Симон Кармиггелт. Совуқ (ҳикоя)

Элла бизникида ўтган-кетгандан, туриш-турмушдан шунчаки, гап сотиб, ярим тунгача лақиллаб ўтирди.
— Сизларга нақадар маза, — дея такрорларди у оҳуникидек маъюс кўзларини биздан узмай. Назаримда, “маза” сўзи, аксарият ҳолларда, турмушдан маза-матра кетганда эсга тушади.
Тун яримлаганда Элла бирдан ёқасини ушлади: “Вой, эсим қурсин, соат ўн икки бўп қўйибди-ку!”
Бизга беғубор, аммо кўнгилга ғулғула солувчи ўпичлар ҳадя қилганча хайрлашишга тушди. Очиғи, бундай кезларда мен ўзимни бутунлай йўқотиб қўймайман. Хотиним: “Шивир-шивир бўп қолди. Тинчликми?”, деб шубҳа-гумонга боришига имкон қолдирмайман. Қолаверса, рафиқамнинг ўзи кўпинча: “Эллани ўзингиз кузатиб қўя қолинг”, деб илтифот кўрсатади.
Бироқ совуқ тунда бундай хайр-хушда тумов орттириш қийин эмас. Чунки Элланинг сози битиши қийин. Фаромушлигини кўриб, ёқангизни ушлайсиз: аввалига бир неча марта бировнинг пальтосини кийганини билмай қолади. Сўнг очиқ эшик олдида қандайдир бемаъни воқеа эсига тушади. Ниҳоят унутиб қолдирган нарсасини олиш учун икки-уч марта изига қайтади ва йўлак қўнғироғини жаранглатиб, уйда елвизак ўйнатади.
Мана, сумкаси, рўмоли, шамсияси — ҳамма нарсасини олди. Мен уйга қайтдим. Аммо зинанинг ярмига етмасимдан ортимидан тўртинчи қўнғироқ жаранглади.
— Худо хайрингизни берсин, — деди у. — Машинамнинг қулфи музлаб қопти.
— Нима қилиш керак? — деб сўрадим мен.
— Сал-пал куф-куф қилиб юборсангиз, балки очилиб кетар. Сизнинг кўкрагингиз кенг, отникидай бақувват.
Бу мақтов мени адойи тамом қилди.
Элла билан ўпишиб хайрлашаётганимизда менга навозиши хуш ёққанди. Энди эса, унинг эркак эмаслигидан афсуслана бошладим. Кўнглимдагини шартта-шартта бетига айтиб ташлардим. От тепкисини от кўтаради.
Бироқ шу топда тилимга фақат икки-уч калима келди, холос:
— Хўп бўлади, азизам…
Қора совуқда чўнқайиб ўтириб, «Фольксваген» аталмиш дарди кўндалангнинг эшигига куф-куфлашдан бўлмағирроқ иш борми.
— Куфлашнинг фойдаси йўқ, — деди Элла. — Ёндиргични тутиб кўринг-чи.
У чақмоқ тошли ёндиргичини узатар экан, менга меҳри ийиб қаради. Элла бева. Ўзига саккиз йил мобайнида эрталаблари нонушта тайёрлаб берган эридан ажралган эди. Эр бўлмиш ижтимоий таъминот соҳасининг байталдай бир ходимаси билан қочиб кетгач, ходима тез орада жазманининг бор-будини, маошигача ўзиники қилиб олди. Менингча, қилмишингдан топасан, деганлари шу бўлса керак.
— Олов ҳам бефойда, — дедим ҳаял ўтгандан кейин.
Шоир дўстим Бен ван Эйсселстейн бир куни: “Қорларингни дариғ тутма, Тангрим”, деб ёзганида, илтижоси бажо бўлган ва олам оққа бурканган экан.
— Шамчироқ йўқми? — деб сўради Элла.
— Ёнимда йўқ, — деб тўнғилладим мен бўралаётган қордан қочиб, қалин пиджагимга бурканар эканман.
— Мен билан бундай оҳангда гаплашманг, — деди Элла ва унинг юзига қараб, ҳеч қачон бундай оҳангда гапирмасликка аҳд қилдим. Шамчироғимиз чардоқда эди. Тўрт қават тепага, тўрт қават пастга. Эллага гап қайтариш шамолга қараб туфлаш билан баробар.
— Шамни кафтингиз билан тўсинг, йўқса ўчиб қолади, — деб маслаҳат берди у. Бу хотин маслаҳатни қойиллатади. Кафтим жизғанак бўла бошлади. Бироқ бахтимга, олов билан ўйнашиш ўн дақиқадан ошмади.
— Бўлди, — деди у қатъий. — Биласизми, энди нима қиламиз? Энди болғани олингу ойнасини синдиринг.
— Машинанинг расвоси чиқади-ку! — деб ҳайқирдим мен. — Яхшиси, бизникида тунаб қол.
— Йўқ, уйимга кетаман. Ўз уйинг — ўлан тушагинг. Бировнинг тўшагига тоби тоқатим йўқ. — Унинг овози қайсаридан қайтмайдиган одамни эслатарди. — Вой, сиз худди қорбобога ўхшаб қолдингиз.
Начора. Қорбобо чордоқдан асбоб-ускуна тўла яшикни кўтариб тушди.
— Четроққа тур, шиша-пишаси кириб кетмасин, тағин.
У бир-икки қадам нари турди. Гурс! Дарвоқе, бундай ойнани синдиришнинг ўзи бўлмайди, отнинг кучи керак.
— Вассалом, — дедим мен, — таппа-тайёр.
Сўнг у адашган қушчадек уйимизнинг эшигига оҳиста ёпишди ва чирқиллади:
— Менга қаранг…
— Яна нима гап?
— Бу менинг машинам эмас. Энди билдим. Менинг машинам нариги томонда турбди. На-ариги-и…
У қўли билан ишора қилди ва кўзи кўзимга тушгач, ожизона шивирлади:
— Жин ургурлар бир-бирига шунчалик ўхшайдики.

Рус тилидан Қулман Очил таржимаси.
“Гулистон” журнали, 2021 йил 2-сон.