ўғилларим эмас, эси паст қизим (таъкид бизники – У.Н.) куйлаяпти. Бунинг учун одам авлодларида айб йўқ, ҳамма гуноҳ менда…”.

Ҳикоянинг бундай ҳаётбахш оптимистик руҳ билан якунланиши, тилдан қолган, ақлдан озган қизнинг пировардида тилга кириб, ота дардига дармон бўлиши, бу ҳол қария қарашида кескин бурилиш ясаши – бундай талқин баъзи ўқувчиларга сунъий, ясама бўлиб туюлиши мумкин. Аммо ҳаётнинг ўзида бунақа кутилмаган тасодиф, илоҳий мўъжизалар – “эзгулик учун мукофотлар” учраб туради. Хусусан, романтик руҳдаги асарлар учун бундай ҳол табиий саналади. “Кўккўл қўшиғи”, шунингдек, “Соҳилдаги уй” бизда ўтган асрнинг 60—70-йилларида кенг урф бўлган, айниқса, Саид Аҳмад, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султонов, Тоғай Мурод ижодида намоён бўлган лиро-романтик анъаналарнинг бугунги янгича кўринишидир. Шу руҳдаги асарларнинг ҳатто Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам сингари модерн усул-услубига мойил ҳикоянавислар ижодида ҳам учраётгани эътиборга сазовордир.

Аслида романтика – сурур туйғуси инсон зоти, қолаверса, башарият учун мангу бебаҳо, беназир хислатдир. Ижодкор қайси давр ва оқимда қалам тебратмасин, унинг яратиғида бу беназир туйғу қандайдир кўринишда ­намоён бўлаверади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 9-сонидан олинди.